Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Офатлар, фалокатлар, иллатлар
07.02.2011 13:25    PDF Босма E-mail

 

Инсоният бутун тарихи мобайнида бор-йўғи 292 йилгина урушларсиз яшаган.

Англия ва Франсия ўртасида 1337 йилдан 1453 йилгача, жами 115 йил давом этган уруш жаҳон тарихидаги энг узоқ уруш ҳисобланади.

Ҳозиргача Ер юзида жами 15 мингдан ортиқ уруш бўлган, шундан 5700 таси катта урушлар эди, қабилалараро этник урушлар бунга кирмайди. Улар сони ўн олтинчи асрда 106 та, ўн еттинчи асрда 231 та, ўн саккизинчи асрда 703 та бўлса, ўн тўққизинчи асрда 730 тага етган. Ўтган асрда эса Иккинчи жаҳон урушигача 882 та, ундан кейин эса 300 дан ортиқ уруш бўлди.

Урушлар оқибатида ўн еттинчи асрда 3,3 миллион, ўн саккизинчи асрда 5,4 миллион, ўн тўққизинчи асрда 5,7 миллион киши ҳалок бўлди. Ўтган асрдаги Биринчи жаҳон урушида 10 миллион, Иккинчи жаҳон урушида 52 миллион киши қурбон бўлди. 

Мутахассислар ҳисобича, Юлий Сезар давридаги урушларда битта одамни ҳалок қилишга 1 доллар, Наполеон даврида 1000 доллар, Биринчи жаҳон урушида 21000, Иккинчи жаҳон урушида 200.000 доллар миқдорида маблағ сарфланган.

Таниқли иқтисодчи Нобел мукофоти эгаси Жозеф ҳисобича, АҚШ бошлиқ ҳарбий коалитсия Ироқдаги урушга 5 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Аммо Ироқ аҳолисидан қурбон бўлган 3 миллион кишининг хунини нима билан ўлчаса бўларкин?! Ҳарбийлар ҳам 3000 дан зиёд аскарини қурбон беришди, АҚШ армиясининг 16,2 минг аскари яраланди.

Ҳозир куррамизда тўпланган энг ўткир заҳар – сианид қуроли билан 750 миллиард кишининг ёстиғини қуритиш мумкин.
Швейтсариялик олимлар ҳисоб-китобига қараганда, инсониятнинг охирги беш юз йиллик ҳаётида юз берган 14.000 урушда қарийб 5 миллиард одам ҳалок бўлган.

ХХ аср "энг қонли" юзйиллик бўлди, шу асрдаги урушларда жами 70 миллион кишининг ёстиғи қуриди.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда ҳар 20 дақиқада кимдир турли миналарнинг портлашидан ҳалок бўлади.

Йигирманчи аср бошларида минадан қурбон бўлганларнинг 80 фоизини ҳарбийлар ташкил этган бўлса, ҳозир ҳалок бўлаётганларнинг шунчаси тинч аҳоли вакилларидир.

Битта минанинг нархи 3 доллар, уни зарарсизлантиришга эса 1000 доллар маблағ керак бўлади.

Мутахассислар ҳисобича, оддий урушларда қурбон бўлганлардан бир жангчига тинч фуқаролардан 10 киши, ядро урушида эса бир жангчига 100 нафар тинч фуқаро тўғри келади.

Охирги ўн йил мобайнида кечган урушларда 1,5 миллион бола ҳалок бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши мобайнида Ўзбекистонга уруш жойларидан 200 минг бола кўчирилган.

Бугунги кунда бир дақиқада дунёда 25-30 та бола очликдан ўлаётган ёки касалликдан вафот этаётган бир пайтда ана шу бир дақиқа ичида 3,7 миллион доллар маблағ ҳарбий мақсадларга сарфланмоқда.

Иккинчи жаҳон урушининг "қиёфаси" бундай: уруш 6 йил давом этди, унда 60 дан ортиқ мамлакат иштирок этди, урушган давлат аҳолиси сони 1,7 миллиард кишидан кўпроқ эди, 22 миллион квадрат метр майдонда ҳарбий ҳаракатлар кечди, 110 миллион киши қуролли кучлар сафига жалб қилинди, 50 миллион киши ҳалок, 90 миллион киши ярадор ё майиб бўлди, моддий талафотлар ҳажми 4 триллион долларни ташкил этди.

Ўтган аср охирида Тожикистонда содир бўлган фуқаролик уруши натижасида 100.000 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, қочоқлар сони 1 миллион кишига етди.

2008 йили дунё бўйича ҳарбий харажатлар олдинги йилга нисбатан 4 фоизга ўсди ва 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил этди.

Экологик муаммоларни ҳал этишга 50 миллиард доллар, ОИТСга қарши курашга 21 миллиард, очлик ва қашшоқликни тугатишга 15 миллиард, дунё аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини ҳал этишга 10 миллиард, озон қатлами емирилиши олдини олишга ва дунёда саводсизликни тугатишга 5 миллиард доллардан маблағ зарурлиги инобатга олинса, инсоният ўзини ўзи йўқ қилиш учун қанчалик катта маблағ сарфлаётгани ойдинлашади.

Йигирманчи асрда юз берган табиий офатлар оқибатида жами 5,7 миллион киши нобуд бўлган. Энг ҳалокатли офат 1939 йили Хитойда бўлган, кучли сел натижасида 3,7 миллион киши ҳалок бўлган.

Яна Хитойда 1976 йили рўй берган зилзилада 250 минг  киши ҳаётдан кўз юмган.

Табиатдаги энг ҳалокатли ҳодиса зилзила ҳам, вулқон ҳам эмас, балки сув тошқинидир. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, кейинги юз йил ичиида сув тошқинлари оқибатида 9 миллион киши, зилзила ва довулдан эса 2 миллион киши ҳалок бўлган.

1908 йил 28 декабрда Ситсилия оролларининг Италияга қарашли Мессина шаҳрида бўлган 7,5 балли зилзила оқибатида юз минг кишининг ёстиғи қуриди.

1923 йили Японияда бўлган зилзила ҳам юз минг киши ҳаётига зомин бўлди.

Ўзбекистонда энг қаттиқ зилзилалар 838-839 йиллари Фарғонада, 942 ва 1921-1922 йиллари Бухорода, 1208-1209 йилларда Урганчда, 1490 ва 1921 йиллари Самарқандда, 1494, 1620 (Ахсикент), 1927, 1984 (Поп) йиллари Наманганда, 1902 йили Андижонда, 1868, 1924, 1938, 1966 йиллари Тошкентда, 1984 йили Газлида рўй берган.

Амриқо бахтсиз ҳодисалар институти маълумотларига қараганда, эркаклар аёлларга қараганда 68 фоиз кўпроқ машина мажақлашади ва уч баравар кўпроқ ўлимга олиб келувчи фалокат (авария) содир этишади.

Биринчи фазовий фалокат 1967 йили содир бўлди: қирқ ёшли ўрис фазогири Владимир Комаров "Союз-1" кемасида ерга қўнаётиб ҳалок бўлди.

1912 йил 14 апрелга ўтар кечаси улкан "Титаник" кемасининг муз тоғи (айсберг) билан тўқнашиб кетиши оқибатида 1513 киши ҳалок бўлган.

2007 йили Буюк Британияда алкохолли (спиртли) ичимликлардан кўриладиган зарар йилига 20 миллиард фунт-стерлингдан ошди. Ичкилик сабаб бўладиган карахтлик ва турли касалликлар натижасида бир йилда 17 миллион иш куни йўқотилиб, иш берувчилар салкам 6,5 миллиард фунт-стерлинг зарар кўришди. Мамлакат солиқ тўловчиларининг 1,7 миллиард фунт-стерлинг маблағи йилига ана шу бемаъни ишга сарф бўлиб кетади.

Соғлиқни сақлаш хизмати маълумотларига кўра, Англияда мастлик натижасида йилига 1 миллион 200 минг зўрлаш ҳодисаси содир бўлади. Касалхонага тушган ҳар ўн кишидан бири ичкилик туфайли азият чекади. Дам олиш кунлари, ярим кеча, тонгга яқин бу кўрсаткич еттитадан ўнтагача кўпаяди. 1 миллион 300 минг мактаб ўқувчиси майхўр ота-оналаридан зулм кўради.

Ичкиликбозлик туфайли очилган жиноий ишлар сони йилига 7 миллион 300 мингдан ошади. Мутахассислар фикрича, бу рақамлар ўртача кўрсаткичлардир.

Ҳозирги кунда Ғарбда ичкиликбозликка қарши бошланган кураш деярли бой берилган. Яқинда спирт ишлаб чиқарувчи биргина «Smirnoff» фирмаси реклама учун 250 миллион доллар пул сарфлади.

Буюк Британияда ичкиликбозлик йилига 22 минг кишининг ўлимига, 150 минг кишининг хасталикдан ёки кўнгилсиз воқеадан касалхонага тушишига сабаб бўлмоқда. 

Ичкилик зарарини бугунги кунда илм-фан ҳам исбот этмоқда. Франсуз шифокори Дэмме 28 йил мобайнида ўнта оилани кузатган. Бу оилаларда ота ҳам, она ҳам ичкиликка мубтало бўлганлардан эди. Мазкур хонадонларда дунёга келган 57 та боладан 25 таси ёшига етмасданоқ нобуд бўлган. 17 таси руҳий жиҳатдан хаста бўлган, 5 нафарининг бош миясида сув йиғилган, фақат ўнтасигина рисоладагидай ўсган.

Америкада ичкилик ичиш ман қилинган 1920 йили ҳар мингта аҳолидан 13 киши мастлик орқасидан ҳалок бўлган эди, 1925 йилда бу қонун бекор қилиниб, ичкиликка рухсат бўлганидан кейин ҳар минг кишидан 86 нафари мастлик туфайли ҳалок бўлган.

1866 йили Ню-Йоркда икки мингта фоҳиша текширувдан ўтказилганида 569 нафарининг отаси, 347 тасининг онаси мунтазам равишда майхўрлик қилгани, қолганларининг оиласида эса ўртача меъёрда ичилгани маълум бўлган. Хуллас, уларнинг ҳаммаси ичкилик туфайли ёмон йўлга кириб кетгани аниқланган.

Биргина Россияда 2007 йилнинг беш ойида қалбаки ароқдан заҳарланиб, 10 000 киши ҳалок бўлди.

Дунёда қотилликларнинг 70 фоизи, безориликларнинг 80-90 фоизи мастлик оқибатида рўй беради. Агар алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш 35 фоизга камайтирилса, қотиллик 40 фоизга, безорилик эса 25 фоизга камайган бўлур эди.
Доктор Т. П. Симпсон маълумотларига кўра, 1000 нафар тентак бола текшириб кўрилганида 500 тасининг отаси, 70 тасининг онаси, яна шунчасининг ҳам отаси ва ҳам онаси алкоголли ичимлик истеъмол қилиши аниқланди. Тутқаноқ касаллигига дучор бўлган юзта боланинг 60 тасида ота-онаси ароқхўр бўлган.

Л. Орловский тадқиқотларидан маълум бўлишича, Россияда спиртли ичимлик ичувчиларнинг 16-17 фоизида иш унумдорлиги пасайиб кетган, 20 фоизида оилавий қўйди-чиқди бўлган. Жами жиноятларнинг 85 фоизи, безориликларнинг 90 фоизи, қотилликнинг 70 фоизи, кўча жиноятларининг 47 фоизи, уйдаги фалокатларнинг 22 фоизи, ишхоналардаги бахтсиз ҳодисаларнинг 45 фоизи мастликда содир бўлган.

Йигирма беш дона сигаретда икки томчи соф никотин бўлади. Катта ёшли одам ўттиз йилда ўртача 200 минг дона сигарет чекади. Бу, 160 кило тамаки деганидир. Унинг таркибида 500 грамм никотин бўлиб, бу ўн минг кишини заҳарлаб ўлдиришга етади.

22 минг дона сигарет чеккан киши соғлиғини йўқотиш бўйича уран конида ишлаган одам билан тенглашиб қоларкан.
Ўпка ракидан ўлганларнинг 90 фоизи чекувчилардир.

Ер юзида ҳозир 1 миллиард 1 миллион кашанда бор. Чекиш билан боғлиқ хасталиклар туфайли ҳар саккиз сонияда бир киши вафот этяпти. Бу, бир йилда 3 миллион киши нобуд бўляпти, дегани.

АҚШда чекувчи киши корхона эгаларига чекмайдиганларга қараганда йилига 1000 долларга қимматга тушади.
Олмонияда 20 миллион киши чекувчидир.

АҚШда ҳар куни балоғатга етмаган 3000 ўсмир чекишни ўрганади.

Ҳозир дунёда 60 миллион киши бедаво СПИД касалига чалинган, шундан 5 миллиони Жанубий Африкада яшайди. Бу касаллик аниқланганидан буён ундан жами 35 миллион киши вафот этди.

Ҳозирги кунда дунё бўйича икки юз ўн миллион нафардан ортиқ гиёванд (банги) рўйхатга олинган.

1943 йили швейтсариялик кимёгар олим Алберт Хоффман гиёванд моддаларнинг галютсиноген хусусиятини, яъни гиёванд модда истеъмол қилганларнинг кўзига аллақандай шарпа ва тасвирлар кўринишини кашф қилди.

Фақат Афғонистонда гиёванд моддалар ҳисобидан йилига 120–150 миллиард доллар миқдорида фойда кўрилиши аниқланган.

Одам гиёванд моддалар асирига айлангач, ўрта ҳисобда беш йилдан ортиқ умр кўра олмас экан.

Бирор мамлакат аҳолисининг етти фоизи гиёванд моддалар истеъмолига ўтган бўлса, у мамлакатнинг келажаги ҳалокат ёқасида туриши аниқланган.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, бир гиёвандни даволаш учун йилига 8–12 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ керак бўлади.

Аёллар гиёванд моддаларни эркакларга қараганда уч баравар кам истеъмол қилишади, аммо шунга қарамай, кейинги пайтда дунё бўйича банги аёллар сони олти ярим баравар ортгани қайд этилди.

Ҳозирги пайтда Русияда 2,5 миллион гиёванд бор, улардан йилига 30 минги бевақт ҳаёт билан видолашяпти.

Аллома Ибн Ҳожар ал-Маккийнинг "Фатовои Исломийя" асарида инсон саломталиги ва жамият ҳаётига гиёвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтилган.

Овқатда йод моддаси етишмаслиги оқибатида жаҳонда йилига 43 миллион бола ақли заиф, 100 минг бола туғма овсар бўлиб туғилади.

Ҳар йили Ер юзида ўртача 1500 атрофида зилзила бўлади.

Милоднинг ўнинчи асридан буён то ҳозиргача Италияда содир бўлган қирқ минг зилзилада жами 440.000 киши ҳалок бўлди, ўтган асрнинг ўзида 120.000 италиялик зилзила қурбони бўлди.

1925 йил 18 мартда АҚШнинг уч – Миссури, Иллинойс ва Индиана штатларида юз берган қуюн (торнадо) оқибатида 695 киши ҳалок бўлган, 2027 киши жароҳатланган, 40 миллион долларли зарар кўрилган.

1917 йил 23 мартида АҚШнинг Ню-Олбани шаҳрига осмондан турли кийим-кечак, мебел ва шифер парчалари, ошхона жиҳозлари ва ҳатто тузланган бодринг қамалган шиша идишлар ёққан. Маълум бўлишича, бу қуюн (торнадо)нинг "иши" экан.

Юнон тарихчиси Атенеус милоддан олдинги 200 йилда осмондан жуда кўп қурбақа ёққанини ёзган эди.

1940 йил 17 июнда Нижний Новгород вилоятининг Мешери қишлоғида момақалдироқ ва ёмғирдан сўнг осмондан ўн еттинчи асрда зарб қилинган қадимий тангалар ёғилган.

Ўн тўққизинчи аср мобайнида ва ўтган асрнинг биринчи ярмида (фақат тинчлик даврида) 40 минг савдо кемаси сув остига чўкиб кетган, булардан бир қанчаси суғурта пули ундириш мақсадида атайлаб уюштирилгани очилиб қолди.

Барча авиатсия фалокатларининг 90 фоизи самолётларнинг самога кўтарилиш ва ерга қўниш чоғида содир бўларкан.
Амриқода бир йил мобайнида ўртача 30 минг одам ўлдириш жинояти содир этилади.

Амриқолик ўқувчилар мактабни битиргунча телеэкран орқали 8000 та қотилликни кўришади.

Амриқода содир этилган жиноятларнинг бор-йўғи 22 фоизини очишга муваффақ бўлишади.

Ҳар йили Русияда 300.000 киши ишлаб чиқаришда жароҳатланиб, 7000 киши ҳаётдан кўз юмади.

Яқинда Зимбабведа (Африқо) мамлакатдаги сўнгги жаллод вафот этди.

Швейтсария қонунларига кўра, ўлим жазосига ҳукм қилинган жиноятчилар бошқа давлатга қайтариб берилмайди.
Хитой йўл-транспорт ҳодисалари сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Аҳоли жон бошига алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш соф спирт ҳисобида Россияда 11,5 литрни, Олмонияда – 7,9, Финляндияда – 7,5, Полшада 6 литрни ташкил этади.

«Стратегия России» журнали маълумотларига кўра, бугунги кунда Россияда расман 2,4 миллион ашаддий ичкиликхўр мавжуд (уларнинг 60 минги болалардир). Аммо шифокорларнинг тасдиқлашича, бу рақам камида ўн марта камайтириб кўрсатилган.  

Россияда ишлаб чиқарилаётган спиртли ичимликларнинг 70 фоизини эркаклар, 30 фоизини эса қадимда умуман ичмаган аёллар истеъмол қилишяпти.

Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 2006 йилдаги маълумотларига кўра, ҳозир дунёда 500 миллиондан ортиқ киши руҳий касалликлар, асаб тизими бузилиши қийноқларини бошидан кечирмоқда.

Йилига дунёда 20 миллиондан зиёд киши ўз жонига қасд қилишга уринади. Шундан бир миллиони суиқасд туфайли ҳалок бўляпти.

Англияда балоғатга етмаган 200 минг нафар қиз оталарининг ўз номусига тажовуз қилмоқчилигидан ҳимоя қилишни сўраб судларга мурожаат қилган.

Британияда оила қурганларнинг учдан бири тезда ажрашиб кетади.

Франсияда ўқувчи қизларнинг 48 фоизи ўтказилган сўровга кўра, никоҳсиз туғишни айб санамайди.

Тайланддай кичкина мамлакатда 1 миллиондан ортиқ аёл фоҳишабозлик билан машғул.

Аҳмад Муҳаммад

 
Баннер