Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Чор Россиясида сиёсий Ислом
06.09.2023 21:37    PDF Босма E-mail

Ҳозирда Кремл ва Акорда томонидан қўлланиладиган парчалаш (бўлиш) технологияси 20-асрнинг бошларида, инқилоблар пайтида Россияда ташкил этилган жадидизм тарафдорлари "Иттифоқ ал-Муслимин" партияси юқоридан бўлинган пайтда маълум бўлган.

Иттифоқ ал-Муслимин партиясининг низоми 1905 йил сентябрда тайёрланган. Ҳокимият дастлаб бу партиянинг ташкил этилишига қарши чиққан, натижада уни қўллаб-қувватлаганларни ажратиш учун консерватив қарашларга амал қиладиган кадимчи "Сират Ал-Мустаким" ("тўғри йўл") партиясини туздилар. Кейинчалик Иттифоқ ал-Муслимин партияси тарқатиб юборилди.
Жадидчилик ҳаракати сифатида мавжуд бўлган ва маърифатпарварлик ҳаракати деб номланувчи 19-аср охири–20-аср бошларидаги инновацион ҳаракат тарих фанида "туркий-мусулмон ҳаракати" ёки "туркий-миллий ҳаракат"деб аталади.
Асосан Европанинг таниқли олий ўқув юртларида таълим олган татар зиёлилари вакиллари ва бошқирдлар ва озарбайжонларнинг маълумотли жамияти вакиллари туртки берган бу ҳаракатга Қозон, Уфа ва Санкт-Петербургда таҳсил олган қозоқ зиёлилари ҳам қўшилишди.

«Россия мусулмонлари ҳаётидаги тарихий воқеа»

Николай II нинг 1905 йил 6 (19) августдаги Давлат думасини чақириш тўғрисидаги Манифести жадидчиликни фаоллаштириб, ўз мақсадларини мусулмон маданияти ва таълимни ривожлантиришда деб билган туркий-мусулмон зиёлилари сиёсий ташкилотини ташкил қилишга туртки бўлди.
1905 йилнинг 8 августидан Нижний Новгород шаҳрига Туркистон, Сибир, Қозоғистон, Кавказ ва Қримдан мусулмон жамоатлари етиб кела бошлади. Уларнинг сони 150 кишига яқин эди. Демада туркий-мусулмон сиёсатчиларни кўришни истамаган ҳукуматнинг қаршилигига қарамай, 13 август куни Ока дарёсидаги кемалардан бирида махфий равишда Бутунроссия мусулмонларининг биринчи қурултойи очилди. Қурултой 20 августгача давом этди.
Исмоил Гаспрали қурултой раиси этиб сайланди. Қурултойда чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати ва мусулмонлар ҳуқуқларининг бузилиши танқид қилинди. Тили, дини, миллати, ирқи ва жинсидан қатъи назар, барча Россия фуқаролари учун тенг ҳуқуқларни талаб қилувчи қарор қабул қилинди.
Қурултойда Россиянинг мусулмон жамоаларини мувофиқлаштирадиган "Иттифоқ ал-Муслимин" ("мусулмонлар Иттифоқи") Бутунроссия мусулмонлар ташкилотини тузишга қарор қилинди. Делегатлар ушбу қурултойнинг ўтказилишини "Россия мусулмонлари ҳаётидаги тарихий воқеа" деб баҳоладилар ва "ҳар йили мусулмонлар орасида 15 августни нишонлаш тўғрисида" қарор қабул қилдилар.
Қурултой топшириғига биноан Алимардан-бек Топчибашев ва Абдурашид Ибрагимов ташкилот дастури ва уставини ишлаб чиқишни бошладилар. Иттифоқ ал-Муслимин ҳаракатининг Қозон қўмитаси ноябрь ойида бир қатор учрашувлар ўтказди ва ҳаракатни партия сифатида қайта ташкил этиш бўйича асосий ҳужжатларни тайёрлади.
Қуурлтойда қатнашганлар орасида кўплаб таниқли миллионер тадбиркорлар бор эди. Баъзи тадқиқотчилар 1906 йил феврал ойида бўлиб ўтган сайлов кампаниясида мусулмонларнинг молиявий эҳтиёжлари ушбу миллионерлар ҳисобидан ҳал қилинган деб ҳисоблашади.

ИТТИФОҚ АЛ-МУСЛИМИН ПАРТИЯСИ

1905 йил декабр ойида Давлат Думасига сайловлар тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан бир ой ўтгач, яъни 1906 йил 15-23 январ кунлари Санкт-Петербургдаги меҳмонхоналар ва хусусий квартираларда расмийлар томонидан ваколат берилмаган мусулмонларнинг иккинчи Бутунроссия қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда Салимгерей Жантурин, Уалитхон Танашев, Шаймерден Косшигулов каби қозоқ зиёлиларининг вакиллари иштирок этишди. Қурултой Иттифоқ ал-Муслимин партиясининг низомини қабул қилди.
Оренбург, Астрахан, Уралск, Омск, Қизилжар, Семей, Верний, Тошкент, Ашхобод шаҳарларида Иттифоқ ал-Муслимин партиясининг филиалларини очишга қарор қилинди. Конгресс делегатлари Давлат Думаси сайловларида тактикани кўриб чиқдилар ва Россия мусулмонлари ва Конституциявий демократик партия, яъни кадетлар партиясининг биргаликдаги ҳаракатлари тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Кадетлар партияси Иттифоқ ал-Муслимин партияси билан иттифоқ тузишдан манфаатдор эди, шу туфайли 1906 йил апрел ойида биринчи Давлат Думаси ишининг бошланиши билан икки партия томонидан блок тузилди. Натижада Думада алоҳида мусулмон фракцияси тузилди, унинг раиси Иттифоқ ал-Муслимин партияси раҳбарларидан бири – озарбайжонлик адвокат Алимардан-бек Топчибашев сайланди.
Кадетлар партияси энг кўп овоз олди ва Россия ички ишлар вазири Пётр Столипинга асосан кадетлардан иборат ҳукумат тузишни таклиф қилди. Бироқ, фақат битта сессия ўтказган Дума 72 кундан кейин подшоҳнинг фармони билан тарқатиб юборилди.
Биринчи Давлат Думасининг тарқатилишини ноқонуний деб ҳисоблаган Виборг мурожаатини имзолаган Иттифоқ ал-Муслимин партияси аъзолари сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, улар уч ойга ҳибсга олинди. Улар орасида Салимгерей Жантурин ҳам бор эди. Кадет партиясининг фаоли, Думани тарқатиб юбориш арафасида киришга муваффақ бўлган Алихон Букейхон, саккиз ой давомида ҳибсга сақланган.
1906 йил 16 августдан 23 августгача чор ҳокимиятининг рухсати билан мусулмонларнинг учинчи Бутунроссия қурултойи бўлиб ўтди. Бу сафар қурултойда 800 дан ортиқ делегат иштирок этди ва 15 кишидан иборат Марказий қўмита сайланди. Қозоғистон зиёлилари вакиллари Салимгерей Жантурин ва Шаймерден Косшигулов ҳам қўмита аъзоси бўлишди.
Қурултой таълим муаммолари бўйича резолюция қабул қилди. Барча жойларда мусулмон болалар учун араб графикаси асосида она тилида дарс берадиган бошланғич ва ўрта мактабларни очишга чақириқ қабул қилинди. Мусулмонлар бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида Қурултой барча мактабларда "ҳамма учун умумий туркий тилда дарс беришни таклиф қилди".
Мусулмонларнинг учинчи Бутунроссия Конгресси мусулмон ташкилотларини ислоҳ қилиш масаласини кўриб чиқди. Қурултойда Россияда битта вакил – фақат императорга бўйсунадиган Райс-ул-улем томонидан назорат қилинадиган бешта муфтийлик ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, муфтийлар сайланиши, Қозоғистон вилоятларининг диний ишлари Оренбург муфтийлигига тегишли бўлиши, Туркистонда эса алоҳида муфтийлик очилиши тўғрисида келишиб олинди.
Аммо 1907 йилда иккинчи Давлат Думасига сайловлар арафасида Иттифоқ ал-Муслимин партияси ҳали рўйхатга олинмаганди. Шунинг учун кейинги чақириқлар Думасида фаоллар ўз фаолиятини мусулмонлар фракцияси бюроси қаноти остида давом эттирдилар.
1914 йилда туркий-мусулмон арбоблари Иттифоқ ал-Муслимин партиясини қайта тиклашга бир неча бор уринишган. Мусулмонларнинг тўртинчи Бутунроссия қурултойи ўша йилнинг 15 июнидан 25 июнигача бўлиб ўтди. Аммо қурултой Иттифоқ ал-мусулмон партиясининг мавжудлигини узайтирмади. Россия мусулмон элитаси маданий маърифатдан умумий байроқ остида сиёсий ҳаракатга ўтишга қодир эмаслигини исботлади. Ушбу қурултой ишида қозоқ делегатлари Алихон Букейхон, Бакитжон Каратаев, Шерали Лапин, Садуакас Шорманов иштирок этди.

«СИРАТ АЛ-МУСТАҚИМ» ПАРТИЯСИ

Иттифоқ Ал-мусулмон партиясининг муфтийликларни ислоҳ қилиш истаги жадидчилар ва қадимчилар ўртасидаги келишмовчиликнинг янада кучайишига олиб келди. Консерватив ва анъанавий фикрлайдиган қадимчилар гуруҳи Оренбург муфтийлиги атрофида тўпланиб, у ерда "Дин ва маишат" ("Дин ва ҳаёт") журналини нашр этишди.
Ҳукумат "кадимчилар" ва "иттифоқчи-жадидчилар"деб номланувчи оқимлар ўртасида мавжуд бўлган ички қарама-қаршиликдан фойдаланди. Қурултой ўтказишга рухсат бермасликнинг яна бир сабаби шундаки, муфтий Муҳаммадёр Султонов ўзига бўйсунган муллаларнинг қурултойга боришига йўл қўймаган.
1914 йил охирига келиб Россия ташқи ишлар вазирлигида таржимон бўлиб ишлаган Муҳаммад-Сафо Баязитов ва тадбиркор Фатих Байрашев Россия ички ишлар вазирлигига хат ёзиб, "Сират Ал-Мустақим" («Тўғри йўл») мусулмон партиясини тузишга рухсат олдилар.
1915 йилда Баязитовнинг Оренбург муфтийлигига тайинланиши вазиятни янада мураккаблаштирди. «Муҳаммад--Сафо Баязитов аслида қадимчиларнинг етакчиларидан бири эди. Унинг муфтий лавозимига тайинланиши ҳокимият томонидан жадидчилар йўлида қўйилган яна бир тўсиқ эди»- жадидчи нашрларидан бири шундай ёзган.
Сират Ал-Мустақим партияси асосчиларининг мактубида партиянинг мақсади Россиянинг бирлиги, Россия қонунларига қатъий риоя қилиш, мусулмонларнинг фаровонлигини ошириш ва маърифий ишларни ривожлантириш истаги эканлиги айтилган.
Бироқ, чор ҳукумати ҳам, мусулмонлар жамоаси ҳам янги ташкил этилган партиянинг асл мақсадини аниқ кўришди. Ҳатто Оренбург губернаторининг мактубларида ҳам "асосчилар" Сират Ал-Мустақим партияси орқали "Россиянинг консерватив-анъанавий мусулмонларининг бир қисмини мусулмонлар орасида чап оқимга қарши ишлатиш ниятида эканлиги ёзилган. «Тормыш», «Қуёш», «Сўз» каби либерал нашрларда Сират Ал-Мустақим партиясининг характерини очиб берадиган материаллар нашр этилди.
Масалан, Уфада нашр этилган «Тормыш» газетаси вазиятни қуйидагича баҳолаган таниқли мусулмон арбобларининг мурожаатини тарқатди: "Сират Ал-Мустаким партияси, мақсади ва руҳи нуқтаи назаридан, рус черносотен партияларининг нусхасидир"

ИТТИФОҚ АЛ-МУСЛИМИН ПАРТИЯСИ ҒОЯЛАРИНИНГ ДАВОМИ

Чор Россиясидаги татарлар, бошқирдлар, озарбайжонлар ва қозоқлар вакилларидан ташкил топган туркий-мусулмон сиёсий элитаси, 20-аср бошларида фуқаролик ва сиёсий эркинлик учун кураш пайтида, қисқа вақт бўлса ҳам, Россиянинг мусулмон халқларини бирлаштирди ва ўз манфаатларини ҳимоя қилишга интилди.
Бироқ, чор ҳокимияти қисқа вақт ичида Иттифоқ ал-мусулмон партияси йўлида тўсиқлар яратди. Ҳокимият Сирот Ал-Мустақим партиясини тузиб, мусулмонлар жамоасининг эътиборини бошқа йўналишга қаратди.
Иттифоқ ал-Муслимин партиясининг ғоялари 1917 йилда Озарбайжонда ташкил этилган Мусават партияси, 1917 йилги инқилоблар арафасида пайдо бўлган Туркистон Шўро-Ислом партияси ва қозоқ Алаш партияси тамойилларида ўз аксини топган.

Абу Муслим тайёрлади

 
Баннер