1926-27 йилларда бошланган “Ҳужум” кампанияси аёллар ўртасида саводсизликни бартараф этиш билан бирга асрлар давомида давом этиб келган миллий урф-одат ва анъаналарни ҳам инсонлар онгидан олиб ташлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.
Кампания Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа қўшни минтақаларда кенг фаолият олиб бориб, аёлларни кечки мактабларга, саводхонлик курслари ва тўгаракаларга жалб этиш билан бирга янгича фикрлаш ва янгича ҳаёт тарзига ташвиқот қила бошлади. 1926-27 йиллардан бошлаб, аёллар кенг миқёсда ишлаб чиқариш ва саноатнинг барча соҳаларига жалб қилина бошладилар. Бу, аввало, “Ҳужум” ва худосизлар компанияларининг фаолиятлари билан боғлиқ эди. Бир томондан, хотин-қизлар асрлар давомида шаклланиб келган миллий урф-одат ва қадриятларидан "озод" қилинган бўлса, иккинчи томондан кенг меҳнат қилиш имконияти туғилади. Совет Иттивфоқи аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлганини рўкач қилиб, аёллардан яхши самара берадиган ишчи кучи сифатида фойдаланишга қарор қилади. Аёллар аввал хотин-қизлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва ўқитувчилик вазифаларини бажарган бўлсалар, кейинчалик улар қишлоқ хўжалиги ва оғир-енгил саноатларга ҳам жалб қилинадилар.
Шу билан бирга, миллий урф-одатлар ва қадриятлар эскилик сарқити, жамиятдаги иллат деб баҳоланиб, уларга қарши уруш эълон қилинди. Жойларда фаоллар иштирокида йиғилишлар ўтказиб, кенг миқёсда паранжи ташлаш операцияси олиб борилади. Советлар томонидан олиб борилган бундай бир томонлама сиёсат оқибатида минглаб оилалар ичида низо чиқади ва инсонлар онгида норозилик кайфияти кучаяди. Бу аввало, ўзини мусулмон ҳисоблаган халқнинг миллий ғурур ва ифтихорига тегиш билан бирга, уни камситар ва оёқ ости қилар эди. Бунга далил сифатида шу йиллари сурхондарё вилоятида рўй берган бир воқеани эслаш кифоя:
Оддий ўзбек оиласидан чиққан Зарифа исмли аёл ҳамқишлоқлари ва маҳаллий совет органларининг ташвиқоти таъсири остида паранжисини ташлайди ва қишлоқ клубида очилган саводхонлик тўгарагига қатнай бошлайди. Бундан қаттиқ ғазабланган турмуш ўртоғи аёлини ўлдириб, қишлоқ қизил клубига ўт қўйиб юборади (Иброҳимов М. Туркистон тарихига бир назар. Т. : “Мовароуннаҳр”, 1996. Б. 34. ).
Лекин шуни ҳам таъкидлаш лозимки, аксарият аёллар бундай янги ҳаракатларга умуман қўшилмайдилар ва бундай ишларни ўзларига эп кўрмайдилар. Сабаби дин Туркистон аёллари ҳаётининг ажралмас қисмига айланган бўлиб, улар маиший турмушдаги ҳар қандай янгилик ва ўзгаришни динга қарши чиқиш деб ҳисоблаганлар. XX асрнинг бошларида Тошкентда яшаган рус этнографи В. Алексеев маҳаллий халқнинг урф-одатларини ўргани шжараёнида “Тошкент аёлларининг ҳаёти бутунлай диний қобиқда экан”лигини алоҳида қайд қилиб ўтади. (Алексеев В. Сравнительная этнография народов Средней Азии. М. , 1986. С. 26.) Сўзининг исботи сифатида у мусулмонлар ҳаётида учрайдиган ҳар қандай маросимларга диний тус берилиши ва унда аёллар иштироки зарурий бўлишини келтиради. Масалан, тўй, аза, мавлуд, бешик тўйи, фотиҳа тўйи, ҳайит байрамлари каби маросимларни, асосан, аёллар ташкиллаштиради. Улар орасида етакчи бўлган аёл ўз қарорини барчага сингдиради. Бундай ҳолларда аёллар психологиясида дин, асосан, ўзи билан боғлиқ турли маросимларни асрлар давомида шаккланиб келган маросим ва анъаналарни тўғри ва аниқ таркибда ўтказишдан иборат бўлиб қолади. Баъзан иш шу даражага бориб етадики, бажарилиши лозим бўлган маросимда бирор камчилик ёки хато учраса, буни диндан ташқари, деб ҳисоблайдиган аёллар ҳам учрайди. Аслида, буларнинг соф илмий динган ҳеч қандай алоқаси йўқ. Этнографлар бундай ҳолатни “дин ва маиший ҳаётнинг ўзаро ҳаддан ташқари аралаштириб, нотўғри ва сунъий бўлган синкретик ҳолатнинг юзага келишида” деб ҳисоблайдилар. (Fletcher W. Soviet Believers: The Religions Sector of Population/ Lawrence. 1981. р.67.)
Тарихдан маълумки, 20 асрнинг бошларида жаҳоннинг бир қанча йирик давлатлари, Германия, Англия ва Россия Ўзбекистонни ўз сиёсий хариталарига қўшиб олиш ҳаракатида бўлганлар. Чор Россияси ўз сиёсий мақсадларини амалга оиширишда минтақадаги халқнинг миллий менталитетини ўзгартириш пайига тушади. Бундан махсус дастурлар ишлаб чиқарилади ва тезлик билан амалга оширила бошланади. Улардан бири хотин-қизларни миллий урф-одатлардан воз кечиш ва Европача турмуш тарзини сингдиришдан иборат эди. Оила жамяитнинг асосий бўлаги бўлганлиги сабабли ундаги ҳар бир ўзгариш бевосита жамият ва давлатга таъсир қилиши ҳам табиийдир. “Ҳужум” компанияси эришган натижалардан сўнг Совет Иттифоқи таркибига киритилган Ўзбекистонда аёлларни кенг ишлаб чиқаришга жалб қилиниш бошланади. Тез орада мамлакатда динга қарши кураш авжига чиқади. Миллий урф-одатлар ва анъаналар, ислом ва шариат аҳкомлари эскилик сарқити деб эълон қилинади.
Бундай янгиликларга қарши чиққан инсонларга эса қаттиқ жазо берилиб, улари жамият ва халқ душманлари деб эълон қилинадилар. Собиқ Иттифоқ даврида “Хотин-қизлар масаласи” тоталитар тузум мафкурасидан келиб ҳал этилган. Ҳукмрон коммунистик партия томонидан оқ-қора схема эътироф этилади; шўро даврига қадар кечган хотин-қизларнинг қора ўтмиши ва шўролар давридаги бахтли-саодатли ҳаёти. Фақат партиягина хотин-қизларнинг фаровон ҳаётини таъминлаши ва ижтимоийлаштириши мумкин, деган ақида инсонлар онгига сингдирилиб, уларнинг янгича турмуш тарзлари қатъиян белгилаб қўйилди. Коммунистик партия раҳбарлари минтақа халқлари асрлар давомида эътиқод қилиб келган ислом динини ўзлари учун душман деб билиб, асосий эътиборни анъанавий турмуш тарзи ва мусулмон хотин-қизларнинг маиший ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратадилар. Худди шу нуқтайи назарга кўра хотин-қизларга бўлган қизиқиш ортди ва эски урф-одатларга қарши кураш бошланади. Бу курашда ҳар қандай қурбонлик эвазига бўлса-да, ғалабага эришиш мақсадга айланади. Янги тартибда ўтказилаётган ислоҳотлар кўп сонли эксцессслар билан бирга олиб борилаётгани ҳамда мамлакатнинг Европа қисмига қараганда кўпроқ драматик тус олгани икки ҳолатнинг бир-бири билан қоришгани билан изоҳланади; Шарқ хотин-қизларнининг Европаликларга нисбатан кўпроқ эзилиб, зулм-ситам кўрганликлари ва ижтимоий онгнинг бир томондан хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни ва ролига қарашлари ва муносабатининг қайта кўриб чиқишга ҳали тайёр эмаслиги; Янги ҳокимиятнинг буни истамаслиги; Мажбуран ва вақтинча бўлса-да анъанавийчилар билан муросага келишиш йўлларини излаш.
Туркистон АССРда шўро ҳукуматининг дастлабки йиллариданоқ умумий қонунга қўшимча тарзда қалинни олиб ташлаш, никоҳ ёшини қайта кўриб чиқиш(қизлар учун 16 ёш, ўғил болалар учун 18 ёш), ёш қизларни турмушга узатиш ва кўп хотинлилик учун жазо қонунлари киритилди. (Муравьёва Н.М. Ўзбекистон хотин-қизлари ижтимоий мақомини юксалтиришаҳри Т., 2004. Б.27.) Ўрта Осиёнинг бешта республикаларида хотин-қизларни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари тўғрисида махсус ҳолат ушбу Конституциясига киритилган эди. Унда шундай дейилган: “Хотин-қизларни озод қилишнинг ушбу ҳолатига қаршилик қилиш (ёш қизларни турмушга бериш, қалин олиш, аёлларни қишлоқ хўжалик ишлари ва саноат ишлаб чиқаришга жалб этишларига қаршилик кўрсатиш, таълим олишига, давлат бошқаруви ва жамият сиёсий ҳаётида қатнашишларига қаршилик кўрсатиш) қонун томонидан манъ этилади”. (Тўхтахўжаев М. Коммунизм шиорлари ва ислом қонунлари оралиғида. Т. 2002. б-106.)
Партия кўрсатмаларига мувофиқ, хотин-қизларнинг камситилиш тажрибаси асосан ислом билан боғлиқ ҳолда олиб борилади, аслида эса, шариат ва одоб-аҳлоқнинг айрим қоидалари аллақачон миллий менталитетнинг таркибий қисмига айланиб бўлган, бу анъаналар миллий хусусиятларга дахлдор эмас эди. Шўро Шарқида хотин-қизларни озод қилишнинг ижтимоий йўриғи қатор фаол ва оммавий тадбирлар сирасида амалга оширилди, дастлабки йилларда оммавий равишда паранжи ташлаш ва чиммат ёқиш амалга оширилди. ”Ҳужум”компанияси 1926-йилда бошланган бўлса, 1927-йил оммавий равишда паранжи ташлаш йили деб эълон қилинади. Бу ўта зиддиятли ва фожеаларга тўла курашлар ҳамда шахсий фожиаларга сабаб бўлган ушбу ҳаракатга хотин-қизларни озод қилишнинг умумпартия ва умум иттифоқ миқёсидаги кураши рамзи деб қараш ҳам мумкин. Ушбу компаниянинг ўзи кўп ҳолларда саҳнавий тарғибот-ташвиқот тусини олиб, вақти-вақти билан мазкур ҳаракат қатнашчиларига нисбатан адолатсизлик содир бўлар эди. (Сухопаров А. Советское мусульманство: между прошлым и будущим. Общественные науки и современность. Т., 1991. С.44.)
1919 йил июнида Туркистон МК компартияси қошида ишчи ва деҳқон хотин-қизлар бўлими тузилди, унинг шундай бўлимлари вилоят, шаҳар, уезд, район партия комитетларида ҳам ташкил қилинади. Уруш ва қийинчилик даврларига қарамасдан, юзлаб фаоллар хотин-қизлар орасида кенг миқёсдаги тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борадилар. Хотин-қизлар бўлимлари паранжи ташлаш, аёлларнинг турмушларидан ажралишларини қўллаб-қувватлайдилар. Ҳокимият хотин-қизларни “озод қилишнинг” режалари ва ҳисоботларида шошилиб, паранжи ташлашни айнан қурултойлари очилиши, конференциялар ўтказилиши шўро даври байрамлари кунларига тўғри келади. Бу соҳада вазифа бажарилганини чиройли тарзда эълон қилиш муҳим эди. Масалан, 1927 йил 8 мартда биргина Ўзбекистоннинг ўзида (Тожикистон автоном республикасини қўшган ҳолда) 90 мингта хотин-қизлар паранжиларини ташлайдилар.
Ўзбекистонда юз мингга яқин хотин-қизларнинг паранжи-чачвон ташлаши (1926 йил охиридан 1927 йил май ойигача) худди шу йўл билан амалга оширилади. Мана шу тадбир ўтказилгач, хотин-қизларга уларнинг эркин, бахтли ҳаёт йўлига чиқиб олганликлари уқтира бошланади. Анъана ва қадриятларга нисбатан бундай жўнгина ёндошув хотин-қизларнинг эрлари, қариндош-уруғлари ва урф-одатлар тарафдорлари томонидан ваҳшийларча ўлдирилишига олиб келади.
Совет иттифоқи олиб борган мазкур кампания мусулмон оилаларида умум қабул қилинган пойдеворни бузиб ташлади ва мусулмон эркаклар, оила бошлиқларининг ғурури ва нафсониятини ер билан битта қилиб, уларни таҳқирлайди. Табиийки, бундай ҳолат оммавий равишда тушунмовчилик ва ўзаро зиддиятлар бўронини келтириб чиқаради. Паранжи-чачвонини ташлаб, асрий урф-одатларга қарши чиқишга журъат этган хотин-қизлар зўрлик қурбонига айланди; юзлаб хотин-қизлар ўлдирилди, камситилди ва хўрланди. (Алимова Д.А. женский вопрос в Средней Азии. История изучения и современные проблемы. Т.: Фан, 1991. С.71.)
Кечагина “Ҳужум”ҳаракатини сиёсий кампания сифатида баҳолаб, мусулмон Шарқи аёлларининг озод бўлиши ва келажакда гуллаб-яшнаб, олға интилишлари йўлида асосий роль ўйнаганини таъкидлаб келган тарихчилар бугунга келиб мазкур ҳаракатни салбий томондан баҳолаб келмоқдалар. Масалан, собиқ СССРда хотин-қизлар масаласини ҳал қилиш бўйича кўплаб мақолалар муаллифи, тарихчи Д. Алимова “Ҳужум” ҳаракати ҳақида шундай ёзади:
“Ҳужум” ҳаракатини олиб боришда ҳаддан ошиб кетиш ҳоллари кузатилган, маънавий қадриятлар ҳисобга олинмаган. Бунга оддий инсонлар ҳам тайёр эмас эдилар. Бир пайтнинг ўзида Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги туманларда аёллар ўртасида атеистик ҳаракат ҳам бошланади. асрлар давомида маълум қонун-қоидаларга бўйинсуниб яшаган мусулмон ўзбек аёллари эндиликда эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлдилар, улар социалистик жамият қуриш йўлида олға қадам ташлаб, меҳнат қилишлари зарур. Дин эса, бу йўлдаги монеълик ва эскилик сарқитидан бошқа нарса эмас, шунинг учун ҳам ундан иложи борича тезроқ воз кечиш керак, деган ғоя илгари сурилади. Аммо хотин-қизлар орасида даҳрийларни етиштириб чиқиш унчалик осон кечмайди. Сабаби аёллар эркакларга қараганда анъанавийликка, яъни традиционализмга кўпроқ мойил бўладилар. Тан олиш керакки, 20-йилларнинг охири 40-йилларнинг бошига қадар хотин-қизлар орасидан илғор замонавий кадрлар етишиб чиқади ва улар ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида самарали меҳнат фаолиятини олиб борадилар. Аммо улар гарчанд шароит мажбур қилганида, ўзларини даҳрий деб тан олсалар-да, кундалик турмушга алоқадор ишларда анъанавий урф-одатлардан асло воз кечмайдилар. (Гордон-Полонская Л.Р. Зарубежный Восток: религиозные традиции и современность. М., 1983. С.83.)