Германияда иккинчи Жаҳон урушининг сўнгги ҳафталарида совет аскарлари томонидан зўрланган немис аёлларининг тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи фильм борасида баҳслар қизғин давом этмоқда. Бугунги кунда бу воқеалар ҳақида нималар маълум? Иккинчи Жаҳон уруши тарихида ҳали ўрганилмаган боблар мавжуд. Улардан бири урушнинг сўнгги ҳафталарида немис аёлларининг совет аскарлари томонидан оммавий равишда зўрланишидир. 1945 йилнинг баҳори. Гитлерчилар Германияси бошлаган Иккинчи Жаҳон уруши даҳшатларидан ўтган Қизил армия аскарлари Германия пойтахтини эгаллайди. Бу пайтда Берлинда бир ярим миллионга яқин аёл бор эди, уларнинг аксарияти халоскорлар армияси аскарлари томонидан содир этилган оммавий зўравонликлар қурбони бўлган. Исмини ошкор қилишни истамаган берлинлик журналист аёлнинг кундалигига асосланган «Номаълум: Берлиндаги бир аёл» янги немис фильми шу воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Аёл ўз кундалигида урушнинг сўнгги ҳафталари воқеаларини баён қилади. Муаллиф – фильмнинг бош қаҳрамони. 1945 йилнинг баҳорида у бошқа аёллар билан биргаликда совет аскарлари томонидан бир неча марта зўрланади. Такрорий зўравонликнинг олдини олиш учун у совет офицеридан ҳимоя излайди. Улар ўртасида жиддий муносабатлар ривожлана бошлайди.
"Аноним" кундалик
Бу кундалик илк марта уруш тугаганидан тўққиз йил ўтгач, Америка Қўшма Штатларида чоп этилган. Германияда у 1959 йилда пайдо бўлди, лекин немис жамияти бу мураккаб мавзуни муҳокама қилишга тайёр эмаслиги туфайли эътиборсиз қолдирилди: ўша пайтда мамлакат ўз хатоларини тушуниш ва фашистлар армиясининг зулми ва бебошликларини қоралаш билан машғул эди. Фақат 2003 йилда кундалик қайта чоп этилди ва дарҳол бестселлер бўлди. Ҳозирги кунда кўпчилик немислар, айниқса, ёш авлод иккинчи Жаҳон уруши тарихини бироз бошқача нуқтаи назардан кўриб чиқмоқдалар. Тарихчиларнинг ҳеч бири совет аскарлари томонидан оммавий зўравонликлар бўлганлиги ҳақида баҳслашмайди. Айни пайтда, Берлинлик тарихчи Берт Хоппе (Bert Hoppe) фикрича, бу мавзуга бағишланган кино ва адабиётнинг машҳур асарлари факт ёки ҳужжатларга эмас, балки алоҳида тақдирларга асосланади. Бу мавзу бўйича илмий тадқиқотлар амалда йўқ, чунки тарихчилар ҳужжатли манбаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг қийинлиги сабабли бундай мураккаб масалани кўтариб чиқишга журъат этмайдилар.
Касалхона қайдлари ҳужжатли манба сифатида
Немис клиникаларининг касалхона китоблари қурбонлар тахминий сони бўйича муҳокама қилиниши мумкин оммавий зўравонликлар ҳақиқатини ҳужжатлар билан тасдиқлайдиган манбалардан бири ҳисобланади. Ҳужжатли фильмлар мутахассиси Хельке Зандер (Helke Sander) 1992 йилда пойтахтнинг энг йирик касалхонаси "Шаритэ" ҳужжатларини кўтарган. Бу ҳужжатларни таҳлил қилиш асосида у 1945 йил баҳори ва ёзида 110 мингга яқин Берлинда истиқомат қилувчи аёл таносил касалликларидан шикоят қилиб ёки ҳомиладорликни тўхтатишни сўраб шифокорларга мурожаат қилган. Совет қўшинлари Берлинга кириб келган пайт бу ерда қарийб бир ярим миллион аёл бор эди. Тарихчи Бернд Бонвеч (Bernd Bonwetsch) Берлиндаги аёлларнинг саккиз фоизи совет аксарлари томонидан зўрланган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Қизил армия босиб олган ҳудудларда жинсий зўравонлик қурбонлари аниқ сони номаълум.
Зўрлашликлар ўзидан статистика қолдирмайди
Бир қатор тарихчилар келтирадиган рақамлар бир неча юз мингдан икки миллионгачани ташкил қилади. "Совет аскарлари қанча аёлни зўрлагани ҳақида биз ҳеч қачон била олмаймиз, - дейди Москвадаги Германия тарих институти директори Бернд Бонвеч Deutsche Welle га берган интервьюда. – Шунингдек, биз гитлерчилар армияси аскарлари томонидан қанча совет аёллари жабр кўргани ҳақида ҳам ҳеч қачон била олмаймиз. Бир неча минг қурбон – худди икки миллион қурбон каби даҳшатли рақам эканлигини тушуниш муҳим". Бонвечнинг сўзларига кўра, Қизил армия томонидан тинч немис ахолисига нисбатан содир этилган жиноятларни қоралаш Германияда тушунарли сабабларга кўра узоқ вакт сукут пардаси остида бўлган. "Эндиликда бу тақиқ олиб ташланди, шу сабабли Германияда бу мавзуга жамоатчилик қизиқиши жуда катта", - дейди Бернд Бонвеч ва бу қадар мураккаб мавзудаги баҳс қатнашчиси бўлиб, уруш йилларида жинсий зўравонликлар сабаби нима бўлганлиги ёддан чиқармаслик муҳим эканлигини таъкидлайди. «Цивилизация қобиғи жуда мўрт, - дея таъкидлайди эксперт. - Уруш инсонда тинч ҳаёт шароитида қонун-қоидалар ва ахлоқ-одоб билан бостириладиган ва чекланадиган бундай хислатларни очиб ташлайди» Урушлар вақтида зўравонлик ҳолатларини ўрганиш билан шуғулланувчи психологлар фикрига кўра, душманнинг жиноятлари учун қасос олиш истаги мавжуд ҳар қандай ахлоқий тўсиқларни вайрон қилади. Аёлларга нисбатан зўравонлик жиноят эканлиги, ўз ватани ва Европани нацизмдан озод қилиш билан боғлиқ бўлса ҳам, уни ҳеч қандай юксак миссия билан оқлаб бўлмаслигини англаш йўқолади.
Эркаклар шафқатсизлиги уруш даҳшатларининг оқибати сифатида
Бонвечнинг фикрига кўра, Қизил армия аскарлари томонидан жинсий зўравонликлар сабаби халқ сифатида немисларга нисбатан нафрат ва қасосдан кўра, кўпроқ «урушда ғолиб чиққан аскарларга ҳеч ким ҳеч нарсани тақиқлай олмайдиган фавқулодда вазиятда аскарлар ўртасида интизомнинг йўқолиши ва таназзул» ҳисобланади. Немис тарихчиси Берт Хоппе ўзининг Berliner Zeitung газетаси саҳифаларида чоп этилган мақоласида шуни кўрсатадики, совет аскарлари ўша пайтлар Германияга мажбурий ишлашга олиб келинган ёки асирликда бўлган ўз ватандош аёлларига нисбатан ҳам шафқатсиз муносабатда бўлган. Бундан ташқари, Хоппе айрим немис тарихчиларининг Қизил армия аскарлари немис аёлларини зўрлаш ҳақида буйруқлар олгани ҳақида тезисларни инкор қилади.
Терапевтлар жинсий зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш истагида
Шов-шувларга сабаб бўлган фильм туфайли жамиятда баҳс-мунозаралар авж олган бир пайтда Грейфсвальддаги Шарқий Германия университети психиатрлари совет аксарлари томонидан жинсий зўравонликка учраган ва ҳозиргача омон қолган немис аёллари такдирини ўрганишга киришдилар. Улар 1945 йил баҳорида рўй берган воқеалар ҳақида кўнгилли равишда гапириб беришни истаган аёллар ўртасида сўровлар ўтказмоқдалар. Лойиҳа ташаббусчиси Филипп Куверт (Philipp Kuwert) сўзларига кўра, ҳатто уруш тугаганига ярим асрдан ортиқ вақт бўлган бўлсада, жабр кўрганларга шу йиллар давомида уларни таъқиб қилиб келган шармандалик ва қўрқув ҳиссидан халос бўлишга ёрдам бериш мумкин. Унинг сўзларига кўра, зўрлашлар Германиянинг барча қисмларида оммавий кўринишда бўлган ва нафақат Қизил армия аскарлари томонидан амалга оширилган. Молиявий сабабларга кўра ушбу тадқиқот ҳозирча фақат учта минтақада: Берлин, Бранденбург ва Мекленбург - Олд Померанияда амалга оширилади. Университет ходимлари шунингдек, Украина ҳудудида ҳам бундай лойиҳани амалга ошириш ва Донецкда ҳамкасбари ёрдамида гитлерчилар томонидан зўрланган Шарқий Европа аёллари тақдирини ўрганиш ниятида. Иккинчи жаҳон уруши тарихининг бу саҳифалари сир сақланиб, ҳанузгача ҳеч ким томонидан ўрганилмаган.
Оксана Евдокимова Абу Муслим таржимаси
|