Урусхон (اوروس خان; 1377 йилда вафот этган, Муҳаммад-Урус, Ўрис, Арис, Ирис, Орис хон номи билан ҳам танилган) — 1368 йилдан Олтин Ўрданинг Шарқий қисми хони, 1372-1374 ва 1375 йиллар Олтин Ўрда хони. Ўз ҳукмронлиги даврида у шарқий Дашт-и Қипчоқни бирлаштиришга эришди.
Баъзи маълумотларга кўра, у Тўкатимурийлар сулоласидан — Жўчининг ўғли Тўқа(й)-Темур авлодидан, бошқа манбаларда Жўчининг яна бир ўғли Ўрда-Эжен авлоди деб аталади. Урусхон авлодлари Қозоқ хонлигида ҳукмронлик қилган. Урусхоннинг насл-насаби ҳақида бир қанча манбалар мавжуд. Улардаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилади. Баъзи маълумотларга кўра, у Чингизхоннинг ўғли Жўчи ўғли Тўқа(й)-Темур авлодидан бўлган. Бошқаларга кўра, у Жўчининг яна бир ўғли Ўрда-Эжен (Ўрда) авлодидандир. Шу билан бирга, турли манбаларда Урусхон аждодларининг турли насабномалари келтирилган. Манбаларнинг биринчи гуруҳига қуйидагилар киради:
• «Муизз ал-ансаб». 829 (1426) йилда Темурий Шоҳрух топшириғи билан номаълум муаллиф томонидан тузилган. Унда қуйидаги насабнома келтирилган: Тўқай-Темур - Урунгтош - Ачиқ - Бактук - Темур-Хўжа - Бадак - Урусхон. • «Таварих-и Гузида-йи Нусрат Наме» («Нусратнома»). 1504 йил атрофида ёзилган. Унда қуйидаги насабнома келтирилган: Тўқай-Темур — Уз-Темур — Хўжа — Бадик — Урусхон. • «Шаджара-йи турк». Хива хони Абулғози (1603—1664) асари. Унда қуйидаги насабнома келтирилган: Тўқай-Темур — Уз-Темур — Хўжа — Бадакул — Урусхон. • «Чингизнома». Утемиш-Хўжа рисоласи, 1550 йил ёзилган. • «Бахр ул-асрор». Тарихчи Муҳаммад ибн Вали асари, 1634—1640 йилларда ёзилган.
Иккинчи гуруҳга қуйидагилар киради:
• «Мунтпахаб ат-таворих-и Муини», ёки «Номаълум Искандар». Муин ад-дин Натанзий томонидан 1413/1414 йилларда ёзилган. Унда қуйидаги насабнома келтирилган: Орда — Кули — Тумакан — Нўғай — Саси-Бука — Эрзен — Чимтай — Урусхон • «Нусах-и джаханара». Ал-Ғаффорий асари, 1564—1565 йилларда ёзилган. Унда қуйидаги насабнома келтирилган: Орда — Кули — Нукай — Саси-Бука — Эрзен — Чимтай — Урусхон. • «Тарих-и Хайдари». Хайдар ибн Али Хусайний Розий 1611 ва 1619 йиллар оралиғида ёзган. Унда қуйидаги насабнома келтирилган: Орда — Кули — Букай — Саси-Бука — Идерен — Жижай — Урусхон. • «Жоми ад-дувал». XVII асрда яшаб ўтган усмонийлар тарихчиси Мунажжим-баши асари.
Бир қатор замонавий тарихчилар Урусни Тўқа-Темурнинг авлоди деб ҳисоблайдилар ва Муизз ал-ансаб томонидан келтирилган насабнома маълумотлари афзалроқ деган хулосага келишади, аммо бошқа тарихчилар Урусни Чимтойнинг ўғли деб ҳисоблашади.
Сиғноқ хони 1361 йилда Олтин Ўрда Шарқий қисмида Хон Чимтойнинг ўлимидан кейин ўзаро кураш бошланди, унда ғолиб чиққан Чимтойнинг ўғли Урус 1368 йил Сиғноқда хон бўлди. У Шарқий Дашт-и-Қипчоқни бирлаштиришга муваффақ бўлди. Бу даврда у Мангишлоқ улусининг ҳукмдори Туй-Хўжани қатл қилди, натижада унинг ўғли Тўхтамишни ўзига асосий рақиб қилиб қўйди. Урус Хон Сиғноқда тахтга даъвогарлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун Тўқатемурийлар уруғининг деярли қолган қисмини қириб ташлади. Зодагонларнинг кўмаги билан у ўз кучини мустаҳкамлаш йўлини тутди. Ўзини суверен ҳукмдор деб эълон қилиб, ўз пулини зарб қила бошлади.
Олтин Ўрда хони Бу даврда Олтин Ўрда фуқаролар низолари остида қолди. Улардан фойдаланишга қарор қилиб, Урус Волгабўйи минтақасини ўз мулкига қўшиб олишга ҳаракат қилди. Кейинчалик унинг ўзи Мамай ва унинг гумашталарига қарши Олтин Ўрда тахти учун курашга аралашди. Зодагонларга таяниб, Урусхон 1372 йилда Оқ Ўрдага юриш қилди ва Олтин Ўрданинг тўлақонли ҳукмдори бўлди. 1370-йилларнинг ўрталарида у Ҳожи Тархонни (замонавий Астрахан) қўлга олди. 1374 йилда Урус Хон Шарқда бўлганида Сарай-Беркда хон унвонини йўқотди. Черкес хони унинг ўрнига хон бўлди. Урус Хон Сарай-берк шаҳрига қайтиб келганида, Мамайнинг ёрдамчиси Булак Хон аллақачон у ерда ҳукмронлик қиларди. 1375 йил июн ойида Урусхон яна Олтин Ўрда хони бўлди. Бироқ, тез орада Булак Хон Сарай-Беркени қайтариб олишга ва урус хонни Сиғноққа ҳайдаб юборишга муваффақ бўлди. Тўхтамиш отасининг ўлими учун қасос олиш мақсадида Амир Темурнинг катта қўшини билан Оқ Ўрдага юриш қилди. Тўхтамишнинг Сауран шаҳрига яқинлашиши ҳақида хабар олган Урус Хон унга қарши иккинчи ўғли Кутлук-Буга бошчилигидаги Олтин Ўрда қўшинини юборди. 1376 йилда Сауран яқинида қонли жанг бўлиб ўтди. Ушбу жанг пайтида Кутлук-буганинг ўзи ҳалок бўлди, аммо унинг аскарлари душман қўшинини мағлуб этишди. Тўхтамиш Самарқандга чекинишга мажбур бўлди. Амир Темур Тўхтамишга қўшимча қўшин ишониб топширди ва уни яна Сауранга юборди. Бу сафар Урус Хон катта ўғли Токтакияни шаҳарни ҳимоя қилиш учун юборди. Тўхтамиш яна ютқазди ва жанг майдоини ташлаб қолди. 1377 йилда Амир Темур Урус хонга қарши курашга қўшилди, аммо Урус хоннинг кутилмаган ўлими туфайли улар ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлмади. Чингизнома маълумотларига кўра, у жанг пайтида Тўхтамишнинг ўғли Жалолиддин томонидан ўлдирилган.
Урусхон ва Алашахоннинг муносабатлари Баъзи қозоқ тарихчилари, хусусан Радик Темиргалиев, Урусхон ва Алашхонни битта шахс сифатида қарайдилар. Қозоқ хонлари анъанавий равишда Урусхондан келиб чиққанлигини билдиради. Токтакиянинг ўғлидан Урусхоннинг набираси Керей Хон Урусхоннинг бошқа авлоди, Коиричак хоннинг ўғли ва унинг набираси Барак хоннинг Жанибек Хон лақабли ўғли Абу Саид билан биргаликда қозоқ хонлигининг асосчилари бўлди.
Ўғиллари
• Қутлуғ-Буға • Тўқтакия • Темур-Малик • Қўйричак
Абу Муслим тайёрлади |