Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Болшевикларнинг октабрь инқилоби ва Туркистон
Муаллиф:    29.02.2024 23:37    PDF Босма E-mail

Коммунист русларнинг Тошкентда ҳокимиятни қўлга киритиши ва Туркистоннинг бундан кейинги тақдири

Туркистондаги собиқ рус маъмурлари (чор Русияси ва Керенский амалдорлари) Тошкентда коммунистик зарбада фаол қатнашдилар. Чунки шу йўл билан улар эски мавқеларини сақлаб қолмоқчи бўлдилар. Туркистондаги ҳокимиятини янгидан ташкил қилиш учун руслар орасида ўзаро кураш давом этди. Шундай қилиб, октабрь инқилобидан сўнг Туркистондаги мустамлакачилик янги кўринишга эга бўлди (Сапаров. Колониальная революция, 67-6: «Рус инқилоби Туркистонда дарҳол мустамлакачиликка асосланган бир йўл тутиш мажбурияти олдида қолди». Сапаров РКП МК буйруғи билан Туркистонда иш олиб борди. Шунга қарамай, ҳозирги шўро тарихчилари буни рад этмоқдалар. Антропов РКП МК Ўрта Осиё ташвиқот шуъбаси томонидан нашр этилган (Что и как читать по истории революционного движения и партии в Средней Азии. - Самарқанд-Тошкент: 1929, 20 - 23 б.) Сапаровнинг бошқа асарларини эса ҳеч қандай танқидий қарашсиз ўқишни тавсия қилади.). Туркистон болшевик инқилоби, асосан, «тўғридан-тўғри темир йўл бўйлаб давом этди». Туркистондаги рус темир йўли ишчилари коммунистик фикрнинг ашаддий тарафдорлари эди. Рус коммунистлари ўшаларга таянарди. Туркистонликлар эса на Тошкентда, на бошқа шаҳарларда коммунистлар ҳокимиятни қўлга олишида иштирок этдилар (А. Трофимов, Первме шаги советов в Семиречье». - Алма-Ата: 1934, 4-6.: «Ерлик халқ меҳнаткашларининг большевистик ҳодисаларга иштироки қай даражада эди? Асло иштироки йўқ эди!» 371-6.; «Октабрь инқилоби асносида ерлик халқнинг жиндек фаолияти ҳақида гапиришнинг иложи йўқ». Туркистонли тарихчи 0. Кулиев шундай ишорат қилади: «Тошкентда, Чоржўйда ва бошқа шаҳарларда инқилоб мафкурачилари тўлиқ рус пролетарлари эди». Қиёсланг: Материалы объединенной сессии. - Алма-Ата: 1958, 213-6.). Октабрь инқилобидан аввал Туркистонда саноат пролетариати бўлмаганидай, бу инқилобда иштирок эта оладиган бирор коммунист ҳам йўқ эди. Бинобарин, Туркистондаги инқилоб соф рус ҳаракатининг ўзидир (Октабрь инқилоби ва шўро Русияси салтанатининг ёйилишига доир шўро ёзма ҳужжатлари анча муфассалдир. Шунинг учун уларни барчасини зикр этиш техник назардан иложсиз. Бу мавзуга оид энг йирик асар: А. И. Зевелов. Историография советского Туркестана. -Ташкент: 1968, 278 саҳифали.).
Бу ўринда Туркистондаги рус коммунистлари инқилоби жараёнини таҳлил қилиш ниятида эмаслигимизни аён қилмоқчимиз. Чунки шўро тарих илми ўз қараши нуқтаи назаридан бу мавзуни кераклича ишлаб чиққан. Шўролардан ташқари бу мавзуга бағишланган илмий тадқиқотлар ҳам саноқсиз (Туркистондаги октабрь инқилобига алоқадор, лекин Совет қарашларига мос келмайдиган, советлардан ташқарида яратилган илмий ишлардан намуналар келтирамиз: Ҳайит (Ярчек) Октабрь инқилоби ва Туркистон, МТ, 1951, №75, 9-13-6.). Туркистонни қайтадан, янгидан Русия ҳокимияти остига олиш учун русларнинг бу гал коммунистик ғоя воситасида қандай иш тутганлигини ва бунга кандай эришилганини тушуниш учун ўрус коммунистларининг Туркистондаги имтиёзини атрофлича кўздан кечириш мақсадга мувофиқдир.
1917 йил 22 ноябрида Колесов, Тоболин ва Успенскийлар раҳбарлигидаги рус коммунистлари инқилоб анжумани (қўмитаси) Тошкентда ҳокимиятни қўлга киритди. Бу, албатта, бутун Туркистонда ҳокимиятни қўлга киритиш деган гaп эмас эди. Шунга қарамай, Тошкент бутун Туркистонга коммунистик ҳокимиятни тарқатувчи марказ бўлди. 1917 йил 15-22 ноябрида 114 рус иштирокидаги III шўро кенгаши Туркистон учун шўролар комиссарлигини таъсис қилди. Биронта туркистонликсиз ўтган бу конгрессда 36 комиссар сайланди (Туркистоннинг илк шўро ҳукуматида бирорта туркистонликнинг ўзи йўқ эди. Қиёсланг: Ш. Уразаев, Туркестанская АССР и ее государственное правовое особенности. - Тошкент: 1958, 57-6. Петроград. Русия халқ комиссарлари шўросига юборилган Тошкент).
Мазкур комиссарлар ўзларини ҳақиқий ҳокимият деб ҳис қила бошладилар. Аслида, улар диктатордан бошқа ҳеч киммас эди. Чунки ҳали Туркистонга мос идора усули масаласи ўртага ташланмасдан, Русия пролетариати диктатураси номидан фаолият бошлаб юбордилар. Бу комиссарлар рус аскарлари ва рус темир йўл ишчиларига суянар эди. 1917 йил 25 ноябрда «Халқ комиссарлари шўроси» Туркистон халқига Туркистонда ҳокимиятни ўз қўлига олганликларини билдирдилар. Шўроларнинг 3 ва 4-кенгашлари (20-26 январь 1918 й.) ерлик халқдан ҳеч кимни инқилоб ташкилотларига қабул қилмаслик ҳақида қарор қабул қилди (Чокайоглу. Туркестан под власти Советов. - Париж-Берлин: 1935, 15-6. Гордиенко, Творческая роль, 89-6. «Наша газета» («Коммунист» газетаси, - Тошкент: 14 июль 1918 й.) шундай ёзади: «Фотиҳ сифатида ўз мавқеларимизни тарк қилолмаймиз... Маҳаллий аҳоли билан алоқаларимиз бир-бирига тенг кимсалар орасидаги алоқа бўла олмайди». Қиёсланг: Гордиенко. Творческая роль, 96 - 97 б.). Коммунист руслар Туркистонни бошқариш хуқуқи фақат ўзларига тегишли деб ҳисоблардилар. Русия коммунистик партияси раҳбарияти Туркистондаги ўртоқларининг қилмишларига узоқдан томошабин сифатида боқишди. Улар «халқлар ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳаққи» шиорини(Ленин, Сталин ва бошқа шўро доҳийларининг машҳур баёнотлари, партия қарорлари, ҳукумат кўрсатмаларини билиш учун қаранг: Boris Meissner, Sowjetunion und Selbstbestimnungsrecht, koln, 1962; Armaoglu, Boljevik Ihtilali, 211-250 6.) амалга оширишга шошилмасди. Гўё рус коммунистлари Шарқ мусулмонларига 1917 йил 3 декабрь чақириғини(Бу чақириқ: «Мамлакатнинг ҳақиқий хўжайини бўласиз. Ўз хоҳишингизга қараб яшайсиз», шаклида эди. Тўлиқ матни учун қаранг: Hayit, Sowjetrussische Orientpolitik. 217 - 218 б.) ва 1917 йил 15 ноябридаги Ру халқ комиссарлари шўросининг 1917 йил 23 ноябридаги телеграф матнида қуйидагича дейилади: «Халқ комиссарлари шўроси сизларнинг қарорларингизни тадбиқ қилишни ўзининг вазифаси деб билади. Қиёсланг: Победа октабрьской революции в Узбекистане, 578-6.
Ҳалқларининг ҳуқуқлари билан боғлиқ баёнотни(Бу декларация билан ғайри рус миллатларига мустақил давлат тузиш ва Русиядан ажралиб чиқиб ҳуқуқи ваъда қилинган эди. Шўро иттифоқида миллий сиёсат ҳақида гап кетса бас, ўша декларацияни ёддан айтиш одат тусига кирган.) унутгандай кўринарди. Туркистонда миллий асосга эга бўлган мухторият учун курашни йўққа чиқаришни шўро хукумати ўзининг асосий бурчи каби қабул қилган эди. 114 коммунист бўлмаган руслар кенгаш уюштирган бир пайтда Тошкентда «Уламо жамияти» ташкил қилган, 515 вакил иштирок этган Мусулмонлар кенгаши ҳам иш бошлади. Бу кенгаш Туркистоннинг ўз-ўзини идора қилиши масаласи билан боғлиқ 14 моддадан иборат қарор қабул қилди(Тўлиқ матн: Hayit, Sowjetrussischer kolonialismus, 1965,20 - 21 б.). «Уламо жамияти» бошчиси Шерали Лапин шўро-рус кенгашига бориб, ҳокимиятни туркистонликларга топширишни талаб қилди. Рус салтанатининг янги кўриниши ва чоризм оқоваси бўлган бу шўро-рус кенгаши туркистонлиқлар талабини қатъиян рад қилди.
Туркистоннинг янги хўжайинлари 1918 йил 20-26 январда 4-кенгашини уюштириб, бошқа масалалар қатори Қўқон миллий мухтор хукуматига рақиб сифатида (атрофлича 9-бўлимда ёритилади) Туркистон мухторлиги масаласига эътибор қаратди. 1918 23 январда кенгаш Инқилобий социал-демократларнинг мамла-катда пролетар мухторияти тузиш учун интилишларини ифодалаган» қарор қабул қилди(Гордиенко. Создание. 59-6.). Барча имкониятларни ишга солиб, Туркистоннинг Қўқондаги миллий мухтор хукуматини ағдариш лозимлиги уқтирилди. Зотан, қизил аскарлар 1918 йил 20 февралида буни тўлиқ амалга оширишди. Туркистоннинг бу ягона маҳаллий хукумати ағдариб ташлангач, Туркистонга илдиз отган шўро ҳокимияти ва Русиянинг миллий озодлик ҳаракатига қарши кураш олиб боришдан бошқа иши қолмаганди (Бу ҳақда 10-бўлимда алоҳида тўхталиб ўтилади).
Тошкент рус коммунистик ҳокимияти 1917 йил ноябридан 1918 йил охиригача «Халқ комиссарлари» деб аталди. Ундан кейин то 1918 йил апрелигача «Пролетар мухторияти» номи билан иш юритди. 20 апрелдан 1 майгача шўроларнинг 5-кенгаши бўлиб ўтди. РСФСР хукумати бу кенгашга телеграмма йўллаб, унда Туркистон учун шўроларга асосланган мухтор идора шаклини тавсия қилди.
Қўқон миллий мухтор хукумати тарқатиб юборилгач, коммунистлар Туркистонга қандай «давлат бичими» берилиши муаммоси ташвишида қолдилар. РСФСР хукумати Тошкентдаги ўзининг таъсирли вакилларига «Мухтор совет социалистик» мақомини қабул қилишни маслаҳат бердилар. Шунга асосланиб, Тошкентдаги 5-шўролар кенгаши 1918 йил 1 майда Туркистон РСФСР таркибидаги «Мухтор совет социалистик жумхурият» деб расман қарор қабул қилди. 6-шўро кенгаши 1918 йил 15 октабрида Тошкентда Туркистон мухтор ССЖ учун ўқйўриқ (конституция) ишлаб чиқилди. Бу ўқйўриқда ўлка РСФСРнинг таркибий қисми эканлиги кескин ҳал қилинганди. РСФСР хукумати кенгашининг «Туркистон социалистик жумхурияти РСФСРнинг мухтор бир парчаси деб эълон этилиши ва РСФСРга тегишли Туркистон мухтор ССЖ номланиши кераклигига» доир 1920 йил 17 августда кўрсатма берди(Уразаев, Туркестанская АССР, 62-6.).
Бу кўрсатмадан аниқ билиндики, Туркистон на бир мухторлик хуқуқига ва на бир мустақилликка эришди. Шўролар раҳбарияти мухторият ҳақидаги лўттибозликлари билан «буржуа миллатчиларига» (миллий ҳақ-хуқуқни ҳимоя қилганлар - муаллиф) ҳалокатли зарба берганлигига ишончи комил эди. Туркистонни Русия федерациясидан ажратиб олиш режаси шундай фожиали тугади. ССЖ бир мухториятининг номи «Туркистон» эди. Аммо у соф рус тузумига асосланган эди, чунки идора ишлари жилови руслар қўлида эди. Бу мухторият Русиянинг озгина янгиланган идора органи бўлиб қолди.
Мамлакатнинг давлат тузилиши борасида туркистонликлар ва руслар орасида сиёсий ва ҳарбий курашлар чўзилиб кетганлигидан шўро Русия ҳукумати Туркистондаги вазиятни ўз қўлига олиши учун Русия коммунистик партияси номидан «Турккомиссия» ташкил қилиб жўнатди. Бу комиссия ўз диктаторлик бошқарув ваколати воситасида 1919 йил октабридан 1923 йил ўрталаригача шўро ҳокимиятини кучайтириш, Туркистонни Русия билан мустаҳкамроқ боғлаш ва Русия билан шўро душманлари бўлган Туркистон миллий ҳаракатини йўқ қилишга астойдил киришди. Кўринадики, Туркистондаги кураш синфий кураш характерига эга эмас, балки миллий кураш кўринишига эга эди(1920 йил мартида Туркистон халқ комиссарлари шўросининг раиси сифатида тайинланган Рудзутак: «Русиядаги кураш доим икки синф орасида: яъни пролетариат синфи билан феодаллар ва фабрикачилар синфи орасида кечган. Аммо Туркистонда бу кураш синфий доирага сиғмай, миллатлар курашига асослангандир». Қиёсланг: Уразаев, Туркестанская АССР, 52-6.). Тошкентдаги рус раҳбарияти шўро Русияси ҳокимиятини қўлда сақлаб қоладиган даражада кучга эга эмас эди. Шунинг учун РСФСР хукумати 1919 йил 11 августда М.В.Фрунзе қўмондонлигидаги Туркистон жабҳасини ташкил этди. Бу жабҳа ихтиёрида Туркистонда ҳаракат бошлаб юборган беш армия (ўрда) бор эди. Туркистон тақдирини Турккомиссия ва Туркистон жабҳаси ҳал қила олар эди. Шўролар 1923 йилга қадар Туркистондаги миллий-озодлик қўзғолонини (босмачилик ҳаракатини) батамом бостиришга муваффақ бўлди, яъни Туркистонни Русия томонидан иккинчи марта босиб олишни амалга оширди. Рус шўро раҳбарияти оз сонли туркистонликларни ўзига тортишга, ҳамкорлик қилишига муваффақ бўлди. Бундайлар кейинроқ рус шўро ҳокимиятининг кенгайишида ўзига хос роль ўйнадилар. Шўро руслари «давлат ташкил қилиш» деб номлаган жараёнда Туркистонни бошқариш учун икки йўлни танладилар: Собиқ Туркистон бош волилигида, Қўқон миллий мухтор давлати тугатилгач, Туркистон ССЖни яратишди. Бу «жумхурият» 1918 йил 1 майидан ўлкани қавмлар асосида қайта бўлинишигача, яъни 1924 йилгача яшади. Қирғиз (қозоқ) вилоятини идора қилиш учун собиқ дашт бош волилигида 1919 йил 10 июлда «Инқилоб анжумани» (қўмитаси) ташкил этилди. Кейинроқ бу бошқариш усули, яъни 1920 йил 26 августда «Қирғиз (қозоқ) мухтор ССЖ» деб номланиб, РСФСРнинг таркибий қисми сифатида эълон қилинди(Инқилоб қўмитаси ва Қозоқ мухтор социалистик жумҳурияти тузилишига доир қаранг: История государства и права советского Казахстана, 1, - Алма-Ата: 1961,143 - 174 б.). Шуниси эътиборга моликки, рус шўро раҳбарияти шўролаштириш йўли билан Туркистонни янги шўролар императорлигига қўшиб олишга муваффақ бўлди(Туркистонда коммунистик тузум ўрнатиш ва бу мамлакатни қайтадан Русияга боғлаб қўйиш борасида рус шўро раҳбариятининг фаолияти ҳақида қаранг. Уразаев, Ленин и строительство советской государственности в Туркестане. - Тошкент: 1967. (501 - 516 б.) «Туркистон мухтор шўро социалистик жумхурияти ҳақида юзларча монография, брошюра, ҳужжатлар ва мақолалар ёзилган». Бу жумҳурият ҳақида (фан номзоди бўлиши учун) 120 диссертация ва ўттиздан ортиқ фан доктори илмий иш ёзган. Қиёсланг: Гордиенко. Образование Туркестанской АССР, - Москва: 1968, 5-6.). Ҳар икки томондан кўп талафотларга олиб келган бу йўл осон йўл эмасди. Чунки чор Русияси давридаги каби шўро русларининг салафлари аввал Туркистоннинг миллий мавжудлигини давом эттириш орзусини зўрлик ёки бошқа воситалар билан (ташвиқот, баъзи туркистонликларга 1918 - 1919 йилларда шўро ташкилотларида ишлашга рухсат бериш, иқтисодий-сиёсий тадбирлар ва бошқалар йўқ қилиб ташлаши керак эди. Аммо ҳаммага аёнки, Туркистонда шўро салтанати русларнинг қўлида бўлиб, бу сиёсат ҳозиргИ даврда ҳам ўзгарган эмас .

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер