Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Накба - 1948 йилдаги Фаластин фалокати
Муаллиф:    07.11.2023 13:43    PDF Босма E-mail

Араб-Исроил можароси замонавий ислом тарихидаги энг ҳайратланарли ва муҳим воқеалардан биридир. Можаро мураккаб ва кўп қиррали бўлиб, халқаро муносабатлардаги мунозарали масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ушбу можаронинг бир жиҳати 1948 йилда Исроил давлатининг ташкил этилиши билан бошланган қочқинлар муаммосидир. 700 мингдан ортиқ фаластинликлар бир кунда - фалокат куни, арабча "Накба" куни қочқинига айланди.
1800-йилларда Европада янги миллатчилик ҳаракати вужудга келди.
Сионизм яҳудий давлатини яратиш тарафдори бўлган сиёсий ҳаракат эди. Кўплаб яҳудийлар ўз давлати уларни европаликлар томонидан камситиш ва зулмдан қутқаради, деб ишонишган.
1897 йилда бўлиб ўтган Биринчи Сионистлар Конгрессида бундай янги давлатнинг жойлашуви ҳақидаги баҳс-мунозаралардан сўнг, сионистик ҳаракат ўша пайтда Усмонли империясининг бир қисми бўлган Фаластинда ўз давлатини ташкил этишга қарор қилди.
Усмонийлар султони Абдулҳамид II ҳатто сионистик ҳаракат асосчиси Теодор Герцл (Theodor Herzl) таклиф қилган 150 млн инглиз фунт стерлинги эвазига ҳам Фаластинни беришга рози бўлмади. Бироқ, Биринчи жаҳон урушидан кейин сионистлар янги имкониятларга эга бўлдилар.
1917 йилги уруш пайтида Британия Фаластинни турклардан тортиб олди. Тахминан ўша пайтда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Артур Балфур сионистик ҳаракатга Британиянинг Фаластинда яҳудий давлатини ташкил этишда ёрдам беришини ваъда қилган декларацияни имзолади.
Урушдан кейин, 1920 йилда Миллатлар Лигаси Британияга Фаластинни бошқариш мандатини берди. Фаластин энди Британия назорати остида бўлганлиги сабабли, сионистик ҳаракат Европа яҳудийларини у ерга кўчиб келишга қаттиқ даъват этди.
Натижада, Фаластинда яҳудийлар сони кескин кўпайди. 1931 йилга келиб яҳудийлар сони 175 138 кишини ташкил этган бўлса, 1945 йилга келиб уларнинг сони 553 600 кишига етди. 25 йилдан кейин яҳудийлар аҳолининг 11% эмас, балки 31%ини ташкил этди.1
Табиийки, Фаластин араблари буларнинг барчасини иштиёқсиз қабул қилишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, янги яҳудий кўчманчилар ва маҳаллий Фаластин аҳолиси ўртасида низолар пайдо бўлди.
Натижада, 1940 йилга келиб, инглизлар вазиятни энди назорат қила олмасликларига қарор қилишди, шунинг учун улар Фаластин учун мандатдан воз кечишга ва мамлакатни тарк этишга тайёр эдилар.

БМТ режаси ва Исроил мустақиллиги

1947 йилда Британиянинг Фаластин устидан назорати яқин орада тугашини ва араблар ва яҳудийлар ўртасидаги тўқнашувни кўриб, янги ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу муаммони ўз зиммасига олди.
У "БМТнинг Фаластинни бўлиш режаси" деб номланувчи режани ишлаб чиқди. Режа тарихан Фаластин деб аталган ҳудудда иккита давлатни яратишни назарда тутган эди: бири яҳудийлар учун - Исроил, иккинчиси араблар учун - Фаластин.2.
Фаластин яҳудийлари бу режани илиқ кутиб олишса-да, арабларнинг мутлақ кўпчилигига бу режа ёқмади. Уларнинг фикрича, салиб юришларидан бери тарихан мусулмон арабларга тегишли бўлган ерлар улардан тортиб олиниб, мамлакатнинг янги яҳудий озчилигига бериляпти. Томонлар ўртасида яна кескинлик авж олди.
Унинг энг авжида Британия Фаластиндаги мандати тугатилганини эълон қилди ва 1948 йил 14 майда мамлакатни тарк этди. Ўша куни Фаластиндаги сионистик ҳаракат янги давлат - Исроил ташкил этилганини эълон қилди. Эртаси куни қўшни араб давлатлари бу декларацияга норозилик билдириб, Исроилга бостириб киришди.
Ушбу урушнинг тафсилотларига кирмасдан, шуни таъкидлаймизки, унинг натижасида Исроил ҳудуди бир неча марта катталашди. Пайдо бўлган давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан таклиф қилинганидан анча катта бўлиб, таклиф қилинган араб давлати ҳудудининг деярли 50% ни эгаллаган.

Фаластинликларни ҳайдаб чиқариш

Эҳтимол, 1948 йилги урушнинг энг катта гуманитар оқибати Фаластин аҳолисининг катта қисмини ҳайдаб чиқариш эди.
Урушдан олдин янги Исроил давлати чегараларида 1 миллионга яқин араб яшаган. Уруш тугагач, 1949 йилда у ердан 700 мингдан 750 минггача киши қувилган.3
Исроилда фақат 150 минг фаластинлик қолган. Қочқинлар урушнинг аянчли натижасидир. Урушлар ва истилолар пайтида ҳар доим ўз ҳаёти учун қочиб кетган одамлар гуруҳлари бўлган. Бироқ, 1948 йилги фаластинлик қочқинлар нима учун қочқин бўлганлиги билан ажралиб туради.
Ушбу можаро бугунги кунда ҳам давом этар экан, тарихчилар Фаластиннинг қочиб кетиши сабабларини таҳлил қилишда сиёсат ва дипломатиядан катта таъсир ўтказмоқда. Бироқ, тарихчилар, шу жумладан исроилликлар, бу оммавий қочқиннинг бир нечта асосий сабабларини аниқладилар:
1. Қўрқув. Кўплаб фаластинликлар Исроил ҳужумлари ва ваҳшийликларидан қўрқиб кетишди. Ва бу қўрқув асоссиз эмасди. 1948 йил 9 апрелда 120 га яқин исроиллик жангарилар Қуддус яқинидаги Фаластиннинг Дайр Ясин қишлоғига бостириб кириб, 600 нафар қишлоқ аҳолисини қирғин қилдилар.4
Баъзилар ўз қишлоғини Исроил қўшинларидан ҳимоя қилишда ҳалок бўлишди, бошқалари исроилликлар уйларига ташлаган гранаталарнинг портлаши натижасида ҳалок бўлди, бошқалари Қуддус кўчаларида юриш уюштиргандан кейин қатл этилди. Табиийки, бу қирғин ҳақидаги хабар бутун Фаластинга тарқалиши биланоқ, фаластинликлар исроилликларнинг ҳамма нарсага қодир эканини англаб етди ва уларда ўз ҳаётларидан қўрқиш учун барча асослар бор эди. Кўп ҳолларда Фаластинликларнинг бутун қишлоқлари Дейр Ясин аҳолисининг тақдиридан қочиш умидида кетишди.
Баъзи исроиллик гуруҳлар, кўпинча илк кўчманчилар орасида, фаластинликларни атайлаб қўрқитиб, уларни таслим бўлишга ёки қочишга мажбур қилиш учун психологик уруш олиб боришди. Радио арабларни Исроилнинг олдинга силжишига қаршилик кўрсата олмаслигидан огоҳлантирди, шунинг учун қаршилик бефойда эди.
2. Исроил қўшинлари томонидан чиқариб юборилиш. Уруш бошида қўрқув одамларни қочишга ундаган асосий омил бўлган. Аммо уруш давом этди ва 1948 йил давомида исроилликлар фаластинликларни атайлаб қувиб чиқаришди.
Улар кўпроқ ҳудудларни эгаллаб олишлари билан, Исроил қўшинлари бутун мамлакат бўйлаб тарқалди ва яқинда қўлга киритилган қишлоқларни аҳолисидан мажбуран тозалади.
Масалан, Қуддус яқинидаги Лидда ва Рамла шаҳарлари билан айнан шундай бўлди. 1948 йил июль ойида улар қўлга олингандан сўнг, Ицхак Рабин иккала шаҳардан барча фаластинликларни, яъни 50-70 минг кишини кўчириш тўғрисида буйруқ имзолади.5
Баъзиларини исроиллик аскарлар автобусларда араб фронти яқинга олиб кетишган, бошқалари эса ўзлари билан баъзи нарсаларни олиб кетишга зўрға пиёда кетишган. 1948 йилда барча фаластинлик қочқинларнинг 10 фоизи Лидда ва Рамладан эди.
3. Араблар томонидан рағбатлантириш. Баъзида қўшни араб давлатлари, хусусан, Иордания армиялари фаластинликларни эвакуация қилишга ундаган. Балки улар ўт очиш нуқтасида тинч аҳоли бўлмаган бўш жанг майдонини хоҳлашгандир.
Нима бўлганда ҳам, кўпчилик фаластинликлар арабларнинг муқаррар ғалабасидан кейин тез орада қайтиш умидида ва қўшни давлатларда қочқин бўлиб қолишларини билмай, араб аскарларининг илтимоси билан уйларини тарк этишди.

Урушдан кейин

1948 йилги араб-исроил уруши Яқин Шарқда жиддий қочқинлар муаммосини келтириб чиқарди. Бу вақт ичида бутун Фаластин бўйлаб 500 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлар бутунлай вайрон бўлди. 700 мингдан ортиқ қочқин қўшни давлатлар ва Ғарбий Соҳил, Иордания ҳукмронлиги остидаги Фаластин ерлари учун иқтисодий ва ижтимоий юк бўлди.
1954 йилда Исроил «Инфильтрацияга қарши қонун» қабул қилди. Қонун Исроил ҳукуматига ҳозирги Исроил ҳудудидаги уйига қайтишга муваффақ бўлган ҳар қандай фаластинликни чиқариб юборишга рухсат берди.
Шунингдек, у ҳукуматга Исроил ичидаги ҳар қандай ички кўчирилган фаластинликни, агар улар ўз уйларига қайтишга ҳаракат қилсалар, чиқариб юборишга рухсат берди.
Бугунги кунда қайтиш ҳуқуқи ҳали ҳам фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги тинчлик музокараларида ҳал қилинишини кутаётган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. 1948 йилда фаластинликларнинг мажбуран кўчирилиши фаластинлик қочқинларнинг биринчи авлоди деярли йўқ бўлиб кетиши билан ҳам ҳал бўлмаган муаммо бўлиб чиқди, чунки улардан бир нечтаси XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигида ҳам омон қолганди.

Манба: Lost Islamic History
Абу Муслим таржимаси

--------------

1 Тесслер, Марк (Tessler, Mark). История израильско-палестинского конфликта, (The History of the Israeli-Palestinian Conflict) изд. 2-е, Bloomington, Indiana: Indiana University Press, 2009. с..266  
2 http://unispal.un.org/unispal.nsf/0/7F0AF2BD897689B785256C330061D253  
3 Оксенвальд, Вильям (Ochsenwald, William) Фишер, Сидни (Fisher, Sydney). Ближний Восток: История (The Middle East: History) New York: McGraw-Hill, 2003, стр. 538  
4 Там же  
5 Моррис, Бенни (Morris, Benny). Возникновение проблемы палестинских беженцев, 1947-1949 (The Birth of the Palestinian Refugee Problem, 1947-1949) Cambridge, United Kingdom: Cambridge University Press. 1987

 
Баннер