Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Соҳибқирон ишончини қозонган саркардалар
21.07.2014 07:09    PDF Босма E-mail

Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳоншумул обрў-эътибор ва шон-шуҳрат қозонишида бош омил ҳисобланган жиҳат, яъни саркардалик даҳоси, ҳарбий истеъдоди ва маҳорати, жаҳон ҳарб санъатига қўшган улкан улуши борасида кўпдан-кўп фикр-мулоҳазалар, илмий ҳамда бадиий асарлар мавжудлигига қарамасдан, бу борадаги изланишларни узлуксиз давом эттириш Соҳибқироннинг ҳарбий иш соҳасидаги янгидан-янги хусусиятларини кашф этишга хизмат қилади, деган фикрдаман.
Ҳазрат Амир Темурнинг бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солган ҳарбий зафарларига, албатта, фақат унинг Оллоҳ томонидан инъом этилган лашкарбошилик салоҳияти маҳсули дебгина қарамасдан, балки унинг фавқулодда замонавий қурол-яроғлар билан таъминланган, ўша даврнинг илғор жанг олиб бориш амалиётларини мукаммал эгаллаган ўта интизомли армияни тузиши натижаси тарзида баҳоламоқ ҳам мақсадга мувофиқдир.
Асосий карвон йўллари устидан қатъий назорат ўрнатиш, салтанат қудратини юқори поғонага олиб чиқиш, халқ турмуш тарзини кўтариш каби олий мақсадлар йўлида Амир Темур XIV — XV асрларда ҳам стратегик, ҳам тактик жиҳатдан тенги йўқ тезкор ҳарбий кучлари билан сонсиз жангу жадалларда иштирок этди, оламшумул ғалабаларга эришди. Амир Темур ўзининг 45 йил давомида олиб борган тўхтовсиз ҳарбий ҳаракатларида қўшиннинг турли бўлинма ва қисмларини бошқарувчи истеъдодли қўмондонларни танлашга, уларни тарбиялаб, вояга етказишга алоҳида куч сарфлади.
Ҳарбий ишнинг мураккаб сир-асроридан тўла воқиф бўлган, ғаним кучлари сафларини синдириш усулларини пухта эгаллаган, мураккаб вазиятларда ҳам эсанкирамай дадил ҳаракат қиладиган, ҳар қандай тўсиқ ҳамда ғовларни усталик билан босиб ўтадиган, мақсадларнинг рўёбга чиқиши йўлида ўз жонини ҳам бахшида этадиган фидокор ва содиқ шахсларни Соҳибқирон, биринчи навбатда, қўшинда мавжуд бўлган турли лашкарбошилик вазифаларига лойиқ топар, аскарлар тақдирини уларга топширар эди.
Тарихий манбаларнинг шаҳодат беришларича, Амир Темур барпо этган қудратли армиянинг турли-туман қисм ва бўлинмаларига уч юз ўн уч бек сардорлик қилган. Уларнинг дастлабки юзтаси ўнбегилик, иккинчи юзтаси юзбегилик, учинчи юзтаси мингбегилик мансабларига эгалик қилган. Туман, яъни ўн минг жангчидан иборат дивизияларга Соҳибқироннинг ўғиллари, набиралари, сафдошлари ва уларнинг фарзандлари бошчилик қилган. Амир Темур армиясида хизматда бўлган саркардаларни шартли уч гуруҳга бўлиш мумкин.
Биринчи гуруҳга Соҳибқироннинг марказлашган салтанат барпо этиш иддаоси билан сиёсат саҳнасига чиққан вақтдан умрининг сўнгги онларигача унга садоқат ва вафо билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлган амир Сулаймон барлос, амир Жаку барлос, амир Ҳожи Сайфуддин нукуз, амир Аббос баҳодир қипчоқ, амир Довуд дуғлат, амир Муайяд арлот, амир Оқбўға баҳодир найман, амир Шайх Али баҳодир, амир Элчибўға баҳодир, амир Эйгу Темур баҳодир сингари уруғ ва қавм сардорларини киритиш жоиз.
Иккинчи гуруҳдан Соҳибқироннинг дўстлари, тенгқурлари, содиқ сафдошлари, фарзандлари ўрин олади. Булар ичида 1383-1384 йили вафот этган амир Жаку барлоснинг ўғли амир Жаҳоншоҳ, 1391 йили Тўхтамишхон билан бўлган тенгсиз жангда ҳалок бўлган Эйгу Темурнинг қондоши амир Шоҳмалик, амир Сарибўға жалойирнинг фарзанди амир Шайх Нуруддин, амир Аббос баҳодирнинг ўғиллари — амир Усмон, амир Умар, амир Шамсуддин, амир Ҳожи Сайфуддиннинг укаси амир Аллоҳдод, амир Тоғайбўғанинг ўғли амир Рустам сингари кўпдан-кўп саркардалар алоҳида жой эгаллайди.
Учинчи гуруҳни Соҳибқироннинг хос фарзандлари, набиралари, яқин туғишганлари ташкил этади. Булар жумласидан Жаҳонгир мирзо, Умаршайх мирзо, Амираншоҳ мирзо, Шоҳрух мирзо ва уларнинг пушти камаридан бўлган фарзандлари Муҳаммад Султон мирзо ва Пир Муҳаммад мирзо ибн Жаҳонгир мирзо, Пир Муҳаммад мирзо, Рустам мирзо ва Искандар мирзо ибн Умаршайх мирзо, Абубакр мирзо, Умар мирзо ва Халил Султон мирзо ибн Амираншоҳ мирзо киради. Шоҳрух мирзонинг ўғиллари ҳали ўта кичик ёшда бўлганлари боис улар Амир Темурнинг ҳаётлик пайтида унинг аскарий қисмларига, табиий, саркардалик қилолмас эдилар.
Мазкур гуруҳга Соҳибқирон қизи Оғабегининг ўғли Султон Ҳусайн мирзо ҳамда опаси Қутлуғ Туркан оғанинг амир Довуд дуғлатдан туғилган фарзанди амир Сулаймоншоҳ баҳодир мирзо ҳам ҳақли равишда тааллуқлидир.
Амир Темур қўмондонлар таркибининг ҳарбий ишда талаб даражасида маҳорат ва малакага эга бўлган истеъдод соҳибларидан шаклланишига катта эътибор қаратган. Ҳарбий қобилияти бор муайян бир шахс, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, лашкарбошилик рутбасини қўлга киритган.
Соҳибқироннинг хос навкарларидан бўлмиш Мубашширнинг Амир Темурнинг шахсий раҳнамолигида амирлик даражасига ўсиб бориши зикр этилган мулоҳазани тасдиқлашда яққол мисолдир. Соҳибқирон шахсан ўзи олий бош қўмондонлик қилган барча йирик муҳорабаларда бевосита қатнашган амир Мубашшир, масалан, Туркия султони Боязид Йилдирим билан 1402 йили Анқара бўсағасидаги жангда Амираншоҳ мирзо, Муҳаммад Султон мирзо, Пир Муҳаммад мирзо, улуғ амирлар — Шайх Нуруддин, Али Султон, Али Қавчин ҳамда Тахуртан қатори қўшиннинг бурангаридан жой олган.
Бўлажак саркардалар жуда ёшликдан ҳарбий санъатнинг нозик жиҳатлари билан яқиндан танишган, тажрибали мураббийлар, яъни отабеклардан аскарий иш борасида сабоқ олган, ҳарбий ҳаракатларда фаол иштирок этганлар.
Манбаларга мурожаат қиламиз. Жаҳонгир мирзо ва Умаршайх мирзо ўспиринлик чоғидан сиёсий ҳамда ҳарбий ҳаётда фаоллик кўрсатганлар. Амираншоҳ ўн тўрт ёшида Хуросон мулки ҳукмдори этиб тайинланган ва шу ўлканинг қўшинларини бошқарган. 1377 йили таваллуд топган Шоҳрух мирзо 1390 — 1391 йиллари амалга оширилган юришларда қатнашган.
1398 йилнинг 17 декабрида Деҳли ҳукмдори Султон Маҳмудхон билан тўқнашув вақтида Амир Темурнинг эътиборли бекларидан Худойдод қўлида таълим олган, эндигина ўн беш баҳорни қаршилаган Халил Султон мирзо ҳаммадан бурун душманга ҳамла қилади ва бир жанговар филни ўлжа олиб, Соҳибқирон ҳузурига келади. Натижада бобоси томонидан турли-туман мақтову навозишлар билан тақдирланади.
Амир Темурнинг ҳарбий сафарлари синчиклаб таҳлил этилса, уларда навқирон саркардаларнинг ўзларига ишониб топширилган қисм, бўлинмаларга тажрибали, ададсиз жангу жадалларнинг иштирокчиси бўлган эътиборли бекларнинг ўзига хос назорати остида қўмондонлик қилганлигини пайқаш мумкин. Масалан, Соҳибқироннинг Шерозда турганлигидан фойдаланган Тўхтамишхон 1388 йили Самарқанд ҳудудига бостириб киради. Бобоси йўқлигида Мовароуннаҳр чегараларини асраш масъулияти зиммасига топширилган йигирма ёшли Умаршайх мирзо зудлик билан черикка бош бўлиб ёвга қарши сафарга отланган. Унга Амир Темурнинг яқин сафдоши, ҳисобсиз савашларда суяги қотган амир Аббос баҳодир ва бошқа нуфузли беклар ҳамкорлик қилади.
1383 йили сеистонликлар билан бўлган тўқнашувда ўн етти ёшли Амираншоҳ мирзо ўнг қўлнинг манглай (авангард)идан жой эгаллаган, улуғ амирлардан бир гуруҳи, жумладан, амир Ҳожи Сайфуддин, амир Оқбўға унинг хизматида бўлганлар.
Маълумки, Соҳибқироннинг саркардалик салоҳияти унинг бир неча қатла оз ададли аскар билан кўпсонли ғаним лашкарига қарши жанг олиб борган вазиятларда ҳам рўй-рост намоён бўлган. Қуръони Каримдаги “Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Оллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган”лиги ҳақидаги оятни яхши билан Амир Темур аксар ҳолларда миқдор жиҳатидан бир неча бор зиёд бўлган ёвга рўбару келиб, ўзига хос лашкарбошилик зеҳни кўмагида зафарлар қучган. Соҳибқироннинг мана шу жиҳатини унинг лашкарбошилари фаолиятида ҳам қайта-қайта кузатиш мумкин.
Ҳиндистон юриши вақтида, Жаун дарёси бўйида Севинчак баҳодир, Саййидхожа ва амир Мубашширнинг уч юз кишилик отлиқ аскарлари билан Маллухоннинг тўрт минг суворий, беш минг пиёда, йигирма етти жанговар филга қарши мардонавор жангга кириб, ҳиндларни Деҳли томон чекинишга мажбур этганлигини ёки Умаршайх мирзонинг 1389 йили олтмиш навкари билан саккиз юз кишилик ғаним лашкарларини тор-мор қилганини шулар жумласидан, деб ҳисобласа бўлади.
Соҳибқирон лашкарбошилари матонати, жасурлиги, душмандан асло чўчимаслиги, ўта оғир вазиятларда ҳам аскарларни ўз кетидан эргаштириш, улар қалбида ғалабага бўлган ишончни авж олдириш салоҳиятига эга эди. 1372 йили Хоразмга қилинган дастлабки сафарида Кат шаҳрини ишғол этиш чоғида амир Шайх Али баҳодирнинг биринчи бўлиб қалъа фаслига чиқиши ёхуд Муҳаммад Султон мирзонинг 1393 йили Шуштар қалъасини эгаллаш пайтида ҳаммадан аввал ҳисор устига чиқиб, туғ ҳамда байроқларни ўрнатиши сингари ҳисобсиз ҳаракатларни мисол тариқасида келтириш мумкин.
Саркардаларнинг жасорати, қаҳрамонлиги, довюраклиги, ҳарбий тактик амалиётларни моҳирона қўллаши Амир Темур эътиборидан четда қолмас, аксинча, инояту марҳаматлар кўрсатилар, муносиб даражаю унвонлар билан шарафланар, турфа тортиғу суюрғоллар билан сийланарди.
1388 йили Кўча Малик Мўғулистон ҳукмдорларидан Инкотўра ортидан қувлаб бориб, ўн уч навкари билан Хўжанд яқинидаги Жийжол мавзеида ёвнинг уч юз жангчисига шабихун қилиб, Хўжанд ва унинг теварак-атрофидан олинган асирларни душман тутқунидан қутқарган, уларга йўл озиғи бериб, юртларига жўнатгани боис Соҳибқирон унга суюрғол тайин этади ва тархонлик мансабини бериш ҳақида фармон чиқаради. 1391 йили Дашти Қипчоқ қўшини билан бўлган даҳшатли муҳорабада кимда-ким мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатган бўлса, Амир Темур ўша шахсга тархонлик нишонини беради ҳамда уларни ўз ҳузурига киришдан ҳеч ким ман қилмасин, уларни ва фарзандларини тўққиз марта гуноҳ содир этмагунча сўроқ қилинмасин, отларидан улов учун олинмасин, барча фавқулодда йиғинлардан озод этилсин, деб ҳукм чиқаради. Амир Шоҳмаликнинг мартабасини улуғлаб, унга парвоначи мансабининг хос муҳрини топширади. Унинг яқинлари ва қариндошларини ҳам ўз иноят ва марҳаматига мушарраф этиб, содиқ саркардасига вазирлик тўнини кийгизади.
Амир Темур армиясида лашкарбошиларнинг жанг чоғида бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишлари, қийин, хавфли ҳолатларда зудликда кўмакка келишлари аъло даражада йўлга қўйилганини кузатамиз. 1398 йилнинг 2 ноябрида Батнайр қалъаси аҳоласидан солиқ молини ундириш мақсадида жўнатилган амир Шайх Нуруддин ва амир Аллоҳдан бошлиқ жангчилар гуруҳи габрлар қуршовига тушиб қолади. Жангда анчагина киши ярадор бўлади. Амир Шайх Нуруддинни душман ўртага олиб, асирга туширишига оз фурсат қолганда Феруз Сеистоний ва унинг навкарлари габрлар устига шиба ўқи ёғдириб, амир Шайх Нуруддинни ҳалокатдан қутқариб қоладилар. Соҳибқирон Феруз Сеистонийни ушбу жасорати учун муносиб тақдирлайди.
Амир Темур ўз саркардаларини ўта қадрлаган ва эъзозлаган, ҳурматини жойига қўйган. Уларнинг ҳаёти хавф-хатар остида қолганда бор куч-қувватини, қобилиятини, тажрибасини уларни бартараф этиш учун сарфлаган. Мисрликлар қўлида банди бўлган амир Отламишни қутқариш йўлида Соҳибқирон томонидан олиб борилган ҳам дипломатик, ҳам ҳарбий саъй-ҳаракатлар фикримизни далиллашда яққол мисол бўлади.
Амир Темурнинг шахсий раҳнамолиги остида вояга етган, ўрта асрнинг энг қудратли ва интизомли армияларидан бирини барпо қилишда, жаҳоншумул нусратларни қўлга киритишда унга сафдош бўлган саркардаларнинг ҳаёт йўлини асл манбалар асосида чуқур ўрганиш, темурий саркардалар галереясини яратиш Истиқлол мафкураси қўяётган талабларга муайян даражада жавоб беради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 14-сонидан олинди.

 
Баннер