Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Темур ва унинг аҳли
07.06.2016 12:59    PDF Босма E-mail

МУҚАДДИМА

Дунё тарихида салмоқли ўрин эгаллаб кетган шундай буюк инсонлар борки, улар ҳақида ўнлаб, юзлаб асарлар ёзилса ҳам сўз ниҳоя топмайди. Шундай инсонлардан бири Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон бўлиб, у ҳақида араб, форс, турк, рус, инглиз, ўзбек ва бундан бошқа бир қанча тилларда асарлар ёзилган ва бундан кейин ҳам ёзилади. Камина ҳам шу ёзилган асарлардан имкон қадар фойдаланган ҳолда Соҳибқироннинг ҳаётини аввалги асарлардан бироз фарқли усулда ёритишга ҳаракат қилиб бир рисола тузди. Бу рисола Амир Темур ва унинг завжалари, фарзандлари, келинлари, набиралари ҳамда эваралари билан қисқача танишиш учун қўлланма бўлади деб умид қиламан.
Рисола орқали фақат илмий маълумотлар тақдим қилиш мақсад қилинганлиги боис, маълумотлар имкон қадар қисқа, ортиқча сўз ва бадиий безаклардан холидир. У муқаддима ва уч бўлимдан иборат. Биринчи бўлим Амир Темур билан яқиндан танишишга қаратилган. Хусусан, унда Соҳибқироннинг ташқи кўриниши, ички дунёси, илми, табиати каби муҳим мавзуларда қисқача сўз юритилган.
Иккинчи бўлим Амир Темурнинг аҳли яъни аввал айтилгандек, завжалари, фарзандлари, келинлари, набиралари ва эваралари ҳақида бўлиб, бу бўлимдаги маълумотларни тайёрлашда асосан Турғун Файзиевнинг «Темурийлар шажараси» номли асаридан кўп фойдаландим. Шу билан бирга мавзуга доир бошқа бир қанча манбалардан ҳам қўшимчалар қилдим.
Учинчи бўлим Темур ва темурийлар ҳаётига оид муҳим саналар ҳақида. Унда Амир Темур ҳаётининг қисқача солномаси келтирилган. Бунда «Темурийлар шажараси», «Темурнома», «Етти иқлим султони» каби асарлар кўпроқ асқотди.
Рисолага киришишдан олдин ундаги баъзи истилоҳлар ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Маълумки, тарихий китобларда «ҳижрий» ва «милодий» деган атамалар кўп учрайди. Бу ҳақида кўпчилик маълумотга эга бўлса ҳам, эслатма сифатида аввало шу атамаларга тўхталсак.
Ҳозирги кунда дунё бўйича фойдаланиладиган йил ҳисоби милодий йил деб аталади. Унга Ийсо пайғамбар (алайҳиссалом)нинг туғилган йиллари асос қилиб ҳисобланади.
Ҳижрий йилга эса пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Мадинага кўчиб ўтишлари – ҳижрат қилишлари асос қилиб олинган. Бу мусулмонларнинг йил ҳисоби бўлиб, у ҳалифа Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида йўлга қўйилган.
Яна бир тўхталишимиз лозим бўлган атама бу қамарий ойларнинг номидир. Ҳижрий-қамарий йил ҳам ўн икки ойдан иборат бўлиб, уларнинг номи қуйидагича:
1.    Муҳаррам.
2.    Сафар.
3.    Робиъул аввал.
4.    Робиъус соний.
5.    Жумодул аввал.
6.    Жумодус соний.
7.    Ражаб.
8.    Шаъбон.
9.    Рамазон.
10.    Шаввол.
11.    Зулқаъда.
12.    Зулҳижжа.

Жой номларига ҳам тўхталиб ўтсак фойдадан холи бўлмас деб ўйлайман. Рисолада зикр этилган баъзи жой номларига изоҳ :

Балх – Шимолий Афғонистонда, ҳозирги мазори Шариф шаҳрининг ғарбида жойлашган қадимий шаҳар.

Кеш – Ўрта Осиёнинг қадимий шаҳарларидан бўлиб, араб географи Ёқубийнинг ёзишича, у VII асрда бунёд этилган. XIV асрдан эса Шаҳрисабз деб атала бошланади. Соҳибқирон Амир Темурнинг туғилган ватани бўлганлиги сабабли XIV – XV асрларда шаҳар ҳар томонлама обод бир ўлкага айлантирилди.

Мовароуннаҳр – сўзи арабча сўз бўлиб, маъноси «дарё орасидаги нарса (ер)»дир. Амударёдан шимолга қараб чўзилган Ўрта Осиё ерлари арабчада шундай аталган.

Мозандарон – Эроннинг Каспий денгизи сохилларида жойлашган вилоят.

Мохон қишлоғи – Ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳри яқинидаги қишлоқ.

Қундузча – Самари ва Чистония шаҳарлари оралиғида жойлашган мавзе.

Рай – Эроннинг қадимий шаҳарларидан бири, 1220 йилда мўғуллар истилоси вақтида буткул ҳароб этилган; ҳозир Теҳрон яқинидаги ўртача шаҳар.

Сеистон – Эроннинг шарқида ва Афғонистоннинг ғарбида жойлашган. 1872 йилда Эрон ва Афғонистон ўртасида тақсим қилинган. Хилменд дарёсигача бўлган қисми Эронга, ундан шарқи эса Афғонистонга ўтган.

Табриз – Эрондаги қадимий шаҳарлардан бири; XIII-XV асрларда Султония шаҳри билан бир қаторда Ҳулогуйларнинг марказий шаҳарларидан бўлган.

Ўтрор – Арис дарёсининг чап сохилида, Арис Сирдарёга қуйиладиган мавзеда жойлашган шаҳар.

Шом – ўрта асрларда Сурия ва унинг ён атрофларидаги жойлар.

I БЎЛИМ

СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР

Таваллуди: Ҳижрий 736 йилнинг 26 шаъбон/милодий 1336 йилнинг 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз)дан 13 км. масофа узоқликда жойлашган Хўжа Илғор қишлоғида таваллуд топган.
Исми: Темур.
Лақаби: Амир Темурнинг «Соҳибқирон», «Кўрагон», «Оқсоқ Темур», «Абул Музаффар» каби лақаблари бор эди.
Темурнинг «Соҳибқирон» деб аталиши сабаби бўйича бир қанча мулоҳазалар бор, лекин менимча, энг муносиби «соҳиби Қуръон» дея аталишидан шу лақаб келиб чиққан бўлиши мумкин. Чунки баъзи манбаларда Темур ёшлигиданоқ Қуръонни ёд олган, деб айтилган.
«Кўрагон» сўзи «хоннинг куёви» деган маънони билдиради. Амир Темур рақиби Ҳусайин ибн Мусаллабни мағлуб этгач, унинг беваси Сарой Мулк хоним – Қозонхоннинг қизини никоҳига олгач, хоннинг куёви сифатида «Кўрагон» унвонини олади. Амир Темур кейинроқ яна хоннинг қизига уйланган . Шунингдек, унинг ўғиллари, набиралари орасида ҳам хоннинг қизига уйланиб «Кўрагон» лақабини олганлар бор. Масалан, Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек Кўрагон.
Соҳибқирон Амир Темур бутун ҳаёти давомида қанчадан қанча мамлакатларни ўзига бўйсундирган бўлса ҳам, лекин ўзини расман хон деб сира эълон қилмади. Балки у хон авлодидан бўлган бир кишини расмий хон сифатида тайинлаб , мамлакатни ўзи бошқарди. У ўзи учун «хоннинг куёви» деган унвон билан кифояланар эди.
«Кўрагон» унвони барча тантанали маросимлар ва жума намозларида хутбага қўшиб ўқилар эди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг номи тарихий манбаларда – туркчада «Оқсоқ Темур», форсчада «Темурланг» ва ғарбда «Тамурлен» деб ҳам номланади. Бунга сабаб Темур 1362 йилда Сеистон билан бўлган жангда ўнг қўли ва ўнг оёғидан оғир ярадор бўлади. Кейинчалик ўнг қўли деярли қуруқлашиб, ўнг оёғи оқсаб қолади.
«Абул Музаффар» - арабча сўз бўлиб, зафар яъни ғалабанинг отаси деган маънони билдиради. Соҳибқироннинг бу лақаби Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида учрайди.

Отаси: Тарағай.
Соҳибқироннинг отасини исми бўйича тарих китобларимизда баъзи мулоҳазалар бор. Хусусан, «Тарағай» сўзи маъно англатмайди деган кишилар Амир Темурнинг отасини исми Тарағай эмас, Тўрғай бўлган бўлиши мумкин, деган . Баъзилар Амир Темурнинг отасини исми Тарағай эмас, Турағай бўлган бўлса керак, турағай сўзи турақол, яшайқол деган маъносида эмасмикан, дея мулоҳаза қилган ...
Амир Темур набирасига отасининг исмини қўйгани сабабли бу мулоҳазалар Муҳаммад Тарағай Улуғбек Мирзонинг исмига ҳам тегишлидир.
Тарағай баҳодирнинг туғилган йили манбаларда учрамайди, 1360 йилда вафот қилган.

Онаси: Тегина Хотун.
Муҳаммад Али «Амир Темур солномаси» рисоласида келтирилишича, Тегина Хотун аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизи бўлиб, милодий 1334 йил 16 ёшда Тарағайбекка узатилган.
Соҳибқирон Амир Темурнинг онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган. Амир Темур онасининг хотирасига бағишлаб баландлиги 71 метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирган.

Шажараси: Амир Темур ибн Тарағай ибн Баркул  ибн Илангиз ибн Ийжил ибн Қорачор нўён.
Қорачор нуён – Қирқта хотини бўлиб, улардан ўнта фарзанди бор эди. Уларнинг тўнғичи Ийжил нуён эди .
Ийжил – Унинг бир нечта фарзанди бўлиб, каттаси Илангиз нуён эди.
Илангиз – отаси Ийжил Хулогухон билан Турондан Эронга кўчиб келганда, Илангиз Чиғатой улусида отасининг ўрнида қолади. Ундан битта ўғил – Баркул қолган.
Баркул – Унинг иккита ўғли бўлган: амир Тарағай, амир Балта.

Қабиласи: Барлос.

Дини: Ислом.
Баъзи манбаларда Амир Темур кичиклигидаёқ Қуръони Каримни ёд олган, дейилган.
«Темурийлар шажараси» номли асарда муаллиф Турғун Файзиев Амир Темурнинг ихлос, эътиқоди ҳақида жумладан қуйидагиларни келтиради: «Амир Муҳаммад Тарағай аввало комил мусулмон ва баҳодир жангчи бўлган. Шунингдек, уламо фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши эди».
Ҳельда Ҳукҳэм «Етти иқлим султони»да: «Темур беш вақт намозни канда қилмас, рамазон ойида, албатта, рўза тутарди. Ийд Рамзон ҳам Темур саройида катта тантана билан нишонланарди».
Яна мазкур асарда Соҳибқироннинг хайру саховати ҳақида ҳам илиқ сўзлар келган.

Табиби: Мавлона Фазлуллоҳ Табризий.

Вафоти: Ҳижрий 807 йил, 17 шаъбон/милодий 1405 йил, 18 февраль, чоршанба куни кечаси шом билан хуфтан намозининг орасида Сирдарё яқинидаги Ўтрор текисликларида вафот этган.

Қабри: Ибн Арабшоҳнинг маълумотига қараганда, Соҳибқироннинг жасади Муҳаммад Султон мадрасасидаги даҳмага дафн этилган бўлиб, даҳманинг деворларига Темурнинг кийимлари ва қурол аслаҳалари илиб қўйилган. Мазкур буюмлар қимматбаҳо тошлар ва олтин билан безатилган бўлиб, бу маъданларнинг энг кичик бир бўлаги бир вилоятнинг бир йиллик хирожига  тенг келарди. Мақбара ичига катта-катта олтин қандиллар ўрнатилган бўлиб, улардан бирининг оғирлиги 4000 мисқолга тенг эди. Мақбара саҳнига ипак гиламлар тўшалган. Соҳибқироннинг жасади эса шерозли моҳир уста тарафидан ясалган пўлат тобудга солиниб, дафн этилган.
Орадан тўрт йил ўтгач, 1409 йил май ойида Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзо Ҳалил Султон Мирзодан Самарқанд тахтини тортиб олгач, Муҳаммад Султон хонақоҳига келиб, отаси Амир Темурнинг қабрини зиёрат қилади. Шариат тартибларига қаттиқ риоя қилувчи Шоҳруҳ Мирзо мақбарадаги шариат қонун-қоидаларига зид келган ишларни, маросимларни манъ этади, шу жумладан Амир Темурнинг кийимлари, қурол-аслаҳалари ва барча қимматбаҳо безакларни хазинага қайтаради. Шунингдек, Амир Темур ва Муҳаммад Султон Мирзо жасадларини мадраса хонақоҳидан кўчириб, пўлат тобут ўрнига ёғоч тобутга  солиб, ҳозирги Гўри Амир мақбарасига дафн эттиради .

АМИР ТЕМУРНИНГ ТАШҚИ КЎРИНИШИ

Бўйи: узунлиги 170 см. , қадди баланд, қомати тик.
Пешонаси: кенг.
Калласи: катта.
Юзи: оқу қизил рангли, доғсиз ва буғдойранг эмас.
Соқоли: серсоқол.
Елкалари: кенг ва бақувват.
Териси: оқ.
Мускуллари: кучли.
Бармоқлари: йўғон.

ШАХСИЙ СИФАТЛАРИ

Табиати: Бу ҳақида Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳнинг «Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари» китобида қимматли маълумотлар келтирилган:
«У ҳазил-мазах ва ёлғонни ёқтирмас, ўйин-кулгию кўнгилхушликка майлсиз, гарчи (сўзда) ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди, у (бўлиб) ўтган ишга азият чекмас ва ўзига ҳосил бўладиган (ютуқ)дан шодланмас эди.
У бехато (нишонга урувчи) фикрли, ажойиб фаросатли, мислсиз (даражада) бахтли, улуғворлиги (ўзига) мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, (бошига) кулфат тушганда ҳам ҳақгўй (киши) эди.
У (бировдан) бир гап эшитганда далил талаб қиладиган, зимдан қараш ва кўз ишоратларини сезадиган идрокли киши эди. У синчков бўлиб, ҳар бир ишоратдан огоҳ киши бўлиб, юз берадиган барча ишни кўриб-билиб турар эди. Унинг назаридан алдовчининг алдови яшириниб қолмас ва фирибгарнинг фириби ўтмас, ўз фаросати билан ҳақгўй ва ёлғончини ажратар эди. Ўз зийраклиги тажрибаси билан чин (ҳақ) насиҳатгўйдан сохта (насиҳатгўйни) идрок этар».
«Саҳройиларга хос жасур, сабр-тоқатли, жонсарак Темур на чўлу биёбонларнинг жазирама иссиғини, на тоғ довонларининг ҳаддан зиёд қаҳратон совуғини писанд қилар, ўтроқ халқлар учун тушуниб бўлмайдиган чидам билан бу мушкулотлотларга бардош берарди» .

Илми: Амир Темурнинг болалик даври ҳақида, умуман олганда 1360 йилгача бўлган ҳаётида юз берган воқеалар ҳақида тарихий манбаларда аниқ маълумот деярли учрамайди. Шунинг учун унинг дастлабки таълими ҳақида бир нечта манбаларда маълумот берилган бўлса ҳам, афсуски, улар бир-бирига мос келмайди.
Ҳельда Ҳукҳэм «Етти иқлим султони» асарида «Темур мактаб кўрмаган бўлса-да, уни жохил деб бўлмасди. У жисмонан бақувват, маънавий ҳаётнинг юксак қадриятларини эгаллаганди, доимо олимлар даврасида иштирок этар, улардан талайгина фанларни ўзлаштирганди, тарихни яхши биларди», дейди.
Кўп ўринларда Амир Темурга нисбатан адоват ила қалам тебратган Ибн Арабшоҳ аввал зикри келган манбада «Темур саводсиз бўлиб, ҳеч нарса ўқимас ва ёзмасди; араб тилини мутлақо билмасди; форс, турк ва мўғул тилларидан ўзига яраша биларди», дейди.
Шу билан бирга ибн Арабшоҳ Соҳибқирон Амир Темур ҳақида ижобий маълумотларни ҳам келтирган: «Темур тарих (китоб)лари, Худонинг раҳмати ва саломи бўлғур Анбиёлар қиссаларини, подшоҳлар сийралари ва ўтган салафлар ҳақидаги ҳикояларни доимо – сафарда ҳам, ҳазарда ҳам – ўқитиб, қунт билан тинглар эди» .
Турғун Файзиев «Темурийлар шажараси» китобида Темурнинг дастлабки таълими ҳақида тўхталганда дейди:
«Ёш Темурни етти ёшидаёқ мадрасага ўқишга бердилар. У мадраса келганда алифбодан мукаммал хабардор бўлган, ўз она тили – турк тилидан ташқари, форс тилини ҳам мукаммал эгаллаган эди».
Яна мазкур асарда Амир Темурни тиббиёт, математика, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмидан яхшигина хабардор бўлгани ҳам айтилган.
Ҳельда Ҳукҳэм «Етти иқлим султони» асарида «Темур Осиё қитъасини ҳар қандай жуғрофиюндан кўра яхшироқ биларди», дейди. Ҳақиқатда, бу воқеъликка тўғри келади.
Нима бўлганда ҳам, Соҳибқиронни саводсиз деганларнинг ўзи уни қанчалар илмли эканлигини айтиб турибди.

Илм аҳлига муносабати: Темур олимларга меҳрибон бўлиб, саййиду шарифларни ўзига яқин тутарди. Уламолар ва фозилларга тўла-тўкис иззат кўрсатиб, уларни ҳар қандай кимсадан батамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз муруввати бисотини ёярдики, бу муруввати унинг ҳайбати билан аралаш эди. Улар билан мазмунли баҳс ҳам юритар эдики, бу баҳсида инсофу ҳишмат бўларди .
Амир Темур қай бир шаҳарни фатҳ этса, ундаги уламолар ва ҳунармандларни илмига кўра Самарқанд ёки қўл остидаги бошқа шаҳарларга юбориб, уларни икром қилган ҳолда уларнинг илми, ҳунаридан юрт ободлиги йўлида фойдаланар эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг «Самарқанднинг сара уламолари» китобларида Амир Темур ҳақида жумладан қуйидагилар келтирилган: «Амир Темур илмга ва уламоларга аҳамияти катта бўлган. Ҳарбий юриш, жангу жадалнинг ичидан Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаш алломларни топиб, ўз диёрига олиб келиш, уларга илмий фаолият учун шароит яратиш ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш осон иш эмас».

Қизиқишлари: Амир Темур бўш вақтида кўпроқ шахмат ўйнар эди. У бу ўйиннинг устаси бўлиб, бу борадаги замонасининг энг олди кишилари билан бемалол дона сура олар эди. Темур шахмат тахтасини жанг майдони каби кўриб ўйнарди. Шу тариқа у фикрларини янада теранлаштирар эди.

II БЎЛИМ

АМИР ТЕМУРНИНГ ҲАРАМИ

Тарихий маълумотларнинг далолатича соҳибқирон Амир Темур ўн саккиз марта уйланган. Бундан ташқари у 22 нафар хос канизакларини ҳам ўз шабистонига маҳрам қилган .
Соҳибқирон Амир Темур бу фоний дунёни тарк қилганда завжаларидан тўрттаси ҳаёт бўлган. Улар: Сарой Мулк хоним, Туман оғо хоним, Тукал хоним ва Руҳ Парво оғо хонимлардир.
Қуйида Амир Темурнинг хотинлари ҳақида имкон қадар маълумот келтириб ўтамиз:

Турмуш оғо  – Амир Темурнинг биринчи хотини бўлиб, Тарағай баҳодур ўғли Темурни Жоку Барлоснинг қизи (Турмуш оғо)га 1355 йили уйлантирган.

Ўлжаой Туркон оғо – Амир Темур унга Турмуш оғога уйланган йили – 1355 йилда уйланган. У Амир Темурнинг шу вақтдаги иттифоқдоши Ҳусайин ибн Мусаллаб ибн Қозоғоннинг синглиси эди.
Айрим манбаларда Ўлжаой Туркон оғонинг исми Камолой бўлганлиги айтилган. Ўлжаой деб номланишининг сабаби эса, эркакча кейиниб олиб жангларга кириб, кўплаб ўлжалар олиб қайтган дея изоҳланади.
Ўлжаой Туркон оғо 1366 йилда беморлик сабабидан вафот этган.

Тўлин оғо – Умаршайх Мирзонинг онаси. Умаршайх Мирзо 1356 йилда туғилган. Юқорида айтилгандек, Темур илк марта 1355 йилда уйланган. Демак, у Тўлин оғога 1355 йилда ёки 1356 йилнинг бошларида уйланган.

Сарой Мулк хоним (Бибихоним)  – Соҳибқирон Амир Темурдан беш ёш кичкина бўлиб, 1341 йилда туғилган эди. Отаси чиғатой улусига мансуб хонлардан бўлиб, у қатл этилганда Сарой Мулк хоним ҳали беш ёшда бўлган.
Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори, амир Қозонхоннинг набираси амир Ҳусайин ибн Мусаллаб Сарой Мулк хонимни 1355 йилда никоҳига олган.
Темур 1370 йилда амир Ҳусайинни енгиб, уни қатл қилдиргач, унинг ҳарамидаги маликалардан Қозонхоннинг қизи Сарой Мулк хонимни, Баён Сулдузнинг қизи Улус оғони, Ҳизр Ясурийнинг қизи Ислом оғони ҳамда Тағой Туркон хотинни танлаб олиб, иддаси  чиқгач уларни ўз никоҳига олади.
Сарой Мулк хоним ва Соҳибқирон Темур орасида фарзанд дунёга келмаган. Лекин Сарой Мулк хоним Темурнинг бир нечта набираларини тарбиялаган. Жумладан, дунёга машҳур аллома Муҳаммад Тарағай Улуғбек Мирзо бувиси Сарой Мулк хонимнинг қўлида тарбия топган.
Ибн Арабшоҳ берган маълумотга кўра, Ҳалил Султон Мирзонинг хотини Шодмулк бегим 1408 йилда Сарой Мулк хонимни заҳарлаб ўлдирган. Сарой Мулк хонимнинг жасадини ўзи қурдирган мадраса ёнидаги мақбарага тош тобутга солиб, мўмиёлаб дафн қилингани тарихий манбаларда келтирилган.

Чўлпон Мулк оғо бегим – Ҳожибек мўғулнинг қизи. Чўлпон Мулк оғонинг қачон ва қаерда вафот этгани ҳақида аниқ маълумот учратмадим, бироқ Касталия элчиси Клавихо 1404 йилда малика Чўлпон Мулк оғони кўргани ҳақида ёзган. Темур 1405 йил, 18 февралда вафот қилганда эса, ортидан қолган завжалари орасида, юқорида эслаб ўтганимиздек, Чўлпон Мулк оғо йўқ. Демак, малика мазкур икки сана орасида вафот қилган бўлиши мумкин.

Дилшод оғо бегим – Амир Шамсиддиннинг қизи. Баъзи манбаларда амир Қамариддиннинг қизи деб ҳам айтилган...
1376 йилда Соҳибқирон Темур уни никоҳига олиб дабдабали тўй қилади.
Дилшод оғо бегим 1383 йилда беморлик сабабидан вафот этган.

Туман оғо бегим – Сарой Мулк хонимнинг жияни яъни акаси амир Мусонинг қизи. 1366 йилда туғилган ва 1378 йил 12 ёшида Амир Темур уни никоҳига олган. Сўнг унинг шарафига Самарқандда Боғи беҳиштни барпо эттирган. Ҳельда Ҳукҳэм Туман оғо Амир Темурга қиз туғиб берганини ёзган. Агар бу маълумот тўғри бўлса, Темурнинг биз билган икки қизидан бошқа яна қизи бўлган, акс ҳолда маълумот тўғри эмас. Лекин Соҳибқирон ҳақидаги бошқа тарихий манбаларда унинг фақат иккита қизи бўлгани қайд қилинган.

Тўкал хоним – мўғул хони Ҳизрхўжаниг қизи. Амир Темур уни 1397 йилда никоҳига олган. Шу йили у Тўкал хоним шарафига Самарқандда «Боғи Дилкушо»ни барпо эттиради. Тўкал хоним ҳам хоннинг қизи бўлгании боис, иккинчи малика бўлиб қолади ва «Кичик хоним» дея аталган.
Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, 1408 йил Ҳалил Султоннинг Мирзонинг хотини Шодмулк бегим Тўкал хонимни заҳарлаб ўлдирган.

Руҳ Парвар оғо – Амир Темурнинг хос канизакларидан. Ораларида фарзанд бўлмаган.
Амир Темур вафотидан сўнг Руҳ Парвар оғони амир Ҳамза Сулдуз хотинликка олган. Амир Ҳамза Сулдуз вафот этгач, Руҳ Парвар оғони амир Али Тархон ўз никоҳига киритган. Амир Али тархон вафотидан сўнг, Руҳ Парвар оғони амир Ҳасан Сўфи ўз ҳарамига олган.
Руҳ Парвар оғо 1423 йил 7 деқабрда вафот этган .

АМИР ТЕМУРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ

Жаҳонгир Мирзо – 1356 йилда туғилган. Онаси Турмуш оғо. Соҳибқирон Амир Темурнинг тўнғич ўғли. У болалигидан отасининг бошига тушган сарсонлик, жангу-жадал машаққатларини баробар тортди. Шу тариқа улғайиб, ўн уч-ўн тўрт ёшидан тажрибали амирлар қаторида ҳарбий юришларда иштирок этди.
Амир Темур тўнғич ўғлини кўп яхши кўрар эди. Ҳатто у Жаҳонгир Мирзони валиаҳд этиб тайинлаб, унга ўн икки минг отлиқ аскарни инъом этди. Аммо валиаҳдга шоҳ бўлишлик насиб этмади. Чунки у ҳижрий 777 йил/милодий 1376-йилда, йигирма ёшида оламдан ўтди.
Жаҳонгир Мирзо Кеш шаҳрида дафн этилган.

Умаршайх Мирзо – 1356 йилда туғилган. Онаси Тўлин оғо.
Амир Темурнинг тарихда «Беш йиллик сафар» номини олган юриши ҳижрий 795/милодий 1392 йилда, куз фаслида бошланди. Мовароуннаҳрни тарк этган Темур қишни Мозандаронга ўтказади.
Амир Темур Миср ва Шомни забт этишни ирода айлади ва бу сабабли Умаршайх Мирзони ҳузирига чақирди. Умаршайх Мирзо қўшинини олиб, Шероздан чиқиб Бағдод йўли билан Ҳармоту қалъасига етди. Умаршайх Мирзо қалъани яқиндан томоша қилиш учун бир тепалик устига чиқиб қалъага назар ташлади. Шу пайтда биров ўқ отаётган эди. Тасодифан ўқ келиб Умаршайх Мирзонинг қулоғи остидаги томирига тегди ва шаҳзода тил тортмай жон берди. Бу воқеа 1394 йилда юз берди.

Мироншоҳ Мирзо – 1366 йилда туғилган. Онаси Менгибек Оғойи Жон Қурбонидир .
Мироншоҳ Мирзо ўн тўрт ёшида Хуросонга ҳоким этиб тайинланди. У ерда етти йил  ҳукмронлик қилди. Укаси Шоҳруҳ Мирзога Хуросон ҳокимияти топширилгач, ҳулокулар мулки бўлган Форс, Озарбайжон, Шомнинг бир қисми ва уларга тобеъ ерлар Мироншоҳга суюрғол  қилинди. Яна Соҳибқирон унга тўққиз минг отлиқ аскарни инъом қилган эди.
Мироншоҳ Мирзо 1382 йилда акаси Жаҳонгир Мирзонинг беваси Хонзода бегим (Севинч бека)га уйлангач, отаси Темур каби «Кўрагон» лақабини олган. Чунки Хонзода бегим Ўзбекхоннинг набираси эди.
1396 йилда ўттиз ёшли Мироншоҳ Мирзо ов чиққанда отдан йиқилиб боши қаттиқ лат еди ва натижада ҳаракатларидан кутилмаган ўзгаришлар содир бўла бошлади. Ҳаттоки у ўзи қурдирган биноларни буздирди. Ичкиликка муккасидан кетиб, Хонзода бегимни хўрлашгача бориб етди. Натижада малика Самарқандга – қайнотасининг ҳузурига эридан шикоят қилиб борди. Соҳибқирон бунга жавобан Мироншоҳ Мирзони тахтдан маҳрум қилиб, ҳокимиятни унинг тўнғич ўғли Абу Бакр Мирзога берди.
1408 йилда Мироншоҳ Мирзо ва Абу Бакр Мирзо бошчилигида қўшин Қора Қуюнли туркманлар сардори Қора Юсуф ва Султон Аҳмадларнинг бирлашган қўшини билан тўқнашди. Жангда Мироншоҳ Мирзо яраланиб отдан йиқилди. Уни жароҳатлаган навкар Мироншоҳ Мирзонинг бошини танасидан жудо қилиб, уни найзага санчди ва Қора Юсуфнинг олдига олиб борди.
Амриддин Бердимуродов ўзининг «Гўри Амир мақбараси» рисоласида маълумот беришича, навкар кимни ўлдирганини билмаган, шу билан бирга у Мироншоҳ Мирзонинг қимматбаҳо либосларига эга чиқиш мақсадида уни ечинтириб, кийимларини ҳам олиб кетган. Қора Юсуфнинг олдига Мироншоҳнинг бошини олиб борганда эса, у бундан ғазабланиб, навкарни ҳам ўлдиришга буюрган. Яна «Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Қора Юсуф юз берган воқеадан афсусланиб, кечирим сўраб, унинг жасадини Самарқандга жўнатган», дейди Амриддин Бекмуродов.
Бўлак манбаларда бошқачароқ маълумот бор. Хусусан, бу борада «Темурийлар шажараси» китобининг муаллифи Турғун Файзиев қуйидаги маълумотларни келтиради:
1408 йил 21 апрелда Озарбайжоннинг Сардруд мавзесида туркман Қора Юсуф билан бўлган жангда ўлдирилади ва Сурҳоб туманига дафн қилинади. Бир неча муддат ўтгач, Шамс Ғурий номли шахс дарвеш кийимида Сурҳобга бориб, Мирошоҳнинг суякларини олиб, Мовароуннаҳрга келтиради ва Шаҳрисабзда темурийлар мақбарасига дафн қилинади
Кейинчалик, кимнингдир ташаббуси билан Мироншоҳнинг ҳоки Шаҳрисабздан Самарқандга келтирилиб, Гўри Амирда – Темурнинг ёнига дафн этдирилади. (иқтибос тугади)
Мироншоҳнинг бош чаноғини ва бошқа суякларини ўрганган М. Герасимов қуйидаги хулосага келди:
1.    Мироншоҳнинг қабри деб очилган жойдан топилган жасад ҳақиқат ҳам қайта дафн этилган.
2.    Топилган бош чаноғи танасидан ўткир тиғ билан жудо қилиниб, сўнгра ромбсимон учли найзага ўтказилган.
3.    Суякдаги барча ўзгариш ва белгилар Темурийларга хос, наслдан-наслга ўтувчи ўзгаришларни ўзида сақлаган.
4.    Мироншоҳ ва Шоҳруҳ ака-ука бўлишиб, улар бир онадан туғилганлар .

Шу ерда бир мулоҳаза: юқорида айтилишича, Мироншоҳ ва Шоҳруҳ Мирзолар битта онадан туғилган, лекин тарих китобларида уларнинг онаси деб икки киши кўрсатилган. Айниқса, Шоҳруҳ Мирзонинг онаси канизак бўлган, шунинг учун у тахтга лойиқ бўлмаган деган маънодаги гаплар ҳам бор. Шунинг учун икки шаҳзоданинг онаси ҳақида сўз кетганда юқоридаги хулосани ҳам ёдга олишимиз ўринлидир.

Шоҳруҳ Мирзо – Ҳижрий 779 йил, робеъус соний ойининг 14 куни/ милодий 1377 йил 20 август, пайшанба куни туғилган. Шоҳруҳ Мирзонинг онаси Тағой Туркон оғодир . У (онаси) Амир Темурнинг хос канизакларидан, эронийлар авлодидан бўлган. Кейинчалик Соҳибқирон Амир Темур уни никоҳига олган. Аммо Шоҳруҳ Мирзо ҳам Сарой Мулк хонимнинг тарбиясига топширилган.
Шоҳруҳ Мирзо ёшлигидан Исломга риоя қилиб, диний китобларни ўқишга қизиқар эди. Кейинроқ Амир Темур кенжа ўғлига етти минг отлиқ аскар ва бир вилоятни инъом қилган эди.
Темур вафотидан сўнг Шоҳруҳ Мирзо тахтга даъвогарлик қилиб Пир Муҳаммад Мирзо билан иттифоқ тузган ҳолда, Самарқандни қўлга киритган жияни Ҳалил Султон Мирзога қарши курашади. 1407 йилда Пир Муҳаммад Мирзонинг вафотидан сўнг, курашни ёлғиз давом эттиради. Ва шу тариқа 1409 йилда Самарқанд тахтини эгаллайди.
Шоҳруҳ Мирзо ҳақида Бўрибой Аҳмедов «Мирзо Улуғбек» номли асарида қуйидаги маълумотларни тақдим қилган:
Вазмин ва иродаси кучли одам эди. Мулоҳаза билан «етти ўлчаб бир кес» қабилида иш тутарди. Қолаверса, интизомли одам эди. У ҳоҳ ҳарбий иш бўлсин, ҳоҳ давлат иши бўлсин, ҳоҳ дини Ислом ва шариат арконлари билан боғлиқ иш бўлсин ўз вақтида, ўз ўрнида адо этишга одатланган эди. Ҳоқони саид ҳар қандай шароитда ҳам беш вақт намозини узмас эди. Саройда ихчамгина масжиди хос бўлишига қарамай, Жумъа намозини кўпчилик қатори фақат Ҳиротнинг энг катта масжидида, Ғиёсиддин Муҳаммаднинг жомеъ масжидига бориб ўқирди. (иқтибос тугади)
1447 йил 12 мартда Шероздан Ҳиротга қайтаётганда йўлда бемор бўлиб вафот этди. Шоҳруҳ Мирзонинг жасадини Гавҳаршод бегим мадрасасидаги Бойсунғур мақбарасига дафн қилганлар. 1447 йил Улуғбек Мирзо Ҳиротни вақтинча қўлга киритганда, отасининг жасадини Самарқандга келтириб, Гўри Амирга дафн эттиради .
Гўри Амир мақбарасини очишганда Шоҳруҳ Мирзонинг ҳам қабрини очишган, шундан аниқлашларича, Шоҳруҳ Мирзонинг бўйи 157 см. бўлган .

Ўги бегим – Туғилган йили номаълум, лекин онаси Турмуш оғо эканлиги ҳақида маълумотлар бор. Ўги бегим амир Мусонинг ўғли Муҳаммадбекка турмушга чиқиб, бир ўғил кўрган. Исми Султон Ҳусайин Мирзодир. Ўги бегим 1382 йилнинг охирида беморлик сабабидан вафот этган.

Султон Бахт бегим - онаси Ўлжаой Туркон оғо. Султон Бахт бегим Шер Баҳромнинг ўғли Муҳаммад Миркага никоҳ қилинган эди. Амир Темур Хутталон вилоятини куёви Муҳаммад Миркага инъом қилган эди. Бироқ Муҳаммад Мирка Темур салтанатига қарши исён кўтаради. 1388 йилда исён бостирилиб, Муҳаммад Мирка укаси Абдулфатҳ билан бирга қатл қилинади. Қатл Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Мирзонинг фармонига биноан бажарилади.
1389 йилда Малика Султон Бахт бегим амир Довуд дуғлотнинг ўғли амир Сулаймоншоҳга никоҳ қилинади.
Малика Султон Бахт бегим 1430 йилда Нишопурда вафот этади .

АМИР ТЕМУРНИНГ КЕЛИНЛАРИ

1.    Жаҳонгир Мирзонинг рафиқалари:

Хонзода бегим (Севинч бека) – 1374 йилда Жаҳонгир Мирзо Хоразм шоҳи Ҳусайин Сўфининг қизи Севинч бэкани никоҳига олган. Кейинчалик Хонзода бегим деб аталган малика Ўзбекхоннинг набираси эди. Хонзода бегим ва Жаҳонгир Мирзо ўртасида 1376 йилда бир ўғил туғилган.
Жаҳонгир Мирзо ҳам отасига ўхшаб хоннинг қизига уйлангани учун «Кўрагон» унвонини олган.
Хонзода бегим Жаҳонгир Мирзонинг вафоти (1376 йил)дан кейин 1383 йилда Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳнинг никоҳига ўтган ва ундан бир ўғиллик бўлган.
Хонзода бегим 1411 йилнинг учинчи ноябр кунида вафот этган.

Бахт Мулк оғо – Илёс Ясурийнинг қизи. Жаҳонгир Мирзо унга 1374 йилда уйланган. Пир Муҳаммад Мирзонинг онаси.

Рокияхон оғо – Кайхусравнинг Туман Қутлуғ номли хотинидан бўлган қизи.

2.    Умаршайх Мирзонинг рафиқалари:

Севинч Қутлуғ оғо бегим – Фосиҳ Хавофий Умаршайх Мирзо 1389-1390 йилларда Севинч Қутлуғ оғога уйлангани ҳақида маълумот берган.

Бека Мулк оғо бегим – Умаршайх Мирзонинг рафиқаси.

Мулкат оғо бегим – Ҳизр ўғлоннинг қизи. Умаршайх Мирзодан иккита ўғил кўрган. Унинг вафотидан сўнг Шоҳруҳ Мирзонинг никоҳига ўтган. 1440 йилда вафот этган.

3.    Мироншоҳ Мирзонинг рафиқалари:

Хоника бегим – Мироншоҳ Мирзонинг гўзал мўғул хотини.

Тукал ўрис Буқо – Мироншоҳ Мирзонинг рафиқаси.

Хонзода бегим (Севинч бека) – Жаҳонгир Мирзонинг вафотидан сўнг, 1383 йилда Мироншоҳ Мирзонинг никоҳига ўтган.

4.    Шоҳруҳ Мирзонинг рафиқалари:

Гавҳаршод бегим – Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи. 1379 йилда туғилган. Шоҳруҳ Мирзога 1393 йилда турмушга чиқган. Ундан уч ўғил ва икки қиз кўрган. Ўғиллари: Улуғбек Мирзо, Бойсунғур Мирзо, Муҳаммад Жўки Мирзо.
Гавҳаршод бегим чевараси Султон Иброҳим Мирзони Хуросон ҳукмдори Султон Абусайид Мирзога қарши исён кўтаришга ундайди. Маликанинг бу ҳаракатидан хабар топган Султон Абусайид маликани чопиб ташлашга фармон беради. Фармонга мувофиқ 1457 йилда Гавҳаршод бегим чопиб ўлдирилади ва ўзи қурдирган мадраса ёнидаги Бойсунғур даҳмасига дафн этилади .

Мулкат оғо бегим – 1394 йилда Умаршайх Мирзонинг вафотидан сўнг Амир Темурнинг иродаси билан Шоҳруҳ Мирзога турмушга чиқган. 1398 йилда Шоҳруҳ Мирзодан ўғиллик бўлди.

Тўти бегим – Иброҳим Мирзонинг онаси.

АМИР ТЕМУРНИНГ НАБИРАЛАРИ

1.    Жаҳонгир Мирзонинг фарзандлари:

Муҳаммад Султон Мирзо – Жаҳонгир Мирзонинг тўнғич ўғли, онаси Хонзода бегим. 1376-йилда туғилган. Айни шу йилда отаси Жаҳонгир Мирзо вафот этди. Соҳибқирон Амир Темур тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзони валиаҳд деб тайинлаган эди. Аммо ўғлининг вафотидан кўп маҳзун бўлиб, сўнг Муҳаммад Султон Мирзони валиаҳд қилиб тайинлади. Аммо бу валиаҳдга ҳам тахт насиб қилмади, 1403 йилнинг март ойида бобосининг жангларидан биридан қайтаётган 27 ёшли Муҳаммад Султон Мирзо беморлик сабабидан вафот этди. Шаҳзодадан уч ўғил ва бир қиз қолганлиги тарихий манбаларда қайд қилинган.

Пир Муҳаммад Мирзо – Жаҳонгир Мирзонинг иккинчи ўғли. Онаси Бахт Мулк оғо. Отасининг вафоти (1376 йил)дан қирқ кун ўтиб туғилган. Амир Темур уни валиаҳд этиб тайинлаган эди. Соҳибқирон вафот этганда Пир Муҳаммад Мирзо Қандаҳорда эди. Лекин Шаҳзода Самарқанд сари йўлга чиққандаёқ Ҳалил Султон Мирзо тахтни эгаллашга улгурган эди.
Пир Муҳаммад Мирзо 1407 йилининг 22 февралда ўз вазири Пир Али Тоз томонидан ўлдирилган . Ундан етти ўғил қолган.

2.    Умаршайх Мирзонинг фарзандлари:

Умаршайх Мирзодан олти ўғил қолган.

Пир Муҳаммад Мирзо – Умаршайх Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, 1379 йилда туғилган. 1410 йилда қатл қилинган. Ундан икки ўғил қолган.

Рустам Мирзо – Умаршайх Мирзонинг иккинчи ўғли бўлиб, 1381 йилда туғилган, 1424 йилда вафот этган. Ундан икки ўғил қолган.

Искандар Мирзо – Умаршайх Мирзонинг учинчи ўғли. 1384 йилда туғилган. Онаси Мулкат оғо бегим. 1415 йил қатл қилинган.

Аҳмад Мирзо  – Умаршайх  Мирзонинг тўртинчи ўғли. 1388 йилда туғилган. 1425 йилда вафот этган.

Сайди Аҳмад Мирзо – Умаршайх Мирзонинг бешинчи ўғли. 1391 йилда туғилган. 1429 йилда вафот этган. Унинг Аҳмад Мирзо, Усмон Мирзо исмли ўғиллари бўлган.

Бойқаро Мирзо – Умаршайх Мирзонинг кенжа – олтинчи ўғли. Онаси Мулкат оғо. 1393 йилда туғилган. 1423 йилда қатл қилинган. Ундан уч ўғил қолган.

3.    Мироншоҳ Мирзонинг фарзандлари:

Мироншоҳ Мирзодан олти ўғил ва бир қиз қолган.

Абу Бакр Мирзо – Мироншоҳ Мирзонинг тўнғич ўғли. Онаси Хоника бегим. Абу Бакр Мирзо 1382 йилда туғилган. Ундан икки ўғил қолган.

Умар Мирзо – Мироншоҳнинг иккинчи ўғли. 1383 йилда туғилган, 1407 йилда вафот этган.

Ҳалил Султон Мирзо – Мироншоҳ Мирзонинг учинчи ўғли бўлиб, 1384 йилда туғилган. Онаси Севинч бека бегим. Ҳалил Султон Мирзо ёшлигидан Сарой Мулк хонимнинг тарбиясига топширилган. Амир Темур вафотидан сўнг 1405 йилда Самарқанд тахтига ўтиради. 1409 йилда тахтни бой бериб, асир олинади. Кейинроқ Шоҳруҳ Мирзо билан битим тузиб, Мовароуннаҳр ҳукмронлигидан кечиб, Рай вилоятига ҳоким этиб тайинланади. 1411 йил 4 ноябр чоршанба куни Рай шаҳрида беморлик сабабли вафот этди.

Ийжал Мирзо – Мироншоҳ Мирзонинг тўртинчи ўғли. 1387 йилда туғилган, 1415 йил беморлик сабабидан вафот этган.

Суюрғатмиш Мирзо – Мироншоҳ Мирзонинг бешинчи ўғли. 1399 йилда туғилган. 1411 йилда вафот этган.

Султон Муҳаммад Мирзо – Мироншоҳ Мирзонинг ўғли. Бобур Мирзонинг отасига бобо бўлади.

Қутлуғ Султон бегим – Мироншоҳ Мирзонинг қизи.

Оғо бегим хоним – Мироншоҳ Мирзонинг қизи.

4.    Шоҳруҳ Мирзонинг фарзандлари:

Муҳаммад Тарағай Улуғбек Мирзо – Шоҳруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли, онаси Гавҳаршодбегим. 1394 йил, 22 мартда туғилган. Шунда Шоҳруҳ Мирзо ҳали 17 ёшда эди.
Темурнинг бошқа набиралари каби Улуғбек Мирзо ҳам Сарой Мулк хонимнинг қўлида тарбия топади. Улуғбек Мирзо беш ёшлигидан Шайх Ориф Озарийнинг қўлида илм ўргана бошлайди. Ундан тўрт йил сабоқ олади. Шунингдек, Шоҳруҳ Мирзонинг китобларга бой кутубхонасида кўп вақтини мутолаа билан ўтказиб, илимини ошириб боради.
1404 йилда етти йиллик урушдан қайтиб келган Темур ғалаба шарафига катта зиёфат бериб, унда 10 ёшли Улуғбек Мирзони Муҳаммад Султон Мирзонинг қизи Оғо бегимга унаштириш маросимини ҳам ўтказади.
Темурнинг вафотидан сўнг тахтни эгаллаган Ҳалил Султон Мирзони Шоҳруҳ Мирзо 1409 йилда енгиб, тахтни эгаллагач Мовароуннаҳр ҳукмронлигини Улуғбек Мирзога топшириб, ўзи Ҳиротга қайтиб кетади.
Улуғбек Мирзо қирқ йил ҳукмронлик қилди.
У 1449 йилда ўғли Абдуллатифнинг ташаббуси билан ҳажга юбориш ниқоби остида қатл қилинган.
Улуғбек Мирзонинг қабрини очиб, ўрганганларида унинг бўйи 166 см. бўлганлиги аниқланган .

Иброҳим Мирзо – Шоҳруҳ Мирзонинг иккинчи ўғли. 1394 йил, 14 августда Тўти бегимдан дунёга келган. Унинг тарбияси Туман оғо бегимга топширилган. Иброҳим Мирзо ўқимишли, табиатан мулойим киши бўлиб, тарих ва жуғрофия илмини яхши билган. Шунингдек, у олиму фозилларнинг суҳбатини хуш кўриб, уларни саройида тўплар эди.
Шаҳзода бобоси Амир Темур ҳақида бир мукаммал ва ҳаққоний тарих битиб қолдирмоққа аҳд қилади. У дастлаб, ўз даврида Темурга бағишлаб ёзилган барча асарларни жамлашга киришади, тўғрилиги ҳақида гумонсираган маълумотларни мушоҳидлар воситасида синчиклаб текширтиради ва ҳ.к. Ниҳоят маълумотлар тўпланиб таҳрирдан ўтгач, Али Яздийга уларга бадиий жиҳатдан шакл бериб, форс тилида тўла бир китоб қилиш топширилган ва бу ишга 822/1419 йили киришилганлиги «Муқаддима» қисмида қайд этилган . Шу тариқа Шарафиддин Али Яздийнинг машҳур «Зафарнома» асари битилган.
Иброҳим Мирзо 1435 йилда беморлик сабабидан вафот этган.

Бойсунғур Мирзо – 1397 – 1433. Онаси Гавҳаршодбегим.

Муҳаммад Жўки Мирзо – 1403 йилда Гавҳаршодбегимдан туғилган. 1445 йилда касалланиб вафот этган.

Жалолиддин Суюрғатмиш – 1398 йилда Ҳиротда туғилган. Онаси Мулкат оғо. 1426 йилда тўсатдан оғриб қолиб вафот этган.

Марям Султон бегим – Шоҳруҳ Мирзонинг катта қизи, 1441 йилнинг 14 июнида вафот этган.

Поёна Султонбека – Шоҳруҳ Мирзонинг қизи, унинг жасадини Ҳиротдан Самарқандга кўчирилишида жонбозлик қилган.

5.    Ўги бегимнинг фарзанди:

Султон Ҳусайин Мирзо – 1380 йилда туғилган. Отаси амир Мусонинг ўғли Муҳаммадбек. Султон Ҳусайин Мирзо ҳақида тарих китобларида яхши маълумотлар учрамайди. Қисқа қилиб айтганда, шаҳзода ҳаёти давомида кўплаб фитналарга, кўнгилсизликларга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам охири Шоҳруҳ Мирзонинг фармонига мувофиқ қатл қилинган.

АМИР ТЕМУРНИНГ ЭВАРАЛАРИ

Исми    Таваллуди    Вафоти    Қисқача
Жаҳонгир Мирзонинг авлодлари    Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо    1396    1433    Муҳаммад Султон Мирзонинг тўнғич ўғли. Ундан Муҳаммад Султон Мирзо ва Ҳалил Султон Мирзо исмли икки ўғил қолган.
Саъд Ваққос Мирзо    1400    -    Муҳаммад Султон Мирзонинг иккинчи ўғли
Яҳё Мирзо    1400    1408    Муҳаммад Султон Мирзонинг учинчи ўғли.
Ўги бегим    -    -    Муҳаммад Султон Мирзонинг қизи.
Қайду Мирзо    1396    -    Пир Муҳаммад Мирзонинг тўнғич ўғли.
Холид Мирзо    1399    1427    Пир Муҳаммад Мирзонинг иккинчи ўғли.
Саъд Ваққос Мирзо    1400    1418    Пир Муҳаммад Мирзонинг учинчи ўғли. Саъд Ваққос Мирзо Оғо беги хонимни никоҳига олиб, Соҳибқироннинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзога куёв бўлган эди.
Қайсар Мирзо    1401    1427    Пир Муҳаммад Мирзонинг тўртинчи ўғли.
Бузанжир Мирзо    1402    1422    Пир Муҳаммад Мирзонинг бешинчи ўғли.
Жаҳонгир Мирзо    1402    1433    Пир Муҳаммад Мирзонинг олтинчи ўғли.
Санжар Мирзо    1403    1429    Пир Муҳаммад Мирзонинг еттинчи ўғли.
Умаршайх Мирзо    1398    1429    Пир Муҳаммад Мирзонинг тўнғич ўғли.
Солиҳ Мирзо    1406    1452    Пир Муҳаммад Мирзонинг иккинчи ўғли.
Усмон Али Мирзо    1400    1424    Рустам Мирзонинг ўғли.
Умаршайх Мирзонинг авлодлари    Султон Али Мирзо    1402    1422    Рустам Мирзонинг иккинчи ўғли.
Пир Али Мирзо    -    -    Искандар Мирзонинг ўғли.
Аҳмад Мирзо    1414    1498    Сайди Аҳмад Мирзонинг ўғли.
Усмон Мирзо    -    -    Сайди Аҳмад Мирзонинг иккинчи ўғли.
Музаффар Мирзо    1409    1429    Бойқаро Мирзонинг ўғли.
Муҳаммад Мирзо    -    -    Бойқаро Мирзонинг иккинчи ўғли.
Ғиёсиддин Мансур Мирзо    1413    1445    Бойқаро Мирзонинг учинчи ўғли. Тарихда машҳур Ҳусайин Бойқаронинг отаси.
Мироншоҳ Мирзонинг авлодлари    Илонгир Мирзо    1397    -    Абу Бакр Мирзонинг тўнғич ўғли.
Усмон Жодий    1401    -    Абу Бакр Мирзонинг кичик ўғли.
Муҳаммад Бакр Мирзо    -    1434    Ҳалил Султон Мирзонинг ўғли.
Минучеҳр Мирзо    1418    1460    Султон Муҳаммад Мирзонинг ўғли.
Султон Абусайид Мирзо     1424    1469    Султон Муҳаммад Мирзонинг ўғли.
Шоҳруҳ Мирзонинг авлодлари    Ибодуллоҳ    1412    1417    Улуғбек Мирзонинг ўғли.
Абдуллоҳ Мирзо    1420    1433    Улуғбек Мирзонинг ўғли.
Абдурраҳмон Мирзо    1425    1432    Улуғбек Мирзонинг ўғли.
Абдуллатиф Мирзо    1428    1450    Улуғбек Мирзонинг падаркуш  ўғли.
Абдул Азиз Мирзо    1430    1449    Улуғбек Мирзонинг ўғли. Акаси Абдуллатиф қатл эттирган.
Ҳабиба Султон    1412    -    Улуғбек Мирзонинг қизи.
Султон Бахт бегим    -    -    Улуғбек Мирзонинг қизи.
Робия Султон    -    -    Улуғбек Мирзонинг қизи.
Туға Туркон    -    -    Улуғбек Мирзонинг қизи.
Оғо Тўғон Шоҳ    -    -    Улуғбек Мирзонинг қизи.
Султон Муҳаммад Мирзо    -    -    Бойсунғур Мирзонинг ўғли.
Алоуддавла Мирзо    1417    1461    Бойсунғур Мирзонинг ўғли.
Султон Абу Исҳоқ    -    -    Иброҳим Мирзонинг ўғли.
Масъуд Мирзо    -    -    Суюрғатмиш Мирзонинг ўғли.
Қорачор Мирзо    -    -    Суюрғатмиш Мирзонинг ўғли.
Али Мирзо    1423    1424    Муҳаммад Жўки Мирзонинг ўғли.
Муҳаммад Қосим Мирзо    1422    -    Муҳаммад Жўки Мирзонинг ўғли.
Абу Бакр Мирзо    1427    -    Муҳаммад Жўки Мирзонинг ўғли.

III БЎЛИМ

ТЕМУР ВА ТУМУРИЙЛАР ҲАЁТИДАГИ БАЪЗИ МУҲИМ САНАЛАР

1336 йил – Қашқадарё воҳасининг Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) туманига қарашли Хўжа Илғор қишлоғида Амир Темур дунёга келди.
1355 йил – Амир Темур Турмуш оғога уйланди. Яна шу йили Ўлжаой Туркон оғога ҳам уйланди.
1356 йил – Амир Темур икки ўғиллик бўлди: Жаҳонгир Мирзо ва Умаршайх Мирзо туғилди.
1360 йил – Темур Туғлуқ Темур хизматига кирди. Туғлуқ Темур ўз ўғли Илёсхўжани Мовароуннаҳр ҳукмдори қилиб тайинлади. Темур Мўғулистон хони билан алоқасини узиб, Балхнинг амири Ҳусайин ибн Мусаллаб билан бирлашди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Тарағай баҳодур вафот этди.
1362 йил – Амир Темур ва амир Ҳусайин ибн Мусаллаб Мохон қишлоғида Алибек номли туркман қўлида 62 кун асирликда ётадилар. Асирликдан қутилгач Сеистонга кетадилар. Бу вақтда Сиестон ҳокими кучли рақиб қаршисида ожиз бўлиб турган эди. Шунда у амирларни Сеистон томондан жангга киришликка таклиф қилиб, эвазига олтин-у кумуш ва умр бўйи миннатдорликни ваъда қилади. Амир Темур ва амир Ҳусайин жангга кириб, Сеистон учун ғалабани қўлга киритади. Лекин Сеистон ҳокими ваъдасига турмайди. Амирлар у ерни тарк қилиб кетаман десалар, бунга ҳам қаршилик қилади. Натижада орада жанг бўлади. Шунда жангда Соҳибқирон Амир Темур ўнг қўли ва ўнг оёғидан оғир ярадор бўлади .
Мўғилистон хони Туғлуқ Темурхоннинг вафотидан сўнг унинг ўғли Илёсхўжа Мовароуннаҳрдан сиқиб чиқарилади.
1365 йил – Илёсхўжа Мовароуннаҳрга катта қўшин билан бостириб киради. Темур ва Ҳусайин унга қарши курашадилар. Ушбу жанг тарихда «Лой жанги» номи билан кирган. Бунга сабаб жанг пайти кучли жала ёғиб, оёқ ости сирпанчиқ ва ёпишқоқ лой бўлади. Ҳусайин лашкарининг бўшанглиги туфайли Темур ва Ҳусайин қўшини мағлуб бўлиб, ҳар иккала амир дастлаб Самарқандга, кейин Балхга қочадилар.
Илёсхўжа Самарқандга яқинлашгач, Самарқанд сарбадорлар  томонидан ҳимоя қилинади ва Илёсхўжа енгилиб, чекинади.
1366 йил – Темур ва Ҳусайин яна бирлашиб, Самарқандга келадилар. Улар сарбадорларнинг бошлиқларини қўлга туширадилар. Амир Ҳусайин уларни қатл эттиради, фақат Темурнинг жонбозлиги билан Мавлонозода қатлдан омон қолдирилади. Ҳар икки амир Самарқандни ўз тасарруфига киритадилар ва улар орасига адоват тушади.
Темурнинг завжаси Ўлжаой Туркон оғо вафот этади.
Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзо туғилди.
1370 йил – Амир Темур ўзининг яхши қуролланган қўшини билан Ҳусайин ибн Мусаллабга қарши юриш қилиб, Балхни қамал қилади. Бир неча кун давом этган жангдан сўнг шаҳарга ёриб кириб, шаҳар қўрғонини ҳам қўлга киритади. Амир Ҳусайинни асир олиб, иттифоқдоши хутталонли Кайхусравга топширади. Ҳусайин 1360 йилда унинг акаси Қайқубодни қатл эттирган эди. Кайхусрав Амир Темурнинг ижозати билан акаси учун қасос олади. Соҳибқирон Амир Темур Ҳусайиннинг ҳарамидаги  маликалардан  Сарой  Мулк  хонимни, Улус оғони, Ислом оғони ҳамда Тағой Туркон хотинни танлаб олиб, иддаси чиқгач уларни ўз никоҳига олади. Ҳусайиннинг қолган аёлларини иттифоқдошларига тақсимлаб беради.
1372 йил – Амир Темур Хоразмдаги Ҳусайин Сўфининг устига юриш қилади. Ҳали жанг бошланмасдан Амир Темурнинг аскарлари йўлда Қиётни қўлга киритадилар. Ҳусайин Сўфи дастлаб сулҳ тузмоқчи бўлади, лекин Амир Темур лашкарларидан бўлган Кайхусрав Хатлонийнинг у билан воситачилик қилиши сабаб жанг қилади, биринчи ҳамладаёқ енгилиб Урганч қаъасига беркинади ва кўп ўтмай ўша ерда вафот этади. Унинг ўрнига укаси Юсуф Сўфи ўтиради. У Темур билан сулҳ тузади. Сулҳга кўра Ҳусайин сўфининг қизи Севинч бэкани Амир Темурнинг ўғли Жаҳонгир Мирзога хотинликка беришга рози бўлади. Лекин у ҳам сулҳга риоя қилмайди ва малика етиб келмайди.
Кайхусравнинг иши фош бўлиб қатл қилинади.
1373 йил – Юсуф Сўфи Қиётни ўз тасарруфига киритди. Буни эшитган Темур иккинчи бор Хоразмга юриш қилди. Лекин иш жанггача етиб бормай, Юсуф Сўфи таслим бўлиб, шартларни бажаришга ваъда берди ва Севинч бека етиб келди. Темур эса жанубий Хоразмни салтанатига қўшиб олди.
1374 йил – Жаҳонгир ва Севинч бэканинг никоҳ тўйи.
1375 йил – Амир Темур Оқ Ўрда хони Ўрусхон билан жанг қилаётганидан фойдаланган Юсуф Сўфи жанубий Хоразмни босиб олди. Темур Хоразмга учинчи бор юриш қилди.
1376 йил – Жаҳонгир Мирзонинг иккита аёлидан иккита ўғил туғилади: Муҳаммад Султон Мирзо ва Пир Муҳаммад Мирзо. Ўзи Пир Муҳаммад Мирзо туғилмасдан вафот этади.
1377 йил – Шоҳруҳ Мирзо туғилди.
1378 йил – Амир Темур ўн икки ёшли Туман оғо бегимни никоҳига олди.
1379 йил – Амир Темур Хоразмга тўртинчи бор юриш қилди. Хоразм ёнида Юсуф Сўфи билан жанг қилди. Сўфи қочиб, ичкарига мустаҳкамланди. Темур Унганчни уч ой қамал қилди. Қамалдан қайтганида Юсуф Сўфи вафот этди ва жанубий Хоразмни бутунлай қўшиб олади.
Амир Темур Оқ Ўрда хони Ўрусхонни енгиб, тахтга Тўхтамишхонни ўтказади. Ўрисхонни қатл қилдириб ўзи Самарқандга қайтади.
1381 йил – Хуросонга юриш. Қўрт ва Ҳирот беги қаршилик кўрсатмасдан таслим бўлди. Шаҳар хазинаси қўлга олинди. Амир Темур Самарқандга қайтди. Доруссалтана қишни Бухоро яқинида ўтказди.
1382 йил – Мозандаронга юриш. Каспий бўйидаги ҳамма бекликлар Темурга бўйсундилар. Соҳибқирон Темур қишни Самарқанд яқинида ўтказди.
1383 йил – Мўғилистонга юриш. Қамариддинни топа олмаслик ва қайтиш. Хуросонда қўзғалон бўлганлиги сабабли Хуросонга юриш. Исфижар қўлга киритилди. Дилшод оғо бегим беморлик сабабидан вафот этди.
1384 йил – Сеистоннинг фатҳи.
1387 йил – Тўхтамиш Мовароуннаҳрга талончилик ниятида бостириб кирди.
1388 йил – Хоразмда яна исён бошланди. Бундан ғазабланган Амир Темур Урганч шаҳрини ер билан яксон қилиб, ўрнига арпа экишга амр қилади. Аҳоли Самарқандга кўчирилди.
Тўхтамиш Темурга қарши катта қўшин тўплаб бир қисмини жангга сафарбар қилди, лекин улар мағлуб бўлиб қочиб қолди.
1389 йил – баҳорда Амир Темур Оқ Ўрдага қўшин тортади ва Тўхтамиш қўшини билан шу ерда учрашмоқчи бўлади. Лекин Тўхтамиш Саврон қамалини ташлаб, қўшинини даштликнинг ичкарисига олиб кириб кетади.
Малика Султон Бахт бегим амир Довуд дуғлотнинг ўғли амир Сулаймоншоҳга никоҳ қилинади.
1391 йил – Соҳибқирон Амир Темурнинг амри билан амир Мусиқа вайрон этилган Урганчни обод қилишга киришади.
Баҳорда Амир Темур 200 минглик қўшин билан Тўхтамишхонга қарши юриш бошлайди. Тўхтамишхон мағлубиятга учрайди. Темур катта ўлжа билан қайтади.
1392 йил – Ғарбга қилинган беш йиллик юриш бошланди.
1394 йил – Муҳаммад Тарағай Улуғбек ибн Шоҳруҳ Мирзо туғилди. Умаршайх Мирзо ибн Амир Темур вафот этди.
1395 йил – Темур ва Тўхтамишхон ўртасида яна жанг бўлди. Тўхтамишхон Темурнинг ҳужумига дош беролмай қочиб қолди. Дашти Қипчоқнинг, Черкас, Ўруснинг катта қисми фатҳ этилди.
1397 йил – Амир Темур мўғул хонининг қизи Тўкал хонимни никоҳига олиши муносабати билан Конгилда тўй ўтказилди.
1398 йил – Ҳиндистон сари юриш. Олти ойлик қамалдан сўнг октябрь ойида Султония қулайди. Деқабрда Деҳли қулайди.
1399 йил – Ҳиндистондан қайтиш. Май ойининг ўнинчисида Ҳиндистондан келтирилган бойликлар ҳисобидан Самарқандда жомеъ масжиди қурдириш бошланди. Октябрь ойида ғарбга қилинган етти йиллик уруш бошланди. Соҳибқирон Амир Темур қишни Қорабоғда ўтказди. Гуржиларни қириб ташлашга қаратилган жанговор юриш.
1400 йил – Гуржистон фатҳи ва гуржилар қўлида асир бўлиб ётган мусулмонларнинг озод қилиниши. Ёзда Сиваш қўлга киритилди, октябрьда Ҳалаб (Сурия) қулади.
1401 йил – Январь ойида Дамашқ забт этилади ва талон-тарож қилинади. Март ойида Амир Темур шимолга қайтади. Ёз фаслида Бағдод шиддатли ҳужум билан олинади ва талон-тарож қилинади. Темур қишни Қорабоғда ўтказади. Византия ва бошқа Ғарбий Оврупа давлатлари билан мУзоқаралар олиб борилади.
1402 йил – Июль ойида Амир Темур Туркия ҳукмдори Боязид Йилдирим билан жанг бўлди. Жангда Боязид мағлубиятга учраб, ўзи ва ҳарами асир олинди. Деқабрь ойида Смирна (Авлиё Иоан тариқати рицарлари қалъаси) қамалга олинди ва талон-тарож қилинди. Черковлар масжидларга айлантирилди, бутҳона қўнғироқлари занги ўрнига муаззиннинг азон товуши янгради.
1403 йил – Амир Темур қўшинлари Онадўли орқали шарққа қайтади. Март ойининг тўққизинчи санасида Боязид асирликда вафот этади.
Валиаҳд Муҳаммад Султон қазо қилади.
Мироншоҳ Мирзонинг ўғли Абу Бакр Мирзо Қора қўюнли қабилаларидан Бағдодни тортиб олади.
Куз фаслида гуржилар билан сулҳ тузилади.
Қишни Қорабоғда ўтказадилар.
1404 йил – Мозандарон орқали Самарқандга қайтиш.
Август ойида Клавихо бошчилигидаги испан элчиларининг ташрифи. Самарқандда қурилиш кўлами авж олади.
Етти йиллик уруш урушдан ғалаба билан келгани шарафига Соҳибқирон Амир Темур сентябрь ойида Конгилда катта зиёфат беради. Зиёфатда 9 ёшдан 17 ёшгача бўлган 5 та набираси – Улуғбек ибн Шоҳруҳ, Иброҳим ибн Шоҳруҳ, Жаҳонгир ибн Муҳаммад Султон, Бойқаро ибн Умаршайх, Саййид Аҳмад ибн Умаршайх, Ийжал ибн Мироншоҳларнинг унаштириш тўйини ҳам қўшиб ўтказади.
Самарқандда Муҳаммад Султон мақбараси қуриб битказилади.
Ноябр ойининг 27 санасида Хитойга юриш бошланади.
1405 йил – Январь ойининг ўрталарида Амир Темур Ўтрорга етиб келади, 18 февраль куни вафот этади.
1408 йил – Ҳалил Султон Мирзонинг хотини Шодмулк бегим Сарой Мулк хоним ва Тўкал хонимларни заҳарлаб ўлдирди .
Мироншоҳ Мирзо вафот этди.
1409 йил – Шоҳруҳ Мирзо Самарқанд тахтини эгаллади.


МАНБАЛАР РЎЙХАТИ


1.    Муҳаммад Али «Амир Темур солномаси». Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, Тошкент – 2008.
2.    «Амир Темур ва Улуғбек замондошлари хотирасида» - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиги Бўрибой  Аҳмедовнинг илмий таҳрири остида. Тошкент, «Ўқитувчи» 1996.
3.    Турғун Файзиев, «Темурийлар шажараси». «Ёзувчи», «Хазина» нашриёти. 1995 йил.
4.    Абдулаҳад Муҳаммаджонов, «Темур ва Темурийлар салтанати». Қомуслар Бош таҳририяти, Тошкент. 1994 йил.
5.    Турғун Файзиев, «Темурий маликалар». А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994 йил.
6.    Эркин Азимов, «Амир Темур салтанати». Тошкент, Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1996 йил.
7.    Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳ, «Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари».
8.    Бўрибой Аҳмедов «Мирзо Улуғбек».
9.    Ҳельда Ҳукҳэм, «Етти иқлим султони». «Адолат» нашриёти, 1999 й.
10.    Салоҳиддин Тошкандий «Темурнома». Тошкент, «Чўлпон» нашриёти. 1991 йил.
11.     Абдул Азим Зиёуддин, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли байт». Тошкент, 2014. «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси.
12.    Омонулла Бўриев, «Амир Темур аждодлари». Қомуслар Бош таҳририяти, Тошкент. 1992 йил.
13.    Ашраф Аҳмад, «Улуғбек Муҳаммад Тарағай». Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994 йил.
14.    Заҳриддин Муҳаммад Бобур, «Бобурнома». «Юлдузча» нашриёти, 1990 йил.
15.    Амриддин Бердимуродов, «Гўри Амир мақбараси». Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. Тошкент, 1996 йил.
16.     Низомиддин Шомий, «Зафарнома». «Ўзбекистон» нашриёти, 1996 йил.
17.    Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи, «Самарқанднинг сара уламолари». «Ҳилол нашр», Тошкент 2014.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

 
Баннер