Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шахсга сиғиниш: НИКОЛАЕ ЧАУШЕСКУ
29.04.2018 15:24    PDF Босма E-mail

 

Чаушеску шахсига сиғиниш – Руминия президенти Николае Чаушескунинг оммавий тарғибот воситаларида, маданият ва санъат асарларида, давлат ҳужжатларида, қонунларда сунъий улуғланиши бўлиб, унинг номини илоҳийлаштириб юборишдан иборат. Шимолий Кореяда Ким Ир Сеннинг шахсига сиғинишдан илҳомланган Чаушеску 1971 йилдан бошлаб 1960-йиллардаги либераллаштириш даврини бекор қилган «Июль тезислари»ни татбиқ қила бошлади. Шундан сўнг мамлакатда қатъий миллатпараст мафкура жорий қилинди. Дастлаб шахсга сиғиниш Чаушескунинг ўзига қаратилган бўлса, 1980-йиллардан бошлаб унинг рафиқаси Еленанинг шахсига ҳам сиғиниш унсурлари пайдо бўла бошлади.[1]

КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Чаушеску шахсига сиғинишнинг дастлабки куртаклари 1968 йилда пайдо бўлди. Ўшанда у Варшава шартномаси давлатларининг Чехословакияга бостириб киришини кескин қоралагач, омма бу чиқишни ҳаддан ташқари олқишлаб кутиб олган эди. Шу кундан бошлаб мансабдор шахсларнинг нутқларида ҳам, румин матбуотида ҳам Чаушескуни Руминия билан тенглаштириш бошланди.[2] Шахсга сиғиниш дастлаб Георге Георгиу-Деж давриданоқ бошланган эди, бироқ ҳукумат тепасига Чаушеску келгач, бу жараён мисли кўрилмаган кўламга эга бўлди.[3]

ВАСФЛАР

Николае Чаушеску у пайтгача мавжуд бўлмаган республика президенти лавозимини эгаллаган заҳоти «Президент скипетри»га эга бўлди. Сальвадор Дали телеграмма юбориб, скипетрга эга бўлгани билан табриклади. Давлат назорати остида бўлган ва бу табрикномадаги кинояни сезмаган румин матбуоти ушбу телеграммани чоп қилди.

Чаушеску бир пайтнинг ўзида бир неча давлат, партия ва ҳарбий лавозимларни эгаллади: у ҳам президент, ҳам Қуролли Кучларнинг Олий бош қўмондони, ҳам Руминия коммунистик партияси МҚ бош котиби, ҳам Иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт бўйича Олий кенгаш раиси, ҳам Меҳнаткашлар миллий кенгашининг президенти, ҳам Социалистик демократия ва бирлик Фронтининг раиси эди.[4]

Мактаб ўқувчиларига биринчи синфдан бошлаб «партия, доҳий ва миллат» ҳақидаги шеър ва қўшиқлар ёдлатиларди. Халқни унинг шахсига сиғинтиришдан мақсад Чаушескуга нисбатан ҳар қандай ижтимоий мухолифатга ўрин қолдирмаслик эди, чунки у ҳар қандай айбу нуқсондан холи бўлган, ҳар қандай танқиддан юқори бўлган зот ҳисобланарди.[5]

МАТБУОТДАГИ ОБРАЗ

Руминия Оав Чаушескуни марксизм-ленинизмга улкан ҳисса қўшган[6] коммунистик назариётчи, даҳо, «фикри» барча миллий ютуқларнинг манбаи бўлган сиёсий арбоб сифатида тасвирлай бошлади.[7] [8] Унинг асарлар тўплами мунтазам равишда қайта чоп қилинар, бир неча тилларга таржима ҳам қилинган эди. Унинг асарлар тўплами жами бир неча ўн жилддан иборат бўлиб, Руминиядаги ҳар бир китоб дўконида албатта топиларди.[9] Елена эса «Миллат Онаси» деб васф қилинарди. Кўпчиликнинг фикрига кўра, у шуҳратпарастлик ва иззатталабликда эридан ҳам ўзиб кетган эди.[10]

ОАВ «Чаушескунинг олтин асри», «Мамлакат равнақи ва истиқлолининг кафили», «Мамлакат истиқболининг узоқни кўра билувчи меъмори» ва шу каби кўплаб иборалардан фойдаланар эди.[11] «Озод Европа Радиоси» учун ёзадиган Дэн Ионеску румин ёзувчилари Чаушескуни мақташ учун ишлатадиган сифатлар рўйхатини тузиб чиққан эди. Улар орасида «Меъмор», «Самовий жисм», «Демиург (Олиҳа)», «Арча», «Даҳо», «Дунёвий маъбуд», «Мўъжиза», «Тонг юлдузи», «Навигатор», «Ажойиб шаҳзода», «Авлиё», «Халоскор», «Қуёш», «Титан» ва «Башоратчи» каби сифатлар бор эди.[12] [13] [14]

Бироқ уни оддий оиладан чиққан, бу юксак чўққига чиқишга ўз кучи билан эришган инсон деб таърифлашарди. Шу тариқа румин халқи тарихидаги тарихий мисоллар билан рамзий алоқа ўрнатилган эди. Мисоллар тариқасида Аврам Янку ва Василе Урсу Никола каби румин миллий ҳаракати раҳбарлари ҳамда аввалги инқилоблар иштирокчилари олинган эди.[15]

Табиийки, Чаушескулар ўзининг жамоатчилик наздидаги сиймоси ҳақида жуда кўп қайғуришарди. Фотосуратларнинг аксариятида уларнинг 1940-йилларнинг охирида тушган суратлари акс этарди. Руминия давлат телевидениесига уларни фақат ижобий суратда кўрсатиш ҳақида қатъий буйруқ берилган эди. Масалан, улар Николае Чаушескунинг 165 см лик бўйи кадрда сезилмаслиги учун ниҳоятда эҳтиёткорлик қилишлари зарур эди. Еленани эса ҳеч ким ҳеч қачон ёнбошидан кўрмаган эди, чунки унинг бурни жуда катта бўлиб, кўриниши ҳам оддий уй бекасига ўхшар эди. Бу қоидаларни бузиш жуда оғир оқибатларга олиб келар эди.[16] «Секуритате»да телевидение ходимлари устидан кузатиб турувчи махсус протокол бўлими бор эди. Ҳар қандай кўрсатув Николае Чаушескунинг тутилиб қолгани, дудуқлангани ва бошқа шу каби ғайриихтиёрий ҳаракатлари батамом кесиб ташлангандан кейингина эфирга узатиларди.[17] Бир муҳаррир Чаушеску кўзини пирпиратган ва дудуқланган кадрни эфирга узатиб юборгани учун уч ойга ишдан четлатилган.[18] Чет эллик давлат арбоблари билан учрашувларда эса тасвирчилар уларнинг бўйларидаги тафовут сезилмайдиган қилиб суратга олишга мажбур эди. Масалан, Чаушескуни ҳеч қачон бўйи учун сиёсатчилар билан, масалан Жискар-д’Эстен ёки Шарль де Голль билан ёнма-ён кўрсатишмасди.[19]

Бир куни фотосуратчилар Чаушескуни ёнбошдан, биттагина қулоғи кўринган ҳолда суратга олишган. Шундан сўнг «бир қулоқли» (румин тилида бу ибора «ақли паст» деган кўчма маънони ҳам англатади) портрет ҳақидаги ҳазил ҳаммаёққа тарқаб кетган. Ёнбошдан олинган бундай фотосуратлар нотўғри ҳисобланарди, шунинг учун дарҳол иккала қулоқ ҳам кўриниб турган янги суратларга алмаштирилган.[20] [21]

САНЪАТ ВА АДАБИЁТ

Мамлакатнинг зиёлилари Чаушескуга тинмай миннатдорчилик билдириб туришарди.[22] 1973 йилда «Бағишлов» деб номланган, бошдан оёқ мақтовлардан иборат бир бутун китоб чоп қилинган.[23] Рассом Сабин Бэлаша эса Бухарест мэриясининг буюртмасига биноан Чаушескунинг рафиқаси Елена билан бирга тасвирланган оилавий суратини чизган.[24]

Диссидент Михай Ботезнинг айтишича, норозилик билдирганларнинг нима учун бу қадар камлигига асосий сабаб шахсий жасоратга эмас, балки уриниш ва натижанинг таҳлилига бориб тақаларди. Кўпчилик пухта ташкил қилинган режимга қарши чиқишдан ҳеч қандай натижа чиқмаслигини, аммо бунинг оқибати яхши бўлмаслигини жуда яхши тушунарди. Масалан, бунинг учун университетдан ҳайдашлари, сургун қилишлари ёки мамлакатдан чиқариб юборишлари мумкин эди.[25]

Шунингдек, бунга 1980-йилларнинг охирига қадар ғарб давлатларининг Чаушеску билан жуда яхши муносабатда бўлиб келгани ҳам сабаб бўлган эди. Улар у пайтда Руминиянинг ички муаммолари билан қизиқишмас эди[26]. Бир қатор ғарб давлатларининг (АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Япониянинг) Руминиянинг мустақил сиёсати олдида таъзим қилиши мухолифатни гангитиб қўйган эди. Михай Ботезанинг айтишича, у кўп йиллар давомида у каби диссидентларни «Ғарбнинг душмани» деб ҳисоблашларини сезиб юрган, Чунки улар Чаушескуни АҚШдан узоқлаштиришга уринишарди.[27]

Бироқ, 1985 йилда Михаил Горбачев ҳокимиятни эгаллагач, Чаушескуга ғарб давлатларидан ёрдам келмай қолди. Чаушеску жаҳон майдонида долзарб бўлмай қолгач, ғарб мамлакатлари уни қайта қуриш ва ошкораликнинг ўз вариантини амалга оширгиси келмагани учун танқид қила бошлашди.[28]

ПАРТИЯДА

Бундай ҳолат Руминия коммунистик партиясининг ичида ҳам рўй берди. Бу воқеаларнинг энг асосийси 1979 йилнинг ноябрида, РКПнинг XII съезди пайтида юз берди. Кекса амалдор Константин Пырвулеску МҚни фақатгина Чаушескуни кўкларга кўтариб мақтайверишда, мамлакатдаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун ҳеч қандай чора кўрмасликда айблади. Шундан сўнг уни партиядан ўчиришди, уй қамоғига ҳукм қилиб, устидан кучли назорат ўрнатиб қўйишди.[29]

МЕРОС

Чаушескунинг шахсига сиғиниш ҳамда ҳокимият унинг оиласи қўлига ўтиб қолгани туфайли руминларнинг бутун Компартия сиёсий аппаратидан эмас, балки Николае Чаушескунинг ўзидан қаттиқ ҳафсаласи пир бўлган эди. Шунинг учун 1990 йилги Умумхалқ сайловларида асосан РКПнинг собиқ аъзоларидан иборат бўлган Миллий нажот Фронти ғалаба қозонди.[30]

Абу Муслим. "Шахсга сиғиниш" китобидан



[1] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[2] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[3] Steven D. Roper, Romania: The Unfinished Revolution, Routledge, 2000, ISBN 90-5823-027-9

[4] Ronald D. Bachman (ed.), Romania: A Country Study. «The Ceausescu Era» Washington: GPO for the Library of Congress, 1989.

[5] William E. Crowther, The Political Economy of Romanian Socialism. New York: Praeger, 1988, ISBN 0275928403

[6] William E. Crowther, The Political Economy of Romanian Socialism. New York: Praeger, 1988, ISBN 0275928403

[7] William E. Crowther, The Political Economy of Romanian Socialism. New York: Praeger, 1988, ISBN 0275928403

[8] Ronald D. Bachman (ed.), Romania: A Country Study. «The Ceausescu Era» Washington: GPO for the Library of Congress, 1989.

[9] William E. Crowther, The Political Economy of Romanian Socialism. New York: Praeger, 1988, ISBN 0275928403

[10] Sebetsyen Victor. Revolution 1989: The Fall of the Soviet Empire. — New York City: Pantheon Books, 2009. — ISBN 0-375-42532-2.

[11] Ronald D. Bachman (ed.), Romania: A Country Study. «The Ceausescu Era» Washington: GPO for the Library of Congress, 1989.

[12] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[13] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[14] «An A to Z of the Personality Cult in Romania», Radio Free Europe SK/1 (2 February 1989).

[15] William E. Crowther, The Political Economy of Romanian Socialism. New York: Praeger, 1988, ISBN 0275928403

[16] Sebetsyen Victor. Revolution 1989: The Fall of the Soviet Empire. — New York City: Pantheon Books, 2009. — ISBN 0-375-42532-2.

[17] Владимир Шевелев: Чаушеску и «золотая эра» Румынии

[18] Sebetsyen Victor. Revolution 1989: The Fall of the Soviet Empire. — New York City: Pantheon Books, 2009. — ISBN 0-375-42532-2

[19] Владимир Шевелев: Чаушеску и «золотая эра» Румынии

[20] Alex. Ştefănescu, «Un portret neretuşat al lui Ceauşescu», România literară, 2/2009

[21] Caterina Preda, Dictators and Dictatorships: Artistic Expressions of the Political in Romania and Chile (1970s-1989): No Paso Nada…?, Universal-Publishers, 2010, стр. 284

[22] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[23] William E. Crowther, The Political Economy of Romanian Socialism. New York: Praeger, 1988, ISBN 0275928403

[24] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[25] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[26] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[27] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[28] Dennis Deletant. Ceauşescu and the Securitate: Coercion and Dissent in Romania, 1965—1989, p. 229. M.E. Sharpe, 1995, ISBN 1-56324-633-3

[29] Ronald D. Bachman (ed.), Romania: A Country Study. «The Ceausescu Era» Washington: GPO for the Library of Congress, 1989.

[30] Steven D. Roper, Romania: The Unfinished Revolution, Routledge, 2000, ISBN 90-5823-027-9

 

 
Баннер