Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги (705-715) даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 (милодий 711) йилда фатҳ этилди ва бу икки давлат фатҳдан сўнг араб тилида битта ном билан «Андалусия» деб атала бошланди. Андалусия Ислом халифалиги даврида ниҳоятда гуллаб-яшнаган, Қуртуба (Кордова), Ишбилия (Севиля), Ғарнота (Гранада) каби ўлкалар илм-фан, маданият, савдо-сотиқ соҳасида фақат Бағдод ва Қустантаниядангина орқада бўлган. Андалусияда гўзал шаҳарлар, муҳташам масжид ва қасрлар барпо этилган, ҳунармандчилик ривожланган. Андалусиядан донғи дунёга кетган Имом Қуртубий, Ибн Арабий, Ибн Ҳазм, Ибн Рушд, Абу Ҳаййон, Ибн Атиййа каби олимлар етишиб чиққан. Андалусияда исломий китобларнинг улкан хазиналари жамланган, исломий билимлар юксак даражада ривожланган эди. Бу ерда барпо этилган ва Ислом меъморлигининг шоҳ асарлари саналган Аз-Заҳро, Ал-Ҳамро каби муҳташам ва фусункор қасрларни ҳалигача бирор миллат ёки давлат қура олгани йўқ. Насронийлар ҳижрий 635 (милодий 1236) йили Қуртубани, 646 (милодий 1248) йили Ишбилияни босиб олиб, барча мусулмонларни қиличдан ўтказди, Ислом маданияти обидаларини яксон қилиб, китобларни ёқди. Фақат Ғарнотада мусулмонлар ҳукмронлиги милодий 1492 йилгача давом этди ва шундан кейин Андалусия батамом таназзулга юз тутди.
|