Саналар
03.12.2024
Баннер
Баннер
Қрим хонлиги ва унинг хароб бўлиши
PDF Босма E-mail

Пойтахти - Боғчасарой. Ҳудуди-400 минг км2 (1500). Давлат тили - татар тили.

Қрим хонлиги Днепр ва Дунай орасидаги ерларни, Азов бўйларини ва ҳозирги Краснодар ўлкасининг катта қисмини эгаллаган. Хонлик расман 1478 йилдан Усмонийлар давлатининг иттифоқчиси бўлган ва бу иттифоқ, 1774 йилги Кичик Қайнаржа битими тузилгунча, амалда бўлган. Қрим хонлиги Россия империяси томонидан 1783 йили аннексия қилинди.

Мўғулларнинг Қримга юриши 1223 ва 1239 йилларга тўғри келади. 1224 йили улар руслар ва половецларнинг бирлашган қўшинини енгиб Судоқни олишди. 1237 йили мўғуллар томонидан половецлар йўқ қилинди. Шундан сўнг бутун Қрим Олтин Ўрда номи билан машҳур Жўжи улуси таркибига кирди.
1363 йили Литва князи Ольгерд татар қўшинини енгиб Қримга тажовуз қилди, Херсонни талон-торож этди.
1397 йили Витовт Қримга юриши чоғида Каффагача келиб, Херсонни вайрон қилди.
1399 йили Тўхтамишга ёрдам берган Витовт Ворскла бўйларида Темур Қутлуғ бошлиқ татарлар томонидан тор-мор келтирилди.

Қримнинг мустақил бўлиши

1420 йили, Едигей вафотидан сўнг, Олтин Ўрда Қрим устидан назоратни йўқотди. Шундан кейин Қримда тахт учун кураш бошланиб кетди. Бу курашда гирейлар сулоласига мансуб Ҳожи Гирей ғолиб бўлди. 1427 йили у ўзини Қрим хони деб эълон қилди. 1441 йили Литва князлиги ва маҳаллий зодагонлар томонидан тахтга чиқарилди.
XV аср ўрталарида Олтин Ўрда ичидаги нотинчликлар туфайли давлат Қрим, Қозон, Астрахан хонликпари ва Нўғай Ўрдага бўлиниб кетди.

Усмонийлар давлатига тобелик

1482 йили Москва князи Иван III Менгли Гирейни польяк ерларига юриш қилишга чақирди. Менгли Киевни эгаллаб талон-торож қилди. Хон қўлга тушган нарсалардан Иван III га София черковидаги қимматбаҳо буюмларни юборди. 1474 йили Иван III Менгли Гирей билан иттифоқ тузди, бу иттифоқ унинг ўлимигача сақланиб қолди.
1475 йили усмонийлар қўшини генуяликлар асос солган Қрим соҳилларидаги Феодоро князлигини эгаллади. Князликда 200 мингтача киши яшар, аҳолининг асосий қисми греклар, аланлар, готлар ва бошқалар эди. Қримнинг тоғли минтақаларини, Қора денгиз, Азов денгизи бўйларидаги ва Кубандаги қалъаларини эгаллаган мазкур ҳудудлар тўғридан-тўғри Истанбулга бўйсунарди. Турклар у ҳудудда қўшин, давлат аппаратини жорий қилиб, солиқ йиғиш билан шуғулланган.
1478 йилдан бошлаб Қрим хонлиги расман Усмонийлар давлатининг вассалига айланди, 1774 йилги Кичик Қайнаржа битими имзолангунча, вазият сақланиб қолди. Хонларни тайинлаш, тасдиқлаш ва ағдариш 1584 йилдан Истанбул хоҳишига қараб амалга ошириларди.

Моcква давлати ва Реч Посполитага қарши урушлар

XV аср охиридан Қрим хонлиги Москва давлати ва Польшага қарши мунтазам юриш қилиб турди. Бу юришлар, асосан, аҳолини талаш ва қул қилишдан иборат эди. Айниқса, асирларни қўлга олиш татарларни кўпроқ қизиқтирарди. Асирларни қул қилиб сотиш хонликнинг муҳим даромад манбаи эди. Каффада йирик қул бозори фаолият кўрсатган. Баъзи тадқиқотчилар фикрича, Қримнинг қул бозорларида икки аср мобайнида 3 миллиондан ортиқодам сотилган, уларнинг асосий қисми руслар, украинлар ва польяклар эди. Ҳар йили Москва давлати 65 минггача кишини кеч кузгача Ока дарёсини ҳимоя қилишга жўнатган.
Қримнинг ўзида асирлар кўп қолдирилмасди. Қримнинг урф-одатига кўра, қуллар 5-6 йилдан сўнг озод қилинган. Ҳозиргача сақланиб қолган рус ва украин ҳужжатларида баъзи асирлар ўз юртига қайтиб боргани ёзилади. Озод қилинган кишиларнинг айримлари Қримнинг ўзида қолишни маъқул кўрган. Украин тарихчиси Дмитрий Яворницкий қуйидаги воқеани келтиради: «1675 йили Запорожье казаклари атамани Иван Сирко Қримга босқин қилиб катта мол-мулкни қўлга киритди, жумладан, етти мингта яқин христиан қулларни ҳам. Атаман уларга казаклар билан бирга ватанингиз қайтасизми ёки Қримда қоласизми деб мурожаат қилган. Асирларнинг уч минги Қримда қолишини билдирган. Сирко уларни қириб ташлашни буюрган». Қримда қулга айлантирилган кишилар исломни қабул қилса, дарҳол озод этилган. Рус тарихчиси Валерий Возгриннинг маълумотлари бўйича, Қримда XVI - XVIII асрлардаёқ қулчилик тугатилган. Асирга олинганларнинг кўпчилиги Усмонийлар давлатига сотиб юборилган.
Хон Давлат I Гирей Иван IV Грознийга қарши тўхтовсиз уруш олиб борган.
1571 йили Қрим хони 40 минг суворий қўшин билан Москвага юриш қилиб ўт қўйди. Хон бу ғалабаси учун «Тахт алған» (Тахтни олган) унвонига эга бўлди. Кўплаб тарихчилар гувоҳлигига кўра, Москвада бир неча юз мингдан ортиқ киши ўлган ва 50 мингга яқин киши асир тушган. Иван IV Польша каби Қрим хонлигига ҳар йили ўлпон тўлаш мажбуриятини олди. Пекин 1572 йили Молодях жангида татарлар қақшатқич мағлубиятга учрашди. Натижада Қрим хонлиги аввалги қудратини йўқотиб, Волгабўйига даъвосидан воз кечди. Қримга ўлпон тўлаш XVII аср охиригача давом этган ва Пётр I даврига келгандагина тўхтаган.

XVII аср - XVIII асрнинг бошларида Қрим

Ислом III Гирей (1644 - 1654) украин гетмани Богдан Хмельницкийга Польшага қарши олиб борган курашида ёрдам берди.
Сайёҳ Авлиё Чалабий 1660 йили Қрим бўйлаб саёҳат қилар экан, бир қанча қимматли маълумотлар қолдирган, масалан: «Татар фуқаролари 12 тилда сўзлашишади ва фақаттаржимони орқалигина бир-бирларини тушунишади», -деб ёзади.
Салим I Гирей (1671 -1678,1684 -1691,1692-1699,1702 -1704) усмонийлар билан бирга Реч Посполитага қарши муваффақиятли, Москва давлатига қарши омадсиз уруш олиб борди. Москвага қарши юришдаги мағлубиятдан сўнг Родосга сургун қилинди.
Мурод Гирей 1683 йили турклар билан бирга Венани қамал қилишда, немисларга қарши жангларда иштирок этган. Вена остоналарида мағлубиятга учраб турк султонига хиёнат қилишда айбланган ва хонликдан маҳрум этилган.

Карл XII ва Мазепа билан иттифоқ тузишга уриниш

1700 йилги Константинополь битими қрим татарларига Россия ва Украина ерларига босқин қилишни тақиқларди.
Карл XII 1709 йил баҳорида Давлат II Гирейга бир неча бор ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузишни таклиф қилди. Усмонийлар давлати Россияга қарши уруш олиб боришни астойдил истамаётгани боис, Қрим хонлиги рус-швед уруши силсиласидаги Полтава жангида бетарафликни сақлади.
Полтава жангидан сўнг Карл XII Истанбул ва Боғчасарой билан яхши алоқани йўлга қўйди. Аҳмад III урушда қатнашишга иккиланган бўлса, Давлат II Гирей ҳар қандай чақириққа рози эди. Уруш бошланишини кутмасдан 1710 йил май ойида Карл XII нинг ноиби Филипп орлик ва запорожьеликлар билан битим тузди.

Битим шартлари қуйидагича эди:

1.    Хон запорожьеликлар билан иттифоқ тузиш мажбуриятини олди, бироқ бу ҳолатда уларни бўйсундирмаслиги лозим эди.
2.    Давлат II Украинанинг Москвадан тўлиқ мустақил бўлишига ёрдам бериши, бу ҳолатда асир олмаслиги ва православ черковларини таламаслиги керак эди.
3.    Хон Украинанинг шарқ томонини Москвадан ажратиб, ғарб томонига қўшиб ягона мустақил давлатга бирлаштиришда бор кучи билан ёрдам бериши талаб этиларди.

1711 йил 6-12 январь кунлари Қрим қўшини Перекопдан ўтди. Киевга Маҳмуд Гирей 40 минг кишилик қўшин билан юриш бошлади, унга 7-8 минг кишилик орликлар ва запорожьеликлар, 3-5 минг польяклар, 400 нафар яничар ва полковник Цюлих бошлиқ 700 кишилик шведпар ҳамроҳ эди.
1711 йил февраль ойи давомида Қрим қўшини Брацлав, Богуслав, Немировни эгаллади.
1711 йил ёзида Пётр I 80 минг кишилик қўшин билан Прут юришига жўнади. Қрим қўшини турклар билан биргаликда 70 минг киши чамаланарди. Улар Пётрни қуршовга олишди. Пётр I иложсиз қолиб турклар билан Прут тинчлик сулҳини имзолади. Сулҳга кўра, Россия Азов денгизига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди ва Азов-Қора денгиздаги флотидан айрилди.

1736-1738 йиллардаги рус-қрим уруши ва Қримнинг хароб бўлиши

Қоплон I Гирей (1707- 1708, 1713- 1715, 1730-1736). Қоплон усмонийларнинг Эронга қарши урушида қатнашишга маж-бур эди. Россия империяси норозилигига қарамай, хон қўшинини рус чўлларидан олиб ўтди. Бу эса Қрим ва Россия ўртасида янги уруш чиқишига сабаб бўлди. Россия 1735- 1738 йилларда Қримга Миних ва Ласси бошчилигида қўшин жўнатди. Бу юриш натижасида Қрим пойтахти Боғчасарой билан биргаликда хароб қилинди.
1736 йили Миних қўшини Кезлев ва Боғчасаройни бутунлай вайрон этди, шаҳарга ўт қўйилди, қочишга улгурмаган аҳоли қирғин қилинди. Шундан сўнг рус қўшини йўлидаги барча манзилгоҳларни талаб Қримнинг шарқий қисмига юриш қилди. Бироқ ўликпар ўз вақтида дафн этилмагани боис, вабо тарқалиб, кўплаб рус аскарлари қирилди. Миних қолган қўшинни олиб Перекоп ортига кетди. Шарқий Қрим 1737 йили Ласси бошлиқ қўшин томонидан хароб этилди. Рус қўшини Қорасувбозорга ўт қўйиб, шаҳар аҳолисини қириб ташлади. 1738 йили Қримга қарши янги юриш режалаштирилди, лекин Қримда ҳаммаёқ вайрона ҳолида бўлгани ва очарчилик давом этаётгани сабаб, юриш уюштирилмади.
1736 - 1738 йиллардаги уруш Қрим учун ҳалокатли бўлди. Барча муҳим шаҳарлар хароба ҳолида ётар, иқтисодга жуда катта зарар етказилган, мамлакатда очарчилик ва вабо ҳукм сурарди. Аҳолининг катта қисми ўлганди.

1768 - 1774 йиллардаги рус-турк уруши ва Кичик Қайнаржа битими

Қрим Гирей II бошқаруви даврида Усмонийлар давлатини Россияга қарши урушга тортди. Бу уруш хонликнинг қулашига сабаб бўлди. Уруш Россия учун катта фойда келтирди. Румянцевнинг Ларга ва Калугадаги, Орловнинг Чесмедаги ғалабалари Екатеринани бутун Европада машҳур қилди.
Рус қўшини қўмондони Долгоруков Қримга кириб Салим II ни иккита жангда мағлуб этди, бир ой ичида Қримни эгаллади. Долгоруков қўшини Қримни талаб шаҳарларга ўт қўйди, тинч аҳоли ҳам аямай қириб ташланди. Салим II Истанбулга қочди. Қримликлар қуролларини ташлаб Россияга бўйсунишини билдирди.
1774 йил 10 июлда тузилган Кичик Қайнаржа битимига мувофиқ Қрим хонлиги сақланиб қолди, лекин Кинбурн, Керчь ва Ениқалъа Россияга ўтди, шунингдек, Қора денгизда рус флоти эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Сўнгги хонлар ва Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши

Рус қўшини Қримдан чиқарилгач, бутун мамлакатда исён бошланди. Алуштага турк бўлинмалари келиб ўрнашди, рус резиденти Веселицкий Шоҳин томонидан асирга олиниб турк қўмондонлигига топширилди. Алушта, Ялта ва бошқа жойларда рус бўлинмаларига ҳужум қилинди. Қримликлар Давлат IV ни хон қилиб сайлашди. Бу вақтда Истанбулдан Кичик Қайнаржа битимининг матни олинди. Бироқ қримликлар битимда кўрсатилган шаҳарларни Россияга беришни хоҳлашмасди.
1776 йили Россия жанубий чегаралар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Днепр бўйлаб Азовгача 7 та қалъа қурди.
Хон Шоҳин Гирей ҳукмронлиги даврида бир қатор ислоҳотлар ўтказишга уринди. Лекин аҳоли ўртасида ҳар хил ихтилофлар чиқиб, рус бўлинмаларига ҳужум қилишди ва хон саройини талашди. Шоҳин бир қанча ваъдалар беришига қарамай, тахтдан ағдарилди. Улар Баҳодир II ни тахтга чиқаришди. Руслар тезда Қримдаги исённи бостирди. Шоҳин яна тахтга ўтириб рақибларини қатағон қилди.
Русларнинг Азов бўйидаги қўшинига Суворов қўмондон этиб тайинланди. 1778 йили Қримдаги христианлар (тахминан 30 минг киши) Азов бўйларига, греклар Мариополга, арманлар Нахичеванга кўчирилди.
Шоҳин бу воқеалардан сўнг усмонийлар ҳукуматига мурожаат этди. Усмонийлар Қримдан рус қўшинининг чиқарилишидан сўнггина уни хон деб тан олишларини билдирди. 1782 йили Қримда янги қўзғолон бошланди. Шоҳин аввал Ениқалъага, сўнг Кубанга қочди. Россия томонидан тан олинмаган Баҳодир II хон этиб сайланди. 1783 йили рус қўшини огоҳлантиришсиз Қримга бостириб кирди, Шоҳин Гирей тахтдан воз кечди. Унга яшаш учун Россиянинг бирорта шаҳрини танлаш имкони берилиб, харажати учун маблағ ажратилди. Дастлаб Воронежда, сўнг Калугада яшади. Бироз вақт ўтгач усмонийлар ҳукуматининг сўровига биноан Шоҳин туркларга топширилди ва Родос оролига жойлаштирилди.
1783 йил 8 апрелда Россия императори Екатерина II Қрим, Таман ва Кубаннинг Россияга ўтгани ҳақида манифест эълон қилди.
1791 йили Ясса тинчлик сулҳига кўра Усмонийлар давлати Қримни Россия ҳудуди деб эътироф этди.

Шодмон Воҳидов, Адишер Қодиров
"Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан

 
Баннер