Нафақат Ислом тарихида, балки жаҳон тарихидаги муҳим ҳодисалардан бири бу Боғдоднинг қулаши ва Аббосийлар сулоласи ҳукмронлигининг тугашидир. Буларнинг барчаси сиёсий харитада бутун дунёга ҳукмронлик қилишга даъвогар бўлган янги кучнинг вужудга келиши натижасидир. Бу даҳшатли кучнинг пайдо бўлиши бутун дунёга қўрқинчли оқибатлар келтириб чиқарди, хусусан, ислом мамлакатлари учун. Ҳижрий еттинчи асрда пайдо бўлган ушбу куч мўғуллар давлати эди. Бу давлатнинг ҳукмронлиги даврида мудхиш қонли қирғинлар билан Ерда кўплаб ўзгаришлар юз берди.
Мўғуллар ўз истило юришларини барча йўналишлар бўйича олиб борган бўлсаларда, уларнинг асосий мақсадларидан бири Аббосийлар ҳалифалиги ва унинг пойтахти Бағдод эди. Мўғуллар ҳалифаликка қарши уруш учун стратегик режалар тузишган ва пухта тайёргарлик кўришган. Кейинчалик ушбу тузилган режалар мўғуллар томонидан амалга оширилади ва Боғдод қўлга киритилиши билан якунланади, бунда даҳшатли вайронгарчиликлар қилинади ва жуда кўплаб инсонлар қурбон бўлади. Шу кунга қадар бундай шафқатсизлик ва ҳадсизликка тарих ҳали гувоҳ бўлмаганди.
Боғдодга йўл
1253 йилда мўғул ҳукмдори Мунка Аббосийлар ҳалифалигини эгаллашга ва қўшни ҳудудларда қарам давлатлар барпо этишга қарор қилади. Мўғулларнинг Боғдод юриши тайёргарлиги учун бутун бошли 5 йил ўтади. Шу йиллар мобайнида Хитойдан Боғдодгача бўлган ўтказувчи йўллар шу даражага етказилгандики, мўғул қўшинлари улардан ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракат қилиш имконига эга бўлгандилар. Шунингдек, оғир қурол – аслаҳаларни ташиш учун кўп юк кўтарадиган аравалар тайёрланганди. Мўғул қўшинлари ҳаракат қиладиган йўл яқинидаги барча яйловлар Боғдод сари юрадиган мўғул қўшинининг отлари учун маҳаллий аҳолининг чорваларидан бўшатилганди. Қўшин йўлидаги барча стратегик нуқталар – Хитойдан то Ироққача – мўғуллар томонидан алоҳида назоратга олинганди, бундан мақсад асосий қўшиннинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш эди. Хусусан, Хулагу учун Ироқ ва Боғдоднинг барча ҳудудларидан тўлиқ маълумотлар етказилганди. Мўғуллар Боғдод ва бутун ҳалифаликнинг мудофаа иншоотлари, қўшини сони, унинг тайёргарлик даражаси ва умумий иқтисодий ҳолати ҳақида тегишлича тўлиқ маълумотга эга эдилар. Шунингдек, Аббосийлар ҳалифалиги ҳудудида содир бўлаётган воқеа – ҳодисаларга у ёки бу тарзда таъсир этиш имкониятига эга бўлган инсонлар рўйхати ҳам тузилганди. Ушбу маҳфий маълумотларнинг ҳаммаси ислом оламининг барча шаҳарларида фаолият олиб борган кўп сонли мўғул айғоқчилари туфайли олинганди. Уларнинг бир қанчаси ҳалифаликнинг юқори мартабали давлат хизматчилари, ҳаттоки мусулмон давлатининг баъзи вилоят ва шаҳарларининг ҳукмдорлари билан яқин алоқада бўлишган. Бундан ташқари, мўғуллар Боғдод юриши тайёргарлиги вақтида келгуси урушда ҳарбий ва информацион ёрдам кўрсатиш бўйича насроний Арманистон, Антиохия французлари ва ушбу ҳудудга таъсир эта оладиган бошқа кучлар билан иттифоқлик шартномаларини тузишган. Шунингдек, кўпчилик ислом ҳукмдорлари билан уларни мўғуллар томонидан тўлиқ ҳимоя қилинишини тан олиш ва Хулагуга пассив ёрдам кўрсатиш юзасидан келишувларга эришилган. Ва ҳудди шу мўғуллар Аббосийлар ҳалифалигига қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлаганда амалга ошади. Афсуски, ушбу ҳукмдорларнинг кўпчилиги буюк Салохиддин Аюбийнинг авлодидан эди. Айғоқчиларнинг ушбу барча маълумотларини ўрганган Хулагу Аббосийлар қўшинининг кучсизлигига, унинг Бағдод ва ҳалифаликнинг бошқа ҳудудларини ҳимоя қила олмаслигига асосли равишда кўзи етади, чунки унга ҳалифа Мустасим ва унинг имкониятлари ҳақида, у аслида нимага қодир ва унинг қандай заиф томонлари борлиги тўғрисида тўлиқ хабар берилганди. Шундай қилиб, ҳижрий 654 йилда барча тайёргарлик ишлари ўз якунига етади, Аббосийлар ҳалифалигига ҳужум учун барча керакли чоралар кўрилади. Миқдори жиҳатида жуда буюк бўлган қўшин тўпланади, бу Чингизхон мўғул давлатини ташкил этгандан бери тенги бўлмаганди қўшин эди. Фақатгина Боғдоднинг қамали учун икки юз минг кишидан ортиқ қўшин тайёрланганди. Бундан ташқари, Ироқ йўлидаги мўғул армиясининг асосий кучларининг ҳавфсизлигини таъминлаш ва уларга қурол-аслаҳа етказиб бериш вазифаси юклатилган қўшиндан ташқари, Ироқнинг шимолида жуда кўплаб мўғул отрядлари жойлаштирилганди. Мўғул қўшинининг жанговар тартиби қуйидагича тузилган эди: - Ироқнинг шарқидаги Форс ва Азарбайжонда жойлаштирилган мўғуллар армиясининг асосий кучлари; - Русни забт қилган мўғул саркардаси Бату қўмондонлигидаги Россияда Волга дарёси бўйида жойлаштирилган мўғул қўшинлари гуруҳи; Хулагу бу қисмни жангда биргаликда ҳаракат қилиши учун Россиядан чақириб олади. Лекин Бату Хулагунинг қароргоҳига келмайди, бунинг ўрнига ўзининг уч нафар жияни бошчилигидаги қўшинини жўнатади. Ўша пайтларда Бату ўз назорати остидаги Волга дарёси ҳавзасида мустақил “Олтин Ўрда” давлатини ташкил этган эди. Бошқарувдаги муайян мустақиллиги ва давлат ишини юритишига қарамасдан, “Олтин Ўрда”нинг ҳукмдори бевосита олий хон Мункага бевосита бўйсунар эди. - Туркиянинг шимоли Анадолида жойлашган, Европага йўлланган мўғул қўшинининг қисми; Хулагу мўғул қўшинининг бу гуруҳини ҳам Бағдодга кетаётган қўшинга келиб қўшилишини талаб қилади. Байжо бошчилигидаги бу қўшин Туркия ва Ироқнинг барча ҳудудини Анадолидан Боғдодгача бўлган йўлни босиб ўтиб, асосий кучларга Ироқда қўшиладилар ва йўл давомида ҳеч қандай тўсиққа дуч келмайдилар. Афсуски, бу ҳудудларнинг мусулмон ҳукмдорлари мўғул қўшини уларнинг ерларидан бемалол ўтишлари учун очиқ коридор яратиб беришди, шу сабабли ҳам мўғуллар ҳеч қандай тўсиқсиз Анадоли, Мўсул, Халаб ва Хомс ҳудудларини босиб ўтишди. - армян Хетум шоҳи бошчилигидаги армян қўшинлари; Хулагу ўзининг дўсти – армян шоҳидан – баъзи кучларни унга кўмак учун жўнатишини сўрайди, лекин Хетум етарлича йирик қўшин гуруҳи билан ўзи етиб келади. Шунингдек, Хулагу ўз измига камондан оловли ўқ отиш бўйича катта тажрибага эга бўлган минг нафар хитой ўқчиларини ҳам олади. Қўшинига бошлиқ қилиб Хулагу ўзининг энг яхши саркардаси Кит Буға найман тайинлайди. Тажриба ва юқори саркардалик сифатларидан ташқари Кит Буға насроний эди, бу эса унга мўғул қўшини таркибида бўлган ўз шоҳи бошчилигидаги армян, Антиохиялик французлар ва Хоразмшоҳлар томонидан бир неча ўн йил олдин вайрон қилинган Тбилиси учун ўч олишни хоҳлаган грузинлардан иборат насронийлар билан биргаликда эркин ҳаракат қилиш имконини берди. Ушбу кўп сонли қўшинга мўғуллар тарихидаги энг тажрибали қўмондонлар бошчилик қилишган: Хулагу, Кит Буға ва Байжо. Хулагу, шунингдек, Антакиянинг ҳукмдори Боймунд VI га ҳам ҳарбий ёрдам сўраб хат йўллайди. Лекин у кела олмайди, чунки мўғуллар билан учрашиши учун у бутун Шом ҳудудини босиб ўтиши керак эди. Шунга қарамасдан унинг қўшини тўлиқ ҳарбий тайёргарликда турган ва Боғдод қулаганидан кейин, Шомни қўлга олишда ва Халаб қамалида фаол иштирок этган. Боймонд Боғдод юришида қатнаша олмаган бўлсада, Дамашқ ҳукмдори Носир Юсуф ўзининг ўғлини, Мўсул ҳукмдори Бадруддин Луълуъ эса – Хулагу қўшини билан бирга мусулмон ҳалифалиги пойтахтига бўлган урушда иштирок этиши учун ҳарбий отряд жўнатган. Бу гуруҳларнинг сони камлигига қарамасдан, уларнинг иштироки катта аҳамият касб этган. Қўшинда мусулмонларга қарши урушда улар билан биргаликда ҳаракат қилувчи мўғул мусулмонларнинг мавжудлиги, ҳуддики ироқликлар мўғуллар билан иттифоқликда “Ироқни озод қилиш” учун ҳарбий юришларда иштирок этаётгандай англашиларди. Аслида эса ушбу ҳукмдорлар ўз тахтини, қайсидир миқдордаги дирхамларини ёки шунчаки ҳаётини сақлаб қолиш учун сотқинлик қилишганди. Ўз таркибига юқорида санаб ўтилган барча отрядлар ва ҳарбий бирикмаларни олган йирик мўғул қўшини Форсдан Ироқ томонга ўз юришини бошлади. Шундай қилиб, Хулагу уруш йўлидаги дастлабки қадамини ташлади ва ўз қўшини олдига биринчи тактик вазифаларни қўйди. Ҳарбий ҳаракатлар театрини ўрганиб чиққач, Хулагу Форснинг ғарбидаги тоғли ҳудудларда ва Ироқнинг шарқида жойлашган исмоилий – шиялар мўғул армияси ҳаракатига муайян хавф туғдириши мумкин деган хулосага келади. Ўзининг ҳарбий маҳорати билан машҳур бўлган исмоилий мустаҳкам қалъаларга эга эди, келишувларга амал қилишмасди ва кафолатларни бажаришмасди. Ўша пайтда исмоилийлар ва Аббосийлар ҳалифалиги ўртасида кескин зиддиятлар мавжуд эди. Бундан ташқари, исмоилийлар бундан аввал Хоразмшохларга қарши курашда мўғулларга ўз кўмагини таклиф қилишганди ва улар кучли тарафнинг ёнини эгаллайдиган иккиюзламачилар эди. Буларнинг барчасига қарамасдан, исмоилийларнинг тажрибали яхши қуролланган армиясини орқасида қолдириб мўғуллар ўзларини бутунлай хавфсизликда ҳис қила олмас эди. Чунки исмоилийлар мўғул қўшинининг олға бориши учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин эди. Бундан ташқари мўғуллар ва исмоилийлар ўртасида ўттиз йиллик қонли ўч бор эди. Чингизхоннинг Форсга юриши вақтида исмоилийлар томонидан унинг ўғилларидан бири Чиғатой ўлдиилганди. Мўғуллар, албатта бу ҳақида унунгани йўқ эди, чунки гап мўғул давлатининг асосчиси буюк Чингизхоннинг ўғли ҳақида борарди. Шунингдек, мўғулларнинг барча саркарда ва ҳукмдорлари Чингизхон авлодидан бўлган, шунга кўра унинг ўғли учун ўч олишни уларнинг ҳар бири ўзининг шахсий иши, шараф масаласи деб биларди. Шу билан бирга, бу йўналишдаги ҳарбий юришларда мўғул қўшинлари таркибида Чиғатойнинг ўғли иштирок этарди, унинг мақсади отасининг қотиларридан ўзи ўч олиши эди. Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда ва исмоилийларни Ер юзидан қириб ташлаш ҳақидаги Буюк Хон Мунканинг буйруғини бажариш мақсадида, Хулагу улар билан масалани тамомила ҳал қилишга қарор қилади. Кўп сонли мўғул қўшини эронлик исмоилийларнинг пойтахти забт этилмас Аламутга (Хассан Саббахнинг қасри – 2163 метр биландликдаги тоғ қалъаси, Эрон Казвинининг остонасида, Теҳрондан тахминан 100 километр узоқликда жойлашган) қараб ҳаракатланишади. Кўп давом этмаган қамалдан кейин 1256 йилда қалъа мўғуллар томонидан жангсиз қўлга киритилади. Мўғулларнинг енгиб бўлмас қўшинини кўрган исмоилийларнинг имоми Рухниддин Хуршох Хулагу билан шахсан учрашиш истагини билдиради. Қимматбаҳо вақтни тежаш мақсадида Хулагу у билан учрашувга рози бўлади, чунки исмоилийлар билан бўладиган бу кураш асосий мақсад – Боғдод йўлидаги бир тин олиш эди. Хулагу билан учрашувдан сўнг, уларга бўлган тўлиқ итоатини баён қилган имом Хуршох ғолибларнинг марҳаматига умид қилган ҳолда, мўғулларга ўз қароргоҳи - Маймундизонинг дарвозаларини очиб беради. Шунингдек, у Хулагунинг талабига мувофиқ ўз давлатининг барча бурчакларига таслим қарори билан чопар жўнатади. 40 га яқин қалъа бошлиқлари унинг иродасини бажаришади ва мўғулларга таслим бўлишади. Лекин Аламут гарнизони бошлиғи таслим бўлишни истамайди ва бир қанча муддат қаршилик кўрсатади. Енгилмас деб саналган Аламут қалъаси таслим бўлади, қалъа ҳимоячилари ва аҳолиси ўлдирилади, қалъанинг ўзи эса яксон қилиб ташланади. Шундан сўнг Хуршоҳ буюк хон Мунка билан учрашиш истагини билдиради ва Хулагу унинг илтимосини бажаради. Мўғул аскарлари кузатуви остида Хуршоҳ мўғул давлати пойтахтига боради, лекин Мунка Хууршоҳни олий хон билан учрашишга нолойиқ деб санаб, ҳузурига қабул қилмайди. Ундан кейин эса уни қайтадан Форсга элтиб қўйиш буйруғи берилади. Қайтиш йўлида Хуршоҳ Мунканинг маҳфий буйруғига асосан унга йўлдошлик қилаётган мўғул аскарлари томонидан ўлдирилади. Хуршоҳ ўлдирилгач, Хулагу энг разил ҳарбий ҳаракатлардан бирини бошлайди. Боғдодга кетаётган мўғул қўшинларига қўшилиш важи билан исмоилийларга бутун ҳарбий кучларини тўплаш таклиф қилинганди. Ҳеч қандай ёмон гумонга бормай исмоилийлар бутун вилоятлардан ўзларининг аскарларини йиғишади ва Хулагу қўшини билан бирлашишга тайёр эканликларини билдиришади, лекин мўғуллар сосонийларнинг хиёноткор “иттифоқдошларини” ўз сафларига олиш истаги йўқ эди. Кейин Хулаги исмоилийларни аслида нима мақсадда тўплаган бўлса, ўшани амалга оширади – қонли қирғин уюштирди. Мўғулларнинг қўлига тушган ҳамма ўлдирилади. Шундай қилиб, 1256 йилда (655 ҳижрий сана) исмоилийларнинг давлати тугатилади. Боғдод йўли барча тўсиқлардан тозаланганди. Мўғул қўшини хавфсиз ҳаракатланиши учун йўл очилганди. Кўп сонли мўғул армияси Аббосийлар ҳалифалигининг пойтахтига ҳужумини бошлайди. Хулагунинг кенг кўламли яқин Шарқ юриши ўзининг кульминацион нуқтасига яқинлашаётганди. Бу ислом олами пойтахтининг йиқилишига бир неча кунлар қолганидан дарак берарди. Мўғуллар тарихидаги энг йирик уруш бошланишидан олдин, Хулагу мўғуллар тарихидаги энг муҳим ҳарбий кенгашни чақиради. Айнан мана шу кенгашда ислом ҳалифалигининг пойтахти Боғдодга юриш қилишни бошлашга қарор қилинганди. Хулагу кутилмаганда нимадир содир бўлишидан хавфда эди, айниқса мўғулларга қўшилган мусулмон ҳарбий отрядлари томонидан. Шу сабабли уларнинг ортидан алоҳида кузатув ўрнатилганди. Афсуски, Хулагу мусулмон отрядлари саркардаларидан бекорга шубҳаланаётганди, зеро уларнинг ҳеч бирида унга хиёнат қилиш фикри йўқ эди. Аксинча, уларнинг бари мўғуллар билан биргаликда Боғдодга бостириб бораётганди. Юришдан олдинги охирги ҳарбий кенгашни мўғуллар Боғдоддан тахминан 450 километр узоқликдаги форснинг Хамадан шаҳрида ўтказишади. Мана шу кенгашда Хулагу мўғул қўшинини учга бўлиш истагини баён қилади: - мўғул қўшинининг асосий қисми бўлган биринчи армияга Хулагунинг ўзи бошчилик қилади. Бу армияга, шунингдек, Олтин Ўрданинг ҳукмдори Хон Бату томонидан йўлланган аскарлар ва Арманистондан келган отрядлар қўшилиши керак эди. Биринчи армиянинг вазифаси Форснинг ғарбидаги тоғли ҳудудларни Керманшах шаҳри орқали босиб ўтиб, Боғдодга ўз вақтида етиб бориш ва шаҳарни шарқий тарафдан қамал қилиш эди; - мўғул қўшинининг чап қаноти бўлган иккинчи армияга Хулагунинг энг яхши саркардаси Кит Буға қўмондонлик қилган. Бу армия ҳам мустақил равишда, мўғул қўшинининг бошқа қисмларидан ажралган ҳолда Боғдодга отланиши лозим эди. Қўшинни уч қисмга бўлишдан мақсад, мусулмон айғоқчилари мўғул қўшинининг аниқ сонини билиб олмасликлари учун, уларни чалғитишдан иборат эди. Бундан ташқари, Боғдод йўли бирваракайига кўп сонли мўғул аскарларини ўтказиш лаёқатига эга эмас эди. Иккинчи армиянинг олдида турган вазифа Боғдодга жанубдан кириб бориш, шаҳарни жануб ва жануби – шарқдан қамал қилиш эди. Боғдодга ҳали 450 километрга яқин масофа қолганлигига қарамасдан, Хулагу ўзининг йирик қўшинини аббосийларнинг айғоқчиларидан яширишга ҳаракат қиларди. Лекин Аббосийлар ва уларнинг айғоқчилари мўғулларнинг қўшинини Боғдодга бир неча километр масофа қолганда аниқлашади; - учинчи армия эса Европага жўнатилган қисмдан ташкил топган бўлиб, Анадолида турарди (Туркиянинг шимоли). Машҳур мўғул саркардаси Байжо бошчилигидаги бу армия Боғдодга шимолдан кириб бориши ва шаҳарни шимолдан қамал қилиб, Боғдод атрофидаги доирани тўлдириши керак эди. Лекин бу армия олдида анчагина қийин муаммолар турарди. Биринчидан, у белгиланган жойга бошқа мўғул қўшинлари билан бир пайтда етиб бориши лозим эди, лекин у пайтларда от ва шу кабилардан бошқа ҳаракат ва алоқа воситалари бўлмаган. Агар учинчи армия Хулагудан олдинроқ етиб борса, у аббосийларнинг қўшини билан учрашиб қолиши мумкин эди. Кечикса эса, Хулагу шундай ҳолга тушиб қолиши мумкин эди. Лекин Байжонинг аниқ ҳисоб – китоби ва тажрибасига асосан, учинчи армия белгиланган ерга вақтида етиб келади. Иккинчидан, учинчи армия Боғдодга бориши учун жуда кўп масофани босиб ўтиши керак эди: 500 километр Туркия ҳудудидан, кейин эса яна 500 километр Ироқ ҳудудидан. Бу ҳудудларнинг барчаси эса мусулмонларга қарашли эди. Яъни Боғдодга етиб олиш учун бу армия ислом ерларидан 1000 километрлик масофани босиб ўтиши лозим эди, бу эса муайян ҳавфни юзага келтирарди. Лекин ушбу йўл мўғулларга ҳеч қандай хатар туғдирмади. 95 фоиз ушбу “хавфли” йўлни Байжо ўз армияси билан Аббосийларга сезилмас тарзда ўтади ва Боғдодга 50 километр қолганда уларни саросимага солиб қўяди. Аббоосийлар ҳудди Байжо каби Хулагуни ҳам Боғдодга бир кунлик йўл қолганида пайқашади. Мўғуллар назорати остидаги тоғли ҳудудлар бўйича ҳаракат қилган Хулагу армиясини пайқаш мушкуллигини тушуниш мумкин, лекин Боғдодга шу қадар яқинлашган Байжо қўшинларини қандай қилиб илғамаслик мумкин? Байжонинг мусулмон ерларидан бу қадар шиддат билан ўтганлиги фалокатлар ўзи аслида содир бўлиб бўлганлигидан далолат беради. Биринчидан, бу ушбу ҳуддуларда Аббосийларнинг айғоқчилари бутунлай йўқлиги, шунингдек, Аббосийлар қўшини урушни олиб бориш ҳақида тасаввурга эга эмаслиги, уларни бошқариш бўйича ҳеч бўлмаганда минимал ҳарбий стратегик маҳорат етишмаслигига боғлиқ эди. Иккинчидан, бунда Анадоли ва Мўсулнинг мусулмон ҳукмдорларининг сотқинлиги (бошқача айтганда давлат хиёнати) кичкина рол ўйнамади. Бу сотқинлик мўғул қўшинига Боғдодга борувчи йўлнинг барча эшикларини очиб берди. Шу сабабли ҳам улар бу ердан ҳудди сайрда юргандек, йўлида ҳеч қандай тўсиққа учрамасдан бемалол ўтишди. Байжо ўзининг одатига зид равишда, эътибор жалб қилмаслик учун ўша ҳудудларнинг маҳаллий аҳолиси билан жангга киришмади, улар эса, ўз навбатида зарар етиб қолишидан қўрқиб, ўзларини мўғул армиясидан четда тутишди. Шунингдек Байжонинг қасос олишидан қўрқиб, ҳеч ким унинг ҳаракати ҳақида Аббосийларга маълумот бермади. Бу Анадоли ҳукмдори Кайковус II ва Қилич Арслан IV ларнинг бутун ислом уммати олдидаги катта сотқинлиги эди. Лекин Мўсул ҳукумдори Бадриддин Луълуънинг хиёнати ўз ҳолича унданда буюкроқ эди. Бадриддин мўғулларнинг ҳаракати учун эркин коридор яратиб бериш билан чекланиб қолмади, балки мусулмон ҳалифалиги ҳукмидан “Ироқни озод қилиш” важи билан улар билан бирга отряд юборди. Шуни таъкидлаш жоизки, ўша пайтда Бадриддин Луълуъ саксон ёшдан ошган эди, баъзи маълумотларга кўра эса, юз ёшда эди, ўзининг кекса ёшига қарамасдан, бу инсон шундай қабиҳ сотқинликка йўл қўяди. Яна шуни айтиш лозимки, у шу воқеалардан бир неча ой ўтиб вафот этади.
Бу орада Боғдодда...
Айтиш мумкинки, ўша даврларда Боғдод дунёдаги энг мустаҳкам шаҳар эди, унинг деворлари эса забт этиш энг мушкул бўлгани эди. Бунинг ҳеч ҳам ажабланарли жойи йўқ, чунки Боғдод беш асрдан кўпроқ вақт мобайнида мусулмон ҳалифалигининг пойтахти бўлган ва унинг деворлари мустаҳкамлиги учун йирик миқдорда сармоя ва инсон меҳнати сарфланган. Тигр дарёси бўйидаги буюк Боғдод ҳақли равишда марказ, бутун ислом оламидаги Шаҳарларнинг Онаси бўлган. Макка мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳ бўлиб қолаверган, лекин у сиёсий ёки савдо маркази бўлиши учун асосий аҳоли зич жойлашган марказлардан жуда ҳам ажратилган эди. Ислом вужудга келганидан бор – йўғи юз йил ўтиб араб дунёси Аббосийлар сулоласининг ҳукмронлиги остига ўтган, улар бутун мусулмон ерларининг расмий ҳукмдори, ҳалифаси саналган. 762 йилда иккинчи Аббосий ҳалифа томонидан Боғдодга асос солинганди. Лекин бундай ажойиб ва забт этиб бўлмас қўрғонларнинг ўзи етарли эмас эди, уларни ҳимоя қилиш учун ҳақиқий эркаклар зарур эди. Афсуски, ана шундай эркаклар ўша даврда Боғдодда кам эканлиги маълум бўлди.
Давоми бор...
islamdag.ru сайтидаги бир неча туркум материаллари асосида
Абу Муслим тайёрланди
|