Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Андижондаги 1916 йил қўзғолони тарихидан лавҳалар
10.07.2011 20:26    PDF Босма E-mail

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида вилоятимиз сайловчилари билан учрашувда сўзлаган нутқида И.А.Каримов Андижон ва унинг тарихига тўхталиб: “Бу юрт ўзининг қадимий ва суронли ўтмиши давомида не-не синов ва машаққатларни кўрмаган. Лекин ҳар қандай оғир ва мураккаб шароитда ҳам ўзининг куч-қудрати, эртанги кунга бўлган ишончини намоён этиб, барча синовлардан мардона ўтганлигини кўпдан-кўп мисолларда кўриш мумкин” [1],- деган эдилар. Бутун Ўрта Осиёда чоризмга қарши кўтарилган 1916 йилги қўзғолон андижонликлар учун катта синов ва сабоқ бўлган. Улар бу қўзғолонда фаол иштирок этиб, фронт ортидаги ишларга Туркистондан олинган 124 минг мардикорлар орасида биринчилардан бўлиб ўша бегона юртларда қўзғолон кўтарганлар. Тўғри, бу мавзу тарихшунослигимизда анча пухта тадқиқ қилинган [2,3,4,5,6,7]. Айниқса, Ж.Исмоилованинг тадқиқотида [8] Фарғона водийсидаги, жумладан, Андижон уездидаги қўзғолон ва мардикорликка сафарбар қилиш ҳақида бирламчи манбалар асосида батафсил сўз юритилган. Шунга қарамасдан, мазкур мавзунинг айрим қирралари ўз аксини топмаган.
Император Николай II нинг 1916 йил 25 июндаги “Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия районида мудофаа иншоатлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш ишларига жалб қилиш” ҳақидаги фармонида Туркистон ўлкасидаги рус бўлмаган 19 ёшдан 49 ёшгача бўлган жами 250 минг эркакни фронт ортидаги ишларга сафарбар қилиш кўзда тутилган.
Фармонга кўра Фарғонага 50 минг, Андижон уездига 10 минг мардикор юбориш вазифаси юклатилди. Бу шум хабар бутун Туркистон ўлкасида бўлганидек, Андижон халқини ҳам ғазабга келтирди. Бу ғазаб-нафрат қўзғолонга айланди. Фарғона водийсининг 17 жойида аҳоли ҳарбий қисмлар билан тўқнашди. 9 июль куни Андижонда ҳам одамлар қўзғалди. Эски шаҳардаги Жомеъ масжиди майдонида бошланган ғалаён Скобелев (ҳозирда Навоий проспекти) номли катта кўча орқали йўл олади. Улар Гултепа майдонида уезд бошлиғи Ю.А. Бржезицкий билан учрашади. Бу ҳақда Ю.А.Бржезицкий юқорига юборган ахборотида шундай деб ёзган: “Бугун жомеъ масжидида императорнинг Олий фармонини аҳолига эълон қилдим  ва тушунтирдим. Аммо мадрасанинг ёш ўқувчилари “Мардикорликка бормаймиз”, деб бақиришди. Улар бу ҳаракатлари билан оломонни қўзғатиб юбордилар. Менинг тинчланинглар, деган сўровим таъсир этмай, оломон бақиришни давом эттирди. Аввал мен оломонга тарқалишни буюриб, кейин ўзим гарнизон бошлиғи ҳузурига бориб, ундан қўзғолонни бостириш учун ҳарбийларни юборишни сўрадим. Тахминан 500 кишилик оломон Скобелев шоҳ кўчаси бўйлаб юрди. Мен эса уларни Гултепа майдонида (ҳозирги вилоят маъмурияти, идоралари жойлашган майдон) учратдим. Халқ эса уруш харажатларини тўлашга рози эканликлари, лекин мардикорликка боришга қарши эканлигини айтди. Мендан одамларни фронтга олмасликларини талаб қилдилар. Акс ҳолда, ҳозир барча элликбоши ва мансабдорларни ўлдиришини айтдилар” [8;36].
Уезд бошлиғининг 1916 йил 27 сентябрда Туркистон райони муҳофаза бўлими бошлиғига йўллаган хатида 9-16 июль кунларидаги Андижон қўзғолони тафсилотлари баён қилинган [11;420].
9 июлда Гултепада юз берган қўзғолон ва уни харбийлар томонидан шавқатсизларча бостириш чоғида Саидазим Махсудов, Саид Иброҳим Тўраев, Абдуқодир Ҳамроқуловлар ҳалок бўлдилар, оғир яраланган 8 киши (Абдуллажон Ҳолматов, Мулламақсуд қори уста Нишонбоев, Носир Абдураҳмонов, Мамасодиқ Рўзибоев, Муллагарум Мирзаазизхўжаев, Абдужалил Қодиров, Хожимат Ҳасанбоев, Усмонжон Мараимовлар шаар касалхонасига тушди. Қўзғолон фаолларидан 14 киши қамоққа олинди: Абдусаттор Ҳаким Оқсоқол, Маматали Абдукаримов, Мамажон мулла Отахонов, Жўра қори Зунунбоев, Тожибой Муҳаммаджонов, Ахитам Янгелдиев(татар), Ашурали Исмоилбоев, Акбар Умарбоев, Мулла Абдул Хоналиев, Абдужаббор қори Рўзибоев, Юсупжон Тошпўлатов, Остонақул Юсуфбоев, Соли Алиев, Юсупохун хўжа Муҳаммад Шарифхўжаев [12;283-284].
Хуллас, подшо ҳукуматининг мардикорликка олиш сиёсатига қарши Андижон халқи қўзғолон кўтарди. Қўзғолон шавқатсизларча бостирилди. Чор ҳукумати барибир мардикорликка олиш сиёсатини амалга оширди.  Андижон уезди бўйича 10600 киши мардикорликка олинди.
Генерал–адьюдант Куропаткин 1916 йил 28 августда тасдиқлаган тақсимот бўйича Андижон уездининг Ёрбоши волостидан 871, Хакан волостидан 816, Олтинкўл волостидан 498, Балиқчи волостидан 908, Жалақудуқ волостидан 340, Қўрғонтепа волостидан 466, Ойим волостидан 656, Қорасув волостидан 497, Қўқонқишлоқ волостидан 887, Майгир волостидан 427, Избоскан волостидан 284, Андижон шаҳридан 1082 киши фронт ортидаги ишларга сафарбар қилиниши кўрсатилган.
Архив ҳужжатларида Андижон шаҳридан фронт ортидаги ишларга олинган мардикорларнинг 1000 кишидан иборат рўйхати, уларнинг исми ва фамилияси, қайси маҳалла, қайси гузарданлиги, ёши, қандай вазифадалиги кўрсатилган. Шунингдек, қайси юзликда, нечанчи эшелондалиги, эшелонларнинг жўнатилиш куни, соати ҳам қайд этилган[12;208-222].
1000 нафар мардикорни 10 та юзликка бўлиб, ҳар бирига юзбоши тайинланган: 1-Уйлуқ юзлигига Мирзараҳим Рўзиматҳожиев (31 ёш, Темирчи маҳалласидан), 2-Уйлуқ юзлигига Аҳмаджон Қаландарҳодиев (30 ёш, Сарвонтепа маҳалласидан), 3-Уйлуқ юзлигига Ғофиржон Маъруфҳожиев (35 ёш, Дургун маҳалласидан), 4-Олайлиқ даҳаси юзлигига Аҳмадмуҳаммад Тўхтаев (31 ёш, Аҳмадбекҳожи маҳалласидан), 5-Олайлиқ юзлигига Тоҳиржон Имонқулиҳожиев (34 ёш, Тўпабой маҳалласидан), 6-Олайлиқ юзлигига Мулла Аҳмадали Мулламуҳаммад Юнусов (32 ёш, Эски от бозори маҳалласидан), 7-Сой юзлигига Раимбоқи Тўлакбоев (40 ёш, Идрисқулбек маҳалласидан), 8-Қирлиқ юзлигига Мулла Мирзоҳид Ҳайдарҳожиев (35 ёш, Тўқмоқ маҳалласидан), 9-Сой-Қирлиқ юзлигига Мулла Муҳаммаджон Охунбобоев (41 ёш, Ҳайдарали маҳалласидан) ва 10-Қирлиқ юзлигига Турғунхўжа Валихўжаев (27 ёш, Бурги маҳалласидан) юзбоши тайинланганлар. Мазкур ўнта юзбошига Аҳмадбекҳожи махалласидан 35 ёшли Масодиқ мулла Орипов раҳбар қилиб белгиланган[12;208-222].   
Ўз навбатида юзликларнинг ҳар бири ўнликларга бўлиниб, уларга ўнбошилар тайинланган. Масалан, юзбоши Мирзараҳим Рўзиматҳожиевга қуйидаги ўнбошилар қараган: Абдураҳим Мадкаримов (30 ёш), Саидумар Қурбонҳожиев (24 ёш, нонвой), Хўжамберди Исмоилбоев (25 ёш, Мадалиқози маҳалласидан), Қурбон Абдуллаев (24 ёш, Қорамулла маҳалласидан), Қаландар Қиличбоев (28 ёш, тилмоч), Ҳожимат Абдураҳмонов (30 ёш, Мадраббой маҳалласидан), Олимжон Ёқуббоев (28 ёш, Эски Ғўза бозори маҳалласидан), Мелибой Абдукаримов (29 ёш, Жургун кўча маҳалласидан), Худойберди Эгамбердиев (29 ёш, қассоб), Камол Раззоқбердиев (29 ёш, Қўй бозори маҳалласидан), Назарали Абдухолиқов (29 ёш, Мадқосим маҳалласидан), Жумабой Йўлдошбоев (30 ёш, Ёқубали ҳожи маҳалласидан), Йўлдош Диёрбоев (Эски каппон маҳалласидан), Алибой Набиражонов (21 ёш, Арк ичи маҳалласидан), Ахронқул ҳожи (имом), Муллабой Алиқулбоев (35 ёш, Арк ичи маҳалласидан). 
Мардикорлар 15 сентябрдан 15 октябргача Андижондаги йиғув пунктига (ҳозирги Сойдаги пахта заводида) тўплаб, соқчилик назорати қўйилган. Ҳар бир эшелонда 40 та вагон бўлиб, ҳар бир вагонга 30 га етиб киши жойлаштирилган. Эшелонда ишчилар жойлашган 33 та вагондан ташқари, 1 та санитар, 1 та изоляция ва 1 та соқчилар вагони, шунингдек, ошхона учун 2 та ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун 2 та вагон ажратилган. Ҳар бир эшелонга 990—1000 ишчи жойлаштирилган. Андижон шаҳридан олинган ишчилар 1000 киши бўлиб, уларнинг 2-эшелон билан Андижондан жўнатилиши режалаштирилган.
18 сентябрдан 18 октябргача Туркистондан 30 эшелонда ишчилар олиб кетилади. Эшелонларнинг йўл маршрутлари аниқ белгилаб берилган. Хусусан, 107а– сонли поезднинг Андижон станциясидан 18 сентябр соат 817 да жилиши, Тошкентга 19 сентябр 1400 да келиши, Тошкентдан ўша куни 109-сонли поездда жўнаши, 24 сентябрда 1439 да Самара губерниясидаги  Кинель станциясига етиб келиши ва жойларга тақсимланиши белгиланган[12;28-30].
Мардикорлардан 101600 киши Россиянинг Оврўпо қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилади; 10 мингдан ортиқ киши Туркистон ўлкасида ишлатилади[7;290]. Мардикорлар харбий ва саноат корхоналарида, конларда, темир йўл қурилишида, ўрмон ва йирик капиталистларнинг хўжаликларида, қаттиқ назорат остида ишлатилди. Улар очликдан, хўрликдан, машаққатли меҳнатдан мислсиз азиат чекдилар. Кўплари қаттиқ совуқдан, турли касалликлардан ўлиб кетдилар, ёки бир умрга ногирон бўлиб қолдилар.
Мардикорларга арзимаган иш хақи тўланган, турар жойлари жуда ҳам хороб бўлган, емишлари ҳам жуда ночор бўлган.   
400 километрлик Батуми–Сухуми темир йўли қурилишида 2000 дан зиёд мардикорлар ишлаганлар. Бу иншоотнинг Гудаунти (Мюсери) районида 200, Сухуми районида эса 100 нафар андижонлик бўлиб, улар мислсиз оғир шароитларда меҳнат қилганлар. Биринчи бўлиб Гудаунтидаги андижонлик мардикорлар иш ташлашни бошлаб берганлар. Генерал Янушкевич хабарида бу ишчилар ишга чиқмасликка қатъиян қарор қилганликлари, “бизларга шаҳарда яшаб, завод ва фабрикаларда ишлашни ва уч ойдан кейин ватанимизга қайтиб кетишни ваъда қилганлар”, деб айтганлари қайд этилган. Улар иш ташлаб, иш жойидан ўз хоҳишлари билан кетиб қолганлар. Иш ташлаш кенг тус олади. Иш берувчилардан бири ўзбек ишчилари 30 октябрдан 17 ноябргача ишга чиқмаганлари оқибатида 2000 сўм зарар кўрганидан нолиб шикоят қилган. Бундай шикоятлар кўплаб бўлган. Кавказ армияси полковниги Давидов иш берувчилар ва маъмуриятни ёқлаб, мардикорлар ишдан қочиб шаҳарларга боришмоқда, бозор ва масжидларда юриб, наркотик ва фаҳш ишлар билан шуғулланишни хоҳлаяптилар, деган туҳмат хабарни юқори ташкилотларга йўллаган. Бундай туҳматлар кўп бор уюштирилган, оқибатда мардикорлар тазйиқ-таъқибга учраб турганлар. Сабр-косалари тўлган мардикорлар курашни давом эттираверганлар.
Маъмурият берган хабарда ишчиларнинг жипслашиб, ҳар қандай қийноқлар, турмага тиқиш ва ҳатто отиб юборганларида ҳам барибир ишга чиқмасликларини айтганлари қайд этилган. Ишчилар ўзларини Сухумига, Батумига, ҳатто Россиянинг ички қисмига юборишларини талаб қилганлар. Иш ташлаш йўл қурилишининг жанубий ва шимолий қисмини ҳам қамраб олади: норозилик намойишлари ўтказилади, очликлар эълон қилинади. Оқибатда Тифлис ҳукумати Тошкентга, Туркистон генерал-губернаторига телеграмма йўллаб, иш ташловчиларни тинчлантиришни талаб қилишга мажбур бўлади. Шу мақсадда Туркистон генерал-губернатори буйруғи билан Андижон Эски шаҳари оқсоқоли Рустам Тошматов 1916 йил 29 декабрда Батумига келади. Ўн тўрт кун давомида, 1917 йил 1 январдан 13 январгача, оқсоқол извошда иш жойларини айланиб чиқиб, намойишчиларни, иш ташлаганларни хийла-найранг, “Агар Сизлар ишни давом эттирмасаларинг, у ҳолда сизларнинг Андижонда қолган ота-онангиз, қавм-қариндошингиз ҳибсга олинади, мол-мулки мусодара қилинади” қабилидаги дўқ-пўписалар билан алдашга муваффақ бўлган.
Рустам Тошматов 1917 йил 21 январда Андижонга қайтиб келади. Бу хизмати учун у генерал-губернатор томонидан тақдирланган [2;127-128]. Андижонда чоп этилган “Туркестанский голос” газетаси “Андижон шаҳар ариқ оқсоқоли Рустам Тошматовнинг фронт ортидаги андижонликлардан ҳол-аҳвол сўраб келганлиги ҳақидаги ҳисоботи” номли материалда бу сафарни ёритган. Умуман, 1916 йил 1 июлдан бошлаб газетада мардикор мавзусига катта ўрин ажратилган. Жумладан, “Мардикорлар талаби” , “Ишчи туземецлар йўлда”, “Ишчиларни жўнатишга доир”, “Тузем ишчилар мактублари”, “Ўш эшелонини жўнатиш”, “Жойлардан саломлар”, “Йўлдан. Бизнинг мухбиримиз Абдулла Йўлдошқориевдан”, “Ўзбек харбий ишчиларининг йўлдан юборилган мактублари”, “Паловни соғинмоқдалар”, “Ишчилар учун кетмонлар”, “Оренбургдан хатлар”, “Ҳарбий суд”, “Ажралиб қолганлар”, “Суд хабарлари”, “Суд залида”, “Рўзи Охун Муҳаммад Назарбоевнинг иши бўйича”, “Далварзин иши” каби номлар билан чоп этилган қатор хабар ва мақолалар мардикор олиш, мардикорлик ҳаёти билан боғлиқ кўплаб муҳим маълумотлар беради.
1917 йил февраль инқилоби монархик тузумни ағдаргач, мамлакатда демократик ўзгаришлар амалга оширила бошлади. Муваққат ҳукумат раиси А.Ф.Керенский ташаббуси билан фронт орқасидаги мардикорларни ўз  юртларига қайтариш ҳақидаги ҳукумат қарори эълон қилинди. Бу қарорни Туркистон мусулмонлари, айниқса, мардикорлар зўр шод- хуррамлик билан кутиб олдилар. Оғир меҳнатдан тинка-мадори қуриб, очарчилик, миллий ва диний камситилиш азоб-уқубатларини тортган мардикорлар катта ва машаққатли ҳаёт, кураш йўлини босиб ўтдилар. Уларнинг бир қисми бегона юртларда оғир меҳнатдан, изғирин совуқдан, очликдан, касалликдан ўлиб кетди, айримлари қамоққа олинди, баъзилари қочиб сарсон-саргандорликда умр кечирди, бир умрга ногирон бўлиб қолди. Бу каби шўришларнинг тугаши чинакам байрам қилишга арзигулик эди. Мардикорларнинг қандай кайфиятда Андижонга келганлари “Нажот” газетасининг 21 май сонида шундай таърифланган: “Андижон. 11 май куни бу жойдан жўнатилган мардикорлар эсон-омон ўз ватанларига қайтиб келдилар. Сўнгра қувончли кайфият билан улар қўлларида байроқлар ушлаб шаҳарни айланиб чиқдилар. Савдогарлар бу ҳақда хеч нарсани билмасдан жуда ҳам хайрон бўлиб қолишди” [16;149].
Албатта, юртдошларимизнинг мардикорлик даври беиз кетмади: уларнинг дунёқараши, ижтимоий онгида катта ўзгаришлар юз берди, улар энди миллий ўзликни англашга киришган, миллат тақдири, фожеаси, истиқболи ҳақида фикрлай бошлаган эдилар. Яъни, улар энди ўзгарган кишилар бўлиб, бу уларнинг кейинги фаолиятига таъсир қилмай қолиши мумкин эмас эди. Бир томондан, 17-йилнинг умумий инқилобий руҳи, иккинчи томондан, ўзга юртларда ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги курашлар, иш ташлаш ва намойишлар давомида шаклланган бирлик мардикорларни ижтимоий кучга айлантирган эди. Шўро даври тарихшунослигида юртдошларимизнинг мардикорликдан ўзларига инқилобий руҳни юқтириб, “сиёсий онги ўсиб” қайтганларига кўпроқ урғу берилди. Лекин мардикорлик азобларини бошларидан кечирган минглаб кишиларнинг бари пировардида биргина йўлни – социалистик инқилоб, синфий кураш йўлини танлаганига ишониш қийин. Ва шу ўринда Андижондан мардикорликка олинганларнинг кейинги тақдири қандай кечган, деган савол туғилиши табиийдир. Шу жиҳатдан ушбу масаланинг махсус ўрганилиши тарихимиздаги “оқ доғ”лардан бирини бартараф этишга имкон беради.
Ҳозирча Андижон шаҳридан мардикорликка олинган 1000 нафар юртдошлардан фақат айримларининггина кейинги тақдири ҳақида маълумотга эгамиз. Бироқ шунинг ўзи ҳам уларнинг кейинги тақдири турлича бўлгани, уларнинг турлича йўлларни танлаганини кўрсатади.
Улардан бири рўйхатда 566-рақам билан қайд этилиб, шаҳарнинг Оқёр гузаридан мардикорликка сафарбар этилган 31 ёшли Худойберди Қорабоевдир. Мардикорликда ўнбоши қилиб тайинланган Х.Қорабоев мардикорлик мавзусида ёзилган ва халқимиз орасида машҳур қўшиқ бўлиб кетган “Дўнгалигим” шеърининг муаллифидир:     

Поездингни жилдирган,                     
Ўтхонаси билан дўнгалаги
Двинскага кетди Андижонни
Мард йигитининг бир бўлаги.
Двинскага кетмас эди
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинскага кеткизворган
Николай золим замбараги.
Двинскага йўл бўлсин,
Қарағайзоринг қул бўлсин.
Йигитларни қийнаган
Николайинг йўқ бўлсин.

Бизни тўққиз ой ишлатди,
Сизрань деган ўрмонда.
Кетолмаймиз Андижон,
Бир чақа йўқ кармонда.
Сўк ошингни ичмайман,
Ўтигимни ечмайман.
Қорда қарағай кесганман.
Ҳеч ҳаққимдан кечмайман.

Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кейинги вақтларда эълон қилинган айрим тарихий асарларда [7;10,11,14] бу шеърни халқ оғзаки ижоди маҳсули деб, ҳатто, матни бироз ўзгартирилган тарзда берилмоқда. Жумладан, Х.Зиеёвнинг асарида: “Поезднинг ғилдираги, Устахонаси билан дўнгалаги, Двинскага кетишди, Мард йигитнинг бир бўлаги” шаклида, “Ватан тарихи” китобида эса: “Поездингни жилдирган, Ўтхонаси билан дўнгалаги, Двинскага кетишди, Мард йигитнинг бир бўлаги” деб берилган. Ҳолбуки, ҳозирда пойтахтдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи залларида янграб турувчи “Дўнгалагим” ашуласининг матни ҳам Х.Қорабоев матни билан бир хил:

Поездингни жилдирган
Ўтхонаси билан дўнгалаги
Двинскага кетди Андижонни
Мард йигитининг бир бўлаги...

Аслида, шеърнинг муаллифи Х.Қорабоев дейишга асос етарли. Чунки халқ оғзаки ижоди намуналари ҳам алоҳида кишилар, халқнинг истеъдодли вакиллари томонидан яратилади, кейин халқ ичида оғиздан оғизга ўтиб юради. Х.Қорабоевда шоирлик иқтидори бўлгани шубҳасиз: унинг қариндоши Одилжон Эгамбердиевнинг сайъ-ҳаракати билан 1980 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида Худойберди шоирнинг “Мен қушимни ғозга солсам” номли шеърий тўплами чоп этилган. Бу эса Х.Қорабоевда чиндан ҳам шоирлик истеъдоди бўлганидан, унинг шеър муаллифи бўлиш эҳтимоли кўп эканлигидан далолат беради. Албатта, ҳали бу баҳсли масалани узил-кесил, ҳужжатли асосда ҳал қилиш вазифаси олдинда турибди, насиб қилса буни уддалармиз ҳам. Шунга қарамай, шеър айнан андижонлик мардикор тилидан айтилгани ҳақиқатга кўпроқ яқиндир. Бироқ ҳозир мақсадимиз бошқа – шоирнинг кейинги тақдири. Мардикорликдан қайтган Худойберди Қорабоев ижтимоий хаётда фаол бўлган, шеър ва ғазаллар ёзиб турган; минглаб алданганлар қатори, совет ҳокимиятига ишониб, уни истиқлолчилардан ҳимоя қилишга уринган ва 1919 йилда ўзи туғилиб ўсган Оқёр қишлоғида бўлган истиқлолчилар билан тўқнашувда халок бўлган.
Андижон шаҳридан сафарбар қилинган минг нафар мардикорнинг мингбошиси Мулла Содиқ Мулла Орипов жадидчилик йўлидан бориб, Андижоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ибратли ишлар қилганлиги маълум бўлди. Архив ҳужжатларига мурожаат қиламиз.
1917 йил 14 июнда Андижон эски шаҳардаги Олимжон ҳожи заводида ҳаракатдаги армиядаги мардикорчиликдан қайтиб келган мусулмон ишчилардан 900 га яқин киши қатнашган митинг бўлди. Унда жамоат хавфсизлик комитети раиси Сумароков, милиция бошлиғи Ситин ва айрим ташкилотлар вакиллари қатнашади. Йиғин бир овоздан 15 кишидан иборат мусулмон ишчи депутатлари советини сайлайди. Унинг таркибига мусулмонлардан 13 киши ва европалик–руслардан 2 киши киради.
15 июнда мусулмон ишчи депутатлари Советининг йиғилиши бўлиб, унда Масодиқ Мулла Орипов Советнинг раиси, Акбарали Ўразалиев ва Султонбек Тўхтабеков раис  ўринбосарлари, Мулла Абдураҳмон Алимқулов котиб ва Муҳаммаджон Тожибоев қилиб ёрдамчи қилиб сайланди [16;149].        
1918 йилдан КПСС аъзоси Мухтор Олимов ўз хотираларида Андижондаги сиёсий воқеалар жараёнига тўхталиб, Содиқжон Орипов ҳақида замона сиёсати ва мафкурасидан келиб чиқиб ноҳақ салбий фикр билдирган. Жумладан, у Содиқжон Ориповнинг маҳаллий аҳолини, зиёлиларни Совет ҳокимиятига яқинлаштирмаслик, унга қарши норозилик туғдириш билан машғул бўлгани, Андижонда ташкил топган “Турон” ташкилотининг рахбарларидан бири, мусулмон депутатлари советининг раиси бўлганини қайд қилади. Уни Чор хукуматининг хизматчиси бўлганликда айблаб, большевиклар Орипов ва унинг гуруҳи коммунистларга, уларнинг эски шаҳар ташкилотига қарши турли шаклда кураш олиб борганини ҳам эслатиб ўтади [17;143]. Мардикорчиликниг азоб-уқубатини бошидан кечириб, Андижонга қайтиб келиб она шаҳрида истиқлол учун кураш олиб бораётган бир пайтда Содиқжон Орипов 37 ёшида большевиклар қўлида ҳалок бўлади.
Мардикорликка олинганларнинг яқинлари ҳам баъзан арзимаган, кулгили сабаблар билан қатағон қилинган. Атиги бир мисол келтирамиз. Мастура Ҳусанбоева 1939 йил 24 сентябрда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлигига эрини ноҳақдан 10 йил муддатга  озодликдан маҳрум этилганига норозилик билдириб ёзган аризасида Андижондаги 1916 йил воқеаларидан мана буларни ёзган эди:                      
“1916 йили Андижон шаҳрида чор ҳукумати ўзбеклардан фронт орқасидаги ишларга, мардикорликка сафарбар қилди. Ҳар хонадондан биттадан мардикор олиниши белгиланди.
Бу сафарбарликка бизнинг оиламиздан эримнинг туғишган укаси Абдурасул Ҳусанбоев ҳам тортилган эди. Чунки камбағал оиламиз бошқа бир кишини ёллаб мардикорликка юборишга қодир эмасди. Ваҳоланки, бой ва ўзига тўқ оилалар бундай ишларни қилаётган эдилар. Мардикорларни фронтга кузатиб қўйиш маросими кучайтирилган соқчилик билан подшоҳ байроғи остида юз берганди ва бу ҳолат расмга олинган эди.
Ўз укасини кузатиб қўйишга чиққан эрим Ҳусанбоев бошқа кузатувчилар оммаси орасида турган чоғида расм олинган...
Ҳусанбоевнинг душманлари бу суратни ўша даврдаги ватанпарварлик намойишини акс эттирувчи деб билишган ...
Мана, энди шу сурат ва эримнинг мардикорларни кузатишдаги иштироки уни айблаб, 10 йил қамоқ жазосига тортилишга асос бўлган айбларнинг бош нуқтаси бўлиб турибди” [18;83-84].
Кўриниб турибдики, Андижонга қайтиб келган мардикорларнинг кейинги тақдири турлича бўлган: айримлари большевиклар сафида совет тузуми учун курашган, бошқа бир қисми советларга қарши олиб борилган миллий озодлик урушларида қатнашган ва шу муқаддас урушда ҳалок бўлган. Миллий озодлик уруши тегирмонидан омон қолганларнинг бир  қисми ер-сув ислоҳоти, коллективлаштириш, қулоқлаштириш ва сургун қилиш даврларида, бошқа бир қисми 1937-1938 йиллардаги “Катта террор”да қатағон тиғига учраганлар. Яъни, улар на чор ҳукумати, на совет ҳукумати даврида рушнолик кўрди, аксинча, ҳар икки тузумдан жабру жафо тортди. Шу боис мардикорларнинг кейинги тақдири, қисматини ўрганиш, умумлаштириш Андижон фарзандларининг чор Россияси ва совет мустамлакачилиги давридаги  халқ манфаати йўлида, мустақиллик учун фавқулодда оғир шароитда кураш олиб борганликларини англаш ва муносиб қадрлашга имкон беради.
Тарихий адабиётларда Фарғона вилоятидан, жумладан Андижондан юборилган мардикорлар Ўш, Кавказ, Батуми, Витебск, Коллона, Чернопиль, Черновиц, Киев, Дубно ва бошқа жойларда ишлашга мажбур қилинганлиги қайд қилинган [19;175].
Архив ҳужжатларида Андижондан юборилган мардикорлар Руминия худудларида ҳам меҳнат қилганликлари ўз аксини топган. Бу ўринда қуйидаги ҳужжатни келтириш ўринлидир: “АНДИЖОН УЕЗДИ БОШЛИҒИ ЖАНОБЛАРИГА”
Андижон шаҳар Тупроқхона
маҳалласида яшовчи
Маҳмудбой Мусабоевдан   
А Р И З А
Мен Андижон шаҳридан фронт ортидаги ишларга ишчи сифатида ҳаракатдаги армияга чақирилганман, Рубин фронтида турганман, ишдалигим вақтида менга баҳоси 33 сўмлик бир жуфт этик берилган ва у пуллар мендан тўласинча олинган, ҳозирги вақтда менга маълум бўлдики мендан этик учун 14 сўм миқдорида ортиғи билан олинган, менга тегишли бу пул  Андижонга юборилган.
Шунинг учун Сиз жаноб бошлиқдан менга қайтарилган  пулни  қаердан олишим мумкинлигини маълум қилишингизни ўтиниб сўрайман. Фронт ортидаги ишларда мен 428 –сонли ишчи ҳисобланганман.
26 июл 1917 йил [20;53]
Ушбу ҳужжатдан маълум бўладики, Андижон шаҳридаги Тупроқхона маҳалласидан мардикорликка олинган 31 ёшдаги Маҳмудбой Мусабоев билан унинг маҳалладошлари 42 ёшдаги Аҳмадохун Худойбердиев, 22 ёшдаги Ашурбек Турдибоев, 37 ёшдаги Отабой Тиллабоев, 32 ёшдаги Маҳмуд Абдуллаев, 31 ёшдаги Каримбой Салимбоев (ўнбоши), 23 ёшдаги Хожибой Ниёзбоев, 21 ёшдаги Тошпўлат Йўлдошбоевлар ҳам ана шу Руминия худудидан мудофаа ишларида меҳнат қилганлар [21;214]. Шу Тупроқхона маҳалласидан 22 ёшдаги Мамат Болтабоев, 32 ёшдаги Ҳамрақул Мамаризаев, 24 ёшдаги Саримсоқ Охунбоев, 31 ёшдаги Обобакир Содиқбоев, 25 ёшдаги Мирсаид Хайитбоев (ўнбоши), 25 ёшдаги Тожибой уста Рўзиев, 22 ёшдаги Собир Маткаримов, 23 ёшдаги Холдарбой Алибоевлар ҳам Руминия фронти худудида мудофаа иншоатларини қуришда оғир меҳнат қилганлар. Бу инсонларнинг ҳам тақдири ва қисмати ҳақидаги маълумотлар излаш, топиш келгуси вазифалардандир.  
Хуллас, 1916 йилги қўзғолон ва мардикор олди воқеаси билан боғлиқ юқоридаги каби қизиқарли тарихий лавҳалар талайгина. Уларни жамлаб, умумлаштириб, алоҳида тадқиқот яратиш, мазкур тарихий воқеани бугунги кун нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш зарурати аллақачон етилгандир.

Адабиётлар:

1. Андижоннома.- 2007.- 13 декабрь
2. Ковалев П.А. Тыловые рабочие Туркестана в годы первой мировой войны.- Т.: Госиздат, 1957
3. Ковалев П.А. Революционная ситуация 1915-1917 гг. и её проявление в Туркестане.- Т.,1971
4. Турсунов Х. Ўзбекистонда 1916 йил халқ қўзғолони .- Т.: Ўзбекистон, 1966
5. Зиёева Д. Туркистон миллий озодлик харакати.- Т.: Адабиёт ва санъат, 2000
6. Чориев З.У. ХХ аср бошида Туркистон ўлкасида мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмнинг кучайиши ҳамда унинг оқибатлари (мардикорликка сафарбарлик мисолида): Тарих фанлари док…. дисс.-  Т.,1999
7. Зиёев Ҳ. Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи.- Т.: Шарқ, 2001
8. Исмоилова Ж. Фарғона водийсида миллий озодлик курашлари.- Т., 2003
10. Шамсутдинов Р, Каримов Ш, Убайдуллаев Ў. Ватан тарихи (ХVI-XX аср бошлари). II к.-Т.:  Шарқ, 2003       
11. Ўзбекистон янги тарихи. I к. Туркистон  Чор Россияси мустамлакачилиги даврида.-Т.: Шарқ, 2000
12. ЎзРМДА. И. 25-фонд, 1-рўйхат,185-иш 283-284-варақлар.
13. Зиёев Ҳ. Тўфон // Шарқ юлдузи.- 1992.- № 3
14. Каримов Ш, Шамсутдинов Р. Туркистон чор Русиёси босқини даврида.-  Андижон, 1995
15. Худойберди шоир. Мен қушимни ғозга солсам. Шеърлар.- Т, Адабиёт ва санъат, 1980
16. Победа Октябрьской революции в Узбекистане. Т.1. Сб. документов.- Т.:  Изд-во АН УзССР, 1963
17. Мухтор Олимовнинг эсдалигидан: Воспоминание участников  гражданской войны в Андижанской области. Выпуск 1.- Андижан 1957
18. Шамсутдинов Рустамбек. Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар.- Т.: Шарқ, 2001 
19. Исмоилова Жаннат. Фарғона водийсида миллий озодлик курашлари (1916 йил қўзғолони мисолида), Ғофур Ғулом номидаги нашриёт –матбаа ижодий уйи. Т. 2003, 175- бет.
20. АВДА, 76- фонд,1- рўйҳат, 1- иш, 53 – варақ
21. ЎзРМДА, И-25- фонд, 1- рўйҳат, 185 –иш, 214 –варақ

Р.Т. Шамсутдинов, Қ.Бозоров

 
Баннер