Машҳур тарихчилар ҳам Наполеоннинг 1769 йил 15 августда туғилганига шубҳа қилмайдилар. Бироқ императорнинг ўлими борасида гап кетганда турли фикрлар қалашиб ётади. Айримлар уни 1821 йил 21 май куни Муқаддас Елена оролида қазо қилган дейишаса, айрим бу тахминни мутлақо инкор этишдан ҳам тоймаяптилар... Эҳтимол, унинг 52 ёшидаёқ оламдан ўтгани ростдир. Бунинг устига, императорнинг ўзига ўзи ўлим тилагани сир эмас.
Заҳар ичиб, нариги дунёга равона бўлишга жаҳд қилганлигини айтмайсизми? Лекин, умр шами липиллаб-липиллаб ёниб турса-да, ўчмай қолади.
Наполеоннинг ўлими ҳақида миш-мишлар турлича. Эмишки, Албина деган аёл билан Наполеон бир-бирларини жуда қаттиқ севишган. Ваҳоланки, Албинанинг Монтолон исмли эри бўлган. Император кўпинча вино истеъмол қилар эди. Балки, заҳар Монтолон томонидан винога қўшиб берилгандир? Яна ким билади, дейсиз?
Страссбургдаги суд медитсина институтининг икки олими императорнинг соч толаларини синчиклаб текшириб чиқдилар. Текшириш натижасида шундай хулосага келишди: соч толаларидаги маргимуш миқдори меъёридагидан 35 марта зиёд эканлиги ошкор бўлиб қолди. демак, Наполеон ошқозон саратони касаллигидан вафот этмаган. Император заҳар орқали нариги дунёга равона бўлган! Миллиардер, «Халқаро Наполеон жамияти»нинг асосчиларидан бири Бен Уайдер Франтсия давлати раҳбарларига мурожаат қилиб, императорнинг қабрини текшириб, ҳақиқатан заҳарланишдан қазо қилганлигини далиллар асосида кўрсатиб беришга бел боғлаган.
Император қариган чоғида қандай аҳволга тушиб қолган эди? У тинмай йўталар,сочлари тўкилиб кетганди. Ўзи сургун бўлган оролга келган кишиларга соч толаларидан биттадан бериб юборганлигини айтмайсизми? Бунинг устига Императорнинг териси ҳаддан зиёд сарғайиб қолган. Яна ҳарактерли жиҳати, Наполеоннинг лаблари бирданига кўкариб кетганлиги, умрининг сўнгги кунларида кар бўлиб қолганлиги ҳам бир қатор манбаларда кўрсатилган.
Айримлар Наполеон бир киши бўлмаганлиги ҳақида аниқ далиллар асосида фикр юритадилар. Демак, унинг қиёфадошлари ҳам бўлганлиги сир эмас. Киприани деган кишини ҳам Наполеон дея атаганлар. Аммо, у ҳақиқий Наполеондан уч йил аввал қазо қилади.
Бу каби мисоллар кўп. Шундай далилларга асосланиб айримлар императорнинг ўлими ҳақида турли тахминларни илгари сурадилар.
Наполеон катта давлатларни забт этиб, ҳатто бутун дунёга ҳукмрон бўлишни орзу қилган бўлса-да, ҳавас қиладиган даражадаги ҳаёт кечирди, дейиш мушкул. Умрининг бир қисми тутқунликда, ҳатто сургунда ўтганлиги ҳам манбаларда қайд этилган. Лекин у анойилардан эмаслигини кўрсатиб қўяди: сургун пайтида «қуённинг расмини чизади». Ҳатто бир кундаёқ ўз императорлик курсисини эгаллаб олади. Уч ойдан ошиқ вақт олий мансаб курсисини ҳеч кимга бермайди.
Лекин, тақдир уни яна олис гўшаларга итқитиб юборади. Энди у Муқаддас Елена оролида тутқунликда умрининг сўнгги дақиқасигача олти йил умр кечиради. Ҳаттоки унинг хуфёна душмани Монтолон ҳам охирги дамгача у билан бирга бўлганлигига нима дейсиз? Балки Наполеон Монтолон томонидан заҳарланганлиги ҳақидаги далиллар ростдир?
Наполеон ҳаёти ҳақиқатан ҳам сирли бўлган. Бунга айрим мисоллар келтира қолайлик.
Бир куни Ленорман деган фолбиннинг олдига Жозефина деган аёл келади ва шундай жавоб олади:
— Шошилманг хоним, бироз муддатдан кейин бутун Франтсия сизнинг қўлингизда бўлади!
Қизиқ, наҳотки фолбин рост айтаётган бўлса? Товламачи эмасмикин? Худди шу фолбинга Наполеон ҳам келади. Фолбин унга дейди:
Мана сиз ҳам келдингиз, менинг ҳазратим. Сизнинг никоҳингиз аллақачон ҳал бўлган. Сизнинг ўз қайлиғингиз билан учрашувингиз қолган, холос. Сиз олтита юксак вазифада ишлайсиз. Тожга эгалик қиласиз, қирқ ёшгача шуҳрат нурларига чўмиласиз, қирқ ёшингизда ёрингиз Оллоҳ томонидан сизга юборилганини унутасиз ва уни ташлаб кетасиз. Бу барча инқирозларингизнинг бошланиши бўлади. Сиз ёлғизлик изтиробларида умрингизни якунлайсиз. Барча яқинларингиз сиздан юз ўгирадилар.
Табиийки, Наполеон бу ҳайратомуз гапларга ажабланади ва нима дейишни бимасдан лол қолади. Ҳатто бу гаплардан ғазабланиб кетади.
— Нималар деяпти бу жин ургур? Нега мен бировларнинг гапига кириб фолчига келдим?
Лекин, Наполеон қанчалик ғазаб отига минмасин, башоратчининг сўзлари тўппа-тўғри эди. У бўлажак императорнинг қисматини башорат қилаётган эди!
Фолбиннинг айтганлари деярли рост бўлиб чиқди.
Ҳақиқатан ҳам Наполеон битмас-туганмас хазиналарга эга бўлганми? У Россиядан қайтаётганида олтинларни ташиб кетган, деган миш-мишлар ростмикин? Гумон қилган кишилар Семлево кўлининг тубигача текшириб кўрдилар. Бироқ, хазинадан ном-нишон йўқ эди.
Тўғри, бойликларнинг бир қисмини руслар қўлга киритишади. Лекин, қолгани қаёққа ғойиб бўлиши мумкин? Энди ажойиб ёзувчилардан бири Волтер Скоттнинг қуйидаги сўзларига эътиборингизни қаратмоқчи эдим:
— Ўзи билан олиб кетиш имконияти бўлмаганлиги ва уларнинг қайтадан руслар қўлига тушиб қолишини истамаганлиги учун франтсуз императори Москвада эгаллаган ўлжалар — қадимги буюмлар, тўплар ва катта хочни Семлево кўлига улоқтиришни буюрди.
Машҳур ёзувчининг ушбу гаплари худди арининг уясини бузгандек гап бўлди. Ҳар тарафдан олтинга ўч одамлар ёпирилиб кела бошладилар. Ҳатто Смоленск губернатори бўлиб ишлаган Н. Хмелнитский ҳам бу бойликлардан мосуво бўлмаслик ҳаракатига тушиб қолди. Унинг буйруғи билан қидирув ишлари олиб борилди. Бироқ барча ҳаракатлар беҳуда кетди.
Жовли Хушбоқов "Туркистон" газетасидан олинди
|