Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Мустафо Чўқоев
29.10.2010 00:40    PDF Босма E-mail

Қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов «Аз и Я» китобида академик Грековнинг «Киев Руси» асаридан бир парча келтиради: «Ҳам ёзма, ҳам бошқа манбалар хизматимизга мунтазир. Аммо манбалар қандай бўлишидан қатъи назар, фақат бир ҳолдагина фойдали бўлиши мумкин — тадқиқотчининг ўзи ундан нима исташини яхши билмоғи керак». Ўлжас Сулаймонов бу кўрсатмани кескин танқид қилади. Чиндан ҳам, юксак рутбалик раҳбарларнинг оғзига қараб иш юритишни одат қилиб олган анча-мунча «олимлар» таниқли академикнинг бу гапини ўзлари учун муқаддас дастурил амал қилиб олдилар. Улар турли-туман асарларида тарихни холисона ёритиш ўрнига ундан ўз мақсадларига мос келадиган ҳодисалар ва фактларни танлаб ёритиш, қолганларини эса хас-пўшлаш ёхуд билиб билмаганга олиш йўлидан бордилар. Бироқ гап фақат машҳур академикнинг назарий кўрсатмасида ҳам эмас. Бу қўрсатманинг ўзи мамлакатимизда 20-йиллардаёқ қарор топган муайян ижтимоий-сиёсий вазиятнинг самараси ўлароқ майдонга келганди.
Маълумки, 1917 йилдан кейин большевиклар барпо этган йўқсуллар ҳукмронлиги салтанатида ҳукмрон мафкура фақат бир мақсадга— янги тузумни ҳар жиҳатдан оқлаш ва улуғлашга хизмат қилди. Бу йўлда у ҳар қандай воситалардан, ҳатто зўравонликдан ҳам, ошкора ёлғон, сурбетларча сохтакорликлардан ҳам қайтгани йўқ. Ҳукмрон мафкура, айниқса, большевикларнинг миллий сиёсатини «улуғлашда» зўр жонбозлик кўрсатди. «Октябрь ўтмйшда эзилган халқларни озодликка олиб чиқди, улар улуғ оғамизнинг ёрдами билан бахтиёр ҳаёт қурдилар, улар ўтмишда хор ва қашшоқ эдилар, фақат совет давридагина маданиятли, фаровон турмуш кечира бошла-дилар, бунинг учун улар партиядан ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Кимда-ким бу гапларга қўшилмаса ёхуд қарши бўлса, у ғоявий маҳдуд, муртад, халқнинг ашаддий душмани, разил миллатчи!» — Ўнлаб йиллар давомида ана шу «ҳақиқатларини халқ онгига сингдиришга ҳаракат қилинди. Афсуски, ижтимоий илмлар турли тазйиқлар ва маъмурий жазолар таъсирида мустақиллигини йўқотиб, нобоп тузумнинг хизматкорига айланди. Оқибатда олис ўтмиш ҳам, яқин тарихимиз ҳам бутунлай сохталаштирилиб, бузиб, ёлғон-яшиққа, уйдирмаларга қорйштириб талқин этила бошлади. Айниқса, XX асрда яшаб ўтган, илғор ғояларни олға сурган, бу йўлда қўлидан келган хизматини аямаган зиёлилар шафқатсиз танқид остига олинди. Уларнинг оламдан ўтиб кетганларига «жадид» деган муҳр босилиб, ёмонотлиққа чиқарилди. Минг хил чиғириқлардан ўтиб, 30-йилларга етиб келганлари Сталин жаллодлари томонидан қатли ом қилинди. Ўз вақтида ватанини тарк этиб улгурган, муҳожирликнинг оғир, миннатли нонини еб, ўта мураккаб шароитларда жон асраганларга эса «советларнинг ашаддий душмани, ватангадо хоинлар, аксилинқилобчилар, миллатчилар» деган қора тамға ёпиштирилди. Уларни қоралашга расман фатво берилди. Тарихчими, адабиётшуносми, иқтисодчими, файласуфми, хуллас, олим зоти борки—ҳаммаси уларнинг биронта асарини, бирон мақоласинй ўқимаса-да, ҳаёт йўлини билмаса-да, сиёсий, адабий, фалсафий қарашларидан бехабар бўлса-да, қарши чиқмоғи, мунозарага киришиб, қарашларини рад этмоғи, беҳаё сўзлар билан сўкиб, лойга қориштирмоғи ҳам фарз, ҳам қарз эди. Бундай олимлар рағбатлантирилар, «мафкурамизни мустаҳкамлаш ишига ҳисса қўшган қаҳрамонлар» деб баҳоланарди. Буни қарангки, муайян йилларда ана шундай «аксил тарғиботчилик», чет эллардаги ўзбек муҳожирларини ёки бошқа миллатларга мансуб шарқшунос олимларни фош қилиш айрим «олимлар» учун тирикчиликнинг осон йўл айланди. Анча-мунча одамлар бу йўлдан бориб, мансаб пиллапояларидан кўтарилдилар ва сохта шуҳрат эгаларига анландилар. Бугун буларнинг ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди. Ўша «фош этилган», урилган, сўкилган советшуносларнинг кўп гаплари тўғри экан — улар четдан туриб, Туркистоннинг заволли аҳволи, аччиқ тақдири тўғрисида бизга қараганда тўғрироқ ва теранроқ фикр юритишган экан. Замон ўзгарди, катта қийинчиликлар, талафотлар эвазига бўлса ҳамки, ошкораликка эришдик, аста-секин сўз эркинлиги кириб келяпти. Бугун Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит, Булоқбоши, Темирхўжа каби ўзбек муҳожирларининг номини бемалол тилга оладиган, асарларини чоп этадиган бўлиб қолдик. Ҳатто ўзбек ёзувчиларининг сўнгги қурултойида Боймирза Ҳайит ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди. Ана шу муҳожирлар сафида Мустафо Чўқай алоҳида ўрин тутади.

Мустафо Чўқай фақат туркистонлик муҳожирлар ўртасидагина эмас, балки Ғарбдаги, айниқса, Олмония ва Туркиядаги шарқшунос олимлар дунёсида катта обрў қозонган, юксак нуфузга эга бўлган бир зотдир. Аллома бу эътиборга бир вақтлар Туркистон мухториятининг бошида тургани учунгина эмас, иккинчи жаҳон уруши чоғларида туркистонлик юртдошларидан анча-мунча одамни ўлим чангалидан тортиб олиб, асраб қолгани учунгина эмас, балки Туркистон мустақиллиги йўлидаги фидокорона фаолияти туфайли, кўпгина теран ва холисона илмий асарлари туфайли эришган. Чет элларда уни «туркларнинг буюк миллиётчиси ва юртсеварларидан бири» деб эъзозлайдилар.
Афсуски, ана шундай инсон ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Тўғрироғи, билганимиз — ҳукмрон мафкуранинг бу одам ҳақида миямизга қуйган ёлғон-яшиғидан ўзга нарса эмасди. Мустафо Чўқайнинг номи 20-йилларда кўп тилга олинарди. Аммо ҳар хил қурултой, мафкуравий анжуманларда, инқилобий мавзуларда ёзилган рисола ва китобларда у ашаддий халқ душмани, миллий буржуа мафкурасининг етакчи намояндаси, совет ҳокимиятига қарши курашган, босмачилик ҳаракатини уюштирган бир кимса сифатида таърифланади. 30-йилларнинг ўрталарида ҳам турли муносабатлар билан Мустафо Чўқай тез-тез тилга тушиб турди. Жумладан, 1930 йилда Ўзбекистон ССР Олий судининг собиқ раиси Саъдулла Қосимов устидан бўлган суд жараёнида давлат қораловчиси Р. Катаняннинг айблов нутқида ёки Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Акмал Икромов сўзлаган маърузалар ёхуд нутқларда шундай бўлган. Бироқ 1937 йилдан кейин худди биров буйруқ бергандай, Мустафо Чўқай номи матбуот саҳифасидан бутунлай ўчиб кетади, гўё бу одам, умуман, ҳеч қачон яшаб ўтмагандек, унинг тўғрисида лом-мим дейилмайди. Фақат 1985 йилдан кейингина олим ҳақидаги гаплар яна тикланди, бироқ бу гал янги асосда, янгича муносабат билан тикланди; баъзи асарлари матбуотда эълон қилина бошланди.
Мазкур иш Мустафо Чўқай ҳақидаги илк мақола. Афсуски, қўлимда унинг чет элларда босилган кўпгина китоблари ва тадқиқотлари йўқ. Шундай бўлса-да, Мустафо Чўқайнинг Туркияда босилган «1917 йил хотира парчалари» деган китоби ҳамда унга бағишланган альбом асосида ва  газетада чоп этилган «Туркистон Шўролар ҳокимияти даврида» деган мақолага суяниб, унинг ҳаёт йўли ва ижтимоий-сиёсий қарашлари тўғрисида фикр юритмоққа жазм қилдим. Шоядки, Туркистон мустақиллигининг атоқли курашчиси сифатида донг таратган юртдошимиз ҳақида илк тасаввур берувчи бу мақола бугунги ўзбек китобхонлари учун фойдадан холи бўлмас.
Мустафо Чўқай 1890 йилнинг 17 январида Оқмачит шаҳрида туғилган. Оқмачит ҳозир Қизил Ўрда вилоятининг маркази. XIX аср ўрталарида бу шаҳар Қўқон хонлигига қарар, унинг чегарасида жойлашган овлоқ бир қалъа ҳисобланарди. Олмаотада истиқомат қилувчи рус забон ёзувчи Анов «Оқмачит» романида бу шаҳарнинг рус қўшинлари томонидан ишғол қилиниши воқеаларини батафсил ҳикоя қилган. Чўлпон ҳам «Кеча ва кундуз» романида Оқмачитга доир латифанамо бир гапни келтиради. Роман қаҳрамонларидан бири Ноиб тўра Мирёқубга дейди: «...Сенларнинг Худоёрхонингга «ўрислар Оқмачитни олиб қўйди» деганлар. Худоёрхон «у юртим неча кунлик йўлда?» деб сўраган, «бир ойлик йўлда» деганлар. «Ундай бўлса, менга унақа олис юртнинг кераги йўқ. Олса олаберсин» деган...» (Чўлпон. Яна олдим созимни. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент—1991, 144-бет.)
Инқилобдан олдин Оқмачит яна бир жиҳати билан машҳур бўлган — овлоқ жой бўлишига қарамай, Оқмачитдан жуда кўп тилмочлар чиққан. Яхшиси, бу хусусда сўзни Мустафо Чўқайнинг ўзига берайлик:
«Эски Туркистон вилояти доирасидаги шаҳарлар орасида Оқмачитнинг баъзи ўзига хосликлари бор эди... Улардан бири, балки энг муҳими, бу доирада фаолият кўрсатган тилмочларнинг кўпчилиги Оқмачитдан чиққани эди. Ёлғиз Сирдарё вилояти ҳудудидагина эмас, Самарқанд ва Фарғона вилояти шаҳарларида ҳам губернатор, полиция маҳкамаларида оқмачитлик қозоқ тилмочлари хизмат қиларди... Оқмачит шаҳри котиб ва тилмачлар етиштириб берувчи бир макон бўлиб қолганди.» (Мустафо Чўқай. «1917 йил хотира парчалари». Анқара. ёш Туркистон нашриёти — 1988, 16-бет.)
Мустафо ана шундай муҳитда дунёга келганди. Отаси Чўқайбей Тўрғай Додҳо ўғли (1811—1918) ўз даврининг кўзга кўринган арбобларидан бўлган. У ўғлини илмли, маърифатли қилиб тарбиялаш йўлида қўлидан келган ишни аямаган. Мустафо бошланғич маълумотни Оқматчитда она тилида эски мактабда олади. Ўғлидаги иқтидорни ва илмга ҳавасни пайқаган ота эски мактаб таълими билан чекланиш мумкин эмаслигини яхши тушунади ва уни Тошкентга юборади. Бу ерда Мустафо гимназияда рус тилида таҳсил кўради. Уни аъло баҳода битиргач, Петербургга йўл олади. Мустафо Петербург дорилфунунининг ҳуқуқ куллиётини ҳам зўр муваффақият билан тугатади. Дорилфунунда ўқир экан, Мустафо фақат ҳуқуқшунослиқ илмларига қизиқиш билан кифояланмай, айни чоқда, тил ўрганиш бобида ҳам фавқулодда иқтидор эгаси эканини намойиш этади. Мустафо Чўқай ҳам бевосита сиёсий фаолият майдонига кириб қолади. Табиийки, ёш Мустафони ҳаммадан аввал она юрт тақдири қизиқтирар эди. У Туркистонни мустамлака кишанларидан халос кўришни истар, ўлка халқлари ўз тақдирига ўзи хўжайин бўлган ҳолда тараққиёт йўлига чиқиб, бошқа илғор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини хоҳларди. У инқилоб арафаларида ёзган мақолаларида Туркистон мустақиллиги учун кураш ғояларини кенг тарғиб эта бошлади. Шундай қилиб, Мустафо Чўқай Туркистон манфаатларини чуқур тушунадиган илғор фикрли зиёлиларнинг олдинги қаторидан ўрин эгаллайди. Фикри теран, қалами ўткир бўлгани учун уни ҳатто Россия Думасига ишга олишади.
«1917 йил инқилоби бошланган кезларда,— деб ёзади Мустафо Чўқай «1917 йил хотира парчалари» китобида,— мен Петербургда эдим. У замонда мен Россия Думаси (парламенти) Мусулмон фракцияси қошидаги бюрода Туркистон вакили эдим. Туркистон ҳақида материаллар тўплар ва давлат думасидаги мусулмон миллат вакилларига Туркистон билан боғлиқ масалалар ҳақида керакли материалларни ҳозирлаб берардим». 1917 йил февраль инқилоби амалга ошиб, подшо тахтдан воз кечиши ҳақидаги Манифестни эълон қилган куни Мустафо Чўқайни Тошкентга таклиф этадилар. Бироқ Тошкентдан келган телеграммада 1917 йилнинг апрелида Оренбургда Умумқозоқ Конгресси бўлиши маълум қилинган ва унда Мустафо Чўқайнинг Туркистон вакили сифатида қатнашиши илтимос этилганди. Мустафо Чўқай Оренбургга йўл олади, бироқ манзилга етгунча йўлда — Пензада тўхтаб ўтишга тўғри келади. Пензадаги воқеа Мустафо Чўқайнинг она юртга муҳаббати мазҳум нарса эмас, балки ватаннинг хўрланган, қийналган, эзилган фарзандларига чинакам ғамхўрлик тарзида намоён бўлганини кўрсатади. Мустафонинг ўзи қуйидагича ёзади: «Йўлда Пенза шаҳрида туркистонликларимизга дуч келдим. Бу ерда Туркистон ишчилари тўла ўнларча вагон бир чеккага чиқариб қўйилганди... Бу бечораларнинг турмуши ва оқибатидан хабар оладнган бирон кимса йўқ эди. Шу тарзда унутилган туркистонликлар нима қилишларини билмай ночор аҳволда қолган эдилар.» Мустафо Чўқай Туркистон вакили сифатида бекат бошлиғига мурожаат қилади, ундан иш чиқмагач, вилоят комиссари билан гаплашади. Бундан ҳам натижа чиқмайди. Ишга вилоят ишчи-аскар депутатлари шўроси аралашади ва Мустафонинг қийин-қистови билан туркистонлик ишчилар тушган вагонлар она юрт томон йўл олади.
Мустафо Чўқай хотираларида келтирилган бу воқеа унинг табиатини, ғайрати ичига сиғмайдиган фаолият кишиси эканини, юртдошларининг тақдирига ҳеч қачон лоқайд томошабин бўлиб қарамаганини кўрсатади.
Мустафо Чўқай Оренбургда бир неча кун бўлади. У юқорида зикр этилган хотираларида Биринчи умумқозоқ қурултойи ғоят баланд руҳда ўтганини ёзади. Қурултой қозоқларнинг миллий уйғонишида катта аҳамият касб этиши билан бирга, барча туркий халқларни Туркистон мустақиллиги ғояси атрофида бирлашишига ҳам ёрдам берган. Қурултой ишида Фотиҳ Карим, Мунаввар қори Абдурашидов каби таниқли зиёлилар иштирок этган. Уларнинг нутқлари қурултой аҳлида катта таассурот қолдирган. Мустафа Чуқай буни ҳам ёрқин бўёқларда тасвирлайди:
«Мунаввар қорининг «Ўзбек қардошларингиздан салом келтирдим» дея бошланган табрик сўзларини қозоқ бўзқирларидан келган вакилларда уйғотган туйғулари, чуқур таъсири мен учун унутилмас бир хотирадир. Мунаввар қорининг илк жумласини оёққа туриб қаршилаган мажлис аҳли унга узоқ олқишлар билан жавоб берди. Кўпгина ёш вакиллар уни кўз ёшлари билан тингладилар. Қозоқ бўзқирларининг олис гўшаларидан келган вакиллар «энди биз ҳам қон ва жон бирлигимизни, қардошлигимизни очиқча сўйпай оладиган бўлдик» деяроқ кўзлари ёшланди. Оренбург ва умум турқ-татарлар номидан Фотиҳ афанди Каримий қурултойни қутлади. Шундай қилиб, қурултой буюк Турқ халқининг уч кучли қўли орасидаги мустаҳкам боглиқликни намойиш этган бир саҳнага айланди.»
Мустафо Чўқай Оренбургдаги ишларини битиргач, Тошкентга келади. 1917 йилнинг баҳор кезларида Тошкентдаги сиёсий ҳаёт қайнаб турган қозонни эслатарди. Кураш жабҳасида ҳар хил ижтимоий тоифалар манфаатига хизмат қилувчи сиёсий кучлар фаолият кўрсатарди. Тошкентда ҳам қўш ҳокимиятчилик давом этар, юртни Муваққат ҳокимият комиссари билан бир қаторда ишчи ва аскар депутатлари Совети ҳам бошқарарди. Советнинг таркиби хилма-хил бўлиб, унда эсерлар, кадетлар, большевиклар ва мусулмонлар фракцияси мавжуд эди. Ўртада иноқлик йўқ эди. Шунингдек, шаҳарнинг сиёсий ҳаётида яна икки ташкилот — «Уламо жамияти» билан «Шўрои исломия» ҳам катта роль ўйнарди. Бироқ булар ҳам аҳил бўлиб иш тутиш ўрнига ўзаро низоларга берилдилар ва кўп ўтмай, ихтилофлар ошкора курашга айланиб кетди. Бундан фойдаланган большевиклар уларни тор-мор келтирди ва 1917 йилнинг ўрталарида бошқа партияларни Тошкентдан қувиб юборишди. Шу тарзда Мустафо Чўқай Қўқонга келади ва сиёсий-инқилобий фаолиятини давом эттиради. Бу пайтда у мусулмонлар ўлка советининг («Шўрои исломия») раиси эди. Қўқонда бироз бўлгач, вазиятни ўрганиш, халқ кайфиятини билиш учун Марғилонга боради. Туркистон ўлкасининг Андижон, Тошкент, Самарқанд, Чимкент, Авлиё-ота каби шаҳарлари билак яқиндан алоқада бўлади. 1917 йилнинг 31 октябрида бир гуруҳ большёвиклар Тошкентда ҳокимиятни қўлга киритишади ва Туркистонда совет ҳокимиятини эълон қилишади. Ўлкада сиёсий вазият фавқулодда тус олади. Бундай шароитда Ўлка мусулмонлар Совети ҳам ўз фаолиятини кучайтиради. 1917 йилнинг 9 декабрида эрталаб соат 10 да Қўқон шаҳрида ўлка мусулмонларининг фавқулодда қурултойи очилади ва Туркистон мухторияти эълон қилинади. Қурултойда мухториятни идора қилувчи Халқ Кенгаши сайланади. Кенгаш ўз навбатида Мухторият ҳукуматини сайлайди, Унинг биринчи раиси таниқли жамоат арбоби, Алаш Ўрда партиясининг раҳбарларидан бири Тинишбоев бўлган эди. Аммо у бори-йўғи бир ҳафта раислик қилди. Ҳозирча бизга номаълум сабабларга кўра у истеъфога чиқади, ўрнига Мустафо Чўқай тайинланади. Бироқ унинг ҳукумати ҳам узоқ яшаёлмайди — орадан уч ой ўтар-ўтмас большевиклар томонидан тор-мор этилади. Шу ерда андак тўхтаб, бошқа бир масалага эътиборингизни жалб қиламиз.
Сўнгги 75 йил давомида Туркистонда совет ҳокимиятининг ўрнатилиши, бу ердаги босқинчилик ҳаракати, фуқаролар уруши, Қўқон мухторияти ҳақида юзлаб асарлар битилди. Шуниси қизиқки, уларнинг ҳаммасида мухториятни тор-мор келтирган большевиклар ва қизил аскарлар Туркистон халқига беқиёс яхшилик қилган буюк қаҳрамонлар сифатида таърифланади, Қўқон мухторияти эса энг ярамас, энг зарарли бир ҳодисадай талқин этилади. Мен бу ўринда фақат тарихшунос олимларнинг асарларини кўзда тутаётганим йўқ. Биз адабиётшунослар ҳам тарихни бузишда улардан қолишган эмасмиз. Адиблар, шоирлар, драматурглар, киночилар ҳам айнан шў ҳодисаларни ўта сохталаштириб тасвирлаганлари, «Яша шўро!» деб ҳайқиришдан нарига ўтмаганлари бусун ҳаммага маълум. Гина-кудуратларни қўяйлигу бошқа бир саволга жавоб излайлик: нима учун мана шу асарларнинг ҳаммасида Мустафо Чўқай якдиллик билан қораланади? Назаримда, шўронинг нонини еб улғайган олиму фузало, адибу шуаро Мустафо Чўқайнинг инқилобгача бўлган фаолиятида ортиқча салбийликни кўрмайди-ю, лекин мухторият ҳукумати раислигига сайланганлигини сира-сира кечиролмайди. Бунинг боиси шундаки, умри қисқа Қўқон мухторияти ўлка ҳаётида бирон-бир сезиларли бурилиш ясаб улгурмай тарих саҳнасидан чиқиб кетган эса-да, у Туркистон мустақиллиги йўлида ёқилган сўнмас юлдуз — халқ қалбида ёнган умид чироғи эди. Уни ёққанлардан бири Мустафо Чўқай эди. Шунинг учун ҳам ҳукмрон коммунистик мафкура уни сира кечира олмади ва Қўқон мухториятини 20-йиллардан бери муттасил қоралаб, «фош қилиб» келди. Унинг бўйнига тақилган тавқи лаънатлар эса ўша-ўша эски гаплар — мухторият аксилинқилобий ҳокимият, гўё бутун Туркистон Октябрни қувончдан кўзда ёш билан чапак чалиб кутиб олган-у, мухториятчилар халқ иродасига қарши бориб, буржуа ҳукуматини тузган. Бу — бошдан-оёқ туҳмат. Фирқа тарихчилари 20-йиллардаёқ Туркистонда маҳаллий аҳоли инқилобдан мутлақо узоқ бўлганини очиқ айтишган эди. Биргина мисол келтираман. Туркистон тарихига оид бир қатор асарлар эълон қилган П. Алексеенков «Қўқон мухторияти» китобида маҳаллий ишчиларнинг инқилобга муносабати ҳақида ёзади: «Ишчилар синфининг миллий табақаларига нисбатан шуни айтиш керакки, уларнинг бир қисми ишлаб чиқаришдаги ўрни ва савиясининг ўта пастлиги важидан совет ҳокимиятини етарли даражада фаол қўллаб-қувват-ламайди, бошқа қисми эса, ҳатто бетарафлик йўлйда туради».
Деҳқонлар ҳам улардан ўтиб кетган эмас: «Ишчилар синфи томонида туриб (яъни, инқилобчилар томонида, дейилмоқчи —О. Ш.) фаол ва қатъий чиқиш учун учта нарса етишмасди:
1) ўзининг асосий иқтисодий ва сиёсий манфаатларини билмаслик;
2) фаолият учун зарур бўлган уюшқоқлик;
3) ишчилар синфини етарли тушуниш ва деҳқонларни фаол курашга жалб қилиш лозимлигини англамаслик.»
Хўш, миллий Зиёлилар-чи?
«Миллий зиёлилар Октябрь инқилобидан кейин буржуазия билан бирга кетди». (П. Алексеенков. Кокандская автономия. Т.—1931, 14, 15, 16-бетлар.)
Демак, ишчилар синфи ҳам, деҳқонлар ҳам, зиёлилар ҳам Октябрь инқилобини амалга оширишда фаол қатнашмаган. Энди ўзингиз ўйланг — на ишчилар, на деҳқонлар, на зиёлилар қўллаб-қувватламаган ҳодисани «халқ инқилоби» дейиш мумкинми? Халқнинг унга ижобий муносабати қанақа бўлади? Советпараст олимнинг ўзи тан олган далиллар Октябрь инқилоби Туркистонга четдан келтирилганини яққол исбот қилмайдими? Бас, шундай экан. Қўқон мухторияти маҳаллий халқнинг инқилобий хоҳишига зид ўлароқ майдонга келган, деб даъво қилиш бориб турган бир уйдирма, холос. Билъакс, далиллар ва ҳужжатлар шундан далолат берадики. Туркистон мухторияти бу ерда яшовчи маҳаллий халқларнинг энг теран орзу-ҳавасларига тўла мос бўлган.

Кўп йиллар мобайнида расмий китобларимизда: «Мухторият маҳаллий буржуа миллатчиларининг ҳокимиятидир. У Россияга қарши, русларга қарши қаратилган, Туркистонни Россиядан ажратиб олишга интилган,» деган ақидалар олдинга суриб келинди. Бироқ бу даъволар ҳам пухта заминга эга бўлмаган, пуч ва уйдирма гаплардир. Буни исботлаш осон. Аввало, мухторият парламенти — «Халқ кенгашиининг миллий таркибига эътибор қилайлик. Унда ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар билан бир қаторда руслар, украинлар, яҳудийлар, арманлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам бор эди, Унга 54 киши сайланган: 36 киши маҳаллий, 18 киши Оврўпо миллатларига мансуб бўлган. Шунинг ўзиёқ мухториятни барпо этган одамларда байналмилалчилик руҳи анча юксак бўлгани, ҳақиқий демократияни анча чуқур тушунганини кўрсатиб турипти. Шундай экан, бу мухториятни «маҳаллий буржуа миллатчиларининг ҳукумати» деб аташ тарихий ҳақиқатни сохталаштиришдан бошқа нарса эмас. Туркистонни Россиядан ажратиб олиш масаласига Мустафо Чўқай хотираларидан олинган бир жумла билан жавоб бериш мумкин. У ёзади: «Биз Россиядан айрилмоқни талаб этмадик. Фақат мухторият эълон қилдик. Натижа эса маълум...»
Аслида Туркистон мухториятининг барпо бўлишига инқилоб самараси сифатида қараш керак. Маълумки, янги ҳокимият илк формонларидаёқ Россия тасарруфидаги халқларга озодлик ваъда қилди, уларнинг ўз тақдирини ўзлари белгилаш ҳуқуқига эгалиги, ҳатто Россия таркибидан ажралиб чиқишлари мумкинлиги эътироф этилди. Бундан ташқари, янги ҳокимият бошлиғи В. И. Ленин Октябрь инқилобидан бир ой ўтар-ўтмас Ррссия ва Шарқдаги барча мусулмон меҳнаткашларга мурожаат қилди. Унинг мактубида шундай гаплар бор эди: «Бундан буён сизларнинг урф-одатларингиз, сизларнинг миллий ва маданий муассасаларингиз озод ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий ҳаётларингизни эркин ва бемалол уюштира берингиз, сизларнинг бунга ҳаққингиз бор... Сизлар ўзларингиз ўз ватанингизнинг ҳокимлари бўлишингиз лозим. Ўз расм-русмларингизга биноан ҳаётингизни уюштиришингиз лозим. Сизнинг бунга ҳаққингиз бор, чунки сизларнинг тақдирингиз — ўзларингизнинг қўлингизда.» («Шарқ юлдузи» ойномаси, 1991, 3-сон, 168-бет.)
Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатининг раҳбарлари, шу жумладан, Мустафо Чўқай ҳам бу гапларга чиппа-чин ишониб, лаққа тушдилар. Улар большевиклар сиёсати биринчи қадамданоқ риёкорлик асосига қурилганини, оғизда баландпарвоз ваъдалар бериб, амалда одамларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдираверишларини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Ленин ҳам шундай қилди: бояги мурожаатномадан кейин кўп ўтмай, Туркистон халқларининг қаршилигини ўта шафқатсизлик билан бостириш ҳақида «доҳиёна» кўрсатмалар бериб, баланд рутбалик вакилларини бу ерга жўнатди.
Бундан ташқари, мухториятнинг вужудга келишига янги совет ҳокимияти биринчи қадамлариданоқ миллий сиёсат бобида мудҳиш хатоларга йўл қўйган, маҳаллий халқ-нименсимай, ҳуқуқларини поймол этгани, шовинистларча муомала қилгани ҳам сабаб бўлди. Буни исботлайдиган далиллар ҳам кўп. Октябрь инқилобидан кейин Туркистонда тузилган биринчи срвет ҳукумати таркибида биронта ҳам маҳаллий миллат вакили йўқ эди. Туркистон Компартияси Марказий Қўмитасининг таркибида ҳам дастлабки босқичда маҳаллий миллатларга ўрин ажратилмади. Инқилобий раҳбариятнинг айрим ходимлари 1917—1918 йиллар мобайнида турли йиғинлар ва анжуманларда сира тор-тинмай ерли халқ шаънига таҳқирли гаплар айтишган. Масалан, Туркистондаги ҳокимият аъзоларидан бири К. Я. Успенский 1918 йил январида ўлка советларининг қурултрйида сўзлаган нутқида шундай деган эди: «Ўртоқ мусулмонлар! Шуни билингизким, биз сизларнинг катта оғангизмиз. Сиз кичиксиз ва, тушунарлики, бизга бўйсунишингиз керак» (Ўша жойда).
Совет ҳокимиятининг дастлабки даврларида большевиклар миллий сиёсат соҳасида жиддий шовинистик хатоларга йўл қўйишгани 20-йилларда эълон қилинган кўпгина тадқиқотлар ва китобларда очиқ тан олинган. Жумладан, П. Алексеенков юқоридаги асарида шундай ёзади: «Октябрь инқилоби даврида ва ундан кейинги дастлабки ойлар мобайнида Туркистон партия ташкилоти миллий масалада қатор хатоларга йўл қўйди... Маданий жиҳатдан қолоқ ва сиёсий жиҳатдан етарли даражада балоғатга етмаган маҳаллий аҳоли инқилобда фаол иштирок этолмаслигига амин эдик. Шунинг учун инқилобни уларсиз давом эттиришга қарор қилдик.» (51—52-бетлар.)
Мана шундай камситишлар ва таҳқирлар оқибатида 1917 йилнинг 11 декабрь куни ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи Туркистон мухториятини эълон қилди. Бинобарин, мухторият бир «ҳовуч фитнакорларнинг хуружи» туфайли эмас, маҳаллий халқларнинг кўпдан давом этиб келаётган орзу-истакларининг натижаси, Октябрь инқилоби давридаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг маҳсули сифатида майдонга келди. Майдонга келди-ю, кўп ўтмай, большевиклар томонидан кунфаякун қилинди.

Кўп йиллар мобайнида советпарастлик руҳи билан суғорилган асарларимизда Мустафо Чўқай Туркистонда босмачилик ҳаракатининг илҳомчиси ва ташкилотчиси сифатида қоралаб келинди. Бироқ бу айблов ҳам ҳеч қандай заминга эга бўлмаган ҳавойи гап. Тўғри, Мустафр Чўқай ҳукумат бошлиғи сифатида ҳарбий вазир Убайдулла хўжа Асадуллахўжаев билан бирга мухториятни қизил қўшин хуружидан ҳимоя қилиш учун баъзи тадбирларни кўрган. Жумладан, улар мудофаа ишларини уюштиришни Қўқон милициясининг бошлиғи Эргашга топширган, Эргаш эса ўз навбатида унча кўп бўлмаса-да, қуролланган даста тузиб, Советларнинг ҳарбий кучларига қарши жанг қилган. Шунга асосланиб, Мустафо Чўқзйни босмачилик ҳаракатининг асосчиси сифатида қоралаш мумкинми? Ҳолбуки, расмий ҳужжатларда, кўпгина асарларда «босмачилик» деган таҳқирли ном олган, аслида эса моҳият эътибори билан мустамлакачилик сиёсатига қарши қаратилган миллий-озодлик кураши бўлган бу оммавий ҳаракатни туғдирган ўзига хбс сабаблар бор эди. Буларнинг энг асосийси ҳокимият вакилларининг маҳаллий халқларга менсимай қараши, унинг миллий туйғуларини, инсоний ғурурини таҳқирлаши, урф-одатлари ва расм-русмларини оёқости қилиши эди. Шу билан бирга, советчилар аксилинқилобчиларга қарши кураш ниқоби остида маҳаллий халққа нисбатан шафқатсиз қирғинни амалга оширдилар. Тинч аҳолини қатағон қилиш Қўқонда февраль ойининг 17-куни бошланди. Советпараст тарихчиларнинг тадқиқотларида кўрсатилишича, ўша кезларда уч кун давомида Қўқон ўт ичида қолди. Янги ҳокимият Қўқонни талон-тарож қилиш учун дашноқларга тўла эрк бериб қўйди. Биргина Қўқоннинг ўзида 10000 дан ортиқ одам ўлдирилди. Қирғин шу билан тугагани йўқ. 1918 йилнинг биринчи ярмида Марғилонда 4500 одам ўлдирилди. Шу жараёнда 180 қишлоққа ўт қўйилди. Минглаб оилалар хонавайрон бўлиб, бошпанасиз қолдилар. (Ш. Шамаъдиев. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине. Т., 1961. 54—60 с.) Бундай мислсиз ваҳшийлик, қулоқ эшитиб, кўз кўрмаган зўравонлик сусайиш ўрнига борган сари кучайиб борди. 1919 йилда ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам «босмачилик ҳаракатини» бостириш учун келган Қизил Армия қисмлари, жумладан, қонхўрлиги билан донг чиқарган Будённийнинг Биринчи отлиқ армияси босмачилар қолиб, тинч аҳолини қириш, аёлларни таҳқирлаш, ҳатто гўдакларни чавақлаб, найзаларга илиш бобида мислсиз «қаҳрамонлик» намуналарини кўрсатдилар. Бу ваҳшийликларни ҳатто ҳозир ҳам баъзи қариялар эслаб қолишса, қалтироқ босиб, ранглари ўчиб кетади. Хуллас, Фарғона водийси 1918 йилнинг бошлариданоқ қонга беланиб, харобазорга айланди. Буни кўрган ҳар қандай инсофли одам даҳшатга тушиб, ёқа ушламаслиги, «Гўзал Фарғона, сенга не бўлди?» дея фиғон қилмаслиги мумкин эмасди. Айни чоқда, бу ёвузликларга қарши ҳаракат — исён туғилиши, халқ «бир бошга бир ўлим!» деб оёққа туриши табиий ҳол эди. Халқ исёнининг ҳақиқий сабаби мана шунда! Мустафо Чўқайга ўхшаш айрим одамларни «босмачилик ҳаракатининг асосий сабабчиси» қилиб кўрсатиш эса омманинг диққат-эътиборини тарих ҳақиқатидан чалғитишдан бошқа нарса эмас. Бу масалада ҳам ҳукмрон коммунистик мафкуранинг ўз душманларини ёмонотлиқ қилишда ҳеч нарсадан қайтмаслиги, ёлғон-яшиқ гапларни ва уйдирмаларни бемалол ишга солавериши, икки юзлама сиёсати яққол кўриниб турипти.
Мустафо Чўқай Туркистонда «босмачилик ҳаракатини» яна шунинг учун уюштира олмас эдики, у 1918 йилнинг ўрталаридаёқ Туркистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди. У бир неча муддат Кавказда Тифлис шаҳрида туради, кейин хорижга кетади. Чет элда Мустафо Чўқай Париж ва Берлин шаҳарларида истиқомат қилган, Туркияга тез-тез бориб-келиб турган. У муҳожирликда 20 йилдан ортиқроқ ҳаёт кечирди. Бу даврда самарали ижод қилди ва кўпгина илмий мақолалар, бир қатор тадқиқотлар яратди. Мустафо Чўқай Туркистондалигидаёқ ўткир мақоланавис сифатида кенг танилган эди. Дастлаб у «Улуғ Туркистон» рўзномасида фаол қатнашади. Бу нашр 1917 йилда Тошкентда «Яшасин миллатлар мухторияти!» деган шиор билан чиққан ва у «халқининг юздан тўқсон саккизи мусулмон бўлган Туркистон ўлкасида халқ идорасининг хориж-дан келган аскар ва ишчилар қўлига ўтишига туркистонликлар рози бўлмаяжаклар» деб ёзганди. Мустафо Чўқай шу рўзноманинг энг мумтоз муаллифларидан бири эди. 1917 йилнинг ўрталарида Тошкентда «Бирлик туви» деган газета ҳам чиқа бошлайди. Мен салкам қирқ йил муқаддам аспирантурада ўқиб юрган кезларимда В. И. Ленин номидаги Давлат кутубхонасининг қироатхонасида ўтириб, бу икки рўзноманинг айрим сонларини варақлаб кўрган, ҳатто «Улуғ Туркистонвдан Ҳамзанинг «Туркистон мўхториятига» деган катта манзумасини тўла кўчириб олган эдим. Ўшанда бу рўзноманинг сарғайиб кетган саҳифаларидан олис 1917 йилнинг ола-ғовур садолари келаётгандай туюлганди менга.
1918 йилда Тошкентда яна бир нашр пайдо бўлди. Бу — «Свободный Туркестан» деган русча рўзномадир. Муҳими шундаки, бу рўзноманинг моддий таъминоти ҳам Мустафо Чўқай зиммасида эди. У турли тахаллуслар остида рус тилида мақолалар ёзиб, мазкур нашрда мунтазам қатнашиб турган. 1942 йилда Мустафо Чўқай вафотининг бир йиллиги муносабати билан Истамбулда Намуна матбаасида альбом чиқарган доктор М. Делил унинг мақоланавислик фаолияти тўғрисида ғоят қимматли маълумотлар беради. Унинг кўрсатишича, адиб 1919—1920 йилларда Кавказда камида тўртта нашр чиқишида қатнашган. Булар — 1919 йилда рус тилида Тифлисда чиққан ҳафталик «Вольные горцы» нашри — унда Мустафо бейнинг Туркистон масалаларига доир мақолалари бор; «На рубеже» — бу рўзнома эмас, мажмуа. У Тифлисда Туркистон ва Украина миллий марказларининг моддий ёрдами билан чиқарилган. Русча мажмуада Мустафо бей «М. Чанай» ва «Жалил» деган номлар билан мақола ёзган. Яна— «Янги дунё» — 1920 йилда Шимолий Кавказия миллий ташкилоти биланг Туркистон миллий маркази бирлашиб чиқарган рўзнома. «Шафақ» рўзномаси ҳам Тифлисда Мустафо бейнинг бош муҳаррирлигида чиқарилган. Табиийки, буларда ҳам унинг мақолалари мунтазам босилиб турган. 20-йилларнинг охирларида Истамбулда «Янги Туркистон» деган ойлик мажмуа чиқа бошлайди. У 1927 йилдан 1931 йилнинг июлигача нашр этилди. Сўнгра Мустафо бейнинг бош муҳаррирлиги ва сиёсий раҳбарлиги остида Берлинда 10 йил мобайнида (1929—1939) чиқиб турган мажаллани эсламоқ даркор. Доктор М. Делилнинг тасдиқлашича, бу мажалла «Чўқайнинг миллий мафкурасини ва Туркистон турклиги миллий ҳаракатини ғоятда ойдин бир суратда акс эттира билмишдир».
Мустафо Чўқайнинг Туркистон тарихи, миллий уйғониш ҳамда озодлик ҳаракатининг долзарб Муаммолари ҳақида баҳс юритувчи асарлари француз, инглиз, поляк тилларида ҳам босилган. Унинг мақола ва рисолалари Туркистон ҳақида шу қадар муҳим маълумотлар берганки, бу ўлка ҳаётини тадқиқ қилувчи олимлар уни четлаб ўтолмаганлар. Масалан, 1942 йилда немис тилида «Туркистон» деган ҳажман йирик бир асар чоп этилади. Муаллифлари Р. Олцша ва Г. Клайновларнинг таъкидлашича, 434 саҳифалик бу асарнинг 363—409-бетлари Мустафо Чўқай қаламига мансубдир. Булардан ташқари, «1917 йил хотира парчалари» китобидаги изоҳларда Калифорниядаги Статфорд университети қошидаги Рус инқилобини ўрганиш маркази «Туркистонда инқилоб ва Совет ҳукуматига қарши халқ кўтарилишлари» деган мажмуа тайёрлаётгани, шу муносабат билан Мустафо Чўқайга мурожаат қилингани, у эса «Туркистонда инқилоб ва Қўқон мухторияти» деган мақола ёзиб бермоқчи бўлгани айтилади. Афтидан, бу мақола 1937 йилнинг бошида ёзилиб, Калифорнияга юборилган бўлса керак.
Кўриниб туриптики, Мустафо Чўқай муҳожирликда юрганида ҳам бирор дақиқа бўлсин Туркистон мустақиллиги ғоясидан чекинган эмас. У юзлаб мақолаларида бу ғояни тарғиб этган, бир кун келиб, Туркистон осмонида озодлик қуёши нур сочажагига ишонишдан тўхтамаган. Бироқ минг афсуски, биз бу улкан зотнинг ҳамма асарларини билмаймиз. 1950 йилда Истамбулда «Ёш Туркистон» нашриётида доктор А. Оқтой туғилган кунининг 60 йиллиги муносабати билан «Туркистон миллий ҳаракати ва Мустафо Чўқаев» деган китоб чиқаришган экан. Биз ҳатто шу китоб билан танишиш имконига ҳам эга эмасмиз. Лекин шунга қарамай, мен яна бир бор Мустафо Чўқайни ўткир нигоҳли тадқиқотчи, ҳаётни яхши биладиган, воқеалар замиридаги ҳақиқатни кўра оладиган, мантиқи чуқур, қалами ўткир бир олим деб ҳисоблайман. Унинг «Туркистон Шўролар ҳукумати даврида» деган мақоласи шундан далолат бериб турибди.
Авваламбор, мақоланйнг ижодий тарихи диққатга сазовор. 1927 йилда Октябрь инқилобининг 10 йиллиги муносабати билан Москвага француз ишчилари делегацияси келади. Унинг бир қисми Ўзбекистонга сафар қилиб, бир неча кун республика ҳаёти  билан танишади. Бу ерда франциялик вакиллар «Туркистон миллий жумҳуриятларидаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган» ўзгаришлардан ҳайратланиб ҳаяжонга тушадилар. Уларнинг назарида Туркистонда ҳамма ёқда эркинлик салтанати барпо этилган, миллий масала узил-кесил ҳал этилган, халқ фаровон ва бахтиёр ҳаёт кечиради, ҳар қандай сиёсий, ижтимоий, иқтисодий муаммолар тегишли ечимини топган. Делегация аъзола-ри «Правда Востока» газетасининг 1927 йил 30 ноябрь ва 2 декабрь сонларида ўз таассуротлари билан ўртоқлашадилар. Масалан, жаноб Шелино шундай дейди. «Биз шунга ишондикки, ёш совет Ўзбекистонини маҳаллий халқнинг ўзи бошқаради. Бизга берилган маълумотномаларда давлат органларининг раҳбар қисми асосан маҳаллий аҳоли вакиллари эканини кўрдик...»
Делегация раҳбари жаноб Гаше дейди: «Бизни буёққа жўнатган француз ишчиларига совет давлатида миллатлар тенглиги қарор топган ҳаётни кўрдик деб етказамиз. Менинг ўзим бунга сираям шубҳа қилмайман».
Француз делегацияси Ўзбекистондан жўнаб кетиш олдидан декларация тайёрлайди. «Правда Востока» газетасининг 1928 йил 20 январидаги сонида эълон қилинган бу декларацияда «маҳаллий ўртоқларнинг миллий соҳадаги ютуқлари» бирма-бир санаб ўтилган.
Делегация аъзолари Парижга қайтгач, бу таассуротларини жамоатчиликка изҳор этганми-йўқми — маълум эмас. Лекин муҳожирликда яшаса ҳам Туркистон ҳаётини синчковлик билан кузатиб борган Мустафо Чўқаев мазкур фикр-мулоҳазалардаги бир томонламаликка сира тоқат қилолмаган. Натижада у «Туркистон Шўролар ҳокимияти даврида» деган каттагина мақола ёзади ва уни 1928 йилда эълон қилади. Мақоланинг Парижда француз тилида чоп этилган нусхасига таниқли жамоат арбоби Пьер Ренодель сўзбоши ёзган. Пьер Ренодель Мустафо Чўқаев билан 1920 йилда Тифлисда танишган экан. Ўшандаёқ Мустафо бей француз арбобининг назарида ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун курашувчи изчил демократ сифатида таассурот қолдирган.

Пьер. Рёнодель мақолани қисқача таҳлил қилиб, лўнда-лўнда жумлаларда фазилатларини санаб, юқори баҳо беради ва уни Туркистондаги ҳақиқий аҳволни очиб берувчи қимматли ҳужжат деб ҳисоблайди. Мақоланинг аҳамияти ҳақида Пьер Ренодель ёзади: «Бу рисола минг-минглаб туркистонликлар мустабид тўзум қурбони бўлганлиги тўғрисида гувоҳлик беради; бу рисола бутун мамлакатни жаҳолат бошқараётгани, шу маънода, айрим большевикларнинг ўзлари ҳам эътироф этганлари каби, марксизм-ленинизм деб аталмиш таълимог, фақат сароб-найранг эканлиги тўғрисида гувоҳлик беради, бу рисола аграр революция ниқоби остида қишлоқ хўжалигини ёппасига жамоа-жамоа қилиб, ёппасига мажбурий эксплуатацияга тайёрлаётгани, бутун иқтисодиёт фақат алдовга ва ташиб кетишга мўлжалланаётгани тўғрисида гувоҳлик беради. «Бу сўзлар бугун эмас, кеча эмас, 63-йил аввал — 1928 йилда ёзилган. Бугун эса биз бу гапларнинг мутлақо ҳақиқат экани тарих томонидан тўла тасдиқланганйга гувоҳ бўлиб турибмиз.
Мустафо Чўқаев мақола бошида вакилларнинг «сафаримизда тўла эркин бўлдик, қаерни истасак, шу ерни бориб кўрдик, ким билан истасак, шу одам билан суҳбатлашдик» деган гаплари аооссиз эканини исботлайди. У делегация аъзоларининг биронтаси маҳаллий тилларни билмаслигини, ҳамма жойда тилмочлар орқали иш юритишганини айтади. Шундай экан, тилмочлар махсус тайёрлангани, ҳар хил ташкилотлардан муфассал йўриқлар олиб ишлагани аниқ. Ёхуд улар ўша ташкилотларнинг махфий ходимлари бўлишлари ҳам мумкин. Мафкура муассасалари бу ташкилотлар, билан бирга ҳар қандай ҳолларда ҳам йўқни бор, оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатиш ҳавосини олган. Аслида ҳаётга чуқур назар ташланса, ўша йилларда Туркистон ҳаётида на миллий эркинлик, на инқилобий фаровонлик йўқлиги яққол кўринади-қолади. Шуниси муҳимки, Мустафо Чўқаев бу фикрларини далиллар экан, фақат партия ҳужжатларига, съездлар, пленумлар конференцияларнинг қарорларига, совет ҳокимиятининг ишончли одамлари айтган ва совет партиявий матбуотида эълон қилинган материалларга таянади. Масалан, «Туркистон советлар даврида чинакам эркинликка эришди, бу ерда миллий масала узил-кесил ҳал қилинди» деган фикрни рад этар экан, унга қарши «Тошкентлик большевикларнинг ўзига хос ҳокимлиги остида Туркистонда мустамлака режимнинг давоми ўлароқ янги давр бошланди...» деган фикрни олға суради. Бу даъво партиявий ҳужжатлардан ва совет матбуотидан олинган далиллар билан чуқур исботланади. Маълумки, совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида Туркистонда даҳшатли очлик юз берган, оқибатда, совет матбуотининг хабар беришича, 1 114 000 одам ўлган эди. Мустафо Чўқаев бу очликни большевиклар онгли суратда уюштирганини ва «дунёнинг ҳеч бир бурчагида бундай мудҳиш тарзда синаб кўрилмаган «очлик сиёсати» орқали миллий озодлик ҳаракатига зарба бермоқчи бўлганини исбот қилади. Бунйнг учун у ўша пайтда катта мансабларда хизмат қилган Турор Рисқулов китобидан парча келтиради: «Туркистондаги Октябрь тўнтаришининг раҳбарларидан бири Тоболин Марказий Ижроия Қўмитаси мажлисларидан бирида тўғридан-тўғри «қирғизлар иқтисодий қолоқ бўлганлари учун ҳам, улар барибир, қирилиб кетишга маҳкумдир. Шунинг учун инқилоб бутун кучини очликка қарши курашга эмас, яхшиси фронтни мустаҳкамлашга қарши қаратиш керак» деганди. Миллионлаб одамларнинг қирилаётганини, бутун ўлка аламли фарёдлардан бўғилиб ётганини кўра-била туриб шундай демоқ учун одам мутлақо виждонсиз, ўта беҳаё бўлмоғи керак. Фақат ўзига бино қўйган, ўзини дунёнинг устуни деб билган, бошқа халқларни менсимайдиган ашаддий шовинистгина шундай қилиши мумкин. Бундай шармандали қарашлар совет ёки партия ташкилотлари томонидан ва ўша кезларда, на ундан кейин қораланди. Аксинча, Тоболин ўлгандан кейин унинг номи абадийлаштирилди. Тарих киноясини қарангки, Тошкентнинг шундоққина биқинида, Чимкент вилоятининг Сариоғоч районидаги каттагина қишлоқ ҳозир ҳам Тоболин номида аталиб келинмоқда.
Туркистонда инқилобнинг дастлабки йиллариданоқ мудҳиш мустамлакачилик сиёсати олиб борилганидан Ленин ҳам, партия Марказий Қўмитаси ҳам яхши хабардор бўлган, бироқ улар бунга чек қўйиш борасида қўлини совуқ сувга урган эмас. Аксинча, бу ҳодисани эътироф этиш билан чекланишган. Мустафо Чўқаев буни РКП Марказий Қўмитасининг 1920 йил 29 июнида қабул қилган ыароридан олинган парча билан исбот қилади:
«Мустамлака психологияси билан заҳарланган, рус ишчилари қўлида бўлган Туркистондаги Совет ҳокимияти даврида келгинди европалик аҳоли билан маҳаллий халқ ўртасидаги муносабат яхши томонга ўзгарди эмас, балки яна ҳам кескинлашди. Чор ҳукумати даврида амалдорлар маҳаллий халқни асоратга солиш учун қандай йўл танлашган бўлса, бугунги «коммунистлар» ҳам худди шундай йўл танлашмоқда».
Мустафо Чўқаев мақола давомида совет ҳокимияти Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатини инқилобнинг дастлабки йилларидан кейин ҳам изчиллик билан давом эттирганини таъкидлайди. Муаллиф кейинги йиллардаги айрим тадбирларни таҳлил қилар экан, улар гўё «яхши ният билан», камбағал ва қашшоқ деҳқонларга қайишгандай туюлса-да, аслида меҳнаткаш халқни янада асоратга солажагини башорат этади. Масалан, мақолада ер ислоҳотининг моҳияти очиб берилган — ҳукумат асбоб-ускунасиз; от-уловсиз деҳқонларга мажбуран ер бериб, уларни янада қарам қилади. Улар ёппасига пахта экишга мажбур бўладилар, бу эса ғалла экинларининг камайи чорвачиликнинг қисқаришига олиб келади. Озиқ-овқат таъминотида деҳқон тўлалигича четдан келадиган маҳсулотга қараб қолади, унинг турмуш даражаси бениҳоя тушиб кетади. 1928 йилда айтилган бу гапни Ўзбекистоннинг кейинги 60 йиллик тарихи тўла исботлади.

ВЦСПС Ўрта Осиё бюросининг 1927 йил сентябрида бўлган пленумида сўзлаган нотиқ «Ильич» номли завод маъмурияти «штат қисқарганини эълон қилиб, айни пайтда Россиянинг ички музофотидан янги ишчи кучлари чақириб келишганини» айтади. Ҳолбуки, худди шу пайтда Ўрта Осиё бўйича 28 625 та ишсиз бор эди. Биз бу Сиёсат ҳам фақат 20-йилларда амалга оширилган ўткинчи тадбир эмаслигини яхши биламиз. Бугунги кунда шу сиёсат туфайли бутун Ўрта Осиё иқтисодиёти жуда ночор аҳволга тушиб қолди, Ўзбекистонда эса миллионлаб одамлар жуда фақир ва қашшоқ ҳаёт кечирмоқдалар.
Мустамлака сиёсатининг яна бир жиҳати кадрлар масаласи билан боғлиқ. Мустафо Чўқаев француз делегациясининг «Ўзбекистонда ҳамма муҳим лавозимларни миллий кадрлар эгаллаб турипти» деган гапини ҳам жуда асосли рад этади. У бунинг учун партия XVI съезди материалларига мурожаат қилади. Унда Оржоникидзе бошқа масалалар қатори Ўзбекистонда бошқарув аппаратининг миллий таркиби ҳақида гапирган экан. Унинг ҳисобига кўра аппаратда руслар 61,9 фоизни, ерли миллат вакиллари эса 24,7 фоизни ташкил қилади. Бироқ ерли миллат вакилларининг малакаси ва сифати масаласи жуда ночор аҳволда бўлган. Мустафо Чўқаев буни ҳам «За партию» журналида босилган (1927 йил 3-сон) Хонсуворовнинг мақоласидан олинган қуйидаги парча юрқали далиллайди: «Округ ижроия комитетлари президиуми аъзолари ва раислари , арифметиканинг оддий тўрт амалини ҳам билишмайди, ҳатто ўз тилларида ҳам қийналиб ёзадилар, Париж ва Лондон шаҳарлари қайси мамлакатнинг пойтахтлари эканини ҳам билишмайди, партия тарихидан мутлақо бехабар, партия дастурини ўқиб ҳам кўришмаган. Савол туғилади: наҳотки, 20-йилларнинг ўрталари ёхуд охирларида, шунингдек, кейинги йиллар мобайнида бутун жумҳурият ҳудудида савияси баланд, юксак маданиятли, раҳбарлик ишларига иқтидори зўр одамлар топилмаса? Наҳотки, халқ ичидан чиқадиган истеъдодлар булоғининг суви тортилиб қолган бўлса? Йўқ, ундай эмас, албатта. Бироқ мустамлакачилик салтанатининг ўз қонун-қоидалари, ўз мантиқи бор. Унга кўра кадр танлашда билимнинг кўпдан аҳамияти йўқ, юқори мансабни эгал-лайдиган, номенклатурага киришга даъвогар одам юқорига садоқатли бўлса, буйруқни лом-мим демай бажарса, бўлар-бўлмас саволлар бериб, масалалар қўйиб, бошни қотирмаса бўлди. Большевикларнинг кўзга кўринган арбобларидан бири Георгий Сафаров 1921 йилдаёқ  мустамлакачиларнинг кадр танлаш мезонини жуда аниқ тасвирлаб берган. У:, «Мустамлака инқилоби. Туркистон сабоқлари» деган китобида ёзади: «Мустамлакачиларга ерли аҳолидан чиққан раҳбар, ўзлари билан бир сафда турадиган тенг ҳуқуқли ўртоқ керак эмас эди. Уларга тилмочлар ва ижрочи миршаблар зарур эди».
Бу парча ҳам Мустафо Чўқай тадқиқотидан олинди. Бундай мисолларни яна келтираверишга ҳожат йўқ. Юқоридагиларнинг ўзиёқ мазкур мақола нақадар кучли мантиққа эгалигини кўрсатиб турипти. У шўрпешона Туркистон Шўро ҳукумати қўли остида янада мудҳиш асоратга тушиб қолганини, ўлка бошидаги булутлар янада қуюқлашганини, халқ тобора қашшоқлашиб, ҳуқуқлари поймол этилиб, тарихий меросидан, ёзувидан, тилидан мосуво бўлаётгЬнини пухта далиллар асосида исботлаб берди. Шу биргина мақолага қараб олимнинг қалами нечоғлиқ ўткирлиги, тафаккури қанчалар теранли гиса амин бўлиш мумкин. Энг муҳими, Мустафо Чўқаев бу ва бошқа асарлари билан жаҳон халқларини Совет Иттифоқидаги мустабидлик салтанатида содир бўлаётган жиноятлардан, ўзбошимчаликлардан огоҳ қилиб турди. Эҳтимолки, худди шу хизмати билан Мустафо Чўқаев бугунги истиқлол кунларининг яқинлашишига ҳисса қўшгандир.
Қадимий Берлин шаҳрининг озода ва осуда кўчаларидан бирида қабристон жойлашган. Уни Турк-ислом қабристони дейишади. Унга севимли ватани —Туркистон мустақиллиги йўлида курашмоқдан толмаган, ўз ватандошларига қўлидан келган яхшилигини аямаган бир муборак зот — Мустафо бей Чўқаевнинг жасади ҳам қўйилган. Ҳатто унинг вафоти ҳам юртига, ватандошларига муҳаббатидан нишона бўлди. 1941 йилда фашистлар Совет Иттифоқига ҳужум бошлади. Урушнинг бошларидаёқ юз минглаб совет кишилари фашистлар томонидан асир олинди. Бу кезларда Мустафо Чўқай Парижда яшарди. Фашистлар уни зудлик билан Берлинга олиб келишади ва асир тушган туркистонликлардан ҳарбий қисмлар тузишни талаб қилишади. Мустафо Чўқай бу таклифни қатъиян рад этади, бироқ асирликдаги юртдошлари билан кўришиб, қандайдир йўллар билан уларнинг қисматини енгиллатишга ёрдам беради. Шу учрашувларда у сил касалини , юқтириб олади. Касал зўрайиб, 1941 йилнинг 27 декабрида Мустафо Чўқаев оламдан кўз юмади.

Озод Шарафиддинов

 
Баннер