Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Ислом душманлари Исломга кирди
11.09.2014 13:23    PDF Босма E-mail

Ислом дунёси тарихидаги энг ваҳшиёна босқинчиликни мўғуллар қилишган. Ибн Асир айтади: «Бу мусибат шунчалик даҳшатли эдики, бу ҳақда гапиришга узоқ вақт иккиланиб юрдим. Унга ўхшагани тарихда умуман бўлмаган. Одам алайҳиссалом давридан то ҳозирги кунимизгача инсоният бунақасини асло кўрмаган. Яъжуж-Маъжуж босқинини истисно қилганда эҳтимол то қиёматгача бунга ўхшаши бўлмас ҳам. Босқинчилар ҳеч кимни аяб ўтиришмасди, ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб ташлар, болаларни бачадонида ўлдиришар эди. Бу умумжаҳон миқёсидаги фожиа эди» («Ал-Комил»дан).

Мағлубият нималигини билмаган мўғуллар милодий 650 йили Бағдодга киришди ва шаҳарни харобага айлантиришди. Ибн Касир ёзади: «Бағдодда қирқ кун қирғинбарот бўлди, шундан кейин дунёдаги энг гўзал шаҳар ер билан яксон қилинди. У ерда талмовсираб юрган бир тўда одамни кўриш мумкин эди. Жасадлар кўчаларни шунчалик тўлдиргандики, баландлиги ҳатто томларга етган эди. Мурдалардан чиққан ҳиддан нафас олишга имкон бўлмасди. Очлик, вабо ва ўлим бутун мамлакатни чулғаб олганди».
Мўғулларнинг ғолибона юришини Миср султони Сайфуддин Кутузгина тўхтата олди. Унинг вафотидан кейин вориси Бийбарс уларга қақшатғич зарба бериб, бутун Сурияни озод қилди. Аммо мўғуллар ҳамон Ироқдан Эронгача бўлган улкан ҳудудда ҳукмронлик қилишарди. Тақдирнинг қалтис «ҳазили»ни қарангки, ана шу ёввойиларга ўша пайтдаги жаҳон маданияти ва ҳазорасини бошқариш насиб этди. Мусулмонларнинг ақлий ва маданий салоҳиятига қаттиқ зарба берилди, улар бирор нарса қилишга ожиз эдилар. Гўё ҳамма нарсадан мосуво бўлинган бир паллада ажойиб мўъжизасини кўрсатиш учун Исломнинг руҳий шавкати олдинга чиқди. Мусулмон руҳонийлар ва сарой аъёнлари мўғул ҳукмдорлари орасида иш бошлаб юборишди, қолганини Ислом мафтункорлигининг ўзи уддалади. Аллоҳ таолонинг иродаси билан мусулмонларни мағлуб қилганларнинг ўзлари Исломга таслим бўлишди.
Ибн Касир ёзади: «Шу йили (694) тахтда Чингизхоннинг эвараси Қозонхон ўтирарди ва уни Амир Тавзун (раҳималлоҳу таоло) Исломга киритганди. У билан бирга барча мўғуллар мусулмон бўлишди. Султон Исломга кираётган куни олтин, кумуш, зумрадлар садақа қилинди. Султон Маҳмуд исмини танлади ва жума намозига борди. Бағдод ва бошқа жойларда талаб олинган мулклар эгаларига қайтарилди ва одил судлов жорий қилинди. Одамлар мўғуллар қўлида тасбеҳ кўриб, Аллоҳга ҳамдлар айтишди». (Абул Ҳасан Надавийнинг «Мусулмонларнинг Исломдан узоқлашувидан дунё нималарни йўқотди» китобидан).

 

 
Баннер