Пекин антропология музейининг етакчи мутахассислари кўп йиллик изланишлар натижасида қўлга киритилган далилларга суяниб, Одам Ато ва Момо Ҳавво Ер куррасининг турли минтақаларида бир вақтда пайдо бўлган, деган фаразни илгари суришди. Улар фикрича, замонавий одам аждоди – "хомо эректус" Хитойда бундан 1,7 миллион йил олдин пайдо бўлган.
Юртимиз ҳудудида бундан қарийб 700.000 – 1,5 миллион йил олдин ибтидоий одамлар яшашган. Тешиктош ғоридан топилган неандертал одам суяги қолдиқлари фан оламида жиддий воқеа бўлди. Олимлар тахмин қилишларича, илк ибтидоий одамлар (неандерталлар) Яқин Шарқ ва Оврупада тахминан 100.000 йил олдин яшашган. Бундан 9000 йил олдин Ҳиндистонда биринчи марта зиғирпоя толасидан газлама тўқилган. Шарқий Юнонистон (Гретсия)нинг Кастория шаҳрида учраган топилдиқларга кўра, одамзот бундан 6000 йил олдин қайиқдан фойдаланиб, балиқ овлаган экан. Мисрдаги Хеопс пирамидаси бундан 5000 йил олдин тикланган, унинг баландлиги 147 метр, ҳар бири минг тоннали 2300 дона яхлит тошлардан бунёд этилган. Яҳудий ва насроний тарихчилари ҳисобларига кўра, Одам алайҳиссаломнинг яратилишидан то Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўчишларигача (ҳижратларигача) орада ўтган вақт турли манбаларда 4742 ва 5992 йил кўрсатилган. Бундан тахминан 3 – 3,5 минг йил олдин Хоразм, Сўғд, Бақтрия, Паркана (Фарғона) ерларида катта-кичик каналлар қазилган. Милоддан 2000 йил олдин ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарлиги даври ўтди. Мамлакатимизда шаҳарсозликка хос илк маҳобатли иншоотлар милоддан олдинги иккинчи мингйилликнинг 2-ярми ва биринчи мингйилликнинг бошларида барпо этила бошлаган. Қуддус ҳақида илк маълумот милоддан олдинги 2-минг йилликнинг ўрталарига бориб тақалади. Қуддус шаҳри турли даврларда яҳудийлар подшоҳлиги, Македонияли Искандар, Салавкийлар, қадимги Рим, Византия, Араб халифалиги, Салибчилар, Айюбийлар, Мамлуклар давлати ҳамда Усмонли турклар салтанати таркибига кирган. Қуддус насроний, мусулмон ва яҳудийлар учун муқаддас шаҳар ҳисобланади. Бу шаҳарда насронийлик, яҳудийлик динларининг муқаддас зиёратгоҳлари, мусулмонларнинг тарихий Қуббатус-Сохра (VIII аср), қадимий Ал-Ақсо масжидлари бор. 1500 йил илгари Мисрда Фиръавнлар подшоҳлигининг иккинчи Теб даврида ҳазрати Мусо алайҳиссалом пайғамбарлиги даври ҳукм сурди. Мусо алайҳиссалом даврида Миср подшоҳи Рамзес Иккинчининг номи Фиръавн бўлган, у ниҳоятда золим ҳукмдор бўлган, худоликни даъво қилган. Кейинчалик Мисрнинг бошқа ҳукмдорлари ҳам фиръавн деб атала бошлади. Фиръавнларнинг 31 сулоласи мавжуд. Охирги фиръавн милоддан аввалги 356-323 йиллари, македониялик Искандар Мисрни босиб олган пайтда ҳукмронлик қилган. 1000 йил олдин Фаластинда Қуддусни бошшаҳар қилган ҳазрати Довуд алайҳиссалом пайғамбарлиги даври кечди. 700 йил аввал Ҳиндистонда Браҳма маданияти шаклланди. Шу даврларда Самарқанд шаҳри тилга олина бошлади. Фарғона водийидаги Селенгур, Бухоро воҳасидаги Учтут, Оҳангарон дарёси соҳилидаги Кўкбулоқ ёдгорликлари милоддан 700–100 йил олдин яшаган қадимий одамлар ҳаётидан дарак берди. Милоддан 700 йил олдин Ўрта Осиё халқлари Оссурийлар томонида туриб Мидияга қарши курашишди. Милоддан олдинги 600 йилларда ҳозирги Ўрта Осиё халқлари Аҳамонийлар Эронига қарам бўлиб қолишди. 519 йили хоразмийлар, суғдлар, саклар ва бақтрияликлар ҳақидаги биринчи ёзма қайдлар қилинди (Биситун қоясидаги Доро 1 ёзуви). Милоддан олдинги бешинчи асрда яшаган юнон тарихчиси Геродотнинг "Тарих" асарида Жайхун (Амударё) ва (Сайхун) Сирдарё оралиғида яшовчи ўтроқ массагет қабилалари ҳақида маълумот берилди. 600 йил илгари Эронда Зардушт исмли бир файласуф томонидан оташпарастлик (мажусийлик) мазҳаби ўртага қўйилди. 571 йил олдин хитойликларга ўз мазҳабини ўргатган Конфутсий туғилди. 555 йил олдин Ҳиндистонда Шақйо Моуни исмли файласуф томонидан Будда деб аталган янги бир мазҳаб чиқарилди. 329 йил илгари Македонияли Александр Мовароуннаҳрда (Бақтрия ва Сўғдиёнада) пайдо бўлди, унга қарши Спитамен қўзғолони кўтарилди, 327 йили Искандар Ҳиндистонга юриш бошлади. Милоддан аввалги 321 йили Бақтрия ва Суғдиёна бир ҳокимликка бирлашди. 250 йиллар атрофида Парфия давлати ташкил топди. 250–140 йиллари Юнон-Бақтрия подшоҳлиги ҳукм юритди. Пахтачилигимиз тарихи 2 – 2,5 минг йилга боради. Бундан 1300 – 1400 йиллар олдин Хоразм воҳасида, Тошкент ва Самарқандда, Фарғона водийида пахта экилган. 1890 йили 2 миллион пуд ҳосил олинган бўлса, 1915 йили бу кўрсаткич тўққиз баравар ошган. Милоддан илгари иккинчи асрда қадимий Хитой қўлёзмаларида Тошкент ҳақидаги илк маълумотлар пайдо бўлди, турли манбаларда у «Ши», «Чоч», «Шош», «Шошкент», «Бинкат», «Таркан» деб тилга олинди. Милоддан олдинги 214 йили Хитой императори Син Ши Хуанди даврида Буюк Хитой девори қурила бошланди, унинг жами узунлиги 5000 километр, баландлиги 6,6 метр. Милоддан аввалги 175–140 йиллари Шош, Хоразм, Суғдиёнани ўз ичига олган Қанғ давлати гуллаб-яшнади. Милоддан олдинги иккинчи-биринчи асрларда илк Кушон даври бошланди. 104–101 йиллари Хитой қўшинлари Довон – Парканага (ҳозирги Фарғона) бостириб кирди ва парканаликлар томонидан тор-мор қилинди, мустақил Довон (Паркана) давлати ташкил топди. Милоднинг 1 йили Рум императори Август даврида Қуддусда Ҳазрати Исонинг туғилган йили сифатида қабул қилинди ва милодий тақвим бошланди. 4 йили – Ҳазрати Исонинг ҳақиқий туғилган йили (инглиз тарихчиси Велега кўра). 13 йили Рум императори Тибарюс замонида насронийларга кўра Ҳазрати Исо, Ислом ишончига кўра Исога ўхшатилган Йуда Қуддусда хочга михланди. Мисрнинг илк қуёш тақвими милоддан олдинги 45 йили Рим ҳукмдори Юлий Сезар томонидан олинган ва «Юлиан тақвими» деб номланган римча тақвим юзага келган. Милодий сананинг 1582 йили эса бу тақвимни Папа Григор ХIII ислоҳ қилиб, ҳозирги Григориан тақвимига асос солган. Милоднинг биринчи–тўртинчи асрларида Кушон подшоҳлиги ҳукм сурди. 105 йили Хўтан, Ёркент ва Қашқар Хитойдан ажралиб Кушонга қўшилди. Милоднинг учинчи асрида Хоразм Кўшон подшоҳлигидан ажралиб чиқди. 395 йили Буюк Рум империяси иккига бўлинди ва Шарқий Рум (Византия) тарихи бошланди (1453 йили тугади). 457 йили Эфталит подшоҳи Вахшунвар Чағониён, Тохаристон, Бадахшонни ўзига бўйсундирди. Милоднинг бешинчи-олтинчи асрларида Эфталитлар давлати ҳукм сурди. 502–506 йиллари Эфталитлар Сосонийлар томонида туриб Византияга қарши урушда қатнашди. 553–567 йиллари турк ҳоқони Силси Эфталитлар подшоҳлигини тугатди. Олтинчи асрда Турк ҳоқонлиги Ўрта Осиёга ҳужум бошлади. Византия императорлиги милодий 4–15 асрларда ҳукм сурди, у Рим империясининг парчаланиши туфайли унинг шарқий қисмида вужудга келди, Византия ҳижрий тўртинчи асрда насроний динини қабул қилди, олтинчи асрда Византия номини олди, йигирмадан ортиқ миллатни бирлаштириб сунъий йўл билан ташкил этилган эди. Олтинчи асрда Турк ҳоқонлиги Моваруннаҳрга ҳужум қилди. 571 йил 20 апрелда Маккадаги ҳошимийлар маҳалласида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом туғилдилар (12-робиъул-аввал, душанба куни) 610 йил Рамазон ойида Пайғамбаримиз қирқ ёшларида Хиро тоғида илк ваҳийнинг келди ҳамда у зотнинг Маккадаги пайғамбарлик даврлари бошланди. Византияда эса Ҳирақл (Геракл) сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилди (717 йили тугади). 622 йили сафар ойида Пайғамбар алайҳиссалом эллик уч ёшларида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ билан Маккадан Ясриб (Мадина)га ҳижрат қилдилар, яъни кўчдилар. Ҳижрий тақвим шу санадан бошланди. 627-647 йилларда Сўғдиёна ва Хитой ўртасида савдо элчихонаси ишлаб турди. 630 йил Хитой ҳукмдори Сюан ъян Ўрта Осиёга келди. 630-659 йилларда Ғарбий турк ҳоқонлигининг Хитой томонидан сиёсий асоратга туширилишига қарши кураш олиб борилди. 632 йил 8 март куни (зулҳижжа ойининг 9-жумаси) вадо (хайрлашув) ҳажи бўлди ва Маккада тўпланган 124 минг кишилик жамоатга Расулуллоҳ (алайҳиссалом) машҳур Вадо хутбасини қилдилар. 632 йил майи (ёки 8 июн), ҳижрий 11 йил Робиъул-аввал ойининг иккинчи куни Пайғамбар (алайҳиссалом) вафот этдилар ва Ҳужраи саодатга дафн қилиндилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ халифаликка сайланиб, «Хулафои рошидин» дейилувчи беш халифа даври бошланди. 636 йили мусулмон қўшинлари Ярмук яқинида византияликларни, Қодисияда форсларни мағлуб қилишди. 638 йили Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари (кўчишлари)дан ҳисоблана бошлаган ва 622 йилнинг 16 июлидан бошланган ҳижрий сана жорий этилди. Муҳаррам, сафар, рабиъул-аввал, рабиъус-соний, жумадил-аввал, жумадис-соний, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда, зулҳижжа ҳижрий-қамарий сана ойларидир. 649 йили (ҳижрий 28) Византияга қарши денгиз жанги бошланди ва Қибрис (Кипр) фатҳ қилинди. 651 йили (ҳижрий 30) сўнгги сосоний ҳукмдор Ёздигирд ҳалок бўлди ва араб фотиҳлари Марвни фатҳ этишди. 655 йили (ҳижрий 34) Қуръон нусхалари Мусҳаф ҳолида кўпайтирилиб, Ислом ўлкаларига юборилди ва улардан бири Мовароуннаҳрга келди (ҳозир Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда). 661 йили Ҳазрати Али ҳалок бўлди, имом Ҳасан тахтдан воз кечди, арабларнинг умавийлар сулоласи ҳукмронлиги бошланди (750 йили қулади). 670 йили тибетликлар Шарқий Туркистонни забт этишди. 673 йил кузида Ислом халифаси Муовия фармонига кўра Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошчилигидаги араб фотиҳларининг Жайхун (Амударё) ортига биринчи юриши бошланди. 676 йили араб фотиҳлари Ҳазрати Усмоннинг ўғли Саъид ибн Усмон етакчилигида Бухоро ва Суғдиёнага юриш бошлашди. 680 йили Карбалода Пайғамбаримиз набиралари имом Ҳусайн ибн Али ўлдирилди. 699 йили (ҳижрий 80) Куфада ҳанафий мазҳаби бошлиғи Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит туғилди (милодий 767/ ҳижрий 150 йили вафот этди). 704 йили Хуросон ҳокими томонидан Термиз шаҳри забт этилди. 707 йили (ҳижрий 88) Мовароуннаҳрда (Ўрта Осиё) Ислом дини ёйила бошлади, араб қўшинлари 712–713 йиллари (ҳижрий 95) саркарда Қутайба ибн Муслим (715 йили ўлдирилган) бошчилигида Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Шош, Фарғона ўлкаларини фатҳ қилишди. 711 йили Ториқ Жанубий Испанияга кирди ва Испания фатҳи бошланди, Синдга биринчи юриш ташкил этилди. 711 йили (ҳижрий 93, баъзи манбаларда 99) моликий мазҳаби бошлиғи имом Молик ибн Анас Мадинада таваллуд топди (милодий 795/ ҳижрий 179 йили 84 ёшида вафот этди). 721–723 йиллари Суғд, Самарқанд, Панжикентда арабларга қарши қўзғолонлар бўлди. 750 йили (ҳижрий 132) Заб жанги билан умавийлар салтанати тугатилди ва Хуросонда Абу Муслим бошчилигидаги қонли тўқнашувлар билан Ироқда аббосийлар салтанати барпо этилди (милодий 1258 йили йиқилди). 751 йили (ҳижрий 133) Марказий Осиёга юборилган Хитой армияси Талас водийида бўлган жангларда қақшатғич мағлубиятга учради. Хитойликлардан ўрганилган қоғоз ишлаб чиқариш санъати самарқандликлардан мусулмон арабларга ўтди. 750 – 1258 йилларда Ислом дунёсида аббосийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. 756 йили (ҳижрий 138) умавийларнинг бошқа бир уруғи вакили Абдураҳмон Биринчи тарафидан Испанияда Андалусия умавий салтанати қурилди (милодий 1031 йили парчаланди). 767 йили (ҳижрий 150) шофиъий мазҳаби бошлиғи Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий таваллуд топди (вафоти милодий 819/ ҳижрий 204 йил). 780 йили (ҳижрий 164) ҳанбалий мазҳаби бошлиғи Имом Аҳмад ибн Ҳанбал таваллуд топди (вафоти милодий 855/ ҳижрий 241 йил). 783–850 йиллари улуғ риёзиёт олими Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий яшади ва ижод қилди. 786–809 йиллари (ҳижрий 170–193) халифа Ҳорун ар-Рашид раҳбарлигида умавий салтанати ва араб маданияти гуллаб-яшнади. 797–865 йиллари машҳур қомусий олим Аҳмад ал-Фарғоний яшади ва ижод қилди. 810–869 йиллар (ҳижрий 194–256) атоқли муҳаддис, «Саҳиҳи Бухорий» муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳаёти ва фаолияти кечди. 813–833 йиллари умавий халифа Маъмун даврида Ислом илм-фани ва маданияти ниҳоятда юксак тараққий этди. 819/820 йиллари Самарқанд, Шош, Уструшона ва Фарғонада Яҳё ибн Асад бошлиқ Сомонийлар сулоласи ҳукмронлиги бошланди. 821 йили Тоҳирийлар сулоласига асос солган Тоҳир ибн Ҳусайн Мовароуннаҳр ва Хуросон ноиби этиб тайинланди. 824–892 йиллари улуғ муҳаддис олим, «Сунани Термизий» муаллифи Абу Исо ат-Термизий ҳаёти ва фаолияти кечди. 842–864 йиллари Мовароуннаҳрда Аҳмад ибн Асад ҳукмронлиги даври бўлди. 844 йили нормманлар Испанияга ҳужум қилиб, мусулмонлар шаҳри Ишбилияни (Севилия) босиб олди. 847–861 йиллари Халифа ал-Мутаваккил даврида мўътазила қозиси ҳайдалиб, бу оқимга тамоман барҳам берилди ва яна сунний ақидага қайтилди. 848 йили Оқ денгизда кемачилик билан шуҳрат топган ағлабийлар Италия соҳилларига ёйилишди, яъни Ислом маданияти жанубдан Оврупага ўтди. 873–950 йиллари улуғ турк-ислом қомусий олими Абу Наср Форобий яшаб ўтди (ҳижрий 339 йили Шомда вафот этди). 873 йили шиаларнинг ўн иккинчи имоми Маҳдий ғойиб бўлди. Шу йили улуғ араб файласуфи ал-Киндий вафот этди. 874–999 йиллари Бухорода сомонийлар ҳукмронлиги кечди ва маданияти гуллаб-яшнади. 874–907 йиллари Исмоил Сомоний Бухорода, 892–907 йиллари Исмоил ибн Аҳмад Мовароуннаҳрда, 907–914 йилларда сомоний Аҳмад ибн Исмоил, 914–943 йиллари Наср Иккинчи ибн Аҳмад, 943–954 йиллари Нуҳ Биринчи ибн Наср, 954–999 йилларда Абдулмалик Биринчи, Нуҳ Иккинчи ва Мансур Иккинчилар ҳукмронлик қилди. 890 йили Ироқда мулк умумийлигини ёқлаб чиққан қарматийлар яширин оқими пайдо бўлди (қарматийлар 930 йили Каъбадан «Ҳажарул-асвад»ни ўғирлаб кетишди). 903–976 йиллари шошлик улуғ муҳаддис ва фақиҳ Абу Бакр ибн Исмоил Қаффол Шоший яшаб, ижод қилди. 923 йили (ҳижрий 310) атоқли муфассир ва муаррих, «Тарихи Табарий» муаллифи Абу Жаъфар Табарий вафот этди (ҳижрий 234 йили туғилган). 931 йили (ҳижрий 319) Қуртуба (Кордова)да Андалус умавий давлатининг энг машҳур ҳукмдори Абдураҳмон Учинчи томонидан дунёга машҳур Мадинатуз-Заҳро саройи барпо этилди. 937 йили Бухорода илк мадраса қурилгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. 944 йили (ҳижрий 333) Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг асосчиларидан бири Имом Абу Мансур Мотуридий вафот этди. 972 йили (ҳижрий 362) Фотимий ҳукмдорлар томонидан Қоҳира (Миср)да машҳур «Ал-Азҳар» жомеъи (дорилфунуни) барпо этилди. 973–1048 йиллари улуғ қомусий олим, Ислом оламининг буюк математиги Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти кечди (ҳижрий 440 йили вафот этди). 980–1037 йиллари машҳур қомусий олим, файласуф ва ҳаким, “Шайхур-раис” Абу Али ибн Сино яшаб ўтди (ҳижрий 428 йили Ҳамадонда вафот этди). 985 йили Салжуқийлар Бухоро атрофларида пайд бўлишди. 992 йили Қорахоний Буғрохон Мовароуннаҳрга юриш қилиб, Бухорони эгаллади. 995 йили Хоразмшоҳлар (африғийлар) сулоласи тугатилди. 995 – 997 йиллари Амир Маъмун ибн Муҳаммад жанубий ва шимолий Хоразмни ягона давлатга бирлаштирди. 999 йили сомонийлар давлати парчаланиб, ҳокимият тепасига қорахонийлар келишди (1212 йили ҳукмронлиги тугатилди). 998–1030 йиллари ғазналик Маҳмуд ҳукмдори бўлган ғазнавийлар салтанати ҳукмронлик қилди. 1005 – 1034 йилларда Мовароуннаҳрда Алп Тегин Илоқхон ҳукмронлик қилди. 1010 йили Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонга юриш қилди, Ислом дини Ҳиндистон заминига кира бошлади. 1029 йили турк амирларидан Сабуқтегин ўғли Наср томонидан илк «Носирийя» мадрасалари очилди. 1031 йили Испаниядаги умавийлар давлати қулади ва халифалик майда давлатларга парчаланиб кетди. 1034 йили Хоразмда салжуқийлар пайдо бўлишди. 1040 йили Эронда буюк Салжуқ турк давлати қурилди (милодий 1157 йили парчаланди). 1065 йили (ҳижрий 458) буюк Салжуқ вазири Низомулмулк тарафидан Бағдодда «Низомийя» мадрасалари қурилди. 1071 йил 26 августда буюк Салжуқ подшоҳи Алп Арслон Малазгирт урушида Византия императори Ромен Дийожен устидан ғалаба қозонди, Онадўлида Туркия салтанати бошланди. 1096 йилдан 1270 йилгача бутпараст насронийлар мусулмон оламига қарши етти марта салиб (хоч) юриши ташкил этишган: буларнинг биринчиси милодий 1096-1099 йилларда; иккинчиси – 1147-1149 йиллари; учинчиси – 1189-1192 йиллари; тўртинчиси – 1202-1204 йиллари; бешинчиси – 1218-1221 йилларда; олтинчиси – 1228-1229 йилларда; еттинчиси эса 1240-1249 йиллари бўлди. 1099 йили Қуддуси шариф салибчилар томонидан босиб олинди ва у лотин қироллигига айлантирилди. 1111 йили (ҳижрий 505) машҳур Ислом олими ва мутафаккири, «Ҳужжатул-Ислом» Имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолий эллик беш ёшида Тус шаҳрида вафот этди. Ўн иккинчи аср бошларида қорахитойлар Мовароуннаҳрда пайдо бўлишди, 1141 йили бу ерга иккинчи марта бостириб киришди ва Хоразмга юриш бошлади. 1143 йили (ҳижрий 538) Мовароуннаҳрнинг улуғ Ислом олими, «Кашшоф» тафсири муаллифи Абулқосим аз-Замахшарий етмиш бир ёшида Журжонда вафот этди. 1175 йили атоқли ислом саркардаси Салоҳиддин Айюбий Миср, Фаластин ва Шом ўлкалари султони деб тан олинди. 1187 йили Хиттин яқинида Салоҳиддин Айюбий франкларни қақшатғич мағлубиятга учратиб, Қуддусни фатҳ қилди. 1198 йили (ҳижрий 595) Ислом дунёсининг атоқли файласуфи андалуслик Ибн Рушд Марокашда вафот этди. 1199–1220 йиллари Хоразмшоҳлардан Муҳаммад Иккинчи салтанати гуллаб-яшнади ва кейин таназзулга учради. 1206–1227 йиллари мўғул саркардаси Чингизхон ҳукмронлиги даври кечди. 1209 йили (ҳижрий 606) Мовароуннаҳрнинг машҳур олими, «Тафсири Кабир» муаллифи Имом Фахруддин ар-Розий Ҳиротда вафот этди. 1219 йили мўғуллар ҳукмдори Чингизхон Мовароуннаҳрга бостириб келди ва бир йил ичида Ўтрор, Бухоро, Самарқандни истило қилди. 1235 йили Андалусда тўрт юз йилдан кўпроқ мусулмонлар бошшаҳри бўлган Қуртуба (Кордова) насронийлар тарафидан забт этилди ва Ғарбда испанлар томонидан Ислом маданияти йўқ қилинди. 1238 – 1516 йиллари Ботухон асосчиси бўлган Олтин Ўрда давлати гуллаб-яшнади, унинг таркибига бошда Хоразм ва Шимолий Қофқоз, кейинчалик Булғория, Дашти Қипчоқ, Қирим ва Ғарбий Сибир қўшиб олинган. 1250 йили Испаниянинг Ғарнота (Гренада) шаҳрида мусулмон ҳукмдорлар ва меъморлар томонидан жаҳонда тенги йўқ Ал-Ҳамро саройи барпо қилинди. 1258 йили Аббосий халифалар пойтахти Бағдод мўғуллар ҳукмдори Ҳалоку (Хулогу) томонидан босиб олинди; сўнгги халифа Мустаъсим фожеавий ўлдирилди, ёзма китоблар Дажла дарёсига улоқтирилди ва Шарқда Ислом маданияти йиқилди. 1261 йили Мисрда турк мамлуклари ҳукмдори, улуғ сиёсатчи Малик Зоҳир Бийбарс ҳимоясида аббосий халифалик ҳукмронлиги такрор бошланди (милодий 1517 йили тугатилди). 1273 йили (ҳижрий 672) атоқли адиб, «Маснавийи маънавий» муаллифи Мавлоно Жалолиддин Румий олтмиш тўққиз ёшида Қўнияда вафот этди. 1291 йили (ҳижрий 691) атоқли форс шоири, «Гулистон» ва «Бўстон» асарлари соҳиби Шайх Саъдий бир юз икки ёшида Шерозда вафот этди. 1299 йили Қўнияда Онадўли Салжуқ подшоҳлиги мўғуллар томонидан тугатилди, Усмон Бей мустақиллик эълон қилди ва Усмонли турк салтанати бошланди. 1333 йили машҳур араб сайёҳи Ибн Батута Ўрта Осиёга сафар қилди. 1370–1405 йиллари Соҳибқирон Амир Темур салтанати ҳукмрон бўлди. 1370–1506 йиллари Темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилди, унга Амир Темур ибн Тароғай Баҳодир асос солган, пойтахти Самарқанд ва Ҳирот бўлган. Темурийлар салтанати Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизгача, Орол денгизидан Форс қўлтиғигача бўлган улкан ҳудудни қамраган эди. Темурий ҳукмдорлар қуйидагилар: Амир Темур ибн Тароғай Баҳодир, Халил Султон ибн Мироншоҳ, Шоҳруҳ ибн Амир Темур, Улуғбек ибн Шоҳруҳ, Абдуллатиф ибн Улуғбек, Абулқосим Бобир, Абдуллоҳ мирзо ибн Иброҳим Султон, Султон Маҳмуд ибн Абулқосим Бобир, Абу Саид ибн Султон Муҳаммад, Султон Аҳмад ибн Абу Саид, Султон Али ибн Султон Маҳмуд, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар. 1394–1449 йиллари атоқли олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек яшаб-фаолият юритди. 1390 йили Русияда Москва князлигини истило қилиб турган Олтин Ўрда хонлиги Амир Темур томонидан парчаланди ва русларнинг бу борада жонланишига йўл очилди. 1394 – 1449 йиллари темурий ҳукмдор, улуғ қомусий олим Мирзо Улуғбек яшаб ўтди. 1402 йили Соҳибқирон Амир Темур билан Эдирна подшоҳи Боязид Йилдирим ўртасидаги Анқара жангида Боязид енгилиб, асир олинди, Онадўлида қурилган «Миллий турк бирлиги» парчаланди. 1404 йили Шошда атоқли тасаввуф олими ва давлат арбоби Хожа Аҳрор Валий туғилди, 1490 йили Самарқандда вафот этди. 1441–1501 йиллари атоқли ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоий яшаб-ижод қилди. 1417–1425 йилларда Бухоро ва Самарқандда Мирзо Улуғбек мадрасалари барпо этилди. 1451 – 1469 йиллари Мовароуннаҳр ва Ҳиротда Султон Абу Саид мирзо ҳукмронлик қилди. 1453 йили Фотиҳ Султон Меҳмет Хон 53 кунлик Истанбул жангида ғалаба қозонди ва ўрта аср характеридаги Византия императорлиги ўрнига янги асрга хос Усмонли турк салтанати ҳукмронлиги бошланди. 1483 – 1530 йиллари атоқли ўзбек давлат арбоби, саркардаси, шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаб, ижод этди. 1491 йили Испанияда 262 йил давом этган Бани Аҳмар (Андалусия) Ислом давлати йиқилди, давлат маркази Ғарнота (Гренада)да мусулмонларга қарши даҳшатли испан зулмлари бошланди. 1500 – 1601 йиллари Шайбонийлар ҳукмронлиги даври бўлди. 1505 йили Шайбонийхон Хоразмни босиб олди ва мустақил 1511 йили Хоразм хонлиги ташкил топди. 1507 йили Шайбонийхон Ҳиротни эгаллади ва Тимурийлар сулоласи ҳукмронлиги тугатилди. 1511 – 1920 йиллари Хоразм, туркман кўчманчилари яшайдиган ерлар, Хуросоннинг шимолий қисмида Хива хонлиги ҳукмрон бўлди. 1517 йили турк ҳукмдори Султон Салим Ёвуз томонидан Миср эгаллаб олинди. Сўнг аббосий халифа Учинчи Мутаваккил Аё-Софияда тўпланган турк-араб олимлари ҳузурида халифаликни тарк этиб, уни Султон Салимга берди ва шу тариқа Ислом халифалиги араблардан туркларга ўтди (халифалик 1924 йил 3 мартда тугатилди). 1526–1858 йиллари ҳозирги Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, Бангладеш ерларининг каттагина қисмидан иборат улкан ҳудудда Бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилди, унга Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган. 1536 йили Бухородаги Мир Араб мадрасаси қуриб битказилди, 1945 йилдан фаолиятини янгидан бошлади. 1556 йили Бухоро хонлиги ташкил этилди. 1557–1598 йилларда ўзбек хони Абдуллахон Иккинчи ҳукмронлик қилди. 1556–1599 йиллари Бухорода Шайбонийлар салтанати ҳукмронлик қилди. 1558 йили Хива хонлиги ташкил этилди. 1559 йили Москвада Хива хонлиги элчихонаси очилди. 1573–1576 йилларда Абдуллахон Балх, Фарғона, Самарқанд ва Шошни босиб олди ва 1583 йили у барча ўзбеклар хони деб эълон қилинди, ўзбек миллати таркиб топди. 1582 йили Юлиан тақвимининг хатоси ислоҳ этилиб, папа томонидан Григориан дейилувчи ғарб тақвими жорий қилинди. 1588 йили Тошкентда Абдуллахонга қарши қўзғолон кўтарилди. 1601–1756 йиллари Аштархонийлар сулоласи ҳукмдорлик қилди. 1611–1642 йилларда Имомқулихон ҳукмронлик қилди, 1612–1613 йиллари у Шошни босиб олди ва шошликларни калтаклатди. 1710 йили Қўқонда хожалар ҳукмронлиги тугатилиб, Минглар сулоласи ҳокимиятга келди. 1711–1747 йиллари Абулфайзхон ҳукмронлиги даври бўлди. 1714 йили Бекович-Черкасскийнинг Каспийга юриши бошланди ва 1716 йили денгиз яқинида қалъа қурилди. 1717 йили у Хивага юриш бошлади. 1723 йили Тошкентда Ўрта Осиёда илк бор аҳоли ва хонадонлар рўйхатга олинди. 1740 йили Нодиршоҳ Ўрта Осиёга юриш қилди. 1742 йили қорақалпоқ хонлари Русияга қўшилишди. 1756–1920 йиллари Манғитлар сулоласи ҳукмронлик қилди. 1800–1809 йиллари Қўқон хони Олимхон ҳукмронлиги даври бўлди. 1809–1822 йилларда Қўқон хони Амир Умархон ҳукмдорлик қилди, 1815 йили у Туркистонни эгаллади. 1822–1842 йиллари Қўқонда Мадалихон (Муҳаммад Алихон) хон бўлди. 1825–1842 йиллари Оллоҳқулихон ҳукмдорлик қилди. 1827–1860 йиллари Амир Насруллоҳ Бухорода ҳокимиятни бошқарди ва 1842 йили Қўқонга юриш қилди. 1845–1858 йиллари Қўқонда Худоёрхон ҳукмронлигининг биринчи даври, 1862–1863 Худоёрхоннинг иккинчи марта тахтга ўтириши, 1866–1875 йиллари Худоёрхоннинг учинчи ҳукмронлиги даври кечди. 1850 йили Тошкентда 270 та маҳалла, 310 та масжид, 17 та мадраса, 11 та ҳаммом, 15 та карвонсарой, 11 минг ҳовли ва 150 минг аҳоли бўлган. 1853 йили ўрис қўшинлари Оқмачитни эгаллашди ва Перовск (ҳозирги Қизил Ўрда) қалъасини қуришди. 1864 йили чор Русияси қўшинларининг Туркистонга юриши бошланди ҳамда улар Авлиёота (Жамбул) ва Чимкентни эгаллашди. 1865 йил 17 майда Тошкентни чор Русияси қўшинлари босиб олди. 1865 – 1910 йиллари Саййид Муҳаммад Раҳим Иккинчи ҳукмдор бўлди. 1867 йили Туркистон генерал губернаторлиги ташкил этилди. 1868 йил 2 майда чор Русияси қўшинлари Самарқандни эгаллашди. 1874–1876 йиллари Қўқонда хон ҳукуматига қарши Пўлатхон қўзғолони бўлди. 1875 йили ўрисларнинг генерали фон Кауфман қўшинлари Қўқонни эгаллади ва 1876 йил 19 февралда хонлик тугатилди. 1881–1886 йиллари Ўрта Осиё темирйўли қурилди. 1892 йил июнида Тошкент аҳолисининг тарихда «Вабо қўзғолони» номи билан машҳур қўзғолони бошланди. 1897 йили Туркистон – Рус жуғрофия жамияти тузилди. 1905 йил 19 октябрда Тошкент шаҳар Думаси биноси олдида намойишчилар ўққа тутилди. 1907 йили Туркистон ўлкасида 8837 талаба ўқийдиган 316 мадраса, 76270 бола ўқийдиган 6622 бошланғич мактаб фаолият кўрсатган, биргина Тошкент шаҳрида 23 та мадраса бўлган. 1908 йили шарқшунос ва археолог В. Вяткин Самарқанд яқинидаги Кўҳак тепалиги пойидан Улуғбек расадхонаси харобаларини топди. 1909 йили "К. М. Соловёв ва Компанияси" ширкати Андижон, Наманган ва Чустдаги бир неча пахта тозалаш ва ёғ чиқариш заводларини сотиб олиб, ишга туширди. 1909 йили Ригадаги "Грамофон" фирмаси самарқандлик машҳур ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Расулов ижро этган "Ироқ", "Насруллойи", "Ушшоқ" мақомларини алоҳида елимтовоқ (пластинка) қилиб чиқарди. 1910 йили Наманган уездининг Питсу қишлоғида Г. Лобанов–Ростовскийга қарашли олтин кони иш бошлади. 1910 йили Хива хонлигида 500 минг киши, Бухоро амирлигида 2 миллион киши яшаган. 1915 йили Мулла Олим Махдумхўжа Тошкандий қаламига мансуб икки жилдли «Тарихи Туркистон» асари Тошкентда нашр этилди. 1916 йили Хўжанд, Андижон, Марғилон, Наманган, Тошкент, Жиззахда ўрис подшоси сиёсатига қарши халқ қўзғолонлари бўлди. 1917 йил 14 мартда тошкентлик атоқли маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигида «Шўрои Исломия» тараққийпарвар зиёлилар ташкилоти тузилди. 1923 йили Амударё ҳарбий флотилияси базасида Ўрта Осиё пароходчилиги тузилди, унинг таркибида 9 теплоход, 15 баржа, битта ёрдамчи кема бор эди. 1924 йил 27 октябрда СССР Шўролари Марказий Ижроқўми иккинчи сессиясида Ўзбекистон ва Туркманистон Совет Сотсиалистик Республикалари ташкил этилди. Сессия қарорига кўра, Тожикистон АССР Ўзбекистон ССР таркибига, Қорақалпғистон автоном вилояти Қозоғистон АССР таркибига, Қора-қирғиз автоном вилояти РСФСР таркибига кирди. 1924–1930 йиллари Самарқанд шаҳри Ўзбекистон ССРнинг пойтахти бўлди. 1926 йили Тошкентда 274 автомобил ва мотосикл рўйхатга олинди. 1938 йили Бойсун тоғларидаги Тешиктош ғорида жаҳонда катта шов-шувга сабаб бўлган қадимий (неандертал) бола скелети топилди. 1939 йили узунлиги 270 километр бўлган Катта Фарғона канали қирқ беш кунда қуриб битказилди. Канал қурилишида 2140 та колхоздан келган 160 минг колхозчи қатнашди. 1940 йили Ўзбекистон ССР Олий Совети (парламенти) лотин ёзувидан кирилл ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосига ўтиш ҳақида қонун қабул қилди. 1942 йили тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва хотини Баҳри Акрамовалар жаҳон уруши туфайли етим қолган турли миллатга мансуб ўн тўрт болани боқиб олишди. 1943 йил 20 октябрда Тошкентда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон мусулмонлари вакилларининг қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (идораси) ташкил этилди. 1945 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъсис этилди, унинг СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Хитой томонидан ишлаб чиқилган Низоми 26 июнда имзоланиб, 25 октябрдан кучга кирди. 1953 йилдан Тошкентда беш жилдли "Русча–ўзбекча луғат" ва Абу Али ибн Синонинг кўпжилдли "Тиб қонунлари" асари ўзбек ва рус тилларида нашр этила бошланди. 1957 йили Тошкент вилоятидаги "Шарқ юлдузи" колхози раиси Ҳамроқул Турсунқуловга учинчи марта Меҳнат Қаҳрамони унвони берилди. 1958 йили америкалик машҳур қоратанли қўшиқчи Пол Робсон Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида консерт берди. 1966 йил 26 апрелда Тошкентда катта вайронгарчиликлар келтирган кучли зилзила бўлди. 1966 йил 25 июнда Зарафшон олтин изловчилари 11,8 килоли олтин қуймасини эритиб, давлат хазинасига топширишди. 1968 йили Қуръони карим нозил бўла бошлаганининг 1400 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўлчами икки хил кўринишдаги Қуръони карим нашр қилинди. 1968 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қошида беш тилда «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали нашр этила бошлади, кейинчалик у «Мовароуннаҳр мусулмонлари», «Ўзбекистон мусулмонлари», ҳозирда «Ҳидоят» номи билан чоп этиляпти. 1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (маъҳади) ташкил этилди. 1972 йил майида Самарқанддаги қадимий Бибихоним масжидининг қийшайиб қолган минорасини тўғрилаш бўйича ноёб амалиёт ўтказилди. 1974 йили Тошкентда атоқли муҳаддис Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тантана ва анжуманлар бўлди, 1998 йили эса улуғ олимнинг 1225 йиллик тўйи ўтказилди. 1975 йили Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги музейдан Бобурнинг "Бобурнома" асари ўзбекча нусхаси топилди. 1977 йили Тошкентда Ўрта Осиёда ягона метронинг ўн икки километрли биринчи линияси фойдаланишга топширилди. 1978 йили Самарқанднинг Регистон майдони қайта таъмирлана бошланди. 1980 йили Бухородаги Лаби ҳовуз бўйида Шарқнинг қувноқ ва доно сўз устаси Насриддин афандига ҳайкал ўрнатилди. 1990 йил сентябрида Тошкентда машҳур муҳаддис олим Абу Исо ат-Термизийнинг 1200 йиллигига бағишлаб халқаро анжуман ўтказилди. 1990 йил мартида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ислом нури» ҳафталик диний-ижтимоий газетаси чоп этила бошлади. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси совет тузумидан халос бўлиб, мустақилликка эришди ва СССР таркибидан чиқди. 1 сентябр Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги куни, деб эълон қилинди. 1991 йил 24 сентябрда Тошкентда умумўзбеклар (туркистонликлар)нинг халқаро учрашуви бўлди. 1991 йил 28 сентябрда Тошкентда Ўзбекистон катта Миллий боғининг очилиш маросими бўлди. 1991 йил 18 ноябрда мустақил Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасдиқланди. 1991 йил 29 декабрда илк бор муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси президенти сайловлари ўтказилди ва унда Ислом Каримов кўпчилик овоз билан мамлакат президенти этиб сайланди. 1992 йил 28 январда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ташкил этилди. 1992 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Оврупада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ОБСЕ) аъзо бўлди. 1992 йил 2 мартда Ню-Йоркдаги БМТ биноси олдида Ўзбекистон байроғи ҳилпирай бошлади, шу кундан Ўзбекистон БМТ аъзоси бўлди. Худди шу куни Наманганнинг Мингбулоқ конидан нефт чиқа бошлади. 1992 йил март ойида Ўзбекистонда биринчи бўлиб Америка Қўшма Штатлари элчихонаси очилди. 1992 йил апрелида Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасига аъзо бўлди. Шу йили Оврупа Тикланиш ва тараққиёт банкига ҳам аъзо бўлди. 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасдиқланди. 1992 йил 8 декабрда Олий Кенгашнинг ўн биринчи сессиясида мустақил Ўзбекистон Конститутсияси (Асосий Қонуни) қабул қилинди. 1992 йил 10 декабрда мустақил Ўзбекистоннинг Давлат мадҳияси тасдиқланди. Унинг мусиқасини Мутал Бурхонов, матнини Абдулла Орипов ёзган. 1992 йил 3 июл куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида байрам кунлари тўғрисида»ги Қонунига биноан жумладан «Рўза ҳайити» (ийдал-фитр) ва «Қурбон ҳайити» (ийдал адҳа) диний байрамларининг биринчи куни байрам (дам олиш) кунлари этиб белгиланди. 1993 йил 5 февралда олий ўқув юртларига кирувчилар учун илк бор тест синовлари жорий этилди. 1993 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Собир Раҳимов туманида Хадичаи Кубро номли хотин-қизлар Ислом ўрта махсус билим юрти иш бошлади. 1993 йил 13 октябрда Ўзбекистон ёшларидан тўқсон киши Миср Республикаси олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун жўнаб кетди. 1993 йили тошкентлик Баҳром Ражабов АҚШ университетида халқаро бизнес ва менежмент бўйича бакалавр даражасини олди. 1993 йили Ўзбекистон Республикаси БМТнинг ЮНЕСКО ташкилотига аъзо бўлди. 1994 йил 5 майда "Ўзбекистон Қаҳрамони" юксак унвони таъсис этилди. 1994 йил 1 июлдан Ўзбекистон миллий валютаси – сўм муомалага киритилди. 1995 йил апрелида ўзбек авиаторлари Тошкент – Ню-Йорк йўналиши бўйлаб олис ҳаво йўлини очишди. 1995 йил 17 июнда Қашқадарёдаги Кўкдумалоқ нефт-газ кони газ конденсати бера бошлади. 1996 йили Ўзбекистон Республикаси Халқаро Ислом Конференсияси Ташкилотига аъзо бўлди. 1997 йил 23 январда Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этилди. 1998 йил 1 январдаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 800 га яқин газета, умумий адади 820 минг нусха бўлган 113 журнал, жами 32 миллион 940 минг нусхада турли китоб ва дарсликлар нашр этилди. 1998 йил 24 февралда "Академик литсейлар ва касб-ҳунар коллежлари ташкил этиш ҳақида" қарор қабул қилинди. 1999 йил 7 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан Тошкент Ислом университети ташкил этилди. 2000 йили Ўзбекистон спортчилари Австралиядаги ёзги олимпиадада яхши қатнашиб, битта олтин, битта кумуш, иккита бронза медалини олишди. 2001 йили Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШОС) аъзоси бўлди. 2007 йили Ислом Конференсияси Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти АЙСЕСКО (ISESCO) Тошкентни Ислом маданияти Умумжаҳон пойтахтларидан бири, деб эълон қилди. 2007 йил 18 майда Тошкентда бир неча тарихий ёдгорликларни ўз ичига олган Ҳазрати Имом мажмуаси барпо этилди ва мажмуага кирувчи жомеъ масжидида илк бор жума намози адо этилди. 2009 йили Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик тўйи нишонланди. 2009 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетини жаҳондаги 140 дан ортиқ давлат тан олди, буларнинг 120 дан ортиғи билан дипломатик алоқа ўрнатилди, 45 хорижий давлатда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ишлаб турибди.
Аҳмад Муҳаммад Турсун |