Чор Русияси истибдодига қарши ва мамлакатимиз мустақиллиги учун курашнинг сарчашмаларида турган фидойилар орасида Носирхон тўра Саид Камолхон тўра ўғли номи алоҳида эътиборга эга. Носирхон тўра Туркистон миллий-озодлик ҳаракатининг йирик раҳбарларидан бири, юртда ном чиқарган таниқли уламо эди. У ҳижрий 1287 сана, милодий 1871 йили Косон (ҳозирги Наманган вилоятининг Косонсой) шаҳрида туғилган. Отаси Намангандаги мадрасалардан бирида мударрислик қиларди. У фарзандини олдин ўзи ўқитди, унга Қуръони каримни ёд олдирди. Кейин Носирхон таҳсилни отаси мударрислик қилган мадрасада давом эттирди. Илмга ташна Носирхон кейинчалик билимини чуқурлаштириш ниятида турли ўлкаларга сафар қилди. Олдин Бухоро ва Кобулда, кейинчалик Деҳли, Бағдод, Ҳижозда таҳсил олди. Чуқур билим олиб Туркистонга қайтгач, Наманганда бош мударрис, қози бўлди, кўплаб илм толибларига тафсир, ҳадис, фиқҳдан сабоқ берди. Чоризм салтанати ағдарилганидан кейин Носирхон тўранинг ижтимоий-сиёсий фаолияти бошланди. У 1917 йили Наманган шаҳар Думасига депутат этиб сайланади. Шу йилнинг 26-29 ноябр кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Ўлка мусулмонларининг тўртинчи қурултойида қатнашади ва Туркистон мухторияти ҳукумати аъзоси этиб сайланади. Хориждаги ватандошлардан А. Завқий (Абдулла Тўлаганов) бир мақоласида бундай ёзади: "1917 йил 9 декабрда Қўқонда Бутунтуркистон тўртинчи Ўлка қурултойи (съезди) чақирилди. Қурултойга 180 вакил қатнашди. Қурултой вакиллари Русия демократик Федератсияси ичида Туркистон Мухтор жумҳуриятини ташкил этишни маъқул топдилар. Шу қурултойда ҳукуматнинг бошлиғи ва вазирлари ҳамда эллик тўрт кишидан иборат Миллий маслаҳат Шўроси (парламент – муаллиф эскартиши) сайланди. Ҳукумат ҳайъати Маҳмуд Тинишбойни ҳукумат раиси ва ички ишлар нозири, Шоаҳмад Шоҳисломни раис ўринбосари, Мустафо Чўқайни ташқи ишлар нозири…Носирхон тўрани маориф нозири этиб тайинлади" ("Миллий Туркистон" журнали, Олмония, 1974 йил, 133-сон, 16-бет). Советлар ҳокимияти уч ой ўтмаёқ янги мухториятни қонга ботирди. Қонуний ҳукумат аъзоларини таъқиб ва мавҳ этиш билан қаноатланмай, Қўқон шаҳрига ҳужум уюштириб, ўн мингга яқин аҳолининг ёстиғини қуритди. Ҳукумат ва маслаҳат Шўроси аъзоларидан элликка яқин одам қамоққа олинди. Носирхон тўра мустамлакачилар зулмидан қочиб, яширинишга мажбур бўлади. Бир йил ўтмасданоқ фаолиятсизлик ҳалокат эканини тушунган Носирхон тўра яна очиқ ишлашга ўтди. 1923 йилгача Наманганда ташкил этилган "Маҳкамаи шаръия" (Шариат суди) идорасига раислик қилди. Ҳужжатларда қайд этилишича, Носирхон тўра диний соҳада жонбозлик кўрсатишдан ташқари ижтимоий-сиёсий ишларда ҳам фаол қатнашади. У юрт мустақиллиги учун курашни асосий шиор қилган "Миллий иттиҳод" ташкилотининг Намангандаги ташкилотчиларидан бирига айланди. Кейинроқ Косонсойда «Миллий иттиҳод» ташкилоти шўъбасини ташкил қилди. Носирхон тўра 1924 йили Косонсойда батраклар уюшмасини мустамлакачилар ва уларнинг малайларига қарши оёқлантиргани учун деҳқонларнинг оммавий чиқишлари бутун Фарғона уездига ёйилиб кетди. Бундай фаолият босқинчиларга албатта ёқмас эди. Шунинг учун советлар ҳокимияти халқ орасида обрўйи ошиб кетаётган йирик уламо ва сиёсий арбобдан қутилиш чораларини излай бошлади. 1925 йили Носирхон тўра "советларга қарши сиёсий фаолият олиб боргани учун" деган сохта айблар билан ОГПУ қарорига кўра ҳибсга олинди ва мамлакатдан бадарға қилинди. У 1928 йилгача Русиянинг Ўринбурғ ўлкасида сургунда бўлди. Носирхон тўра бу ерда татар маърифатпарварлари билан учрашди, улардаги вақф ишлари, таълим тизими, шариат маҳкамалари фаолияти билан яқиндан танишди. Ўзининг машҳур кундалиги "Ўринбурғ мактублари" асарини шу ерда ёзди. Сургундан қайтиб келгач, яна мударрислик фаолиятини давом эттирди. Кўплаб ёшларга Ислом асослари ва тарихидан сабоқ берди. Унинг шогирдларидан йирик дин олимлари, миллатпарвар ва маърифатпарвар арбоблар етишиб чиқди. Булардан икки нафарини келтириб ўтиш кифоя: Олтинхон тўра номи билан машҳур Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир Тарозий (1894-1992) йирик олим, адиб, таржимон эди. У 1932 йили советлар тузуми тазйиқи туфайли ҳижратга кетиб, Афғонистон, Ҳиндистонда, кейин эллик йил мобайнида Макка ва Мадина шаҳарларида яшади. Масжидул-Ҳаром ва Масжидун-набавийда мударрис бўлди. Қуръони карим маъноларини илк бор ўзбек тилига таржима ва тафсир қилди, бир неча китоблар ёзди, кўплаб китобларни арабчадан ўзбек тилига ўгирди. Носирхон тўранинг яна бир шогирди Абу Наср Саййид Мубашшир Тарозий (1896-1977) ҳам таниқли уламо ва адиб бўлиб етишди. Унинг «Қуръон ва нубувват» китоби совет ҳокимияти томонидан мусодара қилинган. У Тароз шаҳрида диний идора очган, мактаблар ташкил этган. Таъқиб кучайгач, 1930 йили ватанни тарк этиб, Афғонистон ва Мисрда муҳожирликда яшаган. Ислом фиқҳи ва тарихига оид 47 та асари бор. Носирхон тўра ухровий илмлар қатори дунёвий билимлардан ҳам яхши хабардор эди. Унинг Ислом асосларига оид рисолаларидан ташқари тарих, фалсафа каби фанларга доир асарлар ҳам ёзгани маълум. Олимнинг йирик "Туркистон тарихи" асари ўлкамизнинг узоқ йиллик тарихини қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон юртимиздаги истиқлол фидойилари тарихини ўрганиш пайтида Носирхон тўра иши ҳужжатлари орасида унинг қаламига мансуб "Моддиюнчилик ҳақида рисола" китобчаси қўлёзмаси ҳам сақланаётганини кўрган ва "мазкур рисоланинг "Моддиюнчилик балоси қадимги юнон файласуфи Демокритдан бошланади" деган жумлалар билан бошланганининг ўзиёқ муаллифнинг нечоғли кенг дунёқараш ва салоҳиятга эга бўлганини кўрсатади", деган. Носирхон тўра сургундан қайтиб келиб ҳам ватан озодлиги, миллатни советлар тузуми тазйиқидан халос этиш режасидан воз кечмади. Бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишга уринди. Ўлкада миллий-озодлик ҳаракатининг таниқли қўмондонлари Шермуҳаммадбек, Мадаминбек, Нурмуҳаммадбек кабилар билан учрашиб, уларни юртни озод қилиш учун курашга руҳлантириб турди. Қўрбошилар босқинчиларга қарши курашда унинг маслаҳатлари ва раҳнамолигига катта умид боғлашган эди. Носирхон тўра Туркистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида кишиларга совет тузуми асоратидан қутилиш йўллари ҳақида тарғибот-ташвиқот олиб борди. "Махфий хизмат идораларида сақланаётган ҳужжатларда унинг Туркистоннинг Наманган, Қўқон, Тошкент, Ўш, Тароз, Чимкент каби шаҳарларидаги ҳар бир қадами, кимлар билан учрашгани, нималар ҳақида суҳбатлашилгани ҳақидаги кўплаб маълумотлар қайд этиб борилган" (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон). Аммо ана шундай катта билим ва салоҳият эгаси бўлишига қарамай, Носирхон тўра ўша пайтдаги сиёсий вазиятни тўғри баҳолай билмади, советлар истибдодига қарши отланган қўрбошилар бошлиқ қуролли кучларни ягона ғоя ва мақсад остида бирлаштиришга ожизлик қилиб қолди. Кўплаб бегуноҳ кишилар қони тўкилишидан чўчиган Носирхон тўранинг ҳал қилувчи кураш олдида иккиланиб қолгани кейинчалик жуда қимматга тушди: "бу қаҳрамон болаларимизнинг онгларини очиб ишга солғудек, ҳар ишга ярамлик сиёсий раҳбар бўлғудек бирорта кишимизнинг йўқлигидан, ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олға қўйиб иш олиб боришолмаганликдан мамлакатимизнинг бахтсиз энг ботир ўғиллари ҳар ерларда душман қўллари билан отилиб-чопилиб, бекорга йўқотилдилар" (Алихонтўра Соғуний, "Туркистон қайғуси" (биринчи китоб), Тошкент, "Шарқ", 2003 йил, 65-бет). Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи ватандошларимиздан Аҳмад Тўлқин қўрбоши Шермуҳаммадбек фаолиятидаги ўзи шоҳид бўлган қуйидаги воқеани Шермуҳаммадбекнинг ўғли Давронбек ва жияни Анварбекларга айтиб берган: "Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар Носирхон тўранинг ёнига бориб: "Домла, сиз бизга бош бўлинг, диний раҳнамо бўлинг, биз амрингизга итоат қилиб, душманга қарши биргаликда курашайлик", деб илтимос қилишган экан. Шунда Носирхон тўра кўзини ердан узмай ўтирган ҳолда на "ҳа", на "йўқ" деб жавоб қилмаган. Бироқ орадан бир қанча вақт ўтгач, Носирхон тўра бу қилмишидан пушаймон еб, виждони қийналиб, "қўрбошилар таклифига мен бирор нарса дея олмадим, бу менинг хатойим эди", деб иқрор бўлган. Кейинчалик Носирхон тўра миллий кураш жабҳасига ўзини бағишлаб, шу йўлда қурбон бўлган" ("Тарихнинг ҳасратли саҳифалари" тўплами, Тошкент, "Шарқ", 2006 йил, 122-бет). Йирик сиёсий арбоб, саркарда ва атоқли олим Алихонтўра Соғунийнинг Носирхон тўранинг охирги йиллардаги фаолияти ҳақида мана бундай фикрлари бор: "Шундоқки, ҳозирги кунларда Арабистонда туришган Олтинхон, Мубашширхонларнинг устози, асли Косон зодагонларидан, Фарғона вилоятида обрўйи баланд бўлган, замонасига кўра улуғ олимлардан саналган марҳум Носирхон тўра коммунистларга қарши қўзғолон кўтармиш эди. Нима қилишларини билолмай, сувга оққан кишидай ҳайронликда турган мусулмонлар, ўз диний олимларини илоҳий кучдан холи бўлмаса керак деб гумон қилганликларидан, мол-жонларини аямай, у кишига қўшилувчилар ўлка бўйлаб кўпаймиш эди. Бироқ иш вақтидан ўтган, не фурсатлар қўлдан кетган эди. Узоқ-яқиндаги болшевикларга қарши кўтарилган қўзғолонлар бутунлай бостирилиб, ишлари марказга боғланмиш эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг "Ҳар оқил киши ўз замонасига тушунган бўлсин" деган ҳикматлик сўзларига амал қилиш ва Пайғамбаримизнинг 23 йиллик нубувват давридаги ибратлик таржимаи ҳолидан хабардор бўлиш ҳаммадан кўпроқ ислом олимларига лозим эди. Замонавий сиёсат оламидан хабарсиз бўлганликдан у кишининг бутун ишлари тескарисига айланди. Ёлғиз қўзғолончиларгина эмас, шулар баҳона ўзларига тўғри келмаган, икки кишига сўзи ўтарлик одамлардан Наманган, Косон атрофлари билан ҳеч жойда қолдирмай, отиб-чопиб ўлдирдилар. Қолган қўлга тушганлари қаттиқ қамоқда ёки узоқ сургунларга юборилиб, йўқотилди. Бечора Носирхон тўра қочиб юрган еридан икки ўспирин ўғли билан ушланиб, Тошкентга келтирилган сўнггида энг қаттиқ, ер ости, қоронғу зиндонда ётғонлиғини эшитган эдик. Сўнгра икки ўғли билан бирликда ўлим жазоси берилиб, дунёдан йўқотилмишдир. Агар бу киши ўрнида сиёсат оламидан хабардор, онглик бошқа биров бўлганида, ишни бошқача ташкилий равишда олиб борар эди. Бу қадар улуғ қўзғолон майдонида тўкилган ерлик халқ қонлари бекорга кетмас эди. Чунки, жанубий томондаги Афғон ва Ҳиндистон чегаралари қўлга келтирилса, у ёқдан ёрдам етказиш имконияти туғилмиш эди; онгсизлик шумлигидан шу ишни бажара олмадилар" (Алихонтўра Соғуний, "Туркистон қайғуси" (биринчи китоб), 86-87-бетлар). Носирхон тўра ҳақларида "Улуғ Туркистон фожеаси" китобининг муаллифи Мусо Туркистоний қуйидагиларни ёзган: "Намангондан жиҳод шиори ила хуруж қилғон Носирхон тўра ҳам мужоҳид, ҳам олим, миллатчи бир зотдур. Атрофида тўпланғон аскарларини ҳаммаси фидойи эди. Бошқа қўрбошиларга ўхшб, бу зот руслар билан сулҳ қилишга ёнашмади. Руслар кўб урунди. Масалан, руслар бир кун мусулмонлардан ҳар кимга сўзи ўтадургон, гаплари таъсир қиладурғон, гавдалик Тўрахон махдум домлани, Миён Қудрат ҳазратни ГПУ доирасиға чақирдилар. Бу икковлариға ГПУ ширин ваъдалар ила қуруқ дарёдан кўб сувлар илтифот қилди. Бу зотлар тоғ ичлариға бориб, Носирхон тўрани топиб, яхши насиҳатлар ила миллат эзилмасин, маҳву паришон бўлмасун, тўрам ҳам ҳукуматни лутфи иноятларидан фойдалансунлар, қолғон беш кунлик умрларини роҳат, иззат, маишат билан ўтказсунлар, эй тўрам, эй ҳазрат, сизлар боринглар, бир илож қилиб, тўрамни ҳукумат билан яраштиринглар, сизларни бу тарихий хизматларингиз тақдир қилинадур, деди. Тўрахон махдум домла йўғон жисмини кўрсатиб, семизлигидан шикоят қилуб, от сафарларида узоқ йўлларда юришга тоқат қилолмасликларини баҳона қилиб, ўзини маъзур кўрсатди. ГПУни бошлиғи бошини қимирлатиб, тасдиқлагандек бўлди. Ўринлариға Абдурраҳмонхон тўрани тайинлаб, Миён Қудрат ила икковларига ҳукуматни хизматчиларидан тўрт элчини қўшуб, жами олти элчи бўлуб жўнатилди. Булар қишлоқдан қишлоққа юриб, қизил чойхоналарда ётиб туриб, Носирхон тўрани изидан ҳам хабар тополмадилар. У тўрт тўртинчиларни чўлларда мужоҳидлардан зиёда қўрқоқлиғи Тўра ҳазратларига баҳона бўлди. Ҳаммалари иттифоқлашиб, қайтайлик эмди бас, кўб роҳатсиз бўлдик, тоғ ичларида, ғайри маскун ерларда учратолмадик, хулоса, истадик, топмадик, деб билиттифоқ қайтиб келдилар. Ўшандоқ жавобларини ГПУга етказдилар. Бундан кейин ГПУ ҳар тарафга жосусларини тарқатди. Носирхон тўрадан бир хабар келтурғонга зиёдасила мукофотлар ваъда қилди. Русларни шиддат билан таъқиб этгонлиғидан хабардор бўлғон Носирхон тўра, эмди бўлмади, руслар ғолиб келадурғонга ўхшайдур, деб йўлдошлари билан машварат қилиб, ўзимизни хорижга олайлик, деб қарор қилдилар. Ғоятда эҳтиёт билан Намангон шаҳри ичиға кирдилар. Сардоба даҳасиға тобе Бураматут маҳалласида муносиб бир уйга ерлашдилар. Сафар сариштасини кўра бошладилар. Руслар одамларини воситасила Носирхон тўрани бўйини олди. Ёширилгон уйни босди. Тўрам қочди. Ҳавлидан ҳавлиға андин том орқа қўшнига, у жойдан бошқа бир боғга отлаб, у жойда ҳозирланмиш отларига миниб, Кошғар жўнадилар. Ўшга саломат етганлиғидан Намангондаги ўғли эшон Дадахонга хат жўнатдилар. Сотилғон қўрноз жосуслар эшон Дадахонни излаб, ҳаммомда топдилар. Ёнчиғидаги хатни топиб олдилар. Ҳолан Кошғар йўлларини таъқиб учун Ўшга, Гулшага, Сўфига ва бошқа марказларга тилғиром ва тилифўн билан тўра қочди, тут, тут, тут, деб ҳар тарафга овчи кўппаклар каби одамларини тарқатди. Ниҳоят гулшалик Тўйчи дегон бир қоқбош қирғизни жистижўси натижасида Толлиғ дегон жойда тўра тутилди. Қўллари боғланиб, Тошкандга жўнатилди. У тарафидан Туркистонликлар огоҳ эмасдур..."
Ўттизинчи йилларга келиб советларнинг миллий ўлкалардаги қатағон сиёсати иккинчи паллага кирди. Турли сохта айблар билан миллатнинг етук сиёсий, диний арбоблари, мулк эгалари яна йўқ қилина бошлади. Бу даврнинг кескир қиличи – машъум "учлик"лар бегуноҳ миллат фидойиларини қатл этиш ва қамашга ҳукм қила бошлади. ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги Мухтор вакиллиги ҳузурида ташкил қилинган Ўрта Осиёдаги вакили Белский, ўринбосари Карутский, ОГПУ қўшинлари қўмондони Бабкевичдан иборат "учлик"“учлик”нинг 1930 йил 27 октябрдаги суд йиғилишида Туркистон мухтор хукумати аъзоларидан бўлган Носирхонтўра Саидкамолхонтўраевни 56 ёшида ўтмишида совет ҳокимиятига қарши аксилинқилобий “Қўқон мухтор хукуматида вазир лавозимида ишлаган” 1925 йилдан 1928 йилга қадар совет хукуматига қарши фаолияти учун қамалган. Ҳозирда ҳам совет тузумига қарши ташвиқот олиб бормоқда деб отувга ҳукм этди. Худди шу кунги йиғилишда “учлик” Носирхонтўра Саидкамолхонтўраевнинг оила аъзолари ва маслакдошлари устидан ҳам хукм чиқарди. Носирхонтўранинг фарзандларидан Дадахон эшон Носирхоновни отувга, Хасанхон Носирхонтўраевни 6 йилаг қамоқ жазосига хукм этилди. Носирхонтўра Саидкамолхонтўраевнинг шогирдларидан Муллафозил Бобомуҳаммедов, Мулланўмон Каримовларни дастлаб отув жазосига хукм этиб, сўнгра ижтимоий келиб чиқишини ҳисобга олиб отув жазоси 10 йиллик концлагерга қамоқ билан алмаштирилди, Юлдашев Муллатожибойни ҳам 10 йилга озодликдан махрум этди. Носирхонтўранинг хотининиг акаси Сайдулло Мақсудовни 5 йилга озодликдан махрум этилди. (Шамсутдинов Р. Қишлоқ фожиаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун...-Б.173.)
Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади
|