Тарихчи олим Илан Паппе айтганидек, долзарб воқеаларига баҳо беришда ахлоқий компасни йўқотиб қўймаслик учун вазиятнинг келиб чиқиши ва давом этиш жараёнларига тарихий тафаккур билан қараш талаб қилинади. Тарихий тафаккурга эга бўлиш бефарқ бўлмаган инсон учун ўта зарур. Шу сабабдан тарихий назарга оид мақолалар туркумида Ницшенинг «Тарихнинг ҳаёт учун фойда ва зарарлари» мақоласидаги айрим ғояларни истеъмолга олган эдик. Ницше тарихни идрок етишнинг учта асосий ёндашуви ҳақида фикр юритади: монунментал, антиквар ва танқидий. Аввалги иккиси ҳақида ўтган мақолаларда тўхталганмиз. Ушбу мақола танқидий тарихчилик ҳақида бўлиб, одатдагидек унинг фойдали, салбий жиҳатларини келтирамиз ва айрим тавсияларимизни тақдим қиламиз.
Танқидий ёндашув, Ницшенинг фикрига кўра, маълум бўлган тарихий фактларни таҳлил қилиш асосида тарихий шахслар, уларнинг ишлари, содир бўлган ҳодисалар ва уларнинг оқибатлари устида хулосавий ҳукм чиқаришдир. Бунда тарихчи ўтмишнинг хатолари, жиноятлари, сирлари, заифликларини аёвсиз фош қилади. Совуққон ҳакам каби тарих устидан узил кесил хулоса чиқаради. Танқидий ёндашувда тарихий зотлар, халқлар ва воқеалардан идеаллик суриб қўйилади, фактларга нисбатан ҳар қандай тарафкашлик четган сурилиб жиддий муносабатда бўлади.
1. Танқидий тарихнинг фойдалари Мақсад ҳақиқатнинг тубига етиш бўлса, ёқимсиз фактларга тайёр бўлишни танқидийлик таъминлайди. Тарихчи терговчидек ўтмиш хужжатлари ва гувоҳликларини тафтиш қилиб чиқади. Танқидий тафаккур фаннинг асосий қуролларидан. Бирон илмий назария танқид синовларига дучор бўлмагунча илмий деб қабул қилинмайди. Тарих фани учун ҳам танқидий услублар ўта зарур. Бугунги кун оғир муаммоларига ечимларини топиш ва келажак учун янгиликлар барпо қилишда ўтмишнинг кераксиз юкларидан воз кечишга эҳтиёж туғилади. Танқидий тафаккурсиз янги перспективани хосил қилиш имконсиз, чунки барча кашф қилинаётган йўлларга ўтмиш одатлари, кўникмалари, қолиплари ва анъаналари катта тўсиқ бўлади. Тўсиқларни эса танқид парчалайди. Уларни парчалагач, бунёдкор зот ёки халқ (мутафаккир, сиёсатчи, санъаткор, тадбиркор, олим, ихтирочилар) қайта туғилгандек ўзини эркин ҳис қилиб, олдида бепоён имкониятларни топа олади.
2. Танқидий тарихнинг зарарлари Танқидга муккасидан кетиш натижасида соғлом анъаналар ва қимматли меросларга жиддий путур етказиб қўйиш мумкин. Шахс ёки миллат пойдеворларни парчалаш натижасида ўзликни йўқотишгача боради. Маънолар йўқолиб, юксак мақсад ва қадриятларга бўлган ишончини ўлдиради, бу еса бўшлиқ ва мақсадсизлик ҳиссини келтириб чиқаради. Ахлоқий нигилизм (ахлоқни инкор қилиш) кучайиб, «декаданс» (тубан кетиш) ҳукмрон бўлади. Тарихни аёвсий танқидга дучор қилиш жамиятда одамлар ўртасида қадриятлар курашини кескинлаштиради, чунки турли гуруҳлар ва шахслар ўтмиш ва унинг аҳамияти ҳақида турлича қарашларга эга. Қадриятларга нисбатан агрессия эса агрессив химояни туғдиради. Ҳаддан ташқари танқид оғирлиги чарчоқни келтириб, ақлни боғлаб қўяди. Ўтмишни доимий равишда қайта кўриб чиқиш ва қайта баҳолаш ноаниқлик ва кераксиз шубҳаларга олиб келади. Ҳаёт ва келажак учун зарур бўлган қарор қабул қилиш қобилияти ва ҳаракатларни фалаж қилади. Юқорида танқидийлик ҳар қандай фан учун керак бўлганидек, тарихга ҳам керак дедик. Аммо меъёрсиз танқидчилик, танқид учун танқид – «гиперкритицизм», гипер-танқидчилик деган нарса ҳам бор. Бу дардга чалинган тадқиқотчи нодир тарихий манбаларни ишончсизга чиқариб юборади. Ўша замонда яшаган одамларнинг гувоҳликларини бир теккис қилиб, ўзининг замонавий тахминларини устун қилади. Гипер-танқидчилик барча фанда учраб туради, аммо энг кўпи ва энг катта зиён етказгани тарих фанида бўлган. 19-аср охиридан ва 20-аср ўрталаригача тарих мутахассислари орасида бу иллат эпидемиядек тарқалган эди, танқидий ишончсизлик сабабли илмий асарларга кўплаб хато тасаввурлар аралашиб кетган. Агар «ўтмиш ёлғонларини фош қилмаса» у тарихчи олим ҳисоблана омайдиган даражага келиб, конспирология вабосига кирувчи «муқобил» псевдо-тарихчиликка катта туртки бериб юборди. Гиперкритицизмга чалинган тарихчи бачкана баёнотларидан сезилади. Масалан: тарихий сулоларни «а, бу бир оилавий пудрат-да» дейди, тарихий шахснинг машҳур эътиқод қарашларини йўққа чиқариб, буткул бошқа маслакда бўлганини жиддий асоссиз исботламоқчи бўлади. Файласуф Александр Пятигорский гипертанқидчилик ҳақида гапирар экан, мисол тариқасида ҳаётда бўлиб ўтган латифани айтганди: бир гётешунос «сенсацион кашфиёт» қилади, эмишки, Гёте Лотта исмли аёлга ишқий изтироблари ҳақида ёзган сўзлари ёлғон, чунки хат ёзилган санада Гёте бошқа аёлни севаётган эди ва буни у Гётенинг ўзидан аниқроқ билишини илмий исботлай олишини мақоласида ёзиб, тарихчилар ва адабиётшунослар орасида кулгули жанжал чиқаради.
3. Тавсиялар Тарихий адабиётга мурожаат қилишдан олдин унинг муаллифи ким, мутахассислиги нима, тадиқиқот мавзуси тилини билиб, бевосита манбалар билан ишлаганми? Археология, ашёвий далиллар, хужжатлар, қадимий гувоҳликларга мурожаат қиляптими? Бошқа олимлар тарафидан гиперкритицизмда айбланган эмасми? «Фош қилиш»ни асосий фаолияти қилиб олмаганми? деган саволларга жавоб топиб кўришни тавсия қиламан. Танқидбозликда машҳур бўлган тарихчиларнинг китобларини ўта эҳтиёткорлик билан ўқиш керак. Яхши тарихчи олим сўзларида мувоазантли ёндашувни ва бошқа тарихий манбаларга эътибор ва эҳтиромини ҳис қиласиз, танқидий услубга эҳтиёткорлик билан мурожаат қилаётгани сезилади. Ницше тарихга танқидий ёндашув ва уни идрок етишнинг бошқа усуллари (монументал ва антиквар) ўртасидаги мувозанатни топиш муҳимлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, танқидий тарихий фикрлаш маънавий қайта туғилиш ва ўзини озод қилиш учун зарур, аммо у анъаналарга ҳурмат ва ҳозирги пайтда ҳаракат қилиш қобилияти билан мувозанатли бўлиши керак. Унинг таъкидлашича, тарих сизни тўлақонли яшашингизга халақит берадиган оғир юк емас, балки ҳаётни бойитиш воситаси бўлиб хизмат қилиши керак.
Жамшид Муслимов |