Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Скобелев ҳақида...
11.11.2010 19:10    PDF Босма E-mail

Йиллар ўтади. Довуллар тинади. Жанг-жадаллар тарих қаърида унутилиб кетади. Сохта. ҳайкаллар ағдарилади. Қудратли салтанатлар емирилади. Ёлғон ғоялар барҳам топади. Аждодлар руҳини янгидан-янги авлодлар дилига жойлаб вояга етади ва жами-ятни поклаш учун, топталган адолатни, эркни, эзгуликни яна ўз ўрнига тиклаш учун кураш майдонига чиқади. Бу ҳол узлуксиз давом этаверади. "Ҳаёт — абадий. Оқиб турган дарёни ҳеч ким тўхтатиб туролмайди.
Пушкиннинг «Тикланиш» номли шеъри бор. Даҳо томонидан чизилган нодир расм устига истеъдодсиз рассом ҳар хил бўёқлар чаплаб, ўзича мўъжиза яратади.

Ваҳший рассом мудроқ, беизн
Даҳо суратини бузади
Ва у сурат устига ўзин  
Бебурд суратини чизади.
Лекин у ёт бўёқлар бир-бир
Кўчиб тушар йил сайин аён
Ва улуғвор ижод беқусур
Аввалгидек бўлур намоён.
Ана шундай кётар Эзилган —
Юрагимдан сохта тугунлар
Ва шубҳасиз тикланар ўтган —
Илк ва тоза мусаффо кунлар.
(Туроб Тўла таржимаси)

Ана шундай, вақти келиб ҳар қандай сохта бўёқлар йўқолиб кетади. Ўтда куймай-диган, сувда чўкмайдиган ҳақиқат эса ўз қудрати ва жозибаси билан кўз ўнгимизда қайтадан намоён бўлади. Тарих ҳақиқатини ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Уни сохталаштириш ҳеч кимнинг қўлидан келган эмас. Халқимиз топиб айтганидек. «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди». Ҳеч қачон!

Рус зобити, чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатини Шарқда қон ва қилич билан жорий қилган даҳшатли генераллардан бири Михаил Дмитриевич Скобелев ҳақида мақола ёзарман деб сира ўйламаган эдим. Сабаби, давр аллақачон унинг фаолиятига баҳо берган, ўз шафқатсиз ҳукмини чиқариб қўйганди. Инқилобдан кейинги дастлабки йиллардаёқ фақат чор генерали Скобелевгина эмас, унинг ҳамтовоқлари — «ярим пошшо» Кауфманлар, генерал-губернатор Куропаткинлар, жаллод Головачевлар ва бошқа зобитлар меҳнаткаш халқ ғазабига учрагани ҳаммага маълум. 20—30-йилларда босилиб чиққан вақтли матбуотдаги турли мақолаларда ҳамда тарихий асарларда чор зобитларининг босқинчилик юришлари, Туркистон халқларини қанчалик шафқатсизлик билан қириб, қон қақшатгани, талагани ҳақида кўплаб ёзилган эди. Айниқса, Улуғ Ватан урушидан кейин босилиб чиққаникки жилдли «Ўзбекистон халқлари тарихи» асарининг иккинчи китобидаги (Тошкент, ЎзФАН, 1947 й.) академик Бахрушин томонидан ёзилган бобларда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати кўпдан-кўп ҳужжатлар, далиллар асосида фош этилганди. Бу улкан тадқиқотни ўқиган киши юқоридаги муаммога бутунлай нуқта қўйилган, деган хулосага келиши табиий. Аммо, йўқ, янглишган эканмиз. Тарих ахлатхонасини титкилаб, янги «кашфиётлар» топишга ўч «шинаванда»лар ҳали йўқолмаган экан.
Бир вақтлар — 60-йилларнинг охирларида Самарқанд шаҳрида қурбон бўлган чор аскарлари хотирасига қўйилган ёдгорлик қаровсиз қолиб, емирилиб кетяпти, шошилинч ёрдам керак, деган мазмундаги хитоб вилоятда чиқадиган русча газетада босилгани эсимда. Шунда ҳамма ғазабланган эди. Кўҳна шаҳар — қадимий пойтахтимиз Самарқанддаги буюк обидаларни тўпга тутиб вайрон қилган, тинч аҳолини шафқатсизлик билан қирган мустамлака қўшинлари хотирасини эъзозлаш ҳақидаги гапнинг совет матбуотида босилишида катта мантиқсизлик бор эди. Ахир биз чоризмни ағдариб ташлаган ва эски дунё ҳимоячиларининг ҳаммасини битта қўймай қириб ташлашга аҳд қилган авлод фарзандларимиз-ку! Мен бу гапни жуда фахрланиб айтаётганим йўқ, аммо, аслида тарих ҳақиқати шундай бўлди-ку! Хўш, подшо ёмон, меҳнаткаш халқнинг душмани экан, унинг сиёсатини қадам-бақадам амалга ошириб, зулм салтанатини ҳимоя қилган, бошқа халқларни куч билан, зўрлик билан ўзига бўйсундирган чор армияси-ю, унинг мустамлакачи амалдорлари, қонхўр зобитлари яхши бўлиб қолдими?!

Кейинроқ Булғориянинг усмонли турклар истибдодидан озод бўлган кунга 100 йил тўлиши муносабати билан турли тадбирлар ўтказилаётган кунларда генерал М. Д. Скобелев номи яна марказий матбуот саҳифаларида кўрина бошлади. Унинг мардлиги, жасоратлари-ю, хизматлари ноҳақ унутилиб, камситилаётгани ҳақида нолиб ёзишди. Аммо бу гал ҳам ҳушёр фикрли кишилар адолат тарозисини ушлаб қолдилар. Соғлом мантиқ устун чиқди: Скобелев сингари зобитларнинг фаолиятига баҳо берганда бир томонга оғиб кетмаслик лозимлиги, унинг булғор халқини озод қилишдаги жасоратлари қанчалик улуғланса, Туркистондаги, айниқса, Қўқон хонлигида, Туркманистонда қилган қонли қирғинлари шунчалик қораланишга сазовор эканлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, адолат талаби шуни тақозо этади.
Аммо, афсуски, аллақачон ечимини топган бу масала, ҳеч қандай зарурат бўлмаган ҳолда, «Звезда Востока» ойномасида (1990 йил, 3-сон) босилган москвалик тарихчи М. Поповнинг «Ак пашша — белый генерал» мақоласида қайта кўтарилди. Қизиғи шундаки, бу мақолада генерал Скобелев рус халқининг фидойи фарзанди, унинг ифтихори, фахри-ғурурига айланган шавкатли қаҳрамон деб зўр бериб таъриф-тавсиф этилади, унга бошдан-оёқ мадху сано ўқилади-ю, лоақал бирон-бир жойда у тўккан беҳисоб қонлар, ёвузликлар тилга олинмайди ҳам. Ахир бу очиқдан-очиқ бирёқламалик, тарафкашлик, қолаверса, ўша мудҳиш йилларда зўравонлик қурбони бўлган маҳаллий халқлар — ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қорақалпоқлар, қирғизлар, қозоқларнинг ҳозирги авлодларини камситиш, ҳақорат қилиш эмасми? Халқимизда: «Онангни ўйнаши қози бўлса, дардингни кимга айтасан?»— дегак ўткир нақл бор. Наҳотки ҳамон шундай бўлса—адолат топталиб, ёлғон гаплару разолат тантана қилиб қолаверса?! Йўқ, ундай эмас! Ҳозир бошқача замон. Тарихга холис баҳо берадиган мутахассислар, ҳайриятки, орамизда бор. Кейинги пайтларда мазмундор шеърлари ва тарихий мавзудаги мақолалари билан матбуотда тез-тез чиқаётган таниқли шоир Хуршид Даврон «Босқинчилик қаҳрамонлик бўлдими?» деган мақоласида генерал Скобелевнинг ҳақиқий башарасини очиб ташлади. Эҳтирос ва чуқур мантиқ билан суғорилган бу мақолада чор босқинчиларининг кирдикорлари ҳамда бояги «қаҳрамон» генералнинг уюштирган қирғинлари турли далиллар, ҳужжатлар асосида анча кенг баён этилди. Муаллиф маълум даражада Скобелевнинг истилочилик фаолиятига ёки бошқача айтсак, тарихий «хизмат»ларига тўғри баҳо беришга муваффақ бўлади.
Эллигинчи йилларнинг ўртасидан бошлаб бу мавзуга фақат бир томонлама ёндашиб, унинг «прогрессив аҳамияти»ни кўрсатишга бутун ижтимоий фанлар сафарбар қилингани маълум. Оқибатда чор босқинчиларининг ёвузликлари деярли гапирилмади, чет элдаги холис тадқиқотлар эса ё қораланди, ё бутунлай четлаб ўтилди. Ана шу шароитда Хуршид Давроннинг матбуотдаги дадил чиқиши ҳамда профессрр Ҳамид Зияевнинг «Шарқ юлдузи» рўзномасида босилган «Чоризм босқини» (1990 й., 7-сон) номли йирик мақоласи чинакам жасорат намунаси бўлди. Қайта қуриш руҳи билан суғорилган бу мазмундор мақолалар мазкур мавзуни ёритиш йўлидаги илк қадамлар ҳисобланади. Аммо улар қалин парданинг бир томонини хиёл кўтардилар, холос. Рус босқинининг даҳшатли манзараларини тўла кўрсатиш учун эса ҳали ўнлаб йирик тадқиқотлар, китоблар ёзилиши зарур. Айниқса, мен Москва кутубхоналарида бир оз муддат ишлаб, турли материаллар ва ҳужжатлар билан танишгач, буни чуқур ҳис этдим. Биргина генерал Скобелев ҳақида мадху санодан иборат ўнлаб китоблар ёзилган экан. Уларнинг анчагинаси бадиий асарлардан иборат бўлиб, қайта-қайта нашр этилган. Мақсад халқ онгига мазкур генералнинг «буюк»лиги, «қаҳрамон»лигини тўхтовсиз сингдириб боришга қаратилган. Чоризм тарғиботи ҳарқалай бу вазифани «ҳалол» бажарган экан, Тарих аллақачон рад этган бу «китоб»ларнинг номи ва муаллифлари билан танишинг: Абаза К. К. «Оқ» генерал (оқпошшо) Михаил Дмитриевич Скобелев. Санкт-Петербург, 1905; Артомонов Л. К. 1880—1881 йилларда генерал Скобелев қўмондонлиги остида рус қўшинлари томонидан така-туркманларнинг тор-мор этилиши, 3-нашри, Спб., 1898; Адам Жульетта, Генерал Скобелев, Спб., 1886; Арцишевский А. Ф. Тенерал Скобелевнинг 1880—1881 йилларда Ахалтакада бўлиши. (Қаҳрамон-даҳо вафотининг бир йиллиги муносабати билан). Тифлис, 1883; «Оқ генерал». Повесть, М., 1899; «Оқ» генерал. Аскарларнинг М. Д. Скобелевга ҳамда рус-турк урушига бағишланган жанговар қўшиқ ва шеърлар тўплами. М., 1912; «Рус халқининг қаҳрамони — оқ генерал М. Д. Скобелев». 4-нашри, Спб., 1898, Гринев С. А. М. Д. Скобелев, Киев, 1894; Красницкий А. И. Оқ генерал. Генерал М. Д. Скобелев ҳаётига доир. Повесть-хроника, Спб., 1904; В. И. Немирович-Данченко. Оқ баҳодир. М., 1912; Струсевич А. П. XIX аср қаҳрамонларидан бири. Оммабоп очерк. Спб., 1899 ва ҳоказо.

Чор маддоҳлари бири олиб, бири қўйиб Скобелевни осмону фалакка кўтарадилар. Бири уни афсонавий қаҳрамон сифатида улуғласа, иккинчиси Наполеонга тенглаштира-ди. Сабаби, у чор ҳукумати манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилган эди-да! Истилочи рус генерали фон Кауфманнинг бевосита раҳбарлигида биргина Туркистоннинг ўзида 5.380 квадрат мил территория босиб олйниб, Россия ихтиёрига ўтказилган. Бу ерлар Қўқон, Бухоро, Хива хонликлари ҳудудидан тортиб олинган. Ана шу зўравонлик сиёсатини амалга оширишда қиличидан қон томган Скобелев гоҳ Қўқон, Фарғона қишлоқларини ёндириб, гоҳ туркман овулларини ер билан яксон қилиб, қуролсиз аҳолини қириш ҳисобига ном чиқаргани маълум. Унинг бу хизматларига олқиш ёғдирган рус шовинистлари ўша даврда ҳам чор ҳукумати мислсиз адолатсизлик қилаётгани, ўзга мамлакатлар ҳудудига бостириб кириб, бегуноҳ одамларни қириб ўлдириб, зўравонлик қилаётгани ҳақида лом-мим демаганлар. Босиб олинган ерлардан оқиб келаётган беҳисоб бойлик, текин даромад чўнтакка тушиб тургандан кейин қалам ҳам шунга яраша йўрғалайди-да! Шунинг учун бу маддоҳ ёзувчилардан бошқа нарса кутиб бўлмайди.
Хўш, ўтмишда-ку бу қаҳрамон даҳо шунчалик мадҳ этилган экан, кейинги йилларда у қандай баҳоланди? Бу борада М. Попов ёлғиз эмасдир? Мана шу хусусда бош қотириб, ўйлаб юрганимда янги бир китобга дуч келиб қолдим. Унгача Хуршид Даврон ёзган мақола етарли бўлди, энди бу мавзуга қайтишга ҳожат йўқ деган тўхтамга келган эдим. Чор-ночор қалам олишга мажбур-бўлдим. «Даҳо»нинг фаолияти жуда кенг ва ранг-баранг. Шунинг учун «оқ» генералнинг фақат Туркистондаги ҳарбий ҳаракатларига тўхталиб, айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашишга уриниб кўраман.

Маълумки, Скобелев Туркистонда дастлаб фон Кауфман қўл остида хизмат қилиб, Қўқон хонлигини қонга ботирган эди. Кейинчалик у ана шу хизматлари эвазига подшоҳ марҳаматига сазовор бўлиб, водий губернаторлигини қўлга киритади. Унинг мустақил раҳбарлик фаолияти 1880—1881 йилларда Ахалтака экспедицияси билан боғлиқ. Золим генерал Кўктепа қалъаси ҳимоячиларини аёвсиз қириб ташлагани тарихий ҳужжатларда қайд этилган. Бу шафқатсизликлар ҳатто хориждаги олимлар томонидан батафсил ёзилган, фош этилган. Энг муҳими, инқилобга қадар ўз асарлари ва хотираларини эълон қилган рус ҳарбий зобитлари бу ёвузликлар ҳақида батафсил маълумот берганлар. Ёвузликдан безор бўлган туркман халқи бу генералга «кўзи қонли» деб лақаб берган. Ана шу асарларни биргалашиб кузатсак, Туркистоннинг забт этилиши манзаралари ҳам, рус зобитларининг чинакам қиёфаси ҳам маълум даражада кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Рус чоризми манфаатларини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилган М. Д. Скобелевнинг Туркистондаги ҳар бир қадамидан қон ҳиди келиб туради. Аммо бу зот кўҳна Осиё бағрига келгунча ҳам фаришта эмас эди. Унинг ҳарбий фаолияти зулмга қарши бош кўтарган поляк ватанпарварлари исёнини қонга ботиришдан (1864) бошланган. Бу «хизмати» учун у 4-даражали муқаддас Анна нишони билан тақдирланди. Ўзини тезроқ кўрсатиш, шон-шуҳрат орттириш талвасаси айниқса Хива юриши (1873) даврида авж олади. У Хива юриши бошланишидан олдин ўртоқларига «Бу гал албатта Георгий крести оламан!» деб мақтанган эди. Рус қўшини Амударёдан ўтиб, ҳонликнинг йирик шаҳар ва қишлоқларини бирма-бир забт эта боради. Қаршилик кўрсатган Хўжайли шаҳри ва Манғит қишлоғи култепага айлантирилади. Жангларда руслардан бир капитан, саккиз аскар ўлгани, ўн киши турли даражада жароҳатлангани қайд этилган. «Душман ниҳоятда катта талафот кўрди»— деб ёзилган рус қароргоҳи ҳужжатларида.
Қиёт шаҳрида 10.000 га яқин Хива қўшини парокандаликка учрайди. Руслар ҳеч қандай талафот кўрмаган. Хиваликлардан қанчаси ўлгани номаълум. Аммо И. В. Казначевнинг «Генерал-адъютант М. Д. Скобелев» (Петроград, 1916) китобида ёзилишича, «теварак-атроф мурдага тўлиб кетган эди» (19-бет). Хива яқинидаги яна бир тўқнашувда мусулмонлардан 400—500 га яқин одам қурбон бўлгани айтилади.

Хива хони Муҳаммад Раҳимхон генерал Кауфманга чопар йўллаб, таслим бўлганини билдиргач, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади. Шунга қарамай, полковник Скобелев ва граф Шувалов бошчилигида мингга яқин рус қўшини Шохобод дарвозасини портлатиб, йўлда дуч келган одамни қириб, хон ўрдасига бостириб борадилар. Зобитларнинг мақсади кўпроқ ўлжа ва юқори мартаба, нишон олиш эди. Аммо генерал Кауфман бу «зафарли ҳужумини қаттиқ қоралагани ва ўзбошимча ҳарбийларга, айниқса, ўзини қўйишга жой тополмай қолган Скобелевга жиддий танбеҳ беришга мажбур бўлгани маълум. Шарманда бўлган ёш зобит аҳволини ўнглаш учун бошқа қалтис ишга қўл уради. Ҳали рус қўшини қадами етмаган номаълум саҳро йўлларини аниқлаб, харитага тушириб келади. Бу ҳаракат Кауфманга ҳам маъқул бўлади, албатта. Аммо бу қари туллак ёш зобит талтайиб кетишини хоҳламасди. Шунинг учун у қуруққина қилиб: «Сиз кўз ўнгимда аввалги хатонгизни тўғриладингиз, лекин ҳали ҳурматимни қозонганингиз йўқ!»—деган эди. Буларнинг ҳаммаси хотиралар ва илмий китобларда батафсил ёзилган. Биргина мисол: «...Пойтахтнинг таслим бўлганига доир музокаралар олиб борилаётган пайтда Оренбург отряди томонида тўп овозлари гумбурлаб қолди. Хивадан чопар келиб, руслар яна жанг бошлаганини билдирди. Маълум бўлишича, Скобелев Шохобод дарвозасидан ёриб кирган экан. Бу ўзбошимчалик туфайли Скобелевни узоқ вақтларгача кечирмай юришди. Ҳатто Верешчагин ҳам Скобелевнинг бу қилмишини қоралаб ёзган эди». (Н. Н. Кнорринг. «Генерал М. Д. Скобелев. Тарихий этюдлар. Париж, 1939, 30-бет).
Қўқон хонлигига қарши юриш генерал Скобелев ҳаётидаги энг қора саҳифаларни ташкил этади. Чоризм манфаати нуқтаи назаридан эса бу кунлар «оқ пошшо»нинг энг зафарли дамлари саналса ажаб эмас, Шунинг учун ҳам 1896 йилда Санкт-Петербургда босилган катта қомусда (17-жилд, 480-бет) «Қўқон хонлигини забт этиш чоғида (1876) унинг (Скобелевнинг) юксак ҳарбий салоҳияти юқори даражада намоён бўлди»,— деб ёзилган эди. И. А. Казначевнинг айтиб ўтилган китобида эса генерал М. Д. Скобелев «Хива, Маҳрам, Андижон, Қўқон, Ловчи, Яшил тоғ, Шейнов (кейинги учтаси Булғорияда ) ҳамда Кўктепа жангларининг қаҳрамони» сифатида таърифланади. (7-бет). Аммо бу жанглар тарихи билан танишсангиз, тиш-тирноғигача замонавий яроғ-аслаҳа билан қуролланган чор қўшини ҳар доим пилта милтиқ, қилич ва найза тутган тартибсиз оломон билан олишганини кўрасиз. Жанг натижаси ҳам шунга яраша. Жанговар милтиқ ва замбараклар олдида қилич билан нима қилиш мумкин? Улар лоақал бирон марта жиддий ҳарбий қаршиликка дуч келишмаган. Шу туфайли Скобелевга ўхшаган зобитларнинг «юксак ҳарбий заковати-ю», мислсиз «жасорати» ҳақидаги уйдирмалар ҳатто ўз даврида ҳам чинакам Оврупоча таълим олган ва жанг кўрган рус генералларининг энсасини қотириб келган. Айниқса, Булғориядаги руст-турк савашлари чоғида унга хушламай қараган, менсимаган зобитлар кўп бўлган. Буни, баъзан, 34 ёшли навқирон генералнинг муваффақиятларини кўролмаслик, ҳасад деб талқин этганлар. Бўлса бордир. Аммо илғор фикрли зобитлар Туркистондаги ҳарбий ҳаракатлар қай йўсинда кечганини яхши билишар ва Скобелев енгил шон-шуҳрат қозонганидан батафсил хабардор эдилар. У Булғорияга қўмондон бўлиб келгунча Қўқон хонлигини қонга ботириб улгурган эди. Мақтанчоқ генералнинг ўзи чинакам уруш даҳшатини Булғорияда ҳис қилганини дўстларидан бирига ёзган мактубида очиқ тан олади: «Бир пуд ёки ундан оғир снарядлар мендан 30 қадам нарида портлар эди. Таассуротлар ниҳоятда оғир, асаблар зўрға дош беради» (Н. Н. Кнорринг. Юқоридаги асар, 77-бет). Бу изҳори дил ҳам бизга кўп нарсаларни ойдинлаштириб беради.
Аслини олганда, Қўқон хонлиги билан Россия орасида жиддий ҳарбий тўқнашув бўлган ҳам эмас. Айёр Кауфман у ердаги ишларни ўта зийраклик билан кузатиб, халқ қўзғолонлари ҳамда Қўқон ва Бухоро ўртасидаги зиддиятлардан усталик билан фойдаланган. Оқибатда рус қўшини бирин-кетин кўҳна шаҳарларни забт эта борган. 1866 йилда Хўжанд, Ўратепа, Жиззах қўлга олинади. Тақдир ҳазилини қарангки, Хўжанд ишғол қилингандан кейин Худоёрхон генерал Романовскийга элчи юбориб, уни ғалаба билан табриклайди. Рус зобитлари бу ҳақда истеҳзо билан ёзишган. Сабаби, Хўжанд Бухоро хонлигига эмас, Қўқонга тобе шаҳар эди! Уйга тушган ўғрини ҳайдаб чиқариш ўрнига бошини силаш ҳатто Афандининг ҳам тушига кирмаган бўлса керак. Бу ҳақда И. А.Терентьевнинг «Ўрта Осиёнинг забт этилиши» асаридан (1-жилд, 327-бет батафсил маълум олишингиз мумкин).
1868 йилда руслар Самарқанд ва Қаттақўрғонни ишғол этишади. Қўқон хонлигидаги фидойи кишилар «Ер юзининг сайқали» бўлган кўҳна шаҳарни қайтариб олиш учун русларга қарши жангга отланишни талаб қиладилар. Ғазабланган халқ оёққа туради аммо хон бу ташаббусни маъқулламайди. Аксинча, табрик ёрлиғи билан Ҳакимхон тўрани рус қароргоҳига элчи қилиб юборади. Мазкур элчи, яъни Ҳакимхон кейинчалик ҳақиқий статский советник унвони билан тақдирланади ва Умидов фамилиясини қабул этиб, рус фуқаролигига ўтади. Чор ҳукумати уни жавоҳирлар қадалган 2-даражали Анна нишони билан мукофотлайди, хон эса жавоҳир юлдуз билан зийнатланган 1-даражали Станислав нишонига сазовор бўлади. Бундай илтифотлардан эриб кетган хон Кауфманга ёзган илк мактубларидан бирида (1868 йил, 29 январь) «улуғ рус подшоҳи бизга қўшни давлатларда хон ва халқ ўртасида низо чиқишига йўл қўймаслигига ишончимиз қомил» деб ялтоқланган эди. У чор ҳукуматига садоқат рамзи сифатида Қўқонга қочиб келган шаҳрисабзлик жанговар беклар —: Жўрабёк ва Бобобекни (оддий меҳмондўстлик анъаналарига зид равишда) тутиб беришдан ҳам ор қилмайди, Холбуки, ўз кучларини такомиллаштириш ва қўшни давлатлардан мадад олиб, чегарани мустаҳкамлаш лозим эди. Мазкур бекларнинг бой тажрибаси, жанговар табиати унга асқотиши мумкин эди. Бунинг ўрнига хон Ррссияга бошқа соҳаларда ҳам ёрдам кўрсатиб борган. Бу ҳақда ҳатто рус зобитлари катта ҳайрат билан қалам суришади: «1871 йилда ҳосил битмагани туфайли доннинг баҳоси мисли кўрилмаган даражада кўтарилиб кетди, хон бизга буғдой етказиб бериб турди ва 1871 йилнинг ёзида ва 1872 йил даврмида Қўқон чегарасига туташ ерларга жойлашган қўшинларимизни ғалла билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди» (Терентьев, юқоридаги китоб, 329-6.)
Хўш, чор қўшини бундай ғамхўрлик, яхшилик эвазига нима берди? Қулай имконият (тўғрироғи, бундай баҳона кўпдан кутилмоқда эди) туғилиши биланоқ хонликни ларзага солган халқ қўзғолонларини бостириш ниқоби остида Қўқон ҳудудига бостириб кириб борди. Калтабин ҳукмдорлар бу сиёсий найранг эканини, салтанатнинг саноқли кунлари қолганини хаёлига ҳам келтиришмаган. Россия эса хонликни босиб олиш учун кўпдан қулай пайт пойлаб келар эди. Ҳарбий вазир Д. А. Милютиннинг «Кундаликлари»да (1-жилд, М., 1947) бу ҳақда бир қатор маълумотлар мавжуд.

Рус империяси учун катта хизматлар қилган бу вазир Туркистонни тўла забт этиш тарафдори (Ташқи ишлар вазири М. А. Горчаков бу ҳаракатларга қарши бўлган) ва ташаббускрри эди. У кўпгина давлат сирлари, подшоҳ ҳамда бошқа юқори лавозимдаги амалдорлар билан қилинган суҳбатлар, мамлакатнинг ташқи аҳволи ҳақидаги мулоҳазалари, кузатувларини батафсил ёзиб борган. Унинг қайд этишича, рус императори Александр II ҳам Шарқдаги ҳарбий юришларни ҳамиша маъқуллаб, рағбатлантириб келган экан. «Кундалик»нинг 1874 йилги саҳифаларида ўқиймиз: «8 август. Жума, Қўқонликлар ўз хонлари (Худоёр)га қарши қўзғолон кўтаргани ҳақида телеграмма олинди, генерал Кауфман отрядни шайламоқда (ҳарбий ҳаракатларнинг бўлиши муқаррарга ўхшайди). 18 август. Душанба. Москва. Эрталаб Москвага кириш арафасида (суҳбат поездда рўй бермоқда) мен вагонда анча узун доклад билан мурожаат қилдим ва гап орасида ҳукмдорга Клинда олинган генерал Кауфманнинг телеграммасики ҳам ўқиб бердим. У бизнинг тасарруфимиздаги ерларга бостириб кирган қўқонлик бебошлар ҳамма жойда мағлубиятга учрагани ва отрядларимиз уларни Қўқон ҳудудига таъқиб этиб бораётгани ҳақида хабар берганди. Кауфман яна бу таъқиб Қўқон хонлигини забт этиш билан ниҳоясига етади деб қўшиб қўйган ва шунинг учун қўшимча мадад кучлари юборишни сўраган эди. Иш ниҳоятда жиддий — Осиёдаги сиёсатимизда янги чигалликлар юзага келиб, Англиядаги бақироқларга яна худо берадиган кўринади!

Ҳукмдор бу хабарларни аввалдан кутилган, рўй бериши зарур ҳолат сифатида хотиржам тинглади ва (заррача) иккиланмай, Туркистон ўлкасига қўшин жўнатиш учун тайёргарлик кўришга ижозат берди. Қарангки, Қўқон хонлигини империя таркибига киритиш масаласи атиги беш минут ичида, ҳеч қандай муҳокама қилиб ҳам ўтирмай, ҳал этилди-қўйилди» (214—216-бетлар).
Бу муаммо император ҳазратлари доирасида ана шу тарзда ниҳоясига етиб, пишиб бўлган чоғда Худоёрхон ва унинг валиаҳди Насриддинлар, бошқа сарой аъёнлари ва саркардалар ўз айшу ишратлари билан машғул эдилар. Ишончли қўшнимиз исёнчиларнинг адабини бериб қўяди. Уларнинг соясида яна хотиржам ҳукм юритиб, давру даврон сураверамиз деган ишонч ҳоким эди бу калтабйн одамларда. Мамлакат сарҳадларини қўриқлаган сарбозларни ҳарб илмига тайёрлаш, янги замонавий қуроллар сотиб олиш ва уларни қўллаш ҳеч кймнинг хаёлига ҳам келмасди. Ана шу хотиржамлик жуда қимматга тушди — асрлардан бери озод, эркин яшаб келаётган маъмур ўлка қуллик, тутқунлик исканжасида қолди. «Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга» деган мақолни унутган халқ ва ҳўкмдорнинг насибаси шу бўлса, не ажаб!

Тарихнинг тақозосини қарангки, Қўқон хони ўз куни битаётганини сезмай, Россия билан «яқин қўшничилик ва дўстона муносабатлар»-у, савдо алоқаларидан бошқа нарсани ўйламаган, Тошкентнинг забт этилиши, Хива ва Бухоро хонлигидаги инқирозлар ҳам бу мағрур, мақтанчоқ, иззатталаб, калондимоғ амалдорларнинг кўзини мошдек очиб қўймагани ғоят ачинарлидир.
Ўз ваҳший кучларини қўйишга жой тополмасдан шон-шуҳрат орзусида юраги куйиб юрган М. Д. Скобелевга ўхшаганларнинг куни туғди. Чор қўшинларининг Қўқон хонлиги ҳудудидаги хатти-ҳаракатлари бугун тарих мулкига айланган. Уларни кўзатиб бориш гарчи кўнгилни вайрон этса-да, ғоят хайрлидир. Бу ишнинг бошида бевосита Скобелев тургани учун унинг «тарихий хизмат»лари ва «шавкатли қаҳрамонликлари»ни билиб олсак, ҳадеб афсона тўқишларга ўз-ўзидан чек қўйилади...
Қўқон хонлигига бостириб кирган рус қўшинларининг сони 16 рота, 20 замбарак, 8 ракета ускунаси ва 8 суворий юзлик бўлинмадан иборат бўлган. Скобелев суворийлар бошлиғи этиб тайинланган. "Кичик тўқнашувларни ҳисобга олмаганда, пойтахт йўлидаги биринчи катта жанг Маҳрам қалъасида бўлиб ўтади. Бу қалъада 60.000 атрофида сарбоз бор эди. (Баъзи манбаларда 30.000 ва 50.000 рақами қайд этилади). Қалъа девори пишиқ, мустаҳкам эканлигига қарамай, у бор-йўғи чорак соатда таслим бўлади. Қочганларни аёвсиз таъқиб қилиб қириб боришган. Яна бир шармандали, нохуш ҳолат: аллақачон рус фуқаролигини қабул қилиб чор зобитига айланган Бобобёк ва Жўрабеклар жангда қатнашиб, ўз «маҳорат»ларини намойиш этиб улгурадилар. «Маҳрамда казакларнинг жанговар ҳужуми пайтида Шаҳрисабзнинг икки собиқ беги Жўрабек ва Бобобек ҳамда қўштутлик собиқ бек Саидбеклар ўзларини кўрсатиш учун кўп жонбозлик қилдилар»,— деб ёзилган эди бу ҳақда «Военньж сборник» ойномасида (1876, 2-сон, 193-бет).
Қалъа замбарак ўқлари остида 10 минутда вайрон бўлади. Жанг қандай ўтгани ва қанча одам нобуд бўлгани ҳақида яхшиси гувоҳлар ва ҳужжатлар тили билан гапирган маъқул.
«Маҳрам атрофида душман (ўзбеклар) қанча талафот кўрганини аниқ рақамларда ифодалаш қийин. Тўсиқлар орқасида ва Маҳрам қалъаси ичида 100 дан ортиқ мурда топилиб, дафн этилди. Маҳрам орқасидаги майдонда казакларнинг қиличи билан чопилган 1000 дан ортиқ мурдани отряддаги йигитлар йиғиштириб олишиб, кўмишди; генерал фон Кауфманнинг қўриқчи бўлинмаси дарё ёқалаб қочаётганларни қувиб, 100 кишини қиличдан ўтказди. Тоғдан тушиб келиб отрядларимизга ҳужум қилган чавандозлар ҳам кўп қурбон беришди. Улардан қанчаси ўлиб, қанчаси ярадор бўлгани номаълум. Жуда кўп қўқонликлар Сирдарёга чўкиб кетди. Очиғини айтганда, шафқатсиз қирғин рўй берди, чегарамизни бузишга журъат этиб, ерларимизга бостириб киришгани ва бизга тобе одамларнинг осойишталигини бузгани учун муносиб интиқом олинди». (А. Серебренников, 1875 йилда қўқонликларга қарши ҳарбий ҳаракатлар). (Расмий маълумотлар асосида). «Военный сборник», 1876, 2-сон, 194—195-бетлар).
«Раимхўжанинг ҳикоя қилишича, Маҳрамни олиш чоғида генерал Кауфман ўзини жуда хотиржам тутган. Рус қароргоҳи яқинига ўқлар учиб келиб, тўп ўқлари ёрилиб, бир аскар ва бир йигит ярадор бўлган. Шундан кейингина Кауфман генерал Головачевга қалъани тўпга тутишни буюрган. Икки замбарак қулай маррани эгаллаб, яқин масофадан қалъани яксон қилишга киришади. Ўн минутдан кейин қалъа вайрон бўлди ва рус аскарлари ҳужумга ўтди. Ерлиларнинг жуда кўпи ўлдирилди, қўрқувдан ўзини дарёга ташлаб ғарқ бўлганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Ҳужум тамом бўлиб ҳаммаёқ тинчигандан кейин ниҳоятда димоғи чоғ Кауфман Раимхўжанинг олдига келиб: «Рус аскарлари қандай урушар экан?»— деб сўради. «Яхши уришдилар, аъло ҳазратлари»,— деб жавоб берди Раимхўжа. Генерал Кауфман бунга жавобан: «Худо хоҳласа, бутун Фарғонани мана шундай жанговар ҳаракатлар билан бўйсундирамиз ва қўшиб оламиз»,— деб айтди». («Константин Петрович фо , Кауфман — Туркистон ўлкасининг бунёдкори». Н, Остроумовнинг шахсий хотиралари, 1877—1881 йиллар. Тошкент, 1899, 211-бет).
Скобелевнинг маълумотномасига кўра, жанг майдонидан 2000 салла йиғиб олинган; Верешчагин буни иккига бўлади, аммо «жанг чакки бўлмади» деб қўшиб қўйди». (М. Д. Скобелев. Спб., 1894, 17-бет).
«Биз 39 замбарак, (Дарёга тушиб кетган тўп бу ҳисобга кирмайди), 1500 милтиқ, беҳисоб найза, қилич, чўқмор, 50 дан ортиқ туғ, байроқ, нишонларни ўлжа қилиб олдик. Қалъада ўқ-дори, снарядлар ва қўрғошин ҳамда 1910 пуд ун, 837 пуд гуруч, 320 пуд жўхори сақланаётган катта омборхоналар топилди, 224 та от қўлга олинди.
Кўрган талафотимиз: 6 киши ўлдирилди (1 қароргоҳ зобити, 4 оддий аскар ва бир йигит), 8 киши ярадор (бир қароргоҳ зобити ва 7 қуйи амалдагилар) бўлди. Душман талафотини 1200 киши дейиш мумкин.
149 замбарак ўқи, 29 ракета ва 9.387 патрон ишлатилди.
Жангдан кейин Кауфман Тошкент орқали Олий ҳазрат жаноби олийлари номига ғалаба, қўлга тушган ўлжалар ва қурбонлар сони маълум қилинган телеграмма юборди: «... душман тўла мағлуб этилди; унинг хонлик аҳолисига таъсири ниҳоятда катта бўлди, аммо Маҳрам жангининг оқибатлари ҳақида олдиндан бир нарса дейиш қийин. Хўжанддан кутилаётган қўшимча улов келиши билан Қўқон сари ҳаракатни давом эттираман. Сизга тобе улуғ император қўшинлари ўз шуҳратига муносиб мардона жанг қилди. Вазифа аъло даражада бажарилди» (И. А. Терентьев. «Ўрта Осиёнинг забт эти-лиши тарихи», 2-жилд, 358-бет).
Бу — биринчи йирик тўқнашувнинг айрим тафсилотлари. Тиш-тирноғигача қуролланган рус армияси ва ибтидоий пилта милтиқ тутган, қиличу найза ушлаган тартибсиз оломон юзма-юз олишган. Қурбонлар сонини кўрганда вужудимиз ларзага тушади. Бу — муносиб рақиблар жанги эмас, расмана шафқатсиз қирғин эди! Скобелев ана шу Маҳрам жангининг «қаҳрамони» деган шармандали номни кўтариб юришдан ор қилмаган. Раҳм-шафқат нималигини билмайдиган қонхўр казакларни жангга бошлаб кирган «оқ генерал» деярли қуролсиз оломонни ўн беш чақиримгача қувиб бориб, беармон қирган. Маддоҳ қасиданавислар бу савашда Скобелев бошдан-охиригача қатнашгани-ю, болдиридан яралангани ҳақида оғиз кўпиртириб ёзишади.
Мазкур жанг тафсилотлари ҳақида ўйлаганимда мени бошқа нарса қаттиқ қийнайди. Юқорида тилга олинган Раимхўжа шафқатсиз казаклар қиличи билан ўзбекларни нимталаб қонини тўкаётганига, молдек қираётганига қандай қилиб индамай қараб тура олди экан? Бир вақтлар юртнинг фахри ва ифтихори бўлиб юрган Жўрабек ва Бобобеклар ўз халқига қарши қилич кўтаришга қандай журъат этди экан? Уларнинг таъмаси, муддаоси нима эди? Юрт тақдири, халқнинг ҳаёт-мамоти ҳал этилаётган пайтда ёв сафида туриб, унга мадад бериш, ўз одамларини ўлдириш... «Ўзингдан чиққан ёв ёмон» деб шуни айтишади-да!
Кейинги жанглар ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатларга тўла. Уларнинг тафсилоти билан танишганинг сари биридан-бири мудҳиш саволлар қаршисида қийналиб кетасан. Оғир ўйлар одамни ўртаб юборади. «Исёнини бостиришу, «тартиб ва адолат» ўрнатиш учун ўзга мамлакат ҳудудига кирган бу шафқатсиз тўда нега бегуноҳ халқни бу қадар қонга ботирган? Бундай қаттиқўл, ёвуз сиёсат юргизиш учун унинг бирон-бир маънавий ҳақ-ҳуқуқи бор эдими? Бутун-бутун қишлоқларни ёқиш, ёндириш, култепага айлантириш йўли билан интизом ўрнатиладими?! Ахир бутун бир халқ, бутун бир юрт бошдан-оёқ исёнчига айланмайди-ку! Эътибор берган бўлсангиз, чор қўшини «исёнчииларни эмас, аксинча, сўраб-суриштириб ўтирмай, бутун бошли тинч аҳолини қириш билан шуғулланган. Бу ёвузлик эса қуйидан тортиб, энг юқори раҳбарлар ва ҳукмдорлар томонидан рағбатлантириб турилган. Бундай даҳшатли қатли-омни оқлаб бўладими? «Ярим ёввойи осиёликларни» «маданийлаштириш» усули-ю, Россиянинг Шарқдаги ижобий хизматлари деб аташ мумкинми буни?! Замона зўрники бўлгандан кейин додингни кимга айтасан?!
Яна энг-аянчлиси, юртни бошқариши, ўз халқини асраб-авайлаши лозим бўлган хонлар ва юқори мансабдаги бошқа амалдорлар, тўралар бу адолатсизликка, ёвузликка чидаб, бемалол томошабин бўлиб қараб ўтиришганига нима дейиш мумкин?! Халқига хиёнат, юртига сотқинлик бундан ортиқ бўладими?! Хўш, бу хоинлик эвазига улар нима олдилар, қандай мартабага эришдилар дейсизми? Қўқон хонлиги йўқ қилинади. Хон, Абдураҳмон Офтобачи ва яна ўнлаб мансабдорлар Россиянинг турли вилоятларига ҳар хил баҳоналар билан жўнатиб юборилади. Калтабин хукмдорлар ҳам юртидан, ҳам молу давлатидан маҳрум бўлиб, қафасдаги қуш каби тутқунлик ва забунликда умр ўтказишга мажбур бўладилар...



Қўқон йўлида юришда давом этамиз.
«Адеркас (чор зобити) Қашқар қишлоғида душманнинг от-аравалар билан келаётган тўдаларига дуч келиб қолди. Кўча бутунлай чанг-тўзон билан қопланганди. Казаклар чанг тўдасига қарата милтиқлардан ўқ узиб, сўнг ҳужумга ўтишди. Оқибатда тўрт байроқ, 25 милтиқ, беҳисоб қилич ва найза, бир қанча от ва юк ортилган 10 арава ўлжа олинди. Биз талафот кўрмадик. 40 га яқин душман ўлдирилди» (365-бет).
«Душман (Наманганда) Скобелевнинг ҳисобига кўра (басурманлар учун қоғоз ҳам ҳайф!) 3.800 кишини йўқотди. Уч кун ичида бизнинг талафотимиз: қуйи амалдагилардан олти киши ўлди, 29 киши ярадор бўлди, 3 зобит яраланди» (385-бет).
«...Балиқчи шаҳрига ёриб кириб, душман лагери ва кўчини эгалладилар. Тонг отган-дан кейин артиллерия кечувдан ўтиб, шаҳарга ўқ ота бошлади, шу заҳоти Скобелев 2-ёндош баталъонга қарашли 2-рота ва элликта казак отлиқ ўқчилари билан ҳужумга ўтди, душманнинг чекинишига йўл қўймаслик учун бутун отлиқ аскарларни замбараклар билан шаҳарнинг орқа томонига юборди. Жангга кирган бўлинмалар учта истеҳкомни мажақлагандан кейин бозорни ишғол қилдилар ва шу ерда тор кўчадан келаётган қипчоқларнинг катта отлиқ оломонига дуч келиб қолдилар... Даҳшатли ур-йиқит ичида мерганларимиз дўлдек ёғдираётган ўққа учган қипчоқлар бор-йўғи 20 қадам нарида тўда-тўда бўлиб йиқилар, кўча юзи уларнинг ўлигига тўлиб кетган эди. Бу даҳшатли жаҳаннамдан бир амаллаб қутулиб чиққанлар нариги ёнбошда пойлаб турган казакларнинг чангалига тушар эди. Уларни икки чақирим жойгача қувиб бориб, ҳеч қандай раҳм-шафқат қилмай қиличдан ўтказишди.
Биз томондан бир қуйи амалдаги киши ўлиб, 8 та ярадор (шундан учтаси оғир), уч киши контузия олган эди. Скобелев душманнинг талафотини 2000 киши деб ҳисоблайди» (386-бет).
«Сафарга отланишдан олдин Скобелев атрофни ҳар хил шайкалардан тозаламоқчи бўлди. Бунинг учун Меллер-Закомельский Чустда, Пичугин Оқжарда, Скобелевнинг ўзи Наманганда ишга киришди. Пичугин 18 ноябрь куни тоғлар орасидаги Ошоба қишлоғида бир гуруҳ шайкага дуч келди ва уни батамом қириб ташлади» (388-бет).
Хўжанд атрофидаги мазкур тоғли Ошоба қишлоғи аҳолисининг жасоратига махсус тўхталиш зарур. Ана шу қирғин кезларида полковник Пичугин етакчилигидаги аскарлар бир неча қишлоқни ёндириб, кулини кўкка совургандан кейин биринчи марта Ошоба қишлоғида қаттиқ қаршиликка дуч келадилар. Жанг узоқ давом этади. Жангари тоғликлар таслим бўлишни хоҳламайдилар. Навоий бобомиз айтгандек, ҳарбга имкони бор одамнинг ҳаммаси майдонга тушади. Ватан тупроғи дахлсиз, азиз. Уни мурдаларни янчиб, босиб ўтгандан кейингина олиш мумкин. Қишлоқдаги қариялару кампирлар, хотинлар, ҳатто ёш болаларгача қаршилик кўрсатадилар. Қурол йўқ. Милтиқлар олов пуркаб, ажал уруғини сочиб турибди. Ана шу тенгсиз жангга аёллар пичоқ, оташкурак, косов; чоллар паншаха кўтариб тушадилар. Ҳеч ким тирик таслим бўлишни хоҳламайди. Кўчалару уйлар ўз эрки, номуси, орини, азиз хонадонини сақлаб қолиш учун майдонга чиққан қишлоқ аҳлининг мурдаларига тўлиб кетади. Ёв устун чиқади. Ғазабланган қўшин охирги ифлосликдан ҳам қайтмайди. Қишлоқни бутунлай ёндириб, мурдаларни ҳам битта қўймай куйдириб юборади. Бу ҳақда чор зобити А. Серебренников «Қўқонга юриш тарихи» номли асарида батафсил ҳикоя қилган. Агар Туркистондаги ҳар бир қишлоқ, ҳар бир шаҳар муқаддас Ватан тупроғини ҳамда ўз қадр-қимматини ана шу ошобаликлардек ҳимоя қилолганида, юртимизнинг қиймати ҳозиргидек хароб аҳволга тушиб қолмаган бўларди.
Биз ўзбек халқи истилочиларга қарши узоқ йиллар давомида кураш олиб борганини умумий тарзда тасаввур этамизу, аммо жангларда қаҳрамонлик кўрсатган, ёв билан яккама-якка олишган минг-минглаб одамларнинг исми, насл-насаби ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Мактабда эса поляк босқинчиларини ўрмонда адаштириб ҳалок этган рус Деҳқони Иван Сусаниннинг жасорати ҳақида гапирамизу чор қўшинларига қарши кураш қандай кечгани ҳақида лом-мим демаймиз. Бу ҳам ўзига хос адрлатсизликдир.
Шу йилларда истилочиларга қарши курашган номаълум қаҳрамонларнинг исми-шарифини тиклаш, хотирасини эъзозлаш бурчимиздир. Ана шундагина фарзандларимиз Ватан қадрини, Мустақиллик маъносини теран англайдиган, лозим бўлса уни ҳимоя қиладиган бўладйлар. Шу жиҳатдан тарихчи олимларимиз, зиёлиларимиз, маъмурларимиз ҳеч бўлмаганда Ошоба фожиасини мукаммал ўрганиб, мазкур тенгсиз жангда қаҳрамонлик кўрсатган азиз ватандошларимиз хотирасига ёдгорлик тиклашни ўйлаб кўришса, ёмРн бўлмасди.
Табиийки, бу қаҳрамрнларнинг номини бугун қаердан топамиз деган савол туғила-ди. Бунинг ҳам иложи бор. Тарихий асарлар (ўзбек муаллифларининг шу даврга доир ўнлаб қўлёзма асарлари мавжуд. Улар деярли ўрганилмаган), рус зобитларининг эсдаликлари, архив ҳужжатлари ҳамда маҳаллий аҳоли орасида сақланиб қолган хотиралар ҳали бизга кўп нарсаларни сўзлаб беради. Шу жумладан, А. Серебренников тилга олинган мақолалар туркумида «шайка» бошлиқлари сифатида бир қанча одамларнинг исмини келтиради. Улар қароқчилар тўдаси эмас, босқинчилик ва зўраврнликка қарши дадил курашган ва зулм, истибдод остида ожиз қолиб, мақсадига эриша олмаган асл ватанпарварлар эканини сезиш қийин эмас. Мана, айримларининг исми-шарифлари билан танишинг: Танаберди (тоғли Облиқ қишлоғидан), қипчоқ Ботирқул (Сарбоқ қишлоғидан), тожик Исмандиёр (Ашт атрофидан), Колтирсун (матнда шундай ёзилган. Келтирсин бўлса керак. Ошоболик, Мулла Қўшой (маргузорлик), қирғиз Эшбўта (матнда Иш-Пута ёзилган). Шунингдек, мақола давомида Ботир тўра, Валихон тўра, Ғойиб Эшикоғаси, Хошимхон тўра, Абулғози, Сувон (Тошкент уездидан қочиб, узоқ вақт чор қўшинларига қарши кураш олиб борган. Кейинчалик қўлга олиниб, отиб ташланган). Буларнинг ҳаммаси ҳурмат билан тилга олишга, эъзозлашга лойиқ фидойи фарзандлардир.
«9 ноябрда, разведка пайтида қишлоқлардан бирида қуролланган бир айғоқчи ушлаб олинди ва у Скобелевнинг буйруғига мувофиқ шу заҳотиёқ осиб ўлдирилди. Кўкрагига: «Душманга хизмат қилаётган ва қўлида қурол билан рус тупроғига ўтган ҳар бир киши шундай ўлимга маҳкум» деган ёзув илиб қўйилди» (385-бет).
«...Йигитлар от чоптириб қочиб кетаётган бир қирғизни ушлаб олишди. У асли қурамалик бўлиб, Ботир тўранинг хитобномасини тарқатиб юрган экан. Скобелев шу заҳотиёқ бу ватанпарварни осиб ўлдириш ва бўйнига юқоридагидек ёзувни илиб қўйишга буюрди, ҳукм ижро этилди» (386-бет).
Келтирилган биринчи парчадаги «рус тупроғига ўтган» деган ифодага эътибор беринг. Воқеа ҳозирги Наманган шаҳри яқинидаги Норин атрофида рўй берган. Бу жойлар, умуман, бутун Туркистон ҳеч қачон Россия ҳудудига кирган эмас. Босқинчи генерал учун босиб олинган ерларнинг ҳаммаси «рус тупроғи» ҳисобланади. Худди бу тупроқни у жомадонга солиб, орқалаб кўтариб келгандек бемалол гапиради. Мана шу лавҳанинг ўзиёқ генерал Скобелев кимлигини, унинг ҳақиқий маънавий қиёфаси қандайлигини яхши очиб берадики, бундай фош этувчи далил-исботни ҳатто қасддан ўйлаб топиш ҳам мушкул.
«Скобелев йўлда келар экан, санасини кўрсатмай, Колпаковскийга телеграмма жўнатди, у 7 февралда эгасига келиб тегди. Унда Андижонда ҳамма нарса жойида эканлиги, аниқ маълумотларга қараганда, шаҳар тўпга тутилган паитда харобалар орасида 20.000 киши ҳалок бўлганлиги айтилган эди» (407-бет). Барча кўчирмалар И. А. Терентьевнинг юқорида тилга олинган китобидан олинди.
«Император ҳазрати олийлари қўқонликларга қарши муваффақият билан жанг қилаётган қўшинларимиздан бағоят мамнун эканлигини, бу гал улар юксак ишончни оқлаганлигини билдирди ва қўқонликларни намунали тарзда жазолашни давом эттириш лозимлигини таъкидлади».
«Тўрақўрғонликлар ҳам бизга қарши курашганига ишонч ҳосил қилган Скобелев уларни жазолашга қарор қилди ва қишлоққа ҳар томондан ўт қўйиб юборишни буюрди».
«Балиқчи қишлоғининг дарёга туташ қисми ер юзидан бутунлай супуриб ташланди».
«Асосий вазифа исёнда қатнашганларни жазолаш бўлгани учун полковник Фриде отрядни олға бошлаб кетар экан, орқада қолган казакларга қўзғолончи қипчоқларга қарашли тўртта қўрғончани ёқиб юборишни буюрди».
«Бу қишлоқ (Хўжаобод қишлоғи) аҳолиси бизга қарши курашди, улардан 50 га яқин одам ўлди, биз томондан фақат бир казак яраланди. Мазкур қишлоқни ҳамда бошқаларини ёндириб, йўл-йўлакай жуда кўп қорамол подасини ўлжа қилиб, полковник барон Меллер-Закомельский отряди Чўжа қишлоғидаги қароргоҳига қайтди».
«Бойтуқ қишлоғи аҳолиси отряд қаршисига қўл қовуштириб садоқат изҳор қилиб чиқди. Аммо бу қишлоқнинг Икки сув ораси атрофидагиларга таъсири кучли эди. Шунинг учун у ем-хашак йиғишга борган полковник барон Меллер-Закомельский бошчилигидаги отряд томонидан ёндириб юборилди».
Яна бир парчага эътиборингизни тортаман: «Андижонликлар қаттиқ қаршилик кўрсатдилар: улар ҳар бир тўсиқдан фойдаланар эдилар, томлар устидан туриб ўқ отишар, кўчалар, ҳовлилар, уйлар, мачитлар ичида юзма-юз олишардилар. Уларнинг қаршилик кўрсатишлари олдинда ҳужум қилиб бораётганларни ғазаблантирар, тобора жунбушга келтирарди. Бозор майдонида Скобелев колоннаси йирик харилардан қилинган тўсиққа дуч келиб қолди. Замбаракларимиз олдинга ўтказилди ва бир неча ўқ узилгандан кейин душман тумтарақай бўлиб кетди. Туркистонликлар бешта истеҳкомдан ташқари, мустаҳкам қўрғончага айланган уйларни ҳам жанг билан қўлга киритдилар. Ниҳоят, ҳар учала колонна ўрдага етиб келди ва саройни исёнчилардан тозалади. Қисқа муддатли ҳордиқдан сўнг манзилгоҳга қайтилди, дарвоқе, йўл ёқасидаги иморатларнинг ҳаммасига ўт қўйиб борилди. Олд қисмлар қаерда кетаётганини ёнғинга қараб билиб олиш мумкин эди. Отишмалар ҳали тинмаган, андижонликларнинг ҳарбий урони — «Ур!», «Ур!» садолари эшитилиб турарди. Андижонни бутунлай вайрон қилиш учун генерал Троицкий Скобелёвга олтита замбарак бериб, шаҳарни тўпга тутишга, бозор ва ёнғин бўлаётган томонларни нишонга олишга буйруқ берди». (М. Д. Скобелев хотлраси, Тошкент, 1907, 15-бет).
Мана бу кўчирма ҳам диққатга сазовор: «Жанг қилишга қодир оломон яна бирикиб қолмасин деб кўп сонли аҳоли яшайдиган шаҳарни батамом қириб юбориш мақсадида генерал Скобелев артиллерия бошлиғи подполковник Обромпольскийга шаҳарни тўпга тутишни буюрди. Тушдан кейин соат 3 ларда бошланган ва барча замбараклар ишга солинган артиллерия отишмаси тонгга қадар давом этди. Асосий зарба бозорга, ҳар икки ўрдага ҳамда Шаҳрихонсой ва Асака йўли томонга қаратилган эди». («Военный сборник» ойномаси).
Булар Скобелев ўтган йўллардаги айрим манзаралар, холос.
Полковник Пичугин ва полковник барон Меллер-Закомельскийлар бошчилигидаги икки отряд ҳам тоғ қишлоқларини бирма-бир янчиб, ўт қўйиб, ёндириб боришган. Бу қонли воқеалар А. Серебренниковнинг «Военный сборник» ойномасида босилган «Қўқон жанги тарихи» номли туркум мақолаларида батафсил ёритилган. Афсуски, ҳозируларни бирма-бир келтиришга имкон йўқ.
Саналган мисолларнинг ўзиёқ рус қўшини ва айниқса, генерал Скобелев Фарғона водийсига қанчалик «маданият» олиб борганини очиқ кўрсатади. «Отангни ўлдирганга онангни бер» деганларидек, бир вақтлар ўлкамизда бу босқинчи зобит номига шаҳар-лар қўйиб, унга ҳайкаллар тикланганига нима дейсиз? Бу ҳайкаллар аллақачон бузиб ташланган. Бироқ шу билан адолат тикланиб қоладими? Қўқон хонлиги йўқ бўлган кун — Туркистон халқларининг озодлиги, эркинлиги тугатилиши ва истибдод тунининг бошланиши ҳисобланади. (Бухоро ва Хива хонликлари ярим мустамлака ҳолида сақлаб қолинган.). Шундай экан, бу аччиқ сана — 19 февраль Ўзбекистонда Миллий мотам куни сифатида нишонланиши зарур. Юрт мустақиллиги йўлида ўз азиз жонларини қурбон қилиб, шаҳид кетган беҳисоб қурбонларни эслаш, ҳар йили уларнинг хотирасини бир карра ёдлаб, эъзозлаш бугунги озод Ўзбекистон учун қутлуғ анъанага айланиши зарур.
Қўқон хонлиги босиб олингач, янгидан тузилган Фарғона вилоятига Скобелев губернатор қилиб таййнланади. Орадан кўп ўтмай уни бошқа вазифага — Булғорияда туркларга қарши курашаётган чор қўшинлари қўмондонлигига ўтказишади. Унинг Болқондаги фаолияти тадқиқотимиз мавзусига кирмагани учун бу ҳақда тўхталмаймиз ва ўқувчидан узр сўраб, бир неча йил кейинга— 1881 йилдаги Туркманистон воқеалари баёнига ўтамиз,
Саҳройи туркман қабилаларини рус тобелигига ўтказиш осонлик билан кечган эмас. Бу ўлкада ҳам дарё-дарё одам қони оқизилган. Генерал Скобелевнинг Туркистондаги қора қилмишларидан бири Ахалтака қумликлари бағрига қон ва кўз ёшлари бўлиб сингиб кетганки, уларни ҳеч қачон ўчириб ҳам, унутиб ҳам бўлмайди.
Инқилобдан олдинги рус муаррихлари Сқобелевнинг ана шу мудҳиш сафарини мадҳ этувчи жилд-жилд китоблар битганини айтган эдик. Улардаги пўчоқдан иборат бўлган «қасида» қисмини тушириб қолдириб, ҳақиқат мағизини ажратиб олсак, кўз ўнгимизда даҳшатли генералнинг чинакам афт-башараси беками-кўст гавдаланади. Бунинг учун рассом бўлиб, қилқалам ушлашимиз шарт эмас.
Дарвоқе, расм. «Скобелев хотирасига» китобининг 22-бетида номаълум рассомнинг (балки В. В. Верешчагиндир) «1881 йил 12. январда Кўктепага ҳужум» деб номланган сурати илова қилинган. Орқа фонда ўтов, қум тепаликлар тасвири. Қилич яланғочлаган дарғазаб рус отлиқ казаклари ва найзали милтиғини ўқталган пиёдалар ҳужумга ўтган. Ҳаммаёқ остин-устун. Тала-тўп. Бир қанча туркманлар ер тишлаб ўлиб ётипти. Қўлида ёғоч паншаха ушлаган оқсоқол туркман отлиқлар олдида қочиб кетаяпти. Юзи-да даҳшат қотиб қолган. Куни битганини ўзи сезиб турибди. Чап томонда ўликлар орасида чақалоқ кўтарган туркман аёл югуриб келмоқда. Унинг ҳам, чириллаб йиғлаётган чақалоқнинг ҳам кўзлари қинидан чиқиб кетай деб турибди... Бу расм фақат уруш даҳшатини жонлантирибгина қолмайди. Унинг мазмуни ниҳоятда теран. У чор мустабидларини фош этади.
Машҳур шарқшунос В. В. Бартольд «Кўктепа» («Геогтепе») номли мақоласида шундай ёзади: «Рус қўшиии 8000 кишидан иборат бўлиб, 70 дан ортиқ замбаракка эга эди. Йигирма кунлик қамалдан сўнг 1881 ййлнинг 12 (24) январида Кўктепа қалъаси штурм билан ишғол қилинди; сўнг талон-тарож қилиш учун аскарлар ихтиёрига тўрт кунгача ташлаб қўйилди. Қалъани қамал қилиш ва забт этиш чоғида 6000—8000 киши ҳалрк бўлди. Ўрта Осиёдаги бошқа жангларга қиёсласак, руслар катта қурбонлар эвазига ғалаба қозонганини кўрамиз, улар ўлган ва ярадорларни бирга ҳисоблаганда 1000 дан ортиқ одамини йўқотди. Бундан ташқари, Кўктепа жангида Туркистонда биринчи марта русларнинг байроғи ва замбараги ўлжа олинганди» (Асарлар, 3-жилд, 399-бет).
Туркистон тарихи бўйича ўнлаб холис тадқиқотлар яратган муаллиф бу ўринда ҳам тарих ҳақиқатига содиқ қолади. Рўй берган воқеаларни лўнда қилиб айтади, андавалаб, суваб ўтиришни ўзига эп кўрмайди. Сабаби, у чинакам олим эди. Бир кун эмас, бир куни келажак билан юзма-юз қелишини, ўз ёзганлари шафқатсиз вақт ва авлодлар синовидан ўтишини, адолат тарозиси ҳамиша ҳақиқат учун хизмат этишини қалбдан ҳис қиларди. Шу туфайли у рост сўзлашдан қочган эмас. Афсуски, бундай олимлар ҳозир ҳам ниҳоятда кам учрайди.

Ахалтакадаги уруш қатнашчиларидан бири бўлган чор зобити К. Гейнснинг (у Бухоро хонлигига қарши жангларда ҳам ўзини кўрсатган. Бу ҳақда рассом В. В. Верешчагиннинг «1868 йилда Самарқанд» хотираларида ёзилган) мақоласида Кўктепа жанги манзаралари анча батафсил ёритилади: «Қирғин бошланди... чарчаш нималигини билмайдиган драгунлар биринчи узун ҳовлини туркманлар қонига ғарқ қилдилар. Олишув узоқ чўзилмади, душман жасурона курашса-да, охири дош беролмади: қарама-қарши томонга, баланд девор ёқалаб Ички қалъага қараб чекинди, аммо фурсат бой берилганди. Отрядимизда мардлиги билан ном чиқарган князь Голициннинг казаклари ва поручик Нахичеванскийнинг 1-эскадрони драгунлари жарликдан чиқиб, уларнинг йўлини тўсдилар. Чорасиз аҳволда қолганларини сезган така-туркманлар қўлларидаги ятағонларини ўйнатиб... рақибга ташландилар. Аммо девор орқасидан деярли ёнма-ён туриб отилаётган милтиқ ўқига учиб, кетма-кет қулай бошладилар. Қалъа билан пахса девор ораси мурдага тўлиб кетди». (Ахалтака отрядининг жанговар ҳаёти лавҳалари, «Вреннsый сборник» ойномаси, 1882, 6-сон, 27-бет).
Кўрамизки, туркманлар ўз мустақиллиги, эрки учун қаттиқ курашганлар! Аммо «осмон йироқ ер қаттиқ» деганларидек, кучлар, қуроллар нисбати тенгсиз эди. Қилич (ятағон») кўтарган довюрак така-турқманлар рўс қўшинига тайёр «гўшт» бўлган. Тарихнинг бу шафқатсиз ҳақиқатини бўямасдан очиқ гапиравериш керак.
Энди генерал Скобелевнинг яқин хешларидан бўлган Адам Жулъетта Ламбер қаламига мансуб «Генерал Скобелев» (Спб., 1886) китобидан ҳам айрим парчаларни ўқийлик: «Жаноб Марвин билан суҳбат чоғида генерал Скобелев Марказий Осиёни бўйсундириш ҳақида ўз қарашларини очиқдан-очиқ қуйидагича ифодалади:
— Гап шундай, жаноб Марвин, фақат, буларни газетангизда босиб чиқара кўрманг. Жаҳон лигаси назарида ғирт ёввойига айланиб қолишни истамайман. Менинг ақидам шундай: Осиёда осойишталик ўрнатиш масаласи тўғридан-тўғри одамларнинг қанча кўп қирилишига боғлиқ. Зарба қанчалик кучли бўлса, душман шунчалик тез бўйсунади. Биз Кўктепада 20.000 туркманни ўлдирдик. Тирик қолганлар бу сабоқни бир умр унутмайдиган бўлади.
— Умид қиламанки, бу ақидаларингизни босиб чиқаришимга рухсат берасиз. Расмий ахборотингизда Сиз ҳужум ва таъқиб пайтида ҳар икки жинсга мансуб 8.000 душман ўлдирилди, деб ёзгансиз. Шу тўғрими?
— Тўппа-тўғри. Уларни санашганда роппа-роса 8.000 одам чиқди.
— Бу маълумот Англияда жуда кўп шов-шувга сабаб бўлди, сабаби, Сизнинг аскарларингиз эркаклар билан бир қаторда аёлларни ҳам ўлдиришган экан.
Бу хусусда шуни айтишим лрзимки, Скобелев мен билан суҳбат чоғида «Кўплаб аёллар ўлдирилди. Аскарлар дуч келган одамни қилич билан чопиб ташлайверишди», деб тан олган эди. Скобелев ўз дивизиясига аёллар ва болаларга тегилмасин деб буюрган эди, унинг олдида уларни ўлдиришмади. Аммо бошқа дивизиядагилар ҳеч кимга шафқат қилишмади: аскарлар худди машинадек ишлаб халойиқни роса қилич билан бурдалашди. Капитан Маслов буни очиқчасига эътироф этади. У «Ахалтаканинг бўйсундирилиши» номли асарида ҳужум бўладиган куни — эрта тонгда ҳеч кимни асир олмаслик ҳақида буйруқ бўлган эди, деб гувоҳлик беради.
— Бу ҳам мутлақо тўғри,—деди Скобелев,—ўлганлар орасида кўплаб аёллар бор эди. Ёлғон гапириш табиатимга тўғри келмайди. Шунинг учун, ахборотимда ҳар икки жинсга мансуб деб очиқ ёзганман» (16—17-бетлар).
Капитан А. Маслов рус аскарларининг ёвузликларини «деталлаштириб» кўрсатади. Улар қаршилик кўрсатаётган ёки жонини асраш учун қочиб кетаётганларнинг қовурғасига, қорнига найза санчишар тиккасига отишар ё бошига қўндоқ билан туширишар экан. Ҳатто кўпчилигининг кўндоғи ёрилиб кетган эди...
Скобелев даҳшатли қирғин бўлишини олдиндан яхши билган ва бунга пухта тайёргарлик кўрганди. Юришга отланар экан, у бош қўмондонлик олдига: «Биронта журналист сафарда қатнашмаслиги шарт», -— деган талабни қатъий қўяди ва бунга тўла эришади.
Скобелевни «жаллод», «қонхўр», «каллакесар» деб атасак, айрим рус дўстларимизга малол келиши табиий. Аммо юқоридаги парчани ўқигандан кейин унга ва умуман брсқинчи рус қўшинига қандай баҳо бериш мумкин?
Кўктепа қирғини манзараси янада аниқ бўлиши учун рус зобитлари асарларидан ҳам бир-икки парча келтирамиз. А. Н. Куропаткин ёзади: «Қалъа ичига қараш даҳшатли эди. Беҳисоб ўликлар бир неча кундан бери уйилиб ётарди. Баъзи кулбалар мурдага тўлиб кетганди».
Туркман халқини «ер юзидаги қора доғ» деб ҳисоблаган калондимоғ зобит Н. И. Гродеков қўшимча қилади: «Душман қамал пайтида милтиқ ва замбарақ ўқларидан қай даражада даҳшатли талафот кўрганини қалъани эгаллаганимиздан кейин билдик. Қалъа ичидаги баъзи уйларда ҳатто ўн бештагача ўлик бор эди...» (Кўчирмалар туркман академиги М. А. Аннанафасов мақоласидан олинди. Бу ҳақда алрҳида тўхталамиз.)
Жанг арафасида Скобелев: «Тўкилган ҳар томчи рус қони учун душман қонини дарёдек оқизаман», — деб мақтанган экан. Бугун биз, ошкораликка ўрганаётган авлод жаноб генерални саволга тутишга ҳақлимиз. «Хўш, муҳтарам «оқ пошшо», «шавкатли қаҳрамон», Туркистонга сизни ким таклиф этди? Биронта ўзбек, қозоқ, қирғиз ёки туркман сизнинг юртингизга қилич кўтариб бостириб кирдими? Қишлоқларингизни талаб, уйларингизни ёндириб, одамларингизни қирпичоқ қилдими? Нега бунча жазавага тушасиз? Нега аскарларингиз бу қадар одам ўлдиришда ким ўзарга пойга қилишади? Нега уларни каллакесарлиги учун рағбатлантирасиз? Виждонингиз азобланмайдими?» Бу даҳшатли саволлар бизнинг юрагимизни ўртайди, холос. Генерал ва унинг бугунги маддоҳлари учун эса улар бир тийинга қиммат. У Кўктепада ўз вақтида жон бераётган мулланинг «8000 бегуноҳ одамни ўлдирганинг учун виждон азобида қолмайсанми?!» — деб берган саволига, юзсизлик билан: «Йўқ! 80.000 бўлмаганига ачинаман!»—деб жавоб берган эди.
Азиз ўқувчи! Мен бугун тарих мулкига айланган ноёб асарлардан эринмай парчалар келтирдим. Улар чўзилган бўлса, узр сўрайман. Мақсадим холис бўлиш, ҳақиқатни тўғри англашингиз учун кўмаклашиш. Чамамда анча нарса ойдинлашди. Скобелевнинг сурати билан бир қадар танишдик. Энди унинг сийратига ҳам разм солайлик. Шундагина биз чизаётган «портрет» мукаммал бўлади. Бу борада бизга генералнинг ўз сўзлари ёрдам беради. Унинг дил эътирофлари, иқрорларида ҳам ўта ёвузлик ҳукмронки, ўқиганда беихтиёр юрагинингиз орқага тортиб кетади.
«Очиғини айтсам, — дейди у Адам Жульеттага, — урушни яхши кўраман. Ҳар бир миллат ўз ҳудудини табиий чегараларгача кенгайтириш ҳуқуқига эга ва бу қонунийдир.

Биз славянлар, албатта Босфор ва Дарданелни эгаллашимиз зарур, акс ҳолда ҳар қандай «тарихий аҳамиятимизни» йўқотамиз. Агар қўлимиз бу бўғозларгача етмаса, ерларимиз қанчалик чексизлигига қарамай, биз ҳалок бўламиз».
«...Мен буни кўриб, ҳис қилиб турибман, башорат қилиб айтаманки, славянлар бир куни Германияни ейди».
«Немисларга асло тоқат қила олмайман».
«Буйруқ бўлса, худди така-туркманларни қандай ўлдирган бўлсам, рязанлик мужикларни ҳам шундай хотиржамлик билан отиб ташлайвераман».
«Рус босқини тошқин дарёдек оқиб, қутуриб, ҳамма ёқни топтаб бормоқда. Асрий салтанатлар емирилмоқда: бир томонда Эрон, бир томонда Туркия қалтираб турибди. Бу қудратли босқинни тўхтата оладиган мўъжизавий бир куч оламда бормикин?»
Кароматгўй генерал адашди. Унинг «орзулари» амалга ошмади. Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистонни босиб олишга чор Россиясининг «қудратли» кучи етмади. Аксинча, унинг ифлос кирдикорлари жаҳон афкор оммаси орасида шарманда бўлди. Қилич ва замбарак билан ўрнатилган ёвузлик империяси чок-чокидан сўкилиб кетди. Славянлар Германияни ҳам «еб» қўя олмади. Бугунги кунда ҳатто немис кухаркалари ҳам қудратли Россиянинг ворисларига — Москва қашшоқларига хайру садақа улашмоқдалар. Ҳар бир нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бор...
У чинакам ёвуз одам эди. Шовинист эди. Босқинчи эди.
Уни улуғлаш ҳам, камситиш ҳам керак эмас, ўз номи билан аташ кифоя.
Бир вақтлар генерал Духовский Мадали эшон исёнида қатнашган фидойиларга қараб: «Сизларнинг юзингиз шунчалик қора бўлдики, уни ҳеч қачон ювиб кетказа олмайсизлар!» — деб таъна қилган эди. Чархи кажрафтор экан-да! Бу аччиқ сўзлар Скобелев сиймосига айнан мос келади. У Туркистон заминида асрлар оша юзи қора бўлиб қолаверади.
Шунинг учун ҳам уни бир вақтлар кўкларга кўтариб олқишлаган Д. А. Милютин қариб-қартайган вақтида — 1911 йилда М. Д. Скобелевга ҳайкал қўйилишини қаттиқ қоралаган ва уни Суворов, Кутузов сингари саркардаларга асло тенглаштириб бўлмай-ди, деб хитоб қилган эди. (Д. А. Милютин. «Кундаликлар», 68-бет). Афсуски, бу фикрлар эътиборсиз қолиб кетди.

ОЙНИ ЭТАК БИЛАН ЁПИБ БЎЛМАЙДИ!

Турғунлик даври орқада қолди. Уларга ҳадеб тош отаверганимиздан фойда йўқ. Бунинг ўрнига чинакам тарих ҳақиқатини гавдалантирган ҳаққоний асарлар яратиш йўлидан борганимиз маъқул. Ўтмишдаги хатоларни энди ким такрорлайди? Ҳақиқатни ёзамиз, рост гапни айтамиз десак, бугун ким қўлимиздан ушлайди? Ахир ошкоралик, ҳўр фикрлик замони келди-ку! Ана шу ширин тасаввурлар оғушида Москвадан олиб келинган ҳужжатларни таржима қилиш режасини пишитиб юрганимда қўлимга яна бир қалингина китоб тушиб қолди. У 1990 йилда Москвада «Патриот» нашриётида босилган. Номи... «Скобелев» деб аталади. Муаллифи —- Борис Акимович Костин. Шоша-пиша варақлайман. Зора бу ёзувчи ўтмиш саҳифаларини тўғри баён қилган, асл ҳақиқатни ёзган бўлса деб. Аммо илк сатрлардаёқ бошим тошга теккандек кўзларимдан учқун чиқиб кетди. Ички варақдаги илк сўзларни ўқиганимдаёқ ҳафсалам пир бўлди. Мана нашриёт томонидан ёзилган маълумотнома: «Чинакам фактлар ва ҳужжатларга асосланган мазкур китобда машҳур рус саркардаси —генерал М. Д. Скобелевнинг ҳаёт йўли ва ҳарбий фаолияти ҳикоя қилинади. Ҳарбий санъатни пухта билиши, аскарларга доимий ғамхўрлик ва ғолибона жанг саҳифалари Россияда ҳамда чет элларда унга катта шуҳрат келтирганэди». Масала равшан. Бу китоб ҳам эски қўшиқни такрорлайди, эски афсонани давом эттиради. Бизга малол келадиган ғалати нуқта шундаки, расмий Москва шунча гап-сўзлардан кейин ҳам лоақал заррача фикрини ўзгартирмади. Қоғозда халқлар дўстлиги, интернационализм, қардошлик ҳақида лоф уриб ёзилса-да, амалда ҳамма нарса «улуғ рус халқи» манфаатларини тарғиб қилишга бўйсундирилди. Биргина мисол. Туркистон халқлари, жумладан ўзбекларнинг маданий тарихи кўп минг йилликлар бағридан бошланади. Янги эрадан- аввалги хунлар, юэчжилар, усунлар, Хоразм, Парфия, Кангюй (Қанг), Кушон, Бақтрия, Эфталит, Қадимги турк давлатларини эслаш кифоя. Улар ўзига хос бойликлар яратганлар, Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Кавказ, Юнонистондаги қадимги халқлар билан савдо-сотиқ ва бошқа маданий алоқалар ўрнат-ганлар. Бу даврларга оид кўпгина осори-атиқалар, кўҳна, улуғвор иншоотлар сақланиб қолган. Шунга қарамай, мактабда «СССР тарихи» фани «Киев Руси» давлатини ўрганишдан бошланади. Гўёки ундан олдин собиқ СССР ҳудудида Киев Русидан бошқа улкан салтанатлар бўлмагандек. Бу сохта тасаввур мурғакликдан бошлаб бола миясига қуйилади. Шу мисолнинг ўзиёқ бошқа кўҳна маданиятга эга бўлган халқларни камситиш, менсимаслик, руслар тарихини эса кўр-кўрона улуғлаш ҳукмрон мафкура зўравонлик сиёсати юргизганини («Чидасанг шу, чидамасанг қўлингдан келганини қилавер») кўрсатади. Ана шу ақидага кўра Қозон хонлигини зўрлик билан босиб олган ва минглаб бегуноҳ татар мусулмонларнинг қонини тўккан Иван Грозний босқинчи сифатида қораланмади. Тўғри, унинг сиёсатдаги золимлиги, қонхўрлиги айтилди, аммо ўзга юртларга тажовузи адолатсизлик, босқинчилик эканлигига деярли аҳамият берилмади. ёки Пётр I фаолиятини эсланг. Унинг Болтиқ денгизи, Қора денгиз ҳудудларига чиқиш учун олиб борган курашлари (аслида бошқа халқларга қарашли ерларни куч, зўравонлик билан босиб олиниши) русларнинг қонуний, табиий ҳаракати сифатида улуғланди. Айни замонда Туркистон заминидан чиққан Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк зотлар фақат босқинчи, золим ҳукмдорлар сифатида қораланди. Уларнинг марказлашган давлат тузгани, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб, савдо-сотиқни, халқаро маданий алоқаларни ривожлантиргани, адолатли қонунлар чиқаргани каби ўнлаб ижобий хизматлари эса шунчаки тилга олинди, холос.
Бир халқнинг юксалиши ёки жаҳон кенгликларига чиқиши ҳеч қачон бошқа халқлар, хусусан, майда, заиф миллатларни эзиш, қириш, уларнинг қонуний манфаатларини йўқ қилиш, арбобларини қасддан камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак. «Дунёдаги энг одил, энг халқчил», «тенглик, тотувлик, дўстлик» асосига қурилган «буюк тузум» мафкурачилари эса бу оддий ҳақиқат билан ҳисоблашиб ўтирмадилар. Фақат Россия манфаатлари учун хизмат қилган, бошқа халқларни кишанга солиб, бўйнига зулм бўйин туруғини илган тарихий шахсларни фақат «қаҳрамон», «улуғ», фидойи ватанпарварлар деб бир томонлама кўкка кўтариш, уларнинг ёвуз кирдикорларини хаспўшлаб ўтиш мазлум миллатлар қалбида табиий норозилик, нафрат, қаҳр-ғазаб туйғуларини уйғотади. Иван Грозний, Петр I, Ермолов, Кауфман, Скобелев, Головачев ва бошқалар чор Россияси ва фақат Россия учун хизмат қилганини, уларнинг фаолияти, босган ҳар бир қадами бошқа мустақил қўшни мамлакатлар учун қуллик, тутқунлиқ, зулм ва даҳшат элтганини асло унутиш мумкин эмас.

Ўзбекистонда Скобелев ҳақидаги мунозара 1990 йилда бўлиб ўтди. Костиннинг китоби эса анча олдин ёзилиб, нашрга топширилган, муаллиф бу баҳсни хаёлига ҳам келтирмаган-ку, деб таъна қилишингиз мумкин. Аммо бу ҳолат ҳам ёзувчини оқлай олмайди. Сабаби, қўлига қалам олишга журъат этган киши ҳар қандай ёлғондан ҳазар қилиши, самимий бўлиши лозим. Афсуски, мазкур китобда бунинг тескарисини кўрамиз.
Скобелевнинг Туркистондаги илк «жасорати» Хивани забт этиш чоғида намоён бўлгани бизга маълум. Хўш, бу ҳақда Б. Костин «ҳужжатлар ва фактлар» асосида нималарни ёзди экан? «Хиваликлар руслар устига дўлдек ўқ ёғдирдилар,— деб ёзади муаллиф,—Тўп ўқлари ёрилиб, қумларни улкан фонтандек осмонга отарди. Аммо рус батареялари аниқ нишонга уриб, рақиб замбараклари унини ўчирди. Шохобод дарвозаси қўпорилгандан кейин ичкарига биринчи бўлиб Скобелев ёриб ўтди. Унинг изидан икки рота илғор жангчилар қалъага кирди ва қисқа муддатли олишувдан кейин девор ва минораларни эгаллади. Шундан кейин Скобелев ўз отряди билан кўча-кўйда аёвсиз жанг қилиб, хон саройигача бостириб борди. 1873 йил 29 май куни Хива таслим бўлди» (24-бет).
Ёзувчи ҳатто чор зобитларидан ҳам тубанда туради. Чунки улар Скобелевнинг Хива остонасидаги шуҳратпарастлик, такаббурлик ва ёвузликдан иборат қилмишини қаттиқ қоралаб, бу шармандали ҳодиса ҳақида рўйи-рост гапирганлар. Рассом В. В. Верешчагин ўз дўсти кўрсатган бу кераксиз «жасоратини танқид қилгани бизга маълум.
Дарвоқе, Верешчагин сиймоси ҳам ўта мураккаб. У Туркистондаги қора юришларнинг деярли ҳаммасида қатнашган ва рус босқини манзаралари ҳамда оқибатларини кўпдан-кўп бадиий полотноларида тасвирлаб берган эди. Бундан ташқари у бир қанча адабий асарлар, хотираларини ҳам эълон қилган. Муҳими шундаки, рассом ўзи кўрган воқеаларни ва ёвузликларни яширмасдан очиқ ёзган. Бу жиҳатдан айниқса унинг «1868 йилда Самарқанд» номли хотиралари диққатга сазовор.  Унда Верешчагин Самарқанд шаҳрида маълум муддат қамал-да қолган оз сонли рус қўшини ўз она юртини босқинчи ёвдан озод этиш учун Шаҳрисабз ва Китобдан келган ўзбек ватанпарварларини қанчалик қирганини мароқланиб тасвирлайди. Бу мухорабада шахсан қатнашган рассом икки ўзбекни «профессорларча» отиб ўлдирганини, полковник Назаров тинч аҳоли яшайдиган уйларни, кўҳна масжид ва мадрасаларни аёвсиз ёндирганини, гуноҳсиз одамлар беҳуда қириб юборилганини батафсил ёзишдан тортинмайди. Реалист ижодкорнинг бу фазилатига ҳам тан бериш керак. У ўз «тарихий хизматлари»ни тириклик чоғидаёқ ҳалол баҳолаб қўйган. Афсуски, совет даврида рассом ижоди ҳақида ёзилган китобларда бу масала ҳам фақат бир ёқлама ёритилади, рус чоризми манфаатлари учун қанчалик ўлиб-тирилиб ҳаракат қилганлиги эса доим четлаб ўтилади. Мисоллар келтираман. 1990 йилда Москвадаги «Советская Россия» нашриёти В. В. Верешчагиннинг «Повестлар, очерклар, хотиралар» китобини 100.000 нусхада босиб чиқарди. Ҳажми 31.71 табоқ. Ҳавас қилса арзийдиган мўътабар нашр. (Тўплаб нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари В. А. Кошелев х,амда А. Черновлар.) Бу китоб ҳақида ёш ўзбек журналисти Ж. Юсупов «Халқ сўзи» рўзномасида босилган (1992 йил, 14 январь) «Верешчагиннинг икки қиёфаси» номли  мақоласида жиддий фикрлар билдирди.) Китобда рассом қаламидан чиққан бир қанча йирик асарлар ва кичик-кичик лавҳалар мавжуд.. Аммо тўпловчилар рассомнинг «1868 йилда Самарқанд» асарига ўрин бермаганлар. Шунингдек, муаллифнинг ўз ёвуз табиатини росмана фош этган «Андреаполь босқини» («Русская старина» ойномаси, 1888, 11-сон) хотиралари ҳам тўпламга киритилмаган. Албатта, бу оддий англашилмовчилик ёки бепарволик оқибати эмас. Тўпловчилар буни онгли равишда, тўғрироғи, оммадан, айниқса, собиқ мазлум миллатлардан яшириш учун атайлаб қилганлар. Рус чоризми манфаатларини ҳамда чор зобитлари маънавий қиёфасини тўғри очиб берган асарлар сохта интернационалистларга фойда эмас, аксинча зарар етказади-да! Улар буни жуда яхши ҳис қилганлари учун ими-жимида иш битиришни афзал кўрадилар.
Лев Деминнинг «Мольберт билан ер шари бўйлаб» (Олам В. В. Верешчагин нигоҳида) номли улкан китоби ҳам рассом В. В. Верешчагинга бағишланган. Ҳажми 37,92 босма табоқ. Москвадаги «Мысль» нашриётида (1991 й.) 50.000 нусхада босилган. Унда рассомнинг Туркистонда кечган ҳаёти ҳақида батафсил гапирилади-ю, аммо чор босқинлари, аёвсиз қирғинлар ва уларда В. В. Верешчагиннинг бевосита иштироки ҳақида лоақал бир оғиз гап айтилмайди. Афсуски, бу китобларни нашр этган ўртоқлар бугун шароит ўзгарганини, ошкоралик шарофати туфайли юз йиллаб қулфланиб ётган пўлат сандиқлар очйлиб, яшириб келинган кўп нарсалар халққа етиб улгурганини ҳисобга олмаганлар. Ва энг муҳими, улар тарих ёлғонни ҳазм эта олмаслигини, ҳақиқат барибир рўёбга чиқишини назар-писанд қилмаганлар. Бугун биз уларга бемалол таъна қилаоламиз: Чучварани хом санабсизлар, жаноб муаллифлар!
Хуллас, Верешчагин сингари сиймоларнинг ҳаётидаги ҳар икки қутб батафсил ва рўйи-рост кўрсатилмаса, бу мавзуга қўл урган киши, ким бўлишидан қатъи назар, бад-ном бўлишдан қочиб қутула олмайди.
Б. Костиннинг китобига қайтайлик. Муаллиф Скобелев қиёфасига тирноқча гард юқтиргиси келмайди ва уни Хива урушининг чинакам қаҳрамони сифатида бизга тақдим этади. «Хива юришида қатнашиш Скобелев учун жиддий ҳарбий мактаб бўлди, у ҳам жисмоний, ҳам маънавий синовдан шараф билан ўта олди. Ҳатто жанг чоғида ўққа учган туркистонликлар орасида турган пайтда ҳам у ҳайратомуз вазминлиги ва жасурлиги билан ажралиб турарди. Ташаббўскорлик, ишнинг кўзини билиш, зудлик билан бир қарорга кела олиш каби фазилатлари туфайли ёш зобит ҳаммага ўрнак эди. Скобелев энг мушкул ва хавфли топшириқларни тиришқоқлик ва уддабуронлик билан қотириб бажарарди. Бошлиқлар унга тўла ишонар эдилар» (26—27-бетлар).
Бир одам. Икқи хил қиёфа. Икки хил талқин.
Кимга ишонган маъқул? Воқеаларнинг бевосита иштирокчилари, гувоҳлари бўлган чор зобитларигами ёки орадан юз йил вақт ўтгандан кейин афсона тўқиётган Б. Костингами?! Инсоф ҳам керак-да!
Китобни ўқишда давом этамиз. Навбат Қўқон юришига келади. Маҳрам жанги тасвирида ҳам Скобелев жасоратларига ҳамду сано ўқилади. Ҳатто 20 минг тинч аҳолиси ўлдирилган Андижон қирғини рус қўшинининг порлоқ ғалабаси деб таърифланади (29-бет).
Нима ҳам деймиз? Халқлар ўртасидаги дўстлик, тотувлик, қардошлик ҳақида гап сотиш бошқа-ю, амалий иш, оқибат бошқа нарса экан-да! Ким билсин, собиқ СССРнинг парчаланиб кетишига ҳам айни шу нарса — сўз ва амалий ишнинг бошқа-бошқалиги, ҳукмрон мафкура ҳамма ерда ЁЛҒОН, АЛДОВ, ЗЎРАВОНЛИК, ТАЛОНЧИЛИК сиёсати олиб борганлиги, ҳақиқатдан қўрққанлиги сабаб бўлгандир? Агар ёзувчида лоақал озгина виждон, ҳалоллик бўлганда мазкур китобни ўқиган ўзбекнинг дилини оғритиб, иззат-нафси, ғурурини поймол қилиб қўймасмиканман, деган андишага борар эди. Йўқ! Бундай нозик инсоний туйғулардан, афсуски, муаллиф маҳрум. Шунинг учун ҳам у қонли Кўктепа жанги ҳақида гапирганда туркманлар нима учун Скобелевга «кўзи қонли» деган лақаб қўйганлигига тушунмаганлигини айтиб, ажабланади. Ҳолбуки, бунинг сабаби муаллиф «синчиклаб ўргандим» деб даъво қилган ҳужжатларда батафсил ёзиб қўйилган. Уларга ҳеч қандай қўшимча ёки изоҳнинг ҳожати йўқ.
Шундай қилиб, ўзбек ва туркман халқларини шафқатсизларча қириб, тарихда ёмон ном қолдирган Скобелев Б. Костин талқинида даҳо инсонга, русларнинг миллий қаҳрамони, фахри ва ифтихорига айланади. Жўшиб кетган ёзувчи инқилобдан кейинги дастлабки йилларда (1918 йил 1 майда) Москвада ўрнатилган Скобелев ҳайкали бузиб ташлангани ҳақида кўз ёши тўкиб ёзади: «Қисқа, аммо порлоқ умрида Ватан учун муносиб хизмат қилган инсоннинг номи ўн йиллар мобайнида рус тарихидан чиқариб ташланди».
Муҳтарам ёзувчи бу ерда ҳам янглишади. Скобелев — тарихий шахс. Тарих саҳифаларидан унинг номини ҳеч ким супуриб чиқариб ташлай олмайди. Бу — мумкин эмас. Туркистон халқлари учун у ёвузлик тимсоли бўлиб қолаверади. Худди Гитлер каби, Сталин каби.
Скобелевнинг хизматлари муносиб баҳоланмаяпти деб надомат чекадиганлар орасида, минг афсуски, машҳур ёзувчи, марҳум Валентин Пикуль ҳам бор эди. Адиб «Эслаб юришимиз лозим» номли тарихий лавҳасида «оқ генерал» сиймосини ўзига хос тарзда мадҳ этади. У тарихчи олим В. Н. Масальский Скобелев ҳақида тадқиқот ёзиб, нашр этолмай юрганидан ажабланади. Ноширлар, қарангки, Скобелев Ўрта Осиёни забт этувчилардан бўлгани учун у ердаги жумҳуриятлар хафа бўлади, деб китобни чиқаришдан воз кечишган экан! Машҳур ёзувчи бу ҳодисани ўта  адолатсизлик деб баҳолайди. Сабаби: чор Россияси томонидан Туркистоннинг босиб олиниши «прогрессив ҳодиса»! «Бу ҳеч кимни ажаблантирмайди, албатта,— деб ёзади В; Пикуль.— Агар Россия Ўрта Осиё воҳалари ва қишлоқларига ўз қўшинини киририб, Кушкада мустаҳкамланиб олмаганда, у билан Англия мустамлакалари ўртасидаги чегара қайсидир узоқ манзилдан эмас, балки Оренбург атрофидан ўтган бўларди. Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинишига доир сиёсий ва иқтисодий майлларни «Темир канцлерлар жанги» номли романимда батафсил баён қилган эдим, ҳалигача бирон тарихчи менга эътироз билдиргани йўқ.
Аслини олганда, инқилобдан 35 йил олдин ўлиб кетган Скобелевнинг Совет ҳукумати олдида қандай айби борлигини мен яхши тушунмайман. Шунга қарамай, айрим ҳадиксировчи ва қўрқоқ кимсалар ёзувчиларга:
— Яхшиси, Скобелев ҳақида ёзмаганинглар маъқул,— деб насиҳат қиладилар.
Биз эса қўрқмай ёзаверамиз, сабаби, унинг номи биз учун Шереметев, Салтиков, Суворов ва Кутузов номлари қаторида туради...»
Ёзувчи масалани мана шу тарзда кўндаланг қўяди. Унинг мавзуга «ўзига хос» «теран» ёндашуви ўз навбатида бизни ҳам ҳайратда қолдиради. Демак, Россия Ўрта Осиёни Англиядан қўрққани, чегара чизиғи нарироқдан ўтишини хоҳлагани учунгина босиб олган экан-да! Қаранг, ўта ғалати, ақл бовар қилмайдиган мантиқ! Машҳур тарихий романлар ёзган адиб бу гапларни айтганига ҳатто ишонгинг ҳам келмайди. Аммо на илож!
В. Пикулнинг «Хива, дарвозангни оч!» номли бошқа тарихий лавҳасида эса рус қўшинларига берилган кутилмаган таърифга дуч келамиз:
«Рус аскари чақирилмаган жойга асло борган эмас. У фақат ўзини халоскор деб кутганларнинг олдигагина борган.
У қозоқлар, туркманлар, ўзбеклар билан ҳеч қачон жанг қилмади. Рус аскари жазирама саҳроларда кезиб ўрта аср мустабидларини — хонлар, султонлар, бекларни —Темурланг замонидан бери барханлар бағрига сингиб кетган бутун шарқона разиллик ва ифлосликларни тахтдан ағдарди. Бизоғир машаққатларга чидаб, Россияни кўпмиллатли буюк мамлакатга айлантирган аждодларимизни асло унутмаймиз!»
Ёзувчининг барча мулоҳазалари ва чегара хусусидаги ташвишлари ўринли деб ҳисоблай қолайлик. Унда Фарғонадаги қишлоқлар, шаҳарлар, туркман овулларининг аёвсиз талангани, ёндирилгани, қирғин қилинганини қандай баҳолаш керак? Ўз чегарасини мустаҳкамлаш учун, озодлик олиб бориш учун бутун-бутун халқлар қонга ботириладими, йўқ қилинадими? Буни адолатсизлик, босқинчилик эмас, табиий ва ыонуний ҳодиса деб аташ мумкинми? Нега ҳурматли ёзувчи муаммонинг бу томрни ҳақида ўйлашни хоҳламайди, хаёлига келтирмайди?
Сабаби осон. Буюк миллатчилик, ўз халқи манфаатларидан бошқа ҳеч нарсани тан олмаслик, менсимаслик оғуси унинг бутун вужудига сингиб кетган. Шунинг учун у тарих ҳақиқати билан ҳисоблашмасдан, ўз нуқтаи назарини беписандлик билан тақдим этаве-ради. Аммо ёзувчи қанчалик ҳаракат қилмасин, унинг ниқоби барибир йиртилиб кетди, ҳақиқий башараси ўз-ўзидан фош бўлди. «Халқлар турмаси»га айланган Россия империяси тарих қаърига кўмилиб кетди, «кўп миллатли халқлар дўстлиги» ниқоби рстида унга меросхўр бўлиб чиққан СССР қанчалик парчаланганига, худога шукур, гувоҳ бўлиб турибмиз. Зўравонлик, босқинчилик-ку узоққа бормайди, аммо шўринг қургур маддоҳларга қийин. Уларнинг шармандаси чиқиб, юзи қаро бўлиб қолаверар экан.
Тарих жумбоқлари бизни ҳамиша ўйга толдиради.
М. Попов, Б. Костин, В. Пикуллар учун Скобелев — тенги йўқ даҳо, шавкатли саркарда.
Булғорлар учун халоскорлик рамзи.
Туркистон халқлари учун эса ёвуз истилочи, мустабид жаллод. Унинг қора қилмишлари шундай баҳолаш учун бизга қонуний ҳуқуқ беради. Бунга бутун тарих гувоҳ бўлиб, чирқираб йиғлаб турибди. Бошига тушган қора кунлардан ҳамон қутула олмай, қон ва зардоб ютаётган она Туркистон чор жаллодларининг қонли жиноятларини ҳеч қачон кечирмайди.

Ортиқбой Абдуллаев

 
Баннер