Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Туркийлар инқирозининг асл сабаблари
06.06.2014 00:29    PDF Босма E-mail

Бугун сизлар ҳавойи нафслар илмга тобеъ замонда яшаяпсиз. Ҳали шундай замонлар келадики, унда илм ҳавойи нафсларга тобеъ бўлади.
Абдуллоҳ ибн МАСЪУД

А. ХАТИБЗОДА:
Бундан бир неча юз йиллар илгари Туркистонга келиб, бадавий бир ҳолда яшаган халқларни маданий бир ҳолга келтириб, улуғ-буюк аллома Тафтазоний, Бухорий, Форобий, Хожа Аҳрор Валий, Хожа Аҳмад Яссавий, Навоий ва шулар каби қанча доҳий, олим-уламолар, зўр ҳакимларни етиштирган, инсонларнинг, моликларнинг ақлини шошириб, ҳайратда қолдирадиган тоғ каби бино-равоқлар, катта-катта масжид-мадрасаларни ясатган, неча минглаб талабаларни ўқитган Ислом дини, Ислом маданияти ҳозирги асримизда мазлум, маъзун, эътибордан соқит бўлиб ётмоқда. Сабаби эса сўнгги чоқлардаги илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этдилар. Бечора уламолар тор кўзлари, кичкина миқёсда топган тарбиялари асосида жоҳил, хоин хонларнинг бўйинтуруғи остига кириб, айтганича ишламакка мажбур бўлдилар. 
(«Ҳақиқат» журнали, 1922 йил, 1-сон)

АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙ:
Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби – динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини “дин ҳомийлари” деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш-ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур.
(«Ватан аҳлларига деганларим» мақоласидан, «Ўзбегим», Т, 1992)

ИСМОИЛБЕЙ ҒАСПИРАЛИ:
Биз, туркийлар ўз тарихи тонгидаёқ ёзувига эга бўлган, кейин ҳам уни илм ва тафаккурдаги улкан муваффақиятлар билан безаган қабила сифатида яшаб келдик ва шундай яшажаякмиз. Агар биз муайян тарихий шароитлар туфайли бошқа халқлардан орқада қолган эканмиз, бу ҳали миллий-маданий инкишоф ҳуқуқидан маҳрум этмайди, аксинча, у томон янада каттароқ ғайрат билан интилишга мажбур этади.
(«Туркчилик» мақоласидан, «Таржумон», 1907 йил, 38-сон)

РИЗОУДДИН ИБН ФАХРИДДИН:
«Султон Маҳмуд аскарларга янги қоида ишлаб чиқишга ва замонга мувофиқ кийинишга, бошқа давлатларга ўхшаб ҳарбий таълим беришга киришган вақтда Истанбул уламолари бу ислоҳотга дин номидан қарши туришди... Лекин Султон Маҳмуд динни яхши билганидан ва ҳар бир салла ўраган «олим»нинг ҳайбаракалласига учиб кетавермаганидан ўз сўзининг устидан чиқди, «амри маъруф» ва «наҳий мункар» учун йиғилган Истанбул кўчаларидаги мутаассибларга замбаракнинг оғзини тўғрилаб қўйди... Ўзларини дин йўлида қурбон қилишга чоғланган зотлар энг аввал жуфтакни ростлаб қолишди.
Бу кунларда Бухоро шаҳрининг уламолари янги усул билан болаларга «алифбо» ўқитишни ман қилдилар, шундай мактабларни дин номидан бекитдилар. Кўкраклари, сонлари очиқ ўрис қизларнинг театрларда, сиркларда ўйнашларини мақтаб, таҳсинлар айтиб, сўлакларини оқизишиб томоша қилиб ўтиришда, Ислом вақфларини сотиб еб, рибо билан муомала қилишда ўзлари учун динда монеълик топмаган бу «муборак» зотлар болаларга енгиллик билан ўқиш-ёзишни ўргатадиган бу мактабларнинг очилишида қандай монеълик топишди экан?!»
(«Жавомеъул калим», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2004, 95-бет)

ИСҲОҚХОН ИБРАТ:

«Ҳар бир давр-замонда янги-янги нарсалар пайдо бўлади, кашф этилади. Мусулмонлар уларни дин ва замона тарозисида тортиб қабул этишлари, кераклисидан ўз манфаатлари йўлида бемалол фойдаланишлари керак... Аммо айрим нодон ва жоҳил кимсалар, мутаассиб дин ходимлари ана шу қулайликларни Аллоҳ бандалари учун яратиб қўйганини инкор этиб, уларни ҳаром ёки макруҳ деб эълон қиладилар ва мусулмонлар орасига низо солиб, уларни тафриқага (бўлинишга) олиб борадилар... Ўрта Осиёда пайдо бўлган поезд, пароход, машина, тилғироф каби одамлар учун зарур ва фойдали нарсаларни Аллоҳ таоло бандаларига ато этиб турсаю, бизлар жоҳиллигимизга бориб бу неъматлардан фойдаланишдан бош тортиб турсак, яхши бўладими?.. Мусулмонлар замонни ўзларига мослаштиришни кутиб ўтирмай, ўзлари ўша замоннинг фойдали илмларига мослашсалар, яхши бўлмасмикин?!»
(«Мезон уз-замон» асаридан, Наманган, Матбааи «Исҳоқия»,
1912 йил, 36-бет)

ЮСУФ ҚАРОЗОВИЙ:
«Ҳамма нарсани тақиқлашни яхши кўрадиган ва жуда эҳтиёткорлик билан ёндошиш керак бўлган «ҳаром» сўзини суиистеъмол қилувчи дин олимлари ҳақида шуни айтиш лозимки, бундай кишилар «ҳаром» сўзини кўпинча мутлақо сабабсиз тилга олишади. Улар наздида телевидение, кино, фотография, аксионерлик жамиятлари, хуллас, ҳамма нарса ҳаром. Умуман, уларнинг бутун ҳаёти ҳаром устига ҳаромдан иборат. Ахир Қуръони карим шундай буюради: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара сураси, 185-оят). Мусулмон арбоблари ҳамиша замон билан баравар қадам ташлашлари керак».
(Интернетнинг «qarоzoviy.com» сайти)

 
Баннер