Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Россиянинг Хива давлатини йўқ қилиши (1917 - 1924 йй.)
Муаллиф:    03.03.2024 02:00    PDF Босма E-mail

1873 йилдан бери Русия зўравонлиги остида ўз борлигини давом эттириб келаётган Хива хонлигининг «келажакда нима бўлиши масаласи» Хивада эмас, Русия - Москвадаги йулбошчилар орасида бир неча марта мунозара мавзуси бўлди.

Русиянинг Туркистон бош волиси 1904 йил декабрида ўз хукуматига Хивани тамомила қўшиб олишни тавсия килганди. Русия ташқи ишлар нозирлиги Япон урушидан Русиянинг мағлуб чиқиши муносабати билан бу қора ниятидан воз кечганди. Аммо Туркистон бош волиси Хивани тўлиқ босиб олишни таклиф қилишдан чарчамади. 1910 йил 28 январда Русия нозирликлари бош нозир Столипин раҳбарлигида йиғилиш ўтказди. Бу йиғилиш Хивада турли ислоҳотлар ўтказиш йўли билан уни Русияга батамом қўшиб олишни қарорлаштирди (Тухтаметов, Россия и Хива в конце XIX - начале XX веках, Победа Хорезмской народной революции. - Москва: 1969, 56-6.). Бу ислоҳотлар қуйидагилар: почта-телеграф марказларини очиш, Хива пули ўрнига рус пулини жорий қилиш; хон қошида суғориш ишларини назорат қилувчи рус суғориш мутахассиси бўлиши, маҳаллий аҳоли учун махсус рус мактаблари очиш ва бошқалар. Бу серқирра ислоҳот тадбирлари қўшиб олишнинг «ўтиш даври» вазифасини бажариши лозим. Аммо рус хукумати бу ниятини тўлиқ амалга оширишга қодир эмасди. 1912 йилдан ёвмуд туркманлари билан Тошовуз ҳавзаси ва Хива атрофидаги ўзбеклар орасида 1916 йилгача чўзилган ўзаро тўқнашувлар бўлиб турди(Ўқусуруғига мансуб Дурди Непес номли бир туркман ўзбек савдогарларининг молини талади ва ўз уруғининг обрўли одами бўлган Меҳмет Кўканинг уйига яширинди. Пуа! беклигидаги Хива ҳарбий қисми бошлиғи Сахат Бола Меҳметдан Дурди Непесни топширишни талаб қилади. Меҳмет рози бўлмайди. Шунинг учун Сахат Меҳметни қатл қилдирди. Ўч олиш мақсадида ёвмудларнинг ўқус уруғидан Шамми Кел, Бекикул деган бир ўзбек савдогарини ўлдиради. Бу тўқнашув Хива саройида катта муаммога айланди. Шу шароитда Хива хонлиги қисмлари саркардаси Шайх Назарбий, худди шундай ҳарбий кучга эга бўлган Шамми Кел устига юрди. 1913 йил январида хон бирликларига рус қисмлари ҳам қўшилиб, ҳаракат бошлади. 1913 йил 13 январида томонлар ўртасида Кўҳна Урганчда бир тинчлик битими тузилди. Шамми Кел аввал асир олинди, кейин бўшатилди, чунки ўкус уруғи 13000 сўм товон тўлашни таклиф қилган эди. Ёвмудлар хонга тўланиши керак бўлган солиқдан бош тортганликлари учун хон улар устига қўшин тортади. Ёвмудлар бунга қарши Шомурод бахши бошчилигида ўз йигитларини йўналтиради. Шомурод асир олиниб, Хивага келтирилди. Ёвмудлар 1915 йили 22 мартда Хивага хужум қилди. Фақат рус аскарларининг ёрдами билангина улар чекинишга мажбур бўлди. Лекин бундан кейин ҳам хонликда осойишталик хукм сурмади. Непесов, Из истории Хорезмской революции. 63-бетда ўлкадаги бу нотинчликни гўё озодлик ҳаракати деб баҳолайди. Тарихчи Непесов ўз ишида Шамми Келнинг хатти-ҳаракатини «миллий-ижтимоий тенгликни қўлга киритиш ва меҳнаткаш халқ оммаси манфаатини ҳимоя қилиш учун ҳаракат» деб кўрсатишга уринади. Қиёсланг: Тухтаметов, Россия и Хива, 91-6.).
Хива хонлигида ҳам XIX асрнинг сўнгидан бери «жадидчилик ҳаракати» авж олган. Хива жадидлари ўз шоирларининг (Буларнинг орасида машхурлари қуйидагилар: Паҳлавон Ниёз Муҳаммад Мирзабоши (Комил Хоразмий 1825 - 1899), Бердимурод Қарғабой ўғли (Вердақ 1827 - 1900), Аваз Ўтар ўғли (1884 - 1919), Отажон Абўл (1855 - 1927), Муҳаммад Расулбой (1870 - 1919), Муҳаммад Расулбой (1870 - 1916).) шеърлари билан халқни, мамлакатни курашишга, ўқиш-ўрганишга даъват этган. Улар 1910 йиллардан бери ўзларини «Ёш хиваликлар» деб номлашарди. Хиванинг Муҳаммад Раҳим ва Асфандиёр каби хонлари замонавийлик тушунчасига қарши эмас эдилар, шу сабабли жадидчиликка ҳам монелик қилмасдилар. Февраль инқилобидан сўнг ёш хиваликлар сиёсий талаблар қўя бошлади. Улар хондан жадидлар ҳам иштирок этадиган халқ мажлиси ташкил қилишни сўрадилар. 1917 йил 5 апрель баённомаси билан Асфандиёрхон 50 га яқин вакил иштирок этадиган мажлис-парламентга ижозат берди. Бу мажлис-парламент нозирларни сайлаш хуқуқига эга эди. Демак, хон ўз давлат тузумини янада ривожлантириш қобилиятига эга тараққийпарвар шахс эди. Ёш хиваликлар Бухородаги маслакдошларига нисбатан зийраклик қилдилар ва англашилмовчиликка йўл қўймадилар. Парламентни тузиш тез фурсатда амалга оширилди. 26 апрелда 32 миллат вакили (бекликлар вакили ва ёш хиваликлар) тўпланди. Ёш хиваликлар бошчиси Пахдавон Ниёз Юсуф эди. Парламент ёш хиваликлардан бекликларнинг парламентдаги вакиллари миқдорини 5 нафарга туширилишини истаб, тилакларини кучайтирдилар. Табиий, беклар бунга рози бўлмасди. 1916 йил ўрталарида Хўжайлидаги ўзбек бекларидан Авазхўжа Муртазабий билан Жунаидхон Хива хони Асфандиёрга қарши курашиш тўғрисида келишиб олдилар. Худди шу вақтда ёвмудларнинг оқ-соқоли Укус Асфандиёрхон билан иттифоқ тузди. 1916 йил 14 январда Муртазабий 3000 киши билан Хивага юрди. Аммо 19 январда қўлга тушди. Унинг курашини Жунаидхон давом эттирди. У хондан тутқундаги ўзбек етакчиларини бўшатишни талаб қилди. Хон бу истакни рад этди. Кейин Жунаидхон аскарлари билан Гурлан, Шоҳобод, Қиёт, Тошовуз ва Урганч шаҳарларини қўлга киритиб, Хивага қараб юрди ва 12 февралдан 13га ўтар кечаси бу шаҳарни забт этди. Жунаидхон ўзини хонликнинг бошқарувчиси деб эълон қилди. Аммо 1916 йилнинг 16 февралида русларнинг Сирдарё ўлкаси ҳарбий волиси генерал Галкин ўз қисмларини ҳаракат-га келтириш натижасида Жунаидхон Хивадан чиқиб кетди. Жунаидхон ўз ҳамфикрлари билан 17 апрелда Эрон тупроғига кирди. У 1917 йилнинг илк баҳорида Хивага қайтди. Хива гарнизони қўмондони Мирбадал (Қозонли чор Русияси генерали, Муваққат хукумат томонидан Хивага комиссар этиб тайинланган) билан алоқа ўрнатиб, ёш хиваликлар ҳокимиятига қарши курашишга киришди. 1917 йил июнида Асфандиёрхон орасида бош нозир Матмурод ҳам бўлган 17 нафар ёш хиваликларни ҳибсга олди. Бу хусусда Мирбадалнинг ҳиссаси катта бўлганлиги маълум. Шу йўл билан Мирбадал Жунаидхонни Асфандиёрхонга қарши кураши илдизига болта урмоқчи бўлди. Ёш хиваликлар парламентдан чиқарилди. Уларнинг бундан буён яширин ҳаракат қилишдан бошқа чораси қолмади. Хива хонлиги ана шундай можаролар билан машғул бўлиб турган бир пайтда болшевикларнинг Октабрь инқилоби рўй берди. 1917 йил декабрида Тошкентдаги шўро комиссарлиги Асфандиёрхонга Хиванинг мустақиллиги эътироф қилинганлигини баён қилди. Аммо хонлик билан шўро комиссарлари орасидаги муносабат яхшиланмади. Хива хонлигидаги рус қўшинининг собиқ қўмондони Зайцев оқ гвардиячилар ҳаракати тарафдори эди. Жунаидхон эса ҳеч қандай рус ҳокимиятини тан олмасди. Шунинг учун Хива гарнизонидан 300 га яқин рус пиёда аскарлари бир «аскар шўроси» ташкил қилишди ва рус ҳокимиятини ўрнатиш масаласини ўртага ташладилар Сурункали таъқиб остида бўлган ёш хиваликлар бу «аскарлар шўро»сига мурожаат қилди. Шўро 1917 йил 23 октабрда ёш хиваликларни қўллашга қарор қилди. Жунаидхон эса бу вақтда Амударёнинг чап қирғоғига ўрнашиб олиб, Урганч - Тўрткул -Чоржўй телефон алоқасини бузиб ташлади.
Тўрткўл (Петроалександровск) шаҳри русларнинг хонликдаги ҳаракатининг таянч нуқтаси эди. 1918 йил 30 сентабрида Жунаидхон Асфандиёрхонга бир элчи юборди. Элчи ҳайъати қабул қилинаётган аснода Асфандиёрхон Жунаидхоннинг Ишим деган ўғли томонидан ўлдирилди. Жунаидхон шу йўл билан «хон бўлиш» ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Лекин ўз уруғи қароридан келиб чиқиб, ўзини «хон» деб эълон қила олмади. Тахтга мархум хоннинг укаси Саид Абдулла ўтирди. Бироқ янги хон давлат ишларидан йироқ одам эди. Шунинг учун аслида, Жунаидхон ҳақиқий хукмдор бўлиб олди. Жунаидхон халқ оммаси кўз олдида жуда кўп босқинчилик ишлари қилганлиги учун даҳшатга тушган 20000 га яқин киши шўролар қўлида бўлган Тўрткўлдан бошпана сўради. Шу сабабли 1918 йил 21 октабрида Жунаидхон Тўрткўл шаҳрини қуршаб олди. 11 кун давом этган жанглардан сўнг 1600 аскарини йўқотиб, жанг майдонидан чекинди. Бу жанг шўроларга қарши Жунаидхон курашининг бошланиши эди. 1919 йил 28 мартда Питнакда Тўрткўл учун Жунаидхон кучлари билан шўро Русияси орасида яна жанг бўлди. Жунаидхон енгилди. Аммо жанг вақти-вақти билан давом этиб турди. 1919 йил 9 апрелида Жунаидхон Хиванинг ваколатчиси сифатида РСФСР хукумати номидан ваколатга эга бўлган Туркистон мухтор шўро социалистик жумхурияти вакиллари билан Тахтада учрашиб, бир тинчлик битими тузди. Битим матни шундай:

1. Ҳар икки томон, ҳар қандай уруш ҳаракатларини тўхтатади.
2. Шўро хукумати Хива воҳаси халқларининг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши хуқуқини тан олади.
3. Дўстлик муносабатлари ўрнатиш учун икки томон орасида вакиллар алмашинади. Хива хукумати Москов ва Тошкентда, шўро Русияси хукумати эса Хивада ўз ва-колатхоналарига эга бўлиши таъминланади.
4. Тарафлар ўзининг барча ерларида: сув ва қуруқлик йўлларида эркин, фаол савдо қилишга шароит яратиш кафолатини оладилар.
5. Шўро рус жумхуриятига қарши ҳаракатлари туфайли гуноҳкор ҳисобланган Русияга тобе бўлган барча туркманлар афв этилади ва улар ўз яшаш жойларини танлаш хуқуқига эгадирлар(Непесов. Из истории, 125 - 126 б; Сулейманова, История. 1., 91-6.). Шўро хукумати бундай бир битимга узоқни кўзлаб рози бўлди. Зотан, оқ подшо давридаги руслар 1918 йил 14 июлда тузган Ашхобод хукуматидан ва инглизларнинг шу пайтда «Туркистон сиёсати» жонланиши натижасида Ҳазар денгизи атрофидаги ҳаракати (1918 - 1919)(Тўлиқмаълумотучун қаранг: C.H.Ellis, The Transcaspian Episode, (1918 - 1919). 1963, 175-6. Менимча, Эллиснинг бу иши Туркистоннинг Ҳазар ўлкасидаги инглизлар ҳаракатларини ва у ерда кечган воқеаларни акс эттириши назаридан энг яхши ва энг янги ҳужжатли асардир. Муаллиф инглизларнинг Туркистондаги ҳарбий ҳаракатларида бевосита иштирок этганлардандир.) ва Хива хонлигидаги шўроларга қарши фаолиятидан шўро болшевиклари кўп зарар кўриши эҳтимолидан чўчиб қолган эди. Бироқ битим шўроларнинг Хива хонлигида фаолияти тўхтатишини ҳам англатмас эди. Шўро хукумати Хивада бир инқилоб бошланишини жуда-жуда истар эди. Шўро тарихчиларининг ёзишича: «Шўро Тўрткўли Хивада қилинадиган инқилобга зарур кучларни ҳозирлаш учун яқин ва етарли даражадаги таянч нуқта вазифасини ўтади. Партия ва Туркистон мухтор шўро социалистик жумхурияти билан Туркистон жабҳаси инқилоб ва уруш шўросининг давомли ғайрати ва ёрдами туфайли Тўрткўл 1919 йил эрта баҳорида Хива хонлиги биқинидаги шўро инқилобининг машъали даражасига етказилди. Хивалик қочоқлардан (туркман, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ қашшоқлари ва оломондан иборат) Амударё теварагида «кўнгиллилар» тузилди. Булар ҳам ўз навбатида рус коммунистлари етакчилигида Хива меҳнаткашларидан инқилобчилар туздилар»(Непесов. Из истории, 153-6.). Шўро тарихчиларининг бу маълумотлари тахдилга муҳтож эмас. Чунки бунда Хивадаги шўроларнинг хатти-ҳаракатлари очиқ ифода қилинган. Ҳар ҳолда, Хивага «инқилоб» ташқаридан тайёргарлик кўриб олиб кирилганлиги эътибордан четда қолмаслиги керак. Бундан ташқари, Тўрткўлда «Хива инқилоби отряди» ҳам тузилган эди. Табиийки, Жунаидхон бундай ҳодисалардан бехабар қолмасди. Шундан кейин Жунаидхон 1919 йил 1 октабрда Нукусни ишғол қилган эди. Шундай қилиб, 1918 йил 9 апрель битими ўз кучини йўқотди. 20 октабрда Туркистон жабҳаси инқилоб ва уруш шўроси Тўрткўл гарнизонига Хива тупроқларига бостириб кириш учун тайёргарлик кўриш хдқида буйруқ берди. 30 октабргача бу гарнизонни кучайтириш мақсадида бешинчи Туркистон полкининг учинчи батальони келди.
1919 йил 22 декабрида Туркистон жабҳаси инқилоб ва уруш шўроси билан Русия шўро хукумати Туркистон комиссияси «Жунаидхон ва унинг тарафдорларининг қонли диктатурасидан Хива меҳнаткашларини озод қилишда ёрдам бериш учун» шўро қўшинининг Амударё гуруҳига фатво берди. Шу борада Шўро иттифоқи номидан Хива халқига қилинган хитобномада шундай дейилади: «Бизлар Хивага қарши уруш олиб бормаймиз. Хиванинг мустақиллигига тажовуз килмаганимиздай, ички ишларига ҳам аралашмаймиз. Хива халқи ўзига қандай ҳукумат сайлаб олишини билганлиги учун ўз орзусини эркин ифода қила олади» (Непесов. Из Истории, 161-6.). Шўро бирликлари шу ишораларни пеш қилиб, Тўрткўлдан Хивага томон юрдилар. Ҳарбий қисмлар иккига - шимолий ва жанубийга бўлинди. Шимолий бирликларга Николай Жайдаков, Жанубийга Шчербаков қўмондон эдилар. 25 декабрда улар Хива тупроқларига бостириб кирдилар. Жангларни энди четлаб ўтиб бўлмас эди. Шўро қисмларинингжанубий қаноти 1920 йил 25 январида муқаддас Хивани ишғол қилди. 27 январда бу табаррук заминга шимолий қисм аскарлари оёқларининг изи ҳам тушди. Бу фожиа эса бутун дунёга «Хива халқининг инқилоби» деб тарқатилди. 1 февралда хон тахтдан воз кечганлигини билдиришдан бошқа чора топа олмади. Уруш асири сифатида ғолиблар маркази - Московга жўнатилган бечора хон очликдан ёруғ оламдан кўз юмди.
Қанча вақтлигини айтиш қийин, лекин Жунаидхон узоқ вақт чидам билан қаршилик кўрсатди.
Коммунист бўлмаган Жуманиёз Султонмурод исмли бир ёш хивалик бошчилигида, қизил қўшин паноҳида 1918 йил июнида Урганчда тузилган «Хива Инқилоб қўмитаси» ҳокимиятни қўлга олди. 1 февраль 1920 йил хонлик тугатилиб, ўрнига «Хоразм халқ жумхурияти» эълон қилинди(Хоразм Халқ жумҳурияти эълон қилинишига доир илмий адабиётлар ўзаро фарқ қилади. 207-бетга кўра, бу сана 1919 йил июни; Скалов, Хивинская революция, НВ да, 1922, 3-сон, 243-бетга кўра эса 1920 йил 1 февраль. Непесовга кўра эса Халқ вакилларининг 1-конгресси 27-30 апрель 1920 й.да Хоразмни Халқ жумҳурияти сифатида эълон қилди (169 - 170 б]. Сулаймонова, История, 1, 99-бетда: Хоннинг саройи фақат 1920 йил 1 февралида ишғол қилинди. История Узбекской ССР, III, 269 - 270 бетга биноан Халқ жумхурияти 27 - 30 апрель 1920 йилда эълон қилинди.). 1920 йил 20 апрелда биринчи халқ анжумани чақирилди. Бу анжуманнинг қарорига мувофиқ ёш хиваликлардан Паҳлавонниёз Ҳожи Юсуф давлат раиси сифатида ҳукумат тузди, Бобо Охун Салимўғли эса бош нозир этиб сайланди. Шўро Русиясининг коммунистлари Хивада йўқ эди, шунинг учун ҳокимиятга ёш хиваликлар эга чиқди. Урганчда Хоразм Инқилоб қўмитаси раиси, шўроларнинг содиқ дўсти Жуманиёз Султонмурод ички ишлар нозири қилиб сайланди. Хукумат аъзолари, асосан, ёш хиваликлардан бўлиб, бирортаси «пролетар» эмасди. Халқ жумхуриятининг 1920 йил 30 апрелида қабул қилинганўқйўриғида (конституциясида) шундай ёзилган: «Хива хонлиги халқининг хон ҳокимиятидан ва рус империализми асоратидан озод бўлиши хотираси сифатида ва шармандали ўтмишни бартараф қилиш учун собиқ Хива заҳматкашларининг манфаатларини ўйлаб, бундан буён собиқХива хонлиги эски ва машхур тарихий номи «Хоразм»ни қабул қилажакдир»(Сулаймонова, История. I., 101-6.). РСФСР хукумати Хоразм халқ жумхурияти билан «иттифоқ битими»ни имзолаш учун шошилди. 1920 йил 13 сентабрида икки хукумат орасида 24 моддадан иборат шартнома тузилди. Бу шартномага биноан шўро хукумати Хоразмнинг мустақиллигини таниди ва собиқ Хива хонлигидан чор хукумати қилган даъво ва талаблардан воз кечди(Батафсил маълумотучун қаранг: Costagne, Le Turkestan, 212 -214 6; Hayit, Turkestan in XX. Jahrh., 150 - 156 6.). Бунга хилоф равишда Хоразмдаги шўро элчиси Хоразм хукуматидан Москов кўрсатмалари асосида иш юритишни талаб қилди. У яна Хоразмда «Коммунистик партия» ташкил қилишга киришди. Ўз навбатида Хоразм хукумати ҳам ўз муаммоларини мустақил ҳал қилишда давом этди. 2-Халқ анжумани сайловидан олдин РСФСР элчиси М. С. Сафонов 1921 йил мартида Қўчқор (Қўчқорўғли)нинг раҳбарлигидаги бир коммунистик гуруҳ ёрдамида давлат раиси Пахдавонниёзни ва ҳукумат аъзоларини ҳибсга олди. 1921 йил майида 240 аъзоли 2-Халқ анжумани қарори билан давлат раиси қилиб Ота Маҳдум сайланди ва унинг раёсатлигида янги ҳукумат тузилди. РСФСРнинг янги элчиси Бик бу ҳукумат аъзоларини ҳам ҳибсга олди (1921 йил 28 октабрь). Коммунистлар бу ерда ҳам шўро қўшинлари 28 май 1920 йилда мамлакатга бостириб киргандан сўнг ҳамма ишни «Хоразм коммунистик партияси» номидан амалга оширди. Бу партиянинг эса ҳатто 1923 йил ёзида 584 нафаргина аъзоси бор эди(Непесов, Из истории, 254-6.). Уларнинг нечтаси хоразмлик эканлиги қоронғи. Коммунист хоразмликларнинг ҳам 75,5% қишлоқлардан бўлиб, улар Хивадаги ҳокимият курашларида қатнашиш имконига эга эмасди.
Бухородаги каби Хоразмда ҳам шўро аъзоси бўлган русларга қарши кураш давом этди. Жунаидхон Даштга (Қорақумга чекинди ва у ердан шўро қисмларига қарши мудофаа фаолиятини ташкиллаштирди. Бу кураш халқ жумхуриятига қарши қаратилган эмасди. Жунаидхон ҳаракатига 1922 йилда қамоқхонадан қочган давлат раиси Ота Махдум ва ички ишлар нозири Ниёз ҳам келиб кўшилди. Мужоҳидлар 1924 йил январида Хивада 10-15 минг киши иштирок этган қўзғолон уюштиришди. 10 январда Жунаидхон Хивани қамал қилди. Лекин қўзғолондан олдинроқ 1924 йил 6 январида Русия коммунистик партияси Марказий қўмитасининг Ўрта Осиё бюроси «антисовет қўзғолонларни бостириш учун» Хивага ҳарбий қисм жўнатиш топшириғини берган эди. Ана шу қисм - 82-суворийлар полки 4 февралда Хивага етиб келди. Хива қамалдан халос этилиб, қўзғолон бостирилди.
Шўро Русияси йўлбошчиларига Хоразм халқ жумхуриятининг мустақиллиги ёқмас эди, шунинг учун уни тугатишга қарор қилишди. 1924 йил мартида РКП (б) Марказий қўмитаси номидан Хоразм Коммунистик партияси Хоразмни «миллий вилоятларга» тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилди. Хоразм халқ жумҳурияти раҳбарлари РКП (б) Марказий қўмитаси Ўрта Осиё бюросига ёзма равишда «тақсимлаш» режасига норозилик билдирди»(Булар: Одинаев Хоразм КП бош котиби, Абдусаломов - Халқ жумхурияти марказий ижроқўм аъзоси, Якубов - Хоразмнинг Тошкентдаги буюк элчиси, Шумилов - Хоразм давлати режалаштириш бўйича нозири.) ва Хоразм «мустақил, сиёсий бошқарувда яхлит» бўлиб қолишини таклиф қилди(История коммунистических организаций, 733-6.). Аммо бунга қулоқ соладиган зот йўқ эди. 1924 йил 29 сентабрда Хоразмнинг 5-Халқ анжумани Хоразм халқ жумхуриятини - ўз давлатини йўқ қилиш ҳақида қарор чиқаришга мажбур қилинди. Чунки рус аскарлари анжуман биносини қуршаб олган ва РСФСР элчиси Бик қатъий туриб жумхуриятни йўқ қилиш қарорини талаб қилмади, балки буюрди. Бу «қарор»дан сўнг Туркистон, Бухоро ва Хоразмни нимталаш учун Инқилоб қўмитаси ташаббусни, хуқуқни ўз қўлига олди. Дастлаб, 1924 йил октабрида хукумат бекор қилинди. Хоразм халқининг 70% Ўзбекистон ССЖга, 30% Туркманистон ССЖга тегди(Vaidyanath, The Formation, 157-бетга кўра, бекор қилинишидан аввал Хоразм халқ жумхуриятининг 460905 аҳолиси бор эди. Улардан 363404 ўзбек, 67431 туркман, 9638 қозоқ, 4262 қорақалпоқ, 1190 татар, 890 рус, 1248 араб ва 399 бошқа миллат вакиллари бор эди.). Шундай қилиб, Русия ўзига бегона ва душман бир давлат ҳисоблаган Хоразмнинг давлат сифатида мавжуд бўлишини тўхтатиб қўйди. Хоразм Ўзбекистон ССЖнинг бир вилоятига айлантирилди. Бу вилоятнинг маркази ҳам Урганчга кўчирилди. 1924 йилда Бухоро ва Хоразм давлатлари давлат сифатида тугатилиши билан Туркистондаги анъанавий, тарихий ва миллий давлатчиликка узил-кесил зарба берилди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер