Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Айғоқчининг маҳфий ахбороти
17.10.2010 04:23    PDF Босма E-mail

У икки ой давомида катта қийинчиликлар эвазига белгиланган жойларда бўлиб, керакли маълумотлар тўплай олди. Ўзи кейинчалик ахборотида қайд қилганидек, «саёҳатимда ишнинг яхши чиқиши учун ўзимни у ерлик халққа Андижондан келган савдо вакили қилиб кўрсатиб юрдим ва иш орасида Бухоро ва Хивадаги мадрасаларни ҳамда авлиёлар мозорларини зиёрат қилишга тилагим борлигини сўрадим» дейди.

Айғоқчи маҳфий маълумот тўплаш жараёнида ўзини андижонлик савдогар ниқобида кўрсатсада, Фарғона ҳарбий губернаторига 1909 йил 8 ноябр куни топширган маълумотномаси тагига ҳам ўз номини яшириб, фақат таржимон Оти Бўлин деб имзо чекади. Унинг мадраса ва авлиёлар мозорларида бўлиб, улар фикрини ўрганиши бежиз эмас эди. Негаки, ўша даврда бутун халқнинг руҳияти ислом дини асосида, фикрлашиям шариат қонун-қоидалари бўйича шаклланганди. Шу боис уламолар халқўртасида обрў эътиборли зотлар бўлиб, халққа таъсир ўтказувчи кучли тоифа эди. Маҳфий ахборотда айғоқчи бу хақда шундай ёзади:
«Ўзимга керакли бўлган маълумотларни мадрасалардан тўплашга тиришдим. Ушбу мадрасаларнинг Ўрта Осиё мусулмонлари учун ғоятда катта аҳамияти бор. Мадрасаларда таҳсилда бўлган муллаларнинг фикрлари ва уларнинг халқ билан бўлғон муносабатлари ила танишганда таажжуб қилмай мумкин эмасдурки, улар истиқболининг халқ етакчилари бўлганлари ҳолда, қора халқ билан қилган муомилаларида ўзларини юқори ҳис қиладилар».
Бўлажак уламолар тоифасининг халқ билан муносабатини айғоқчи зийраклик ила кузатган. Шу каби Туркия ва Эрондаги ўзгаришлар, бу ҳақдаги маҳаллий халқнинг фикрини ҳам обдон ўрганади. Унинг тўплаган маълумотларига кўра, «Туркия ва Эронда бўлган сиёсий инқилоблар у ердаги мадрасалардан аж-ратилиб, вақфлар билан кун кўратурғон уламо синфи ўз кучи билан кун кўришга мажбур бўлғондин сўнг, бу ҳол бошқалар елкасида ризқланатурғон муллаларга албатта, оғир ва шунинг учун Бухоро уламоси Эрон ва Туркияда бўлган инқилобни Аллоҳ ва Қуръоннинг амрига, деб мазкур инқилоблар тўғрисида авомга ҳеч бир маълумот бермайдилар».
Айғоқчи яна мадрасалардаги мулла, охун ва талабаларнинг Эрон ва Туркиядаги воқеалар билан яхши танишлиги, авом халқни бу ҳолдан огоҳ қилмоғини эса ўзича шундай таърифЛайди: «Мударрис ва муллалар ҳамон бурунгича эски фикрда қолмишлар, бу ҳолнинг сабаби билан таҳмин қилинганлар, мулла мударрислар ҳеч бир иш-куч сарф қилмай вақфлар ҳисобига яшаб келадилар»
Ахборотда қайд қилинишига кўра, 1909 йилда Бухоро амирлигида 450 мадраса бўлиб, буларнинг 400 таси пойтахтда, 2 таси Карманада, 2 таси Чоржуйда, 4 таси Қарши шаҳарларида, қолганлари бекликларда бўлган.
Айғоқчининг кузатишича, уламоларнинг амир билан муносабати ўша вақтда бироз ёмон бўлган. Бунинг сабабини аниқлаб, у шундай келтиради: «Уламоларнинг амирдан хафа бўлишларининг сабаби ҳам рус фуқароларига эски Бухорода хамда Чоржуйда фохишахона ва майхона очишга руҳсат беришидир. Фохишахона ва майхоналар дин ва халқ аҳлоқини бузадир, дейдилар. Масалан, эски Бухорода Русия фуқароси бўлган бир грузин ошхона очиб, амир бунга ҳафтасига бир челак хамр (спиртли ичимлик), икки челак пиво сотишига руҳсат берган, лекин уламоларнинг айтишича, ичкилик ичувчилар жуда кўп бўлганлигидан грузин руҳсат қилинган миқдордан ортиқ ичгулик сотар экан. Ўзим ҳам у ерлик халқнинг раиятларидан яшириниб, пасткам уйларда ичгилик ичиб юрганларини жуда кўп маротаба учратдим».
Айғоқчи, шунингдек, Бухорога Бокудан «Иттифоқ», Оренбургдан «Вақт» каби газеталар ҳамда ҳажвий руҳдаги Бокуда нашр қилинадиган «Мулла Насриддин» журналининг олиб келиб тарқатилишини ҳам айтиб ўтади. Шу каби пойтахтда иккита китоб омбори борлиги, омборлар китоб билан таъминланишини, китобларнинг аксарияти Истанбул ва Бомбейда нашр этилиб, аксарияти диний эканлигини, инқилобий руҳдаги сиёсий китоблар тарқалмаганини аниқлаган.
Айғоқчи Бухоро бозорларидан керакли маълумотларни ололмайди. «Сабаби эса қишлоқлардан шаҳарга иш билан келган деҳқонларнинг сўзлашиб ўтиришга вақтлари йўқдур. Кейин сиёсатдан гапиришга амирнинг хуфияларидан қўрқадурлар, чунки амирнинг хуфиялари кўп бўлиб, сиёсий бир гап эшитсалар, ушлаб даров зиндонга соладилар. Бозордан кўра кишиларнинг уйларида қилинадурғон мусоҳабалардан яхши маълумот олиш қулайдур. Чунки уй ичида хуфия йўқ, уй эгаси эркин ҳар гапни сўзлай берадир» дея изоҳлайди у.
Айғоқчи шунингдек, амирликдаги солиқ тизими, деҳқонларнинг бу ҳолга муносабитини таъкидлаб, закотнинг мажбурийлигиям халққа оғир юк бўлаётганини айтади. «Деҳқонларнинг ғалла сотган чоғларида тўлайтурғон «пашлина»ларини ҳам эътиборга олсак, бутун оғирлик фақат деҳқон устига тушганлигини кўрамиз».
Шу сингари амир ҳарамига чиройли қизларнинг келтирилаётгани "у қизларни йиғиб юратурғон махсус хотинлар бор. Улар қўлларига тушган қизни пул баробаригагина озод қиладирлар ва қайсиларини ўзга юртларга олиб бориб сотадирлар" дейди айғоқчи.
Амирликдаги фуқароларнинг аскарий хизматга тортилиши «бу хизмат бекларнинг хусусий хизматларини қилишдан иборат» лигини ҳам айғоқчи кузатиб юрган. Шу каби «Бухорода бекларнинг нуфузи жуда каттадир, улар ўз даҳаларида бўлган халққа қандай бўлса бўлсун, жазо беришга қодирлар» дея жойлардаги бекларнинг бошқарув усулини ҳам ахбороти-да ёритади.
Умуман, Чор ҳукуматининг Туркистон жандармерияси айғоқчиси 1909 йил августида Бухорода бўлиб, амирликнинг ижтимоий, сиёсий, диний, маданий ҳаётини кузатиб, Фарғона ҳарбий губернаторига маҳфий ахборот тақдим қилади. Ушбу ахборот гарчи жосус нигоҳи билан кузатилган ҳолдан иборат бўлса ҳам XX аср бошларидаги Бухородаги вазият ҳақидаги манба бўлиб қолди ва орадан йиллар ўтиб, «Маданият ва турмуш» журналининг 1924 йил май сонида чоп этилади.

 

Умид Бекмуҳаммад

 
Баннер