Саналар
06.10.2024
Баннер
Баннер
Марказий Осиё ва Туркистон муаммолари борасидаги рус-инглиз дипломатияси
Муаллиф:    04.06.2024 01:43    PDF Босма E-mail

Русия Туркистонга кириб бораётган даврда, Русия билан Англия фақат Туркистондагина эмас, балки Марказий Осиё тупроқларида ҳар икки кучнинг энг камида бир сиёсий тўқнашуви содир бўлишини ва ўзаро рақобатини дунё сиёсатининг бир парчасига айланганини яхши билар эдилар. Англия Ҳиндистонда ҳокимиятини кучайтириш учун Афғонистон, Эрон каби қўшни давлатларни ўз нуфузи доирасида сақлашга интилар эди. Шу сабабдан русларнинг ҳар бир босқинчилик ҳаракатига ўзларининг Марказий Осиёдаги ҳокимияти нуқтаи назаридан қарарди. Русия ўз навбатида Европада олиб бораётган сиёсатида Англияни даҳшатли бир рақиб деб биларди. Мана шу ҳолатда Русия ўз ҳокимияти доирасини кенгайтириш учун ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий сабаблар туфайли рақобат майдонини кўчиришга интилди. Аниқ маълум бўлдики, рус раҳбарияти Ўрта Осиёга I Пётрдан бошлаб, Ҳиндистонга йўл очиш учун астойдил уринган. Бу сиёсий мақсадга эришишнинг энг қисқа йўлида Туркистон бор эди. Русия Оврўпода Англия қаршисида ўзининг нақадар заифлигини кўриб, Англияга орқадан зарба бериш йўли - Туркистонни қўлга киритиш эканлигини англаб етди.
Бу икки куч Ўрта Осиёда хўжайин бўлишга қанчалик уринмасин, улар орасида, ҳар ҳолда, қуролли тўқнашув бўлмади. Бунинг ўрнига, дипломатия соҳасида «даҳанаки уруш» бутун шиддати билан давом этди. Бу орада Русия Туркистондаги босқинларини кўрсатишга уринди. Англия эса Русиянинг Ўрта Осиёдаги нуфузини секинлатишга ёки унга монелик қилишга интилди. Англия билан Русия орасида 1869 йил 27 мартдан 1873 17 февралгача давом этган «даҳанаки жанг» бу икки давлатнинг Ўрта Осиё масалалари тилга олинган 109 дона нота алмашишидан ташкил топган(Мазмуни ва мундарижасида.).
Рус истилосига қаршилик қилиш учун инглиз дипло-матларининг Бухоро ва Хива хонликлари билан алоқа ўрнатишга бўлган уринишлари тўлиқ муваффақиятсизликка учради. Бунга хонликлар салтанати доирасидагиларнинг сиёсий ожизлиги ёки инглиз дипломатиясининг бу юртга русларнинг кириб келишига қарши халқ ҳаракати қатнашчиларига уларнинг максадларини очиқ-ойдин кўрсатиб берадиган даражада ҳаракат қила олмагани сабаб бўлди. Шу ўринда инглиз хукуматларининг Ўрта Осиё сиёсатига қарши турган «Рус дўсти сиёсатчиларининг ролини ҳам ҳисобга олишни унутмаслик керак.
Туркистон хонликлари Русиянинг тўғридан-тўғри тажовузига учраган заҳоти, оғир аҳволда қолган маҳаллий ҳокимият катталари Англия ва Усмонли турк давлатларидан ёрдам олишга шошилдилар. 1866 йил 11 ноябрида Бухоро элчиси Хўжа Маҳмуд Порсо Британииянинг Ҳинд хукуматидан ёрдам олиш мақсадида Пешаворга борди. Ёнида Англия қироличаси ҳамда Усмонлилар султонига аталган амир Музаффарнинг мактуби бор эди. Сер Лаурене Порсони 1876 йил 6 январда Калкуттада қабул қилди, лекин ёрдам беришни рад этди. Порсо Истанбул орқали Лондонга борди, аммо бўш қўл билан орқага қайтди. 1871 йили Қўқон хонлиги Ҳиндистонга Хўжа Аббосни жўнатди. Қирол ноиби лорд Майо 1871 йил 22 декабрда элчини қабул қилиб, Қўқонни на моддий ва на қурол билан қўлламаслигини очиқча баён қилди. Туркистон хонликлари Оврўпо тушунчасидаги дипломатик йўлларни билмас эди. Ҳеч бир давлатда бирорта доимий дипломатик вакиллари йўқ эди. Бу янгича муносабатларни ҳали қабул қилмаганликларининг белгиси эди.
Русия Туркистонни секин-аста эгаллаб олаётгани ва инглизларнинг нуфузи ҳудудига яқинлашиши асносида Русия билан Англия ўртасида Ўрта Осиё истиқболи ҳақида музокаралар хамон давом этарди. 1869 йилнинг бошларида инглиз Ташқи ишлар нозири лорд Кларендон Русиянинг Лондондаги бош элчиси барон Бруновга Осиёда икки куч орасида бир қўғирчоқ ўлка ташкил қилишни таклиф қилди. Инглизлар Амударё атрофини қўғирчоқ ўлка сифатида белгилашни тавсия этишди. Ҳолбуки, бу вақтда руслар ҳали Амударёга етиб бормагандилар. 1869 йил 7 мартда Русия ташқи ишлар нозири Горчаков Афғонистонни ҳар икки давлат нуфузини чегараловчи ўлка сифатида белгилашни таклиф қилди. 1869 йил сентабрида ҳар икки давлатнинг Ташқи ишлар нозирлари Хайделбергда учрашиб, бошқа масалалар қаторида «қўғирчоқ ўлка» мавзусида ҳам суҳбатлашдилар, аммо бир тўхтамга келишнинг иложи бўлмади(Vambery, Cantralfsian, 27 - 28 б: баъзи инглиз сиёсатчилари тахминан шундай ўйлашарди: «Англиянинг руспараст сиёсатчилари бу масала (Туркистон масаласи - муаллиф] ҳақида фикр кетганда, низомли бир давлат билан қўшни бўлиш анархия ичида яшовчи, ваҳший ва талончилик билан яшовчи кўчманчилар билан қўшничиликдан кўра, анча фароғатдир, деган жавобни берардилар». Маданият ва насронийлик манфаатидан келиб чиқиб, Англия ва Русия Осиёда хдмкорлик қилиши хдқидаги фикр Русияда ҳам бор эди. Қаранг: Bur’naby, й., 11-6. Эътиборли жихдти хдм қуйидаги фикрда эди: «Русиянинг Осиёдаги муваффақиятларига ачинмаймиз». Қаранг: Antagonismus, 89-6.). Бу хусусдаги музокаралар 1874 йилга қадар давом этди. Аста-секин инглизлар Афғонистонни қўғирчоқ бир ўлка сифатида қабул қилишга яқинлашиб, «Амударё чегараси» фикридан воз кечиб, русларнинг таклифини ўзлаштирдилар. 1873 йил 24 январида инглизлар Бадахшон ва Вахан Афғонистонга тааллуқли бўлиши кераклигини баён қилган эдилар. Русия бунга рози бўлган эди. Бу битимда Афғонистон ва Бухоро тақдири хдл қилинди. Англиянинг нуфузи Афғонистонда, Русияники эса Бухорода чегараланар эди. 1873 йили ҳар икки давлатнинг Ўрта Осиёдаги нуфузи бир ахднома билан мустаҳкамланди. Бу ахднома Туркистоннинг қўшилиши тушунчасини англатар эди(Юлдашбаева 65-бетда бошқа миллатлар устидан ҳукм чиқариш учун тузилган бу шартнома ҳақида шундай ёзади: «Шуни қайд қилиш лозимки, 1873 йилги шартномада инглиз империализми билан чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати очиқ-ойдин кўриниб туради. Ўз империалистик манфаатлари юзасидан миллионлаб жанубий Туркистонликлар номидан уларнинг иштироки ва розилигисиз расмий ҳарбий қувватга асосланмаган қарорлар қабул килдилар». Бу хусусда яна шуни таъкидлаш лозимки, инглиз империализми Афғонистонни Англиянинг бир колонияси ҳолига келтирган бўлса, рус империализми Туркистонни тўғридан-тўғри ўзига қўшиб олди, яъни ютиб юборди.). Кейинроқ Англия руслар Марвга юра бошлагач, 1889 йил 24 февралида бу ҳаракатни Англияга берган ваъдаларига қарши қаратилган ҳодиса, деб норозилик билдирди. Аммо рус хукумати 1873 йил битимига биноан Туркманистон масалаларида тўлиқ Ҳаракат эркинлигига эга эканлигини баён қилди(Юлдашбаева, 126-6.). Инглиз дипломатияси ўз фикрини ўзгартиришга мажбур бўлиб, Афғонистон чегараларини мустаҳкамлаш билан машғул бўлди. Янги музокаралар бошланди. 1885 йил 10 сентабрда Афғонистон - рус чегара чизиғи ҳақида Лондонда баённома (бу хужжатни битим деса ҳам, Mas бўлади) имзоланди. Маҳаллий миллатларнинг вакиллари таклиф ҳам этилмаган бу йиғинда икки хукумат яна ўзаро савдога ўтдилар. Аммо бу битим ҳам икки томонни қаноатлантира олмади. Шу боисдан 1895 йил 25 августда уч императорлик - Русия, Хитой ва Англия орасида «Помир битими» тузилди. Покистон ва Ҳиндистоннинг 1947 йили мустақилликка эришиши Англияни бу битимдан ўз-ўзидан чиқиб кетишига сабаб бўлди.
Инглиз ва рус дипломатлари умуман Марказий Осиёда, хусусан, Туркистонда XIX юзйилликнинг ўрталаридан буён ҳар бири ўз манфаатини кўзлаб бир-бирига қарама-қарши йўл тутдилар. Баъзан бу зиддиятларуларни уруш ёқасига олиб келиб қўйса ҳам, бу кўпинча битим тузиш билан якунланди. Ҳар икки давлат бир-биридан шубҳа қиларди. Ҳар иккаласи ҳам рақибининг Ўрта Осиё ҳақидаги фикрини билишга ва ҳаракатларини диққат билан кузатишга ҳаракат қилди. Руслар Англиянинг Ўрта Осиё ва бевосита Туркистон сиёсатига оид беҳисоб асарлар яратдилар(Туркистон масалалари бўйича рус-инглиз муносабатлари билан боғлиқ рус нашри анча кенгдир. Шулардан бир қисмини қайд қилиб ўтаман: М.Грулев, Соперничество России и Англии в Средней Азии., СПб., 1909; Б.И.Искандеров, Англо-русское соглашение 1895 года о Памире, «Трудь! таджикского гос. университета» Т., XXVII, внпуск I., Душанбе, I960.; Ф.Ф. Мартене, Россия и Англия в Средней Азии, СПб., 1880., А.П. Субботин, Россия и Англия на Среднеазиатский рмнках, СПб., 1885; М.А. Терентьев, Россия и Англия в Средней Азии, СПб., 1875.). Инглизлар ҳам бу борада бўш келмадилар(Марказий Осиё ва шу билан бирга Туркистон муаммоси билан боғлиқ бўлган инглиз нашри учун қаранг, Anwar khan, 309 - 336 бет-лар.).
Русия XVIII аср бошидан бери Ўрта Осиё масаласида Англияни бетараф ҳолга келтириш фурсатини кутди ниҳоят, мақсадига етди(Лакоста, Россия и Великобритания в Центральной Азии, Ташкент, 1908, 4-6. Туркистон борасида Англияни бетараф қолдириш билан боғлиқ рус сиёсати ҳақида Вамбери 1873 йилда шуни қайд қилади: «Даҳшатли ҳамладан аввал қулай фурсат келгунча, ўзининг вазмин, ўта мулозаматли ва тайинсиз табиати билан тўғри мақсад сари ҳаракат қилди. Мақсадлари то мурод ҳосил бўлгунча, икки юзламалик, дўстона кулимсираш, ширин ва хушомад сўзлари билан рақибнинг шубҳа ва эътирозларини бартараф қилиш эди».). Англиянинг Ўрта Осиё бўйича юргизган сиёсатининг асосий мақсади Афғонистонни бир қўғирчоқхукумат сифатида ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган эди. Ҳар икки давлатнинг сиёсати шундай бир ҳолатни вужудга келтирдики, «Туркистон ўлкаси Шарқнинг буюк давлатларидан бўлган Русия ёки Англия томонидан босиб олиниш учун танланди. Англия суст ҳаракатда бўлса, Русия фаол ҳаракат кўрсатди(Anwar khan, 307-6. Марказий Осиё муаммолари мавзусида инглиз ва рус дипломатиясини то 1878 йилга қадар ўз кўз ўнгидан ўтказган Анвархоннинг китобига энг ишончли манба сифатида қараш мумкин. Муаллиф Русия билан Англия орасидаги дипломатик муносабатларни 1875 йилга қадар ишлаб чиққанида жуда ҳам фойдали бўлур эди. Чунки 1878 - 1895 йиллар хамон анча қоронғи.). Русларнинг ниҳоятда фаоллиги ҳам, инглизларнинг лоқайдлиги ҳам оқибатда, Туркистон манфаатига зид бўлди. Уларнинг ўз нуфузини ошириш сиёсати, асосан, заиф бўлган Туркистон давлатлари тақдирини ҳал қилди. Туркистон давлатлари бирин-кетин рус қудрати олдида тиз чўкишга мажбур бўлди. Бу хусусда, айниқса, мустақил Туркистон давлатлари орасида бирликнинг йўқлиги Русия ва Англия хатти-ҳаракатлари чек-чегарасиз бўлишига имкон яратди. Бу «ўйин»да Англия ё ўз ихтиёри билан, ёки мажбур булиб чекинди, Русия эса ўз қора нияти йўлида давом этиб, оқибатда Туркистон рус-инглиз сиёсатининг қурбони бўлди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер