Мусулмонларнинг амири бўлган бу жасур аскарнинг исми Комил Муҳаммад Аюбий бўлган. У Майяфариқин вилоятининг амири эди. Бу қисқа мақола унинг сўнгги жангига ва жасоратига бағишланади...
Бағдод қулаганидан кейин, жуда кўп мусулмон амирлар мўғулларга бўйин эгишга рози бўлиб, улар билан шартномалар тузди. Уларнинг орасида Мўсул амири Бадриддин, Онадўлидан Кайкавус II, Қилич Арслон IV, Хўмс амири Ашраф Аюбий ҳамда Ҳалаб ва Дамашқ амири Юсуф Аюбийлардир. Шимолий Ироқ, Шом ва ҳозирги Туркиянинг катта қисмига эгалик қилувчи амирлар мўғулларга таслим бўлган бўлсалар ҳам мўғулларнинг қонхўр хони Хулагу учун Аюбийларнинг бир амири уни тан олмагани ва у билан охиригача урушмоқчи бўлгани катта муаммо туғдирди. Бу жасур одам Комил Муҳаммад Аюбий бўлиб Майяфариқин вилоятининг амири эди (ҳозир бу шаҳар Туркиянинг Диярбакир вилоятидаги Силван, деб номланган кичик бир шаҳарчадир). Комил Муҳаммад Аюбий қўшинлари Ироқнинг шимолий ғарби ва Шомнинг шимолий шарқини нгазорат қиларди. Шомни босиб олмоқчи бўлган Хулагу қўшинлари Комил Муҳаммад Аюбий назорат қилган ерлардан ўтиши керак эди. Шунинг учун ҳам Майяфариқин қаласини мўғуллар нима қилиб бўлса ҳам олиши керак эди. Бундан ташқари мусулмонларнинг Комил Аюбийга муҳббатлари ҳам ўзгача эди. Хулагу Комил Муҳаммад Аюбийни қўрқитиб кўрмоқчи бўлди ва унинг ҳузурига араб миллатига мансуб элчини юборади ва ҳеч қандай шартларсиз таслим бўлиш керак деб талаб қўйади. Ўша элчининг исми “Яқуб роҳиб” эди. Хулагу айнан уни юборишига сабаб, биринчидан Комилга ўз тилида Хулагунинг кучини таърифилаб берадиган (қўрқитадиган) одам бўлса, иккинчидан унинг насронийлиги насронийлар ҳам Хулагу тарафида эканини билдириб қўйиши эди. Шундай қилиб, Комил Муҳаммад Аюбий мушрик ва уларнинг малайлари босиб кетган дунёда иймоннинг кичик бир оролчасига айланди. Шарқ тарафидан насронийларнинг Арманистони, шимолий шарқда эса Гуржистон, жанубий шарқда Мўсул, ғарбда салжуқий амирликлари, жанубий ғарбда эса Ҳалаб бор эди. Зикр қилинганларнинг сўнгги учтаси мўғуллар билан ҳамкорлик қилаётган амирликлардан иборат эди. Шундай қилиб, амир Комил Муҳаммад Аюбий Хулагунинг элчисини ўлдириб, унга қарши уруш эълон қилади. Бу ҳақида хабар топган мўғулларнинг хони тезда катта қўшин йиғишга буйруқ беради ва бу қўшинга бош қилиб ўз ўғлини қўйади. Арман ва гуржийлар ҳам Майяфариқинга қарши ўзларининг аскарларини юборади. Амир Комил Муҳаммад Аюбий ўз халқини душманга қарши урушиш кераклигига даъват қилади ва қаҳрамон-қала мўғул тўдаларининг йўлида якка ўзи туриб беради. Ярим йил давом этган қамалдан сўнг Майяфариқин қаласи қулайди. Мўғуллар шаҳар аҳолисининг ҳаммасини қатл қилиб, барча уйларни ёқиб кул қилади. Амир Комил Муҳаммадни эса асирга олишади. Мўғул кўшинларининг тўда боши уни Хулагу олдига олиб боради. Ўша вақт Хулагу Ҳалаб шаҳрида эди. Хулагу амирнинг қўл-оёқларига кишан солади ва қаттиқ қийноқларга солади. Сўнг Комил Муҳаммад Аюбий шаҳид бўлади. Ўлимидан сўнг, мўғуллар мусулмон амирининг калласини Дамашқнинг Бобул-Фирдавс дарвозасига илиб қўйишади. Орадан бироз вақт ўтиб мусулмонларнинг унинг бошини бир масжид ёнидаги қабристонга кўмишади.
Islamstory материаллари асосида Абу Муслим тайёрлади |