Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Гўри Амир мақбараси
PDF Босма E-mail

Гўри Амир мақбараси жаҳонга машҳур ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатиа эътироф этилади.
Мақбара қурилиши 1403 йилда Амир Темурнинг вориси Муҳаммад Султоннинг вафот этиши муносабати билан бошланган, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган ҳамда Амир Темур ва темурийлар хилхонасига айлантирилган.

Мақбара ўрта аср Самарқандининг жанубий-шарқий қисмида, Темурнинг набираси МУҳаммад Султон XIV асрнинг охирида бино қилдирган ансамбл қошида тикланган.
Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиё соҳилларига қилган узоқ сафаридан қайтиб келаётганда тўсатдан касал бўлиб вафот этади. Шаҳзоданинг жасади Самарқандга олиб келиниб, ансамблнинг жануб томнидаги айвони орқасидаги даҳмага дафн қилинади. Амир Темур шаҳзодага атаб мақбара қуриш ҳақида фармон беради. Шундан  кейин дахма устига саккизёқли бино қурилади. Шурқ тарихчиси Шарафиддин Али Яздий бу бино «осмон каби баланд гумбаз, деворларининг пастки қисми зарҳал ва ложувард билан безатилган мармар тошдан қилинган», деб таърифлайди. Лекин бу ишларни Амир Темур охирига етказолмаган.  У 1405 йилнинг бошларида вафот этди ва Муҳаммад Султон жасади ёнига дафн қилинди.
Амир Темур вафотидан кейин тахт учун ўзаро урушлар бошланиб кетиб, мақбарани қуриб тамомлашга халақит беради. Мамлакат 1409 йилдагина тинчийди. Амир Темурнинг ўғли  Шоҳруҳ Мирзо Ҳиротни пойтахт қилади. Мирзо Улуғбекни эса Самарқанд ҳокими қилиб тайинлайди.
Амир Темурдан Мирзо Улуғбекка жуда кў бойликлар мерос қолади. Олимлар, ҳунармандлар ва рассомлар унинг ихтиёрига ўтади. У мамлакатда маданият ва қурилиш ишларини ривожлантириб юборади. Мирзо Улуғбек буюк бобосига ҳурмат юзасидан саккизёқли мақбарани темурийлар авлоди дафн қилинадиган мақбарага айлантиради. Мақбара битгач, Амир Темурнинг маънавий устози Мирсайид Бараканинг жасади шу мақбарага кўчирилади. Амир Темурнинг маънавий ўзи устозининг оёқ томонига дафн этилади. Баъзи ривоятларга қарагнда, Амир Темурнинг ўзи шундай васият қилган экан. Бинонниг ичи янгидан безатилади, мақбара саҳнига дахмалар қўйилиб, атрофи нафис мармар тошдан панжара қилинади. Мақбарага 1424 йилда унинг шарқ томонига тақаб қурилган кўп гумбазли галереядан кирилади.
Мақбарада Амир Темурнинг ўғиллари — Мироншоҳ ва Шоҳруҳлар ҳам дафн қилинган.
Мақбаранинг ғарб ва жануб томонига ёндош қилиб қурила бошлаган, лекин чала қолган улкан иморатлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келса керак.
1449 йилда сиёсий инқироз натижасида Мирзо Улуғбек ваҳшиёна ўлдирилади. Буюк астрономнниг жасади Гўри Амир мақбарасида дафн қилинади.
Баъзи маълумотларга қараганда, XVII асрда мадраса ишлаб турган, хонақоҳ биносидан эса вайроналаргина сақланган. XVIII асрнинг 20 чи йилларидаги ижтимоий ва иқтисодий инқироз даврида ҳувиллаб қолган Муҳаммад Султон мадрасаси харобага айлана бошлайди.
Муҳаммад Султон мадрасаси ва хонақоҳи унутилиб кетгани учун Самарқанд ёдгорликларининг дастлабки тадқиқотчилари узоқ вақғтгача мадраса ва хонақоҳ тушган жойни аниқлай олмаган эдилар. Фақат XX асрнинг ярмидан бошлаб қадимги ёдгорликларни чуқур ва ҳар тарафлама тадқиқот қилиш имконияти туғилди. Археология қизилмалари ўтказилиши натижасида йўқ бўлиб кетган биноларнинг деворлари ва пойдеворларининг қолдиқлари топилди. Архитектура-қидирув ишлари бинонинг ҳажмини, конструкцияси ва баъзи қисмларининг безакларини чизмада аниқлаш имконини берди. Тўпланган материаллар планли реставрация ишларига асос қилиб олинди. Бутунлай бузилиб кетган ҳовли деворлари қайтадан тикланди. Натижада архитектура мажмуасидаги иншоотларнинг қай тартибда тушганлигини аниқлаш мумкин бўлди.
Бу нодир ёдгорликлар ҳақида тўлароқ тасаввур ҳосил қилиш учун ҳовли атрофидаги иншоотларни кўздан кечириб чиқиш лозим. Томошабин ёдгорликни соатнинг йўналишида айланиб, мажмуанниг ҳамма қисмлари билан танишгандан сўнг, пештоқдан темурийлар мақбараси Гўри Амирга ўтади.
Муҳаммад Султон ансамблидан фақат пештоқгина яхши сақланган. БУ пештоқ моҳирлик билан ишланган бўлиб, турли-туман кошинлари билан девор фонида яққол кўриниб тиуради. Кошинлар орасига бинони қурган уста Муҳаммад бинни Маҳмуд Исфаҳонийнинг номи жимжимадор қилиб ёзиб қўйилган. ўиштин устунлар безагида «гириҳ» деб аталувчи геометрик шаклларга асосланиб, нафис қилиб ишланган композиция асосий ўринни эгаллайди. Равоқли, кунгура девор гулдор гилам қилиб безатилган. Деворларнинг тўқ зангори, фонида чирмашиб, гуллаб турган ўсимликнинг расми тасвирланган. Токчадаги қуббалар майда аркалар шаклида  бир-бирига турли бурчаклар билан туташган муқарнаслар билан ишланган.
Ҳовлинниг шарқ томонидаги девор ортида Муҳаммад Султон мадрасасининг қолдиқлари кўриниб туради. Чорсу ҳовлининг атрофига икки қаватли ҳужралар тушган. Ҳужралар бошқа мадрасалардаги сингари бўйи узун, эни тор бўлиб эшик бурчакларида гумбазли дарсхоналар бўлган. Археологик қазилмалар натижасида топилган сирли безаклар мадрасанинг жуда ҳам чиройли бўлганлигидан давлола беради. Ганчдан ишланган муқарнаслар гумбаздан бошлаб деворга бир текисда туширилган, унинг устига гул солинган ва зарҳал, ложувард кошинлардан ҳошия қилиб изора ясалган. Муҳаммад Султон мадрасаси Ўрта Осиёда сақланиб қолган мадрасалар ичида энг қадимийсидир.                    

Мажмуанинг жануб томонидан қараганда, унинг муҳим қисми Гўри Амир мақбарасининг ташқи кўриниши яққол кўриниб туради. Кўп қа бирғали, баҳайбат гумбазли цилиндр шаклидаги айланаларини кўтариб турган саккизёқли призма бино меъморий композициянингг асосини ташкил этади. Мақбара деворларига зангори, ҳаво ранг ва оқ сирли кошинлар қопланган, бу кошинлар геометрик шаклда терилиб, арабча хит битиб, усталик билан ишланган. Меъмор бир-бирига ўхшаган шакллардан фойдаланиб, биноларнинг катта сатҳларини моҳирлик билан безаган.
Мақбара ҳашаматли саккиз қиррали асос устига қурилган бўлиб, ташқи безаги деворнинг мармарли изораси тепасига кошинлардан қиялатиб гириҳ берилган ва улар орасида куфий хатида Аллоҳга айтилган ҳамду санони англатувчи «субҳаноллоҳу биҳамдиҳ ва субҳоноллоҳул аъзим ва биҳамдиҳ» деган дуо ёзилган.
Гардиш айланаси бўйлаб икки метр энликда ёзув бўлиб, унда Қуръони каримнинг «Мулк» сураси бошидан охиригача устма-уст ёзиш услубида битилган. Хоналарнинг ички деворлари ҳам йирик ҳошияларга ажратилиб, майда безак нақшли ёзувлар билан «Муҳаммад с.а.в. Аллоҳ, Али» сўзлари битилган.
Мақбарага кирадиган учта эшик ҳамда битта меҳроб бўлиб, буларнинг тепа ва ён тарафларида гир айлантириб ҳадислардан жуда нодир ва саҳиҳлари саралаб ёзилгандир. Улар қуйидагидан иборат:
1. Кафа биддаҳри воъизан ва билмавти муфриқан.
—Кишига насиҳат қилмоққа замоннинг ўзи кифоя қилади. Унинг ажрамоғига эса ўлимнинг ўзи кифоя қилади.
2. Истаъид лил-мавти қабла нузулил-мавт.
—Ўлим келмасдан бурун унга тайёргарлигингни кўриб қўй.
3. Мо мин байтин мин буютиллоҳи, йатлуна китобаллоҳи ва ядрисуна фима байнаҳум илла нузила ладум рахматун ва ғошияхум малаикату ва зикроллоҳу фимо индаҳум.
—Қуръони Карим ўқилаётган ва ўрганилаётган ҳар бир уйга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади ва Аллоҳни зикр қилаётганларни эса фаришта ўраб туради.
4. Ас-султону зиллулоҳу фил арзи фаман акрамаҳу, акрамаҳуллоҳа ва ман аҳонаҳу аҳонаҳуллоҳу.
—Подшо Аллоҳнниг ердаги соясидурким, уни ҳурмат қилган кишини Аллоҳ ҳурмат қилади. Уни хорлаганни Аллоҳ ҳам хорлайди.
5. Ал-мукситина индаллоҳу алал-манобири минан-нури.
— Мукситлар (камтар кишилар) Аллоҳ ҳузурида нурдан бўлган минбарларда ўтирадилар.
6. Аллазина яъдилуна фи ҳукмин соъатан хайрун мин ибодати ситтина сана.
—Бир соатлик адолат олтмиш йиллик ибодатдан яхшидур.
7. Ва қола алайҳиссалому узкуру маҳосина мавтокум ва каффу ан масовиҳим.
—Ўтганларнинг яхши фазилатларини зикр қилинглар, ёмонликларини гапиришдан эса сақланинглар, деган ёзувлар бор.
Мақбара узоқдан кумушсимон-ҳаво рангга ўхшаб кетади. Фақат гумбаз бироз кўкиш бўлиб, жимиллаб аралиб туради. Бинога яқинлашган сари гумбазнинг саккизёқли қисмида ҳаво ранг геометрик шакллар ва гумбазни ушлаб турадиган айланмаси ҳаво рангли йирик ҳарфлар билан бир тартибда битилган ёзувлар аниқ кўрина бошлайди. Сўнгра гириҳнинг шаклини тўлдириб борадиган кўк рангдаги сатрлар ва ҳарфлар орасида бир-бирига чирмашгнан жимжималар кўзга ташланади. Бинога янада яқинроқ борилса, унинг архитектураси қанчалик усталик билан ишланганлиги ҳайратда қолдиради. Дарчалар тепасига ўрнатилган ажойиб кошинлар, мақбара пойдевор қисми мармарида ишланган нафис нақшлар диққатни жалб этади ва гўё бундан нафисроқ безак яратиб бўлмайдигандек кўринади. Аммо изора шарафасининг миниат юрали равоқчаларида зарҳал билан ишланган шундай нафис безаклар борки, уларни фақат жуда моҳирлик билан ишлаб, нодир асарлр қолдирганлар.
Мақбаранинг ташқи томонини бунёд қилганда гумбазга катта аҳамият берилган. Гумбаз остки қисмининг айланаси 15 метр, баландлиги 12,5 метр бўлсада, оғирлиги сезилмайди. Бунинг сабаби шундаки, 64 қабирғадан иборат гумбазнинг вазни ажойиб ишланган шарафа орқали мустаҳкам асос-айланмага тушади. Гумбазнинг ранг-баранг қилиб ишланиши катта аҳамиятга эга. Гумбазда ҳаворанг кўпроқ ишлатилгани учун бу ранг гумбазнинг эгри чизиқли қобирғаларида товланиб туради, қуёшда чарақлаб, гўё осмонга қадалиб туради. Гумбазнинг усти сирли кошинлар билан қопланган.
Шарафаларида ҳам шундай кошинлардан ҳажми бир-бирига мос қилиб ишланган чиройли жимжималар бор. Мақбаранинг ташқи гумбази ёдгорликнинг ташқи қиёфаси янада салобатли бўлиши учун ички гумбаз устига ўрнатилган.
Мақбаранинг жануб томонидаги қиррасига галереянинг қолдиқлари тақалиб турибди. Бу галерея тахминан XV асрларда солинган бинолар таркибига кирган. Шу ерда катта комплекс қурилиши билан Гўри Амир ҳам ўз-ўзидан шу комплексга кириб қолган. Мақбаранинг жануб томонидаги дахма ҳам шулар қаторига киради.
Маълумки, Амир Темур туғилган шаҳри — Шаҳрисабзда ўзига атаб ҳашаматли бино қурдирган ва мармартошдан сағана ясатган. Амир Темур тўсатдан вафот этгандан кейин шундай сиёсий вазият вужудга келдики, унинг жасади Самарқанддаги набираси учун солинган  мақбарага дафн этилди. Шунинг учун Шаҳрисабзда  тошдан тайёрланган дахма устига буюк Амир Темурнинг номи ёзилган плита ўрнаитлмаган. Мирзо Улуғбек бобосига тақлид қилиб, Гўри Амир мақбараси ёнида зодагонларни дафн этиш учун катта қурилиш ишларини бошлаб юборган, дейишга асос бор. Мақбарадаги дахма чиройлилиги жиҳатидан Шаҳрисабзда Темур қурдирган дахмадан қолишмайди. Бироқ, Мирзо Улуғбек ваҳшиёна ўлдирилиши билан мажмуадаги ишлар тўхталиб, мақбара ҳувиллаб қолди. Мирзо Улуғбекнинг жасади Гўри Амирда — бобоси ёнига қўйилди.    

Галерея залларининг шаклини деворлар қолдиғидан, деворга ишланган безакларни эса шарафа парчаларидан билса бўлади. Иншоотнинг қанчалик катта бўлганлигини унинг ғарб томонида битмай қолган мажмуага қараб аниқлаш мумкин. каттакон залдан уни тўрт томонга қаонлардир қўйилган тўртта равоғидан биттасигина сақланиб қолган. Эни 10 метрлик равоқнинг икки томонидан йўлак ўтган. Йўлакнинг шимол томонидан қўш гумбазли икки қаватли бинга, жануб томондан эса галереяга кирилади. Гўри Амир мақбараси ва дахмасига шу галереядан ўтилади. Демак, мақбара атрофи бинолар билан ўралган экан.
Муҳаммад Султон хонақоҳи ва мадрасасидан девор қолдиқлари ва кошин парчаларигина сақланган. Лекин бу қолдиқлар ҳам асрлар бўйи пинҳон бўлиб келган иншоот сирини билишга имкон берди. Хонақоҳ ўртасида катта гумбазли кенг зал, залнинг атрофида икки қаватли, биридан иккинчисига ўтиладиган хоналар бўлган, бу хоналарнинг баъзиларида кишилар яшаган, баъзилари қазноқ бўлган.
Ҳовли атрофини ўраб турган деворлар икки қаватли безакли равоқларга бўлинган. Равоқлар бўйининг баланд-паст, энининг эса турлича бўлиши ва рангларнинг жой-жойида ишлатилиши ўзига хос манзара касб этган. Равоқнниг кўпчилиги сайқал берилган ғиштлар, унинг тепа томонлари турли-туман ўсимликларни тасвир этувчи зангори кошинлар билан қопланган. Ўртадаги айвонларни безатишга алоҳида эътибор берилган. Жануб томондаги айвон деворида сақланиб қолган безак парчалари унинг қандай гўзал бўлганлиги ҳақида аниқ тасаввур бера олади. Кейинчалик ганч билан шуваб юборилган деворлар қадимда турли-туман рангли кошинлар билан қопланган. Ҳовли томондаги олд деворнинг тепасида арабча хатлар битилган кенг белбоғ бор. Ҳовлининг ташқи бурчакларида тўрт миноралар бўлган. Юқорига кўтарилган сари ингичкалашиб борган минора Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасаси миноралари каби шарафа билан безатилган. Остки ва устки қисми ҳар хил айланмага эга бўлган минораларга кошинлар қоплаш техникаси кишини ҳайратда қолдиради.
Миноранинг асоси билан тепаси орасидаги тафовут кошин плиталар теришда усталик билан бартараф қилинган. Кошинлар ҳар бир қаторига бир хил миқдорда кошин плиталар терилган ҳолда, улар орасидаги чоклар юқорига кўтарилган сари торайиб боради ва тепасига етиб тугайди.
Улуғбек даврида мақбарага кириш учун қурилган эшикнинг ёни ва тепалари нафис безатилган. Илгари эшик тепасида: «Бу шавкатли Амир Темурнинг қабри…» деб ёзилган кошинли лавҳа бўлган (бу плита ҳозир Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажида сақланади). Мақбарага қатор гумбазли галереядан ўтиб кирилади. Бу галереянинг ҳовли томонидаги девори ва баъзи гумбазлари икки мартаба қайтадан ишланган. Деворларида сақланиб қолган безак қолдиқлари галереянинг ичи чиройли бўлганлигини кўрсатади. Галереянинг ҳаво рангдаги олти қиррали изораси оқ деворга солинган яшил нақшлар билан бир-бирига жуда мос тушган.
Галереядан ўтиб, Темурийлар мақбарасига кирилади. У кенг ва баланд зал бўлиб, тўрттала деворида ҳам ҳаво рангли тахман бор. Мақбаранинг ичи жуда аниқ режаланган. Кенг белбоғ шаклида ёзилган арабча хатлар изора, деворлар, ички ва ташқи гумбазнинг таянчи бўлган равоқли конструкциялар ярусини ажратиб туради.
Мақбара ғоятда нафис безатилган. Деворнинг пастки қисмида кўкимтир шаффоф оникс тошидан ишланган изора бор. Оникснинг чоклари кўкимтир тошлар териб безатилган. Изора устига ишланган ранг-баранг панно худди зар аралаштириб тўкилган гиламга ўхшайди. Гумбазнинг ичи, кунжак яруслари ҳар турли шаклларда бир неча қават ипак қоғоздан бўрттириб ишланган нақшлар билан безатилган, бу нақшлар гумбазнинг юқорисига кўтарилган сари торайиб боради. Уларга зарҳал берилган ва майда гуллар солиб нақшланган. Бўрттириб ишланган ипак қоғоз ораларидан кўриниб турган ганч сувоқ майда жимжимадек гоҳ зангори, гоҳ оқ бўлиб милтираб кўринади.
Мақбарага рангдор ойналар солинган панжарали дарчадан ёруғлик тушади. Шу ойналардан ўтиб тушган қуёш нуридан мақбара ичи ранг-баранг товланиб туради.
Мақбаранинг безагида Ўрта Шарқ усталари эришган юксак санъати намойиш қилиниб, маҳаллий анъаналарга мослаб ишланган.
Мақбаранинг ўртасига ўрнатилган сағаналар устида Темурийларга бағишланган ёзувлар бор. Шулар орасида Темурнинг қабри устига қўйилган тўқ яшил рангли нефрит тош диққатни ўзига жалб этади. Бу тошнинг қаердан олиб келинганлиги, мустаҳкамлиги ва бениҳоя қимматлилиги ҳақидақанча-қанча афсоналар тўқилган. Улуғбек 1425 йилда мўғуллар устидан ғалаба қозонганда қўлга киритилган ўлжалар ичида икки бўлак нефрит ҳам бўлган. Шу иккала тошни яхшилаб ишлаб, бир-бирига улаб, Амир Темур қабри устига қўйилган.
1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ Бухоро хонлигини забт этган вақтида (ўша вақтда Самарқанд Бухоро хонлигига қарар эди) Амир Темур қабри устидаги тошни Машҳадга олиб боришга буйруқ берган. Лекин шаккок бўлишдан чўчиган Нодиршоҳ бу ниятидан қайтган ва ўша замон учун узоқ ва қийин бўлган сафарлардан кейин тошни яна қайтадан жойига келтириб қўйдирган.
Мақбара Темурнинг кўрсатмасига биноан икки қаватли қилиб қурилган. Мақбаранинг биринчи қаватида зиёратгоҳ, пастки қисмида эса ер остидаги ҳақиқий дахмалар жойлашган. Унинг шипи ўн икки қиррали гумбаз қилиб қия ишланган, ички безаклари жуда содда. Темурийларга қўйилган сағаналар юқори қаватда қандай тартибда бўлса, бу ерда ҳам шу тартибда. Ҳар  қайси қабр усти мармар-тош билан қопланган.
1941 йилда темурийларнинг қабри махсус комиссия томонидан очилган эди. Тобутда Амир Темурнинг бир неча қават мато ва бир қават кимхоб билан ўралган суяги ётган, боши қиблага қаратилган, қўллари тўғриланган, панжалари ёйилган. XVI асрда катта империянинг асосчиси, номи оламнинг ярмини ларзага келтирган улуғ Амир Темурнинг қиёфаси ҳақидаги тарихий маълумот, Улуғбекнинг фожиали ўлдирилиши ва бошқа темурийларнинг дафн этилиши ҳақиқийлиги тасдиқланди. Шунингдек, комиссия бошқа темурийлар қабрларини ҳам очиб, чуқур илмий-тадқиқот ишлари ўтказилди.
1994-1996 йиллар мақбарада катта ҳажмдаги таъмир-тиклаш ишлари амалга оширилди.

 

 
Баннер