Максимилан Робеспиер (талаффузи: Максимилан Робеспер), тўлиқ исми Максимилан Марие Исидоре де Робеспиер (талаффузи: Максимилан Марии Изидор де Робеспер) (1758-йил 6-май Аррас—1794-йил 28-июл Париж) — франсуз инқилобчиси, Буюк франсуз инқилобининг энг таниқли ва нуфузли намояндаларидан бири
Болалиги
Максимилан Марие Исидоре де Робеспиер 1758-йил 6-май куни Франция қироллигининг Артуа вилояти (провинцияси) маркази Аррас шаҳрида дунёга келган. Максимиланнинг ота тарафидан бобокалони Робер Робеспиер (1627—1707) Карвен, Бали, Уани аҳоли пунктларида нотариуслик қилган, отасининг бобоси Мартен Робеспиер (1664—1720) Карвенда прокурор бўлган, бобоси Максимилан Робеспиер (1694—1762) эса Артуанинг олий мажлисида адвокатлик қилган, отаси Максимилан Бартелеми Франсуа де Робеспиер (1732—1777) ҳам Артуа олий кенгашида адвокатлик қилган. Робеспиернинг онаси Жаклин Маргарита Карро (1735—1764) пивофурушнинг қизи бўлган. Робеспиернинг ота-онаси бир-бири билан 1757-йилда танишган, улар Робеспиер туғилмасидан тўрт ой олдин 1758-йил 2-январ куни турмуш қурган. Оилада Максимиландан ташқари яна тўрт нафар фарзанд туғилган: Шарлотта (1760—1834), Генриетта-Улали Франсуаза (1761-йил чақалоқлигида ўлган), Аугустин (1763-й. 4-июл—1794-й. 28-июл). Бир ҳафтадан сўнг Максимилан Робеспиернинг 29 ёшли онаси ҳам вафот этган. Бу пайтда Максимилан эндигина 6 ёшга тўлганди. Орадан икки йил ўтиб, Максимиланнинг отаси номаълум сабабларга кўра оиласини, Аррасни, сўнгра Францияни бутунлай ташлаб чиқиб кетган эди. Онаси ўлгач, Максимилан ва укаси Аугустинни она томонидан бобоси Жак Карро (1701—1778) ўз қарамоғига олди[3]. Синглисини эса холалари боқиб олади. 1765-йил бобоси Максимиланни Аррас коллежига ўқишга берди. Бу коллежни бир пайтлар иезуитлар ташкил қилган бўлиб, улар Франциядан қувғин қилингач, коллеж маҳаллий епископ назоратига ўтган эди. Максимиланнинг синглиси Шарлотта эслашича, у болалигида ёлғиз қолиб, хаёл суриб ўтиришни яхши кўрган. Тарихчилар Робеспиернинг болалиги ҳақида биладиган ягона нарса унинг чумчуқ ва каптарларни қўлга ўргата олгани ҳақидаги ҳикоядир. Пивофуруш бобо Жак Карро адвокатлик иши унинг қизига ва оиласига бахт келтирмаганини важ қилиб, набирасини бухгалтер ёки деҳқонларга уруғлик тайёрловчи тураер (солод тайёрлашда арпа уруғлари униб чиқишини назоират қиливчи касб эгаси) бўлишини мўлжаллаган эди. Бироқ коллеж профессорлари унинг режаларини бузиб юборади. Улар иқтидорли ўқувчиларини шаҳарнинг эътиборли шахсларига таништиради. Аррасда анча обрўли ва ўта художўй бўлган икки холаси Максимилан ҳақида маҳаллий қонунчи Эмега гапириб беради.
Буюк Людовик лицейида
1769-йилда қонунчи Эме ҳомийлигида ва унинг Аррас эпископи Луи Франсуа Марк Илером Конзига берган тавсияномаси натижасида Максимилан Робеспиер Сен-Ваас аббатлиги ҳар йили тўрт кишига берадиган 450 ливрли стипендиялардан бирига эришди ва у Париждаги Буюк Людовик лицейига ўқишга юборилди. Нима бўлганда ҳам, ёш Робеспиер жуда муҳтожликда яшаб ўқийди. У Париждаги коллежда бўлғуси инқилоб сардорлари Камил Демулен ва Луи-Мари Фрерон билан бирга таҳсил олади. Робеспиер жуда яхши ўқийди, кўплаб мукофотлар ва фахрий ёрлиқларга эга бўлади. У лотин тилидан коллежнинг иккинчи мукофотини қўлга киритади.1776-йилда эса риторикадан коллежнинг биринчи совринига эришади. Робеспиер коллежда Қадимги Рим тарихи ва адабиётига қизиқиб қолади. Коллеж ўқитувчиси аббат Эриво уни „римлик“ деб чақирадиган бўлади. Кейинчалик лицейнинг собиқ префекти аббат Пройяр Робеспиер ҳақида „Максимилан бутун эътиборини фақат илмга қаратган, шовқин қилмайдиган, ёлғиз сайр қилишни хуш кўрадиган ноёб ўқувчи эди“, деб эслаган. Робеспиернинг аъло ўқиши ва хулқини коллеж ўқитувчилари тақдирлаб, унга 1775-йили Франциянинг янги қироли Людовик ХVI қаршисида тантанали қутлаш шеърини ўқиб бериш вазифасини топширилган эди. Коллеж раҳбарияти муҳтож бўлган Робеспиерга янги кийим олиши учун маблағ ажратади. 1775-йили 12-июнда Максимилан Робеспиер қирол Людовик ХVI ва қиролича Мария Антуанетта қаршисида тантанали шеърини ўқиб берди. Робеспиернинг коллежда оладиган стипендияси шу ерда қолиб ўқишини давом эттиришга етар эди. Унинг олдида ўқишни тиббиёт, илоҳиётшунослик ва юриспруденция йўналишларида давом эттириш танлови турарди. Робеспиер адлия йўналишини танлади ва Парижнинг Сен-Круа-де-ла-Бретоннри кўчасидаги прокурор Окант ҳузурида тажриба орттирди. Робеспиер ота-боболари йўлидан кетди. Унинг фамилияси олдига ҳам „де“ қўшимчасини қўшиб ёзиладиган бўлади. Отаси билан бобоси ҳам зодагонлар насабига мансуб бўлмаган бўлсада, худди зодагонлар каби фамилияси олдига „де“ қўшимчасини ёзишни маъқул кўрган. Робеспиерлар сулоласида фақатгина Максимиланнинг бобоси акаси, Эпинуа солиқчиси Ив де Робеспиергина 1696-йилда аслзодалик мақомини олган. 1780-йил 31-июл куни Максимилан Робеспиер Сорбонна университетининг юридик факултетини битириб, бакалавр даражасини олди. Унинг стипендияси энди укаси Аугустинега ўтганди. 1781-йил 15-майда Робеспиер лицензия олади ва Париж парламанти адвокатлар реестри рўйхатига киритилди. Шу йилнинг 19-июл куни Робеспиер ўзи ўқиган лицейдан тежаб йиғилган 600 ливрлик стипендияни ола бошлади. Бу эса унинг Парижда яшаб ишлаш ҳуқуқини йўққа чиқарган эди. Робеспиер шаҳри Аррасга кетишга мажбур бўлди. 1782-йил 8-ноябрда Робеспиер Артуа кенгашининг адвокатлар коллегиясига ишга қабул қилинади. У Фуше ва Лазар Карно билан бирга „Розатти“ адабиёт жамиятига ҳам аъзо эди. Ўша пайтда ёшларни шеъриятга, гулга ва винога бўлган муҳаббат ва албатта маърифатпарварлар Монтескё, Руссо, Волтер ва бошқаларнинг илғор ғоялари бирлаштириб турган. Бу даврда Робеспиер Аррас аёлларига бағишлаб, жуда кўп шеърлар ёзган. 1783-йили у Аррас адабиёти, фан ва санъати академиясига аъзо бўлди. Ўз нутқлари билан тезда акақдемияда шуҳрат қозонди. 1786-йилда унинг саъй-ҳаракатлари билан арраслик натурачи аёл Мари Ле Масон Ле Голф ва адиба Луиза де Каралё ҳам академияга аъзо бўлиб кирди. Робеспиер аёллар ҳуқуқлари курашувчи шахс сифатида ҳам танилди. ХVIII аср файласуфлари ғоялари билан қизиқиб қолган Робеспиер сиёсат билан ҳам шуғулланди. Дўстлари ва оиласи ёрдами билан у Артуа провинциясидан Учинчи табақа вакили сифатида Генерал штатларга депутат бўлиб сайланиш учун курашга киришди. Артуа ўлкасини ислоҳ қилиш масаласида тайёрлаган брошюра унга шуҳрат олиб келди. Дастлаб у Аррасдан сайланадиган йигирма тўрт номзод ичида ғалабага эришди, сўнгра 1789-йил апрелида Аррасдан сайланадиган ўн икки депутат ичида Генерал штатларга депутат бўлиб бориш шарафига ҳам мушарраф бўлди. Айнан унга Аррас сайловчилари талабларини тузиш вазифаси ҳам топширилган эди.
Генерал штатлар
Дастлаб бу шимол лаҳжасида гапирувчи, эскича услубда кийинган, провинциал депутат ҳеч кимнинг эътиборини тортмайди. Генерал штатлар йиғилишларини ёритиб борган ўша даврдаги газеталарда доимо унинг фамилияси чалкаштириб ёзилганини кўриш мумкин: Робертпиер, Роберс ёки Робер-Пер. Аммо у баҳс-мунозараларда кўп қатнашгани учун танила бошлади. У 1789-йилда у 69 марта, 1790-йилда 125 марта, 1791-йилда эса 328 марта минбарга чиқиб, нутқ сўзлади. Айнан шу даврда Мирабо Робеспиер хақида «У узоққа боради, чунки ўз сўзларига ишонад, деган эди. 1789-йил 20-июнда саройнинг қаршилиги боис йиғилиш учун бинодан мосуво бўлган депутатлар Версалнинг копток ўйналадиган залида йиғилди ва янги конституция ишлаб чиқилмагунча зални тарк этмасликка қасамёд қилди. Ўша қасамёд матни муаллифларидан бири ҳам Робеспиер эди. 1789-йил 14-июл воқеаларидан кейин Робеспиер ҳарбий ҳолат эълон қилинишига қарши овоз берди. Шунингдек, у қиролнинг вето ҳуқуқига, фуқаролар фаол ва суст гуруҳларга ажратилишига, яҳудийлар, гугенотлар ва актёрлар гилдияси аъзоларини жамоат амалларини эгаллашига қарши овоз беради. 1789-йил 14-июл Руссонинг „Умумий иродаси“ тасдиқланди ва шунинг учун Робеспиер инқилобни тўлиқ қўллаб-қувватлади. 1790-йил ноябридан 1791-йилнинг сентябригача давом этган баҳс-мунозараларда (дебат) Робеспиер Миллий гвардиянинг ташкил топишида асосий рол ўйнайди. У1791-йилда Фуқаролар ва инсон ҳуқуқлари декларациясини, Франциянинг илк конституциясини ёзишда ва қабул қилишда фаоллик кўрсатди. Шунингдек, унинг ўлим жазосини ва франсуз мустамлакаларида қулликни бекор қилиш ҳақидаги қарашлари ҳам маълум. Айнан шу даврда депутатлар ўртасида дастлабки қарама-қаршиликлар келиб чиқди, консерватив қарашли депутатлар ва „роялист демократлар“ кейинчалик „конституциячилар“ ва „монархистлар“ деб аталадиган бўлди. Улар инқилоб натижаларидан қаноатлангач, ҳукумат тузишга киришди. Робеспиернинг Таъсис мажлиси аъзолари Қонунчилик мажлисига сайлана олмаслиги хусусидаги таклифи партиялар ўртасидаги катта ихтилофларнинг олдини олган эди. Таъсис мажлиси монархия давридаги табақаланишни йўққа чиқарган ва жамиятда ижтимоий тенглик принципларини эълон қилган, лекин у ҳали янги принципларга мос келадиган ҳокимият турларини аниқлаб олмаган эди. Бу муаммо юз йилгача, яъни то Учинчи Республика тузилмагунча ечилмай қолаверди. 30-сентябрда Таъсис мажлиси аъзолари Қонунчилик мажлисига сайлана олмаслигини эълон қилиб, тарқаб кетади[18].
Якобинчилар клуби
Инқилобнинг бошланиши ўша даврда жуда кўп сиёсий клублар пайдо бўлишига олиб келди. Таъсис мажлисининг биринчи ойларидаёқ Робеспиер Мирабо, Петион, аббат Грегуар, ака-укалар Карл ва Александр Ламет билан бирга Бретон клубига аъзо бўлди. Бу клуб аъзолари Версалдаги „Амори“ кафесида тўпланиб турган. 1789-йил октябрида ассамблеянинг Парижга кўчишидан сўнг Робеспиер Якобинчилар клуби номи билан от қозонган „Конституция дўстлари“ жамиятига аъзо бўлади. Клуб Тюилри саройи яқини, Сент-Оноре кўчасидаги Якобинчилар монастирида мажлис қилган. Франциядаги парламентаризм анъаналарига содиқ қолган ҳолда, бутун мамлакат бўйлаб клуб бўлимлари, яъни филиаллари очила бошлади. Бу клублар Париждаги марказлари бўлмиш Якобинчилар клуби билан хат-хабар (корреспонденция) орқали алоқада бўлди ва жамоатчилик фикрини петиция ва бошқа босим воситалари орқали Миллий кенгаш ва сўнгра Конвентга ҳам етказиб турди. Шундай қилиб, бу клубларда бутун мамлакатнинг сиёсий йўналишлари шаклланди. Ўша клубларда сайлов комиссияларига кўзга кўринган шахсларнинг миллат намоёндалари сифатида номзодлари тақдим этилган.
Варенн инқирози
Қиролнинг мамлакатдан қочишга уруниши инқилоб тарихининг асосий воқеаларидан бири бўлди. Франциядан эмиграция оқимининг кучайиши 1789-йил 14-июлданоқ бошланиб кетган эди. Унинг маркази Франция чегараларига жуда яқин бўлган Кобленс шаҳрида жойлашган. 1791-йил 20-июнида қирол оиласи билан яширинча Франциядан қочиб кетмоқчи бўлди, бироқ чегарага яқин Варенн шаҳарчасида уни почта хизматчиси таниб қолди ва у қўлга олиниб, Парижга қайтарилди. Шундан кейин қирол ўз саройида асир сифатида ушлаб турилди. Қиролнинг мамлакатдан қочишга уриниши бутун Францияни карахт аҳволга солиб қўйди. Бу гўё Францияга нисбатан уруш эълон қилингандай, қирол душман мамлакатида тургандай таассурот уйғотди. Айнан Варенн инқирозидан сўнг инқилобнинг радикаллашув даври бошланди. Шу дақиқалардан бошлаб, мамлакат аҳолисига икки тоифага: „ватанпарварлар“ ва „халқ душманлари“га бўлиниб қараладиган бўлди. Мана шу даврдан бошлаб, инқилоб захиралари торайиш босқичига кирди. Қирол ортидан Мирабо ҳам, Барнав ҳам, Бриссо ва Дантон ҳам ва ниҳоят Робеспиернинг ўзи ҳам ишдан кетди. Бироқ демократия принциплари асосида эълон қилинган далилларга қарамай, мамлакат монархияни батамом тугатишга ҳали тайёр эмас эди. Республика кайфиятини деярли ҳеч ким, ҳатто инқилобнинг энг радикал қатлами ҳам қўллаб-қувватламай қўйди. Робеспиернинг нутқлари, қарашлари ўша тушунмовчилик замонига мос эди. Классик усулда тарбия олган Робеспиер учун инқилоб Қадимги Рим республикаси, унинг юқори доираси ўртасидаги ҳокимият учун кураш, фуқаролар уруши ва ҳарбий диктатура билан боғлиқ эди. Бундан ташқари, умумий сайлов тарафдори бўлган Робеспиер республика бундай вазиятда муқаррар тарзда олигархия қўлига ўтиши билан якунланишини билар эди. "Мени республикачиликда айблаб, кўп илтифот кўргизишяпти: мен республикачи эмасман. Лекин кимда-ким мени монархиячи деб эълон қилса, билингки, буни хақорат деб биламан; мен, шунингдек, ҳеч қанақа монархиячи эмасман… „Республика“ сўзи бирор аниқ ҳукумат шаклини англатмайди. У инсонлар ўз ватанида озодликдан баҳраманд бўладиган ҳар қандай ҳукумат шаклини ўз ичига олиши мумкин. Инсонлар хоҳ қирол ҳокимияти бўлсин, хоҳ сенат ҳокимияти бўлсин, баб-баробар озод бўлиши мумкин. Ҳозирги дақиқаларда Франция конституцияси нимани англатади? Бу монархи бор республика деганидир. У на монархия ва на республика ҳисобланади, шу билан бирга, униси ҳам, буниси ҳамдир". Республика куннинг долзарб масаласига айланган эди. Мамлакат бўйлаб яна 1789-йил ёзидагидай, зодагонларга нисбатан зўравонлик амаллари авж олиб кетди. Шу даврда республика ислоҳотлари тарафдорлари пайдо бўлди. Робеспиер масалани конституциявий йўл билан ҳал қилиш тарафдорлари ичида эди, лекин мажлис ва ҳукуматни саройга ён босишда айблади. Бироқ бу ҳаракат 1791-йил 17-июлда Марс майдонидаги отишма чоғида бостирилади. Бу пайтда якобинчилар сафлари кўплаб парижлик радикаллар қўшилиши натижасида анча ўзгариб кетди. Бундан ташқари, ғоялар „мусобақаси“ ва Якобинчиларнинг корделеерларнинг янада радикал клуб у билан ҳамкорлиги бошланди. Аммо Марс майдонидаги отишмадан сўнг клуб аъзолари ўртасида илк бор бўлиниш юз берди. Якобинчилар клубининг сўл қисми корделерлар мажлисга юборган қиролни ағдариш ҳақидаги петициясини қўллаб-қувватлади. Якобинчиларнинг, асосан, монархиячилардан (Барнав, Дюпор, Александр Ламет ва улар тарафдорлари) иборат ўнг қаноти клубни тарк этди ва „Фелянлар“ номли янги сиёсий клуб очди. Улар билан бирга бутун мамлакат бўйлаб тарқалган Якобинчилар клуби аъзолари клубни тарк эта бошлади. Робеспиер клубда қолди. Бир неча ой ўтгач, якобинчилар мамлакатнинг радикаллашуви, кўплаб ташвиқот ва тарғибот ишлари натижасида клубга қайтди. Айнан мана шу даврда Робеспиер Якобинчилар клубининг энг обрўли ва қудратли аъзоларидан бирига айланди.
Мухолифат ва Австрия билан уруш
Парламент сессиясида Таъсис мажлисининг фаолияти якун топгач, Робеспиер 1791-йил кузида фуқаролик ҳаётига қайтди, Қонунчилик мажлисининг биринчи сессиясидан сўнг ватани Артуага бориб келди. Уни ҳамшаҳарлари кўтаринки кайфиятда кутиб олди. 28-ноябрда Парижга қайтиб келган Робеспиер сиёсатда эмигрантлар масаласи ҳаддан ортиқ жойни эгаллаб олганини таъкидлади ва Австрия билан унинг немис иттифоқчиларига қарши урушнинг мафкуравий жиҳатларига эътибор қаратди. Бўлғуси жирондистлар сардорларидан бири Бриссо урушга тиш-тирноғи билан қарши эди. Дастлаб йўналишини аниқлай олмаган Робеспиер урушга қарши бўлган кучлар тарафида бўлди, уруш тарафдорларига қарши Якобинчилар клуби минбарларидан туриб, 1791-йил 11-декабридан то 1792-йил 25-январигача 11 марта нутқ сўзлади. У бу ташвиқотлар, яъни уруш тарафдорлари ортида Людовик ХVI ва унинг саройи турибди, деб гумон қилди. Робеспиер фикрича, франсуз армияси урушга тайёр эмас, армия ғалаба қозонган тақдирда ҳам Францияда қирол ҳокимиятининг мустаҳкамланишига хизмат қилади ва натижада инқилобга душман кайфиятдаги қирол ва вазирларининг таъсири кучаяр эди. Робеспиер, шунингдек, Франция учун ҳақиқий хавф деб Кобленсдаги эмигрантлар уяси эмас, балки Франциянинг ичидаги хавфни назарда тутган эди. "Сиёсатчининг хаёлига келадиган энг ғалати ғоя унинг, бегона мамлакатга бостириб кириб, бемалол ўз қонунларинг ва конституциянгни тиқиштирсанг бўлади, деган ишончидир. Ҳеч ким қуролланган миссионерларни ёқтирмайди… Ҳуқуқ декларацияси ҳар қандай тахтни „ҳа“ деганда урадиган чақмоқ эмас. Мен, инқилобимиз келажакда дунё тақдирига таъсир қилмайди, деган фикрдан йироқман… Лекин бу бугун юз бермаслагини бемалол айтишим мумкин". Максимилан Робеспиернинг Якобинчилар клубидаги нутқидан, 1792-йил 2-январ.
Аммо инқилобнинг жангавор идеализми ва мессианизми (масиҳийлик) кайфияти ошиб борди, бу эса энг ашаддий танқидчилар Демулен, Дантон ва ҳатто Маратнинг ҳам овози ўчишига олиб келди. Шуҳратига соя солишига қарамай, Робеспиергина ўз фикрида собит қолди. Гарчи у нутқларида жирондистларни сарой билан тил бириктирган фитнада тўғридан-тўғри айбламаган бўлсада, тинимсиз урушга интилиш сабабларини айтмасдан қолмади. Бу эса сиёсий ва шахсий масалаларда очиқдан-очиқ тўқнашувларга олиб келди. Жиронда ва Гора ўртасида кураш бошланаётган эди. Қонунчилик мажлисида 745 нафар аъзодан, бор-йўғи,7 киши урушга қарши овоз берди. 1792-йил 20-апрелида Франция Богемия ва Венгрия қиролига қарши уруш эълон қилди. Ўша пайтда бу уруш 25 йил давом этишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган. Бу урушни хоҳлаган Людовик ХVI ҳам, Бриссо ҳам ва унинг дўстлари ҳам, умуман, жуда кўпчилик унинг фожиали тугашини ҳали билмас эди.
Монархиянинг қулаши
Уруш жуда аянчли мағлубият билан бошланди. Рақибни кўрган қўшинлар тум-тарақай қочди. Роялистик кайфиятда бўлган бир неча полк очиқдан-очиқ душман тарафига ўтиб кетди. Генераллар ҳам ўзини қатъият билан тута олмай, барча айбни қўшинлардаги тартибсизликларга ағдараётган эди. Бу вақтда франсуз қўшинлари бошбошдоқлик жараёнини бошидан кечираётганди. Зобитлар таркибининг ярмига яқини уруш бошланиши биланоқ чет элларга чиқиб кетди. Қолганлари ҳам ўз жойларини (постларини) ташлаб кета бошлади. Бир неча провинцияда роялистлар исён кўтарди. Вандеяда эса диний-роялистик қўзғолон бошланди. Фронтдаги мағлубият хабарлари жамоатчилик ғазабига ва кескин муҳокамаларига сабаб бўлди. Кўпчилик бунинг ортида Тюилри саройи ва Мария Антуанетта бошчилигидаги „Австрия қўмитаси“ турганини гумон қилган. Робеспиер фронтдаги мағлубият учун генералларни айблаб чиқди ва уларни ватанпарварлик руҳидаги кишилар билан алмаштириш керак, деган таклифни берди. У, шунингдек, Қонунчилик мажлисини консерватизмда ва қирол саройига, шунингдек, инқилобни армия ёрдамида бостиришни хоҳлаётган Лафаетга ён босаётганликда айблади. Бриссочилар билан ҳам дуэл авж олди, улар жамоатчилик олдида ўз ғояларини амалга ошира оладиган даражада кўпчиликни ташкил қилмаган бўлсада, ҳукумат таркибига кириб, обрўсини тўкиб бўлган эди. Робеспиер „Ватан хавф остида“ шиорига „лаббай“ деб жавоб бериб, Парижга етиб келган федератларни олқишлади ва инқилоб улар ҳимоясига муҳтож эканини айтиб, улардан Парижни тарк этмасликни илтимос қилди. Федератларнинг Парижга келиши миллий ҳаракатларнинг баттар авж олишига туртки берган эди. Қирол эса ўз навбатида жирондистлар сафига фелянларни тиқиштиришга ва шу билан вақтдан ютишга ҳаракат қилди. У Европа монархлари қўшинлари ёрдамга келишидан умидвор эди. 29-июлда Робеспиер Якобинчилар клубида Қонунчилик мажлисига ишонч йўқолганини ва унинг ўрнига умумий сайлов орқали Миллий Конвентни тузиш керакли ҳақида дастурий нутқ сўзлади. У ҳукуматни ҳокимиятдан четлатишни талаб қилди, маъмурий ва ҳарбий амалларни бир-бирига аралаштириб юбормасликни, суд таркибини янгилаш масалаларини ҳам кўтарди. 3-август куни Брауншвейг герсогининг манифести эълон қилинди. Унда Парижда қиролга нисбатан зўравонлик қилинаётгани баён этилган ва Францияга ҳарбий экзикуция (жазолаш) билан таҳдид қилинган эди. Вазият кун сайин оғирлашиб борар эди. Париж секциялари тўхтовсиз мажлислар бўлажагини, мажлислардаги суст фуқаролар, шунингдек, Миллий гвардияни тарқатиб юборилишини эълон қилди. Париж мери (ҳокими) Петион 47 та секция номидан Қонунчилик мажлисига қиролни тахтдан ағдариш ва Конвентни тузишга чақириш ҳақида ултиматум — петицияни тақдим этди. Икки ҳафталик баҳс-мунозаралардан сўнг мажлис ҳар қандай айбловни рад этди, натижада 9-август куни бутун Парижда исёнга кўтарилишни сўраб, жом чалинди. Сен-Антуан қўрғонидаги Кенз-вен секцияси Париждаги барча секцияларга исёнчиларнинг марказий қўмитасини тузишни таклиф этди. Париждаги 28 та секция бу чақириққа қўшилди ва 10-август куни Париж исёнчилар коммунаси ташкил топди. Монархия қулаган куннинг эртаси Коммунанинг бош кенгаши 288 кишига қадар кенгайтирилди. Робеспиер бу кенгашга Парижнинг Вандом майдони секциясидан таклиф қилинди ва киритилди. У дарров юқори лавозимларни эгаллади ва унинг ҳар бир маслаҳатига амал қилинадиган бўлди. У мажлисга секциялар ҳаракати бемаслаҳат сафарбар қилинмаслигини, Миллий мажлисни чақириш ва Лафает хоин деб эълон қилиниши кераклигини, Коммуна барча департаментларга вазиятни тушунтириш учун комиссарларини юбориши зарурлигини, секцияларда фаол, суст фуқаролар деган тушунчаларни йўқотиб, ўрнига доимий фаолият юритадиган инқилобий қўмиталарни тузишни таклиф этди. Қонунчилик мажлисида бу пайтда 745 депутатдан 285 нафари қолган, унинг бутун ўнг ва роялистлар қисмлари тарқаб кетган эди. Қирол Тампл қалъасига қамалгач, мажлис Коммуна босими билан фуқароларни фаол ва суст қатламларга бўлмаслик, сайловларда иштирок этиш ёшини 25 дан 21 ёшга тушириш ва энг муҳими, Миллий Конвентни чақириш тўғрисидаги декретларни қабул қилди.
Конвент
10-августдаги исёндан кейин 6 ҳафта давомида Коммуна ижро ҳокимиятини деярли тўлиқ ўзи бошқариб турди ва шу вақт мобайнида роялистлар ва инқилобга қасамёд қилмаган руҳонийлар — диндорларни жазолашни талаб этди. Роялистлар матбуоти ва Фелянлар клуби тўлиқ ёпилди. 26-август куни пруссаклар Лонгвини олгани, 2-сентябрда эса Вандея қулагани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу пайтда на Герсог Брауншвейг қўшинлари ва на Париж ўртасида бошқа ҳимоя қалъаси қолган эди. „Қамоқхоналарда инқилобга қарши тайёрланаётган фитналар“ ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлди, фуқаролар армияга кетишидан олдин фитначиларга ўлим жазоси беришга оид талаблар янграй бошлади. Натижада 2-6-сентябрда Париж, Лион, Версал ва бошқа шаҳарлардаги қамоқхоналарда „Сентябр қирғини“ номини олган хунрезлик уюштирилди.
Миллий Конвентга ўтказилган сайлов Франция тарихидаги умумий сайлов ҳуқуқини берган илк сийиосий тадбир бўлган эди. Бу тарихий сайлов 1792-йил 2 — 6-сентябрда ўтказилди. Сайловда олдингисига нисбатан кам одам қатнашган бўлсада, инқилоб ноёб, умумхалқ демократик даврига қадам қўйганди. Сайловда камбағал табақа санкюлотлар ва кам сонли республикачилар том маънода ғалаба қозонди. Инқилоб санкюлотлар ва республика тарафдорлари босими остида янгидан туртки олган, Робеспиер бу сайловда Париждан берилган 525 та овоздан 338 тасини олиб, ғолиб бўлган эди. Шунингдек, Робеспиер яна Па-де-Каледан ҳам 721 та овоздан 525 тасини олиб, сайловда ютди. Робеспиер Конвентда Париждан вакил бўлишни истаган эди.
Жирондистларга қарши кураш
Миллий Конвент ўз мажлисларини 1792-йил 20-сентябридан ўтказа бошлади. 21-сентябр монархия бартараф этилгани ва Франциянинг ягона ва бўлинмас республика деб эълон қилинган куни сифатида тарихга кирди. Париж санкюлотлари, кўнгиллилар ва федератлардан ташкил топган франсуз армиясининг „Валми ёнидаги жанг“да ғалаба қозонгани ҳақида қувончли хабар келди. Кейинги уч ой давомида Мажлисда ҳукм сурган масала инқилоб зўравонликлари, Париж ва департаментларнинг роли, қирол устидан бўладиган судга оид эди. Конвентда жами 749 нафар депутат бўлиб, шундан 160 нафари жирондистларни, 200 нафари монтанярларни ва 389 нафар депутат эса Текислик (фр. Плаине) деб аталувчи қисмни тамсил қилган. Депутатларнинг учдан бир қисми олдин ҳам сайланганлар бўлиб, улар Конвентга ўзи билан олдинги сиёсий қарама-қаршиликлар ва аёвсиз баҳсларни ҳам олиб келган эди. Конвентнинг катта қисми жирондистларни қўллади ва монтанярларни сентябр қирғинида ва уларни диктатурага интилаётганликда айблаб чиқди. 5-ноябр куни Робеспиер бу айбловларга қарши нутқ сўзлади. У сентябр қирғини 10-август инқилоби давоми бўлганини, халқнинг қаҳри бу инқилобнинг қонуний ҳуқуқи бўлганини таъкидлади. "Наҳотки инқилобсиз инқилобни истасангизлар? Бу ҳаракатларингиз қаердан пайдо бўлди, нимани қайта кўриб чиқишимиз керак, бошқача айтганда, инқилоб ҳаловатингизни буздими? Бундай қаттиқ силкинишларнинг оқибати ҳақида нима дейиш мумкин? Ким бу аллақачон бошланиб, авж олиб кетган халқ исёнининг тўлқини аниқ чегаралари қаерда тугаши кераклигини айта олади? Бундай шароитда қайси халқ истибдод аталмиш бўйинтуруқни улоқтириб ташлай олади?.. Озодликка содиқ бўлган франсузлар шу йил августида, барча департаментлар билан келишган ҳолда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилди, демак, ҳаракатларини ёки тўлиқ қўллаш, ёки бутунлай рад этиш керак. Баъзи ўйлаб топилган ёки ростдан содир бўлган тартибсизликларда уларни айблаш фидойилик учун жазолашдай гап… Қонун йўли билан жазоланиши зарур, аммо халқнинг одил судловидан ҳалок бўлган айбдорлар учун аза тутинг: аммо қайғунинг ҳам чегараси бўлиши лозим. Деярли фақат озодлик душманларига мотам тутаётган ҳиссиёт менга шубҳали туюляпти. Кўз ўнгимда мустабиднинг қонли кўйлагини силкитишни бас қилинглар…" Максимилан Робеспиернинг Миллий Конвентдаги нутқидан, 1792-йил 25-ноябр.
Робеспиернинг инқилобни ҳимоя қилиб сўзлаган мазкур нутқидан кейин, инқилобнинг ярим расмий газетаси бўлмиш „Ле Монитеур универсел“ Якобинчилар клубининг ҳар кунлик баҳс-мунозаралари миллат учун аҳамиятли эканини инобатга олиб, улар ҳисоботини бериб борадиган бўлди. Робеспиер қирол тақдири ҳақида 3-декабр куни нутқ сўзлади ва масалани юридик нуқтадан сиёсий нуқтага кўтариш зарурлигини айтди. Людовик судланувчи, сиз эса ҳакам эмассиз, сиз давлат одамларисиз, миллат вакилларисиз… Вазифангиз суд қарорини чиқариш эмас, жамият фойдаси учун чора кўришдир… деб такидлади Робеспиер (Миллий Конвентдаги нутқдан 1792-йил 3-декабр). 10-август инқилоби қиролга аллақачон ўлим жазосини чиқариб бўлган эди. "Ҳали адолатли қонунларини яхши ўрната олмаган инқилоб қиролни тахтдан ағдариб ташлади, аммо унинг шахси инқилоб қилган миллат тақдирини хавф остига қўяди, унинг номи уруш балосини олиб келади, қиролни на қамоқда ушлаш ва на қувғин қилиш халқнинг хавфсизлигини таъминлай олади. Бу адолат тан оладиган оддий қонунлардан кескин фарқ қилувчи қарор унинг табиий келиб чиқиш моҳияти билан боғлиқдир. Шуни афсус ва надомат билан айтаманки, ватан яшаб қолиши учун Людовик ўлиши керак". (Робеспиернинг Миллий Конвентдаги нутқидан, 1792-йил 7-декабр.) Робеспиер фикрича, Конвентнинг мўътадил қисми талаб қилаётган халққа мурожаат эндигина эълон қилинган республика тузумига хавф солиши мумкин эди. Референдумда енгилган роялистлар учун ўч олишга яхшигина имконият пайдо бўлиши ва бу қирол тақдири учун овоз беришда "монархистлар“ ва "конституциячилар“га қўл келиши мумкин эди. 20-январ куни Людовик ХVI ўлим жазосига ҳукм қилинди ва у 1793-йил 21-январда Париждаги Инқилоб майдонида қатл этилди. Бу вақтга келиб, жирондистлар Конвентда кўпчилик овозидан маҳрум бўла бошлаганди. Конвент мажлисларидаги баҳслар, депутатларнинг бир-бирига ташланиши, ғоялар ўртасидаги кураш, чексиз нафрат ва айбловлар ижро ҳокимияти фаолиятини ҳам фалажлаб қўяётган эди. Жирондистлар августда қиролни ҳимоя қилиб, кейин суд ишига ҳам халақит бериб, ўзини роялистлар билан бир қаторга қўшган ва энди ноқулай аҳволга тушиб қолган эди. Монархиядан мерос қолган молиявий инқироз муаммоси ҳам ечилмай қолаётган эди. Тинимсиз эмиссия, ассигнатлар (Буюк франсуз инқилоби давридаги қоғоз пул бирлиги) қадрсизланиши ва нархлар кўтарилиб кетишига олиб келди. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари тинмай ошиб борди. Йирик шаҳарларда санкюлотлар ғалаёнлари бошланди. Халқнинг нонга энг юқори нарх белгилаш ҳақидаги илк талаблари янграб турди. Аммо якобинчилар ҳам, жирондистлар ҳам, Робеспиер ва ҳатто Марат ҳам иқтисодий назорат сиёсатини қўллаб-қувватламади. „Қутурганлар“ (фр. Энрагéс) талаб қилаётган шафқатсиз чора-тадбирларни Конвент рад этди. Валми ёнидаги жангдаги ғалабадан сўнг жирондистлар яна инқилобий ташвиқотга зўр берди, улар „Кулбаларга — тинчлик, саройларга — уруш“ (фр. паих аух чаумиèрес, гуэрре аух чâтеаух) сўзларини ўзига шиор қилиб олган эди. Франсуз инқилобини бостиришга куч топа олмаган Европа Францияга қарши биринчи коалицияни тузди. Ассигнатларнинг қадрсизланиб кетиши франсуз армияси ишғол қилган Белгияда норозиликларга сабаб бўлди. Валмидаги кўтаринки ватанпарварлик руҳи узоқ давом этиши мумкин эмасди, аскарлар бурчини бажариб уйга қайтаётган эди. Муваффақиятсиз ҳужум ва Неервинден жангидаги мағлубиятдан сўнг Францияга яна халқаро интервенция (босқин) хавф сола бошлади. Айниқса, Дюмуренинг хоинлигидан сўнг жирондистлар ҳам хоинликда айбланди. Конвент шошилинч чоралар кўриб, эмигрантларга қарши қонун қабул қилди ва 300 минг кишилик инқилобий трибунални тузиш хусусида қарор чиқарди. Вандеяда исён ва Франциянинг ғарбида республикачиларни қирғин қилиш бошланиб кетди. Инқироз иккала партияни ҳам иттифоқчилар излашга ва анъанавий тарафдорларга таянишга мажбур этди. Якобинчилар Париж секцияларига, жирондистлар эса провинцияларга яқинлашишга ҳаракат қилди. Робеспиер 10-апрел куни Конвентда жирондистларни айблаб оташин нутқ сўзлади. Камил Демулен эса „Бриссочилар тарихи“ номли фош қилувчи памфлетини эълон қилди. Жиронда қаршилигига қарамай, санкюлотлар ва якобинчилар иттифоқи иш берди ва Конвент биринчи максимум қонунини қабул қилди. Бироқ жирондистлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмади, улар департаментларга армияга чақирув масалалари бўйича миссия билан юборилган 82 нафар монтаняр Конвентда йўқлигидан фойдаланиб, Маратга импичмент эълон қилди ва Коммунанинг бир неча аъзосини ҳибсга олдиришга муваффақ бўлди. Жирондистлардан бўлган депутат Изнар Конвентда „Коммуна анархистлари“га таҳдид қилиб шундай деган эди: «Мен сизларга бутун Франция номидан гапиряпман, Париж яқинда йўқ қилинади». Сиёсий инқироз 15-апрелда юқори нуқтасига етди. Шу куни Париждаги 48 та секциядан 35 таси Конвентга суверен халққа нисбатан ашаддий жиноятларда, коррупсияда айбланаётган 22 нафар депутат устидан арз қилди. Робеспиер 26-май куни Якобинчилар клуби минбарида нутқ сўзларкан, шундай деди: «Барча қонунлар оёқ ости қилинса, истибдод ҳаддидан ошса, ҳалоллик топтаб ташланса, халқ қўзғолон кўтариши шарт. Шундай вақт келди». У 29-май куни Якобинчилар клубида шу гапларини яна такрорлади: «Мен сизларга айтяпман, агар бутун халқ кўтарилмаса, озодлик ҳалок бўлади». Ўша кунлари Робеспиер қуйидаги сўзларни ён дафтарчасига ёзиб қўйган эди: «Ягона ирода зарур. У ёки республикачиларники ёки роялистларники бўлиши керак. Агар республикачиларники бўлса, бизга республикачи вазирлар, республикачи матбуот, республикачилар ҳукумати вакиллари керак бўлади. Ички хавф-хатар буржуазиядан келиб чиқади, буржуазияни енгиш учун халқ бирлашиши шарт. Хақиқий қўзғолон то республикани қутқариш учун зарур бўлган чоралар кўрилмагунча давом этиши керак. Халқ Конвент билан бирга бўлиши, Конвент эса халқ кўмагидан фойдаланиши даркор…»
1793-йил 31-май куни Парижда қўзғолон бошланди.
Якобинчилар конвенти
31-май қўзғолони худди 10-августда монархия сингари Жирондани ҳам ағдариб ташлади, чунки жирондистлар ҳам инқилоб мудофааси йўлига тўғаноқ бўлаётган эди. Жиронданинг 29 нафар депутати уй қамоғига олинди, аммо кўпчилиги департаментларда исён кўтариш учун Париждан қочиб кетди. 31-майда бошланган федерал қўзғолон кенг тарқалиб, тез орада Лион, Марсел, Бордо, Тулон ва Вандеяни қамраб олди. Бу пайтда у роялистлар, аксилинқилобчилар маконига айланиб улгурган эди. 82 та департаментдан тахминан 60 таси тўғридан-тўғри ёки қисман исёнга қўшилди[30]. Республикачилар армиялари Европа монархиялари ҳужуми боис чекинишга мажбур бўлди. Жирондага қарши қўзғолон кўтарган секцияларнинг Конвентдаги ғалабасидан сўнг, ҳокимиятга монтанярлар келди. Энди улар ўз лойиҳаларини амалҳа ошириш имконига эга бўлганди. 3- ва 10-июн ҳамда 17-июл кунлари чиқарилган декретлар монархиядан мерос қолган охирги сенёрлик ҳақларини ҳам бекор қилди. 24-июнда қабул қилинган 1793-йил Конституцияси бутун ХИХ аср демократияси рамзига айланди[33]. 23-август куни Конвент „Левéэ эн Массе“ қонунини қабул қилди, унда қонун кучга кирган дақиқалардан бошлаб, душман кучлари республика ҳудудларидан тўлиқ қувиб чиқилмагунча, барча франсузлар армияга доимий тарзда сафарбар қилиниши кўзда тутилган эди[34]. Монтанярлар иқтисодий регламентацияга қарши бўлсаларда, 4-5-сентябр кунлари Париж секцияларининг босимлари остида „умумий максимум“ қонунини имзолашга мажбур бўлди. Инқилоб мудофааси ХХ асрда „тотал уруш“ деб номланадиган тизимга айланаётганди. Бироқ бу саъй-ҳаракатларни йўналтириш ва мувофиқлаштирисдҳ учун санкюлотларнинг ишончига ва Миллий Конвентнинг таянчига эга кучли ижро ҳокимияти керак бўлар эди.
Инқилобий ҳукумат
„Тинчлик сулҳи тузулмагунча, Франциянинг муваққат ҳукумати инқилобий ҳукумат бўлиб қолаверади“ (Конвент декрети, II йил19 вандамер/ 1793-йил 10-октябр). Конвент ижро ҳокимиятининг моҳияти унинг қўмиталарида эди, улардан иккитаси: 1) Ижтимоий қутқарув қўмитаси ва 2) Ижтимоий хавфсизлик қўмитаси энг аҳамиятлиси бўлди. Иккинчи қўмита ҳуқуқий ва полиция функцияларини (Инқилобий трибунал ва терроризмга қарши кураш йўналиши) бажарган. У биринчи қўмитадан камроқ маълум бўлган. Биринчи қўмита кўпроқ ҳокимият ва ваколатларга эга эди. Унинг таркиби 1793-йил апрелида шакллантирилди, бироқ ёзга келиб, тўлиқ ўзгартирилди ва орадан ярим йил ўтиб, ҳақиқий кучга тўлди. Унга дастлаб доимий таркиб, нуфуз, Конвент ва бошқа жойлардан кўмак етишмаётган эди. Конвент 10-июлда қўмитани янгилади ва Дантон унинг янги таркибига сайланмай қолди. Бироқ республиканинг II йилидаги Буюк ижтимоий қутқарув қўмитасини шакллантириш учун яна икки ой сарфланди. Энг қатъиятли монтанярлар: Кутон, Сен-Жюст, Жанбон Сен-Андре ва Марналик Приёр қўмитанинг ўзагини ташкил қилди, улар қаторига Барер ва Линде ҳа Робеспиер Конвентда қўмитада қабул қилинган қарорларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини муваффақиятли ҳимоя қила бошлагандан сўнг Конвент мажлисларига таклиф қилинадиган бўлди ва 27-юлда унинг таркибига кирди. 4-августда армия тажрибасига эга бўлган кот-дорлик Карно ва Приёр қўмитага, 6-сентябрда эса секциялар вакиллари сифатида Колло ДЪEрбуа ва Биё Варенн ҳам кирди. Улар турли мизож, тажриба ва ижтимоий мойилликларга эга шахслар эди. Масалан, Линдега террор ёқмаган, Биё-Варенн ва Колло дЪEрбуа кўпроқ санкюлотларга яқин бўлган. Уларнинг асосий қисми битта ижтимоий табақага мансуб бўлсада, сиёсий қарашлари барибир ўзаро фарқ қилган. Карно ва Линде анча консерватив, Робеспиер ва Сен-Жюст эса ижтимоий масалаларда анча демократ одамлар эди. Уларнинг кўпчилиги авторитар, кучли идрокка эга, ҳалол ва эҳтиросли кишилар бўлиб, мақсади ҳокимиятни бошқариш, кураш ва ғалаба эди. Шунинг учун орадан маълум вақт ўтиб, фикрлари қарама-қаршилиги ўзаро шахсий адоватга айланиб кетди. Инқилобга таҳдид солувчи хатарлар мавжуд бўлгани учунгина муқаррар бўлиниш орқага сурилиб турган эди, аммо бу таҳдид алал-оқибат уларни маҳв этди. Ижтимоий қутқарув қўмитаси коллегиал орган эди ва Конвент унинг таркибини ҳар ой тасдиқлаб турган. Сиёсий йўналишдаги қонун ва декретлар кенгашдаги баҳс-мунозаралардан кейингина тасдиқланиб, Конвентга ўтказилган. Ўта аҳамиятли ва жиддий қарорлар, масалан, Дантончилар қамоққа олиниши ҳақидаги қарор қутқарув ва хавфсизлик қўмиталарида келишилган ҳолда кўриб чиқилган эди. Айнан Робеспиер Барер, Сен-Жюст ва Биё-Варен билан бирга қўмитанинг доимий доимий фаолиятини таъминлаб турган ва шу йўл билан ижро ҳокимияти фаолияти йўналишини Конвент олдида ҳимоя қилган. Робеспиер жуда катта таъсири ва обрўси билан Конвент, Якобинчилар клуби ва Париж секцияларини бир-бирига боғлаб турувчи занжир вазифасини ўтаган. «Инқилобий ҳукумат назарияси худди уни дунёга келтирган инқилоб каби янгидир. Уни бу инқилоб жараёнларини олдиндан кўра билмаган бирор сиёсий ёзувчининг китобидан ёки ўз мустабид ҳокимияти қонуний эмаслигидан қайғурмаган, бор эътиборини ҳокимиятидан нохолис фойдаланиб келган мустабидлардангина изламаслик керак. Шунинг учун „Инқилобий ҳукумат“ сўзи зодагонлар юрагига фақат даҳшат ва қўрқув солади, шу сабаб улар туҳмат қилади, мустабидлар учун бу сўзлар фақат шармандаликни, бошқа кўпчилик учун эса сирли жумбоқни англатади. Бу сўзларни барчага тушунтириш, иложи борича яхши ватардошларни жамият манфаати йўлида бирлаштириш керак. Ҳукуматнинг асосий вазифаси аслида миллатнинг маънавий ва жисмоний кучларини қўйилган эзгу мақсадларга йўналтиришдан иборат. Контитуциявий ҳукуматнинг мақсади эса Республикани сақлаб қолишдир, инқилобий ҳукуматнинг мақсади — уни асослаш. Инқилоб душманларга қарши озодлик йўлида урушишдир. Конституция ғолиб ва тинч озодлик режимидир». Максимилан Робеспиер инқилобий ҳукумат принциплари ҳақида. Миллий конвентдаги нутқдан, 25-декабр, 1793-йил/ 5-нивоз, республиканинг 2-йили. Ҳатто 1793-йилга келиб ҳам, улар услубидаги моҳият шаклланиб бўлмаган эди. Булар барчасига 1793-йилдаги халқ ғалаёнлари, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий инқироз туртки берган эди.
Террор
Конвентнинг исталган қисми, хоҳ монтанярлар бўлсин, хоҳ мағлубиятга учраган жирондистлар бўлсин, Франциянинг озчилик қисмидан иборат эди. Шунинг учун ҳокимиятни ушлаб қолиш, енгиб бўлмас хавф-хатарни бартараф этиш учун Террордан бошқа усулни қўллаб бўлмас эди. Механизмнинг ўзи каби буни ҳам тушуниш осон бўлган эмас: бунга қадам-бақадам, қисман заруратни англаш, қисман шарт-шароит босими остида эришилди. 1793-йили баҳоридаги хоинлик, фронтдаги хизматдан бўйин товлаб қочиш ҳоллари ва мағлубият, шу билан бирга, исён кўтариш йўлидаги фитналар ва фуқаролик уруши Францияни фалокат ёқасига олиб келиб қўйди. Австрия қўшинларининг ёз фаслида бостириб кириши Вандеянинг республика устидан эришган кетма-кет ғалабалари, денгиз бўйидаги йирик савдо портлари: Лион, Марсел, Тулон, Бордо каби шаҳарларда инқилобга қарши исён кўтарилиши, шундоқ ҳам оғир вазиятда бўлган Франциянинг аҳволини янада мураккаблаштираётган эди. Гора етакчилари (Конвентдаги кўпчиликни ташкил қилувчи гуруҳ „Гора“ деб аталган) Францияни парчаланиб кетишдан ва Инқилобни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун зўравонлик чораларига қўл уриб, миллий мудофаа диктатурасини тузди, Марат уни „озодлик зулми“ деб атаган эди. Диктатура Республика душманларини қайси ижтимоий табақага мансублигига қараб ўтирмай отиб ташлайверди. Инқилобга қарши кайфиятда бўлган барча кишилар ёки исёнга мойиллиги бўлган ҳудудларда яшовчи одамлар унинг қурбони бўлди. Провинциялардаги қақшатқич, аёвсиз чоралар исён кўтарилиши эҳтимоли олдини олишга қаратилган эди. Конвент санкюлотлар босими остида террор сиёсатини қўллашга мажбур бўлди. Монтянярлар, улар орқасидан Текислик депутатлари босими остида уруш, қамал ва пул қадрсизланиши оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларининг муттасил етишмаслиги, нарх-наво тўхтовсиз ошиб бориши олдини олиш учун Конвент террорни қўллашга қарор қилди. Қутурганлар талаби қондирилди; албатта ҳаммаси бирданига бўлгани йўқ, бу аста-секинлик билан, яъни санкюлотларни зўравонлик ва қўрқитиш йўли билан монтанярлар тарафига ўтишга мажбурлаш эди. «Демократия шундай давлатки, унда мустақил халқ ўзи қабул қилган қонунлар асосида, ўзи сайлаган вакиллар ёрдамида ўзи бажара олмайдиган ишларни бажара олади, ўзи хоҳлаган истакларни рўёбга чиқара олади…. Ташқаридан сизни мустабид ҳукмдорлар ўраб олган; ичкарида эса ўша мустабид ҳукмдорлар тарафдорлари турли фитналар уюштиради. Улар токи муваффақиятга ишонар экан, фитна уюштиришдан тўхтамайди. Республиканинг ички ва ташқи душманларини маҳв қилишимиз ёки улар билан бирга ҳалок бўлишимиз керак; ҳозирги вазиятда сиёсатингизнинг биринчи қоидаси ақл-тафаккур ёрдамида халқни ва террор ёрдамида унинг душманларини бошқариш бўлиши шарт». Максимилан Робеспиер («Сиёсий мафкура принциплари ҳақида». Миллий Конвентда Ижтимоий қутқарув қўмитаси номидан сўзланган нутқдан 1794-йил 5-феврал).
Париж Инқилоб Трибунали 1793-йил 9-10-март кунлари ташкил этилди. Биринчи максимум ва олибсотарларга қарши қонун 5-май куни қабул қилинди. Асосий террорчилик ҳаракатлари сентябрда юз берди, бу шубҳалиларга қарши қонун қабул қилинишида, Инқилобий армиянинг ташкил этилишида, Инқилобий Трибунални қайта шакллантиришда, мажбурий реквизицияда ва секциялар босими остида қабул қилинган Умумий Максимум қабул қилинганда яққол кўзга ташланди. Террор ҳукуматни ағдариб ташланишдан сақлаб турарди. Реквизиция ва Максимум ўрта қатлам ва деҳқонлар синфининг инқилобдан юз ўгиришига олиб келди, ўрта синфлар норозилигини айтмаса ҳам бўлади.
Санкюлотлар минимал турмуш шароитини қўллаб-қувватлаб тургани учун ҳам Инқилобий ҳукуматни дастаклаётган, агар ҳукумат нарх-навони эплай олмаса, санкюлотлар уларни қўлламаслиги аниқ эди. Бунга қандай эришиш мумкин бўлди? Якобинчилар жавобни Республиканинг II йилидаги террор чораларида кўраётган эди. «Агар тинчлик даврида халқ бошқаруви қуроли эзгулик бўлса, инқилоб даврида эзгулик билан бирга террор ҳам унинг қуролига айланади: эзгуликсиз террор ҳалокатга маҳкумдир, лекин террорсиз эзгулик ҳам кучсиздир. Террор шиддатли, қаттиққўл ва букилмас адолатдан бошқа нарса эмас; шунга кўра, террор эзгуликнинг намоён бўлишидир, у алоҳида принципнинг кўриниши эмас, ватан демократия жиддий хавф остида қолган пайт қўллайдиган умумий принципдан келиб чиқади». Максимилан Робеспиер ("Сиёсий ахлоқ принциплари“. Ижтимоий қутқарув қўмитаси номидан Конветдаги нутқдан, 1794-йил 5-феврал). Террор мажбурий қўлланганини эътироф этган Робеспиер жойлардаги Конвент вакиллари ўзбошимчаликларини қоралади. Инқилобий ҳукумат тузган ижро ҳокимиятининг марказлашувини инобатга олиб, Карре, Фуше, Тален каби кўплаб ултра (ашаддий) террорчилар ҳудудлардан чақириб олинди. Масалан, Фуше Инқилобий Трибунал айбдор деб топгани учун Якобинчилар клуби аъзолигидан четлатилди. Айнан мана шу ижтимоий тартиб бузилишлари ва эберчиларнинг христиан динига қарши қарашлари Робеспиер ва тарафдорлари Дантончилар билан 1794-йил қишида вақтинча бирлашувига сабаб бўлган, бу эса ўз навбатида эберчилар Қўмитани террорни сусайтирганликда («мудраётганлар», фр. Эндормеурс) айлашига олиб келган эди.
Якобинчилар диктатураси инқирози
„Конституциявий ҳукуматнинг мақсади Республикани сақлаб қолиш, инқилобий ҳукуматнинг мақсади эса уни барпо этиш эди“. Барпо этиш нима дегани? Бу биринчи навбатда Республикани ташқи душманлардан; шунингдек, ички душманлардан асрашни билдиради: Робеспиер ва бошқа инқилобчилар ўз манфаатлари йўлида ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлаётган ички гуруҳлар катта хавф туғдиряпти, деб ҳисоблар эди. 1794-йил қишидаги турли фракцияларга қарши кураш мантиғи шундан иборат бўлди.
Фракцияларга қарши кураш
1793-йил охирида Конвентнинг аксарият қисми Ижтимоий қутқарув қўмитасини қўллаб-қувватлади. Дастлабки ҳарбий ғалабаларга ҳам эришила бошлади, аммо инқилобчилар ўртасидаги ҳокимият учун кураш иқтисодий инқироз ва назорат қилинаётган иқтисодиётнинг оғирлаштирувчи шароитида янада кескинлашди. Дантон ва Демулен атрофига йиғилаётган кучлар террорнинг ниҳоятда чуқурлашиб кетганини таъкидлай бошлади, улар „мўътадиллар“ деб ном олдил (фр. дЪИндулгентс оу cитра-рéволутионнаирес). Радикал кайфиятдаги Кордилерлар клуби (фр. Cорделиерс) аъзолари эса, санкюлотлар журнали „Дюшен ота“ (фр. Пеъре Дучесне) муҳаррири, ҳарбий вазирлик бош котиби Венсан, Инқилобий армия раҳбари Ронсен ва бошқалар Коммунанинг арзимас кўмаги билан ултра-инқилобчилар (фр. ултра-рéволутионнаирес) ёки корделерлар деб ном олди (тарихшуносликка улар эберчилар номи билан кирди). Дастлаб қўмиталар ва Робеспиер фракциялар ўртасидаги кураш хавфли эканидан огоҳлантириб, сиёсий рақобатчилар орасида ҳакамлик ёки воситачилик вазифасини зиммасига олган эди: «Франсуз халқининг ички душманлари, худди армиянинг икки отрядидай, икки фракцияга бўлиниб олган. Улар турли рангдаги байроқларни кўтариб олиб, бошқа-бошқа йўллардан бормоқда. Аммо битта мақсад сари ё ъл олмоқда; бу мақсад — халқ ҳукуматини пароканда қилиш, Конвентни қулатиш, яъни зулм тантанасига олиб бориш. Бу фракциялардан бири бизни ожизликка даъват қилса, иккинчиси ҳаракатларга чорлаяпти. Биринчиси озодликни вакханка (айш-ишрат иштирокчиси) бўлишга бошласа, иккинчиси уни фоҳишага айлантирмоқчи… …Сурбетларча пародия ёрдамида инқилобнинг буюк драмасини бузиб кўрсатиш ҳамда риёкорона мўътадиллик ва ясама ғайриодатийлик билан озодлик ишини обрўсизлантириш учун ватанпарварлик ниқобини тақиб юриш жуда қулай… …Мўътадил ва сохта инқилобчиларнинг умумий вазифаси бизни муттасил ё у, ёки бу муаммолар гирдобига ташлашдир…» Максимилан Робеспиернинг Конвентдаги нутқидан, 1794-йил 5-феврал.
Робеспиер декабр-январ ойларида эберчиларнинг христианликка қарши кампанияларига оид кескин чиқишлар қилди. Ўша пайтда у Дантон билан эберчилар сиёсатига қарши битта умумий платформага бирлашгандай таассурот уйғонган эди. Робеспиернинг сукутли розилиги билан эберчилар етакчиларига қарши кампания бошланиб кетди. Бу ҳужум Камил Демулен ташкил қилган янги журнал „Кекса Корделер“ (фр. Ле виеух Cорделиер) саҳифалари орқали уюштирилди. Дастлаб журнал жуда оммалашиб кетди, аммо 15-декабрдан бошлаб, унда Ижтимоий қутқарув қўмитаси сиёсати танқид қилинган мақолалар чоп этила бошлади. Бу эса Инқилобий ҳукумат аҳволига хавф туғдирар эди. Икки фракция икки ой мобайнида ўзаро кураш олиб борди. Қиш охирларида эберчилар иқтисодий тангликдан фойдаланиб, исён кўтаришга уриниб кўрди. Бироқ уларни на Коммуна ва на Париж секцияларининг катта қисми қўллаб-қувватлади. Қўмита зудлик билан эбертчиларни ҳибсга ола бошлади. Эбер, Ронсен, Венсан, Моморо ва бошқа эберчилар, шунингдек, чет элликлар Клоотс, Проли ва Перейра „халқаро фитна“ ҳамтовоқлари сифатида суд қилиниб, 24-март қатл этилди. Эберчилар қамоққа олинганидан руҳланган Дантон ва дўстлари ҳужумни давом эттирди. 30-мартда Қўмита Дантон, Делакруа, Демулен ва Филиппони қамоққа олиш ҳақида буйруқ берди. 2-апрелда Дантон ва дўстлари устидан суд жараёни бошланди. Улар тақдири ҳал бўлган эди. 5-апрелда Дантон ва дўстлари гилотинада қатл этилди. Қўмита кенгаш ва секциялар ўртасида воситачи бўлиб келаётган эди. Қўмиталар секциялар етакчиларини маҳв этгач, 31-майдаги қўзғолондан бери улар босимидан қаттиқ қўрқиб қолган Конвент ҳокимият манбаси бўлган санкюлотлар билан алоқани узди. Дантончиларни маҳв қилган қўмита осонлик билан қўзғолонга кўтарилиши мумкин бўлган Мажлис аъзолари кўнглига ғулғула солиб, қўрқитиб қўйганди. Ҳукуматга Мажлис аъзоларининг катта қисми ўз тарафида тургандай кўринган эди. Аммо у қаттиқ адашди. Конвентни секциялар босимидан халос этгандан сўнг ҳукумат Мажлис илтифотига қараб қолган эди. Фақат ҳукумат бартараф қилиши керак бўлган ички бўлиниши қолган эди.
Олий мавжудотга сиғиниш
Маърифат даври мақсадларидан бири инсон тафаккури ёрдамида инсон ҳаётининг (табиий дин, табиий ҳуқуқ ва б.) табиий принципларини топишдан иборат эди. Бундай ақлий ва табиий асослар нуқтаи назаридан барча тарихан таркиб топган ва амалда мавжуд бўлган шакллар ва муносабатлар (ижобий дин, ижобий ҳуқуқ ва б.) танқид қилинган. Маърифат даври ғоялари таъсирида бутун жамият ҳаётини қайта шакллантириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишга уринишлар бўлди. Франсуз инқилобининг кўплаб арбоблари бу қарашларга тўлиқ қўшилган эди. Буни инқилоб даврининг принципиал ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин.
Франсуз Инқилоби ҳужжатларидаги Олий Мавжудот хақида эслатмалар (фр. Дécларатион дес Дроитс де лЪҲомме эт ду Cитоен) Инсон ва фуқаро ҳуқуқи декларацияси (1789-йил 26-август) …Шунга кўра, Миллий мажлис Олий Мавжудот олдида ва ҳомийлиги остида қуйидаги инсон ва фуқаро ҳуқуқини тан олади ва эълон қилади… Инсон ва фуқаро ҳуқуқи декларацияси (1793-йил 23-июн) …Шунинг натижасида Олий Мавжудот олдида навбатдаги инсон ва фуқаро ҳуқуқини эълон қилади… Инсон ва фуқаро ҳуқуқи декларацияси (III йилнинг 5-фрюктидори /1795-йил 22-август) …Олий Мавжудот олдида франсуз халқи навбатдаги инсон ва фуқаролар ҳуқуқи декларациясини эълон қилади… „Франсуз халқи Олий Мавжудот ва қалбнинг барҳаётлигини тан олади“ (Олий Ҳавжудот ҳақидаги декрет, II йилнинг 18 флореали /1794-йил 7-май). 20-прериалда (1794-йил 8-июн) Олий Мавжудотга атаб ўтказилган байрам тантаналари Робеспиер ҳаётидаги энг бахтли куни эди. Робеспиер мовий фракда, республиканинг уч рангли байроғи тусидаги бўйинбоқда улкан гулдасталар, мева-чева ва бошоқлар қуршовида Конвент аъзоларининг олд қаторида олдида одимларди. У байрамдан тўрт кун аввал президент этиб сайланганди. Ортидан Парижнинг 48 секцияси вакиллари ва Миллий гвардия борарди. Қатнашcилар байрам учун махсус ташкил этилган „Муқаддас тоғ“ (Конвентдаги тоғ мажози сифатида) деб аталмиш тепалик томон борарди. Унинг энг юқори қисмида инқилоб бирлиги ва садоқати рамзи бўлган Озодлик дарахти бор эди. Робеспиер ўша ерда Францияни бирлаштириш учун бу куннинг нақадар аҳамиятли экани ҳақида нутқ сўзлади ҳамда Даҳрийлик, Кибр, Худбинлик ва Жаҳолат рамзлари бўлган ҳайкалларга ўт қўйди. Уларнинг кулидан Донишмандлик ҳайкали пайдо бўлди. Фестивални инқилоб рассоми Давид ташкиллаштирди. Ўша воқеалар иштирокчиларидан баъзилари гувоҳлик беришича, тантаналарда Парижнинг 600 минг аҳолисидан қарийб 400 минги қатнашган. Якшанбанинг қуёшли куни эди ва барча иштирокчилар байрамона кийиниб олганди. Бутун шаҳар гуллар ва гулчамбарлар билан безатилган эди. Байрам нафақат Париж, қолаверса, бутун мамлакат бўйлаб ўтказилди ва кўпчилик, айниқса, католик руҳонийлар буни диннинг қайтишига йўйиб завқланди. Байрам таассуротлари шу қадар кучли эдики, эмиграциядаги роялист Малле дю Пан бу ҳақда шундай деб ёзди: „Биз ростдан ҳам энди Робеспиер инқилоб оқибатида бўлиниб кетган жамиятни бирлаштира олади, деб ўйлай бошлаган эдик“.
9 Термидор
Якобинчилар ҳеч қачон бир хил ёки бирлашган партия бўлмаган. Фракцияларнинг тор-мор этилиши сиёсий ўйин майдонида қолганларни (улар „буғдоий чориси“ деб ҳам аталган) яширинишга мажбур қилди, очиқ курашни фитна ва дасисага айлантриди. Лекин бошқа чуқурроқ сабаблар бўлмаганда, бунчалик тез ва кутилмаган қулаш (якобинчилар қулаши) юз бермас эди.гар бўларди. Республикага ҳақиқий таҳдид сақланиб қолаётган пайтда кўпчилик қўмиталар сиёсатига эргашишга рози бўлди. Максимум қонуни ҳеч кимга ёқмас ва у доимий тарзда бузилаётган, аммо Европа монархияларига қарши курашаётган мамлакат учун бу қонуннинг жорий этилиши мантиқан тўғри эди. Якобинчиларнинг ҳокимиятга келиши ва ҳокимиятда қолишига сабаб Париж секцияларидан келаётган босим эди, эберчилар бостирилгач, секциялар фаолияти сустлашиб қолди. Қўмиталар иқтисодий сиёсатидан ҳам уларнинг ҳафсаласи пир бўлганди. „Инқилоб музлаб қолди, унинг принциплари заифлашди, энди фитнанинг бошида қизил қалпоқ (Фригия қалпоғи) қолди, холос“, деб ёзганди Сен-Жюст ўша пайт. Секциялар консерватизми сабабларидан яна бири ватанпарварлик руҳидаги кўплаб ёшларнинг фронтга жўнаб кетгани билан ҳам боғлиқ эди. Секциялар фаоллари ҳукумат қўмиталари сафларини тўлдириб, номенклатурага айланиб қолган, инқилобнинг суронли тўрт йили кўпчиликни толиқтиргани сезилаётган эди. Айнан илк ғалабаларга эришилган (Флёрюс 26-июн) ва қўмиталар ҳокимиятига ҳеч ким қарши турмаётган пайтда Инқлиобий Ҳукумат аъзолари ўртасида шахсий келишмовчиликлар юзага қалқиб чиққанидан ажабланмаса ҳам бўлади. Агар қўмиталар якдил бўлганда, термидордан қутулиб қолиш мумкин бўлар эди. Айнан мана шу қарама-қаршиликлар, шубҳалар, бир-бирини айблашлар робеспиерречиларнинг, ортидан эса Инқилобий Ҳукумат таназзули, Тоғ ва Конвентнинг ва умуман, бутун Якобинчилар партиясининг қулашига олиб келди. Фракциялар қулашидан, Олий Мавжудот шарафига ўтказилган байрамдан сўнг Робеспиер шахси яққол кўзга ташланиб қолган, у энди Якобинчилар клуби ҳимоячиси сифатида Конвент ва қўмиталар ўртасидаги воситачилик ролини ҳам йўқотган эди. Унга энди деярли ҳукумат раҳбари сифатида қарала бошлади ва барча норозиликлар энди айнан унинг шахсига қаратиладиган бўлди. Аслида Ижтимоий қутқарув қўмитасида унинг ваколатлари деярли йўқ эди, кўпчилик ўйлагандай, Робеспиер қўлида ҳокимият бўлмаган. У қўмитага охиргилардан бўлиб аъзо бўлган ва ҳатто қўмита вакилларини сайлаш ҳуқуқига ҳам эга эмасди, кенгаш раиси ҳам бўлмаган. Қўмита аъзоларининг барча амаллари қолган аъзолар розилигига боғлиқ эди. 22-прериалдаги жанжалнинг моҳияти ўша куни чиқарилган қонунда эмас, у Конвентга қўмитанинг барча аъзоларидан розилик олмай тақдим этилганида эди. Робеспиер Ижтимоий Қутқарув Қўмитасининг 12 нафар аъзосидан фақат Сен-Жюст ва Кутоннинг кўмагига суяна оларди, холос. Колло дЪEрбуа ва Биё-Варенн эса кўпроқ эберчиликка мойил шахслар эди. Робер Ленде дантончиларга, Лазар Карно ва Клод-Антуан Приёр мўътадилларга яқин одамлар ҳисобланган. Устига-устак, Ижтимоий Қутқарув Қўмитаси ва Ижтимоий Хавфсизлик Қўмитаси ўртасида ҳукуматнинг сиёсий фаолияти ва шахсий муносабатлар борасида қарама-қаршиликлар мавжуд эди. Робеспиер ҳақида турли миш-мишлар тарқатилаётган эди, одамлар эси оғиб қолган башоратчи кампир Катрин Теонинг ўзини Биби Марям деб атагани ва Робеспиер унинг ўғли экани ҳақидаги гапларига қулоқ соладиган бўлди. Робеспиерни ўлдириш учун уюштирилган иккита суйқасд ҳам унинг шахс сифатидаги аҳамиятини оширишга хизмат қилди. 3-прериалда уни Анри Адмир ўлдирмоқчи бўлди. Эртаси куни эса хонадонида ёш Сесил Рено исмли қиз иккита пичоқ билан қўлга олинди. Баҳс-мунозаралар, гап талашиш қизиб кетиши оқибатида аҳвол Робеспиер 1-июлдан бошлаб Ижтимоий Қутқарув Қўмитасига келмай қўйишигача бориб етди. Ҳукумат таркибидаги қарама-қаршилик бўлинишга олиб келишини яхши тушунганлар 5-термидорда Вантоз декретлари муҳокамаси баҳонасида ярашишга уриниб кўрди. Сен-Жюст билан Кутон ярашувни ижобий баҳолади, аммо Робеспиер рақиблари самимийлигига шубҳа билан қараётган эди. У 8-термидорда Конвентдаги охирги нутқида рақибларини сиёсий ўйинчиликда айблади ва бўлиниш уринишларини Конвент судига чиқаришни таклиф қилди ҳамда Ижтимоий Қутқарув Қўмитаси таркибини янгилаш, Ижтимоий Хавфсизлик Қўмитаси таркибини тозалаш, Конвент бошчилигида ҳукуматни бирлаштириш кераклигини таъкидлади. Ундан айбдорларнинг фамилияларини номма-ном айтиши талаб қилина бошлади. Шарле шундай деди: „Кимда-ким эзгулик жасоратига эга бўлса, у ҳақиқатни айта олиш жасоратига ҳам эга бўлиши шарт. Сен ўзинг айблаётган кимсаларни номма-ном айт!“ Аммо Робеспиер айбдорларнинг исмини айта олмади. Ҳар бир Конвент аъзоси бу сукутда ўзи учун қонундан ташқари шахслар рўйхатига кириб қолиш хавфини сезди ва мажлис у чекланган ваколат (карт-бланш) талаб қилаётганини тахмин этди. 9-термидорга ўтар кечаси ултра-инқилобчи террорчилар, қолган-қутган дантончилар, Текислик ёки „Ботқоқ“ (фр. Ла Плаине оу ле Мараис) депутатлар гуруҳи аъзолари Робеспиерга қарши келишувга эришди. Фитна марказида ўзи учун катта хавф сеза бошлаган Конвент аъзолари: Тален, Фуше, Каре ва б. турарди, Фуше Лионда, Тален Бордода, Каре Нантда ҳаддан зиёд шафқатсиз оммавий қатл уюштиргани учун Парижга чақириб олинган шахслар эди. Улар Ижтимоий Қутқарув Қўмитаси аъзолари Колло дЪEрбуа, Биё-Варенн ва Лазар Карно билан келишувга эришди. Робеспиернинг Конвентдаги охирги нутқидан кейин иккала қўмита аъзолари ҳам ўз тақдиридан қўрқиб қолган ва айни омил уларнинг Робеспиерга қарши бирлашишига сабаб бўлганди. Текислик етакчилари бўлган Сиес, Камбасерес, Дону ва Буасси дЪАнгла ҳарбий ғалабалардан кейин террор йўли билан иқтисодиётни назоратда ушлаб туриш энди нотўғри бўлишини англаб етаётган эди. Шунингдек, улар Париж секцияларидан ва турли радикал оқимлардан келадиган хавф-хатар камайгани учун Конвент республика бошқарувини тўлиқ қўлга олиши зарурлигини ҳам эътироф этди.
Қамоқ
9-термидорда (27-июл) Сен-Жюст Конвентда қўмиталар маърузасини ўқиб эшиттириши керак эди. У бир неча сўзни айтиб-айтмаёқ, олдиндан келишиб олган фитначилардан бири Тален гапини бўлди. Фитначилар Робеспиер ва тарафдорлари гапиришига йўл бермасликка келишиб олган эди. Минбарда фақат улар гапирарди; дастлаб Биё-Варенн, сўнгра Барер, Ваде ва яна Тален сўзга чиқди. Улардан бири ҳатто Робеспиерни инқилоб душманларига нисбатан ўта муросасозликда, бошқа бири эса ҳаддан ортиқ террор қилишда айблади. Робеспиер эътироз билдирмоқчи бўлди. Лекин унинг сўзларини Тоғ вакилларининг „Золим йўқолсин!“ деган қичқириқлари босиб кетди. Кўпчилик овоз билан Миллий гвардия бошлиғи Анриони ва Инқилобий Трибунал раиси Дюмани қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилинди. Шундай кейин бошланиб кетган саросима ва шовқин пайтида деярли ҳеч ким танимайдиган дантончи ва монтаняр Луше Робеспиерни қамоққа олиш таклифини киритди. "Яшасин Республика!“ хитоблари остида Робеспиер, Сен-Жюст ва Кутонни қамоққа олиш ҳақидаги қарор бир овоздан тасдиқланди. Робеспиернинг Конвентдаги охирги сўзлари мана булар бўлди: „Республика? Республика ҳалок бўлди — қароқчилар салтанати ўрнатилди!“ Леба билан Робеспиернинг укаси ҳам ўзини ҳибсга олишларини талаб қилди. Ҳибсга олинганлар қамоққа олиб кетилди. Робеспиер эса Люксембург қамоқхонасига жўнатилди, аммо қамоқхона нозири машҳур маҳбусни қабул қилишдан бош тортди. Воқеалар шиддат билан ривожлана борди. Улар ҳақидаги хабар Париж мериясига (фр. Ҳôтел де Вилле де Парис) тахминан соат 17 да етиб борди. Париж Коммунаси шаҳар исён ҳолатида эканини эълон қилди. Париж мери Флерио-Леско шаҳарга олиб кирувчи йўлларни ёпишга ва бонг уриб, шаҳардаги барча секцияларни исёнга даъват этишга қарор қилди. Коммуна қўл остига ўтган секцияларнинг қуролланган бўлинмаларига ратуша (ҳокимият биноси) олдига тўпланиш буюрилди. Париж Миллий Гвардияси раҳбари Анрио бир неча жандарм билан ҳибсга олинганларни қутқармоқчи бўлди, аммо ўзи ҳам қамоққа олинди. Якобинчилар клуби ва секциялар мажлислар тўхтовсиз бўлишини эълон қилди. Коммуна ва Конвент даъватномалари, буйруқлари, акс буйруқлари шаҳарнинг барча қисмларига тинимсиз юборилиб турди. Париждаги 48 та секциядан 27 таси Коммунадан кўрсатмалар сўради, аммо 13 тасигина миллий гвардиясини унинг ихтиёрига юборди, холос. Коммуна ва қўмиталар сиёсати сабаб тўпланиб қолган норозиликлар ўз ишини қилди. Мана энди робеспиерречилар 10-август ва 31-май қўзғолонларида ҳал этувчи рол ўйнаган секциялар раҳбарлари ва фаоллари йўқ қилиниши билан боғлиқ мудҳиш оқибатларни ўз танасида ҳис қилаётган эди. Дастлаб вазият тарозиси палласи қўзғолончилар тарафга оғаётгандай туюлган эди. Инқилобий Трибунал раиси муовини Коффингал Коммунага содиқ қўшинлар билан Анриони қамоқдан озод қилишга муваффақ бўлди. Ҳибсга олинган депутатлар бирин-кетин озод қилиниб, ратушага тўплана бошлади. Коммуна қўшинлари кўпроқ эди. Айни чоқда Конвент кутилмаган исён саросимасидан ўзига келди. Марказий ва ғарбий секцияларга депутатлар юборилиб, улардан Конвент ҳимояси учун Миллий Гвардияни юбориш сўралди. Конвент Тулон қамалида ўзини кўрсата олган Баррасни қўшинларига бош қўмондон этиб тайинлади; Барер исёнчиларни қонундан ташқари деб эълон қилишни таклиф этди, бу ҳар бир исёнчи таслим бўлмаган тақдирда судсиз-терговсиз, фақат шахси аниқлангандан сўнг қатл этилишини англатар эди. Ўз навбатида Коммуна ҳам Конвентдаги фитначиларни, хусусан, Колло, Амар, Бурдон, Фрерон, Тален, Панис, Карно, Дюбуа, Ваде, Жавог, дю Барран, Фуше, Гране ва Бейлни қамоққа олиш ҳақида декрет чиқарди. Бироқ секциялар вазият ноаниқлигидан иккиланаётган эди. Иккала тарафда ҳам машҳур инқилобчилар борлиги бу ноаниқликни янада мавҳумлаштириб қўйди. Рақиб томонлар учун ким кўпроқ ва тезроқ секцияларни ўз томонига оғдириши масаласи долзарб эди. Бу йўлда улар ҳеч қандай ифлос йўлдан тап тортмаётганди. Масалан, Гравилега юборилган Конвент вакили Леонард Бурдон секцияларга, Робеспиер Людовик ХVI нинг қизи билан яширин никоҳ шартномаси имзолади, деган ёлғон маълумотни тарқатди[62]. Сен-Антуан қўрғонидаги энг жанговар, инқилобнинг барча қўзғолонларида етакчи рол ўйнаган Кенз-Вен секцияси ёрдам сўраб мурожаат қилган Коммунага шундай жавоб йўллайди: «Антуан атрофида яшовчи фуқаролар ўзига хос республика шижоатини ҳали йўқотганича йўқ, бироқ ҳозирги шароитда Инқилобий Ҳукумат республика душманлари доимо қўяётган тузоққа тушиб қолмаслиги учун уларга бошқарув кенгаши зарур». Кечаси соат 2 да (10-термидор) Конвентнинг иккита бири Баррас бошчилигидаги, иккинчиси Леонард Бурдон бошчилигидаги Гравиле секциясидан келган гвардиячилардан иборат йирик гуруҳи ратуша олдидаги майдонга келди, бироқ майдон бўм-бўш эди. Конвент қўшинлари Анрионинг адютантидан паролни билиб олиб, Коммуначилар йиғилиш қилаётган залга бостириб кирди. Леба ўз жонига қасд қилди. Огюстен Робеспиер ўзини ойнадан ташлаб, оёғини синдириб олди. Фалаж Кутон араваси билан бирга зинапоядан пастга итариб юборилди. Жандарм Мерда Робеспиерга қарата тўппончадан ўқ узди ва иягини мажақлаб ташлади.
Қатл қилиниши
Қонга беланган Робеспиер Ижтимоий Қутқарув Қўмитасига олиб келинди. У дастрўмолини жароҳатланган иягига босиб, қонни тўхтатишга ҳаракат қиларди. Жарроҳ уни кўриб, жароҳатини боғлаб қўйди. Эрталаб соат 9 да Робеспиер Консержери қамоқхонасига ўтказилди. Тушга яқин у Инқилобий Трибуналга олиб келинди. Суд жараёни апил-тапил ўтказилди, энди фақат исёнчиларни қонундан ташқари деб эълон қилиш ва суд улар шахсини аниқлаб тасдиқласш қолган эди. 10-термидор (28-июл) соат 16:30 да учта аравага ортилган маҳбуслар қатлгоҳга олиб кетилди. Улар Робеспиер яшаган Дюпле уйининг олдидан ҳам ўтди. Унинг уйи эшикларига қон суркаб, улар ва деразалар тамбалаб ташланган эди. Соат 18:15 да аравалар қатлгоҳ жойлашган Инқилоб майдонига етиб келди. Дастлаб Кутоннинг боши кесилди, кейин Огюстен Робеспиер ва Сен-Жюст, кейин Париж мери Флерио-Леско қатл этилди. Сўнгра Максимилан Робеспиер гилотинага тортилди. Жаллод унинг юзидаги боғични юлиб олди ва Робеспиер оғриқ зўридан қичқириб юборди. „Бу қичқириқ нафақат Парижни, балки бутун Францияни, бутун Европани ларзага келтирган ва асрлар ошиб бизгача етиб келган қичқириқ эди“. Гилётина тиғи Робеспиерни бошини узиб юборди. Жаллод қарсак чалаётган оломонга шаҳар мери Флерио-Леско, Кутон ва Робеспиернинг бошини кўрсатди. Қатл қилинганлар жасадлари Эрансидаги (фр. cиметиèре дес Эрранcис) биродарлик қабристонига дафн этилиб, Максимилан Робеспиердан ҳеч қандай из қолмаслиги учун устига оҳак сепилди.. «Аммо у бор, сизларни ишонтириб айтаман, о, тоза ва таъсирчан қалблар! У бор. Бу инжа, ҳукмбардор ва енгиб бўлмас эҳтирос, олийжаноб қалбларнинг азоби ва роҳати! Зулмга бўлган чексиз нафрат, мазлумларга астойдил ҳамдардлик, ватанга бўлган муқаддас муҳаббат, инсониятга бўлган энг олий, энг муқаддас севги — буларсиз буюк инқилоб яққол жиноят, яна бир бузмакор жиноят бўлиб қолиши турган гап эди; у бор — дунёдаги биринчи Республикани ташкил қилиш каби олийжаноб, кибрли истак у!» — Максимилан Робеспиер Якобинчилар клубидаги нутқидан, 1794-йил 8-термидор.
Хотираси абадийлаштирилиши
Робеспиер ҳозирги кунгача жаҳон тарихидаги энг зиддиятли шахслардан бири бўлиб қолмоқда. Буюк Франсуз Инқилоби намоёндалари орасида унинг номи билан Парижнинг бирор кўчаси аталмаган, аммо шаҳар чеккасидаги Сен-Сан-Дени департаментининг Монтрёй шаҳарчасида Робеспиер кўчаси бор. Шунингдек, метронинг 9-линиясидаги станция ҳам унинг номи билан аталади. Робеспиернинг Париждаги ягона ҳайкали Пантеонда жойлашган. Уни ҳайкалтарош Франсуа-Леон Сикар тарошлаган, ҳайкал дастлаб Тюилри боғидан жой олиши керак бўлган. Франция пойтахти кўчаларида Робеспиерга ҳайкал қўйишга уринишлар ҳозиргача муваффақиятсизликка учрамоқда..
|