Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Буюк фотиҳ
27.03.2013 18:30    PDF Босма E-mail

Ҳижрий 1-асрда Ўрта Осиё ҳудудида исломий фатҳларни амалга оширган буюк ислом саркардаси Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий 49-ҳижрий, 669 милодий йилда Ироқда амир ва саркардалар оиласида дунёга келди. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Қутайба ибн Муслим ибн Амр ибн Ҳусойн ал-Боҳилийдир. Отаси Муслим ибн Амр Ироқ волийси Мусъаб ибн Зубайрнинг ҳамсуҳбатларидан эди.

Қутайба ёшлигидан от минишни ўрганиб, моҳир чавандоз бўлиб етишди. У болалик чоғлариданоқ қилич ва найзаларга ошно эди. Отда чопишни жуда яхши кўрарди. Бундан ташқари Қутайба болалик давридаёқ илм ўрганишга киришди ва тез фурсатда Қуръонни, фиқҳни ҳамда жанг санъатини мукаммал тарзда ўзлаштирди.
Ироқ минтақаси ўша пайтларда фитна ва инқилоблар ўчоғига айланиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Ироққа волий бўлган ҳар бир шахс аҳолининг инқилобий имкониятларидан исломни кенг ёйишда фойдаланар эди. Шу сабабли бу диёр шарқий ўлкаларга жанговар қўшинларни юборадиган ҳарбий база ҳисобланарди.
Қутайба ҳам ўсмирлик чоғларидан бошлаб мазкур ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта бошлади. У мазкур юришлар давомида ўзининг нақадар шижоатли жангчи эканлигини, беназир етакчилик қобилияти борлигини намойиш қилди.
Ўша кезларда Қутайба буюк саркарда Миҳлаб ибн Абу Суфранинг назарига тушиб қолди. Миҳлаб, ўз навбатида, қўмондонликни уддалай оладиган, жанг санъатини яхши эгаллаган кишиларни дарров пайқаш қобилиятига эга эди. У Қутайбанинг ҳам келажакда буюк фотиҳ ва қўмондон бўлиб етишишини англаб етди ва Мусъаб ибн Зубайрдан сўнг Ироқ волийлигига тайинланган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийга Қутайбага алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини тавсия қилди. Ўз навбатида Ҳажжож ҳам паҳлавон, шижоатли ҳамда қўшинга етакчилик қила оладиган кишиларни жуда яхши кўрар эди. У Қутайбани ҳар томонлама синаб кўриш мақсадида унга бир нечта муҳим топшириқларни берди. Қутайба эса Ҳажжожнинг топшириқларини керагидан ортиқ қилиб бажариб, унинг ишончини тўлиқ оқлади.
Халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида Ҳажжож Қутайбани аввал Рай, кейинчалик Хуросонга волий қилиб тайинлади. Хуросон у пайтларда Ироқ ўлкасининг қўл остида эди. Албатта, Қутайбанинг Хуросонга волий этиб тайинланишида Ҳажжожнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Ҳажжож урушдан бошқа нарсани билмайдиган одам эди. Табиатида жангчилик ва қўмондонлик хислати бўлган Қутайба милодий 705 йилда Хуросонга волий бўлди.

Ҳарбий фаолиятининг бошланиши

Қутайбанинг ҳарбий фаолияти ҳижрий 86-йилда бошланди. Чунки бу пайтда Ҳажжож уни Хуросонга волий қилиб тайинлаган эди. Хуросон у пайтларда ҳали фатҳ қилинмаган эди. Хуросонга аввал Миҳлаб ибн Абу Суфра ҳижрий 78-йилдан то 86-йилгача волий бўлган эди. Ҳажжож Шарқ ўлкаларини фатҳ этиш учун Қутайбадан яхшироқ номзодни топа олмади. Шундай қилиб бу муҳим ишга Қутайба масъул этиб тайинланди.
Миҳлабнинг ўзига хос жанг санъати бор эди. Яъни, у душман қўшинига тезкорлик билан қақшатқич зарбалар берар, уларни бир лаҳза ҳам ҳужумни қайтариш мақсадида режа тузишларига ва тўпланишларига имкон қолдирмас эди. Қутайба ҳам Миҳлабнинг тактикаси бўйича ҳаракат қилди. Лекин Қутайбанинг Миҳлабдан ажралиб турадиган бир хусусияти бор эди. У бир ҳарбий амалиётни бажариш олдидан махсус режа тузиб, аниқ мақсад қўйиб, ўша мақсадни амалга оширишга бор куч ва ғайратини сафарбар этарди.

Фатҳлари

Хуросонга волий бўлган Қутайба ўз қўшинига унинг шимолига юришга буйруқ берди. Қўшин Хоразм, Сижистон каби шаҳарларни фатҳ қилди.
Шундан кейин у Самарқандга қараб юрди. Самарқандни бир неча кун қаттиқ қамал қилганидан сўнг шаҳар аҳолиси Қутайба билан катта мол эвазига сулҳ тузишга мажбур бўлди. Самарқанд аҳолиси унинг аскарлари билан қаттиқ жанг қилди. Охир оқибат енгилгач, Қутайба қўшини Бухоронинг сўнгги шаҳри бўлмиш Пойкент тарафга юрди.
Бухоро аҳолиси ўша пайтларда суғдлар деб аталар эди. Қутайба суғдлардан ҳам қўшин тўплаб, Бухорони ҳар тарафдан ўраб олди. Қутайбанинг душман тарафдан яъни, суғдлардан айғоқчилари бор эди. Бухороликлар ўзларининг ҳамшаҳарлари бўлмиш ўша айғоқчилардан кўп мол эвазига Қутайбани бу шаҳардан буриб юборишни илтимос қилдилар. Жосуслар келишувга биноан Қутайбанинг Бухорога киришига халал беришарди. Айғоқчиларнинг сотилганини сезган Қутайба уларнинг ҳаммаларини қатл қилди. Кейин қўшинини Бухорога шижоат билан киришларини қаттиқ тайинлаб, олға юришга ундади. Натижада жуда даҳшатли жанг бўлди. Бухоро фатҳ этилиб, сон-саноқсиз мол-дунё ўлжа сифатида қўлга киритилди.
Кейин қўшин Син (Хитой) тарафга қараб юрди. Син чегарасидаги шаҳарларни бирин-кетин фатҳ қилди. Фатҳ бўлган шаҳарларга жизя солиғи солди. Қашғар шаҳрини ўзининг Шарқ минтақасидаги ҳарбий базасига айлантирди. Бунгача ҳеч ким бу шаҳарга, умуман, Шарқ томонларга келмаган эди.
Шундай қилиб Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарлари Қутайбага бўйинсунди. Қутайба бу мақсадга етиш учун 13 йил қўлидан қурол қўймай жанг қилди. Бу орада Валид ибн Абдулмалик вафот этиб, ўрнига унинг укаси Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлди. Қутайба билан Сулаймоннинг ўртасида аввалдан келишмовчилик бор эди. Унинг халифа бўлганидан Қутайбанинг ғазаби келиб, унга қарши бош кўтарди. Натижада кичкина келишмовчилик катта душманликка айланди.

Қутайба ва турк қабилалари

Араблар Шарқ томонларга илк юришини бошлаган пайтда бу диёрларда асосан икки миллат: сосоний форслар ва турклар яшар эди. Мурғоб дарёси икки миллат ўртасини ажратиб турувчи чегара эди.
Форслар хулафои рошидинларнинг давридаёқ исломга кирган эди. Аммо турклар сон жиҳатидан ҳам, минтақа жиҳатижан ҳам форслардан устун эди. Ўша пайтда турк қабилаларига асосан Мовароуннаҳр турклари, Қорахитой турклари, Кавказ турклари, Болгар турклари, Мўғул турклари кирар эди. Мурғоб дарёсининг шарқидаги ва Мовароуннаҳрдаги туркларнинг исломга киришида Қутайбанинг катта ҳиссаси бор.

Сулаймонга қарши бош кўтариши ва ўлдирилиши

Юқорида айтганимиздек, Қутайба Ҳажжожнинг қўмондонларидан бири эди. Сулаймон Ҳажжожни қанчалик ёқтирмаслигини Қутайба яхши билар эди. Сулаймон халифа бўлганда, Қутайба Ҳажжожга бирор зарар етишидан қўрқди. Чунки, Валид ибн Абдулмалик ўзидан кейин халифаликни ўғлига қолдириб, укаси Сулаймонни валиаҳдликдан бўшатмоқчи бўлганда Ҳажжож Валид тарафида турган ва унинг ёнини олган эди. Шу сабабли Сулаймон Ҳажжождан бу қилмиши учун ўч олиши мумкин эди. Қутайба мана шундан қўрқди ва Сулаймонга қарши юриш бошлади.
Юришдан аввал у Сулаймонга 3 та мактуб юборди. Уларнинг биринчисида янги халифани мансаб билан муборакбод этди ва Абдулмалик билан Валидга қанчалик содиқ ва итоатгўй бўлганини, агар мансабдан четлатмаса, янги халифага ҳам шу тарзда итоатда бўлишини билдирди.
Иккинчи мактубида у ўзининг қилган фатҳлари, ажам подшоҳлари уни қанчалик ҳурмат қилишини, қадри нақадар улуғлигини, қалбларида унга нисбатан ҳурмат билан бирга қўрқув ҳам борлигини, ўзидан олдин волий бўлган Миҳлабнинг яхши ишламаганини ва агар ўша Миҳлабнинг ўғли Язид Хуросонга волий қилиб юбориладиган бўлса, у ҳам яхши иш олиб бормаслигини, уни бу мансабга ўтириб улгурмасиданоқ ағдариб ташлашини айтди.
Учинчи мактубда эса, халифани мансабдан олиб ташлашини билдирди. Бир ишончли кишининг қўлига мактубларни бериб, унга: “Биринчи мактубни олиб борганингда, Язид ҳам ўша ерда бўлса, мактубни халифага бер. Халифа мактубни ўқиб бўлиб, кейин уни Язидга узатса, халифага иккинчи мактубни бер. Агар иккинчи мактубни ҳам ўқиб бўлиб, Язидга узатса, халифага учинчи мактубни ҳам бер. Борди-ю, биринчи мактубни Язидга бермаса, унда қолган икки мактубни уларга кўрсатма, ўзингда сақлаб қўй” деб тайинлади.
Элчи бориб, биринчи мактубни халифага узатди. Халифа мактубни ўқиб бўлиб, Язидга узатди. Элчи иккинчи мактубни халифага тутқазди. Халифа уни ҳам ўқиб бўлиб, Язидга узатди. Кейин элчи учинчи мактубни халифага узатди. Халифа бу мактубни кўргач, ранги ўзгариб, ғазабланди ва Қутайбанинг элчисининг қўлидан тутиб, ўзи билан бир кеча олиб қолди. Кечаси халифа элчини чақириб, унга Қутайбанинг ўрнига Хуросон волийси қилиб тайинлашини айтди.
Бу пайтда Қутайба Сулаймонни тахтдан ағдариш учун ҳаракатни бошлаб юборган эди. Унинг атрофида халифага қарши жуда кўп сонли қўшин тўпланиб, энди юрмоқчи бўлиб турганида, аскарларидан бири бўлмиш Вакиъ ибн Ҳассон Тамимий ҳижрий 96, милодий 715 йилда Қутайбани хоинларча ўлдирди. Шу билан Қутайбанинг халифага қарши юриши бостирилди. Баъзи ривоятларда эса, Қутайба халифага қарши исён кўтармагани, балки айрим мансабпараст ҳасадгўйлар суиқасд уюштириб, Қутайбани ўлдиришгани айтилади. Унинг қабри ҳозирги Андижон вилояти, Жалолкудуқ туманидаги Қиличмозор деган мавзеда жойлашган. 
Аллоҳ таоло юртимизнинг ислом дини билан шарафланишида асосий сабабчилардан бўлган ва беназир хизматлар қилган Қутайба ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳни муносиб тақдирласин.

Нозимжон Ҳошимжон

 
Баннер