Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Рус идораси ва мусулмонларнинг май кенгашидан сўнг Туркистондаги кураш
Муаллиф:    26.03.2024 12:06    PDF Босма E-mail

Мусулмонларнинг Москов кенгашидан сўнг Туркистондаги рус идора тарзида ва туркистонликлар кураши моҳиятида ҳам ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилмади.

1917 йил май ойининг охирларида Туркистоннинг вақтинча ҳукумати бошлиғи Шчепкин амалидан тушиб, Тошкентдан кетди. Кейин Преображенский, Мақсудий ва Давлатшинлар ҳам вазифаларидан озод бўлдилар. Тинишбой ва Шкапский Еттисувдаги вазиятни ўрганиш билан машғул эдилар. Анжуман ишлари «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси» қўлида қўғирчоқдек ўйнайдиган Елпатевский ва Зияпковский қўлида қолди. Туркистонликлар ва шўро ўртасида ҳукумат анжуманига аъзолик ҳақидаги музокаралар ойларга чўзилди. Лекин кимлар ҳукумат аъзоси бўлиши кераклиги ҳақида томонлар бир битимга кела олмади. Туркистон миллий маркази билан ҳукумат анжумани орасидаги учрашувлар туркистонликлар аҳволининг яхшиланишига хизмат қилмади. Бу ташкилотларнинг бирортаси, на ҳукумат анжумани ҳамда Туркистон миллий марказ шўроси Туркистон халқига кенглик ва низом бериш, эҳтиёжларини қондириш ҳолатида эмас эди. Мустафо Чўқай ўзининг хотираларида: «Севинч қисқа бўлди, хаёл бўлиниши кўп бўлди»(Чўқай ўғли (10) 21-6.) деганда тўлиқ ҳақ эди. Чўқай Керенский ҳукумати даврида шахсан алоҳида раҳбарлик ролини ўйнаганлиги учун ҳам унинг асарларига ишончли манба сифатида қараймиз.
1917 йил 17 апрелидаги Туркистон мусулмонларининг кенгашида ҳукумат анжумани туркистонликлардан ташкил қилиниши ҳақидаги туркистонликлар истакларига «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси» вакили Никора шундай жавоб берган:
«Инқилоб рус инқилобчилари, рус ишчилари ва рус аскарлари томонидан амалга оширилди; шунинг учун Туркистонда куч ва идора бизнинг қўлимиздадир. Ерлик халқ қўлига ҳокимият бериш даражасига етилмаган».
Никоранинг бу сиёсий шаллақилигига қарши Туркистон вакиллари номидан Шоислом шундай жавоб берди:
«Модомики, инқилобни руслар қилган экан, у ҳолда бу ҳақида Русияга бориб бақирсинлар. Инқилобни кимлар қилганлиги бизни қизиқтирмайди, биз ўз хуқуқларимизни истаймиз! Никоранинг нутқи билан руслар Туркистондаги ҳокимиятни мустаҳкамлашга бел боғлаганлигини очиқ билдирдилар. Агар шўро (ишчи, аскар ва деҳқон шўроси - муаллиф) чор тузумининг меросхўри бўлиб уни қўрир экан, биз бундан тегишли хулосалар чиқармоғимиз керак»(МТ, 1942, №3, 9-6.).
Туркистонликлар билан руслар орасида келишмовчилик бошидан кучайиб бораётганини кўрган шўро Никора нутқи юзасидан фикр билдирмади. Бошқа бир ўринда, яъни «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси»нинг Тошкентда чиқадиган «Туркестанский курьер» расмий рўзноманинг 1917 йил сентабридаги сонида шундай фикрни учратамиз: «Бир вақтлар рус тўпларига юкланган вазифалар, ҳозир рус ишчилари ва аскарлари воситасида амалга оширилмоқда. Инқилобчи ишчилар, аскарлар ва деҳқонлар расман чор Русияси жанобларидир»(Чўқай ўғли (10) 21-6.).
Бир томондан, шўронинг расмий вакили Никоранинг нутқи ва газетадаги чиқишлари, иккинчи томондан, халқнинг оғир аҳволи туркистонликларнинг «инқилобий демократия»га бўлган ишончларини тўлиқ йўққа чиқарди. Туркистон деҳқонларининг рус идораси ва рус аскарлари устидан шикояти писанд қилинмади. 1917 йил май-июнида Туркистонда шароит ниҳоятда оғирлашди(Шўрога тушган шикоятларда, масалан, Ғазали туманининг аҳолиси шикоятида шундай дейилади: «Инқилобдан кейин яхши бўлиб қолар деган умидда эдик. Бироқ аслида, бунинг тескариси бўлиб чиқди. Кундан кунга қатли ом авж олмоқда. Қуролланган рус аскарлари ва ишчилари уйма-уй юриб, гўё инқилоб қурбонлари учун қўлига илинган ашёларимизни тортиб, босиб олмоқдалар. Кимда яхши гилам ёки олтин-кумушдан қилинган нарсалари бўлса, сўраб-суриштирмай тортиб олмоқдалар. Биз жазо отрядлари назорати остида яшаяпмиз... Эски тузум ёмон бўлишига қарамай, хотинларимизнинг номусига ҳеч ким тажовуз қилмаган, ҳозир шундай ҳо-дисаларнинг гувоҳи бўлишга мажбур бўлдик». Қиёсланг. Е.Федоров. Очерки революционного движения. - Москва: 1926, 63 - 64 б.).
Туркистон халқи бу ердаги русларнинг емагини таъмин қилмоққа мажбур эди. Жабҳа эҳтиёжлари ва тақсимот қийинчиликлари озиқ-овқатнинг Русиядан Туркистонга олиб келишига тўсқинлик қиларди. Мамлакатни ёғма (талон-торож) қилиниши, емак турларига солинадиган катта-катта солиқлар, халқни иқтисодий танг аҳволга солиб қўйди.
Маҳаллий «Ишчи, аскар ва деҳқон шўролари», рус аскарларининг бебошлиги туркистонликларнинг инқилобга бўлган муносабатларидаги қўрқинчни яна бир карра оширди. Оқмачит аҳолиси рус аскарларининг бебошлиги устидан Сирдарё ўлкаси хукумат ижроия анжуманига шикоят қилди. Июнь ойида хукумат ижроия анжумани вакили сифатида Чўқай Оқмачитга бориб вазиятни ўрганди. Маҳаллий «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси» бошлиғи Аганов Чўқайни қуйидаги сўзлар билан кутиб олди: «Сизнинг бу ерда ажрим қиладиган нарсангиз йўқ! Рус ишчилари ва аскарлари инқилобий тартибларни рўёбга чиқариш ҳуқуқига эга!»(Чўқай ўғли (10), 19-6.).
Чўқай шундай жавоб берди: «Туркистонда ҳеч қандай қиладиган иши йўқ рус аскарларини 6 ой аввал чор Русияси ҳукуматининг ишини қилар ва Туркистоннинг қонли душмани эдилар. Рус ишчиларининг ҳам улардан фарқи йўқ. Ҳаммангиз ҳам «инқилоб тартибларига» кўра Туркистон халқини талаш билан машғулсиз»(Чўқай ўғли (10), 19-6.).
«Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси» русларининг шу тарздаги ҳаракатлари Туркистон миллий марказининг жуда кўп норозиликларига сабаб бўлди. Миллий марказ шўролар ўз вазифасини Миллий марказ масалалари билан мослаштириши керак, деб ҳисоблади(УТ, 1936, No(83) 17-6.). Бундан ташқари, улар рус анархистлари фаолиятини тугатишни ва туркистонликларга қарши қурол ишлатишни мутлақо тўхтатишни талаб қилди. Бу норозилик мурожаатлари эътиборсиз қолди. Халқ овозасиз норозиликлар билан бирон нарсага эриша олмаслигини ҳис қилди. Июнь ойида Оқмачит шаҳри ваунинг атрофидаги аҳоли шўроларга қарши намойишга чиқди. Бу намойишлар қонга ботирилди. Керенский хукумати билан туркистонликлар орасидаги муносабат ниҳоятда таранглашди.
1917 йил 6 июнда турк қавмларнинг Қозондаги умумий ташкилоти бўлмиш миллий марказ шўроси Русия мусулмонларига мурожаат қилиб, унда барчани ҳамкорликда ҳаракат қилишга ва «Демократик Русия»га ишонч билдиришга чақирди(Von Hende, Der Nationale Kampf, Батафсил маълумот учун қаранг: 126-6.). Бу чақириқда қандай йўл билан амалга оширилиши кўрсатилмаган ҳолда «Ислом демократияси» ҳақида ҳам гaп бор эди. Шундан кўринадики, инқилоб давридаги турк қавмлари йўлбошчиларининг «рус демократияси» учун саломатлик тилаши» бир одат тусига кирганди. Руслар ўз имтиёзларини сақлаб қолиш учун ҳаракатини давом эттирдилар. 1917 йил 24 июнида Михаил Сосновский бошчилигидаги «рус оммавий ташкилотлари иттифоқи» Тошкент хукумати анжуманига бир лойиҳа топшириб, унда руслар учун ерликлардан фарқ қилувчи идора талаб қилинди. Бу билан Туркистондаги рус озчилиги маҳаллий аҳоли ҳисобига ўзлари учун бир имтиёзли идора тартибини ташкил қилмоқчи бўлишди. Бу лойиҳа амалда қандай шаклда намоён бўлишини на ҳукумат анжуманидагилар, на шўродагилар билмаганликлари учун қабул қилинмади. Бунинг ўрнига ўруслар учун Ўрусия конституцион мажлисига алоҳида сайлов округлари ташкил қилиниши ҳақида июлда берилган иккинчи лойиҳа Туркистондаги барча руслар томонидан мамнуният билан кутиб олинди ва шўролар томонидан қабул қилинди. Мазкур иккинчи лойиҳа қонун чиқарувчи мажлисда руслар аксариятни ташкил этишини таъминлаш учун ўзларига махсус сайлов округларини таъсис этишни мақсад қилиб қўйганди. Шўронинг бу нияти Туркистон Миллий маркази норозиликлари ва қарши тадбирлари туфайли рўёбга чиқмади.
«Миллий марказ 3 сентабрь 1917 йилда Туркистон мусулмонларининг 2 кенгашини чақирди. Кенгашда асосий масала бутун Русияга оид конституция ишлаб чиқарувчи мажлис сайланиши билан боғлиқҳозирликлар эди.
Муваққат хукуматнинг сайлов низомига кўра, конституция чиқарувчи мажлисга туркистонликлар учун 35 курси ажратилган эди. Кенгаш буни маъқуллади ва сайловлар 5 туманга бўлинган ҳолда ўтказилиши белгиланди(Сайлов минтақаси сифатида Фарғона, Еттисув Сирдарё, Самарқанд ва Ҳазар вилояти таклиф қилинди. Қиёсланг: Чўқай ўғли (10), 96-6.). Руслар бунга қарши махсус ўзларининг сайлов туманлари бўлишини талаб қилишди. Кенгаш уларнинг талабини қондирмади. Аксинча, Тошкент «Ишчи, аскар ва деҳқон шўроси»нинг руслар учун мўлжалланган махсус сайлов туманларини бекор қилишни талаб қилди. Кенгашдан сўнг миллий марказ билан рус партиялари Туркистондаги руслар учун қонун чиқарувчи мажлисга 3 та курси берилиши юзасидан бир қарорга келишди.
Хукумат анжуманидан Шчепкин ва яна уч аъзонинг май ойида чиқиб кетганидан сўнг Хукумат анжумани ишларини қолган беш аъзо давом эттирдилар. Август ойида Керенский Сирдарё ижроия анжумани бошлиғи Наливкинга Ҳукумат анжуманини тузишни топширди. Наливкин август ўрталаригача шу билан машғул бўлиб, анжуманни аксарияти туркистонликлардан бўлишига уринди. Туркистон хукумати анжуманининг фақат туркистонликлардан ташкил қилиниши Керенскийнинг ва «Туркистон ишчи, аскар ва деҳқон шўроси»нинг ния-тида йўқ эди. Керенский 1916 йилдаёқ Туркистон ҳукуматида руслар ва туркистонликлар миқдори тенг бўлишини истаганди. 1916 йилги Туркистон қўзғолонининг сабабларини текшириш учун Андижонга келган Керенский ўз нутқида халққа мустақил Туркистонни қандай тасаввур қилишини баён қилган эди(Керенский шундай деган эди. «Рус демократияси подшо Русиясининг деспотик сиёсати учун ҳеч қандай жавобгарлик ҳис қилмайди. У давлат идорасини халқ қўлига бериш учун ҳаракат қилмоқдаки, бундан руслар ва туркистонликлар тенг ҳуқуқга эга бўлиб фойдалансинлар». Қиёсланг: Benring, Das Turkestanische Volk, 130-6. М.Чўқай, Керенский ва Туркистон миллий ҳаракати. ТУ, 1930, No9-10, 22-6.). Гарчи Керенский бирмунча қулайликлар яратишга тайёр бўлса ҳам фақат Туркистон хукумати туркистонликлардангина бўлишини хохдамасди.
1917 йил 12 сентабрида коммунистлар, яъни сўл радикал социал истлар ҳамда уларга яқин бўлган Черенявский, Парфилов, Ванштейн ва Домагацкийлар бошчилигидаги ижтимоий инқилобчилар «Инқилобий ижро анжумани» туздилар. Бу анжуман Туркистон вақтли ҳукумати анжуманига қарши тузилди. Туркистонликлар томонидан қўллаб-қувватланган бу гуруҳ 2 та ҳарбий ўқув юрти тўдаларига суянган ҳолда 13 сентабрда ҳукумат анжуманини тан олмаслигини эълон қилди(«Kolnische Volks teitung». 2 октабрь 1917, №22 (телеграф ха-бари, 2.10.1917) «Тошкентдан олинган бир телеграфга биноан: бир сиёсий ташвиқотчи гуруҳи мажлисни ташлаб чиқиб кетгач, ўзларини Инқилоб қўмитаси деб атаган ва шаҳардаги ҳокимиятни қўлга олган ҳамда шаҳардаги икки майдонни эгаллагандан сўнг муваққат ҳукуматни ортиқ тан олмаслигини билдирганлар, шаҳар қалъасини ишғол қилган ҳарбий ўқув юрти талабалари бу борада халқни қўлламоқда».).
Бу тўсатдан берилган зарба икки кун орасида ҳукумат анжумани томонидан бартараф қилинди. «Инқилобий ижро анжумани» вақтли ҳукумат анжумани бошлиғи Наливкин билан учрашишга мажбур бўлди. Бу орада Керенский генерал Коровниченкони Туркистоннинг бош комиссари этиб тайинлади. Шунинг учун Наливкин анархистларга тўсиқ бўлиш ниятида «Инқилобий ижро анжумани» тарафидан тайёрланган мазкур анжуманни тан олиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди(Gastagne, Le Turkestan, Ҳужжатларнинг асл матни: 38 - 39 б.).
1917 йилнинг охирги чорагида Чўқай, Норбўтабек, Пўлатжон ва Шоисломлардан иборат ҳайъат Туркистоннинг истиқболдаги тузилишини белгилаб олиш учун Петербургга, Керенский хузурига йўл олди. Бу ҳайъат Туркистонда русларга қарши кайфият кучая бошлаганини ифода қилиши керак эди, аммо бирон натижага эришмай орқага қайтди. Шу муносабат билан Керенский ўз эҳтиросини қуйидагича баён қилди: «Билдирилганидай, Туркистонда Русияга қарши ҳаракат етилаётганига ишонмайман. Агар шундай бўлганда ҳам шуни айтишим керакки, уларга қарши энг даҳшатли воситалар қўлланилажакдир». Эҳтимолли қўзғолонни бостириш учун Керенский Туркистонда уч дивизия асрар эди(Тўплам, «Революция и Восток». - Москва: 1933, No5,110-6.). Коммунистларнинг 13 сентабрь ҳаракати ҳам Керенский учун бир сабоқ бўлиб, Туркистондаги хукумат анжуманини назоратга олиш ва Туркистондаги ғалаёнларни бартараф қилиш учун бош комиссар тайин этди(«Kolnische Volks teitung», 12 октабрь 1917, NoSOl: «Генерал Koровниченко Тошкентга келди ва қўзғолончиларнинг ҳуррият уйини (Инқилобий ижроия анжумани) ишғол қилди. Инқилоб анжумани аъзоларини қўлга олди».).
Бош комиссар генерал Коровниченко Туркистонга келгач, «Миллий марказ» унга ўз қарашларини баён қилди. Миллий марказ ҳукумат анжуманини тузиш Туркистон миллатларининг ўз иши деб тушунишини билдирди. Бош комиссар билан учрашувларда «Миллий марказ» шундай шартларни қўйдики, агар улар қабул қилинган тақдирда, «Миллий марказ» билан ҳукумат анжумани ҳамкорлик қила олиши мумкин эди. Бу шартлар қуйидагилардир:

1. Ҳозиргача туркистонликлар ва руслар учун жорий бўлган алоҳида-алоҳида адлия мезони йўқ қилиниши ва адлия ишлари тўлиқ туркистонликлар қўлига берилиши лозим.
2. Туркистонликлар ўз миллий мажлисига эга бўлиб, бутун қонунлар ўша мажлис томонидан яратилади. Туркистонда ҳозиргача қонун чиқариб келган рус органлари қонундан ташқари деб эълон қилинмоғи керак.
3. Сайлов низоми (русларга алоҳида имтиёз берган Низом) ҳаракатдан тўхтатилсин.
4. Ҳозирдан эътиборан Туркистондан рус аскарлари чикарила бошлаши ва уларнинг ўрнига татар-бошқирд аскарлари жойлаштирилиши лозим.

Бош комиссар дастлабки уч моддани юзаки қабул килгандай бўлса ҳам 4-модда уни тараддудга солди ва буни ўрганиб чиқиш кераклигини билдирди. Бош комиссар Туркистондаги вазиятни ўргана бошлаган, руслар ва туркистонликлар карашларидаги тафовут-ни аниқлай бошлаган бир вақтда Керенский ҳукумати миллий сиёсат борасида янги йўриқ қабул қилди(«Kolnische Volks teitung» 11 октабрь 1917, No 799. Петербургдан телеграф хабари: «Ҳукумат ўқйўриқ мажлиси ташкил қилажаги ва ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгилашини тан олажаги ҳамда айни замонда миллий масалалар бўйича алоҳида шўро тузилишини билдиради». Ҳукуматнинг бу дастури амалга ошмади.). Бу орада Русия марказидаги социал инқилобчиларнинг сўл қаноти ва коммунистлар Керенский ҳукуматини ағдаришга ҳозирланмоқда эдилар. Бу ҳозирликлар Петербургдагина эмас, Тошкентда ҳам бошланди.
1917 йил 4 ноябрида Тошкентдаги Тупроқкўрғон гарнизони ўз қуролларини Керенскийнинг маданий ҳукуматига қарши қаратди. 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси Тошкентдаги рус коммунистлар бир зарба билан ҳокимиятни қўлга олиш юзасидан мажлисга йиғилдилар. Бу вақтга келиб, аскарлар бош комиссар буйруқларига итоат этмай қўйгандилар. 7 ноябрь 1917 йил Петербургдаги коммунистлар инқилобидан кейин, 11 ноябрь куни рус аскарлари Тошкентдаги Муваққат ҳукумат анжумани биносини ишғол қилдилар.
Коммунист ва коммунист бўлмаган руслар орасида Туркистондаги ҳокимият учун жангларида «туркистонликлар рус инқилоби ҳамда ўз фожиасининг бетараф бир томошабини бўлиб қолдилар». Туркистонликларнинг томошабин бўлишдан бошқа чораси қолмаганди, чунки уларнинг куроли йўқ эди. Туркистон йўлбошчилари ҳамжиҳат эмасдилар. Рус партиялари эса бундан буён ҳам Туркистонни ўз қўлларида сақлаб қолиш борасида якдил эдилар.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер