Тарих билимдони, собиқ советлар даврида шарқ қўлёзмалари тадқиқотчиларининг кўзга кўрингани Аҳмад Закий Валидий Тўғон эди. У 1890 йили 10 декабрда Бошқирдистоннинг Эшимбой туманидаги Кузяново кишлоғида мулла оиласида туғилган. Отаси Кузяново қишлоғидаги мадрасада дарс берар ва имомлик қилар эди. Аҳмад Закий Ислом асосларини, араб, форс тилларини шу мадрасада ўрганди. 1901-1908 йиллари она томонидан бобоси Ҳабибназарнинг қишлоғи Утяковдаги мадрасада таълим олди. Бу мадраса диний фанлар билан бир қаторда тарих, фалсафа, жуғрофия ва математикага ихтисослаштирилган эди. 1908 йили эса Оренбургдаги «Ҳусайния» мадрасасида ҳам ўқиди. Бу орада Қозон университетига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўрди. 1908-1912 йиллари Қозоннинг «Қосимия» мадрасасида таълим олди. Таҳсил асносида уч йил мадрасада тарих ва араб тилидан дарс берди. Бу ерда биринчи бор шарқшунослик билан шуғуллана бошлади. 1912 йили ўзининг биринчи китоби «Турк ва татар тарихи»ни ёзиб тугатди. Бу асар унга катта шуҳрат келтирди. Қозон ва Петербург университетлари молиявий кўмаги билан шарқ қўлёзмаларини ўрганиш учун уни Ўрта Осиёга юборишга қарор қилинди. 1913 йил кузида Қозон университети тарих, археология ва этнография жамияти шарқ қўлёзмаларини ўрганиш учун Фарғона водийига илмий сафарга юборди. Валидий сафар чоғида 72 та қўлёзма топди ва илмий тадқиқ қилди. 1914 йили Россия ФА Марказий Осиё ва Узоқ Шарқни тадқиқ этиш халқаро жамияти йўлланмаси билан Бухоро амирлигига келди. Валидий бу ерда Қуръони каримнинг ўнинчи асрда туркий тилга ўгирилган энг қадимги ноёб нусхасини топишга муваффақ бўлди. 1923 йили Валидий шарқ ва Оврупа шаҳарларига илмий сафарларини бошлади. Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон каби ўлкаларда, Париж, Берлин, Прага, Будапешт каби шаҳарларда илмий изланиш олиб борди. Қаерда бўлмасин, ўша ердаги халқ тилини, тарихини ўрганишга ҳаракат қилди. Машҳур кутубхоналар ва архивларда илмий иш билан шуғулланди. Ноёб қўлёзмаларни ўрганиб, уларни халққа тақдим этиш билан шуғулланди. Маълумки, олим 1913-1914 йиллари Фарғонага, сўнг Бухорога сафар қилди. Ушбу сафари чоғида тарих ва янги замон ҳақида қимматли маълумотларни тўплади. 1923-1932 йиллар олим ҳаётида катта из қолдирди. У кўплаб манба ва изланишларига таяниб, асосий иши ҳисобланган «Замонавий Туркистон ва унинг яқин тарихи» китобини ёзди. Китоб бошда учта катта бўлимдан таркиб топган, кейинчалик икки боб илова қилинган. Биринчи бўлим, туркий халқлар тарихига бағишланган. Улар яшаган ҳудуд Каспий денгизидан Олтой, Олатоғ, Тиёншон тоғларигача чўзилган. Иккинчи бўлим «Шарқий Туркистон» (ҳозирги Хитойнинг шарқий қисми) деб аталган. Учинчи боб «Шимолий Туркистон» (Ўрол тоғлари қисми) деб аталган. Қолган икки боби қачон ёзилгани аниқ эмас. Закий Валидий Тўғон Марказий Осиё тарихининг XVI асрдан XIX аср охири ва XX аср биринчи ярмигача даврини тадқиқ қилган Унга қадар ҳам бу ўлка тарихи ёритилган илмий тадқиқот ишлари, асарлар, қўлёзма китоблар бор эди. Уларнинг барчаси билан танишиб чиққан Закий Валидий ўлка тарихи тўла ўрганилмаганига амин бўлади ва уни батафсил тадқиқ этишга киришади. Ўзидан олдин бу ҳудуд тарихини ўрганган олимларнинг хато фикрларини рад этади. В.Григориев, Ф.Шварс, Денисон Росс, Масалск, Махашик ва ҳатто В.Бартолднинг айрим фикрларини ёқламайди. Китобнинг биринчи қисмида ўлканинг ҳудудий чегаралари тадқиқ қилинган бўлса, иккинчи қисмида турк халқларнинг келиб чиқиши ва қайси миллатлар бу гуруҳга кириши баён қилинади. Асарнинг учинчи қисми ўлканинг ўн олтинчи асргача бўлган тарихига бағишланади. Бу минтақада яшаган туб халқ кимлар бўлгани, уларни кимлар босиб олгани, ўлканинг бошқа халқлар маданияти билан алоқалари қандай бўлгани, кўк турклар ва Ислом дини ҳақида қимматли маълумотлар беради. Тўртинчи ва бешинчи боблар ўлкани чоризм босиб олиши ва сиёсий вазиятлар тафсилотига бағишланган. Китоб 615 саҳифадан иборат, сўнгги бетида қачон ёзилгани битилган. (Вена, Херналсер-Гюртел, 11, Тур, 1929 йил 10 октябр). Бу катта илмий-тарихий изланиш тарихчиларга Марказий Осиё ҳақида кенг маълумот беради. Аҳмад Закий Валидий Тўғон чет мамлакатларда ҳам илм билан шуғулланди. Турк, немис, франсуз, инглиз, араб, венгер, рус ва бошқирд тилларида тўрт юздан ортиқ илмий иш эълон қилди. «Бугунги турк эли ва яқин тарих» (Истанбул, 1942-1947) ва «Хотиралар» (Истанбул, 1969) каби машҳур асарлари шулар жумласидандир. Марказий Осиё тарихининг теран тадқиқотчиси Тўғоннинг хотиралари «Бўлинганни бўри ер» номи билан ўзбек тилида ҳам нашр қилинган. Валидий 1970 йил 26 июлда Истамбулда вафот этган. Унинг тадқиқотлари бугунги кунда қимматли аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради.
Нилуфар ТЎЙЧИЕВА, Тошкент Ислом университети магистранти
|