Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
Алавийларнинг ҳокимиятга келиш тарихи
PDF Босма E-mail

Алавийлар бойиб кетишди, ҳукуматда кўпчиликни ташкил қиладиган бўлди, муҳим мансабларни эгаллаб олишди ва таълим муассасаларида ҳам жуда кўп ўринларга эгадир. Бундай фожеали ўзгаришлар қандай юз берди? Алавийларнинг анъанавий душманлари бўлган суннийлар ва Асадни ёқтирмайдиганлар бу борада жуда мураккаб конспирация назариясини ишлаб чиқишди. Шунга кўра, уларнинг мақсадга етишлари (ҳокимиятни қўлга олиши) камида юз йил вақтни қамраб олган экан. Мазкур назарияга кўра, Муршид қатл қилинганидан сўнг, улар “қасос олишга” ташна бўлишган. Уларнинг асосий стратегияси армия ва БААС партиясида яширин гуруҳларни ташкил қилиш бўлган.
Конспирация назариясининг муаллифларига кўра, алавийлар 1959 йили БААС партиясининг ҳарбий қўмитаси ташкил қилиниши билан Сурия ҳукуматини қўлга олишга жуда яқин бўлиб қолишган. Қўмитанинг ташкил қилиниши ўта махфий бўлиб, партия аъзолари аксарининг у ҳақида хабари бўлмаган. Айнан шунинг ўзиёқ қўмита умумсиёсий мақсадлар учун эмас, балки секта манфаатларини мақсад қилганини кўрсатади.
Кардахада БААС партиясининг юқори мартабали ҳарбийлари билан алавий пешволари ўртасида бўлиб ўтган махфий учрашувлар ҳам бу назарияни тасдиқлайди. Анжуманнинг асосий мақсади БААС партиясининг бошқарув мансабларига алавийларни кўтариш муҳокамаси бўлган. Бунинг ортидан, 1963 йили Ҳимсда яна бир яширин учрашув бўлиб ўтган.
Жон Девлин каби холис тарихчилар Суриядаги ҳукуматни алавийлар эгаллаши тасодифий бўлганлигини таъкидлайди. У ёзади: “Суриядаги ҳар қандай ички конфликтни фақат сунний ва алавийлар рақобати билан баҳолайвериш унчалик тўғри эмас. БААС дунёвий партия бўлиб, унинг аъзолари ичида жуда кўп миллий озчилик вакиллари бўлишган”. Бошқа тарихчилар эса жуда кўп бошқа омилларнинг - жуғрофий, сиёсий, этник, маданий ва маърифий тарафларнинг ҳам муҳимлигини айтишади ва Сурияда 50-70 йилларда бўлиб ўтган миллатлар аро зиддиятни “редукционизм” дейишади.
Юз йиллардан ошиқ вақт давом этган кучли рақобат алавийларнинг руҳиятига катта таъсир ўтказган. Алавийлар сунний ҳукмдорларга ва ҳар қандай хорижий кучларга ҳамиша қарши бўлиб келишган. Улар бошқариб бўлмайдиган ва шиддатли халқ деган номни олишган.
Алавийлар ўз тоғларида яшириниб, яккамохов ҳаёт кечира бошлашди. Ташқарида нима бўлаётгани уларни қизиқтирмасди ва ташқи таъсирдан алавийлар назорат қилаётган ҳудудлар омонда қолди.
Турклар катта қийинчиликлар билан 19 аср иккинчи ярмида алавийлар ҳудудлари устидан ўз назоратларини ўрнатишган. Турклар ҳукмронлиги даврида алавийлар истиқомат қиладиган ҳудудларга суннийлар келиб яшай бошлашди. Бироқ, уларнинг кўпайиб боришини кўрган алавийлар уларга тунлари ҳужум қилишар эди. Одатда, алавийлар суннийлардан бўлган ер эгалари қўл остиларида ишлашар эди. Маош сифатида ҳосилнинг бешдан бирини олар эди. Усмоний салтанатининг солиқчилари қашшоқ ва камбағал бўлган алавийларни аяб ўтирмасди. Алавийлар яшайдиган Латакияда суннийлар яшайдиган ҳудудлардан кўра солиқларни 2-3 баробар  ошириб қўйишар эди.
Биринчи жаҳон уруш ва ундан кейинги даврларда алавийлар ўз ерларини оммавий равишда тарк қила бошлашди. Эркаклар армияга кетишар, қизлар эса, баъзан 7-9 ёшидан бой-бадавлат бўлган суннийлар оиласида энагачилик қилар эди. Кўп ҳолларда бундай қизлар ўз хўжайинларидан ҳомиладор ҳам бўлиб қолишар эди. Баъзи оилалар ўз қизларини қулликка сотишга мажбур бўлишган. Насроний рухонийси Самуэл Ляйд 1860 йилларда Сурия бўйлаб сайёҳат қилиб, ёзган эди: “Алавийларнинг ҳозирги ҳолатини ер юзидаги жаҳаннамга ўхшатиш мумкин”.
20 асрда юқорида зикр қилинган тенденциялар фақат янада кучайган. Бой-бадавлат сунний зодагонлар шаҳардаги ҳаёт билан роҳатланар, алавий деҳқонлар эса экин майдонларида оғир меҳнат билан банд эдилар. 30-йилларда Жак Вейлерсс ёзган эди: “Ҳар иккала жамоа ўз қонунлари билан алоҳида-алоҳида яшашади. Улар нафақат бир-биридан фарқ қилади, балки улар бир-бирларига душман ҳамдир. Аралаш никоҳлар мумкин эмас. Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги зиддиятлар (антагонизм) шу даражада чуқурки, тубдан фарқ қилувчи ягона сиёсий тизимда яшовчи икки хил аҳоли ҳақида гапирсак ҳам бўлаверади”. Бир неча ўн йилдан кейин Николас ван Дам таъкидлаб ўтишича, “Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида фарқ шу даражадаки, ҳатто шаҳарда яшовчилар қишлоқ аҳолисининг қонини ютиш учун келганларга ўхшайди”.
Бир неча юз йил давом этган қарамлик, суннийларга бўлган нафрат сунъий равишда ташкил қилинган ва бугунги кунда Сурия Араб республикаси номи билан танилган мамлакат тарихи учун узоқ таъсир қилувчи оқибатларга олиб келди. 1920 йили французлар Дамашқни босиб олишларидан олдин алавийлар французларга ўз мойиилликларини кўрсатиб келишган. Юсуф ал-Ҳаким ёзишича: “Алавийлар худди жаҳаннамдан озод бўлгандек ўзларини тутишмоқда. Улар босқинчи французларнинг мандатини қўллаб-қувватлашмоқда ва ҳатто Бутун Сурия конгрессига ўз вакилларини юборгани ҳам йўқ”.
Алавийлар Сурияни бошқариш учун юборилган Макка амирининг ўғли шаҳзода Файсалдан нафратланар эди. 1919 йили французлар қўллаб-қувватлаши ва улар тақдим қилган қуроллар билан Файсалга қарши қўзғолон кўтаришди. Замондошларининг бири ёзишича: “Алавийлар Исломни ёмон кўришади ва Усмонийлар салтанатининг қулашини хоҳлайдилар”. Француз генерали Гуро 1919 йил охирида ҳукуматга ёзган ўзининг мактубида: “алавийлардан бўлган турли қабилаларининг 73 та пешвоси мутлақ Франция протекторатида бўлган Нусайрийлар иттифоқи ташкил қилинишини сўрайди”, деб ёзган эди.
Бироқ икки йил ўтар ўтмас, алавийлар Солиҳ Алий бошчилигида французларга қарши исён кўтариб чиқишди. Асад сулоласи мазкур воқеалардан ўз фойдасига фойдаланмоқчи бўлишади. Аслида эса французларга қарши кўтарилган исёнга сабаб исмоилийлар билан французларнинг иттифоқ тузиши сабаб бўлган эди. Алавийлар ва исмоилийлар ўртасидаги ёмон муносабатлар французлар билан уруш чиқишига олиб келди. Французлар алавийларга мухторият бериши биланоқ, алавийларнинг қўллаб-қувватлашларига эга бўлишди.
Французлар ҳукмронлигидан алавийлардек ҳеч ким фойда кўрган эмас. 1922 йили 1 июл куни Латакия мухтор вилояти ташкил қилинди. Алавийлар ниҳоят суннийлар назоратидан қутилишди. Алавийлар сунний қозилари назоратидан чиқишди. Жамоа вакилларига тегишли барча ишлар алавий маҳкамаларига бўйсундирилди.  Алавийлар маорифига кам солиқ солинди ва французларнинг катта миқдордаги моддий ёрдамларини ҳам олишди.
Бунга жавобан алавийлар французларга ўз ёрдамларини аямадилар.  Бошқа жамоаларнинг бойкот қилишига қарамай, улар 1926 йили ўтказилган сайловларда фаол иштирок этишди. Французлар тарафидан ташкил қилинган Troupes Speciales du Levant ҳарбий қисмларининг аксарини алавийлар ташкил қилган. Troupes Speciales du Levant қисмлари 1945 йилнинг иккинчи ярмигача ўз француз раҳбарларига содиқ қолишди.
Полициячи алавийлар суннийларнинг нарозилик намойишларини тарқатишда, суннийларнинг босқинчиларга қарши бош кўтаришларини шиддат билан бостириб келишди. 1922-1927 йилларда Сурияда Франциянинг бош комиссари бўлган Анри де Юванел: “Бир алавий сиёсатчиси менга айтишича, уч-тўрт йил ичида биз уч юз тўрт юз йил ичида эришмаган ютуқларга эришдик. Биз фақат ҳозирги ҳолат давом этишини хоҳлаймиз”, деганини хотирлаган эди.
Айниқса, 1936 йил алавийларнинг мухтор вилоятини Сурияга кўшишганида французпараст кайфиятлар аниқ намаён бўлган эди. Алавийлар суннийлар билан бирлашишни “қуллиққа қайтишдан бошқа нарса эмас” деб билишар эди. Франция вазири Леон Блюмга бир алавийлардан бўлган сиёсатчи: “Алавий ва суннийларни ажратувчи жар жуда чуқур эканини эслатиб қўймоқчиман. Бирлашиш тасаввур этиб бўлмайдиган ҳалокатга олиб келади” , деб ёзган эди.
Кейинчалик олтита кўзга кўринган аслзода алавийлар  (улар ичида Ҳофиз Асаднинг бобоси ҳам бўлган) Блюмга яна бир мактуб битишган эди. Унда айтилишича, “Алавийлар суннийлардан тарихи бўйича ҳамда дини билан фарқ қилади. Алавийлар Сурия билан бирлашишни инкор қилади, чунки бу суннийлар давлати. Улар эса бизларни кофир сифатида кўришади. Франция мандати тугаши алавийлар учун ўлим билан тенг хавфни келтириб чиқарди. Диний феодализм руҳидаги Сурияни ўзини-ўзи бошқара олмайдиган мамлакатга айлантиради. Франциягина Сурияда қолиб, алавийларнинг эркинлиги ва хавфсизлигини таъминлай олади”.
1936 йили 450 минг алавий, друз ва насронийлар имзо чеккан петицияда: “Алавийлар – сўйишга тайёр бўлган мол эмас”, дейилиши янада хавотирни кучайтиради. "Дунёда ҳеч қандай куч уларни анъанавий (сунний) душманларига бўйин эгишга, абадий қул бўлишга мажбур қила олмайди. Алавийлар севимли Франция билан дўстлик алоқалари узилганидан чуқур афсусдадир”.
Латакия 1936 йили олган мухторияти бекор қилинганига қарамасдан вилоят “махсус сиёсий ва молиявий режимда”, деб эълон қилинди.
1939 йилии алавийларнинг суннийларга қаршилиги янада ортди. Юқорида зикр қилинган ал-Муршид суннийларга қарши кўтарилган қўзғолонга бош бўлди. Бу исёнда 5 мингдан ошиқ одам иштирок этди. Муршид бир неча йил давомида Латакияни Дамашқдан мустақил ушлаб турган.
1946 йили французлар мандати тугаганида ҳукумат шаҳарлик сунний аслзодалар қўлларига ўтган эди. Ҳатто мустақиллик эълон қилинганидан сўнг ҳам алавийлар Дамашқ ҳукуматига қарши бўлишди ва 1947 йили Муршид иккинчи бор қўзғолон кўтарди. Исён бостирилади, Муршид эса қатл қилинади. Муршид ўғли бошчилигидаги алавийларнинг учинчи қўзғолони 1952 йили бўлиб ўтади. Учта қўзғолондаги муваффақиятсизлик туфайли алавий пешволари Либан ёки Трансиорданияга қўшилиши ҳақида ўйлай бошлашди. Алавийлар Сурияда қолмаслик учун барча нарсага тайёр эдилар. Бу эса суннийлар назарида алавийлар ҳақида тасаввурни янада ёмонлаштирди.
Дамашқнинг сунний ҳукмдорлари ўз тарафидан Латакиянинг ажралиб кетмаслиги учун саъй-ҳаракатларини аяшмас эди. Уларни тушуниш мумкин – мамлакатнинг денгизга чиқадиган ягона йўли мазкур минтақа ҳисобланади. “Алавийлар давлати”, алавий ҳарбий қисмлари, алавий қозилари ва парламентда алавийлар учун жойлар бекор қилинди. 1954 йилдаги Друзлар қўзғолони бостирилгач, алавийларда бошқа умид қолмади ва улар “Озод Сурия” фуқароларига айланишди. Буни англагач, улар ҳукумат юқорисига қараб ҳаракат қила бошлади. Армия ва БААС партияси бу учун жуда қулай вазифани адо қилди.
Ҳатто французлар кетиши билан ҳам армияда алавийлар ва бошқа миллий озчилик вакиллари кўп бўлиб қолиши давом этаверган. Эски аскарлар хизматда қолар,  янгилари эса хизматга келар эди. Суннийларнинг алавийларга бўлган нафратини эътиборга олсак ҳолатнинг бундай давом этиши жуда ажабланарлидир. Бундай давом этишга бир неча омил сабаб бўлган. Биринчидан, Сурия армияси миллий озчиликлар “тўдаси” тамғаси урилган. Кузатувчиларнинг бири бўлган Патрик Сил: “Суннийлардан бўлган латифундчилар миллий кайфиятни шакллантирувчи асосий куч бўлсада, улар армиядан нафратланар эди. Икки жаҳон уриши орасида армияда ҳизмат қилиш француз хоинига айланиш билан тенг эди. Ҳимсдаги ҳарбий академия исёнчи, дангаса саводсиз шахслар ёки ижтимоий ҳолати жуда паст одамлар учун жой ҳисобланар эди”.  Аслида эса, миллий озчилик учун академия мансаб учун баландроқ кўтарилишга ёрдам берадиган восита эди (трамплин).
Иккинчидан, суннийлардан бўлган ҳукмдорлар мамлакатда армия ўрни муҳимлигини унутиб қўйишди. Кам молияланган харбий ҳизмат унчалик жозибали бўлиб кўринмаган. Учинчидан, алавийлар яшайдиган ҳудудлардаги иқтисодий аҳволнинг ёмонлигидан ҳарбий хизматдан озод қилувчи солиқларни тўлай олмаслиги ҳам ўз ролини ўйнаган. Алавийларнинг авлодлари ҳарбий хизматни ҳаёт учун нормал пул топишнинг ягона йўлларидан бири деб билишига олиб келган.
Шунга мувофиқ армияда алавийлар таъсири жуда юқори бўлган. 1949 йилги баёнотда айтилишича, Сурия армиясида қандайдир аҳамиятга эга қисм бўлса, у ҳам миллий озчилик вакилларининг бошқарувидадир. Бу ерда гап фақат алавийлар ҳақида эмас. Масалан, 1949 йилларда президент Ҳуссайн Заиманинг шахсий қўриқчилари фақат черкаслардан иборат бўлган. Сержантлар такрибининг учдан икки қисми ва Сурия армиясининг ярмидан кўпи эса алавийлардан иборат эди.
Суннийларнинг пешволари ўзларича, юқори ловозимларнинг назорат қилиниши, бутун армияни назорат қилиш билан баробар, деб ҳисоблашган. Ҳолат шу даражада эдики, озчилик вакиллари мансабда кўтарилиши ва батальон қўмондони бўлиши жуда мушкул эди. Тақдир тақозосига кўра, бу улар учун ижобий рол ўйнаган. 1949-1963 йилги сунний зобитлар жуда кўп давлат тўнтаришлари ва бир-бирларини ковлаш билан машғул эдилар. Ҳар қайси янги тўнтариш янги тозалашлар, рақобатчиларни йўқ қилиш ёки уларни истеъфога чиқишини келтириб чиқарар эди.
Сотқинликдан қўрқиш Сурия армиясида ҳақиқий эпидемияга айланиб кетди. Бундай ҳолатда миллий озчилик вакиллари этник алоқаларининг мустаҳкамлиги туфайли бошқаларга қараганда анча дуруст эди. Битталаб армияга хизматга келган суннийлардан фарқли ўлароқ алавийлар армияга секта аъзоси сифатида келар эди. Бу ерда эса уларни қабиладоши ёки бошқа таниш-билишлари кутиб олар ва уларни керакли вақтда қўллаб-қувватлар эди.
Армияга қўшимча сифатида, алавийлар БААС партиясида ҳам катта салмоққа эга бўлиб бордилар. Партия ташкил қилинган илк кунларидан бошлаб миллий озчилик вакиллари бу партияда ниҳоят даражада кўп эди. Айниқса, Латакиядаги партия бўлинмасидаги аъзоларнинг аксари алавийлардан иборат эди.
Дамашқдаги бўлинманинг аксар аъзолари ҳам пойтахтга келган қишлоқ аҳолисининг вакилларидан иборат эди. Шаҳардаги лицей ва университетларда ўқийдиган деҳқонларнинг фарзандлари одатда партияга аъзо бўлишар эди. Алеппода партиянинг тўртдан уч қисм аъзолари талабалар – деҳқонларнинг болалари бўлган.

Алавийларни БААС партиясининг мафкурасидаги иккита доктрина ўзига маҳлиё қилган эди: социализм ва секуляризм. Социализм мамлакатнинг энг қашшоқ жамоаси учун иқтисодий имкониятларни тақдим қилар эди. Секуляризм эса жамият доирасидан динни узоқлаштиришга имкон берган, яъни анъанавий Ислом таъсирини камайтиришни таъминлаган. Алавийлар учун бундан ортиқ қулай комбинацияни ўйлаб топиш жуда мушкулдир. БААСнинг маълум ва машҳур бўлган панарабизм ғоялари эмас, балки юқорида айтилган ғоялар алавийларни бу партия байроғи остида бирлашувига ундаган.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

 
Баннер