Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Туркистон легиони аскарлари қисмати
Муаллиф:    01.10.2023 13:57    PDF Босма E-mail

...1941 йилнинг май ойларида Учинчи Рейхнинг тарғибот идоралари томонидан СССР ишғол этилгач унинг ҳудудида бир қатор кичик маъмурий бирликлар, хусусан Туркистон Рейх комиссариатини тузиш белгиланганди. Бу ҳудуд фақатгина Ўрта Осиё ва Қозоғистоннигина эмас, Озарбойжон, Волгабўйи ва Шарқий Туркистонни ҳам қамраб олиши керак эди. Ушбу режага Германиядан бошпана топган туркистонлик фаоллар ҳам ёрдам беришган, албатта. Хусусан, бир пайтлар Туркистон Мухторияти масъулларидан бўлган Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон сингари зиёлилар ўз мамлакатларидан келган ҳарбий асирларни рўйхатга олиб, улар орасида тарғибот ишларини олиб борганлар.

30-йиллар бошида Германияда давлат тепасига келган нацистлар аллақачон Совет Шарқидаги вазият, жумладан иттифоқ ҳудудидаги ва ундан ташқаридаги туркистонликлар кайфиятини ўргана бошлаган эди. Большевиклар босқинидан сўнг Туркистон мухторияти, Бухоро ва Хоразм ҳудудидан минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари Афғонистон, Хитой, Туркия, Германия сингари мамлакатларга ҳижрат қилган, умуман ХХ аср бошидан Чор Россияси ва большевикларнинг, Сталин ҳукуматининг Марказий Осиё халқларига ўтказган жабр-зулмлари нацистларга яхши маълум эди ва мазлумлар кучидан умумий душманга қарши курашда фойдаланиш уларнинг режасидан аллақачон ўрин олганди.

Хўш, Совет ҳукумати бундан хабарсизмиди? Ўн йиллар мобайнида сон-саноқсиз уқубатларга гирифтор қилинган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа халқлар вакилларига нисбатан ишончсизлик йўқ эмасди албатта. Маълумотларга кўра 1935 йилгача Ўрта Осиё республикалари вакиллари ҳарбий хизматга деярли олинмаган. Уруш хавфи орта боргач, ҳукумат армия сафларини тўлдириш учун бу тактикани ўзгартиришга мажбур бўлган. Аммо барибир туркистонлик жангчиларга “иккинчи тоифа” аскарлар сифатида қараш сақланиб қолганди.

Туркистон легиони аскари формаси ва белгилари

38-йилнинг аёвсиз қатлиомидан кўп ўтмай, Иккинчи жаҳон уруши бошланади. Фашистлар Германияси Сталин ҳукумати билан келишувни бузиб, 1941 йилнинг 22 июнь куни кутилмаганда Урушнинг дастлабки пайтларида ҳали қўлига қурол ушлаб кўрмаган минглаб ўрта осиёлик аскарларни етарлича ҳарбий тайёргарликдан ўтказилмай биринчилар қаторида жанг майдонларига ташланган, улар эса “замбаракка гўшт” бўлишган холос. Туркистон аскарларининг катта қисми немислар томонидан асир олинган ва олдиндан ишлаб чиқилган ҳарбий режага мувофиқ тузилган “Туркистон легиони”га жалб қилинган.

Урушнинг шафқатсиз қонунлари бор. Асир олинган аскарнинг олдида икки йўл туради: Ё Ватанга садоқатда собит туриб, душман қўлида ўлим топиш, ё душман томонга ўтиб, Ватанга қарши жанг қилиш. “Биз нега бу ердамиз? Қайси Ватан учун жон беришимиз керак? Асл Ватан аллақачон забт этилиб, мустабид салтанат тупроғига қўшилмаганди?” Бу саволларни ўша дамда уруш ўчоқларига итқитилган минглаб ҳамюртларимиз ўз-ўзига беришгани аниқ.

Асирлар орасида биринчи йўл – Сталинга садоқат йўлини танлаганлар табиийки ўша заҳоти отиб ташланган ёки нацист концлагерларида турли қийноқлар ичида жон беришган. Қолганлар эса ё жонини қутқазиш, ёки совет ҳукуматига нисбатан алам ва нафрат туфайли иккинчи йўлни танлашганди. Шу тариқа 1941 йилнинг октябрида нацистлар армияси майори Андреас Майер бошчилигида илк туркистонликлар батальони шакллантирилади. Ўша йилнинг декабрида Гитлер немис армияси сафида СССРнинг славян бўлмаган собиқ ватандошларидан иборат ҳарбий тузилмаларни ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳақидаги фармонга имзо чекади.

“Туркистон легиони” фаолларидан бири бўлган адиб ва шарқшунос Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, “1941–1943 йилларда 4 млн 847 мингдан ортиқ туркистонлик фронтга чақирилган. Шулардан 1 млн 700 мингга яқини немислар томонидан асирга олинган. Етарлича қурол-аслаҳа билан таъминланмаган, урушга тайёр бўлмаган аскарларнинг кўпи курашиб ўлиб кетишдан кўра таслим бўлишни афзал кўришган. Қаршилик кўрсатишга уринганлар немислар томонидан ўша заҳоти ўлдирилган. Рози бўлганлар эса ҳарбий ва сиёсий тайёргарлик машғулотларига жалб қилинганлар”.

“Туркистон легиони”нинг илк ҳарбий тузилмалари 1942 йил 2 май куни Брянск ўрмонларида Совет Армиясига қарши жангга юборилган. 1942 йил августида Вали Қаюмхон раислигидаги “Туркистон Миллий Бирлик қўмитаси” тузилган ва ўзбек тилида “Миллий Туркистон” журнали нашр этила бошлаган. Журналнинг илк сонида қўмитанинг “Бизнинг йўл оталар йўлидир, мустақиллик йўлидир” сарлавҳаси остидаги баёноти чоп этилган эди.

Табиийки, бу ҳаракат Гитлер бошчилигидаги нацистлар ҳукумати манфаатларига тўла мос келар, шу боис, Учинчи Рейх томонидан қўллаб-қувватланган эди. 1944 йилдаги маълумотларга кўра “Туркистон легиони”даги аскар ва зобитларининг миқдори 181 минг 402 кишини ташкил этган. Ҳарбий қўмондонлар Рейх раҳбарияти томонидан тайинланган, Легионнинг сиёсий ва маърифий ишлари Туркистон Миллий Бирлик қўмитаси томонидан бошқарилган. Ҳар бир аскар ва зобитнинг чап билагида “Туркистон, Аллоҳ биз билан” тамғаси бўлган, легионга янги аъзолар Туркистон байроғи осида, Қуръонга қасамёд билан қабул қилинган.

“Туркистон легиони” Совет қўшинларига қарши шиддатли жанглар олиб борди, уларга жуда кўп жангларда қақшатқич зарбалар берди. Совет қўшинлари “Туркистон легиони” аскарларини асир олишмас, топган жойларида ўлдиришар, ҳатто ярадорлар ҳам отиб ташланарди. “Туркистон легиони” 1944 йилнинг охирига қадар тахминан 65 минг аскаридан айрилади.

Фашистлар Германияси мағлубият муқаррар бўлиб турган бир пайтда 1945 йил 24 март Туркистон легионини Туркистон Миллий Ҳукумати сифатида расман тан олади ва Легион раҳбариятига ишонч ёрлиғи топширади. Аммо энди нацистлар ҳукумати сингари легионнинг ҳам келажагига умид йўқ эди. 1945 йил 8 май куни Германия батамом таслим бўлди. Шу тариқа “Туркистон мухторияти” тақдири муаллақ қолди.

АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи давлат раҳбарларининг 1945 йил февраль ойидаги Ялта учрашуви якунларига кўра ҳар бир давлат урушдан кейин ўз фуқароларини қайтариб олиши керак эди. Шу келишув асосида Америка, Англия ва Франция армияси назоратида бўлган ҳудудларда қўлга олинган “Туркистон легиони” аскарлари мажбуран Совет Иттифоқига жўнатила бошлади. Аммо уларнинг деярли ҳеч бири “Ватан”га қайтишни истамасди. Чунки Советлар юртида уларни қандай машъум қисмат, азоб-уқубатлар кутаётгани аён эди.

Маълумки, нацистлар назорати остида арманлар, кавказ мусулмонлари, грузинлардан иборат махсус тузилмалар ҳам бор эди. Уларга бир пайтлар СССРдан чиқиб кетган ватандошлари ёрдам қўлини чўзадилар. Аммо шўрлик туркистонликлар учун ёрдам берадиган қудратли куч қолмаганди. Шу боис Туркистон Миллий бирлик қўмитаси раҳбарларидан бири бўлган Боймирза Ҳайит Туркия Қуролли кучларининг Бавариядаги вакили, полковник Эҳсон Унасанга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Шундан сўнг Анқарада ўз тақдирини кутаётган 100 мингдан ортиқ туркистонликни Туркияга келтириш масаласи муҳокама қилинади. Туркия ҳукумати “улар орасида совет жосуслари кўп бўлиши мумкин” деган хавотир билан легионерларни мамлакатга киритмасликка қарор қилади. Шу боис уларнинг катта қисми мажбуран сон-саноқсиз эшелонларда СССРга олиб кетилади. Легионда юқори вазифада ишлаган ҳарбийлар тез фурсатда отиб ташланади, қолганлар узоқ муддатга Сибирдаги жазо лагерларига юборилади. Легионерларнинг катта қисми ўта оғир шароитларда, очлик, муҳтожлик, турли касалликлар ва қаҳратон сабабли вафот этади. Жазо муддатини ўтаб, уйларига қайтганлар ҳам совет йилларида қатъий таъқиб ва тақиқ остида яшашган.

Америка ҳукуматининг кўмагида фақат 6–7 минг нафар легион аъзолари АҚШ ва Европа мамлакатларига юборилади. Уларнинг авлодлари ҳозирга қадар ушбу ўлкаларда яшаб келишмоқда.

Легион сафида жанг қилган зиёлилардан бири, кейинчалик АҚШ разведкасида хизмат қилган Рўзи Назар бир интервьюсида “Ўшанда биз ўз Ватанимизни озод қилиш учун Гитлер тугул, ҳатто шайтоннинг ўзи билан ҳамкорлик қилишга ҳам тайёр эдик” деганди. Нима бўлганда ҳам, “Туркистон легиони” бизга бегона эмас, унинг сафида курашган, қон тўккан, жон олиб-жон берган аскарларга ҳам Ватан, миллат, иймон-эътиқод туйғуси бегона бўлмаган.

Рустам ЖАББОРОВ

Янгиланди ( 01.10.2023 14:01 )
 
Баннер