Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Қайси бири тўғри: Амир Темур масжидими ёки Бибихоним масжиди?
PDF Босма E-mail

Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида, Сиёб бозори яқинида жойлашган масжид 1399-1404 йилларда Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган.

1398 йилда Ҳиндистонга юриш қилган Амир Темур ўша давр тарихчиларининг ёзишича, “Агар Самарқандга соғ-саломат қайтсам жоме масжиди қураман”, деб ният қилади. Ҳинд заминида муваффақиятли ҳарбий юришларни олиб борган Амир Темур Деҳли султонлигини мағлубиятга учратиб, 1399 йил баҳорида Самарқандга қайтади. 95 та фил, кўплаб от, туя ва бошқа кўплаб ўлжалардан иборат карвон 1399 йил 29 апрелда Самарқандга кириб келади.
Шундан сўнг Амир Темур ўз ниятини амалга ошириш учун 1399 йил май ойи бошида Бибихоним мадрасаси рўпарасида янги жоме масжиди қуриш тўғрисида фармон беради. Рамазон ойининг тўртинчи кунида (милодий 1399 йил 19 май) масжиднинг қурилиш ишлари бошланади.
Иншоотни бунёд этишда Эрон, Озарбайжон ва Ҳиндистондан келган усталар, сангтарош ва меъморлар ҳам жалб қилинади. Тарихчиларнинг қайд этишича, масжидни қуриш учун тошлар Зарафшон тоғларидан Ҳиндистондан олиб келинган филларда ташилган.
Амир Темур масжид қурилишини ўзи бевосита назорат қилиш мақсадида давлат бошқарувини ҳам шу яқин орада жойлашган Бибихоним мадрасаси ва Туман оға хонақосида туриб амалга оширади.
Аммо орадан бир неча ой ўтгач, Амир Темур юзага келган вазият тақозоси туфайли Ғарбга қўшин тортишга мажбур бўлади. Амир Темурнинг бу юриши қарийб беш йил давом этади. Шу вақтда ҳам масжид қурилиши тўхтамайди ва 1404 йил ёз ойларида деярли якунланади.
Ҳижрий 807 йил муҳаррам ойида (1404 йил июль-август) Амир Темур пойтахтга қайтиб келади. У масжидни кўздан кечириб, қурилишдан кўнгли тўлмайди. Чунки масжиднинг эшиги унинг қаршисида жойлашган Бибихоним мадрасасининг эшигига нисбатан анча паст бўлган эди. Шундан сўнг Соҳибқирон эшикни бузиб, қайтадан маҳобатли ва улуғвор қилиб қуришга фармон беради.
Таъмирлаш ишлари кеча-ю кундуз давом эттирилади. Зеро, Амир Темур жоме масжид қурилишини Хитойга мўлжалланган юриш олдидан якунлашни ният қилган эди. 1404 йилнинг ноябрь ойида кўп қор ёғиши ва қаттиқ совуқ натижасида қурилиш ишлари тўхтатилади. Лекин бунга қадар асосий ишлар деярли якунланган эди. 1405 йил февралда Амир Темур вафот этганидан сўнг масжидда қайта қурилиш ишлари амалга оширилмайди.
Ёдгорлик Амир Темур томонидан қурилган бўлса-да, у кўпроқ халқ орасида Бибихоним жоме масжиди, деб юритилади. Бибихоним – XIV асрнинг 40 йилларида Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган Чиғатой хонадонига мансуб Амир Қозонхоннинг қизи. Асли исми Сароймулкхоним бўлиб, 1370 йилда Амир Темурга турмушга чиққан.
Масжиднинг номланиши ҳақида бир неча хил қарашлар мавжуд. Уларнинг бирида айтилишича, Амир Темур Ғарб юришига кетаётган вақтда (1399 йил) масжид қурилиши ҳали тугалланмаган эди. Соҳибқирон юришга кетгач, масжид қурилишига Бибихоним раҳбарлик қилиб, охирига етказади. Шу сабабдан масжид Бибихоним номи билан аталган. Лекин ўрта асрларга тегишли бирор манбада ушбу масжид ҳақида сўз кетганда Бибихоним номи келтирилмаган. Хўш унда нима учун масжид Бибихоним номи билан аталиб келмоқда?
Гап шундаки, масжид рўпарасида XIV аср охирида Сароймулкхоним - Бибихоним томонидан улкан мадраса бунёд этилган бўлиб, ушбу мадраса XVI асрдаёқ вайрона ҳолатга келиб қолган эди. XVII асрда сўнгги аштархоний ҳукмдорлар даврида Бухоро хонлигида юзага келган оғир сиёсий-иқтисодий вазият, қабилалар ўртасидаги ўзаро урушлар оқибатида мамлакат заифлашади ва қозоқ султонлари томонидан бир неча марта таланади. Ушбу урушлар вақтида, айниқса, Самарқанд кўп талафот кўриб, ҳудудда ўлат тарқалади ва аҳоли шаҳарни тарк этади. Орадан йиллар ўтиб, Бухоро амири Шоҳмурод даврида шаҳар тикланиб, яна аҳоли билан тўлади. Бироқ кўплаб меъморий обидалар жойлашган ҳудуд ва уларнинг номланиши халқнинг хотирасидан кўтарилади. Шу тариқа Амир Темур жоме масжиди ҳам бир вақтлар унинг қаршисида қад ростлаб турган Бибихоним мадрасаси сифатида номланиб кетган.
1895-1896 йилларда профессор Н.Веселовский  раҳбарлигида П.Покрышкин, рассом ва фотограф С.Дудин, фотограф И.Чистяков, архитектор-рассом Н.Щербина-Крамаренко, А.Щусев ва бошқалар иштирокида Самарқандга тарихий-меъморий экспедиция ташкил этилади.
Экспедиция доирасида Амир Темур жоме масжиди архитектор-рассом Н.Щербина-Крамаренко томонидан тадқиқ этилиб, ушбу бино аслида Бибхоним мадрасаси эмас, Амир Темур томонидан қурилган жоме масжид эканлиги илмий жиҳатдан асосланади. Шундан сўнг бино яна масжид сифатида номлана бошланади. Бибихоним номи эса сақланиб қолади ва ҳозир ҳам кўпчилик Соҳибқироннинг ушбу маҳобатли масжидини “Бибихоним жоме масжиди”, деб атайди. Аслида бундай номлаш нотўғри бўлиб, масжид “Амир Темур жоме масжиди” сифатида кўрилиши ва аталиши мақсадга мувофиқ.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.

 
Баннер