Саналар
13.02.2025
Баннер
Баннер
Тиауанако сири
Муаллиф:    09.02.2025 17:43    PDF Босма E-mail

Милоддан аввалги II минг йиллик охирида Жанубий Американинг шимол-шарқий тоғ ҳудудларида чавин маданияти деб аталувчи сирли цивилизация пайдо бўлиб, қисқа муддат ичида йўқолиб кетди. Бу халқ ягуарга сиғиниб, тош пирамидалар қурган ва нафис керамика буюмлар тайёрлаган. Асрлар ўтиб, баланд тоғ платоси марказида шунчалик кутилмаган ҳолда янги бир цивилизация – Тиауанако пайдо бўлди, унинг номи муқаддас марказ номи билан аталди.

Тиауанако номи «Мурдалар шаҳри» маъносини англатади ва инклар даврига бориб тақалади, чунки бу вақтда шаҳарда ҳеч ким яшамас эди. Инклар, ўзи ҳам буюк бинокорлар бўлган ҳолда, бу улкан тош шаҳарни уларнинг олий худоси Виракочагинагина қуриши мумкин деб ишонганлар.

Ҳақиқатан ҳам, бу шаҳар қандай қурилганини тасаввур қилиш жуда қийин. Баланд Америка шаҳрини ташкил этувчи улкан тош ҳайкаллар ва юзлаб тоннлик монолитлар, 6 км узоқликда жойлашган яқин тоғ жинс қазиб олиш манбасидан қандай ташилган? Олимлар ҳисоблаб чиқишича, вазни 150 тонна бўлган бир тошни бир кунда уч минг одам етказиши мумкин эди. Демак, Тиауанако кўплаб минглаб ишчилар томонидан пухта ташкил этилган меҳнат натижасида қурилган. Бироқ қадимги Перуда бундай улкан ишчи кучлари мавжудлигини тасдиқлайдиган ишончли далиллар йўқ.

Археологларнинг эътиборини энг кўп жалб этган иншоот – Каласасайя саройи бўлди. У 17500 м² майдонни эгаллаб, боливиялик немис арxеологи Артур Познанский томонидан қуёш маъбади сифатида тавсифланган. Перунинг илк хроникачилари бўлган испанлик Сьеса де Леон бу иншоот ҳақида ёзиб қолдирган. Унга кўра, саройнинг асосий диққатга сазовор жойи катта зал бўлиб, у порталар ва кенг ойналар билан безатилган эди. Деворларга олтин михлар билан мис ва бронза пластиналар ўрнатилган. Ҳозирга келиб, бу ҳайратланарли бинодан фақат катта устунлар ва кенг тош зинапоялари – саройга асосий кириш йўли сақланиб қолган.

Шаҳарнинг шимол-шарқий қисмида эса Тиауанаконинг энг машҳур ёдгорлиги – Қуёш дарвозаси жойлашган. Унинг юқори қисми рельефли тасвирлар билан безатилган бўлиб, марказда скафандр кийган космонавтга ўхшаш инсон сурати бор. Унинг бошидан қуёш нурлари тарқалган бўлиб, уларнинг учи пума боши билан якунланган. Бу тиауанаколик «олий худо»нинг кийими пума, кондор ва балиқ тасвирлари билан безатилган. Профессор Познанскийнинг фикрича, Қуёш дарвозаси рельефларида қадимий қуёш ва ой тақвимлари тасвирланган.

Муҳим ва сирли «объект»лардан яна бири – «Саркофаглар саройи» деб аталувчи майдон бўлиб, бугунги кунда у квадрат шаклидаги тош бино харобалари сифатида қолган. Унинг пойдеворида турли рангли тош плиталар билан ёпилган қабрлар топилган.

Тиауанаконинг энг йирик иншооти эса асоси 210×210 метр бўлган зинапояли Акапана пирамидасидир. Баъзи маълумотларга кўра, унинг чўққисида ҳиндулар маъбади жойлашган ва у ерда инсон қурбонликлари келтирилган. Ҳозирда маъбаддан ҳеч қандай из қолмаган, фақат ғарбу шарқ йўналишига аниқ мослаштирилган кичик сув ҳавзаси сақланиб қолган.

Шунингдек, бу ерда улкан тош ҳайкаллар ҳам топилган бўлиб, улар ҳатто ольмекларнинг улкан тош бошларидан ҳам йирикроқдир. Улар кашфиётчилар номига боғлиқ ҳолда – Беннет монолити ва Понсе Санхинес монолити деб номланган. Беннет монолити етти метрдан баланд бўлиб, квадрат шаклдаги бош қисми лента ёки турбанга ўхшаш тасвирланган. Унинг кўзлари тўғри қараб турган, қўллари эса қўлқопдек кўксини тутади. Беннет монолити яқинида яна бир ҳайкал топилган бўлиб, у сақаллик эркак кишини тасвирлаган – бу эса ҳиндулар учун мутлақо ғайритипик ҳолатдир.

Сақал фақат оқ танли худо Виракочага тегишли бўлиб, у осмондан тушган ёки денгиз орқасидан келган. Айрим тарихчиларнинг фикрига кўра, Тиауанаконинг қурилувчилари оқ танли келгинчилар, эҳтимол, викинглар бўлган. XVI асрда испан хроникачиси Сьеса де Леон маҳаллий аҳолидан шундай маълумотлар ёзиб олган: «Бир вақтлар бу ерга оқ танли, катта сақаллик одамлар келган, бироқ улар маҳаллий аҳолига нисбатан кам сонли бўлганликлари боис, жангларда йўқ қилинган».

Муқаддас Тиауанако Титикака кўлининг жанубий қирғоғидан 20 км узоқликда жойлашган. Бу кўл Анд тоғларида, денгиз сатҳидан 3854 метр баландликда, узунлиги 160 км, кенглиги эса 60 км ни ташкил этади.

Қадим замонларда Вечный город (абадий шаҳар) ва Титикака кўли ўртасида диний алоқа мавжуд бўлган. Кўл ўртасидаги айрим оролларда қадимий манзилгоҳлар излари топилган. Бу ерда топилган тўқилган қамишдан ясалган қайиқлар қадимий мисрликларнинг папирус кемаларига ўхшайди (Тур Хейердал томонидан ясалган машҳур «Ра» кемаси худди шундай услубда қурилган).

Кўл тубидаги қадимий вайроналар ва икки муқаддас оролни бир-бирига боғловчи улкан олтин занжир ҳақида афсоналар мавжуд. Бу сирни аниқлаш мақсадида машҳур океанолог Жак-Ив Кусто икки мини-субмарина ёрдамида Титикака кўли тубини тадқиқ қилган.

Сув ости экспедицияси ҳеч қандай олтин занжир топмади, бироқ ҳақиқатан ҳам тош бинолар изларини аниқлади. Бу маълумот олимларни кўл соҳилларининг қадимдаги чегаралари ўзгарган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Балки Титикака кўли олдин анча кенг бўлган ва муқаддас ҳиндулaр пойтахти Тиауанако унинг тўғридан-тўғри соҳилида жойлашган бўлиши мумкин. Бу шаҳар милоддан аввалги III асрдан 1300 йил давомида мавжуд бўлган.

Ҳаёт учун ноқулай бўлган денгиз сатҳидан 4000 метр баландликда жойлашган бу цивилизация қандай қилиб юксак тараққиётга эришган ва нима сабабдан унинг аҳолиси шаҳарни тарк этган? Бу сўнгсиз сирлар, Тиауанако муаммолари ва афсоналаридир.

 

 
Баннер