Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Нидолардан яралган тарих
04.03.2011 03:10    PDF Босма E-mail

Шоираи замонамиз Анна Андреевна Ахматова тарихий фожиаларни акс эттирган шеърларидан бирида: «Эрим гўрда, ўғлим турмада — менга дуо беринг», деб илтижо қилган эди. Чунки шоиранинг фақат гўзал ҳис-туйғулари эмас, балки нозик вужуди ҳам зўравон замоннинг пошналари остида аёвсиз топталади: эри Николай Гумилёвни 1921 йилда большевиклар отиб ташлайди, ўғли эса...

 


Левушка (арслон боласи) 1912 йилнинг 1 октябрь куни туғилади. Онаси Анна эндигина 23 ёшга тўлган эди. Тақдир ҳазилини қарангки, Лев 23 ёшга тўлганда уни большевиклар авахтага ташлайди. 1935 йилнинг 22 октябрь куни Ленинград Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил кўраётган Лев Гумилёв «аксилшўравий террорчилар гуруҳининг аъзоси» сифатида ҳибсга олинади. Мислсиз азоб-уқубатлардан сўнг Анна Ахматова Сталинга хат киритишга эришади ва «доҳийнинг меҳр-шафқати» билан 1935 йилнинг 4 ноябрь куни Лев қамоқдан озод бўлади.
1938 йилнинг 10 март куни эса Лев Гумилёв гўёки «ЛДУдаги ёшларнинг аксилшўравий ташкилотига аъзо бўлгани учун» иккинчи марта қамалади. Ленинград ҳарбий округи трибуналининг қарорига мувофиқ Лев Николаевич ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Аммо, «адолатпарварлик»ни кўрингки, 1938 йилнинг 17 ноябрь куни СССР Олий судининг ҳарбий ҳайъати ўша ҳукмни бекор қилиб, жиноий ишни қайта терговга жўнатади. 1939 йилнинг февраль-май ойларида бўлган қайта тергов жараёнида Лев Гумилёв айбдор эканини мутлақо бўйнига олмайди, терговчилар эса унинг айбини исботлай олмайди, гўё «инқилобий вазият» вужудга келади. Шундай бўлса-да, НКВД ҳузуридаги махсус кенгаш қарорига биноан Лев Гумилёв беш йил муддатга озодликдан бенасиб қилинади.
Лев Гумилёв сургундан тўппа-тўғри Иккинчи жаҳон урушининг қайноқ жабҳасига жўнаб кетади. Урушда ўзини кўрсатади, бир неча марта тақдирланади.
Лекин... лекин Николай Гумилёвнинг ўғли бўлиш, Анна Ахматованинг ўғли бўлиш ниҳоятда оғир эди...
1949 йилнинг 6 ноябрь куни (атайлаб байрамдан бир кун аввал!) терговчи майин-майин кекирибгина Анна Ахматованинг хонадонига ташриф буюради ва: «Мадам, уйингизни тинтув қиламиз. Сўнгра ўғлингизни қамоққа олиб кетамиз», дейдию чарм папкасидан ордерни чиқариб кўрсатади. Тинтув бошланади. «Гражданка Ахматова»нинг шахсий буюмлари, латта-путталари обдан титкилаб кўрилади. Хўрланган, ҳақоратланган Анна Ахматованинг асаб торлари чирс-чирс узилади. Анави гўрсўхталар тилаб-тилаб олган ёлғизгина ўғлини олдиларига солиб ҳайдаб кетишгач, шоира жамики қўлёзмаларини, ҳали эълон қилинмаган шеърларини, достонларини битта қолдирмасдан ёқиб юборади. Рус адабиёти тарихида фақат Николай Гоголь «Ўлик жонлар» романининг қўлёзмасини ёқиб юборган. Ахматова «ёнғин»и тарихда иккинчи ҳодиса (нақл қилишларича, қамоққа олинишидан салгина олдин Абдулҳамид Чўлпон ҳам қўлёзмаларини ёқиб юборган экан). Адибларнинг қўлёзмалардан бошқа яна қандай бойлиги борки, қурбон қилишса!
Лев Гумилёв бу гал ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.
«Доҳий»нинг 70 йиллик юбилейи яқинлаша бошлайди. Тўкилибгина, абгоргина бўлиб қолган Анна Ахматовага «баъзи бир ўртоқлар дўстона» маслаҳат беради: «Илтимос, мадҳия ёзинг! Ахир, ўтмишда ҳам шоирлар подшолар номига қасидалар ёзган!» дейишиб, йўл-йўриқ кўрсатади... Ахматова умрида илк бора ижодий принципидан чекиниб, Сталинни мадҳ этиб иккита шеър ёзади (ўша шеърлари зудлик билан «Огонёк» журналида эълон қилинган туркумига илакишиб дунё юзини кўради). Ўн-ўн беш йил мобайнида битта ҳам шеъри шўро матбуотида эълон қилинмаган Ахматованинг туркумлари «Огонёк» журналида кетма-кет потирлаб чиқиб кетганининг боиси, албатта, «ижтимоий заказ» жуда юқоридан тушганини англатади.
Бироқ, Сталин барибир Лев Гумилёвни озодликка чиқармайди.
Анна Ахматова қамоқда ётган ўғлига посилкалар жўнатиб, хатлар ёзиб туради. Ажабланарли жойи шундаки, она-бола ўртасида ижодий алоқа ўрнатилади. Бунга кейинчалик сақланиб қолган биргина мактубни далил сифатида келтиришимиз мумкин. Хусусан, 1954 йилнинг 20 сентябрь куни Анна Ахматова фи-докор ўғлига бундай деб ёзган экан: «Ҳозир мутолаа қилаётганим Хитой шеърият анталогиясида яна-тағин хунларга дуч келиб қолдим. Бу ҳодиса энди эрамиз-нинг I асрида рўй беряпти. Иккита хитой генерали хунлар томонидан асирга олинади ва 19 йил тут-қунликда сақланади. Биттаси Ватанига қайтиб кетади, бошқаси эса ўтмишини эслаб қўшиқ айтиб ўтиради. Ўша қўшиқ инглиз тилига таржима қилинган, қофияси йўқ. Билмадим, сенга илгари ҳам ёзганмидим-йўқми, Пекинда 1954 йили инглизча нашр қилинган Цуй Юаннинг китобини ўқиб чиқдим. Таржимони хитойлик экан. Мана, менинг насрийроқ таржимам:
Подшоҳимга хизмат қилиб,
Саҳрони чангитиб юриб,
Хунларнинг додини бериб —
Мен ўн минг ли йўл босдим.
Ва ҳоказо. Анталогиядан ва таржима қораламасидан кўчирмалар олиб юбораётган хатларим сенга етиб боряптими? Эҳтимол, улардан сенга умуман фойда йўқдир?» (Анна Ахматова, Сочинения в двух томах, том 1, Москва, из-во «Правда», 1990 йил, 229-бет.)
Бошқа бир хатида эса: «Ўзингни асрагин, аччиқ чойдан ичмагин», деб илтимос қилади она. Ҳойнаҳой, «аччиқ чой» деганда аристонлар орасида тансиқ ҳисобланадиган «чифир» назарда тутилаётир. «Чифир» ҳам, «аччиқ чой» ҳам охир-оқибат юракни ишдан чиқаради (ҳатто отдек бақув-ват О. Балзак ҳам «аччиқ қаҳва»дан ўлади).
Қисқаси, Лев Гумилёв қамоқда ётган вақтида ҳам умр китоби — «Қадимий турклар» учун қимматли маълумотлар тўплайди. Онаси ўғлининг қутлуғ ишида ҳамиша мададкор бўлади.

... «Қадимий турклар» китобида Биринчи (Шарқий ва Гарбий) ҳамда Иккинчи турклар салтанатининг пайдо бўлиш зарурияти, тараққиёти, инқироз сабаблари ҳалол тадқиқ этилади. Муаллифнинг гувоҳлик беришича: «Бу китоб 1935 йилнинг 5 декабрь куни бошланган эди. Ўшандан бери бир неча марта қайта ишланди, тўлдирилди. Бироқ, қадимий турклар тарихига алоқадор жамики бой манбалар тўла-тўкис қамраб олинмади; барча муаммолар ёритилди деб бўлмайди. Шу боис бу йўлдаги изланишлар давом эттирилиши шарт» (Л. Гумилёв, «Қадимий турклар», 3-бет. Бундан кейин ушбу китобдан олинган далил-дастаклар «Қ.т.», фалон бет деб кўрсатилади).
Китоб дебочасида муаллиф «Бу китобни бизнинг биродарларимизга — Шўро Иттифоқидаги турк халқларига бағишпайман» деб қайд этади. Бағишлов ҳам, китоб қачон езила бошлангани тўғрисидаги таъкид ҳам чуқур чоғиштирма маънога эга. Тагматн — «нимкоса» теран англанса, муаллифнинг (дафъатан ғалати туюладиган) фикр-мулоҳазалари, позицияси тўғри талқин қилиниши мумкин.
«Қадимий турк халқларининг, улар барпо этган салтанатнинг тарихи дунё кечмиши силсиласида битта масалага бориб тақалади: ўз номларини авлодларига мерос қилиб қолдирмаган турклар нима учун пайдо бўлдилару нима учун йўқ бўлиб кетдилар?» («Қ. т», 4-бет.) Албатта, масаланинг бу тарзда қўйилиши илмий тадқиқот қамраб олган давр учун ҳеч қандай зарар етказмайди. Илмий тадқиқот доирасидан чиқилса, ҳайратланишимиз турган гап: хўш, қадимий турклар ўз номларини нима учун авл одлар и га (ўзбек-қозоқ-қиргиз-уйғур-қорақалпоқ-туркман...) мерос қилиб қолдирмаган экан? Ахир...
Дарров баҳс бошламасдан «нимкоса»га қараш керак: бу китоб Лев Николаевич биринчи марта большевиклар зиндонида ётиб чиққач, роп-па-роса бир ойдан сўнг ёзила бошланган. Шу сабабли Лев Гумилёв «эзоп тили»ни илмий муомалага киритади: китобини «Шўро иттифоқидаги турк халқларига» бағишлайди-ю, аммо бир пайтлар буюк салтанат барпо этган қадимий турклар бошқа эди, ҳозиргилари бошқа — булар энди салтанат барпо қилишмайди, уларга шўро салтанати ҳам бўлаверади, дейди гўё.
Бироқ, китобда ёритилган 316 йиллик тарихий (юзлаб) мисоллардан маълум бўладики, қадимий турклар асло йўқолиб кетмайдилар. Тўғри, қудратли салтанатлар инқирозга юз тутади, лекин «туркют» (изоҳи кейинроқ берилади) бўлиб тарих саҳнасига чиқиб келган аждодларимиз гоҳ «турк», гоҳ «кўк турк», гоҳ «ўн ўқ», гоҳ «тўққиз ўгуз», гоҳ «уйғур», гоҳ «қорлуқ», гоҳ «лақай», гоҳ «қипчоқ», гоҳ «қирғиз», гоҳ «ўзбек» номи билан дунёни титратаверадилар. Қадимий турклар самандар мисоли ўт-олов ичида туғиладилар ва ўт-олов ичра яшайдилар.
«Қадимий турклар инсоният тарихида улуғ мавқега эга бўлсалар-да, лекин ўзлари сон жиҳатдан унчалик кўп эмасди. Уларнинг салтанати Хитой ва Эрон билан чегарадош бўлиб, бир-бирларига ўзаро таъсир ўтказардилар. Бу мамлакатларнинг тарихи чамбарчас боғланиб кетган. Демак, воқеалар даврийлигини ҳаққоний тиклаш учун хорижий мамлакатлар тарихини диққат марказидан қочирмаслигимиз лозим.
VI аср охирларида Турк қоғооноти ғарбда Византия (Рум), жанубда Эрон ва ҳатто Ҳиндистон, шарқда эса Хитой билан қўшни бўлган. Тадқиқотимиз учун мавзу қилиб олинган даврда номлари зикр қилинган мамлакатларнинг тарихий ришталари Турк қоғооноти тақдирига узвий боғланади.
Турк қоғоонотининг барпо этилиши инсоният тарихида туб бурилиш ясади. VI асрдан эътиборан хитойликлар Константинополь бозоридаги нарх-наволар билан ҳисоблашишга мажбур бўлдилар; румликлар эса Хитой императорининг хазинаси билан ҳисоблашишга мажбур бўлдилар. Турклар буюк салтанатлар ўртасида фақат воситачи бўлиб қолмадилар, айни вақтда улар Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Рум маданиятлари билан бемалол беллаша оладиган миллий қад-риятларини яратдилар. Қадимий туркларнинг қадриятлари бир тараф-у, лекин улар қурган жамият, ижтимоий устқурмалар, мансаб зина-поялари, ҳарб санъати, дипломатия, шунингдек, мамлакат манфаатига бўйсундирилган миллий мафкура тадқиқотчини кўпроқ ҳайратга солади» («Қ. т.», 415-бетлар).
Китобнинг биринчи қисми «арафа»дан (420-546 йиллар) бошланади. Арафа 126 йил давом этади. «Мамлакат даҳо фарзандларига жуда узоқ муддат ҳомиладор бўлади» (Белинский таъбири), дейдилар. Маълум бўлишича, дунё буюк салтанатга ҳам узоқ муддат ҳомиладор бўлар экан. Сиртдан қаралса, «арафа» хийла чўзилиб кет-гандек туюлади. Лекин V асрда Оврупода миллатлар ҳамон «кўчманчилик» қилиб юришганини эътиборга олсак борми, осиёликлар улардан 100 йил илгарилаб кетгани равшан бўлади.

Арафа зое кетмайди. Жужон халқи арафада таркиб топади.
«Жужон халқи қандай пайдо бўлди деган масала аввал ҳам бир неча марта кўтарилган-у, аммо узил-кесил ечимини топгани йўқ. Бизнингча, масаланинг бу тарзда қўйилиши нотўғри. Аслида, «қандай - таркиб топди?» тарзида қўйилса, тўғри бўларди. Халқ бирдан пайдо бўлмайди, аста-секин шакл-шамойил касб этади. Жужонлар халқ бўлиб битта элатдан ўсиб чиққан эмас, ўзига хос равишда таркиб топган. Алғов-далғов замонларда йўлдан озган, ёмонотлиқ бўлиб қолган одамлар кўпайиб кетади. IV асрнинг ўрталарида ҳам ўшандай кимсалар анчагина эди. Улар Тобос хони қарорго-ҳида ёки хунларнинг пойтахтида кун кўролмасдан чўлу биёбонларга бош олиб кетадилар. Хўжайинларининг зулмидан зада бўлган хизматкорлар, ҳарбий хизматдан бўйин товлаган қочоқлар, талонга тушган қишлоқларнинг аҳолиси ҳам саҳрога чекиниб жон сақлайдилар. Бундай кишиларнинг тили, дини, элати ҳар хил эди-ю, фақат қисмати битта эди. Ҳаммаси қашшоқликка маҳкум бўлиб, мана шу қашшоқлик уларни бирлаштириб турарди.
Хунларнинг отлиқ аскарлари сафида хизмат қилган Юкйўл деган кимса IV асрнинг 50-йилларида негадир ўлим жазосига ҳукм қилинади. Аммо у пайт пойлаб туриб тоққа қочади ва атрофига ўзига ўхшаган қочоқлардан юзтасини тўплайди. Улар бир илож қилиб кўчманчилар билан тил топишади. Сўнг баҳамжиҳат ҳаёт кечира бошлайдилар.
Юкйўлнинг вориси Қўйлуқ Тобос хони билан алоқа ўрнатади. Унга ўлпон (от, сувсар, сувмушук мўйнаси каои) тўлаб туради. Бора-бора Қўйлуқ ўрдаси Жужон номини олади. Ўрда қонун-қоидаси уруш эҳтиёжларига, талончиликка мос эди: қаҳрамонлик кўрсатган аскарга қўлга киритилган ўлжанинг катта қисми ҳадя қилинарди, қўрқоқ кимсалар эса ўласи қилиб таёқ билан саваланарди. 200 йиллик ўтган давр мобайнида жужонлар ўрдасида ҳеч қандай сезиларли тараққиёт бўлмайди. Мавжуд куч фақат талон-тарожликка сарфланарди» («Қ.т.», 11-12-бетлар).
545 йилда жужонлар туркютларни босиб олади. Туркютлар эса ябгу-йапу (унвон — Н. Б.) етакчилигида жужонларга қарши қўзголон кўтарди. 552 йилда қўзғолон айни авж олган кезларда ябғу-йапу ҳалок бўлади. Қора Иссиқхон ябғу-йапу тахтига чиқади ва 553 йилда жужонларни тормор қилади. Афсуски, ўзи ҳам қурбон бўлади. Оғасининг ўрнини эгал-лаган Муғонхон 553 йилдаёқ жужонларнинг қолган-қутганини туркютлар ватанидан ҳайдаб солади... Шу тарзда туркютлар дунё тарихи саҳнасига ғолибона кириб борадилар. Ўша йиллари Буюк турк қоғоонотига асос қўйилади.
Айтмоқчи, «Навоий асарлари учун қисқача луғат»да айтилишича, «йапу — бино, иморатнинг пойдевори» деган маъноларни англатар экан. Демак, Буюк Турк қоғоонотига асос солган йўлбошчиларнинг унвони шарифлари «ябғу» эмас, «йапу» бўлган кўринади.

КУЛТЕГИН НИДОСИ:

Беклари оми, халқи инсофсиз бўлгани учун, тобғач халқи ҳийлакору таптортмас бўлгани учун, сурбет ва фирибгар оулгани учун, оға ва иниларни бир-бирига қарши гиж-гижлагани учун, беклар билан халқни бир-бирига ёмонотлиқ қилгани учун эл тутиб ўтирган, давлат қуриб ўтирган турк будун тариқдай сочилиб кетди...

«Қадимий турклар»нинг битта боби «Аждодлар» деб аталади.
«Тобос хонига қарам бўлган шимолий Хитойда «Ашинанинг беш юзта оиласи» ҳам истиқомат қиларди. «Беш юз оила» илгари хунлар ва сиёнбилар хитойликлардан тортиб  олган ўлкада   яшардилар.   Хунлар нинг ҳокими Муғонхонга Ашина ҳам бўйсунарди. 439 йилда тобосийлар хунларни мағлуб этиб, уларнинг юртини Вэй (Хитой) империясига қўшиб юборади. Ашина эса беш юз оиласини қаватига олиб, жужонлар ҳузурига қочиб боради ва Олтой тоғларидан жужонлар учун темир қазиб  бера бошлайди.
Ашина унча катта бўлмаган ҳарбий бўлинманинг бошлиғи бўлса керак. Долғали III—IV асрлар миёнасида бундай тўдалар тез-тез пайдо бўларди-ю, лекин ном-нишонсиз йўқолиб кетарди. Уларни расмона давлат деб бўлмайди.
Хитойликлар Ашина қарамоғидаги одамларни «тукю» деб атайдилар. П. Пельо бу сўзнинг мағзини «турк-ют» деб чаққан. Яъни, «турклар» деган маъно чиқади. Лекин кўплик қўшимчаси — «ют» туркча эмас, балки мўғулчадир. Қадимий туркларнинг тилида барча сиёсий атамалар мўғулча кўплик қўшимчаси воситасида ясаларди.
«Турк» сўзининг луғавий маъноси «кучли, чидамли» демакдир. А. Кононовнинг талқинига қараганда, жамловчи от бориб-бориб бир нечта уруғаймоқларни бирлаштирган элат номига айланиб кетган экан. Ўша элат вакиллари дастлаб қайси тилда сўзлашган бўлса-да, аммо тарих саҳнасида пайдо бўлган кезларида VI аср мўгул тилини ҳам тушунардилар. Чунки у пайтлари мўгул тили қабилалараро алоқа воситаси ҳисобланарди. Ҳарбийлар, бозорчилар, элчилар ҳам эски мўгул тилида сўзлашардилар. 439 йилда Ашина Гоби саҳросининг шимолий ҳудудига кўчиб ўтади.
Дарвоқе, «шина» дегани «бўри» маъносини англатади. Олд қўшимчаси «а» эса хитой тилида ҳурмат маъносини билдиради. Демак, «ашина» дегани «олижаноб бўри»дир. Араб муаррихларининг асарларида хитойча талқинга мослаштирилмаган ҳолда «Шанэ» кўринишида ёзилади.
Ривоятларга кўра ер юзидаги жамики турк халқлари ота ёки она бўридан тарқалганини инобатга олсак, «олижаноб бўри» ибораси ғайритабиий туюлмайди.
1500 йил мобайнида «турк» атамаси асл маъносини, моҳиятини бир неча марта ўзгартирди. V асрда Ашина теварагига тўпланган ўрда аскарлари «турк» номи билан аталган бўлсалар, VI—VII асрларда фақат турк тилида сўзлашадиган аҳоли шу ном би-лан аталарди. Араблар эса Ўрта ва Марказий Осиёда яшайдиган жамики халқларни, қайси тилда сўзлашишидан қатъи назар, «турк» деб атайверадилар. Хуллас, биз ишлатаётган атама хилма-хил маъноларга эга эканини ҳисобга олиб, масалага аниқлик киритиб қўймоқчимиз: ушбу китобда тарихи баён қилинаётган халқ шартли равишда «туркют» деб аталади. Зотан, VI асрда жужонлар билан хитойликлар ҳам уларни «туркют» деб атаганлар.
VI асрнинг ўрталарида Ашина авлодлари бутунлай турклашиб кетадилар. Фақат унвонларда мўғул тили унсурлари сақланиб қолади, холос.
Баён қилинган фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, ўзларини «туркют» ёки «турк» деб атайдиган халқлар билан турк тилининг пайдо бўлиши ўртасида фарқ бор. Замонавий туркий тиллар жуда қадим замонларда пайдо бўлган, лекин «туркют» халқи V асрнинг охирларида таркиб топган. Туркий тилли қавмлар ўша замонлардаёқ ғарбий Олтой ҳудудларини тарк этиб, қадимий булғорлар, қанглилар, хунлар яшайдиган элларга тарқалиб кетади» («Қ.т.», 22-25-бетлар).
Автобусда Қўқондан Бағдод тумани сари йўл олсангиз, истиқболингизга Катта Фарғона канали юмалаб чиққан жойдан ўнг тарафда туркум қишлоқлар бошланади. Булар — Ирғоли, Болғоли, Қувғоли, Қоракўл ва ҳоказо. Лекин ҳамма қишлоқларнинг жамловчи битта оти бор — «Қангли» дейилади. Биз болалигимизда «Буларнинг нимаси қонли экан?» деб ўйлардик, кўпчилик ҳозир ҳам шундай ўйлайди, чунки одамзот болалик-даги таассуротларини умрбод носқовоқдек кўтариб юраверади. Баъзи билағон кишилар: «Улар ёппасига даштда пиёз экади... ўтоқ пайтида қўлларини чағир тошлар тилиб-ёриб ташлайди... шунинг учун ҳаммасининг қўли қонаб юради — қонли; қангли дегани ўшандан бўлса керак», деб «жиддий» мулоҳаза билдирадилар. Бир ҳисобда бундай мулоҳазада ҳам жон борга ўхшайди. Дарҳақиқат, қадим замонларда қанглилар дашту далаларда, чўлу биёбонларда от суриб, сурон кўтариб ўтган; ёвнинг ҳиди келиб қолса, ўзларини мастликка солиб сўлим гўшаларига биқиниб олмаган, балки урхон кўтариб салт юриши, керак бўлса, «салиб юриши» қилган — ўлган, ўлдирган, зинҳор юртини ёвга ташлаб қочмаган. Аммо, нажот истаб келганлар-га паноҳ берган, имдод сўраб келганларга мадад берган — қанглилар мана шундай яшаган. Чунки улар будун бўлган, халқ бўлган...
Дафъатан юқоридаги фикр-мулоҳазалар асоси пучдек туюлиши мумкин. Лекин биз уни асосли деб ҳисоблаймиз. Негаки, Қўқондан Бағдод сари ғизиллаб келаётган автобусингиз Қангли қишлоқлари туркумини ўнг тарафида (ортида) қолдирмасдан, сўл тарафда «Хитой» қишлоқлари туркуми бошланади: бири «Катта Хитой», бошқаси «Кичик Хитой» дейилади... Шу хитойлик ўртоқларимизни «божин» десак ғашлари келади. Билма-дик, «божин» сўзининг луғавий маъноси нима экан? Агар шарқшунос Пельо таклиф этган усулда мағзини чақадиган бўлсак, «бож+ин» деган икки бўғинли сўз пайдо бўлади Демак, «бож олинадиган жой, ин, уя» ҳозирги замон тили билан айтганда,«божхона» маъносини англатса керак. Бундай мулоҳаза нотўғри бўлиши мум кин. «Ин» қўшимчаси балки хитой ёки мўғул тилида бошқача маънони англатар. Афсуски, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати да «божин» сўзини учратмадик. Хуллас, Қангли қишлоқлари нинг сўл тарафи да «хитойликлар» яшайди. Боя «Қадимий турклар»дан келтирганимиз кўчирмада айтилишича, «туркий тилли қавмлар ўша замонлардаёқ (эрамизнинг VI асри назарда тутилаётир — Н. Б.) Ғарбий Олтой ҳудудларини тарк этиб, қадимий булғорлар, қанглилар, хунлар яшайдиган элларга тарқалиб кетади». Агар қанглилар VI асрда Сирдарёнинг ўрта оқимида ҳам муқим яшаганини эътиборга олсак, Ғарбий Олтойдан (Хитой тарафдан) туркий тилли қавмлар қондошлари, жондошлари — қанглилар паноҳидан нажот топганини тасаввур қилиш унчалик қийин бўлмайди. Зеро, қанглилар нажот истаб келганларга паноҳ берган, имдод сўраб келганларга мадад берган... Қўшни қишлоқнинг номи масаласига келсак, Хитой чегараларидан келган кишилар, аслида, турклар ёки туркют бўлсаларда, аммо маҳаллий аҳоли уларни бошқа туркий қавмлар билан адаштириб-чапкаштириб юбормаслик ниятида «хитой» деб атайди — шуниси қулай, шуниси ишончли туюлади, шекилли (орадан 1500 йил ўтиб, Нева соҳилидан чиққан арслонқалб донишманд ҳам қадимий туркларни бошқалар билан чалкаштириб юбормасликни кўзлаб, шартли равишда «туркют» атамасини илмий истифодага киритади, яъни файласуф тадқиқот жараёнида турк руҳига, турк қалбига ҳамоҳанг бўлган бирдан-бир тўғри йўлни танлайди).

ТАНГРИДАН КЕЛГАН АМР:

— Турк будун йўқолмасин! Турк будун йўқ бўлмасин! Турк будун бўлсин!

«Тарихни хронологиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Даврийликдан (циклдан) вақт масофасига, кетма-кетлик-ка ўтиш — жўнликдан тарихга ўтиш демак. VI асрда турклар ҳали вақт ўлчамига эга эмасди, фақат майсанинг кўкаришига қараб вактни белгилардилар. VIII асрда турклар мучал туркумини вақт ўлчами сифатида қабул қилади: «ҳар бир йил битта ҳайвон номи билан аталади ва 12 йилдан сўнг мучал такрорланади. Ўрта ва Шарқ Осиесида яшайдиган барча халқлар ҳозир ҳам мучал ҳисобини билади. Мучал қачон пайдо бўлган, қаерда пайдо бўлган, қандай пайдо бўлган деган махсус муаммо ҳануз узил-кесил ҳал қилингани йўқ, биз бу муаммога атрофлича тўхталиб ўтирмаймиз. Лекин бир нарсани айтиш мумкинки, мучал жанубда пайдо бўлгани аниқ. Чунки номлари мучал қилиб олинган ҳайвонлар орасида маймун ҳам бор. Туркларнинг мучал ҳисобига ўтиши уларнинг халқаро алоқалари кучайганини кўрсатади.
Туркларда тарих фалсафаси, ҳатто унинг икки йўналиши мавжуд бўлган. Масалан, Хитойда таълим олиб келган Тўнюкук — прагматик эди. Унинг фикрича, одам ҳамма ишни ўзи қилади; халқ билан хоқоннинг фойдасини кўзлаш керак. Мулоҳазадан кўриниб турибдики, биринчи ўринга шахснинг «мен»и чиқяпти, бу — соф волюнтаризм! Айни чоғда Тўнюкук ди-ний тушунчаларни-да унутмайди: «Тангри менга билим берди», дейди. Аммо, боя таъкидланганидек, ердаги бошқа ишларни Тўнюкук ўз қўли билан қилаверади. Бундай ақида — деизмдир. (Худони тан олади, лекин унинг табиат тараққиётига дахли йўқ деб билади — Н. Б.) Мана шу ўринда Тўнюкукнинг Хитойдан ўрганиб келган билими ўзини кўрсатади» (340-бет).
«ЙИўллуқтегин эса масалага бошқача ёндашади. У дунёқараши жиҳатидан теист эди. (Худо оламни яратган ва уни идора қилади деб билади — Н. Б.) Жанг арафасида туркларнинг тангриси Ер-Сув бундай дейди: «Турк будун ўлмагай!» Бундан кўриниб турибдики, Йўллуктегин художўй эди!» (341-бет)

ЙЎЛЛУҚТЕГИН НИДОСИ:

— Забун тақдирингга, қўлдан кетган давлатингга, хор бўлган хоқонингга, зор бўлган элингга мотам тут, турк будун! Ўзинг йўлдан адашдинг, ўзинг ёмонларга ёндошдинг! Азиз Ўтукан юртингни ташлаб, бошинг оққан тарафларга кетдинг ва топган-тутганинг шу бўлдики, қонларинг сувдай оқди, суякларинг тоғдай уюлиб етди, ўғлонларинг қул бўлди, қизларинг чўри бўлди, хоқонинг нобуд бўлди...

660 йилда биринчи Буюк турк қоғооноти парчаланиб кетади. Аммо эрксевар аждодларимиз мустақиллик, озодлик йўлида курашаверадилар.
«682 йилда Қутлуғ қўзғолон кўтарди. Қутлуғ Эпхоннинг (биринчи турк қоғоонотининг охирги хоқони — Н. Б.) узоқ қариндоши бўлади. У қадимий турк зобитларининг «тутун» унвонини ўзига мёрос қилиб олади... Бундан ташқари, ҳарбий унвонларнинг эски тартибини, интизомни қайта тиклайди. Оломонни кўр-кўрона равишда курашга тортиш ўрнига аслзодалардан иборат сараланган даста тузади. Муҳими шундаки, Ашида, Тўнюкук каби Хитойда таълим олиб кел-ган малакали ҳарбийларни қаватига жалб қилади. Зиёли кишилар душмаининг заиф томонларини ҳам, демак, қаерига уриш кераклигини ҳам яхши биларди. Дарҳақиқат, тез орада кураш йўналиши бутунлай ўзгариб кетади. Қутлуғ ўзини «Элтериш қоғоон» деб эълон қилади...» («Қ.т.», 273-274-бетлар).
Ўн бир йиллик тинимсиз жангу жадаллардан сўнг, 693 йилда Қутлуғ — Элтериш қоғоон вафот этади. Унинг иниси Мочур тахтни эгаллайди ва «Қопоғон қоғоон» унвонини олиб курашни давом эттиради. Қопоғон қоғоон ҳаети кўп жиҳатдан ибратлидир. Шундай қилиб, империянинг мунтазам армиясига қарши курашга фақат турклар бардош беради. Хўш,  улар нетиб шунга эришди? Қутлуғ издошларининг мафкураси бормиди? Қуролни топшириб, ёвга таслим бўлиш ва хожалари қошида роҳат-фароғатда яшаш ўрнига, саҳрога чекиниб кетган баҳодирларнинг матлаби не эди?
Йўллуқтегин томонидан тузилган битикларда Қутлуғ — Элтериш қоғоон  тилидан айтилган Хитой тўғрисидаги салбий фикр-мулоҳазаларни учратамиз: «Бизга чекланмаган миқдорда олтин, кумуш, ичимлик, буғдой, ипак берган тобғачларнинг сўзлари ширин, қимматли буюмлари эса мулойимдир. Улар ширин сўзларию муҳташам буюмлари билан овлоқларда яшайдиган халқларни ўзларига маҳлиё қилиб олди. Содда халқларни яқин жойларга кўчириб келтириб, уларни бемаъни қилиқларга ўргатди», дейилади битикда (Қўлимизда қадимий турк битикларининг асл нусхаси йўқлиги туфайли биз рус тилидаги матнни таржима қилдик. — Н. Б.). Кўриниб турибдики, Йўллуқтегин бобосининг номидан кўчманчилар турмушига Хитой маданияти суқилиб киришига эътироз билдираетир. Боз устига, моддий маданият Хитой мафкурасини кўчманчилар онгига сингдириш воситаси сифатида талқин қилинаётир. Конфуций асарларида ҳам кўчманчиларни бўйсундириш учун айнан шунақа йўл-йўриқлар тавсия этилади. Демак, Йўллуқтегин Хитойда таълим олаётган кезлари Конфуций таълимоти билан танишган кўринади.  Йўллуқтегин таъкидлайдики, агар халқ ўзлигини сақлаб қолишни истаса, қанча пул тўлашларидан қатъий назар, асло ёлланма аскарларга ёки жазокорларга айланиб қолмаслиги керак. Чунки ёлланма малайларни хўжаиин ҳеч қачон поигоҳдан юқорига ўтказмайди; жарақ-жарақ олтин тангалар ҳам, ипаклар ҳам қарамликни яшира олмайди. Хуллас, Йўллуқтегин сотқинлик мафкурасига аллақандай хомхаёлларни эмас, балки аниқ-равшан дастуруламални — қоғоонотни тиклаш тўғрисидаги дастурни қарши қўяди. «Эй турк будун! Агар сен анави тарафга қараб кетсанг, ҳалокат ёқасига борасан. Агар Отаюкун элида қолсанг, фақат ўлпон йиғиб келиш учун карвонларни жўнатиб ўтирасан. Мусибат нелигин билмай яшайсан. Ҳатто Отаюкун авоми бўлсанг ҳам ўз элингни тузишинг мумкин. Ва сен, турк будун, албатта фаровон бўласан!» («Қ. т.», 282-283-бетлар).
Элтериш қоғооннинг васиятлари билан қуролланган Қопоғонхон тариқдай сочилиб ётган турк элига бош бўлади; қоғоонот паноҳида турк будунни бирлаштириш ғоясини туғ қилиб кўтаради.
Қоғоон олдида бир талай ички сиёсий вазифалар кўндаланг бўлиб турарди. Аввап таъкидланганидек, қадимий турклар элида тож-тахт вориси тўғрисида махсус қонун бор эди. Ўша қонунга кўра, агар тождор оға ўлса — иниси, амаки ўлса — жияни тахтни эгаллаши лозим эди. Тахт отадан болага мерос бўлиб қолмасди. Хитойликлар бундай тартибни бемаъниликдан бошқа нарса эмас деб ҳисоблайди, шу боис туркларнинг анъаналарини назар-писанд қилмасдан, ички ишларига ҳам аралаша бошлайди. Бироқ, қоғоонот тиклангач, турклар эски қонунларини ҳам тиклайди; шу қонунга мувофиқ равишда Мочур — «Қопоғон қоғоон» унвонини олиб тахтга ўтиради. Аммо у ёшлигида Хитойда таҳсил кўргани учунми, ҳартугул, тахтни жияни Мўғулёнга эмас, балки ўғли Фуғюга мерос қолдиришга қарор қилади. Эски турк қонунига, анъанасига хилоф йўл тутабтганини билади, албатта. Шу боис эҳтиет чорасини ўйлаб топади, яъни зудлик билан «кичик қоғоон» мартабасини («шод» — валиаҳддан юқори мартаба) таъсис этиб, шу мартабани ўғлига инъом қилади. Жияни Мўғулённи эса ғарбий ҳудуддаги нотинч тардушлар элига ҳоким этиб тайинлайди. Айтиш мумкинки, жияни ёв қўлида ўлиб кетса ҳам ичи ачишмасди» («Қ.т.», 286-бет).
Шундай қилиб, Қопоғонхон турк элининг қадимий қонунига ўзбошимчалик билан ўзгартиш киритади, қонунни ўз манфаатига бўйсундиради. Яъни буюк ғоя йўлида жон олиб-жон бераётган буюк ШАХС майда манфаатни эл манфаатидан устун қўйиб юборади. Майдалашади, маҳдудлашади — паст кетади. Ҳозирги замон ибораси билан айтганда, гўё турк қонунларининг муҳим моддасини «тахт вориси тўғрисида»ги халқаро ҳуқуқ стандартига мослаштиради ва «Энди бизни хитойликлар калака қилмайди, энди бизга тирғалмайди», деб аъёнларини ишонтирмоқчи бўлади. Ўша пайтларда аъенларўзларини маъқул-беклардек кўрсатган бўлса-да, лекин қоғооннинг далил-дастакларига асло ишонмайди. Элбошилар ўртасида ички ишончсизлик пайдо бўлади. Афсуски, бу ишончсизликни улар 18 йил яшириб, 18 йил кин сақлаб юради. Орадан 18 йил ўтгач, 714 йилда Тан империясининг «буюртма»си билан қоғоонот қарамоғидаги уруғлар ўртасида уруш бошланади. Эл тақдири, мустақиллик тақдири хавф остида қолган қалтис бир пайтда Қопоғонхоннинг ўзбошимчалиги жуда қимматга тушади — турк будуннинг олтин бошлари беҳуда қурбон бўлади.
«Бу пайтда донишманд Тўнюкук жуда кексайиб қолган эди, энди у турк лашкарига бошчилик қилолмасди. 716 йилда донишманд чол 70 ёшга тўлади. Қогоонот мустақиллигини асраб қолишдек муқаддас ва машаққатли вазифа Култегин зиммасигатушади. Утўрт йил—711-715 йиллар мобайнида қарлуқларга қарши кураш олиб боради ва фақат 716 йилда Тамуғ тоғи этакларида бвни тор-мор қилади, уларни Қопоғонхон тасарруфига бўйсундиради. Лекин бутун эл аллақачон қўзғолон гирдобига ғарқ бўлган эди; Култегин қоғоонот қароргоҳига қайтаётиб, йўлда азлар уруғининг қаршилигига учрайди. Азлар Ғарбий Мўғулистондаги Қоракўл соҳилида янчиб ташланади.
Култегин қоғоонот пойтахтига келса, уруғлар ўртасидаги уруш авж олган бўлади. У қаҳр-ғазабга тўлган баҳодир жангчиларини қаватига олиб, изгиллар устига ташланади; тез кунларда изгиллар уруғи деярли қириб ташланади, кейинчалик изгиллар-нинг номи тарихдан ўчиб кетади.
Қопоғонхон жияни Култегиннинг шон-шуҳратига ҳасад қила бошлайди. Шу боис 716 йилнинг баҳорида тўққиз ўғуз устига ўзи лашкар тортиб боради... Қопоғонхон қўзғолончиларни саҳронинг шимолий қумлоқ ҳудудларига суриб бориб, бутунлай тор-мор келтиради. Бу жанг тўғрисидаги тафсилотлар маълум эмас.
Кейин бойирғи уруғига навбат етади. Улар 716 йилда Тола дарёси соҳилида таслим бўлади. Худди шу жойда тарихий тасодиф рўй беради: ғолиб бўлиб қайтабтган Қопоғонхон шахсий соқчилари даврасидан ажралиб чиқадию негадир оғир ўй-хаёлларга чўмган кўйи ёлғиз ўзи ўрмонда сайр эта бошлайди. Айнан шу ерда қирғиндан қочиб қутулган бойир-ғи уруғининг қолган-қутган жангчилари яшириниб турарди. Улар хаёл суриб юрган чавандозга ҳамла қилиб ўлдиради. Сўнгра Қопоғонхон боши Хитой элчисига совға қилиб юборилади. Бу ноёб совға қоғоонот ҳудудида бошланиб кетган фуқаролар уруши бевосита Тан (Хитой) империясининг буюртмаси эканини кўрсатади.
Қопоғонхон ўлимидан кейин тахт вориси масаласи қайта кўтарилади. Маълумки, Қопоғонхон тўнғич ўғлига «кичик хон» унвонини инъом этиб, уни тахт вориси қилиб тайинлаган эди. Аслида, эски қонунга кўра, ҳозир тардушлар элида ҳоким бўлиб турган Мўғулён тахтдор бўлиши лозим эди. Масаланинг назарий томони шундай. Амалда эса Култегин турк элининг шубҳасиз ягона йўлбошчиси эди.
Култегин дарҳол ташаббусни қўлга олиб, ҳарбий тўнтариш қилади: ўзи қўриқлаб турган қароргоҳга ҳужум уюштиради. Қўмондон ўринбосари Алп Элэтмиш ҳам Култегинни қўллаб-қувватлайди. Натижада давлат тўнта-риши ғолибона ниҳоя топади. Кичик хон ва Қопоғонхоннинг барча маслаҳатчилари қатл қилинади. Қопоғонхон фарзандларидан фақат ўша пайтлари Хитойда таҳсил кўраётган ўғли Мотегин ва Ашид Мими деган кимсага эрга чиқиб кетган ўн етти яшар қизи тирик қолади, холос.
Култегин эски турк қонунини бузмайди, ўзи тахтни эгаллаб олмайди: оғасига «Билгихон» унвонини тортиқ қилиб, уни тахтга ўтқазади. Билгихон ўз навбатида Култегинни лашкарбоши лавозимига тайинлайди. Акобирлардан фақат донишманд Тўнюкук — янги қоғооннинг қайнотасигина омон қолади» («Қ.т.», 312-314-бет-лар).
Хуллас, 696 йили Қопоғонхон томонидан ноўрин ислоҳ қилинган эски турк қонуни турк будун ўғлонларининг ноўрин кесилган олтин бошлари эвазига 716 йилда Култегин та-шаббуси билан асл ҳолига келтирилади. Қоғоонот сунъий офатга — зилзилага учрайди, лекин турк будуннинг уч баҳодири — Тўнюкук, Култегин, Билгихон қоғоонотни асраб қоладилар, қалтис бир вазиятда бутун масъулиятни, савобу гуноҳларни зиммаларига оладилар, қатъият билан ҳаракат қиладилар. Буюк ғоя — мустақиллик ғояси, озодлик ва бирлик ғояси уларни мисли йўқ синовга дучор қилади. Улар синовдан шараф билан ўтадилар ва номларини турк будун тарихига абадий битадилар.

БИТИКТОШ НИДОСИ:
— Култегин йигирма олти ёшида ёв устига лашкар тортди. Найза бўйли қорни ёриб ўтиб, Кўгман йишга кўтарилиб, ёвни уйқуда босди. Култегин Байирқулнинг оқ отини миниб ҳужум қилди; бир ёвни ўқ билан урди, икки ёвни бир найзага кетма-кет санчди. Култегин остидаги оқ отнинг бели синиб кетди. Жанг шу қадар зўр бўлдики, зўриқиб кетган от унга дош бермади, аммо Култегин дош берди, ғолиб келди.

ТЎНЮКУК НИДОСИ:
— Хоқонни ҳам қўлга олайин, дедим. Биров арриқ буқа билан семиз буқанинг фарқини тезагидан билса, биров арриқ буқа билан семиз буқанинг фарқига бормас эмиш... Мен Тўнкжук билгич бўламан. Агар Элтариш хоқон зафар қозонмаганда борми, мен ҳам зафар қучмас эдим. Мен бўлмасам, Қопоғонхон турк будунга қоғоон бўлмас эди, турк будун ҳам бўлмас эди.

Қопоғонхон турк будунни боши берк кўчага тиқиб кетган эди.
Шубҳасизки, Қопоғонхон буюк жасорат ва буюк ҳарбий истеъдод соҳиби эди. Бироқ, у кўҳна тарихнинг хавф-хатарли ва ниҳоятда мураккаб бурилишида йўлдан озиб қолади; тўғри маънода ҳам,Кўчма маънода ҳам тангадек қубш нури тушмайдиган қоронғи ўрмонга кириб, шафқатсиз ев қўлига асир тушади ва азиз бошидан жудо бўлади. Кейин энг яқин кишиларини ҳам, азиз кишиларини ҳам орқасидан гўрга судраб кетади. Чунки «улуғворлик ва тубанлик алоқага киришган жойда мувозанат йўқолади» (Лао Цзи). Қопоғонхон айнан мувозанатни йўқотган эди. Аниқроғи, ижтимоий мувозанатни бузиб қўйган эди.
Шахсий манфаат билан миллий манфаат (демак, эл манфаати) ўртасида мувозанат бўлиши керак. Шахсий манфаатдан минг мисқол чегириб қолинса ва «иқтисод» қилинган шахсий манфаат улуши миллий манфаатга қўшиб (сарфланиб) юборилса, буни миллатпарварлик дейдилар. Агар миллий манфаатдан бир мисқол чегириб қолинса ва «уриб» қолинган миллий манфаат мисқоли шахсий манфаатга сарфлаб юборилса, буни манфаатпарастлик дейдилар. Буюк бобомиз ҳазрат Алишер Навоий шахсий манфаат билан миллий манфаат (эл манфаати) тўғрисида бундай дейдилар:
Қилса менга минг жафо — бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо — минг қатла фарёд айларам.
Хўш, қадимий турк қоғоонотида давлат сиёсати даражасида эл манфаати қандай мавқега эга бўлган?.. «Қадимий турклар» китобида ижтимоий турмушнинг мана шу жабҳаси ҳам батафсил акс эттирилади.
«VI аср Ўрта Осиё учун иқтисодий ва маданий юксалиш даври бўлди. Муҳташам шаҳарлар қад кўтарди, кўркам боғ-роғлар барпо этилди, ҳунармандчилик ва тижорат ишлари ни-ҳоятда равнақ топди. Тажрибали сўғдийлар устамон савдогар-воситачи сифатида ўзларини кўрсатди. Улар Хитой билан Ўрта Ер денгизи миёнасида мунтазам алоқа ўрнатади; Буюк ипак йўлидан унумли фойдаланади. Бироқ, жужонларнинг талончилик юришлари, хайталларнинг (эфталитлар) тинимсиз уруш-жанжаллари тижорат ишларига тўсқинлик қиларди («Қ.т.», 41-бет).
Фирдавсийнинг гувоҳлик беришича, туркютлар босиб борган пайтда сўғдийлар ҳўнграб йиғлай бошлайди. Аммо, хайталлар қаватига кириб, туркютларга қарши жангга тушишни асло истамайдилар. 565 йилда Насаф (Қарши) остонасида бўлган муҳорабада хайталлар енгилади ва уларнинг ҳукмронлигига чек қўйилади («Қ.т», 40-бет).
Бепоён чўлу биёбонларни ва Сўғдиёнани тасарруфига олган туркютлар тижорат учун қулай имконият яратади. Сўғдийлар туркют қоғоонотининг садоқатли табъасига айланади. Қоғоонот учун ҳам бундай садоқатли табъа ниҳоятда фойдали эди.
Хайталлар билан Шимолий Хитой ҳокимияти тор-мор этилгач, туркютлар фақат сиёсий жиҳатдангина ; эмас, айни чоғда иқтисодий жиҳатдан ҳам қудратли кучга эга бўлади. Гарб билан Шарқни боғлайдиган Буюк ипак йўли энди уларнинг их тиёрига ўтиб қолади.
Тижоратдан катта фойда кўриларди. Хитойликлар қироличалари учун Эрондан қимматли қош бўёқлари келтирарди. Эрон гиламлари ҳам ноёб I маҳсулот ҳисобланарди. Бундан ташқари, Қизил денгиздан олинадиган марваридлар, асл дурлар, Сурия ва Мисрнинг газмоллари, Кичик Осиёнинг гиёҳванд моддалари ҳам Хитой бозорларида харидоргир ҳисобланарди. Албатта, тижорат ишларида ипак алоҳида мавқега эга бўларди: Август давридан эътиборан (Август — эрамиздан аввалги 31-йилда куйиккан Рим саркардаси Марк Антоний билан Миср  қироличаси   Клеопатранинг бирлашган қўшинлари устидан мутлақ ғалабага эришган жаҳонгир сўнг ўзини «Рим императори» деб эълон қилади; эрамизнинг 14-йилида вафот этади — Н. Б.) Оврупога : ипак маҳсулотлари олиб бориларди.. Византия империясининг ипакка бўлган эҳтибжи жуда катта эди: ипак фақат аркони давлат ва  аслзодаларнинг талабини қондириш учун сарф-ланмасди, айни пайтда кўчманчилар билан муомала воситаси — валюта ҳисобланарди ипак воситасида аскарлар хизматга ёлланарди, мададкор қўшин тузиларди.
Бироқ, Византияни қимматли маҳсулот билан таъминлаб турадиган йўл Эрон ҳудудидан ўтарди: сосонийлар ҳукўмати эса карвон йўлларини (тижоратни) муттасил назорат қилиб турарди. Эронийлар ипак хомашесининг катта қисмини бож тўлови сифатида карвонлардан олиб қолар ва қайта ишлов берилган тайёр маҳсулотларни ўзлари истаган баҳода Ғарб мамлакатларига сотар эди («Қ.т.», 41-43-бетлар).
Эрон ҳукумати ипак савдоси масаласида ҳеч ким билан ҳеч қандай битишувга йўл қўёлмасди. Агар катта миқдордаги ипак тўғридан-тўғри Византияга ўтказиб юборилса, бир неча йилдан сўнг Евфрат дарёси соҳиллари ёлланма аскарларга тўлиб кетарди: Эрон бутун аҳолисини оёққа турғазган тақдирда ҳам Византиянинг ёлланма қўшинлари ҳамласини қайтара олмасди. Ипак маҳсулотларининг ҳаммасини мамлакат ичкарисидаги бозорда сотамиз дейишса, аҳолининг харид қуввати кўтармасди — камбағал эди. Шоҳ салтанати манфаатини кўзлаб ипак сотиб олишга мажбур бўларди; жарақ-жарақ пошшойи тангаларидан воз кечарди. Аммо бу тангалар Шарқ оламида манфаатдор сиёсат юритиш учун ниҳоятда зарур эди. Айни чоғда Византия империяси учун Гарб оламида манфаатдор сиёсат юритиш учун ипак ниҳоятда зарур эди (45-бет).
Эронийлар билан аварлар томонидан қисди-қафасга олинган Византия империяси туркют қоғоонотидан иттифоқчи сифатида фойдаланишга зўр оеради. Бир неча йил давомида турк-ютлар қошига Евтихий, Иродион, Павел Киликий, Анангаст бошчилигида элчилар юборилади. Агар мана шу саъй-ҳаракатлар самарали бўлса, Шарқ билан Ғарб миёнасида мустаҳкам кўприк бунёдга келарди. Афсус-ки, тарих бошқа ўзандан кетади (47-бет).
Аварлар Византия империяси билан пинҳоний битим тузади ва давлат мустақиллигини Византия томонидан эътироф эттиради. Туркют қоғооноти манфаатларига зид ўлароқ, Буюк ипак йўлида яна битта давлатнинг пайдо оўлиши қоғоонга маъқул келмайди. Натижада Буюк турк қоғооноти билан Византия империяси ўртасига совуқчилик тушади. Шу боис 576 йили Валентин бошчилигида ташриф буюрган Византия элчилари хушламайгина кутиб олинади. Элчини вилоят ҳокимларидан бири қабул қилади ва баландпарвоз қутловга жавобан ҳоким бундай дейди: «Ўнта тилию битта блғони бор ўша румлик сизми?» Тин олиб, ҳоким ўн бармоғини оғзига тиқиб кўрсатади, сўнг давом этади: «Худди менинг оғзимда ўнта бармоқ бўлгани каби румликларнинг оғзида ўнта тили бор экан. Битта тилингиз билан бизни алдайсиз, бошқа тилингиз билан эса бизнинг қулларимизни — аварларни аврайсиз...»
570-576 йиллар давомида туркютлар Шимолий Кавказни бўйсундиради. Уларнинг мадади билан Византия тавсия қилган номзод Гуарам Багратид (575 йил) Шимолий Кавказга ҳоким этиб тайинланади. Лекин Византия қоғоонотнинг ғарбий ҳудудларига чегарадош ўлкада аварлар давлати барпо этилишига имкон яратади. Яъни туркютларнинг орқа тарафидан зарба берилишига шароит туғдиради. Оқибатда икки орада энди йўлга қўйилабтган алоқа узилиб кетади. 576 йилда туркютлар Боспор шаҳрини ишғол қилади. Бу ҳодиса туркютлар энди Византияга қарши кураш бошлаганини кўрсатарди... («Қ.т.», 49-50-бет).
Кўриниб турибдики, Буюк Турк қоғооноти миллий манфаатга мос келадиган давлат сибсатини ишлаб чиқади ва дунё миқёсида миллий манфаатларини ҳимоя қилишга интилади. Улар Хитой, Византия, Эрон империялари билан теппа-тенг муомала қилади.

БИЛГИХОН НИДОСИ:
— Биз қарлуқни ҳам қўлга ол дик. Аз халқи ёвлашди. Улар билан Қоракўлда жанг қил дик. Бу пайт Култегин ўттиз бир яшар эди. У Алп Шал чининг оқ отини миниб ҳужум қилди, от ўлди. Изгил халқи ҳам ўлди. Тўққиз ўқуз ўз халқим эди; еру осмон ўртаси фитнага тўлиб, у ҳам бизга ёвлашди... Култегин Азманинг оқ отини миниб ҳужум қилди..

Тақдир тақозоси билан Буюк турк қоғооноти 300 йилдан ортиқроқ давр мобайнида тарих саҳнасида Хитой империясига бн қўшни бўлган. Лекин жон қўшни бўлганми?.. Бу саволга «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб қайтарилса, тарих жўнлаштирилган бўларди. Икки буюк салтанатнинг, икки буюк халқнинг муносабатлари ҳаёт каби мураккаб бўлган. Улар ҳар доим бир-бирига муносиб дўст бўлган, ҳатто ёвлашган пайтларида ҳам бирбирига муносиб бўлган. «Қадимий турклар» китобининг саҳифаларидан бунга брқин мисолларни кўплаб топиш мумкин.
Кўплаб саҳройи баҳодирлар хитойи қўмондон Ли Юан туғи остида бирлашади. Улардан: «Хитоймисан ё туркмисан?» деб сўраб ўтиришмасди; миллий ғурурни камситмаган ҳолда ҳарбийхизматгаолишаверарди. Саҳройи йигитларни сулув хитойи қизларга уйлантириб қўйишарди; бундай оилаларда соғлом фарзандлар дунёга келарди. Тақдиридан рози бўлга.н йигитлар ҳарбий хизматга жонларини фидо қиларди. Хитой империяси шу тарзда равнақ топади, қаддини ростлайди. Шу тарзда (яъни турк йигитла-ри билан хитойи қизларнинг никоҳидан) «тобғач» деб ном олган халқ туғилади. Уша даврлардаёқ Буюк Хитой деворига ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди: тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам девор бузиб ташланади. Хитойда хорижий маданиятга қизиқиш ниҳоятда кучайиб кетади. Ҳатто «Хитойча-туркча луғат» тузилади. Афсуски, ўша луғат ҳозиргача сақланиб қолмаган. Туркий-мусиқалар Бэй Чжоу замонидан бошлаб император саройида севиб тингланади. VII асрнинг 20-йилларида империя пойтахти Чананида ўн мингта туркют оиласи истиқомат қиларди. Уларнинг кийимбошларига, юриш-туришига хитойлик аслзодалар мудом тақлид қилар, туркий нимарсалар урф бўлиб кетар эди». («Қ.т.», 176-бет).
Аммо, қарс икки қўлдан чиқади. «Ўша пайтгача маданий алоқалар стихияли тарзда кечган бўлса, 618 йилдан эътиборан бундай алоқалар онгли равишда рағбатлантирилди. Қизғин кўтарилиш, улғайиш даври қутлуғ жараёнга замин яратиб берди: Суй сулоласи зулмидан безор бўлган хитойликлар оммавий равишда туркют қошига қочиб борарди ва уларнинг қўноқларидан паноҳ топарди. Кўп ўтмай, хитойликлар меҳмондўст хўжайинлари билан қондош бўлиб кетарди» («Қ.т.», 175-бет).
Қадимий турклар нажот истаб келганларга албатта паноҳ берган.
Қадимий турклар имдод сўраб келганларга албатта мадад берган.
630 йилда мағлубиятга учраган туркютлар қириб юборилиши мумкин эди. Лекин ундай бўлмайди. Асир олинган Кат Элхон (Хитойнинг ярмини тити-пити қилиб юборган туркютларнинг қоғоони — Н. Б.) император қошига келтирилади. Император унга: «Ахлоқсиз экансан! Суй хонадонидан туз ичиб, тузлиғига тупурдинг! Халқдан сўрамасдан уруш бошладинг! Хитой деҳқонларини хонавайрон қилдинг! Музокара пайтида қочиб кетдинг!» деб қатор айблар тақади. Айблар тақади-ю, аммо барча гуноҳларидан кечиб, асир олинган қариндош-уруғларини, хизматкорларини қоғоонга қайтаради. Бир четда тинчгина яшаши учун имконият яратиб беради. Кейинчалик император Кат Элхонни йирик ҳарбий лавозимга тайинлайди. Элхоннинг ичидан зил кетиб, руҳан эзилиб юрганини эшитгач, уни Хочжоу ўлкасига ҳоким қилиб юборади. Афсуски, ҳокимлик мартабаси ҳам Элхонга таскин бермайди: у доим ўй суриб юради, мунгли қўшиқлар айтиб юради ва уялмасдан ҳўнг-ҳўнг йиғлайверади. 634 йили Кат Элхон Ватан соғинчидан эзилиб-эзилиб вафот этади; уни туркютларнинг расм-русумларига биноан дафн қиладилар» («Қ.т.», 207-бет).
Хитойликларга ва туркютларга етакчилик қилган шахслар ижтимоий конъюктуранинг қуллари эмасди. Улар буюк ғояларнинг қуллари эди. Буюк ғоялар истеъдодли шахсларни, шубҳасиз, янада буюклаштириб юборади.

ЙЎЛЛУҚТЕГИН НИДОСИ:
— Култегин қўй йилида, ўн еттинчи куни вафот этди. Тўққизинчи ойнинг йигирма еттисида азасини ўтказдик. Мақбарасини, битиктошини Маймун йилида, еттинчи ойнинг йигирма еттинчи куни батамом тикладик.

Табиатда агар нарсага таъсир қиладиган куч бўлмаса, тўғри чизиқли текис ҳаракат давом этади ёки мувозанат сақланади. Бу — Исаак Ньютоннинг биринчи қонуни. Унинг илмий ифодаси бундай:
«Ҳар бир жисм унга бирор куч таъсир қилмагунча ўзининг тинч ҳолатини ёки тўғри чизиқли текис ҳаракатини сақлайди».
Афсуслар бўлсинки, фашистлар  устидан қозонилган ғалабадан сўнг собиқ СССР ҳудудида яна бетаъсир кучлар бош кўтаради: аввал, ВКП(б) Марказқўми қарорларида жиддий дўқ-пўписалар даври бошланади; уруш йиллари шарафли тарихга нисбатан тўғри шакллана бошлаган жа-моатчилик фикри чалғитилади... Ошкора репрессияга ижтимоий замин яратилгач, «қама-қама» авж олиб кетади. Ўзбекистонда уруш йиллари Жалолиддин Мангуберди тўғрисида тарихий трагедия яратган Мақсуд Шайхзода таъқиб этилади... Ленинградда эса қадимий турклар тарихини фалсафий идрок этиш билан машғул бўлган Лев Гумилёв ҳибсга олинади... Худди ўша қора кунларда Лев Николаевичнинг матонатли онаси Анна Ахматова умр бўйи ёзган шеърларию достонларини (кўп қисми ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган эди) қўлёзма ҳолатида гулханга ташлаб, ёқиб юборади. Бироқ, фалокатли кунларда турк баҳодирларининг ўлмас руҳлари Анна Ахматовани бир ўлимдан сақлаб қолади... Лев Гумилёв эса қадимий туркларга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини қора кунлардан ҳам омон-эсон олиб ўтади. Чунки «ҳар қандай таъсирга унга тенг ва қарама-қарши йўналган акс таъсир ҳамма вакт мос келади ёки икки жисмнинг бир-бирига таъсири ҳамма вақт миқдор жиҳатидан тенг ва қарама-қарши то-монга йўналган бўлади». Бу — Исаак Ньютоннинг учинчи қо-нунидир. Кўриниб турибдики, жамият қонунлари доим табиат қонунларидан андоза олади. Лекин кўпинча Ньютоннинг биринчи қонунига амал қилина-ди-ю, учинчи қонуни эсдан чиқарилади. Ваҳоланки, табиат қонуни билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ваҳоланки, табиат қонунидан андоза олган жамият қонуни билан ҳам ҳазиллашиб бўлмайди. Бу масалада ҳазил ҳаром эканини Лев Гумилёвнинг «Қадимий турклар» китоби исботлаб турибди. Керак бўлса, Лев Гумилёв каби арслонюрак зотлар яна-тағин исботлайверади...

БИЛГИХОН НИДОСИ:
— Ё сўзларимда ёлғон борми, турк будун! Бекларим, эшитинглар! Турк будунни тўплаб, эл тутишингизни тошларга ўйиб ёздим. Адашиб-айрилганингизни ҳам тошлар-
га ўйиб, бағримни тилиб ёздим. Эй мендан кейин қоладиган турк будун, мангу тошларга қараб фикр қилингиз, мангу тошларга қараб зикр қилингиз!

ТАНГРИТОҒ НИДОСИ:

— Эй турк будун! Тепангдан осмон босиб тушмаган бўлса, пастда ер ёрилиб ютмаган бўлса, элингни, давлатингни ким бузди?».

Набижон Боқий

----
1 Доктор Насимхон Раҳмон ҳозирги замон ўзбек тилига ўгирган Ўрхун-Энасой битиклари асосида аждодларимизнинг «нидо»си қоғозга туширилди (қаранг: «Қадимий ҳикматлар», Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1987 йил — муаллиф).

 
Баннер