Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Екатеринанинг кўз дўхтири
PDF Босма E-mail

Сарой ўйинлари иғво ва фитналар натижасида тахт талашиш авжига чиқиб, Хива хони тожини кийишга ҳавасмандлар кўп эди. Ана шундай талатўплар замонида сарой амалдорлари ичида Муҳаммад Амин иноқнинг қўли узун бўлиб, у 1743 йилдан бошлаб иноқ лавозимини қўлга киритганданоқ, ҳукмдорларга ўз таъсирини ўтказиб юрди.
Натижада унинг бойлиги ошиб, амалда давлатни у бошқара бошладики, қолипига тушмаган хонни турли йўллар билан тахтдан тушириб қўядиган даражага етди.
Шу боисдан 1743-1792 йиллар орасида йигирма хон тахтга ўтирди. Улар орасида нафақат икки-уч йил, балки бир-икки ой, хафта, ҳатто ярим кун хон бўлганлар ҳам бор эди.
Орадан йиллар ўтиб, 1790 -1792 йиллар оралиғида кексайиб қолсада, ҳукмдорлар жиловини ўз қўлида тутиб турган Муҳаммад Амин иноқнинг кўзи ожизланиб, ҳатто яқин атрофии ҳам яхшироқ кўролмайдиган бўлиб қолади. Қариб, гўр чақириб турган кекса иноқ шунда ҳам яна кўз нурини тиклаш умидида, 1792 йил Петербургга борган элчи ва савдогарлар орқали Россия императоридан иноқни даволаш учун кўз дўхтирини юборишни илтимос қилади. Негаки, хивалик сарой табиблари кекса иноқни даволай олишмаганди. Хоразмнинг бошқа ҳудудлари ёки шарқ давлатларидан табиб олдиришга иноқ чўчирди. Чунки, кўп йиллар тахт ҳавасмандларини жаҳаннамга юбориб, иғво пешвоси даражасига етган кекса чол, ўзиниям кимдир кўз даволашни баҳона қилиб, фитна уюштириши мумкин деб ўйлаганди.
Ана шу тариқа иноқ илтимосига кўра Петербургдан 1793 йил Хивага ҳарбий шифокор, кўз дўхтири майор Бланкенагель ташриф буюради. Бу вақтда Русия императори маълуму машҳур Екатерина иккинчи эди.
1762-1796 йилларда Россияга ҳукмдорлик қилган, асл исми София Фредерика Августа Цербетская бўлган, немис князлари авлодидан бўлмиш бу аёл 1744 йилдан Русия императори Елиза-ветта Петрова паноҳига келгач, православ динига ўтган ва Екатерина Алексеева номини қабул қилганди. Орадан оир йил ўтиб, у Пётр III га никоҳланади.

Бир мунча вақт ўтиб, 1762 йил 28 июн куни у эрини гвардиячи офицерлар ёрдамида қамоққа олиб, Сарой тўнтариши қилади. Шу тариқа у Екатерина III номи билан тахтга ўтиради.

У ҳам ҳукмдорлик пайтида мустамлакачиликни давом қилдириб, Украина ва Беларуссиянинг бир қисмини босиб олади, рус флоти Қора денгизгача чиқади. Доимо жазманлари билан банд подшо хоним дворянлари ҳуқуқларини кенгайтиргани ва уларга имтиёзлар беравериши натижасида оддий халқ аҳволи ёмонлашиб, 1773-75 йилларда Пугачёв бошчилигида қўзғолон бўлиб ўтганди. Емельян Пугачёв кўзғолони Оренбургдан қозоқ чўлларигача бўлган ҳудудни қамраб олиб, ушбу исёнда кўплаб Ўрта Осиёликлар ҳам иштирок қилишганди. Маълумки, ўша вақтларда Хива хонлигининг энг қизғин савдо йўли Оренбург орқали бўлган. Бу эса қўзғолон боис иккала давлат ўртасида савдо ва дипломатик алоқаларининг тўхтаб қолишига сабабчи хам бўлганди.

Кўз дўхтири майор Бланкенагельни Хива хонлигига юборишдан кўзланган мақсад ҳам аввало кекса иноқни муолажа қилиш билан бирга, савдо алоқаларини тиклашга дойр музокаралар олиб бориш ва энг асосийси хонлик ҳаётини Россия манфаати нуқтаи назаридан синчиклаб ўрганиш эди.
Екатерина II мўғул босқини, Бекович Черкаскийнинг фожи-али ўлимини эслаб, «Шарқликлар... уф... улар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлмоқ керак... яратганнинг ўзи асрасин» деб қўярди аҳён-аҳёнда.
Хуллас, подшо олияларининг элчиси, кўз дўхтири Бланкенагель Оренбург орқали Хивага гашриф буюради. Табиийки, элчини олийнасаб кишиларга хос тарзда кутиб олиб илтифот кўрсатишади ва унинг ўзи ҳамда ҳамроҳларига Хивадалик пайтида эҳтиёжи учун керакли даражадаги пул хазинадан ажратилади.
Кўзи ожизланиб қолган фитнакор Муҳаммад Амин иноқ олдинига эҳтиёткорлик қилиб, майор Бланкенагельга ҳам шубҳа билан қарайди. Шу боис уни табиблар тилмоч орқали тиббиёт бўйича суҳбатлашиб синаб кўрадилар.

Ниҳоят Бланкенагель сўровларга тўғри жавоб бериб, кекса иноқнинг кўзини муолажа қилиб оз бўлсада тузатади. Бу вақтда Хива хони Абулғози I бўлиб, Аҳмаджон Табибийнинг «Тавроихи ул-хоний» асарида ёзилишича, ҳукмдор қорапаранг, кўса киши бўлган. Табиийки, майор Бланкенагель Абулғозихон билан хам мулоқатда бўлиб, иккала давлат ўртасидаги савдо алоқалари бўйича суҳбатлашади. Хива хони майорга кетиш пайтида Россияга ўз элчисини қўшиб юборажаклигини айтади. Бу хақда Бланкенагель шундай ёзади: «Тиббиёт бобидаги мулоҳазаларим тўғри чиққанидан кейин, элчи қилиб кимни мен билан юборишларини билишни талаб қилдим. Каминанинг бу талаби турли кенгашлар чақирилишига сабаб бўлди. Аммо жўнашимдан икки хафта олдин элчи қилиб Аваз Муҳаммадбий тайинланган экан».
Бу орада Бланкенагель Хивада бўлиб, қалъанинг заиф томонлари, халқ ҳаёти ва ҳукмдорларга муносабати, сув йўлларини чуқур ўрганиб чиқади. «Хива фуқароси турли-туман уруғларга бўлинади, улар бир-бирларига доим кушанда. Бу уруғлар орасида халқнинг кўпи қўнғирот уруғи бўлиб, ҳозир ҳокимият тепасида ўшалар ўтирибди. Кўнғирот иноқи Хива халқини идора қилади, унинг ҳузурида «девон» бор».
Хуллас, Екатерина II нинг элчиси, кўз дўхтири Бланкенагель Хивада ўз ишини бажариб, иноқни даволаб ундан беҳисоб совға саломлар олиб, ҳукмдор билан савдо алоқалари бўйича музокара ўрнатиб, хоразмлик элчи Аваз Муҳаммадбийни Екатерина II билан учраштирмоқ ниятида ҳазрати олиялари ҳузурига ошиқади.
Орадан кўп ўтмай кекса Муҳаммад Амин иноқ вафот этади. 1796 йил бўлса Бланкенагельни Хива хонлигига юборган Екатерина II 67 ёшида ҳаётдан кўз юмади.
Кўз дўхтирининг Хоразмда кўрган-кечирганлари эса воҳа тарихини ўрганишда таққослаб ўрганадиган манба («Путевие заметки майора Бланкенагелья о Хиве, Поездки его из Оренбурга в Хиву 1793-94 г» СПБ, «Вестник» РГА, 22 том, 96-116 бет-лар) сифатида тарихда қолди.

Умид Бекмуҳаммад

 
Баннер