Мўғул улуси | ||||
|
Темурийлар даври манбаларида йирик этник тушунча - халқ маъносини ифодалаб келувчи атама. Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сида “мўғул тилида”, “мўғул лашкари”, “мўғул одати”, “мўғул гўзаллари”, “мўғул куйи” каби иборалар бор. Чингизхон истилосидан сўнг Чиғатой улусининг шарқий қисмидан иборат ҳудуд - Мўғулистонда яшовчи (уларнинг мутлақ кўпчилиги туркий қавмлар бўлган) қабилалар ягона ном билан “мўғуллар” деб аталган. “Б.”да ҳам “мўғул улуси” деганда Мўгулистонда яшовчи аҳоли назарда тутилиб, унинг таркибига турли уруғ-қабилалар кирган. “Чиғатойхоннинг юртида (Мўғулистонда) мўғул улусининг хони ул фурсатта (15-а. 2-ярмида), (Юнусхон) эрдиким, менинг улуғ отам бўлғай” (56). “Бу фурсатта (15-а.нинг охирги чорагида) мўғул улусининг хон ва султонлиғи Юнусхоннинг улуғ ўғли, менинг тағойим Султон Маҳмудхонда эди” (6а). Асарда мўғул черики, Мўғулбек (шахс исми), мўғул беклари, мўғуллар, мўғул улуси (Мўғулистон аҳолиси), мўғул дастури (мўғул одати), мўғулча (мўғул усулида) каби сўз ва иборалар учрайди. 15-а. бошларида ёзилган Рашидиддиннинг “Жомеъут-таворих” асарида ҳам “мўғул” сўзи умумлашма этник атама сифатида келган ва унинг таркибига бир қанча, жумладан, туркий уруғ-қабилалар киритилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур знциклопедиясидан |