Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Иван Грознийнинг Женкинсони
PDF Босма E-mail

— Бутун Руснинг буюк князи! Сизнинг ҳузурингизга Осиёга юборган элчингиз қайтиб келди ва у киришга мунтазир,—деди сарой аёни.
Гарчи бошқа масалаларни режалаштириб қўйган бўлсада, Иван Васильевич дарҳол элчини қабулига чорлашни буюрди:
—  Женкинсонимни тезроқ ҳузуримга бошланг! Тарихда Грозний лақаби билан машҳур Москва ва бутун
Руснинг буюк князи Иван 1 (Иван Васиьевич) шу тарифа ўзи элчи қилиб жўнатган инглиз савдогарини бошқа муҳим масалаларни ҳам четга суриб қабул қилади.

Россия тарихида рус давлатини мустаҳкамлаш ва марказлаштириши билан донг қозонган, халқ ўртасида эса «Грозний» (дахшатли) лақаби билан машҳур Иван I (1530-1584) жуда ёш чоғида — 3 ёшида тахтга ўтказилиб, давлат ишларини унинг номидан князь ва боярлар бошқарган бўлсада, вояга етгач бутун давлат амалдорларини қаттиққўллик билан ўзига бўйсундириб сиёсат юргизди. Шу билан бирга қўшни бўлган мусулмон хонликларни ҳам забт қилиб, давлати ҳудудини шулар ҳисобига кенгайтирди. 1547-1552 йиллардаги урушлардан сўнг, Қозон, 1555 йил Сибирь, 1556 йилда Астрахань, 1557 йилда эса Нугай урдаси босиб олинади.
Иван Грознийнинг очилиб кетган мустамлакачилик сиёсати иштаҳаси ғарбда Литва, Польша, Дания ва Швеция билан, шарада бўлса Ўрта Осиё хонликлари билан овора эди. У Болтиқбўйига юриш қила туриб, дастлабки ғалабаларидан ғурурланган ҳолда, Ўрта Осиёни ҳам эсидан чиқариб қўймади.

Шу мақсадда у Москвага келган инглиз савдогари — Антоний Женкинсонни Хоразм томон сафарга йўллаб, у ердаги вазият билан танишиб келишни топширди. Ана шу тарзда 1558 йилда Иван Грознийнинг махсус ёрлиғини олиб Женкинсон Москвадан йўлга чиқди. У Волга дарёси бўйлаб сузиб Астрахань шаҳрига етиб борди, у ердан Каспий денгизи орқали сузиб ўтди ва Мангишлоқ яриморолида қўнди. Женкинсон ёнида Маккага ҳажга кетаётганлар Мовароуннаҳр савдогарлари ва эронликлар бор эди. Улар Мангишлоқ орқали Урганч яқинидаги вазир шаҳрига келадилар. Бу вақтда Хоразмдаги Урганч, Хазорасп ва Қатда Али султон, Хива ва Улуғбектепада Пўлат Султон, Мангишлоқ ва туркман қабилаларига Темур султон ҳокимлик қиларди. Яъни, давлат турли бекликлардаги ҳокимлар томонидан бўлиниб, уч ҳукмдор юзага келган, улар бир-бирига қарама-қарши эдилар. Хуллас, Женкинсон дастлаб Темур султон ҳузурига келади.

«Бу султон кўшк ва шаҳарда яшамай, сақрода яшаган ва мен унинг кичкинагина қамишдан ясалган, усти кийгиз, ичи эса гиламлар билан ўралган ўтовига кириб борганимда у ўтирган эди. У билан бирга бу сахройи мамлакатнинг бош руҳонийси ўтирганди. Европанинг каттагина қисмида Рим епископини қанчалик ҳурмат қилсалар, уни ҳам халқ шунчалик азизлар эди. Улардан бошқа бир неча амалдорлар ҳам бор бўлиб, мен улар билан хушлашиб жўнадиму, ўзимизнинг карвонимизга етиб олдим ва саёҳатни давом этдирдик. Денгиз соҳилидан бошлаб би-рорта ҳам шаҳар ва аҳоли яшайдиган жойни кўрмасдан ўзимизга керакли бўлган озиқ-овқатни юклаб, саҳрода 20 кун йўл юрдик. 20 кун ичида ўша эски чуқур қудуқлардан олинадиган шўртанг ва жуда ҳам шўр сувдан бошқа сувни учратмадик. Баъзи вақтларда эса икки уч кунлаб шу сувга зор бўлдик. 5 декабрда эса биз яна қайта Каспий денгизи қўлтиғига етиб келдик, бу ерда биз чучук сув ичишга муяссар бўлдик. Бу жойда бизни туркман шоҳининг бож олувчилари кутиб олишди. Улар биздан солиқ сифатида ҳар бир 25 молдан биттадан мол ва шоҳ ҳамда унинг ака-укалари фойдасига тўққиз хил молнинг ҳар биридан еттитадан бож олдилар.

Барча йиғилган нарсани олиб, улар жўнадилар, биз яна бир кун дам олиш учун бу ерда қолдик» ("Английские путешественники в Московском государстве в 16 века" тўплами. Инглизчадан Ю. В. Готье таржимаси. Л, 1937 йил 167 бет).
Шу тариқа Женкинсон ҳамроҳлари билан яна йўлга тушиб Урганч яқинидаги Селлизюр (вазир) қалъасига кириб келадилар. «Қалъа баланд тепаликда жойлашган, бу ерда хон деб юритиладиган қироляшайди. Унинг саройи пастгина, чўзиқ бўлиб унчалик мустаҳкам эмас. Ахолией қашшоқ ва савдо ишлари билан шуғулланмайди. Қалъанинг жанубий қисми пастликда, аммо жуда унумдор ерда жойлашган. Бу ерда жуда хилма-хил экинлар ўстирилади, булардан биттаси қовундир, у ўзининг катталиги ва шираси билан ажралиб туради. Аҳоли уни овқатдан сўнг сув ўрнига ейди. Бу ерда яна тарвуз деб аталувчи мева бор, унинг катталиги катта бодрингдай, сариқ ва шакардек ширин (Женкинсон қовоқни тарвуз деб янглишган, шунингдек илғур (оқ жўҳори) деб аталувчи дон экини ўсади, унинг пояси ва бўйи шакарқдмишга жуда ўхшаб кетади, дони гуручга ўхшайди ва поянинг юқори қисмида жойлашган, узум бошларига ўхшаб осилиб туради. Бутун мамлакат фойдаланаётган суви жуда камайиб кетган Оксус дарёсидан каналлар орқали олинади. Мана шунинг учун ҳам унинг суви илгаригидек Каспий денгизига қуйилмай қўйган. Бу мамлакат яқин вақтлар ичида Оксус сувининг етишмаслиги натижасида вайрон бўлади ва саҳрога айланади».

Женкинсоннинг айтганича бор эканки, 1573 йилда Оксус — Амударё ўз ўзанини ўзгартириши натижасида Урганч, Вазир, Адоқ, Тирсак шаҳарлари сувсизлик натижасида харобага айланади. Энди яна унинг хотираларига қайтадиган бўлсак, у 16 октябр куни Урганч шаҳрига  кириб келгани ҳақида шундай ёзади:
«Урганч шаҳри текисликда жойлашган бўлиб, унинг атрофи 4 милга яқин пахса девор билан ўралган. Биноси ҳам пахса девордан қурилган, аммо харобага айланаётган ва тартибсиз ҳолда эди, битта узун кўчасининг усти беркитилган, бу куча уларнинг бозори эди. Шаҳар етти йил мобайнида тахт учун бўлган ўзаро жанжаллар натижасида тўрт марта қўлдан-қўлга ўтган. Шунинг учун у ерда савдогарлар кам ва камбағал. Бутун бошли шаҳарда ҳаммаси бўлиб тўрт бўлак мато сотдик. Бу ерда сотилаётган асосий моллар Бухородан ва Эрондан келтириларди. Аммо у моллар шунчалик камки, улар ёзишга ҳам арзимайди. Каспий денгизидан тортиб Урганчгача бўлган бутун мамлакат туркманларга ва юқорида кўрсатиб ўтилган Азим (Хожимхон) хонга ҳамда унинг беш кишидан иборат бўлган ака-укаларига қарашли бўлган. Улардан биттаси — улуғ шоҳ ёки хон деб юритилади, аммо унинг шахсан қўл остидаги ва ҳатто у ўзи яшаётган ердаги кишилар ҳам унга яхши бўйсунмас эдилар. Бу шахсларнинг ҳар қайсиси ўз ерида мустақил шоҳ бўлишни истар эди. Биз 26 ноябрда Урганч шаҳридан жўнаб кетдик...»

Шундан кейин Женкинсон Кат шаҳрига ҳам бориб, у ердан яна келган йўли билан ортга қайтиб 1559 йил баҳорда Москвага кириб боради. У Иван Грознийга Хоразмда курган кечирганлари ҳақида сўзлаб, у ердаги вазият ҳақида ахборот беради ва хотираларини қоғозга туширади. Гарчи Женкинсон хотираларида бироз хато ва англашилмовчиликлар бўлсада, унинг ёзганлари XVI асрдаги Хоразм ҳаётини ёритувчи муҳим манбалардан бўлиб қолди.
Иван Грозний эса ўзининг очкўз назарини Ўрта Осиёга қаратсада, Литва, Польша ва Дания билан бўлган жангларда мағлубиятга учрагач, Женкинсон туфайли маълумотга эга бўлган Хоразмга қилажак юриши армонга айланиб қолди.
Ҳа, Иван Васильевич Грозний ўз касбини ўзгартирмай, бос-қинчлик юришлари эвазига Русия ҳудудини кенгайтирган подшоҳ ва марказлашган Буюк Рус князи сифатида тарихда қолди. Женкинсон хотиралари бўлса тарихимизни ўрганишда хизмат қилувчи манбага айланди.

Умид Бекмуҳаммад, "Ҳарбий ҳийлалар" китобидан

 
Баннер