Туркиянинг халқаро ишлардаги роли ортиб бориши муносабати билан Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг Босфор ва Дарданелла бўғозларини ўз назоратига олишни мўлжаллаган Иосиф Сталиннинг сиёсати тобора тез-тез эсга олина бошлади. Кўпчилик тарихчилар генералиссимус қулай ташқи сиёсат вазиятдан фойдалана олмагани, бўғозларда Совет ҳарбий базаларини ташкил қилмагани ва 1877-78 йиллардаги рус-турк урушидан кейин Россия империяси таркибига кирган, кейин 1921 йилги Москва шартномасига кўра Туркия Республикасига қайтарилган Карс минтақасини ишғол қилмаганига тушунолмай ҳайрон бўлади. Маълумки, Сталин Болқонда ўзининг сиёсий йўналишини амалга оширар экан, биринчи навбатда Руминия, Болгария ва Югославияга Советлар таъсирининг тарқалиши билан шуғулланган. Ҳатто анти-Гитлер коалициясида иштирок этувчи мамлакатлар ўртасидаги Ялта конференциясида ҳам Болқон ярим оролидаги таъсир доирасини тақсимлаш тўғрисида келишув пайдо бўлди. Черчилл Грецияни Англия таъсир зонасида олиб қолишга муваффақ бўлди, Болгария ва Руминия эса Совет манфаатлари зонасига ўтди. Югославияда Британия ва СССРнинг таъсири тахминан тенг бўлган. Инглизлар тарихан Ўрта ер денгизига эътиборни кучайтириб, бу ерда кўплаб базаларни сақлаб қолишганини, шунингдек, 1940 йилдаги Англия-Туркиянинг ҳужум пайтида ўзаро ёрдам бериш тўғрисидаги битимини ҳисобга олиб, Сталин Болқондан Туркия ҳудудига қўшин киритишни номақбул деб ҳисоблади ва бўғозлар масаласини ҳал қилишни "кейинроққа" қолдирди. 1945 йил ёзида Ташқи ишлар халқ комиссари В.Молотов Туркия ҳукумати вакилларига урушда ғолиб бўлган СССР 1921 йилги шартнома бўйича Туркияга ўтказилган ҳудудларни қайтариш масаласини муҳокама қилмоқчи эканлигини маълум қилди, аммо у турк ҳукмрон доираларининг кескин қаршилигига учради. Хавотирга тушган турклар инглиз ва америкаликларга ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Энтони Иден туркиялик ҳамкасби Жемал Эркинни Германияга қарши урушга кирмаслик билан ўз позициясини мураккаблаштиргани учун қоралади, чунки агар мамлакат Гитлерга қарши коалициядаги иттифоқчилар лагерига ўтганида, бундай муамоли вазиятга дуч келмаган бўларди. Эркин бунга жавобан: “Агар биз ўша пайтда шундай хатога йўл қўйганимизда эди, ҳали кучли бўлган немислар шаҳарларимизни вайрон қилган бўларди, юртимизни оккупациядан қутқариш масъулиятини, бошқа Болқон мамлакатларида бўлгани каби, Қизил Армия ўз зиммамизга олган бўлар эди. Шундай қилиб, биз ҳам, Руминия ва Болгария сингари, Совет Иттифоқига мойил бўлган давлатга айланган бўлардик", деб жавоб берди. 1945 йилнинг ёзида Сталин Совет қўшинларини Болқон томонидан ҳам, ўша пайтда Совет-Британия қўшма назорати остида бўлган Эрон томонидан Туркия чегараларига тўплашни бошлади. Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган мамлакатларнинг Потсдам конференциясида Туркиянинг Кавказортидаги чегараларини ўзгартириш, Карс минтақасини СССРга ўтказиш, шунингдек, Босфор бўғозида совет базасини ташкил қилиш ва у орқали чет эл кемаларининг ўтишини тартибга солувчи Монтрё конвенциясини қайта кўриб чиқиш масаласи кўтарилди. Бироқ, Англия ва АҚШ раҳбарлари Сталиннинг бу масалани ҳал қилиш таклифига тўғридан-тўғри жавоб беришдан бош тортдилар ва бу масалани Туркия билан СССР, АҚШ ва Англия алоҳида муҳокама қилиши кераклигини айтдилар. Потсдам конференцияси давомида АҚШ Японияга қарши атом қуролининг қўлланиши ҳақида маълум қилганида айрим маълумотларга кўра, Сталин Сиёсий бюро аъзоларига шундай дейди: «Истанбулга сафар бекор қилинади... яхши вақтларгача. Турклар эса улар учун ўзларини қурбон қилган японларга абадий раҳмат айтсин...» Шу тариқа “совуқ уруш” бошланди. СССР ҳудудини Туркияга тегишли Шарқий Анатолия ҳудудлари ҳисобига кенгайтириш режалари белгиланмаган муддатга қолдирилди, Сталиннинг вафотидан кейин Совет Иттифоқи раҳбарияти улардан бутунлай воз кечди. Натижада, Қора денгиз бўғозларининг ҳолати ўзгартирилмади. Туркия ўзи учун тегишли хулоса чиқариб, 1952 йилда НАТОга аъзо бўлди ва ўн йилликлар давомида аьлянснинг Жанубий қанотига айланди.
Абу Муслим таржимаси
|