Догонларнинг ғаройиб билимлари | ||||
|
1931 йилда машҳур француз этнографи профессор Марсель Гриоль Ғарбий Африкага саёҳати давомида Мали республикаси ҳудудида, Нигер дарёси ейилишида яшовчи суданлик қабилалардан бири – догонияликлар билан учрашди. Уларнинг маданий тараққиёт даражаси қўшни қабилалардан ҳеч қандай фарқ қилмас эди. Бироқ профессорни ёзув билимига эга бўлмаган бу деҳқонларнинг авлоддан-авлодга оғзаки равишда етказиб келинаётган ғалати ривоят ва афсоналари қизиқтириб қолди. Бу ривоятларда бутун оламнинг пайдо бўлиши ва тузилиши, шунингдек, бу халқнинг космос билан қадимий алоқалари ҳақида сўз юритилган эди. Шундан бери профессор Гриоль ва унинг ҳамкасблари мунтазам равишда догонлар ҳузурига экспедициялар уюштириб, узоқ вақт давомида меҳрибонлик ва ҳушмуомалалик билан француз олимлари билан мулоқотда бўлган африкаликлар томонидан ишонч қозонишди ва секин-аста уларнинг энг сирли билимларига мутааллиқ бўлишди. «Энг мутааллиқлар»дан бири Гриольнинг ўзи ва унинг асосий ёрдамчиси, профессор Жермен Детерлен эди. Гриоль 1956 йилда вафот этганидан сўнг, Детерлен уларнинг умумий ишларини давом эттирди. Улар ўз тадқиқотларининг ҳақиқатан ҳам сенсацион натижаларини бир қатор нашрларда баён этдилар, булардан биринчиси 1950 йилда чоп этилди. Замонавий фанга кўра, Олам бошланғич Катта портлаш натижасида пайдо бўлган. Ундан олдин бутун модда ғоят юқори зичликка эга бўлиб, чексиз кичик ҳажмни эгаллаган, ҳеч қандай вақт ёки макон тушунчаси мавжуд бўлмаган. Катта портлашдан (тахминан 13 миллиард йил аввал) бошлаб, галактикаларнинг узлуксиз тарқалиши, яъни Оламнинг кенгайиши давом этмоқда. Бироқ догонларнинг қадимий ривоятларига кўра, Олам шундай пайдо бўлган: «Барча нарсаларнинг бошланишида Амма – ҳеч қандай нарса устида турмаган Илоҳ бор эди. Амма кичик шар ёки тухум эди ва бу тухум ёпиқ ҳолатда эди. Ундан ташқари ҳеч қандай нарса мавжуд эмас эди». Замонавий догон тилида «амма» сўзи ҳеч қандай ҳаракатсиз, қаттиқ зичланган ва ўта оғир бўлган нарсани англатади. Бундан кейин: «Амма ичидаги дунё ҳали вақтсиз ва маконсиз эди. Вақт ва макон ягона яхлитликда эди». Бироқ бир пайт келди ва «Амма кўзларини очди. Шунда унинг фикри спиралдан чиқиб, қорни ичида айлана бошлади ва бу дунёнинг келажакдаги ўсишини белгилади». Ривоятга кўра, замонавий дунё «чексиздир, аммо уни ўлчаш мумкин». Бу таъриф Эйнштейннинг нисбийлик назариясидаги тушунчаларга жуда яқин. Бизнинг галактикамиз – Сомон йўли – догонлар учун «жойнинг чегараси»дир. «Жой чегараси – юлдузлар оламининг бир қисми бўлиб, еримиз унинг кичик бир бўлагидир. Бу бутун олам эса спирал шаклида айланиб туради. Амма чексиз миқдордаги юлдузлар оламини спирал шаклида яратган». (Замонавий фанга маълум бўлган галактикаларнинг кўпчилиги айнан спирал шаклга эга.) Қизиғи шундаки, бошқа барча диний афсоналардан фарқли ўлароқ, догонлар эътиқодига кўра, Ер коинот маркази эмас ва одамлар коинотдаги ягона тирик мавжудотлар эмас. «Спирал юлдузлар олами – аҳолиси бор оламлардир. Амма дунёга ҳаракат ва шакл берган вақтда, у барча нарсалар билан бирга барча тирик мавжудотларни ҳам яратган… бизнинг сайёрамизда ҳам, бошқа Ерларда ҳам…» Ҳайратланарлиси шундаки, догонлар афсоналарида «юлдузлар» тушунчаси билан бирга, «сайёралар» ва ҳатто «сайёра йўлдошлари» ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. «Ҳаракатсиз юлдузлар – бу шундай юлдузларки, улар бошқа юлдузлар атрофида айланмайди. Сайёралар ва уларнинг йўлдошлари эса айлана ҳаракат қилади ва бошқа юлдузлар атрофида давра ясайди». Бироқ, ярим ибтидоий ҳолатда яшаган догонлар қаердан «Қуёш ўзи ўқи атрофида айланиб туради, гўёки спирал пружина таъсирида… Ер эса ўзи атрофида айланади ва шу билан бирга катта давра бўйлаб ҳаракат қилади» деган билимларни билишган? Қуёш тизими сайёралари орасида догонлар асосан оддий кўз билан кўриш мумкин бўлган Марс, Венера, Сатурн ва Юпитерга эътибор қаратишган. Ажабланарлиси, улар Венерада йўлдош борлигини билишган. Замонавий фан ҳали буни аниқламаган. Француз олимларини эзотерик билимларга бағишлаш жараёнида догонлар ўз ҳикояларини рамзлар ва схемалар билан тасвирлашган. Улар баъзан мураккаб, бироқ ҳамиша жуда тушунарли бўлган. Юпитерни катта доира шаклида тасвирлаб, устида тўртта кичик доира – сайёранинг йўлдошларини кўрсатишган. Бугунги кунда биз Юпитернинг 16 та йўлдошини биламиз, улардан тўрттаси 1610 йилда Галилей томонидан кашф этилган бўлиб, энг катта ва энг ёрқинларидир. Сатурнни эса догонлар икки концентрик доира кўринишида тасвирлашган ва изоҳлашган: ташқи доира ҳалқа (ёки ҳалқалар) экан. Аммо бу сирли халқ мифологиясида марказий ўринни Сириус — бизнинг осмондаги энг ёрқин юлдуз эгаллайди. Догонлар тушунчасига кўра, Сириус — Ерда ҳаёт ривожланишига асосий таъсир кўрсатган ва бутун оламнинг асоси бўлган юлдузлар тизими. Бу юлдузлар тизими Сириуснинг ўзи, иккинчи юлдуз (Сириус B) ва учинчи юлдуз (Сириус C) дан иборат. Догонлар айтишича, бу «қўшимча» осмон жисмлари асосий юлдузга жуда яқин жойлашганлиги сабабли уларни ҳамма вақт кўриш мумкин эмас. Ҳозирги вақтда астрономлар фақат иккинчи юлдуз (Сириус B) ни аниқлашга муваффақ бўлдилар. Сириус C мавжудлиги ҳалигача астрономлар ўртасида баҳс мавзуи бўлиб қолмоқда. Догонлар Сириус B ҳақида шундай дейдилар: «Бу юлдуз Сириус атрофида ҳаракат қилади ва бир тўлиқ айланишни 50 йилда бажаради. Сириус B Сириусга яқинлашганда, у жуда ёрқин ёнишни бошлайди, ундан узоқлашганда эса ўзи милтиллайди, шундай қилиб кузатувчига гўёки Сириус B бир неча юлдузга айлангандай туюлади». Ажабланарлиси шундаки, Сириуснинг ушбу ёриш даврийлиги астрономлар томонидан ҳам тасдиқланган. Сириус B оддий кўз билан кўринмайди ва XIX асрнинг ўртасига қадар уни догонлардан бошқа ҳеч ким билмаган. Догонлар шундай хабар беришади: «Сириус B — осмондаги энг оғир жисм. У шундай зички, агар дунёдаги барча одамларни йиғса ҳам, улар унинг ҳатто кичик бир бўлагини ҳам кўтара олмас эдилар». Ҳақиқатдан ҳам, Сириус B оламда аниқланган биринчи «оқ карлик» бўлиб, у ёниб тугаган ва шунчалик зич бўлганки, унинг зичлиги 1 см³ учун 50 тоннага тенг! Догонлар мифларида Сириус билан Ердаги биринчи одамларнинг пайдо бўлиши ҳам боғлиқ. Улардан бирида шундай дейилади: «Одамлар Ерга космик кемалар — ўзининг юлдузи Сириус B портлашидан олдин сайёрасининг осмони бўлган юлдуздан келган "осмон кемалари" орқали олиб келинган». Кема Ерга яқинлашар экан, икки баробар бурчакли спираль шаклида ҳаракат қилган. Бу ҳаракат ҳаётнинг илк заррасини тирилтирган гирдоб йўналишига ўхшаган. Қизиқ томони шундаки, икки баравар бурчакли спираль шакли дезоксирибонуклеин кислота молекуласига (ДНК) тўғри келади, у эса бизнинг генетик кодимиз ташувчиси ҳисобланади! Догонлар ривоятлари икки босқичли космик саёҳат ҳақида ҳикоя қилади. Биринчи босқич Ого номли мавжудотнинг Ерга келиши билан боғлиқ. Иккинчи босқич — Номмо ва биринчи одамлар бор бўлган космик кеманинг Ерга қўниши билан боғлиқ. Ого шахсияти ҳақида маълумотлар тушунарсиз. Гўёки у Амма га қарши чиққан ва ундан айрим сирларни ўзлаштирган «қулаган фаришта» ёки Шайтон образига ўхшайди. Ого уч марта космосга чиққан, унинг космик кемаларида асосий энергия манбаи «по» деб аталган зарралар бўлган. Бу зарралар бутун коинот мавжудлигининг асосий элементлари ҳисобланган. Номмо эса Амма буйруқларини бажарадиган фаришта образида тасвирланади. Унинг асосий вазифаси Ерда ҳаёт яратиш ва сайёрани одамлар билан тўлдириш эди. Мифда ушбу муҳим вазифа учун тайёргарлик тўлиқ тасвирланган. Кемада ҳаёт яратиш учун зарур бўлган барча нарсалар мавжуд эди. Унинг бортида тўрт жуфт эгизаклар, яъни саккизта аввалги ота-боболар бўлган. Кема Ерга Амма томонидан осмонда очилган махсус вақт «эшиги» орқали учиб келган. Қўнишдан кейин аввало Ерга Номмо тушган, кейин эса қолганлар. Кема бўшаб бўлгандан сўнг, Амма кемани ушлаб турган мис занжирни осмонга тортиб, осмон эшигини ёпган. Бу кема экипажи ва уларни юборган цивилизация ўртасидаги барча алоқаларнинг узилганини англатган. Ерда биринчи бўлиб яшаган одамлар учун энди қайтиш йўли йўқ эди. Улар янги сайёрани ўзлаштиришлари, ҳаёт яратишлари ва кўпайишлари керак эди. Айтиш жоизки, бугунги кунда догонларни ҳеч ким ўрганмаяпти. Биз улар ҳақида фақат 1960–1970-йиллардаги экспедициялар орқали маълумотга эгамиз. Ким билади, агар астрономлар ва этнографлар бугун, XXI асрнинг бошида, догонлар билан ишлашса, ҳали қанча кашфиётлар қилишлари мумкин эди? |