Чор Россиясининг Ўрта Осиёдаги мустамлакачилиги даврида амалга оширилган ўзгаришларнинг чинакам маъно ва мазмунини аниқроқ билиб олиш, тўғрироғи, мустамлакачилик билан тўқнаш келиш туфайли анъанавий давлатчилик ва жамият ҳаётининг издан чиққанини тасаввур этиш учун расмий «юқори» табақалар томонидан баён қилинган дастурлардан ташқари, ўша вақтдаги айрим ҳужжатларга мурожаат қилиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бу борада хусусан, камроқ ўрганилган соҳа – маҳаллий жамиятнинг маънавий соҳасига тааллуқли ҳужжатлар диққатга сазовор.
Чор Россиясининг Ўрта Осиёдаги мустамлакачилиги даврида амалга оширилган ўзгаришларнинг чинакам маъно ва мазмунини аниқроқ билиб олиш, тўғрироғи, мустамлакачилик билан тўқнаш келиш туфайли анъанавий давлатчилик ва жамият ҳаётининг издан чиққанини тасаввур этиш учун расмий «юқори» табақалар томонидан баён қилинган дастурлардан ташқари, ўша вақтдаги айрим ҳужжатларга мурожаат қилиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бу борада хусусан, камроқ ўрганилган соҳа – маҳаллий жамиятнинг маънавий соҳасига тааллуқли ҳужжатлар диққатга сазовор. Мана, Россия империяси Давлат Кенгашининг аъзоси, 1908-1909 йилларда Туркистон ўлкасини тафтиш қилган сенатор К. К. Паленнинг ҳисоботида келтирилган фикр: «Рус ҳукумати ўз фуқаролигига кирган бошқа қабилаларни тинчлантириш ҳақида қайғуриб, мазкур қабилаларнинг ахлоқий тушунчалари соҳасига зўравонлик билан кириб бориш ва мамлакатдаги урф-одатларни ўзгартириш ниятида эмаслигини эълон қилиш билан чекланди… Шу билан бирга, ҳозирча ўз кучида қолдирилган одатдаги ҳуқуқнинг вақтинчалик тартиби ҳамиша назарда тутилди, чунки «агар Қуръонга қонун кучи бериладиган бўлса, аҳоли айтиб ўтилган қонуннинг изоҳловчиси бўлган ўз руҳонийлари тазйиқи остида бўлади, рус давлатига ҳамиша бегона бўлиб қолади». Яъни рус ҳукумати Туркистон аҳолисининг онги, унинг ижтимоий муносабатлари кўп асрлар мобайнида Ислом аҳкомлари ва анъаналари билан белгилаб келингани, унинг таркибий қисми бўлган шариат сиёсий, ижтимоий-иқтисодий қонун-қоидаларнинг, ҳуқуқий ва ахлоқий анъаналарнинг бутун бир мажмуидан иборат эканини ҳис қилиб, бу жамиятни табиий-тарихий тараққиёт йўлидан зўрлик билан бошқа томонга буриб юборишни режалаштирди. Бунинг учун Кауфман давридаёқ «диний урф-одатлар ва маросимларга аралашмаслик тўғрисида»ги шовқин-суронлар, сафсаталар билан руҳонийларнинг ерлари давлат мулки, деб эълон қилинди ва улар арзимас пулга чор генераллари, юқори амалдорлари, савдогарлари ва янги капиталистларга сотиб юборилди, шаҳарнинг руслар яшайдиган қисмларини ва бошқа объектларни қуришга ажратиб берилди. Кейинроқ вақфларни ташкил этиш аслида бутунлай тақиқланди. Руҳоний табақанинг иқтисодий негизига путур етказилиши ўз-ўзидан ўлканинг анъанавий ўқув юртлари – мактаблар ва мадрасаларга таъсир кўрсатиши лозим эди. Улар давлат маблағлари ҳисобига эмас, балки жамоат, шу жумладан, диний муассасалар хайриялари ҳисобига таъмин этилар эди. Туркистон аҳолисини саводли қилиш ва уларга маориф тарқатишнинг асосий ўчоқлари, унинг миллий-маънавий қадриятлари бир қисми бўлган мактаб ва мадарасалар Туркистоннинг ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эди. Бу ҳолат мустамлакачи маъмурларга ёқмасди, мактаб ва мадрасаларни «мусулмончилик ўчоқлари» деб, уларни «русларга нисбатан» душманлик кайфиятида деб, бу ерда уларни обрўсизлантиришга қаратилган режалар тузиш билан шуғулланишади. Чоризмнинг бу масаладаги ҳаракатларининг стратегик йўли миллий мактабларни секин-аста тугатишдан иборат эди. Кауфман давридаёқ «маҳаллий мактабни зўравонлик билан бекор қилиш қанчалик… хавфли бўлса, бу мактабнинг сезиларли равишда йўқ бўлиб боришининг аниқлиги биз учун шунчалик фойдали ва манфаатлидир», деб очиқдан-очиқ айтилар эди. Кауфмандан кейин ва, айниқса, Тошкентдаги (1892 йил) ва Фарғона водийидаги (1898 йил) халқ ҳаракатларидан сўнг маҳаллий маъмурият генерал-губернатор иштирокида бўлиб ўтган кўпсонли кенгашлар жараёнида «аҳолининг маънавий-диний ҳаётини зўр диққат билан кузатиб боришни жорий этиш» дастурини ишлаб чиқади, бундан мақсад, мусулмонлар динининг зарарли томонларини заифлаштириш ва уларга барҳам беришдан иборат» эди, дейилади ҳужжатда. Ана шу кўрилган чора-тадбирларни таҳлил қилиш қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш имконини беради:
– генерал-губернатор, вилоят бошқармалари ва уезд бошлиқлари ҳузурида «вақфларни бошқариш баробарида, маҳаллий аҳолининг маънавий ҳаётини ўрганиш ва кузатиб бориш ила шуғулланадиган» махсус амалдорлар лавозимларини таъсис этиш; – халқ судлари ва волост мудирлари зиммасига «беш йил муддат ўтгандан кейин бутун хизмат ёзишмаларини рус тилида олиб бориш, ўн беш йил ўтгандан кейин эса бу лавозимларга рус тилини яхши эгаллаган шахсларнигина тайинлаш» вазифасини юклаш; – «маҳаллий кишиларни қозилар тайёрланадиган мадрасаларда рус тилини ўқитишни жорий этиш тўғрисида таклиф киритишга ундаш; бу ҳол мазкур ўқув юртлари эшикларини рус ўқитувчиларига очиб бериши» баробарида, «мусулмон олимлари, мутаассиблар ва Исломнинг ҳар қандай арконлари оқиб келадиган мадрасаларда нималар қилинаётганини доимий ва ишончли равишда» кузатиб боришга имкон яратади; – маҳаллий аҳолининг «рус-тузем мактабларини ва шаҳар билим юртларини тамомлаб келган болаларига фахрий фуқаролар ёки қишлоқ-овул оқсоқоллари лавозимларини эгаллаш; муайян хизматда синов муддатини ўтаганидан кейин эса волост мудирлари ва катта оқсоқоллар лавозимларини эгаллаш ҳуқуқларини бериш» каби муҳим имтиёзлар бериш; – «православ руҳонийларини уларнинг миссионерлик мақсадларини таъқиб қилмаган ҳолда, маҳаллий аҳолига рус-православ руҳида маданий таъсир кўрсатиш ишига жалб қилиш»; – мусулмон хотин-қизлар ўртасида ишлаш учун «таъсир кўрсатишдан иборат муқаддас миссиянинг хусусиятларини яхши тушунадиган ва уларга фидойилик билан ёрдам беришни истовчи» маълумотли роҳибаларни жалб қилиш.
Кўриб турибмизки, маҳаллий жамиятнинг маънавий ҳаётига таъсир кўрсатишда сиёсий, қидирув усулларидан, маъмурий ва сиёсий чора-тадбилардан фойдаланишга катта умид қилинган. Бироқ бундан бирмунча вақт илгари ҳам кенг қўлланилган бундай чоралар маъмурлар билан жамият ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир кўрсата олмади. Таҳқирлаш, умидсизлик, кўпчилик аҳолининг турмуш даражаси пасайиб кетишини бошдан кечирган Туркистон жамияти чоризм томонидан кўрилган чораларни фақат Ислом томонидан муқаддаслаштирилган қадриятларгагина эмас, балки ўз ҳаётига ҳм тажовуз сифатида қабул қилди.
Н. А. Абдураҳимова, тарих фанлари доктори, профессор.
Манбалар: 1. «Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати: тарих шоҳидлиги ва сабоқлари (1865-1990 йиллар)», Тошкент, «Шарқ» нашриёт-матбаа консерни бош таҳририяти, 2000 йил, 26-30-бетлар. 2. Пален К. К. «Отчет по ревизии Туркестанского края. Переселенческое дело. С-Пб., 1910 г., стр. 19. 3. Кауфман К. П. Началғное народное образование в Туркестанском крае. 1881. С-Пб., 1910 г., стр. 15. 4. Юқоридаги асар, 13-бет. 5. Ўзбекистон Марказий Давлат архиви, И-3-фонд, 2-рўйхат, 60-иш, 336-варақнинг орқаси. |