Фазилатли Фаластин ерларида уччала диний эътиқод вакиллари тўла тинчлик ва тотувликда яшаб турган бир пайтда Оврупо насронийларининг айрим диний ва сиёсий раҳбарлари Қуддус устига салбчилар юриши ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
1095 йилнинг 25 ноябрида Клермондаги епископ бош бутхонасида Папа Урбан II насронийларни ҳарбий юриш қилиб, «Муқаддас заминни мусулмонлардан қутқаришга» чақирди. Оврупонинг барча бурчакларидан тўпланган насронийларнинг юз мингдан зиёдроқ қўшини асосан Шарқнинг беҳисоб бойликлари тамаъсида Фаластинга қараб йўл олди. Узоқ ва силла қуритар юришдан, қирғинбарот урушлар ва мусулмонларнинг шаҳарларини вайрон қилишдан сўнг салбчилар қўшини ниҳоят 1099 йили Қуддусга етиб борди. Беш ҳафтача давом этган қамалдан сўнг, шаҳар таслим бўлиб, салбчилар унга кириб бордилар ва тарихда ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийлик содир қилдилар. Шаҳарнинг барча мусулмонлари ва яҳудийлари қиличдан ўтказилди. Салбчилар севги ва раҳм-шафқат дини бўлган насронийликнинг барча ахлоқий амр-фармонларини топтаб ташладилар ва «дин ҳимояси учун кураш» номи билан ниқобланиб, очиқ-ойдин худонинг буйруқларига зид равишда террор уюштирдилар. Йиллар ўтиб салбчиларнинг жиноятлари ҳозирги замон насронийлари олий раҳбарлари ва жамоатчилиги томонидан эътироф этилди.
Салоҳиддин Айюбийнинг адолати
Салбчиларнинг ярим ёввойи лашкари сарҳадлари Фаластиндан Антиохия (ҳозирги Туркиянинг жанубий-шарқий қисмидаги Антиокия шаҳри)гача чўзилиб кетган Қуддус подшоҳлигини ташкил этиб, Қуддусни ўз пойтахтларига айлантирди. Бироқ муқаддас Фаластин ерларига даҳшат ва қайғу-алам олиб келган бебош салбчиларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этиши мумкин эмас эди. Таниқли саркарда ва сиёсий арбоб, Қоҳира султони Салоҳиддин Айюбий Яқин Шарқдаги барча мусулмон амирликларини бирлаштириб, 1187 йил 3 июлда Жалила (Генисарет) кўлидан ғарброқдаги Хиттин қишлоғи яқинида бўлган жангда салбчиларнинг қўшинларига қақшатқич зарба берди. Жангдан сўнг салбчилар қўшинларининг икки бош қўмондони Рено Шатильонский ва қирол Ги Салоҳиддин Айюбийнинг ҳузурига олиб келинди. Суддан кейин мусулмонларни қийноққа солиш ва қирғин қилиш билан ёмон ном чиқарган Рено Шатильонскийни қатл қилишга қарор қилинди. Қирол Гини эса, айби бўлмаганлиги учун озод қилиб юбордилар. Фаластин одамлар орасидаги чинакам адолатли муносабатга яна бир карра гувоҳ бўлди. Хиттиндаги жангдан сўнг Салоҳиддин Айюбий Қуддус шаҳрини салбчилар ҳукмронлигидан батамом озод қилди, айнан Меърож кечаси арафасида Фаластиннинг 88 йиллик истилосига нуқта қўйилди. Салбчиларнинг 88 йиллик ҳукмронлиги даврида шаҳарда қачонлардан бу±н яшаб келган барча мусулмонлар йўқ қилинган эди. Салоҳиддин қўшинлари шаҳарга кириб келгандан сўнг, унда қолган салбчилар ўзлари ҳам ана шундай қисматга дучор бўлишларини қўрқув билан кутдилар. Бироқ Салоҳиддин шаҳардаги биронта ҳам насронийга зарар етказмади. Бундан ташқари, у фақат ўзларини салбчилар қўшинига мансуб ҳисоблаган католик насронийларга шаҳарни тарк этишни буюрди. Православ насронийлар эса шаҳарда қолиб, ҳеч қандай жабр-зулм ва камситиш кўрмай, одатдагидай ҳа±т кечирдилар ва диний ибодатларини адо этдилар. Англиялик тарихчи Карен Армстронг мусулмонларнинг Қуддусдаги иккинчи ғалабасини шундай таърифлайди: 1187 йилнинг 2 октябрида Салоҳиддин ва унинг қўшинлари Қуддусга ғолибона кириб келишди ва энди шаҳар 800 йил мусулмонларники бўлиши керак эди. Салоҳиддин православ насронийларга ваъда берганидай, шаҳарда Ислом адолатининг юксак тамойилларини ўрнатди. Қуръонга итоатан у ҳеч кимга зулм ўтказмади, 1099 йилдан буён салбчилар томонидан шаҳарда қириб ташланган диндошларининг бегуноҳ ўлими учун қасос олмади. Биронта ҳам насроний қатл этилмади, улардан бирон кишига ҳам зулм қилинмади. Асир тушган салбчилар учун товон пули энг кам миқдорда белгиланди. Қуръон оятлари орқали буюрилганига кўра, оғир айби бўлмаган кўплаб салбчилар товон пулисиз озод қилиб юборилди. Салоҳиддиннинг иниси Одил ишлатиш учун ўзига 100 яқин асирни сўраб олган эди, аммо кейинчалик уларнинг оғир руҳий ҳолатдалигини кўргач, ҳеч қандай товонсиз барча ҳарбий асирларга жавоб бериб юборди. Айрим бой насронийлар шаҳардан кетишга қарор қилдилар. Улар барча бойликларини ўзлари билан олиб, шаҳарни ҳеч қандай тўсиқсиз тарк этдилар. Ваҳоланки, ана шу бойликлар барча асирларни сотиб олиб, озод қилишга етарли эди. Епископ Гераклиус ўзи учун 10 динор тўплаб, тўплаган ҳамма мол-мулкини аравага юклаб, шаҳарни хотиржам тарк этди. Султон Салоҳиддин ва унинг қўл остидаги мусулмон қўшинлари насронийларга чинакам адолат ва раҳм-шафқат билан муносабатда бўлдилар, мағлубиятга учраган жангчиларга уларнинг салбчи саркардаларига қараганда ҳам кўпроқ адолат кўрсатдилар. Фаластиннинг бошқа шаҳарлари ҳам салбчиларнинг ваҳшийлигига дучор бўлган эди. Халқ қаҳрамони сифатида талқин қилинадиган Англия тарихининг афсонавий шахси Ричард Шерюрак 1119 йилда III салб юришида ҳозирги Исроил ҳудудидаги Аккон (Акра) қалъасини қамал қилишда қатнашган. Қалъа таслим бўлгандан кейин, у товон тўлаш ва сулҳ таклифларининг биронтасига кўнмай, шаҳардаги деярли 3000 мусулмонни, аёллар ва болаларни ҳам қўшиб қатл қилишга буйруқ беради. Шаҳарни салбчилардан озод қилган мусулмон қўшинлари тинч аҳолининг ваҳшиёна қатл этилганлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Ҳаттоки қариндошлар ва яқинларидан жудолик алами ҳам мусулмонларга ғанимдан ўч олиб, зулм қилишга йўл қўймади. Чунки Парвардигор Қуръонда мусулмонларга шундай деб буюрган: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин» (Моида, 2). Мусулмонлар ҳеч қачон тинч аҳолига қарши ҳарбий куч ишлатмаганлар. Ҳаттоки мағлуб бўлган салбчиларнинг қўшинларига нисбатан ҳам жазо ва шафқатсизлик қўлланилмаган. Чунки Ислом зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўли ҳамда адолат, тинчлик, диний бағрикенглик ва фаровонлик кафолатидир. |