Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Жосуслик маҳкамаси
26.02.2014 20:22    PDF Босма E-mail

Одамларни осиш учун дор қуришга хазинадан пул ажратишнинг кераги йўқ — дея таъкидлади 1908 йилнинг ёзида Петербургдан ташриф буюрган алоҳида жандармлар корпуси қўмондони, генерал майор, барон Тоубе — Зеро, Туркистондаги ҳар бир қайрағоч дор ўрнини бажаради.
Жосуслик ишлари бўйича Чор Русиясидан энг ваколатли кишининг ўлкага келиб, Туркистондаги чоризм маҳфий полицияси Туркистон район муҳофаза бўлими ишини таҳлил қилганидан кейин айтган бу сўзлари дастуриламал вазифасини ўтай бошлади. Зеро, Туркистонда ушбу жосуслик маҳкамасининг ташкил этилганига ўшанда эндигина бир йил бўлган эди.
1909 йилга келиб, Петербург ва Москвада бошланган сиёсий ҳаракатлар мустамлака ўлкаларда ҳам авж олиб, чор Русиясининг бир бутунлиги ва хавфсизлигига катта зарар етказадигандек туюлганди. Қолаверса, туркий мусулмон халқларда авж олиб кетган жадидчилик ҳаракати миллий озодлик ғоясини пинхона бўлса-да, тарғиб этаётганди.
Шулардан келиб чиқиб, Петербургдаги бош штаб генерал майори Гескет 1907 йили Туркистонда жандарм бошқармаси охранкани ташкил этиш масаласини император олдига долзарб вазифа қилиб қўяди. Бу таклифни Туркистон генерал губернатори НЛ.Гродеков ҳам қўллаб қувватлагач, император аҳволни таҳлил қилиш учун сенатор, граф К. Палень бошчилигидаги комиссияни ўлкага жўнатди.
Бир ойча Туркистонда бўлиб вазият билан танишган комиссия, ўлкадаги сиёсий ғалаёнлар улуғ Русиянинг бир бутунлигига дахл солиб, давлат аҳамиятига молик хавф-ҳатар, бу ерликлар хотирасидан беиз кетмай, аста-секин томадиган заҳар, мисоли улар онгини бузиб, рус ҳукумати қудратига, кўр-кўрона ишонч ва руҳий осойишталикларига рахна солиши мумкин», дея хулоса чиқарди ҳамда бунинг олдини олиш учун Гескет ва Гродековнинг таклифи—Туркистонда охранкани ташкил этиш ташабуссини маъқуллади. Ана шундан сўнг император Николай Романов фармонига кўра, 1907 йилнинг ноябрида маҳфий жосуслик тармоғи асосида бевосита Петербургга бўйсунадиган маҳфий сиёсий полиция ташкил этилиб, у Туркистон район мухофаза бўлими деб номланди.
Ушбу жосуслик маҳкамасининг бош мақсади ўлкадаги эркин фикрловчи кучларни, жадидларни ва уларга хайрихоҳларни аниқлаш, улар сафига иғвогарларни юбориш орқали бўлиб юбориш, турли элат ва халқлар, миллатлар ўртасида низо-нифоқни кучайтириб бориш, озодлик ҳаракатларининг барча турларини аниқлаб, унинг истиқболига йўл қўймаслик, руслаштириш сиёсатига қарши бўлганларни пинҳона йўллар билан йўқ қилиб туриш эди. Охранка бошлиғи қилиб Петербургдан келган Леонид Квицинский ва махсус бўлим бошлиғи этиб подполковник Васьилев тайинланди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам сиёсий иғвогарликлар устаси, моҳир айғоқчи, сезгир инсон сифатида катта тажрибага эга зобитлар бўлган.
Император фармонига кўра, охранка бошлиғи буйруғига Туркистон генерал губернаторлигига қарашли Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув, Каспийорти вилоятлари маъмурлари шахсан бўйсунар, улар сўровномасига қисқа муддат ичида жавоб қайтаришлари шарт эди. Агар охранка ходими тинтувга келган пайтида икки дақиқа ичида эшик очилмаса, уни бузиб кириш ҳуқуқи ҳам берилганди. Ана шундай катта ваколатларга эга маҳкама қисқа муддат ичида ўргимчак уяси каби айғоқчилик ва аксилайғоқчилик тармоғини кенг ёя бошлаганди.
Маҳкаманинг дастлабки қилган иши барча вилоятлар ва уларга қарашли уездларга сўровномалар юбориб, маҳаллий халқнинг кайфиятини, фикрлаш даражасини ўрганиш бўйича маълумотлар тўплаш бўлди. Губернатор ва уезд бошлиқлари охранкага 19 та савол бўйича қисқа муддат ичида жавоб беришга мажбур этилди. Шу билан бирга, маҳкаманинг қилган асосий ишларидан бири жадидлар, уларнинг хайрихоҳларини аниқлаш, улар ғояси асосида чиқаётган газеталарни назорат қилиш ва иложини топиб ёпиш, уларни маблағ билан таъминловчи бойларни таъқиб қилиш, Туркия ва ислом давлатлари билан алоқаларини ўрганиш эди.
Охранка бошлиқлари бўлмиш А. Квицинский ва Н. Васильевнинг қилган бир йиллик амалий ишлари натижасида 1908 йилнинг ноябрига келиб, Скоблевда 300, Тошкент турмасида 900 нафар сиёсий махбус сақланарди. Самарқанд турмасида эса маҳбуслар кўплигию, шароит ёмонлигидан юқумли касалликлар тарқалди. Энг фаол табақа деб қаралган темирйўл ишчиларидан 400 таси сиёсий ишончсиз, дея ишдан бўшатилган бўлса, 700 нафари «қора рўйхат» га тушганди.
Шу тарзда ишлаган жосуслик маҳкамаси ўша пайтдаги тараққийпарвар аждодларимиз бахтига 1914 йилда бошланган биринчи жаҳон уруши, 1916йилдаги озодлик ҳаракатлари, 1917 йилги ағдар тўнтарлар сабабли бутунлай барҳам топди ва тарих қаъридан жой олди.

Умид Бекмуҳаммад

 
Баннер