Туркистонда миллий-озодлик учун кураш икки босқичга бўлинади. Дастлабки босқич 1717 йилдан, яъни Хива хонлигининг рус ҳарбий қўлголар тўсқинлик қилиши билан бошланди. Мустақиллик кенг ҳимоя қилинишининг бу босқичи, Туркистонни узил-кесил босиб олинишига қадар (III ва IV бобларда баён қилганимиз каби) Туркистон давлатлари қўшинлари томонидан ва дипломатия воситасида амалга оширилди.
Иккинчи босқич қайтадан озодликка эришиш учун кураш-Русия қўл остига ўтган ўлкаларда босқинчилар ҳокимиятини ағдариб ташлаш учун ҳаракатдан бошланади. Бу йўналиш миллий сиймоларнинг майдонга чиқиши ва халқнинг фаол иштироки билан шаклланди ва «қўзғолонлар даври» сифатида қабул қилинади. Бу саъй-ҳаракатларнинг сабаби халқнинг рус ҳокимияти идора усулларини татбиқ этилишига ва умуман ёт мустамлакачиларга душманларча муносабат эди(Vambery, Centralasien, 2-6.: «Қирғизлар босқинчиларга қарши ғазабга келди, Қўқоннинг шимолий чегараларидаги ўзбеклар эса, ўруслар босқинини дунё охири бўлди, деб баҳолашар эди».). Туркистон азалдан ҳар қандай ёт кишиларнинг ҳокимиятига тоқат қила олмас ва ўзининг хур, эркин ҳаётини йўлга қўйишни истарди. Шунинг учун қўзғолонга баҳона изланарди. Дастлабки қуролли қўзғолонлардан бири Сирим ботир раҳбарлигида 1783 -1797 йилларда Кичик Юзда бўлди. Байбақти уруғидан бўлган Сиримга Ўрозбек ва Тиланчи каби уруғ оқсоқоллари, ҳатто Кичик Юз хони Нуралининг биродари Айчуваклар ҳам қўшилди. Қўзғолончилар рус идора усулларига керагидан ҳам ортиқча амал қиладиган Нуралихонга қарши кўтарилган эди. Рус ҳарбий қисмлари хон тарафини олдилар. Натижада, руслар билан қозоқ турклари орасидаги тўқнашувни четлаб ўтиш мумкин бўлмаган ҳолат вужудга келди. 1783 йил охирларида Сирим билан Чаганов бошчилигидаги казаклар ўртасида жанг бўлди. Чаганов асир олинди. Оқибатда қўзғолон янада кучайди. Қўзғолончилар Сағиз-уйил ва Темир дарёси атрофларини ишғол қилишди. Рус хукумати қўзғолонни қўшин воситасида бостира олмасди. Шунинг учун Оренбург волиси барон Игелстром қўзғолончилар талабини бажаришда воситачилик қилди. У 1785 йили Нуралини Оренбургга чақирди ва у ердан Уфага жўнатди. Игелстром «халқ курултойи» уюштиришга ҳаракат қилди. Сирим ҳам бу тадбирларга рози бўлди. 1785 йилда кичик юз қозоқларининг йиғинини Оренбургда ташкил қилдилар. Бу йиғинда янги хон сайланмади, балки Сирим бошчилигида «Ҳукумат шўроси» ҳосил қилинди. Руслар Кичик Юзнинг ички ишларига аралашмасликка ваъда бердилар. 1791 йили Оренбург волиси А.А.Неутлинг Нуралихоннинг биродари Эралини Кичик Юз хони қилиб тайинлади. Натижада русларга қарши қўзғолон янгидан бошланди. 1792 йили Сирим Неутлингга миллат учун рус босмачиларга қарши уруш эълон қилганини билдириб, хат йўллади(Вяткин, Очерки истории, 202-6.). Қўзғолончилар 1797 йилга қадар рус қўшинлари билан курашиб келди. Русларнинг қўли баланд келмади. Аммо табиий офат қозоқларни қийнаб қўйди. 1796 - 1797 йил қишида катта офат - кўп қорамол ва туяларнинг қирилиб кетишига олиб келган ют юз берди. Бу кўчманчи халқнинг иқтисодий аҳволини ниҳоятда оғирлаштириб юборди. 26 март 1797 йили Кичик Юз хони Эрали ҳам ўлдирилди. Рус хукумати энди янги хон сайламаслик ва унинг ўрнига «тахт шуъбаси» ташкил қилишга қарор қилди. Султонлар Айчувоқ бошчилигидаги «тахт шўроси» сайладилар. Шуронинг олти аъзосидан ташқари рус маҳкамасининг вакили сифати-да муфти Муҳаммад Хусайн (татар)гаҳам вазифа юкланди. 1797 йил августида шўронинг илк мажлиси бўлди. Бу мажлисда 1000 га яқин қуролли одамлар эшлигида Сирим ҳам қатнашди ва халқнинг иқтисодий аҳволи оғирлашганлиги туфайли жангларни давом эттирилмаслигини ҳамда «тахт шўросини» эътироф килишини билдирди(История Казахской ССР, 1, 294-6.). Сирим ботир 1802 йилгача Даштда курашни давом эттирди. Уни на рус жазо отрядлари ва на хон қўлга тушира олмади. Унинг бундан кейинги тақдири номаълумдир(Асфендияров, История... 132-бетга биноан Сирим Султон Қоратойнинг буйруғи билан ўлдирилди. Вяткинга кўра (210-6) Сирим 1892 йили шаҳид ўлган ёки қочган бўлиши керак. Қўзғолоннинг тарқалиши ҳақида, Қазақ ССР тарихи, I, 1957, 303-313 бетда хабар берилади-ю, аммо Сиримнинг тақдири очиқ қолдирилган. Сирим ботир раҳбарлигидаги қўзғолон тафсилоти ҳақида қаранг. Рязанов, Сорок лет борьби за национальную независимость казахского народа, ТОИК, С. VIII, No4,1927 й., 5-83-6. Асфендияров, История... 127-133-6.). 1797 йилдан 1814 йилгача бўлган даврда султон Қоратой Кичик Юзда хонликни тиклаб, рус асоратидан қутулишга астойдил киришди. Фақат бирон-бир натижага эриша олмади. 1816 йил апрелида шекти, жаппас, арғин ва алчин уруғлари Султон Аринғазини Кичик Юз хони қилиб сайладилар. Аринғази фуқарони шариат асослари бўйича идора қилишга киришди. Бухоро амирлиги билан алоқа ўрнатди. Аринғазининг бу ўз бошимчалиги ўрусларнинг кайфиятини бузди. Оқ подшо уни хон қилиб тайинламоқчи деган баҳона билан у Петербургга чақиртирилиб, Калугага сургун қилинди. Аринғази шу ерда 1833 йили ўлди. 1811 йили руслар Илек дарёси бўйига бир қалъа қуриш учун бу ердаги қозоқлар ерларини мусодара қилишди. Бу тадбир ҳамда Аринғазининг сургун қилиниши Кичик Юз қозоқ-турклари орасида норозилик кайфиятини туғдирди. Оқибатда табин уруғи бошчиси Жоламан Тиленчи раҳбарлигида янги қуролли қўзғолон юзага келди. Рус ҳукумати қўзғолонни бостиришни полковник Берг қўмондонлигидаги ҳарбий қисмга топширди. Берг бирор муваффақиятга эришолмагач, рус ҳукумати Циалковский бошчилигида яна бир ҳарбий қисм юборди. Дашт шароитидаги жанглар бирор натижа беришига кўзи етмаган руслар, асирларни озод қилиш масаласини ечиш учун армани савдогар А.Шахмировни Тиленчига юбордилар. Тиленчи элчига: «Мен қароқчи эмасман. Русия билан уруш ҳолатидаман. Босиб олинган ерлар қайтиб олинмагунча, рус қалъаларига хужумлар давом этаверади», - деди. 1824 йил февраль-март ойларида Урал казак юзликлари атаман Назаров қўмондонлигида қўзғолончиларга қарши қаттиқ хужумга ўтдилар. Бу хужумларга бардош бера олмаган Тиленчининг таслим бўлишдан ўзга чораси қолмади(Вяткин. Очерки истории, 225 - 226 б.). Кичик Юз ва Бўкей ўрдасида 1836 йилга қадар бирмунча осойишталик хукм сурди. Ундан кейин берш уруғи раҳбари Исатой Тайман (1791 - 1838] бошчилигидаги қўзғолон бошланди. Қўзғолонга Бўкей ўрдаси хони Жаҳонгирнинг (1824 - 1825 йилларда хукмронлик қилган] қилиқлари сабаб бўлди. У ўз ўрдаси халқи ичида эмас, русларнинг Астрахан вилоятида яшарди. Жаҳонгир жамоа ерларини ўзиники қилиб олиб, 6 млн десятина ердан 4 млн десятинасини ўз кишиларига улашди. Ундан қолган ерларгина умумнинг ихтиёрига берилди. Князь Юсупов ва граф Безбородскийларга Ҳазар денгизи қирғоқларидаги ерларнинг бир қисми-ни сотди, бир қисмини ҳадя қилди. Улар эса бу ердаги ўтлоқлардан фойдаланган кўчманчиларнинг ҳар бир ўтови бошидан 10 сўм, бир бош ҳайвон учун 10 тийин, ҳайвон еми учун 10 сўм солиқ талаб қилишди. Бу ҳам етмагандай рус ҳарбий қисмлари Урал дарёси атрофида қалъалар қуриш учун ўтлоқларни мусодара қилдилар. Жаҳонгирхон Кичик Юз султонлари вакилларини назорат қилиш вазифасини ҳам бажарар эди. Исатой «халқнинг турмуш кечириши қийинлашиб кетганини билдириб», хонга арз қилди(Ҳалил Достмуҳамбетулу. Исатай Муҳамбет, 1-қисм. - Тошкент: 1965, 20-6.). Бу ва бу каби шикоятларга хон парво қилмади. Исатой 600 киши имзолаган бир илтимосномани Оренбург волиси Петровскийга жўнатди. Жаҳонгир ўтлоқлар мусодарасига доир Исатой қилган шикоятларни рад этди. Шундан кейин Исатой 2000 қуролли одамлари билан Жаҳонгирга қарши юрди. Бундай баҳона кутиб юрган Оренбург волиси Исатой билан хон орасида музокаралар бўлиши эҳтимолининг ҳам олдини олди. Исатой қўзғолонини бостириш полковник Гекеснинг ҳарбий қисмига топширилди. Рус қисмлари ва Исатой одамлари орасидаги жанг 1837 йил 15 ноябрда Тостуба воҳасида бўлди. Исатой ҳамда унинг ғоявий устози шоир Муҳамбет Ўтемиш (1803 - 1846)нинг тарафдорлари русларга ва Бўкей ўрдаси хони Жаҳонгирга қарши шиддатли жанг қилдилар. Исатой «хон русларга сотилди» деган гaп тарқатди. 1838 йил 12 июлда қўзғолончилар ҳамда руслар орасида Оқбулоқ дарёси бўйида сўнгги ва шиддатли жанг бўлди. Полковник Гекес жуда кўп қурбонларга сабаб бўлган тўпларни ишга туширди. Жангда Исатой шаҳид бўлди. Шу муносабат билан полковник Гекес Оренбург волисига: «Исатой қаҳрамонликнинг қурбони бўлди. Уни тирик қўлга туширолмаганимга ачинаман. Қочиб кетишини ўйлаб, уни тириклай қўлга тушириш ҳақида буйруқ бермадим»(Асфендияров. История, 138 - 139 б.), дейди. Исатойнинг курашини дўсти Муҳамбет Ўтемиш давом эттирди. Аммо у қурол билан эмас, балки шеърлари ва дўмбира жўрлигидаги туркулари билан маънавий курашни давом эттирди. Доимо таъқиб остида яшаган Муҳамбет номаълум сабабларга кўра ҳаётдан кўз юмди. Исатой ва Муҳамбет Даштдаги қадимги афсонавий шахсларни жонли равишда тикладилар ва оқинлар шеърларининг асосий қаҳрамонлари бўлиб қолдилар(Достмуҳамбетулу («Исатай», 67 - 161 б.) Мухамбет ва бошқа шоирларнинг ҳар икки мужоҳид сиймолар ҳақидаги шеърларини нашр этди. Исатай бошчилигидаги қўзғолон ҳақида қуйидаги асарларга қаранг: Вяткин. Очерки истории, 257 - 262 б.: Асфендияров. История, 135 - 139 б. «История Казахской ССР» 1 ж., 336-бетда Мухамбет Султон Ойчувоқ буйруғи билан ўлдирилганлиги ёзилган. Исатай исёни ҳақида атрофлича маълумотни Рязановнинг «Восстание Исатай Тайманова (1836 - 1838)» асаридан олиш мумкин. Исатай қаттиқ ярадор бўлишига қарамай, жимгина таслим бўлишни хоҳламайди ва беш рус казаги билан қиличбозлик қилади. Ўшанда Иван Богатиров деган казак уни бошини танасидан жудо қилади. Қаранг: Рязанов, Восстание, 95-96-98-6: «Оддий бир халқ фарзанди бўлган Исатой ботир бу халқ учун бутун хдётини курашда ўтказди». Шўро тарихчилари Исатай исёнини деҳқонлар қўзғолони деб баҳоламоқда. Қаранг: Қозоғистон ССР тарихи, 1, 349 - 357 б.).
Др.Боймирза Ҳайитнинг "Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан
|