Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шўролар идораси даврида Туркистоннинг миллий кураши
Муаллиф:    05.04.2024 18:36    PDF Босма E-mail

Миллий қўзғолоннинг майдонга келиши ва моҳияти (Босмачилик ҳаракати)

Миллий қўзғолоннинг майдонга келиши ва моҳияти (Босмачилик ҳаракати
Шўролар «Босмачилик ҳаракати» деб номланган миллий қўзғолон ҳақида жуда кўп ёзган. Шўро иттифоқидан ташқарида ҳам Туркистон халқининг ўша даврдаги аччиқ қисмати ҳақида кўплаб илмий ишлар яратилган. Шўро Русияси Қўқондаги Туркистон Миллий хукуматини ағдариб, Қўқон аҳолисини даҳшатли қатли ом қилгандан сўнг тирик қолган шаҳар мудофаачилари Эргаш қўрбоши бошчилигида Қўқондан қочиб кетишди. Улар курашни янгидан бошлашди. Эргаш қўрбоши Қўқон миршабининг бошлиғи бўлганди. Шунинг учун ҳам у «қўрбоши» унвонига эга бўлди. Эргаш 1916 йил бери қиличини қинига солмаган эди. У ўз тарафдорлари билан бирга русларнинг молларини талон-торож қилиш билан машғул бўлган. На оқ подшо тузуми ва на Русия муваққат ҳукумати Эргашни тута олмади. Қўқонда Туркистон мухтор жумхурияти эълон қилингач, Bpram ўз ихтиёри билан хукуматга бўйсунди. Ўз ҳамюртларига эмас, уларга зулм қилганларга қарши курашганлиги учун Қўқон хукумати ҳеч иккиланмай, уни ўз хизматига олди(Асфандиёров, История, 224-6: «Буюкдавлатшовинистлари 1916 йил қўзғолонини «босмачилик ҳаракати» сифатида баҳолаб, уни кучсизлантиришга уриндилар». Pipes, The Formation.1954, 178-6.: «1918 йилнинг бошларида Қўқон ҳукумати маҳаллий босмачиларнинг энг кучлиси бўлган Эргаш билан битим тузди. У қўшиннинг қўмондони этиб тайинланди»... (қўшин) сўзи милиция бирликларини англатади, чунки Қўқон ҳукуматини шу пайтгача қуролли кучлари йўқ эди.). Эргаш шўроларга қарши курашнинг энг бошланишида фаолият кўрсатгани учун шўро руслари унга «босмачи» ва унинг атрофидаги қўзғолончиларга алоқадорликни «босмачилик» деб номладилар. Руслар ҳатто 1916 йилги Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини ҳам «босмачилик ҳаракати» деб атагандилар(Ellis, The Transcaspian, 165-6. «Босмачи» сўзи болшевиклар томонидан Русия ва большевизм ҳокимиятига қарши мусулмонлар қўзғолонини аҳамиятсиз қилиб кўрсатиш учун тўқилган сўздир».) (шу ўринда, Афғонистондаги қаршилик ҳаракати ҳам дастлаб «босмачи» ва «босмачилик» атамалари билан номланиб, кейинроқ «душман» ва «мужоҳид» атамалари билан алмаштирилганига қиёсланг - таржимон). Туркистондаги миллий озодлик урушларини фарқлаш учун рус ташвиқотига мос равишда, тарих фанида «Босмачи ҳаракати» таъбири ўрнашиб, шу атама билан дунё тарихига кирди.
Босмачилик хдракатининг майдонга келишини салоҳиятли рус раҳбарларидан Г.Сафаров шундай изоҳлайди: «Босмачилик ҳаракати бир томондан Қўқон мухториятининг йўқ қилиниши ва асосан, мустамлакачилик келтирган тартибсизлик натижаси бўлиб, ўз миллий тақдирини ўзи ҳал қилиши учун курашган ерларга ёйилди. Иккинчи томондан, пахта зироатини издан чиқарган ва очарчиликка юзма-юз қилган иқтисодий таназзул сабаб бўлди»(Сафаровнинг бу фикри, Пуревич. 0 положении на историческом фронте Средней Азии, «Революция и культура в Средней Азии». 1. - Ташкент: 1934, 10-бетида билдирилган. «Қўқон мухтор ҳукуматининг оқовасидан босмачилик ҳаракати туғилди ва 1927 йилгача советларга қарши Ўрта Осиёнинг кўп жойларида, турли шаклларда курашди». Босмачилик ҳаракати 1934 йилгача давом этди.). Қўқондаги қаршиликҳаракати 1918 йил ёзигача бутун Фарғона водийсига кенг тарқалди. 1916 йилги қўзғолон қонга белангани ва кўп моддий зарар келтиргани ҳолда ўша жабр кўрган миллат яна бир марта ҳуррият учун қўлига қурол олиш жасоратини қаердан топганлигини аниқлаш ҳамон мушкулдир. Бунинг манбаи миллий ўзига хосликдан изланиши керак. Айниқса, Фарғона водийси халқида босқинчи бегона кучлар олдида қўрқувга тушиш туйғуси йўқ эди. Улар доим жасур ва метиндай мустаҳкам озодлик туйғуси соҳибларидир. Мухторият эълон қилиниши билан улар озодликка чиққанлигига имон келтирган эдилар. Мухтор хукумат йўқ қилинганда халқ саросимага тушди, миллий ғурури янчилди. Демак, Туркистонда бу даврга келиб, русларга қарши умумий бўйсунмаслик истаги хукмрон бўла бошлади(А. Коканбоев, Борьба с басмачеством и упрочение Советской власти в Фергане. - Ташкент: 1958 (Шомагдиев бу ишни давом эттирди: Очерки истории... 12-6.). Босмачилик ҳаракатининг май-донга келишини ерлик халқларнинг Русларга ишончи йўқлиги ва норозиликни вужудга келтирган Русиянинг Туркистондаги «бўлиб ташлаш» сиёсатининг натижаси сифатида мулоҳаза юритди.). Руслар амалда хуррият ўрнига қуруқ сўз ва шиорлар келтиргач, Фарғона халқининг озодлик учун қўлига янгидан қурол олишдан бошқа бирор чораси қолмаган эди.
Шўро тарихий манбалари аксилинқилобчи Қўқон мухторияти ҳукумати босмачилик ҳаракатининг тамал тошини қўйганлиги ва бу ҳаракатга сиёсий тус берганлигини тасдиқламоқда(Большая Советская энциклопедия, 1950, С. IV., 286-6.: «Бир талончилар гуруҳини дастлаб, ҳарбий куч сифатида шўроларга қарши йўналтирган аксилинқилобий Қўқон мухторияти (9 декабрь 1917, No20 февраль 1918) босмачилик ҳаракатининг асосини курди. Улар босмачилик ҳаракатига аксилинқилобий тус берди ва тескаричи панисломистик ва пантуркистик йўналишда намоён бўлди».). Аммо шу нарса ҳаммага маълумки, босмачилик ҳаракати мухтор хукумат ағдариландан сўнг уюшган бир шаклда алоҳида шахсларнинг ғайрат-шижоати билан майдонга келгандир. Миллий мухтор хукуматнинг ағдарилиши кураш бошланишига туртки бўлганлиги эса ҳақ ran. Дастлаб ҳаракатнинг маркази Қўқон шаҳри тевараги эканлиги ҳам тўғри(Эргаш қўрбоши Бачқир қишлоғига чекинди (Қўқондан 20 км узоқликда) ва шу ердан қаршиликни давом эттирди. Эшмат қўрбоши Бувайдада (Қўқондан 13-15 км), Умарчўли қўрбоши Урганчда (Қўқон ёнидаги қишлоқ) жойлашган эди. Ойбали қўрбоши эса Найманчада эди. Қиёсланг: Шомагдиев. Очерки истории, 60-6.). Қўзғолон бу ердан бошқа ерларга ёйилди. 1918 йил март ойининг охирларига бориб, Фарғона водийсида 40дан ортиқ қўрбошилар ҳаракатда эди. 1918 йил ўрталарида эса қўзғолон бутун Фарғона водийсини тўлиқ қамради.
Босмачилик ҳаракатининг кейинги тармоқланишини баён қилишдан аввал бу ҳаракатнинг ўзига хос хусусиятини ва ғоясини аниқлаб олиш зарур. Қўзғолоннинг ғояси - Туркистоннинг мустақиллиги. Бу хусусда шўро манбаларидан қуйидаги маълумотларни олиш мумкин: «Туркистон - туркистонликларники. Туркистонни руслардан озод қилиш керак. Мустабидлардан тозаланган муборак Туркистон»(Василевский. Фазм басмаческого движения. НВ, 1930, 29-сон, 133-6; Гинзбург. Басмачество. MB, 1926,10-11,182-бет.). Сталин шундай деган эди: «Босмачилик ҳаракати 1918 - 1924 йилларда Ўрта Осиё жумхуриятларини шўро Русиясидан ажратмоқ ва эзувчи синф ҳокимиятини янгидан қуриш ғояси билан муллалар(Босмачилик ҳаракатини озми-кўпми бойлар қўллаб-қувватлаган. Ислом дини вакилларининг кўпчилиги бундай курашга қарши эди. Чунки озодлик урушини (жиҳодни) фақат бир давлат бошлиғи томонидан бошқарилиши лозим деб билардилар. Акс ҳолда урушда ҳалок бўлганлар шаҳид ҳисобланмасди.) томонидан яратилган очиқ сиёсий бир босмачилик ҳаракати сифатида майдонга чиқди»(И. В. Сталин. Танланган асарлар (русча), С. V. 148-6.). Фрунзенинг гапига кўра: «Йўқолсин, шўро ҳокимияти!» ва «Мустақил бир мусулмон давлати тузилсин»(Фрунзе. Собрание сочинений, С. I., 128-6.) каби иборалар ҳаракатнинг лўнда ғояси эди. Босмачилик ҳаракати ҳақиқатан босмачилик қўзғолоними ёки бошқача ҳаракатми деган саволга Фрунзе 1920 йил 23 майида Фарғона жабҳаси қўшинига берган буйруғида шахсан жавоб берган эди: «Ўртоқлар! Туркистон инжуси бўлган Фарғона икки йилдан ортиқроқ вақтдан бери қонли бир уруш майдони ҳолидадир... Бу ердаги шўро ҳокимияти илк тузилиш даврида оврўполик (рус демоқчи - муаллиф) ва ерлик ишчи, деҳқон оммаларини ўзига тортиш ўрнига, меҳнаткаш халқни ўзидан узоқлаштириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилди. Ишлаб чиқаришни миллийлаштиришда фақат буржуазиянинг мулки эмас, балки ўртаҳол деҳқонларники ҳам тортиб олинди...
Бу ерда ҳаракат қилган қизил аскар бирликлари, инқилобни ҳимоя қилган баъзи раҳбарлар меҳнаткаш халқни истибдод воситаси сифатида тушунди. Босмачилик ҳаракати деган бу ҳаракат шу асосда вужудга келди. «Босмачилар оддий таловчилар эмас. Шундай бўлса, уларни тез йўқ қилиш мумкин бўларди»(Фрунзе, Избраннью произведения, 313-6.). Бир шўро манбасида шуни ўқиш мумкин: «Босмачилик ҳаракатининг мантиқи ўлароқ юритилган сиёсий аксил-шўровий моҳияти бор эди. Бу ҳаракат уч жумхуриятда (Туркистон, Бухоро ва Хоразм) деҳқонларнинг оммавий ҳаракатига айланди»(Большая Советская энциклопедия, 1927, С., V., 35-6. Бундан ташқари босмачилик ҳаракатига қарши шахсан фаол кураш олиб борган Скаловнинг эътирофи қуйида зикр этилади: «Босмачилик ҳаракати Туркистон халқининг босқинчилар ҳокимиятига қарши миллий қўзғолони сифатида юзага келди», УТ., 1933, 39-сон, 5-бетда қайд қилинган. Шўро давлатининг салоҳиятли мансабдорларидан туркистонлик Қайғисиз Отабой 1922 йил 14 июлда Тошкентда: «Босмачилик хдракати халқ қўзғолонидир», - деган эди. Қиёсланг: Уразаев, Ленин строительство, 405-6.). Босмачилик ҳаракати ҳақида шўро манбаларининг баёнлари ғоят даражада батаф-силдир. Шунинг учун ортиқча тахдил қилишдан ўзимизни тиямиз.

Др.Боймирза Ҳайитнинг "Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер