Бамисоли бир дарахтнинг шохлари ҳисобланган ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, туркманлар, қирғизлар ва қорақалпоқлар асрлар мобайнида Ўрта Осиёдаги моддий-маданий бойликларни яратишда, маҳаллий золимларга ва чет эллик босқинчиларга қарши курашда қўлни-қўлга бериб баҳамжиҳат ҳаракат қилдилар. Улар бир дарёдан сув ичиб, бир заминда яшаб келаётган ва бир-бирига оға-ини қони-қариндошдирлар. Афсуски шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида баён этилган халқларнинг ўтмиш тарихи чуқур ва атрофлича ўрганилмади. Бу соҳада қилинган илмий ишларни уммондан бир томчи деса бўлади. Айниқса ўлкадаги у ёки бу туб халқнинг шаклланишини ўрганишга етарли даражада эътибор қилинмай, ўқув дарсликларида эса фақат юзаки маълумотлар берилди.
Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўрта Осиёдаги халқларнинг шаклланиши бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳолда содир бўлди. Бироқ бир халқнинг шаклланиш жараёнида ўзига хос хусусиятлари ва даврлари мавжуддир.
Ўзбек халқининг шаклланиш илдизлари ҳам узоқ ўтмишга бориб тақалади. Шуни таъкидлаш лозимки, халқимиз фақат кейинги асрлардагина «ўзбек» деган ном билан атала бошланди. Бундан олдинги даврларда эса у турк номида юритилган. Шу боисдан туркий халқ деганда ҳозирги замон ўзбекларининг аждодларини тушунмоқ керак. Бундан икки ярим минг йиллар муқаддам Ўрта Осиёда Хоразм, Сўғд ва Бақтрия давлатлари мавжуд эди. Бу ерларда хоразмликлар, сўғдлар (Зарафшон ва Қашқадарё водийсида), чочликлар (Тошкент воҳасида), жарконликлар (Фарғона водийсида), маргианликлар (Марв воҳасида) ва бақтрияликлар (Амударёнинг ўнг қирғоғидан то Ҳисор чўққиларигача чўзилган жойларда) шу номдаги турли халқлар яшаганлар. Ўлканинг тоғ этаклари ва чўлларида эса, сакларнинг кўчманчи қабилалари истиқомат қилганлар.
Кўпчилик олимларнинг фикрича, баён этилган халқлар эроний тиллар туркумига кирувчи тилларнинг бирида сўзлашганлар. Бироқ, Маҳмуд Қошғарий ва Алишер Навоийнинг кўрсатишича, Искандар Зулқарнайн бостириб кирган вақтларда (эрамиздан аввалги 329 йилда) Ўрта Осиёда туркий қабилалар мавжуд бўлган. Бу ҳақда кўпгина маълумотлар бор. Тарихдан маълумки, Хоразмнинг юзага келиши ҳам туркий аҳолининг фаолияти билан боғлиқ бўлган. Чунончи, қадимий подшоҳлардан бири айбдор 400 кишини кимсасиз жойга сургун қилибди. Анча вақтдан кейин эса чопарларни юбориб, сургун қилинганларнинг ҳолидан хабар олиб келишни буюрибди. Чопарлар қайтиб келиб подшоҳга сургундагилар чайлалар қуриб, балиқчилик билан шуғулланаётганликларини ҳамда у ерда ўтин жуда кўплиги ҳақида маълумот берибдилар. Шунда подшоҳ у ерда гўшт ва ўтинни қайси сўз билан айтилишини сўраганда чопарлар гўштни, «хор» ёки «ёвор», ўтинни эса «рази» дейилишини айтишибди. Шунда подшоҳ у жойни сургун қилинганларга бериб, уни Хоразм деб аташ ҳамда 400 турк аёлини юбориш ҳақида фармон берибди. Шулардан Хоразм халқи юзага келган эмиш.
I—IV асрларда Хоразм ва Сўғддан Индагача ва Помирдан Парфиягача чўзилган катта ҳудудда Кушон давлати ҳукмронлик қилди. IV асрнинг охирида бу катта давлат «оқ хунлар» номидаги туркий қабилалар томонидан тормор этилди.
Шундан кейин Ўрта Осиёда эфталитлар давлати (V—VI асрлар) ҳукм сурди. Айрим олимлар эфталитларни туркий тилли дейишса, бошқалари эроний тилда сўзловчи аҳоли деб қайд қиладилар. Ўрта Осиёда туркий аҳоли айниқса эфталитлардан кейин ҳокимиятни бошқарган турк ҳоқонлиги даврида (VI—VII асрларда) кўпайиб кетди. Бу давлат аслида Олтойда ташкил топган бўлиб, Қуриядан то Қора денгиз бўйларигача чўзилган жойларни ўзига бўйсундирган. Унинг аскарлари Ўрта Осиёни ва Эрон чегараларигача бўлган вилоятларни эгаллаган. Турк ҳоқонлиги Хитойни ҳам ўз вассалига айлантириб, уни ҳар йили катта ўлпон тўлаб туришга мажбур қилган. Ундан Ироқ ва Византия сингари қудратли мамлакатлар доимо чўчиб турган. Бу даврда турк тили давлат тили ҳисобланиб, ўша вақтда туркий тилда ёзилган тарихий, қимматбаҳо ёдгорликлар ҳозиргача сақланиб қолган. Хоқонлик даврида эроний тилидаги туб аҳолининг турклашиши кучайиши ва кўплаб туркий қабилаларнинг ўлкага кўчиб келиши кўзга ташланди. Масалан, VI асрнинг охирларида улар оммавий равишда Бухоро воҳасига ўрнашдилар. VII асрда туркий қабилалар Тошкент, Бухоро ва Самарқанд оралиғидаги жойларга, Тоҳаристон ва Хуросонга мустақил ўрнашган. Ҳатто турк-сўғд Иттифоқи юзага келиб, сўғдлар билан туркий аҳоли бир-бирларига қиз бериб, қон-қариндошчилик қила бошлашган. Сўғднинг юқори табақа вакиллари туркий исмларни ва унвонларни қабул қилдилар. Уларни шундан сўнг турклар давлат ишларига жалб қила бошладилар. Туркий ҳукмрон доиралари сўғд савдогарларининг фаолияти учун ўзларининг бепоён ерларида зарур шароит туғдириб катта даромад олдилар. Чунончи сўғдликлар Шарқий Туркистон, Хитой, Византия, Мўғулистон, Сибир ва бошқа жойларда бўладиган савдо-сотиқ ишларида асосий воситачи бўлдилар. Бир қатор мамлакатларда туркийларнинг мустамлакалари пайдо бўлди. Бу давр феодал тузумининг ўсиши ва йирик давлатнинг юзага келишига, турли вилоятларнинг ўзаро алоқалари ривожланишига олиб келди.
VII асрнинг охирлари ва VIII асрнинг биринчи чорагида Ўрта Осиёда яшовчи туркий ва эрон тилларида сўзлашувчи аҳоли бир тан ва бир жон бўлиб араб халифалиги босқинчилигига қарши қаҳрамонона курашди. Бироқ қаттиқ қаршиликларга қарамасдан халифалик ўлкада ўз ҳукмронлигини ўрнатишга муваффақ бўлди. У маҳаллий маданият ва ёзувларни йўқ қилиб, араб тилини давлат тилига айлантирди. Шунингдек одамларни ислом динига мажбуран киритди. Минглаб араблар ўлканинг турли жойларига ўрнаштирилди. Босқинчилар мамлакат бойликларининг эгаси бўлиб қолдилар. Халифалик ҳукмронлигига қарши маҳаллий аҳоли бир неча бор қўзғолон кўтарди. Масалан, улардан бири Муқанна бошчилигидаги қўзғолондир. Юрт озодлиги учун араб халифалигига қарши курашда туркий аҳоли салмоқли ўрин эгаллади.
Гарчанд халифаликнинг Ўрта Осиёни босиб олиши ва ҳукмронлиги катта зиён келтирган бўлса-да, лекин пировардида у турли халқ ва қабилаларнинг жипслигини мустаҳкамлаб иқтисодий ва маданий алоқаларини янада ривожлантирди. Ўрта Осиёнинг ташқи дунё билан алоқаси анча ўсиб, у жаҳон фани доирасига тортилди. Оташпарастлик ва бошқа турли динларга нисбатан илғор ва такомиллашган ислом динининг жорий этилиши эса, аҳолининг маънавий ҳаётини бойитди ҳамда турмуш тарзининг умумийлигини таъминлади. Шунингдек, феодал тузумининг янада ривож топишини ва туркий аҳолининг халқ сифатида шаклланиш жараёнини тезлаштирди.
Маҳаллий халқларнинг узоқ ва қаттиқ курашларидан кейин 900 йилда араб халифалигининг ҳукмронлиги тугатилиб, мустақил Сомонийлар давлати барпо этилди. Бу давлатнинг асосчиси Сомонийнинг балхлик бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Сомоний қайси халқ фарзанди бўлишлигидан қатъи назар, у барпо этган давлат бутун вужуди билан Ўрта Осиёда ташкил топган туб халқларнинг умумий давлати ҳисобланган. Унинг пойтахти Бухоро шаҳри бўлган.
Сомонийлар давлати X асрнинг охиригача яшади. Бу вақтларда қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва савдо соҳаларида катта ютуқларга эришилди. Маданият ва санъат ўсди.
Тарихий ҳужжатларга кўра, турк қўшинлари Сомонийлар давлатининг ҳарбий-сиёсий таянчи ҳисобланган. Турк лашкарбошилари подшоҳларни ўз таъсири доирасида ушлаб турганлар. Ҳатто улар итоат этишдан бош тортган айрим подшоҳларни қатл қилишгача борганлар. Масалан, Наср I (914—943) турк қўшинига яхши муносабатда бўлмаганлиги учун овда ўлдирилган. Подшоҳ саройидаги олий мансабларга кишиларни тайинлаш турк лашкарбошиларининг розилигисиз амалга оширилмаган. Кўпгина вилоятларнинг ҳокимлигига туркий ҳукмдор доираларининг вакиллари тайинланган эди. Айрим даврларда эса туркий лашкарбошилар амалда сиёсий ҳокимиятни тўла ўз қўлларига олган эдилар. Масалан, Абд ал-Малик I (954—961) подшоҳлиги вақтида шундай ҳолат юз берган.
Сомонийлар давлати вақтида туркий аҳоли икки гуруҳга бўлинган эди. Биринчиси шаҳар ва қишлоқлардаги ўтроқ туркийлар бўлса, иккинчиси тоғ бағри ва чўлларда истиқомат қилувчи ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий қабилалардир. Бу икки тоифадаги туркий қабилаларнинг аксарияти вақт ўтган сари ўзаро аралашиб борган бўлса-да, лекин ўтроқ ноҳиялардаги эроний тилдаги аҳоли билан бирлашмади. Улар «соф» ҳолда ўтроқ туркий аҳолининг атрофига жипслашди. Хуллас, IX—X асрларда юзага келган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазият ҳамда эроний тилдаги аҳолининг бир қисмининг турклашуви, ўлкада қадимдан истиқомат қилиб келган туркий аҳоли ва бошқа жойлардаги кўчиб келган туркий қабилаларнинг тобора кучайиши Ўрта Осиёда катта туркий қатламни юзага келтирди ва туркий аҳоли мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида асосий салмоқли ўринни эгаллади.
Натижада IX—X асрларда туркий аҳоли халқ сифатида тўла шаклланди. Бу халқ кейинчалик ўзбек номи билан атала бошланди. Шуниси диққатга сазоворки, эрамиздан аввалги даврларданоқ Ўрта Осиёда маълум бўлган туркий тил вақт ўтиши билан кенг кўламда ривож топиб борди. X асрга келиб Шарқий эрон тиллари, шу жумладан, сўғд тили аввало шаҳарларда, кейинчалик қишлоқларда йўқолиб борди. Пировардида улар шу ҳудуддаги ерларда «ўлик» тилга айландилар. Уларни IX—X асрлар давомида форс (дари) тили сиқиб чиқарган эди. Форс (дари) тилдаги аҳоли тожиклар номи билан бир халқни ташкил қилди. Академик Б. Ғофуровнинг кўрсатишича, форс (дари) тили асосида XVI асрнинг бошларида адабий тожик тили ўзига хос хусусиятлари билан шаклланди. Форс (дари) тилини Ўрта Осиёда тарқалиш сабаблари ҳали яхши ўрганилмаган. Бизнинг фикримизча, сўғд аҳолисининг бир қисми туркий аҳолига аралашиб кетди. Қолган қисми тожикларнинг аждодларини ташкил этди. Бундан ташқари кўплаб сўғдликлар ўз ватанларини ташлаб, хорижий мамлакатларга бориб, ўз турар жойларини ташкил қилдилар. Айни бир пайтда сўғдларнинг маълум қисми Фарғона водийсига кўчиб кетдилар. Чет эл босқинчиларининг ҳужумлари ва ўзаро урушларда кўпдан кўп сўғдликлар ҳалок бўлдилар. Баён этилган ҳолатлар сўғд аҳолисининг тарқаб кетишига ва камайишига олиб келиб, пировардида сўғд тили заминини парчалади.
Араб қўшинлари орасида ислом динидаги хуросонликлар кўп эдилар. Булар Ўрта Осиёда ўрнашиб, форс тилини ва ислом динини тарқатишга қатнашдилар. Форс тили ислом динини ташвиқ қилишда муҳим аҳамият касб этди. Бу ҳудудда форс тилининг тарқалишига бошқа сабаблар ҳам бор. Маълумки, Ўрта Осиё, Афғонистон, Хуросон, Эрон ва Ҳиндистон ўзаро сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни олиб борганлар. Шунингдек, уларнинг битта давлат таркибига кирган вақтлари ҳам бўлган. Бундай даврларда форс (дари) тили воситачилик ролини ўйнаган. Бошқа халқлар билан алоқа воситаси тили бўлганлиги учун Ўрта Осиёда сарой аҳллари, савдо-ҳунарманд доиралари ҳамда маданият вакиллари форс тилини ўрганишга ҳаракат қилганлар. Бу ҳолат X асрда Сомонийлар давлати давридаёқ кўзга ташланган эди. Кейинчалик форс (дари) тили Ўрта Осиёдаги қадимий Шарқий эроний тилни сиқиб чиқариб, бу тилда сўзловчи аҳолининг, хусусан сўғдлардан бир қисмининг ҳам она тилига айланди. Ўз навбатида туркий тил ҳам эрамизнинг биринчи минг йиллигида Шарқий эроний тилида сўзлашувчи сўғдларнинг бир бўлагини қамраб, уни турклаштирди. Туркий тил кейинги асрларда кенг кўламда кучайиб борди. Бунда йирик туркий давлатларнинг юзага келиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунончи X асрнинг охирида Сомонийлар давлати ағдарилиб, икки йирик туркий давлат ташкил топди. Унинг бири Қорахонийлар давлати ҳисобланиб, унга Қашқардан Амударёгача чўзилган бепоён ерлар, шу жумладан Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Еттисув, Фарғона водийси ва бошқа атроф жойлар кирган. Иккинчиси Ғазнавийлар давлати бўлиб, унинг чегараси Шимолий Ҳиндистондан то Каспий денгизининг жанубий қирғоқларигача чўзилган. Унинг ихтиёрига Афғонистон ва Шимолий-шарқий Эрон ҳам кирган. Шундан кейин Ғазнавийлар давлати ағдарилиб, ўрнида туркий салжуқийлар давлати майдонга келди ва унга Хоразм ҳам бўйсундирилди. Шунингдек, салжуқийлар Ироқ Ақласида, Озарбойжон, Курдистон, Кўҳистон ва Бағдодда ҳам ҳукмронлик қилди. Кейин мустақил Хоразмшоҳ давлати барпо этилди. Ана шу тарихий-жуғрофий сабабларга кўра, туркий аҳолининг ва туркий тилнинг мавқеи беқиёс кўтарилди. Бу жараённинг гувоҳи бўлган машҳур тилшунос олим Маҳмуд Қошғарий ўз асарининг сўз бошисида шундай ёзган эди: «Худо давлат қуёшини турклар буржида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк деб атади, мулкга эга қилди, уларни замонамизнинг хоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлга юришга қодир қилди. Буларга қарашли кишиларни ғолиб қилди. Уларга қарашли кишилар мақсадларига етиб, бебошлар ҳолатидан қутулди. Уларнинг (туркларнинг) ўқларидан сақланмоқ учун энг асосий йўл — уларнинг тилларида сўзлашишдир. Чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, турк тилини билувчиларга зарар бермайдилар. Ҳатто ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар. Ишончли бир бухоролик ва нисабурлик бошқа бир ишончли одамдан шундай эшитган эдим, улар бу сўзни пайғамбарга нисбат бериб айтган эдилар: пайғамбар қиёматнинг белгилари, охир замон фитналари ўғиз туркларининг хуружи ҳақида гапирганда, шундай деган эди: турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этади. Ҳадиснинг тўғри ёки тўғри эмаслигининг жавобгарлини уни айтган кишилар гарданига. Агар тўғри бўлса, туркий тилни ўрганиш вожиб (зарур)дир. Ҳадис тўғри бўлмаган тақдирда уни ўрганиш зарурлигини ақл тақозо қилади» («Девони луғатит турк», 43-44 бетлар).
Дарҳақиқат, мўғуллар ҳукмронлиги даврини ҳисобга олмаганда, XI асрдан то XIX асрнинг 70 йилларигача, яъни салкам минг йилга яқин давр давомида ҳокимият туркий юқори табақасининг қўлида бўлган. Эрамизнинг биринчи минг йиллигида ҳам туркий давлатларнинг мавжудлигини назарга олинса, туркий халқларнинг тарихи ҳисоби янада ошади. Кўп асрлар давомида туркий тил қадимий шарқий Эроний ва кейинчалик форс (дари) тилларига сингиб кетмай, аксинча вақтларнинг ўтиши билан шунчалик ривожланиб борди.
Туркий тил айниқса Темурийлар давлати вақтида юқори поғонага кўтарилди. Бунда буюк бобомиз Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёс каттадир. XVI асрнинг бошларида бир вақтлар Волга дарёси бўйида ташкил топган Олтин Ўрда давлатидаги Шайбонийхон бошчилигида ўзбек кўчманчи қабилалари Темурийлар давлатини тор-мор қилиб Ўрта Осиёда ўз ҳукмронликларини ўрнатдилар. Шундан кейин XVI асрдан то XIX асрнинг 70 йилларигача Бухоро, Хева ва Қўқон сингари учта ўзбек хонликлари ҳукм сурди. Бу вақтларга келиб туб туркий аҳоли унча кўп бўлмаган ўзбек қабилаларини «ютиб» юбориб, улардан ўзбек номини олдилар. Шу равишда минг йиллар давомида Ўрта Осиёда истиқомат қилиб келаётган туркий аҳоли пировардида ўзбеклар деб аталадиган бўлди.
Хулоса шуки, ўзбек халқи IX—X асрларда халқ сифатида шаклланди. Кейинги асрларда унинг таркиби турли кўчманчи ва ярим ўтроқ қабилалар ҳисобига бойиб ва мустаҳкамланиб борди.
Ҳамид Зиёев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон |