Юқорида ёзилмиш зулм-хиёнатлар режа бўйича амалга ошгандан кейин бутун Шарқий Туркистонда қуролли куч Шин дубанга ўтиши керак эди. 1937 йилдан бошлаб худди шундай бўлди. Маҳмуд инқилоб тақозоси билан Қашқардаги қуролли кучга эга бўлса ҳам маъмурият Лу силингнинг қўлида эди.
Маҳмуд кетгандан кейин унинг Қашқарда қолган қуролли кучлари томонидан бошланган озодлик курашини Сталин ваҳшийларча бостирди. Мохусанг Ёркент, Хўтанни ташлаб - Ҳиндистонга, Йўлбарс Қумулни ташлаб Ичкари Хитойга қочдилар. Шундай қилиб, ўлкада Шин дубан хўжайин бўлиб қолди. Шарқий Туркистонга сиртдан кирадиган чегараларни тўсиш учун Сталин кўрсатмасига асосан Шиншишога бир дивизия моторлашган совет аскари қўйилди. Хўтанда Абдураззоқ Мавлонов хўжайин, Ҳиндистон чегарасига қарайди. Исҳоқбек Тошқўрғон чегараси орқали Афғонистон йўлини тўсади. Шундай қилиб бутун Шарқий Туркистон чегаралари совет томонидан ўраб олинди. Бу кезларда ички Хитойда Японга қарши уруш бормоқда эди. Сталин шундин фойдаланиб, бу ерларнинг ички-сиртқи сиёсатини ўз таъсирига олиб, энди нима қилиш кераклигини кўрсатиб, бўлажак фожиалар ижросини Шин дубанга топширди. Фожиалар эса 1937 йили Хўжаниёз бошлиқўн минглаган бегуноҳ одамларни қамаш билан бошланди. Буларга турли хил бўҳтон билан ёлғонни тўқиб-ёпиштириб, халқни ишонтириш учун бутун виждонсизликлардан фойдаланди, шуларнинг қаторида ичкаридан қочган хитой коммунистлари билан Тошкентда ўқиб келган уйғур тақлидий коммунистларини ишга солди. Бу соҳада Сталиннинг уммати Мансур афанди ўз халқига қилинган зўрлик, зулм, туҳматларни шармандаларча ҳамда виждонсизлик билан, уялмай, тўғри деди. У “Хўжаниёз -Японнинг жосуси, ватан хоини, Олтишаҳар қўзғолонининг Урумчидаги бошлиғи” дёб, радио-газеталарда зўр бериб қоралар эди. Бу ваҳшиёна “тут-тут” Урумчи, Ғулжа вилоятларида айни кунда содир бўлган бало-қазо эди. Бунинг натижасида неча минглаган оилалар хонавайрон бўлиб, бу ваҳшийликлар Ғулжа вилоятида Чу силинг бошчилигида қилинди. Шу вақтларда дўтай Чингдила, унинг муовини Турди охунбой бошлиқ инқилобга хизмат қилган дунган Тайс охун, қозоқ-қирғизлардан Кунес, Текес, Муқиржирғалангда яшовчи Дорубой оқолоқчи, Мақсуд оқолоқчи, Жойирбек, Эркинбек, Акбартожилар каби бир неча минг одамларни қамаб, уларнинг жамиятда тутган мавқеларини йўқ қилиб ташлаб, ўрниларига ичкаридан қочган хитой коммунистларини ва ҳам тақлидчи ясама уйғур коммунистларини қўйди. Бу қонхўр золимлар бечора маҳбусларни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган қийноқлар билан қийнаб, билмаган ва қилмаган ишларига қўл қўйғизар эди. Бу тилсимот ваҳшиёна зулмларни ўйлаб топган устоз - бошлиқ дубанни мақтаб, эшакни от қилишда Мансур афанди билан Бурхои афанди бир-биридан қолишмас эди. Бу “ҳақиқатчи” коммунизм жарчиларининг башараси мана шундан иборат бўлиб, мақсадлари эса ўз халқининг қони билан ўлтурган столини сақлаб қолиш эди. Уларнинг ёлғон туҳматларига асосланган гуанжу (хавфсизлик хизмати, маҳаллий ГПУ - ред.) соқчи жаллодлари ҳеч бир ўтмиш тарихларда кўрилмаган исканжалари шу бечора бегуноҳ маҳбуслар устида ўтказиб, азоблаб ўлдирдилар. Қийнаш усуллари тирноқ билан эт орасига қамиш тиқиш, бошни сиқиб кўзни чиқариш, тош-ғишт парчаларига бош тубан қилиб қўйиш, ёнверига сим тиқиш, қўл-оёқларини синдириш - мана шунга ўхшаш неча хил ваҳшийликларни қилиб ўлдирганлар. Бу зулмдан Урумчи турмаларида тасодифан ўлмай қолган кишилар билан суҳбатлашганман. Булар Қашқардан Абдурайим афанди, Олтойдан қозоқ Шамси (Шамши), Ғулжадан Минавархўжа, Қосимжон Қамбарийлар эди. Мени ҳам ёш болалигимга қарамай Ғулжа турмасига қамаб, ҳар қуни “Даданг қаерда ва кимникида, айтасан” деб бостириб, палах (япалоқ калтак - ред.) билан уриб орқа йўталаримни ёриб юборганди. Буни ўз навбати билан ёзамиз. Ўшандай даҳшатли кунларда бутун катта-кичик халқ ўз бошларини омон сақлаб қолиш учун бор инсоний ҳуқуқлардан айрилган ҳолда боши гангиб, золимлар нима деса қўрққанидан рост дер эди. Оммавий қамаш жараёнида мусодара қилиб зўрлик билан тортиб олган ҳисобсиз мол-мулк, олтин, кумушлардан ташқари иккинчи дафъа сиртда қолиб жон қайғусида юрган одамларни “Жаҳонгирга қарши турамиз!” деган шиор билан қўрқитиб, қолган-қутган мол-дунёларини ҳам йиғиб олди. Шундан кейин Шин дубан ички-сиртқи дунёдан ажраган Шарқий Туркистон халқини зўрлик даҳшати билан туюқ кўчага, яъни материализмга киргиза бошлади. Энди зиёли деган одамлар, ўқитувчи афандилар ва ҳам ўрта мактаб болаларидан сал бўлса ҳам мавжуд сиёсатдан ташқари сўзлайди деб гумон қилса, буларни ҳам хоин деб қамай бошлади. Эски ҳукумат ағдарилиб, янги Шин дубан ҳукумати қурилган кун 1934 йили апрель ойининг 12-куни деб эьлон қилинган. Шу муносабат билан ҳар йили 12-апрель байрам қилинадур. Байрамдан байрамгача бошқа қамалмаганлардан ҳар йили байрам муносабати билан мажлисга чақириб, шу ердан чиқармай қамоққа олар эди. Ўз вақтида Бурхон афанди воситаси орқали дубан билан келишган олтойлик Шарифхонтўра вақтинчалик Олтойда волий бўлиб турган эди. Шарифхонтўрага ўз вақтининг тақозоси билан ўзи берган ҳарбий, маъмурий мансабларни олиб, ўрнига хитой қўйишни режалаштириб қўйган бўлса ҳам, ҳозирча ундан фойдаланиб турди. Чунки унинг орқа чегарасида ўзининг иттифоқдош хўжайини - совет ҳукумати кўз-қулоқ бўлиб турибдур. Шунинг учун ерликдан бир одам ҳозирча туришидан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлган. Шундай қилиб, бутун Шарқий Туркистонни ўраб олган ҳолда ғарб томондан эшиклар очиб, калитларини ўз қўлига олди. Бутун ўлканинг моддий бойликларини тезлик билан таший бошлади. Олтой вилоятининг турли жойларидан чиқадургон олтин-кумушдан тортиб, Кўктўқай, Чингилдан уран, вольфрам ва бошқа ер ости маъданларини неча юзлаган машиналар билан кечаю кундуз ташиб турди. Хўтан вилоятида ҳам олтин кон идоралари қурилганди. Бутун ўлканинг қаеридан нима чиқишини қидириб топган ва ер ости бойликларини аниқлаб олган хариталарга эга эди. Шунинг учун ер ости маъданларини излаб юрмай, ҳамон ташиш бошланиб кетган эди. Бу соҳадан ташқари, чорвалардан ҳар йили неча юз минглаган от, ҳўкиз, қўйларни тирик ҳолда ўзи қўйган баҳо билан олиб турди. Шундай бўлса ҳам айтиш керакки, буғдой чорва
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан |