Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Халил Султон билан Шодия
12.08.2013 08:56    PDF Босма E-mail

Соҳибқирон ҳазрат Амир Темур ҳаётлигида ўғиллари а неваралари ўттиз олти киши бўлиб, шуларнинг орасидан Халил Султон отлиғ набирасини бошқача муҳаббат билан яхши кўрар, ўн тўрт яшарлигидаёқ уни валиаҳд қиламан деб кўнглига тугиб қўйган ва бунга асослари етарли эди.
Биринчидан, унниг зоти тоза ва улуғ эди: онаси Севинбека Олтин Ўрда подшоҳи Ўзбекхоннинг набираси эди; отаси тўнғич ўғли баҳодир Мироншоҳ бўлиб, кўп жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганди.
Иккинчидан, 1384 йилда туғилган Халил Султон ташқи кўриниши кўркам, қадди алифдек типпа-тик, юзлари чиройли бўлгани етмагандай яна хушхулқ ва мулойим, сўзида турадиган, садоқатли бола эди. Бирон киши унинг ёлғон ишлатгани ёки ваъдасига хилоф иш қилганини кўрмаган эди.
Учинчидан, ҳарбий соҳада жасур ва қўрқмас, тадбирли ва оқил эди. Унинг бу томони Амир Темурнинг 1398 йилги Ҳиндистон сафарида яққол кўзга ташланди. Тарихчи Ғиёсиддин Алининг ёзишича, 1398 йил 17 декабрь куни Темур қўшинлари билан ҳинд подшоҳи Маҳмуд Султон қўшинлари юзма-юз бўлдилар. Темур, қўшинларини Бахолий Пуштаси деган тепаликда жангга мослаб жойлаштирди: икки шаҳзода Пирмуҳаммад билан Сулаймоншоҳни ўнг қанотга, икки шаҳзода Султон Ҳусайн билан Халил Султонни сўл қанотга, шаҳзода Рустам ил Шайх Нуриддин, Шоҳмалик ва Оллоҳдодкаби саркардаларини манглайга қўйди; ўзи қўшиннинг олд томонига турди. Қарши томонда Деҳли подшоси Султон Маҳмуд, Маллухон ҳамда Ҳиндистоннинг таниқли қўмндонлари, жаҳонга танилган лашкарбошилар саф тортишди. Уларнинг ўн минг отлиқ аскари, йигирма минг пиёда аскари, бир юз йигирмата жангга ўргатилган филлари бор бўлиб, довул пайтидаги даҳшатли денгизни эслатарди. Филлар устида айлана ёғоч ўриндиқлар ўрнатилган, бу жойларда камон-садоқли мерган ўқчилар  ўтиришарди. Хартулари бир-бирига қўшиб боғланган филларнинг қаторлари ёнида қора тутунли олов ва гулдурос овозлар таратувчи махсус ўқотарлар бор эдики, булар ҳар қандай боитр одамни ҳам таҳликага солар эди. Не-не жангларда жасорати ва қаҳрамонлиги билан танилган Хожа Фазл, Жалол Коший, Абдулжаббор сингари сардорлар жангга кирмаслик учун соҳибқирондан изн сўрадилар. Ўша куни Амир Темур, у ҳолда сизлар қаерда бўласизлар, деб сўраганида, хотинлар ичида бўламиз, деганлари халқ ичида латифа бўлиб кетган эди. Аммо Халил Султон денгиздай босиб келган рақиблар билан қуюнга ўхшаб юзма-юз бўлди. Иблиссифат филлар хартуми билан одамларнинг бошларини соққадай тутиб олиб ирғитиб келаётган бир паллада у қилич билан филга ташланиб, уни яралади ва бўйнига сиртмоқ солиб чўккалатиб қўйди, жангдан кейин эса етаклаб келиб, бобосига совға қилди. Ҳинд сафари ғалаба билн якунланиб, ғолиблар Самарқандга қайтишганда, Темур энди Халил Султонни валиаҳдим деб гапира бошлаган, бутун Самарқанд халқи уни муборакбод этиб, бошларидан гуллар ва сочқилар сочган эди.
1399 йили Темур Халил Султонни уйлантириб қўйди. Ўзининг Шербека оғо деган синглиси ва амирзода куёви Алининг қизи Жаҳон Султонбегимни олиб берди.
Жаҳон Султонбегим оппоқ юзли, бўйи сал пастроқ бўлса ҳам, қомати қарағайдай тиккатик ва текис, сочлари қуюқ, камгап-камсуқум, аммо метин иродали қиз эди. Қиличбозликни, от минишни ҳам ўирнлатар, сочларини телпак остига қистириб ё рўмол билан танғиб, йигитлар қатори жанг-жалдалга ҳам кириб кетаверар эди. Бу гапнинг ҳеч қандай муболағали жойи йўқ. Тарихчи Ибн Арабшоҳ: “Темур аскари ичида аёллар ҳам кўп бўларди. Эркак жангчиларга қарши туриб, найза санчишда, қилич билан зарба беришда ва камондан отишда эркаклардан ҳам ортиқроқ иш қилган пайтлари кўп бўларди”, деб ёзади. Жаҳон Султонбегим шундай аёллар тоифасидан эди.
Бир дафъа Халил Султоннинг онаси Севинбека эри Мироншоҳ ичкиликка берилиб, давлат ишларини ташлаб қўйгани, оқибатда Эрон ва Озарбайжон тарафларда нотинчликлар бўлаётгани ҳақида хабар келтирди. Амир Темур Халил Султонни олиб, олдин Табризга, сўнг ўзи барпо этган Қорабоққа борди. Ўғли Мироншоҳни бир неча дарра урдириб жазолагач, юртни безовта қилаётган элларни тинчитди. Сўнг Қорабоғда хурсандчилик қилдилар. Шу ерда Халил Султон билан Жаҳон Султонбегим бир ўғил кўрдилар. Тўй устига тўй бўлиб, шодлик садолари кўкларга етди (1400).
Темур 1399-1404 йилларда Араб Ироқи ва Шом сафарларини зафар билан якунлагач, Араб Ироқи, Озарбайжон, Аррон, Муғон, Гуржистон ва Ширвон мамлакатларини Мироншоҳ ва унинг фарзандлари Абу Бакр ва Умар Мирзолар ўртасида тақсимлаганда, Халил Султон Луристонни бериб, ўзи Самарқандга қайтди. Давлат ва ҳуқуқ-тартибот ишларини кўнглидагидек йўлга қўйгандай кейин, Конигилга келди. Буюк юришларидан фарзандлари ва амирлари соғ-саломат келганлиги шарафига катта тўй қилиб набиралари Улуғбек, Иброҳим Султон, Жаҳонгир ва бошқаларни уйлантирди. 1404 йилнинг 7 сентябрида бошланган шодиёналар худди эртаклардагидай қирқ кеча-кундуз давом этди. Тўйга Хитой, Олтой, Чекка Мағриб, Миср, Рум, Фаранг ва Ҳинд мамлакатларининг элчилари, шунингдек, барча ўғил-қизлари, келин-куёвлари қатори Луристондан Халил Султон билан Жаҳон Султонбегимни ҳам даъват этилганди.
Тўйда йигирма ёшли шгиракайф Халил Султон хонимлар қаторида ўзи тенги бир қизни учратди. Чақнаб турган қоп-қора шаҳло кўзлари аллақандай англашилмас ноз билан уни таъқиб этарди. Шунча жанг-жадаллар, оламни ларзага солган урушларда қилт этмаган юраги ич-ичидан титраши, у томонга юрса оёқ-қўлларининг бўшашиб кетиши шаҳзода учун янгилик эди. Ҳар неки бўлмасин, улар яқиндан танишишга эришдилар. Севги қувончлари бошланиб кетди...
Тўйдан кейин Темур ҳукм қилдиким, “ортиқ ҳеч киши ичмагай!” Унинг фикру хаёли Хитойга сафар масаласи билан машғул эди. Шаҳзодалар ва бекларга ҳарбий тайёргарлик юзасидан турли топшириқлар берди. Ўзи 27 ноябрда Самарқанддан чиқиб, Оқсулот қишлоғига келди ва эллик кун ўтирди. Ана шу кунларнинг бирида ҳузурига жияни (келини) Жаҳон Султонбегим арз билан келди ва Халил Султоннинг бир номаълум Шодия исмли қиз билан яшаётгани ва ҳатто уни никоҳига олмоқчи бўлаётгани ҳақида сўзлади.
Ҳазрат соҳибқирон Шодия кимлигини аниқлаш учун тез суриштирув ўтказди. Ҳожи Сайфуддиннинг чўриси, никоҳсиз хотини экан. Ҳожи Сайфуддинбек эса ўзининг эски дўсти ва тенгдоши. Йигитлик чоғларидан буён бирга-бирга жанг қилардилар, энг содиқ амирларидан эди. Амир Шоҳмалик ва Шайх Нуриддин ҳожи билан гаплашибдилар. “Халил Султон истаган экан, майли, олсин. Керак бўлса, яна бошқа чўриларимдан ҳам бераман” депти. ёКаллаварам! Бобоси тенги амирнинг сарқитини ўзига тенг кўрса-я!” дея аччиқланган Темур, дарҳол икковини тутиб келтиришни буюрди. “Шаҳзода уни қочирди!” деб келишди одамлари. Воқеа шу билан тугагандай бўлди. Аммо Темур тез орада “Халил Шодияни никоҳига олибди, энди Шод Мулк эмиш, яшириб ўзи билан олиб юрганмиш” деган хабарни эшитди. Уни тутиб ўлдиртириб юбормоқчи бўпти. Аммо орага тушган Бибихоним, Шод Мулк шаҳзодадан ҳомилали, деган хабарни етказганда, ҳукм қилдиким, «Шод Мулкни Туман о-ога топширинглар, туыыандан сщнг болани олиб, щзини бир ыулга хотинликка берсинлар!» Шу тариыа набирасини кечирди-ю, аммо уни валиаҳд ыилиш ниятидан қайтди. Халил Султон Тошкентга бориб, черик йиғиш, Хитой сафарига отлар ҳозирлашни буюрди. Ўзи Оқсулотдан кўчиб, Ўтрорга тушди (1405). Аммо Ўтрор Темурнинг сўнгги манзили эди. Ҳазрат соҳибқирон ўлимидан олдин Пирмуҳаммад Жаҳонгирни валиаҳд қилиб тайинлади ва тепасида ҳозир бўлган барча беклар ва бузургларга иттифоқ билан унга бўйсуниш борасида онт ичишларини талаб қилди, ёбу ерда йўқ ўзга беклар ва сардорлар ҳам ушбу дастурга амал қилсинлар” деб буюрди. Онт ичганлар орасида Шайх Нуриддинбек: “Жонимиз бор экан, бу амру фармонингдан чиқмаймиз. Кимда ким сўзингга хилоф қилса, ҳаргиз ёриуғлик топмас” деб таъкидлади.
Бу пайтда Халил Султон Тошкентда, Султон Ҳусайн Яссида эди, уларга ҳазратнинг хасталиги оғирлашди, жаҳд билан етиб келинглар, деб одам юбордилар, Пирмуҳаммад Жаҳонгир Хуросоннинг олис Разнин вилоятида эди, унга “жаҳд билан Самарқандга етиб кел” деб хат жўнатдилар. Соҳибқирониннг муҳаффасини Бибихоним, Тўкалхоним, Туман оғо, ўн яшар Мирзо Улуғбек ва бошқа беклар Самарқандга олиб боришсин, деб қарор қилдилар. Иброҳим Султон бурунғидай Амир Темурнинг ноғораларини чалдириб Ўтродан кунчиқарга отланди ва Халил Султон билан Султон Ҳусайнга “Черикларингиз билан етиб келинг, иттифоқ билан юришни давом эттирамиз!” деб ёзди. Аммо Теумрнинг вафотини эшитган Султон Ҳусайн Самарқандга юзланди. Бундан шошиб қолган Тошкентдаг беклар ўзларича Халил Султонни подшоҳликка кўтардилар ва унга байъат қилдилар. Шайх Нуриддинбек, уларга, сизларнинг ҳараатингиз яхши эмас, соҳибқирон подшоҳликни Пирмуҳаммад Жаҳонгирга васият қилди. Зинҳор хилоф амал қилмангким, оламда ёмонотлиқ ва бахтсиз бўласиз, деб хат ёзди. Аммо Халил Султон макр-ҳийла ишлатиб Самарқанд доруғаси Арғуншоҳни йўлдан уриб, Самарқанд тахтини эгаллаб олди.
Халил Султон бу пайтда йигирма бир яшар бўлиб, Шод Мулк билан ўрталаридаги муҳаббат авж палласида эди. Бу асно Самарқанддай бой шаҳар оламда йўқ эди. Халил Султон рақам қилишга сиғмайдиган давлат хазинаси бойликларини амирлар ва бузургларга бер бошлади. Айниқса мухолифларини сўнги йўқ эди. Шод Мулкнинг қариндошлари ва дўстларини қисқа вақт ичида замон бойларига айлантирди. Ўзи эса Шод Мулкнинг сеҳридан чиқмас эди. “Улар гўё кенг кўйлак кийиб, уни икковлари киярдилар ва бирлашардилар. Шод Мулкнинг раъйисиз Халил Султондан биронта фармон содир бўлмас эди” деб ёзади шу вақтларда Самарқандда яшаган ва давр воқеаларига гувоҳ бўлган тарихчи Ибн Арабшоҳ. Шод МУлк ҳожининг чўриси бўлган пайтида Бобо Тармиш отлиқ бир хизматкорга ҳам ўйнашлик қилган ва уни ўзининг содиқ хизматкорига айлантириб олган эди. Эндиликда ана ўша Бобо Тармишни мамлакатнинг бош вазири даражасига кўтариб қўйди. Шод Мулк Бибихоним билан Тўқалхонимни ими-жимида заҳарлади. Амир Темур васияти асосида валиаҳд тайинланган Пирмуҳаммад Жаҳонгир, Халил Султонга хат ёзиб, қандай ҳуқуқ билан тахтни эгалладинг, деб сўраганида, мен бобом тахтни қандай эгаллаган бўлса, мен ҳам шундай қилдим, маъносида жавоб қайтаради. Самарқанд хазинаси бўшаб қолаётгани ва Бобо Тармишнинг бетийиқ сиёсати оқибатида амирларнинг кайфияти ёмонлашиб, мухолифат ва фитна шамоллари юксала бошлади. Бутун хиёнатлар ва саройдаги аҳволдан аччиқланган, ҳозир Ҳирот тахтидан ҳукм сураётган Шоҳруҳ Мирзо Халил Султонни Самарқанд тахтидан четлатиш ҳаракатига тушди. 1409 йил баҳорида ҳарбий санъат йўли билан тузоққа туширди. Тожу тахт атрофидаги барча талончилар, фитначилар, шу жумладан Бобо Тармиш ҳам жазоланди. Шод Мулкнинг битмас-тугунмас бойликлари тортиб олиниб, ўзини арқон билан боғлаб халқ ичида сазойи қилдилар. Шундан сўнг Шоҳруҳ Ҳиротга арз билан келган Халил Султонни шоҳона қабул қилди, севгилиси Шод Мулкка қўшди. Мовароуннаҳр ва Туркистонни ўз ўғли Мирзо Улуғбекка хатлаб берди. Халил Султон билан севгилиси Шод Мулкни эса марҳум отаси Мироншоҳ мулклари томонга, Ироқ ва Озарбайжонга жўнатиб юборишни маъқул топди. У Халил Султонга шуни маслаҳат қилиб, ўша тарафда хоҳлаган ерида мақом тутиши мумкинлигини айтди. Халил Султон розилик билдиргач, салтанат асбобларини муҳайё қилди, бир қанча номдор амирлар билан ўн минг машҳур отлиқни унга қўшди. 1410 йил баҳорида Халил СУлтон Ироқ томонга жўнади. Олдин Рай вилоятига тушди. Бир-бири билан урушиб ётган амакиваччаларини яраштириш учун Исфаҳонга борди. Яраштиролмади. У ерда ўлат бошланганда, яна Райга қайтди ва энди шу ерда муқим қолажаги тўғрисида Шоҳруҳ Мирзога хат ҳам ёзди.
Ривоят қилишларича, Халил Султон Райга қайтаркан, бир дарвешнинг полизи тепасига борган. У қовун келтириб Халилни меҳмон қилган. Дарвешга иноят кўрсатолмай узр сўраб чиқиб кетган. Райга етиб келганда касалланган. Шод Мулк билан ўрталарида бениҳоя аламли ва ҳасратли суҳбат бўлиб ўтган экан.
—Севикли амакингиз Шоҳруҳ Мирзонинг жосуслари сизга сездирмасдан бир нарса берган, сиз ўшани ичгансиз, — деди Шод Мулк.
—Худодан қўрқ, ундай дема. Менинг Райдаги ўлимим унга керакми?
—Керак! Сиз тирик экансиз, Хуросон ва Самарқанд тахти доим хатар остида бўлади!
—Қўйсанг-чи, керак бўлса у мени аллақачон ўлдирарди. Унинг менда катта хусумати бўлса, шунча амирлар, ўн минг отлиқни берармиди?
—Ниқоб бу, ниқоб! Афкор оммага ўзини олижаноб қилиб кўрсатмоқчи бўлган!
—Йўқ, Шодиям! Мен Исфаҳонда қовун едим, кетидан ҳеч нарса емадим, балки сув ичгандирман, ичган бўлсам... Балки шундан ичимда бир бузилиш юз бергандир.
—Йўқ, сизга кимдир бир нима берган! Берган!
—Ўзингни бос. Оғир бўл. Банданинг ҳоли бу. Эртага нима бўлишини билмайди одам. Тану жон омонат. Мол-дунё омонат. Тожу тахт омонат...
Мен кетаман, Шодиям. Энди ҳисоб-китоблр қиёматга қолди. Сенга васият шулки, қизимиз Ҳуснигорни Улуғбек Мирзонинг ихтиёрига топширгайсан. Балки, улғайганда никоҳига олар. Мендан рози бўл.
Шод Мулк “йўқ” дея кўзлари ёшлу бошини чангаллаб ташга отилди.
1411 йилнинг 3 ноябрида Халил Султон оламдан кўз юмди.
Шод Мулк бир ханжар олиб учини кўкрагига қадади ва бор кучи, бор оғирлиги билан ўзини ерга шундай ташладики, ханжар орқасида икки кураги орасидан тешиб чиқди.
Икковларини бир қабрга дафн қилдилар.
Йигирма етти ёшда ўтишди. Нима ҳам кўришди? БУ олам бир меҳмонхона... Ер сира тўймайди.
Одам барибир минг хил хаёлга боради: Ҳазрат соҳибқирон Шод Мулкни саройга яқинлатмасликни буюргани тўғримиди? Шаҳзодалар Темурнинг васиятига амал қилганларида Темурийлар салтанати узоқроқ яшармиди? Ким билади, дейсиз? Тақдир ишларига бир нима дейиш қийин...

Миразиз АЪЗАМ

 
Баннер