Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Сиёсатнома (3)
PDF Босма E-mail

ИҚТАЪЛАР ЭГАЛАРИ ВА РАИЯТ АҲВОЛИ ҚАНДАЙЛИГИНИ БИЛИШ ҲАҚИДА

Иқтаъ (мулки)га соҳиб бўлган муқаттеълар шуни билишлари лозимки, улар раиятдан ҳақ молини фақатгина яхшилик билан олишга ҳақлидирлар ва одамлар ўз тану моллари, бола-чақалари, асбоб-ускуналари билан хавфсиз бўлишлари шарт. Агарда одамлар саройга келиб, ўз ҳолларини маълум қилмоқчи бўлсалар, шунда улар қаршилик қилмасинлар ва қайси бир муқаттеъ шундай қилса, қўлини қисқартириб, иқтаъсини тортиб олиш, ўзига жазо бериб, бошқаларга ибрат этиб кўрсатиш керак. Уларга шуни билдириб қўйиш лозимки, мулк ҳам, раият ҳам султонникидир. Муқаттеълар ва волийлар уларнинг бошларида шаҳнадек туриб, подшоҳни раият билан бирга хавфсизликда сақлайдилар.

Ҳикоят

Нақл қилишларича, Қубод фармондорлик қилиб, дунёдан ўтгач, ўғли Нўширавони Одил унинг тахтига ўтиради. У ўн саккизга кириб подшоҳлик қила бошлайди ва ёшлигидан таъбида адолат манзил топганлигидан ёмонга ёмонлик, яхшиларга яхшилик қиларди. У ҳамиша айтардики: «Отам заиф табиатли ва салим эди. Ёлғонга тез алданарди. Вилоятлар хароб бўлиб, хазина бўшаб, бойликлар йўқоларди ва ёмонлигу зулм унинг бўйнига тушарди. Бир марта Маздакнинг ҳийлаю найрангига тез ишонди. Ундан фалон волию омил фалон вилоятни талаб қилганида, у ўша жойни берди ва у ерда одамлар ноҳақ ҳалок бўлдилар, раият эса дарвешликка юз тутди. Сийму зарни яхши кўрганидан бераётган динорларига алданиб, улардан хушнуд бўлди ва шу пораларни рад этмай: «Сен шу вилоятнинг амири ва ҳокимисан ва мен сенинг лашкарингга зарур бўлган нарсаларни бердим. Биламанки, сен буларни одамлардан тортиб олиб, олдимга олиб келгансан, отангдан мерос қолгани йўқ-ку! Амалдорда вилоят моли қанча бўларди?! Сен бир қисмини барот билан харж қилгансан ва бир қисмини хазинага топширгансан ва мен кўриб турган бу, қолган бойликни қаердан олдинг? Ҳаммасини ноҳақ халқдан тортиб олиб, расм-русумини жойига қўймагансизлар. Энди тўғри йўлни касб қилинглар», - деб уқтирмади.
Орадан уч-тўрт йил ўтди. Муқаттеълар ва амалдорлар шу ишларини давом эттиравердилар. Сўнг Нўширавон тахтга ўтиради ва ҳамма унинг олдида ҳозир бўлди. У Худога шукур қилиб, шундай дейди:
Билиб қўйинглар, менга бу подшоҳликни Аллоҳ таоло берди -ва яна отамдан мерос ҳам қолди ва яна бир бор амакиларим хуруж қилганда жанг қилиб шоҳлигимини сақладим, бир марта мулкни қилич ила қайта қўлга киритдим. Худойи таоло бу дунё-ни менга берди ва мен уни сизларга ҳадя этиб, ҳар бир кишига вилоят инъом этдим ва шу давлатдан кимнинг ҳақи бўлса, уни бенасиб қолдирмадим. Отам шоҳлиги даврида вилоятларга эга бўлган улуғларнинг ҳам мартабаларини шу даражада сақлаб, уларнинг мавқеларию бир бурда нонларини кам қилганим йўқ. Мен ҳурматингизни жойига қўйсаму сизлар менинг сўзларимга қулоқ солмайсизлар. Аллоҳ таолодан қўрқмайсизлар, сиз халқдан уялмасангиз ҳам мен Яздон (Тангри) ғазабидан қўрқаман. Сизларнинг бедодликларингизу шумлигингиз менинг обрўйимни туширишини истамайман. Олам душманлардан бўшади ва сизларга Аллоҳ насиб қилган неъматлардан маошу осойишталик бердик. Савоб ила иш тутинглар, бедодлигу хиёнат, кўрнамаклик мулкка завол келтириб, неъматларни йўқ қилади. Тангри халқига яхшилик қилинг, раиятга қаттиқ тегманг, заифаларга азоб берманг, уламоларни ҳурмат қилиб, яхши кишилар билан суҳбатлашиб, ёмонлардан четлашинг. Аллоҳни ўзимга гувоҳ қилиб онт ичаманки, агарда бирор киши шу тариқатга хилоф иш тутса, ҳеч раҳм қилмайман. Ҳамма унинг гапини қабул қилиб, Шу фармонга амал қиламиз,- дейишибди. -Бир неча кун ўтиб ҳамма ўз вазифасига қайтгач, яна зулму ситамга қўл чўзишади. Нўширавонни гўдак билиб писанд ҳам қилишмайди. Амалдорларнинг ҳар бири, хоҳласам унга итоат қиламан, хоҳламасам йўқ, деб ўйларди. Нўширавон эса улар билан муросаю мадора қилиб кун кўрарди. Шу аҳволда яна беш йил ўтади.
Нўширавондан кучлироқ ва бойроқ бир лашкарбоши бор эди. Шоҳ уни Озарбайжондаги вилоятга ҳоким қилиб тайинлаганди. Мамлакатда ундан ҳам саноқсиз, жиҳозланган қўшинга эга амир йўқ эди. Унинг кўнглида шу шаҳарда бир боғ ва дам оладиган ...жойга эга бўлиш орзуси пайдо бўлади Шу шаҳарда бир кампир яшар эди, унинг бир парча ери бўлиб, ҳар йили волий хирожини тўларди, ердан бир деҳқон ҳам насибасини олиб турарди. Кампирнинг ризқи шундай эканки, ҳар куни тўртта нон истеъмол қиларкан: битта нонни гўшт ёки пишлоқ учун, биттасини чироқ мойи эвазига бераркан, қолганини эса эрталаб ва кечқурун ўзи истеъмол қиларкан. Одамлар раҳм қилиб, унга кийим-кечак беришаркан ва у ҳаргиз уйидан чиқмай, машаққат билан кун кўраркан. Уша лашкарбошига кампирнинг ери зарур бўлиб, уни боғ ва сарой қуришга олишни ният қилади. Кампир олдига одам юбортириб: «Шу бир парча ерни менга сотгин, менга керак бўлиб қолди», деб айттиради. Кампир Сотмайман, бу ёруғ оламдаги бор-йуғим шу ерим, менинг -ризқим шу ердан, киши ўз озуқасини сотмайди-ку! - деб жавоб қилади.
Еринг эвазига ундан каттароғини бераман.
-Менинг ерим ҳалол, ота-онамдан мерос қолган ва суви ҳам -яқин. Қўшниларим ҳам ўзимга мос ва мени ҳурмат қиладилар. Эвазига берадиган еринг шундай хосиятларга эга эмас. Бу ердан қўлингни тортсанг, ўзингга яхши бўларди Лашкарбоши кампирнинг сўзини эшитиб ҳам ўтирмай, ерни зулм ила тортиб олиб, атрофини девор билан ўратади. Кампирнинг аҳволи ёмонлашиб, борига барака қилмоқчи бўлади. Ва ҳақини олишга ёки эвазига бошқа ерга эга бўлишга розилик бериб, ўзини лашкарбоши оёғига ташлаб, шундай дейди:
Ернинг баҳосини ёки унинг эвазига ер бер Лашкарбоши унга қиё ҳам боқмайди, бирор нарса ҳам бермайди. Кампир умидсизланиб ортига қайтади, уни саройга ҳам қўймайдилар. Ҳар вақт шу лашкарбоши томошага ёки овга чиқса, ёки бирор жойга бориб қолса, кампир унинг йўлини тўсиб ҳақини талаб қиларкан. Шундай қилиб, ҳеч қандай жавоб бўлмайди ва у лашкарбошининг хизматкорларига, маҳрамларига бориб гапирса, улар «Лашкарбошига айтамиз» деб айтмас эдилар. Орада икки йил ўтади. Ҳолдан тойиб, инсоф қилинишидан умидини узгач кампир ўзига ўзи дейди: «Темирни қизиғида босиш керак эди, мен эса совуқ темирни босаяпман. Лекин Аллоҳ таоло ҳар қандай ишнинг иложини ҳам берган. Ахир шунча буюклиги билан бу Нўширавоннинг хизматкори, холос-ку. Тадбирим шуки, Нўширавоннинг олдига ўзим бориб, .«ҳолимни унга маълум қиламан. У менга инсоф қилар Шундан кейин кўп азоб чекиб, Озарбайжондан Мадойинга келади. Нўширавоннинг қасрини кўриб «Мени бу саройга қўймасликлари аниқ. Бунинг хизматкори бўла туриб Озарбайжон ҳокими мени саройига қўймади-ку, бу даргоҳга, шоҳ саройига киришимга йўл бўлсин. Яхшиси, уни саҳрода кўриб, арзимни айтай», деб ўйлайди.
Ундан ерини тортиб олган лашкарбоши тасодифан саройга келиб қолади. Шу куни Нўширавон ов қилишга қарор қилади. Кампир Нўширавоннинг фалон жойда ов қилишидан хабар топади. Қўрқиб-писиб азобу уқубатлар билан ўша ов қилинадиган жойга бориб, бир қовжираган бута орқасида кечани ўтказади. Эртасига Нўширавон етиб келади ва ҳамроҳлари ов қилиш учун тарқалишади. Бир қўриқчиси билан қолган Нўширавонни ёлғиз кўрган кампир ўрнидан туриб: Эй подшоҳ, бу заифа дардини эшит! - дейди. Нўширавон-унинг олдига отини ҳайдаб бориб, арзига қулоқ солади. Кўзи ёшга тўлиб:
Хотиржам бўл, аҳволингни тушундим, муродингни ҳосил қиламан ва сени шаҳрингга қайтариб юбораман,- дейди ва фаррошига тайинлайди:
Буни туяга миндириб, қишлоққа олиб бор ва қишлоқ -арбобига топшир, овдан қайтганимизда шаҳарга олиб бориб, ўз уйингда сақла. Ҳар куни икки ман нон, бир ман гўшт, хазинадан эса ойига беш тилло динор бериб тур. Вақти келса, сен орқали уни чақиртириб оламан.
Фаррош фармонни айтилганидек бажаради. Нўширавоновдан қайтиб келгач, бу гапларни бошқаларга билдирмай, нима қилиш ҳақида ўйга толади. Сўнг куннинг ярмида, ҳамма ётиб дам олаётган чоғи, сарой бўш пайтда бир ходимига Фалон ҳужрага бориб, фалон қулни чақириб кел, - дейди -ул келганида унга дейди:
Эй қул, биласан, менда яхши ва лойиқ қуллар кўпдир. -Ҳаммадан сени афзал кўрдим ва сенга ишондим. Сен хазинадан маблағ олиб, Озарбайжонга жўнашинг керак. Фалон шаҳар ва фалон маҳаллага бориб, йигирма кун яшаб, ўзингни одамларга: «Мен қочиб кетган қулни қидираяпман»,- дегин. Кейин ҳар хил одамлар билан ўтириб кўр ва улар билан яқинлаш. Мастлик ва ҳушёрлиқдаги суҳбат давомида улардан гўё билмагандек: «Шу маҳаллада бир кампир бор эди, номи фалон, у қаерда экан, ҳеч кўринмайди», - деб сўра. Нима дейишса эшитиб, ёзиб ол ва бу хабарни келтир. Сени шунинг учун юбораяпман. Аммо саройда сени чақириб, ҳамманинг олдида баланд овоз билан: Бориб хазинадан нафақангни ол ва Озарбайжонга бориб -қайси шаҳару ноҳияга борсанг, бу йил ғалла ва мева ҳосили қандай бўлганини сўра, қандай табиий офат текканини аниқлаб ол ҳамда яйлов ва ов қилиш жойларининг ҳолидан хабар олиб кел, - дейман.
Ҳаммасини билиб олиб, тез қайтиб келгин, аммо нима учун .юборганимни ҳеч ким билмасин Буйруғингизни бажараман,- дейди қул. -Эртаси куни у йўлга чиқади. Уша шаҳарга бориб, йигирма кун яшаб, учраган одамдан ўша кампир аҳволини суриштиради. Одамлар: «Шу мастура кампирнинг эрию болалари худо раҳматли бўлганлар. Унга бир парча ер мерос қолган эди. Ерини бир деҳқонга берарди. Унинг ҳосилидан деҳқоннинг ҳиссасини ва подшоҳнинг хирожини тўлаб турарди. Кейинги йил ҳосилигача ҳар куни тўртта нон унинг ризқи бўлиб, биттасини гўшг ва пишлоқ эвазига, битта нонни чироқ мойи ўрнига бериб, яна иккитасини эртаю кеч ўзи истеъмол қиларди. Вилоят ҳокими бир боғу сарой қуришни қасд қилиб, кампир ерини зўравонлик билан тортиб олди. Боғ қилиб, пулини ҳам тўламади, ўрнига бошқа ер ҳам бермади. Кампир йиллаб унинг саройига қатнади, лекин ҳоким унга парво қилмади. Анчадан буён уни ҳеч ким кўрмаяпти», - дейишади.
Ул вазиятни билиб, Нўширавон олдига қайтиб, аҳволни маълум қилади. Нўширавонга кампирнинг гапи тўғрилиги маълум бўлади. Эртасига Нўширавон қабул маросимини уюштиради, ҳамма улуғ кишилар йиғилади. Бир вақт Нўширавон улардан сўрайди:
- Озарбайжон ҳокимида қанча бойлик бор?
- Икки марта минг-минг ва унинг пулга эҳтиёжи ҳам йўқ,
- Мато ва зеб-зийнатлардан қанча?
- Минг уч минглик зару кумуши бор.
- Жавоҳирдан қанча?
- Беш юз минг-минг динор.
- Мулку ғаллакор ери қанча.
Хуросону Ироқ, Озарбайжонда бирор шаҳру ноҳия -йўқдирки, унинг мулку қишлоғи, тегирмону карвонсаройи, ҳаммому ғаллазор ери бўлмаса. Моллари қанча?
-Ўттиз минг.
- 3архарид қуллари қанча?
Бир мингу етти юз рум ва ҳабаший қуллари ҳамда тўрт юз -канизаги бор.
Бир кишида шунча неъмату бойлик бўлса, ҳар куни йигарма -хил таом, қўю ҳолва, ширинлигу ёқимли нарсалар еса ва яна Худога кўнгил қўйган бир заифанинг иккита нони бўлса-ю, биттасини эрталаб, биттасини кечқурун истеъмол қилса. У бадавлат киши шу иккита қуруқ нонни заифадан зўрлик билан тортиб олиб, уни бир луқма нонидан ҳам маҳрум қилса. Унга нима керак экан ўзи?
Бундай киши ҳар қандай жазога лойиқ, - дея жавоб қилади -ҳамма. Шунда Нўширавон амр қилади: Мен унинг терисини шилиб олиб, гўштини итларга -беришларини ва терисини сомонга тўлдириб сарой эшигига осиб қўйишларини истайман. Жарчилар етти кун «Кимда-ким бундан буён жабр-ситам қилса, ҳатто бир халта сомон ё бирорта товуқ ёки бир боғ кўкатни зулм билан кимдандир тортиб олса, жазоси мана шунақа бўлади», деб хабар берсинлар. Сўнг фаррошга кампирни олиб келишни буюради. Нўширавон сарой аъёнларига қарата: «Бу ситам торттан ва у эса ситам қилувчи эдики, жазосини олди» - дейди. Ва қулдан Мен нима учун сени Озарбайжонга юборган эдим? - деб сўрайди.
Кампир ҳолини билиб, ҳақиқатан ҳам у зулм кўрган- -кўрмаганлигини билиб, подшоҳни хабардор қилишим учун юборган эдингиз,- жавоб беради қул. Шундан кейин подшоҳ аъёнларига дейди:
Мен бу сиёсатни хўжакўрсинга қилганим йўқ. Бундан кейин -ситам қилувчилар билан фақат қилич воситасида гаплашаман ва қўю қўзиларни бўрилардан муҳофоза қилиб, узун қўлларни кесиб, Ер юзини ёмонлик қилувчилардан тозалайман. Жаҳонни адолат ва осойишталик билан обод қиламан, чунки Худойи таоло мени шу иш учун юборган. Агарда одамлар хоҳлаган ишларини қилаверадиган бўлсалар, Аллоҳ таоло подшоҳларни уларнинг бошларига қўймасди. Энди сизлар ҳам ана шундай золим изидан бормаслик учун ҳаракат қилинглар. Нўширавоннинг ҳайбати ва сиёсатини кўриб бу мажлисда ҳозир бўлган кишилар кўнглидаги заҳарлар эриб кетади. Нўширавон кампирга:
Сенга ситам қилган кишига жазо бердим ва у ерингда қурган -сарою боғни ўзингга ҳадя этдим, улоғу нафақа ҳам бердим. Шаҳрингга қайтиб, мени дуо қиларсан деган умиддаман,- деб яна ўзи сўраб ўзи жавоб қилади.
Нега энди саройимиз эшиги ситам қилувчилар учун очиғу -ситам кўрганларга ёпиқ? Раият ва қўшин ҳар иккиси бизнинг қўл остимиздагилар ва хизматчиларимиздир. Раият беради ва лашкар тортиб олади. Раҳмсизлик қилиб, бедодлик қиладиганларга ҳам, хирож берадиган раиятимизга ҳам эшигимиз янада кенгроқ очиқ бўлиши шарт. Чунки зулм кўрган бирор мутазаллим саройимизга келса, уни менинг олдимга кириб, ҳолини айтишга қўймайдилар. Агар шу кампир саройга йўл топганида, унинг ов қилиш жойига боришига ҳам ҳожат йўқ эди. Шундан кейин Нўширавон буйруқ чиқаради: бир занжирга қўнғироқларни шундай пастликда осилтириб қўйингларки, етти ёшли боланинг ҳам қўли унга етсин. Бирор-бир мутазаллим саройга келса, эшик қоровулига иши тушмасину шу қўнғироқ ипини тортсин ва Нўширавон эшитиб, унинг додини тинглаб, чора қилсин.
Шундай ҳам қиладилар. Сарой аъёнлари ва қўшин бошлиқлари уйларига қайтиб кетадилар. Дарҳол ўзларининг вакилу амалдорлари, қўл остидагиларию қўшинларини :чақиртириб сўрайдилар
Айтинглар-чи, кейинги ўн йил ичида заруратсиз кимлардан -молларини тортиб олгансизлар? Агар бирор кишини бекорга хафа қилган бўлсангизлар, бундан кейин ҳаммамиз бир бўлиб уларни хурсанд қилишимиз керак, токи ҳеч кимса саройга бориб биздан шикоят қилмасин.
Барча хафа бўлганларни хушнуд этиш йўлларини бамаслаҳат излаб, баъзиларини узр билан, баъзиларини молу пул билан рози қилиб, фалон киши фалон кишидан хурсанд, унга ҳеч даъвоси йўқ деган хат ҳам оладилар. Нўширавоннинг мана шундай бир сиёсати туфайли мамлакат обод, халқ ситам қилувчилардан халос бўлади.
Орада етти йил ўтади. Бирор мутазаллим унинг саройига шикоят билан келмайди.

Ҳикоят

Нақл қиладиларки, етти йилдан кейин пешин вақтида, саройда ҳеч ким бўлмай, навбатчилар ухлаб қолган бир пайтда, қўнғироқлар баланд овоз билан чалинади-ю, Нўширавон буни эшитиб, тезда икки ходимини юборади. Ходимлар сарой дарвозаси ёнига келиб бир озғин қари эшакни кўрадилар. У орқасини қўнғироқ занжирига ишқаларди ва шу туфайли қўнғироқлар садо берарди. Ҳар иккала ходим ҳам: Ҳеч ким шикоятга келган эмас, фақат бир қари эшак -яраларини қўнғироқлар занжирига ишқалаяпти, - дейишади. Нўширавон:
Сизлар тушунмагансизлар, бу сизлар ўйлагандай эмас. -Яхшироқ қаранглар, бу эшак ҳам инсоф истаб келган. Эшакни бозорга олиб бориб, ҳаммадан унинг аҳволини сўранглар ва ҳақиқатни менга маълум қилинглар.
Шоҳ олдидан чиқишгач, ходимлар эшакни бозорга олиб бориб,одамлардан:
Шу эшакни танийдиган киши борми? - деб сўрайдилар.
Таниймиз,- дейишади одамлар.
Қаердан биласизлар? - деган саволга улар жавоб берадилар.
Бу эшак фалон козур(кир ювувчи)ники ва йигирма йилдан -буён унга хизмат қиларди. Ҳар куни одамларнинг кийимларини унга юклар, кир ювиш жойига олиб бориб, кечқурун қайтариб олиб келарди. Ёш, кучи борлигида унга қарарди, ўт-ем берарди. Энди қариб, кучи қолмаганида уйидан ҳайдади. Бир ярим йилдирки, бу эшак маҳаллаларда, кўча ва бозорларда юради. Одамлар савоб учун унга ўт ва сув берадилар. Эшак кейинги икки кундан бери сув билан ем топмай, тентираб юрибди. Ходимлар ҳаммадан шу жавобни эшитадилару, тез қайтиб келиб, буни подшоҳга маълум қиладилар Кўрдингизларми, мен сизларга эшак додини айтишга келган, уни ушлаб туринглар, демаганмидим, - дейди. Нўширавон: У эртаси куни эшак эгасини маҳалласидаги тўрт оқсоқол билан бирга олиб келишни буюради. Ходимлар айтилганларни бажариб, эшак ва унинг эгасини тўрт мўйсафид билан саройга бошлаб келишади. Нўширавон козурдан сўрайди: Бу эшак ёш бўлганида, ишга яраганида, сен учун кераклигида -унга ем берардинг. Энди қариб қолганида боқиш ўрнига уни уйингдан ҳайдаб юборибсан. Хўш, эшакнинг йигирма йиллик хизмат ҳақи нима бўлди:
Подшоҳ уни қирқ дарра урдиришга буйруқ беради ва дейди:
Шу эшак қанча яшаса, мана шу тўрт оқсоқол гувоҳлигида -унга ҳар куни сомону буғдой берасан ва агарда камчиликка йўл қўйсангу, бу менга маълум бўлса, билиб қўй, жонингдан умидингни узавер.
Одил подшоҳлар ҳамиша заифлар ҳақида ўйлайдилар ва улар мамлакат зарурати учун ҳар икки-уч йилда муқаттеъларнинг ишларини тафтиш қилишлари шартдир, токи муқаттеълар раият ҳақига кўз олайтирмасинлар, вилоят обод ва маъмур бўлсин.

давоми бор...

1, 2

 
Баннер